Президент Шавкат Мирзиёевга бир гуруҳ ёзувчилар томонидан мурожаат
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ
ҲУРМАТЛИ Ш.М. МИРЗИЁЕВГА.
БИР ГУРУҲ ЁЗУВЧИЛАР ТОМОНИДАН
М У Р О Ж А А Т
Эл — юртимизнинг озодлиги, эрки, қарамсизлиги учун курашган ва бу қутлуғ йўлда “Ватан хоини” деган туҳмат билан отилган ёзувчиларимиз – Чўлпон, Фитрат, Қодирийларни энди афсус, армон билан эслаймиз. Уларни ёвуз кучлардан сақлаб қололмаганимизга энди ачинамиз, ўкинамиз…
Бу улуғ сиймоларнинг қамалиш ва йўқ этилишларида коммуна ялоқлари – ҳасадгўй, хашаки, маддоҳ “адиб” лар КГБга қурол бўлганлар. Ёлғон, сохта тарғибот билан “том”га чиққан бу кимсаларни ҳозир ит ҳам ўқимайди. Билъакс, ланъатлайди. Улар тупроққа айлансаларда, айрим ворислари “том”да турибдилар…
27 нафар ижодкорни уюшма аъзолигидан ўчирилиши ва Эврил Турон, Юсуф Жума, Исмат Хушев, Сафар Бекжон каби халқсевар ёзувчиларнинг қамалишларида шу ялтоқлар жонбозлик қилдилар. Ҳасад ўти ва нафс бандалари СССР даври қатағонларни айнан такрорладилар. Соғлом фикрли ойдинлар буни мустақил Ўзбекистонга қарши ҳаракат деб баҳолашмоқда.
Кечган 25 йил ичида адабиёт, санъат ва оммавий ахборот воситаларини абгор ҳолга туширганлар ҳам шулар. Улар “том” туриб ёлғонни ноғора қилиб қоқар эканлар, бу соҳада бир ижобий ўзгариш бўлиши маҳол. Истеъдодларга ҳам йўл очилмайди.
Ёзувчи, журналистлар ҳам Сизнинг оқилона ҳаракатингиз билан вужудга келган жўшқин жараёнларда эркин қатнашаолмайдилар. Чунки тўсиқ бор. Бу эски темир тўсиқ ортида оқни қора қилиб кўрсатувчи кўнгиллари кир “адиб” лар турибдилар.
Ҳали улар қудратда экан, туҳмат билан қамалган, ёзувчиларнинг оқланишларига тиш – тирноқлари билан қаршилик қиладилар. Йўқса, Эврил Турон, Юсуф Жума, Исмат Хушев, Сафар Бекжон каби адиблар аллақачонлар оқланиб, реабилитация бўлишлари керак эди.
Муҳтарам президент!
Бизнинг ҳамма умидимиз Сиздан.
Юсуф Жума, Исмат Хушев, Сафар Бекжонлар қамоқдан сўнг хорижга (АҚШ, Канада, Швецария ) кетишга мажбур бўлганлар. Ўшандан буён улар Ватан дарди билан яшаб, ижод қилаяптилар.
Эврил Турон (Мамадали Маҳмудов) АҚШ давлат котиб Хиллари Клинтон, БМТ ва Оврўпа Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ёрдамларида 2013 йилда озодликка чиқарилди. 17 йиллик қамоқ Эврил Туронни соғлигидан айирган. У уч марта юрак инфаркти ўтказган. Яна қатор хасталиклар ҳаётига хавф солиб турибди. Бунинг устига ўта оғир шароитда кун кечирмоқда. У 17 йил қамоқдалигида оиласи қарзга ботган. Қарийб, 40 йил давлат ташкилотларида ишлаганига қарамай, бор – йғи 179 минг сўм пенсия белгиланган. Асарлари маҳаллий матбуотда ёритилиши таъқиқланган. Шу сабабли Эврил Турон ўз мақола, эссе, қисса, романларини Франция, Англия, Олмония, Голландия, Норвегия, Туркия, Канада, Америка каби давлатларда нашр эттиришга мажбур бўлаяпти.
Юсуф Жума, Исмат Хушев, Сафар Бекжонлар ҳам шундай.
Шуни алоҳида айтиш лозим: Эврил Турон ҳануз назоратда. Юсуф Жума, Исмат Хушев, Сафар Бекжонлар ҳамон муҳожиратда. Улар учун Ватан эшиги ҳамон ёпиқ.
