Давлат маслаҳатчисининг кирдикорлари ЎзТВ раисиникидан камми? (6-мақола)
Телевидения раҳбарининг ҳунарлари ҳолва, Давлат маслаҳатчисининг кароматларидан худо сақласин!
1.
Шу кунларда деярли барча маҳаллий ва хорижий интернет нашрларида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг эндиликдаги собиқ раиси Алишер Хаджаевнинг лавозимидан кетгани ҳақидаги хабар тарқалиб бўлди.
Уни шунчаки хабар тарзида ўқиганлар қанча, “кетгани рост бўлсин” қабилидаги қарғишнамо фикрларини ошкор-у сиртдан ёғдирганлар қанча.
Ростдан ҳам энг оммабоп Оммавий Ахборот Воситаси ОАВ ҳисобланган, миллатнинг қувонч ва ташвишларини ўзида ойнадек акс эттириши керак бўлган Ўзбекистон миллий телевидениясини тамомила йўқ қилишига бир баҳя қолганида, хайриятки, уни ишдан олишди.
Алишер Ходжаев даврида Ўз ТВ — махсус хизмат салтанатидаги маълум бир кучларнинг қўғирчоғига айланиб бўлганига — бевосита шу шахснинг ҳиссаси беқиёс…
2.
Камина бу ўринда “ҳиссаси катта” дея, онгли равишда ёзиб, “айнан шу одам сабабчи” дейишдан ўзимни тиймоқдаман.
Чунки бу ишларга — у сабаб бўлгани, шўрлик ижодкорлар устига ойболтасини ўйнатиб тургани ростдир, аммо ТВнинг ҳам, матбуотнинг ҳам бугунги – ҳолига маймунлар йиғлайдиган шармандали аҳволга келиб қолишига сабабчи бўлган яна бир мулозимнинг исми-шарифини айтиш шарт бўлади.
У – ижодкорлар орасида ҳақли равишда “Мажиддин” деб аталаётган — Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов бўлади.
Бу одамнинг А.Хаджаев билан, айниқса, сўнгги йилларда анча қаймоқлашиб қолгани, уларнинг биргаликдаги ошкор ҳамда хуфёна суҳбатлари ва ишлари хусусида анчадан буён гап-сўз юради.
“Дунё ўзбеклари” саҳифаларида ҳам бу ҳақда, жумладан, Султоновнинг Тошкент шаҳрида қураётган янги участкасини айнан Хаджаев цемент билан таъминлагани ҳақида бир мақолада мисол келтирилганди. Холисанилло айтганда, улар ўртасидаги мазкур яқинлик — бу айтилган цементдан ҳам мустаҳкамроқ.
Бу даъвони исботлаш учун гапни сал узоқроқдан бошлашга тўғри келади…
3.
А.Хаджаевнинг ТВдаги ҳукмронлиги сўнгги ҳафталарида — бу даргоҳда мисли кўрилмаган бир воқеа содир бўлди.
Маълумки, олдинлари, катта бир сиёсий воқеалар содир бўлганда Х.Султонов ТВга келиб ўрнашиб олар, ўша воқеани қай тартибда ёритиш кераклиги-ю, нима деб изоҳ берилишигача унинг кўзойнагидан яхшилаб чиғириқдан ўтарди. Бунга телевидениеда барча кўникиб қолган.
Айниқса, биринчи Президент вафоти билан боғлиқ воқеалардан сўнг телевидение Султоновнинг “иккинчи уйи”га айланиб қолди, десак, хато бўлмаса керак.
Бу “ташриф”лар ҳозир кўпайса кўпайдики, асло камайгани йўқ. Чунки талаблар ўзгача, олдинларидек – сийқаси чиққан мақтовлар ва минг бора чайналган хушомадлар билан — шарти кетиб, парти қолган бир қарияни алдаш керак, деган гапларнинг бугун бозори ўтмай қолди…
4.
Янги Президент — янги давр сиёсатининг матбуотда ёритилишини ҳам ўзидек шиддатли ва шаффоф тарзда бўлишини талаб қилмоқда.
