20 февраль – Бетакрор ва бетимсол шоир Матназар Абдулҳаким туғилган кун
1948 йил 20 февраль – Устоз шоир, етук таржимон ва забардаст адабиётшунос олим Матназар АБДУЛҲАКИМ туғилган кун.
УСТОЗ ҲАҚИДА СЎЗ
Атоқли шоир, таржимон, адабиёт тадқиқотчиси
Матназар Абдулҳаким ҳақидаги хотиралар
ЭССЕ
Хоразмлик журналист, кўп йиллар Матназар ака билан ҳамроҳ. ҳамқадам бўлган Қадамбой Солаев устоз ҳақида ёзган хотирасини ўқишга берди. Унда устозга ҳазрат деб мурожаат қилинар эди.
– Қадамбой ака, бироз ошириб юборгандекмисиз? – дедим.
– Йўқ, – деди Қадам оға .- Ҳечам ошириб юборганим йўқ. Ҳар кимнинг ҳаққини ўз вақтида ва тўлиқ бериш керак. Матназар оғанинг ҳаққини ўз вақтида беролганимиз йўқ. Ҳеч бўлмаса… энди олсин.
– Бу гап тўғри-куя , – дедим ҳамон иккиланиб. – Аммо ..
– Бу ҳақда Матназар оға билан гаплашганмиз, – деб қолди кутилмаганда Қадам оға .
Ҳайрон бўлдим. Қадам оға изоҳ берди:
– Матназар оға устоз Абдулла Орипов тўғрисида бир мақола ёзган, у ерда Матназар оға Абдулла Ориповга ҳазрат деб мурожаат қилар эди. Мен ҳам сиз айтган гапни у кишига айтган эдим, Матназар оға, “Ҳар кимнинг ҳаққини вақтида бериш керак, устоз ҳазрат даражасидаги инсон”, деди. Шунинг учун ҳам бу сўзни Матназар оғанинг фатвоси билан ўзига нисбатан ишлатаётирман.
Иккиланиш ҳар биримизга хос хусусият. Мен ҳам Матназар акани унча – мунча билсам-да, у кишига нисбатан ҳазрат сўзини ишлатишга ботинолмаган бўлардим. Бу албатта, биринчи галда менинг қусурим-журъатсизлигим, деб ўйлайман бугун. Ана шу андишалар билан юрган кезларим Матназар аканинг 2009 йилда “Янги аср авлоди” нашриётида босилган “Кўприк” китобини қўлимга олдим. Нашриёт томонидан ёзилган дебочадаги “Матназар Абдулҳаким ижоди билан яқиндан таниш китобхон борки, бу донишманд ижодкорнинг ёзганлари фалсафий мушоҳадага бой эканлигини яхши билади”, деган сўзларни ўқир эканман ўзим учун устозга энг мос сифат топгандай бўлдим. Матназар ака ҳақиқатан ҳам донишманд ижодкор эди.
Демак, ушбу битиклар донишманд шоир, донишманд ижодкор, донишманд инсон Матназар Абдулҳаким ҳақида.
Матназар ака билан ўтган асрнинг саксонинчи йилларида , ўша вақтдаги Хоразм Давлат педагогика институтининг филология факультетига ўқишга кирган пайтларимда танишганман. У пайтда Матназар ака Ўзбекистон Ёзувчилар Союзининг Хоразм вилоят бўлимида адабий маслаҳатчи бўлиб ишлар эди. Илк машқларимни “Ёзувчилар союзи”га олиб боришни ким маслаҳат бергани аниқ эсимда йўқ. Ёдимда қолгани Ёзувчилар Уюшмасининг вилоят бўлими Урганч шаҳрининг ўз вақтидаги энг маҳобатли биноларидан бири, вилоят босмахонаси, “Хоразм ҳақиқати”, “Хорезмская правда” газеталари қўним топган (ҳозир Урганч шаҳар солиқ инспекцияси жойлашган) бинонинг учинчими, тўртинчими қаватида, доимо қандайдир сирли нимқоронғулик сақланиб турадиган коридорнинг энг охиридаги хоналардан бирида жойлашгани эди.
Ўша ерда Устоз билан биринчи бор учрашганман. У кишига ўқишга берган нарсам “Ёз кунларининг бирида” деган насрий машқим эди.
Ёзувчилик истеъдодим тўғрисида ҳатто ўзимнинг фикрим ҳам жуда ғариб бўлгани учун адабий маслаҳатчи, яъни Матназар аканинг оғзига тикилиб тек қотганман. У киши машқимни жуда диққат билан, жиддий бир илмий ишни мутолаа қилаётгандай қошларини чимириб, пичирлаб ўқирди. Бир вақт Устоз бирдан завқланиб кетдилар:
– Рейимбой ака , бунга қаранг! – мурожаат қилди у кабинет тўрида хаёлчан қиёфада сигарета тутатаётган, олтмишларидан ошган, оппоқ ва нимжон сочлари ҳам анча сийраклашиб, кўп чекаверганидан катта – катта тишлари сарғайиб кетган чўтирроқ кишига. – Йўнғичқа ўраётган чолнинг тасвири: “Чол “қирт-қирт” ўроқ тортарди!” “Қирт-қирт” ни қаранг! Ҳолатни жуда аниқ беряпти!