Дунё билади: Эврил Турон том маънодаги элсевар, туғма иқтидорли адиб, заковатли инсон. Ўтган асрнинг биринчи ярмида босқинчилар томонидан “ Босмачилик ҳаракати” деб аталган манфур қарашга қарши Эврил Турон “Туманли кунлар” (“Боғдон қашқири”) отли қисса ёзди. Ушбу қиссасида у миллат озодлиги учун курашган мардларни Ватан қаҳрамонлари сифатида тараннум этди. Асл босмачилар эса босқинчилар эканлигини бадиий образлар орқали баён қилди.
СССР тарихларида: “Ўрта Осиё ўз ихтиёри билан Россияга қўшилган” деб ёзиларди. Эврил Турон ўша даврда ёзилган “Ўлмас қоялар” романида аслида чор Россияси Туркистонни босиб олганлиги, босқинчиларнинг ғоялари ёлғонлигин фош этиш орқали улкан жасорат кўрсатган эди.
“Туманли кунлар” каби бу асар ҳам шов – шув, баҳсларга сабаб бўлди. 1980 йиллар бошида “Шарқ юлдузи” журналида босилган ушбу роман, кўп ўтмай Туркия ва ФРГда чоп этилди. Бир неча йиллар ўтиб француз тилига ўгирилиб, алоҳида китоб ҳолида нашрдан чиқди.
Эврил Туроннинг чет элларда ўзбек, инглиз тилларида чоп этилган “Бўз бўри” (Араб босқинига оид), “Ой нури”, “Оқ гул” романлари (КГБ нинг қора қилмишларига дохил) ҳам севиб ўқилмоқда.
Эврил Турон асарлари 2016 йилда халқаро Нобель мукофотига тавсия этилди. Худди шу йили Эврил Турон чет эллардаги туркий ёзарлар томонидан Халқаро Турон Ёзувчилари Иттифоқига раис (фахрий раис шоир Шукрулло) этиб сайланди.
Муҳтарам президент!
“Халқ душмани” тамғаси билан отилган Чўлпон, Фитрат, Қодирий., каби улуғ адибларимиз кўп қаршиликларга қарамай, мустамлака давридаёқ Шароф Рашидов ташаббуси билан оқландилар.
Сиз ҳам шу қисқа беш ой ичида қутлуғ ишлар қилишга қодирлигингизни амалда кўрсатдингиз, кўрсатаяпсиз. Ёлғон сўз, ёлғон ваъдалар билан кўмилган узун йиллар ичида бундай бўлмаган. Метро, завод, уй – жой қурилишларини қўя турайлик, бўғовланган халққа эрк эшигини очаяпсиз , қасддан судланган, қамалган, ишдан хайдалган қобилиятли, ғайратли кишиларни (Самандар Қўқонов, Козим Тўлаганов, Абдулла Арипов, Бахтиёр Ғуломов…) ни оқлаяпсиз, мартабалар билан сийлаяпсиз. Бундан айрим ғаразгўй аламзадалар, сохтакор маддоҳлар куйсалар-да, энг муҳими Сизни кўп миллатли Ўзбекистон халқи олқишлаяпти.
Биз ишонамиз, Сизнинг марҳаматингиз билан 74 ёшни қаршилаётган дунё ойдинлари эътироф этган улкан адибимиз Эврил Турон ( Мамадали Маҳмудов) ҳам оқланиб, реабилитация қилинади.
Эврил Турон каби оғир қисматни бошдан кечирган Юсуф Жума, Исмат Хушев, Сафар Бекжон каби адибларга ҳам шу карам кўрсатилиб, улар ҳам Ватанга қайтарилади.
Ҳар ишда Сизни улуғ Тангримиз қўлласин, буюк соҳибқирон Амир Темур руҳи мададкор бўлсин!
Шукрулло
Жамол Камол
Ҳалима Ҳудойбердиева
Исфандиёр
Тўра Мирза
Дилором Исоқова
Муҳаммад Салом
Бахтиёр Ўрдабекли
Нортўхта Қилич
Ҳамроқул Асқар
Ғулом Фатҳиддин
Мирзапўлат Тошпўлат
Санжар Имомали
Муҳаммад Исмоил
22.02.2017 йил.
Тошкент шаҳри.
Жавоб учун эл.манзил: ham.asqar@mail.ru
Telegram: +99893 553 17 16
PS: Мурожаат матнинг имзоланган фотонусхаси илова этилмоқда.
Жами илова: 4 варақда.
Сизнинг мурожаатингиз Президентнинг Виртуал қабулхонасига муваффақиятли жўнатилди.
Диққат!!! Қуйидаги маълумотларни сақлаб олинг:
Мурожаат рақами:
78328-s/17
Мурожаат ҳолатини текшириш коди:
7f1ca20833
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Хатни ўқиб жуда қувондим. Исмат ака сиз албатта ватанга қайтасиз. Биз сизни интизорлик билан кутамиз.