Сигарета тутатаётган одамга ҳам (кейин билсам у киши воҳамизнинг таниқли ёзувчиси, табиат шайдоси, овчилик ҳақидаги ажойиб ҳикояларнинг муаллифи Раҳим Бекниёз экан) бу ибора маъқул бўлдими ва ё адаб важиданми:
– Ҳа, ҳа. Ҳмм. Дим яхши экан,- деб қўйди ва яна ўша алфозда сигарета тутатишда давом этди.
Ишқилиб, Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлимидан Матназар ака ёрдамида ўзимнинг ёзувчилик қобилиятнимни “кашф этиб”, “ёзсам одам бўладиган кўринаман”, деган фикр билан чиқдим…
Шундан сўнг ҳар кўришганда мен Матназар аканинг инсон сифатидаги гўзал фазилатларини бир-бир кашф эта бошладим. Кейин билсам, “машқ” деб аталишга ҳам нолойиқ беш – олти бетлик қораламадаги “чўлпига иладиган” атиги биттагина иборани излаб топиб уни мақтаганлиги менинг қалам эгаси сифатидаги ютуғим эмас, балки Матназар аканинг қанча қалин кул остида бўлса-да “йилт” этган чўғни илғай олиш, қўлига қалам тутган ҳар бир кишини иложи борича руҳлантиришга интилиш одатидан экан.
Вақт ўтиб Матназар аканинг ўз ҳаётининг мазмуни деб билгани адабиёт иши учун нақадар жонкуяр эканлигини, тирноқнинг учидай бўлса-да истеъдоди бўлган ҳар кишини ўз қавмидан билиб, қаноти остига олганлигининг кўп бор гувоҳи бўлганман. У бундай кишиларни ёзишга ундашдан, бирор бир арзирли сатр ёзган одам билан хоҳ бевосита , ҳох билвосита, сабр тоқат билан ишлашдан чарчамасди.
Шуҳрат МАТКАРИМ
https://www.facebook.com/maruf.mangli
МАТНАЗАР АБДУЛҲАКИМ
ДАРСДАН СЎНГ
Кимнидир койиди чеккани учун.
Тортиб олиб қўйди гугуртини ҳам.
Машқ дафтарларини йиғди-да, сўнгра
Бир-бир санаб кўрди. Етти дафтар кам.
«Ҳар гал шундай аҳвол. Уялмайсизми?
Келасиз ўқишмас, қилиш учун сайр.
Бу сафар ҳам икки қўймай тураман,
Эртага қолганлар топширсинлар. Хайр».
Қиш куни — бир тутам. Қорайганди қош.
Иккиланди. Ўтмак керак, ахир, қирдан.
Эри ҳам келмади олиб кетишга
«Кўнгли совидими…» — ваҳм этди бирдан.
Ҳамкасб дугонаси қистовга тутиб,
«Тунаб кетинг, — деди . — Кеч бўлиб қолди»
Кўнмади. Қўлтиқлаб машқ дафтарларни
Уйга ёлғиз ўзи яёв йўл олди.
Овул тугаб, энди қирга чиққанда
Оқшом қуюқ эди, атроф сим-сиёҳ.
Йўлдан қайтмоқчи ҳам бўлди бир ўйи.
«Ўғлим хасталаниб қолдимикан ё…»
Юрагини баттар ваҳима босди,
Қамради тундан ҳам баттар бир қўрқув.
Ўнқирми, чўнқирми, ўрми, қир демай
Яна кетаверди, кетаверди у.
Мудҳиш бир шарпани илғади ногоҳ,
Разм солса қашқир. Қиларди таъқиб,
Эслади йиртқичнинг қўрқишин ўтдан,
Изига бир дафтар ташлади ёқиб.
Қашқир тўхтаб қолди. Сўнг — яна, яна,
Муаллима омон топган бу олов
Йиртқичга берарди иложсиз сабр.
Йўловчи — ёқарди, қашқир — тўхтарди,
Тин оларди икков ҳар дафтарда бир.
Йўл узоқ, тун қаро, қашқир эса оч,
Оч йиртқич биларми надир садоқат.
Уйга яқин қолган вақтда тугади
Муаллимда дафтар, қашқирда — тоқат.
Уввос фиғон тутди қишлоқни тонгда,
Замин аза очди, замон йиғлади.
Дафтар топширмаган етти ўқувчи
Ҳаммадан ҳам ёмон йиғлади.
Нўноқ назмим учун афв эт, халқим,
На олим, на фозил, на сўз пириман.
Ўз вақтида дафтар топшира олмай
Қолган болаларнинг бириман.
Мен яхши биламан, тумор қилмайди
Ёзган шеърларимни ошиқлар.
Мен яхши биламан, қўшиқларим жўн,
Биламан, булар бир оддий машқлар.
Лекин… кетмакдасан келажак сари
Тап тортмай қисматнинг дашт, қирларидан.
Ўзимча асрагим келади сени
Ёвузлик, хиёнат қашқирларидан.
Мен машқ бажараман, ёзаман ҳар кун
Дараклар, сўроқлар, хитобларимни.
… Сен йўл бўйи ёқиб ташлаб кетавер
Қашқирлар қўрққувчи китобларимни.