Шу аснода, телевидениядаги аҳволдан дарғазаб бўлган давлат раҳбаридан қаттиқроқ бир гап эшитган ёки дакки еб келган бўлса керак, ҳар ҳолда, Хайриддин, иттифоқо бир куни ТВга ғазаб билан кириб келади.
Ўзини ўраб олган гумашталарига коридордаёқ бор овоз билан, ҳайқирган тарзда: “Билиб қўйинглар, агар мен кетсам, ҳаммангни қуритаман. Фақат мен кетиб, санлар қолмайсанлар, ҳамманг учиб кетасан” дея оғзидан кўпик сачратиб ўшқира кетади.
Шу пайтгача “мўмин ва мулойим, зиёли одам” тариқасида намоён бўлиб келган, оғзидан қаттиқ гап чиқмаган, ҳамма “пес”лигини ими-жимида, “енг учида” қилишга одат қилган бу давлат маслаҳатчисининг кутилмаган муомаласидан барча ҳайрон қолади.
Хўш ўшанда нима бўлган эди? Ким Х.Султоновни бу қадар мувозанатдан чиқарди?
Бу саволларга жавоб бериш учун олис ва яқин ўтмишга мурожаат қилишимиз керак…
5.
Энг аввало: «Хайриддинни саройга ким олиб келган эди?» деган саволга жавоб беришимиз керак бўлади.
Бир пайтлар тилидан “Оллоҳ” сўзи тушмай, ҳатто таркидунёчиликни афзал билган, дунёнинг рўёга қоришиқ ёзуқларига кўника олмай, дўсти ва салафи Мирзо Кенжабек билан бирга, соқол қўйиб, кўча-кўйда қаландарсифат бўлиб юрган, илло ўзи истеъдоддан бебаҳра бўлмаган ёш адиб Хайриддин Султоновни “Шу йигит жувонмарг бўлиб, истеъдоди хайф кетмасин” деган мулоҳазалар билан сарой ишига — Мурод Муҳаммад Дўст олиб келади.
(Ким билсин, балки у ўшанда мусичадек беозор кўринган айнан шу йигит бир кун келиб унинг ўзининг ҳам бошига етишини, саройдан қувишини билганида, бу ишга қўл урмасмиди).
Чунки мустақилликнинг илк йилларида М.М.Дўст И.Каримовнинг яқин маслакдоши, маслаҳатчиси, матбуот котиби бўлиб ишларди…
6.
Хуллас, холисаннило айтганда, бу “қаландар”ларнинг ҳар иккиси ҳам девонга ишга олинганди.
Мирзо Кенжабек деганимиз ўз каръерасининг илдизига ўзи болта урди: иттифоқо бир куни саломлашув пайтида И.Каримовнинг қўлини ўпди. Бу ғайритабиий ҳолдан ҳамма ҳайратда қолди. Воқеа Мирзонинг саройдан “кетига тепиб” ҳайдалиши билан якун топди.
Бу воқеа унинг жонажон дўсти – Хайриддин учун бир умрлик сабоқ бўлди.
Демак, бундай олий давраларда ўз эҳтиросингни минбаъд ошкор қилмаслик керак экан. Табиатида бормиди, ёки тажрибами, хуллас, шу воқеадан кейин Хайриддин нима қилса қилдики, истагини ҳеч қачон очиқ-ойдин билдирмади.
Ҳамма нарсани секин, зимдан, ҳатто дўстининг орқасига пичоқ санчса-да, юзига жилмайиб қараб амалга оширишнинг ҳадисини олди…
7.
Жилмайиб, иршайиб, “камтарона сўлиш олиб”, одамнинг ичига илондек кириб, кимларни жувонмарг қилиб юбормади бу одам…
Эҳ-ҳе… Не-не номдор ёзувчи ва шоирлар, санъаткор ва қўшиқчилар, қанчадан-қанча иқтидорли ва жасур журналистлар, ҳайкалтарош-у меъморлар…
Уларнинг ноҳақ ишдан қувилиб, “халқ душмани”га айланишига, саҳнадан, жамоатчилик эътиборидан бадарға қилинишига, номларини турли қутлуғ рўйхатлардан асоссиз равишда ўчириб ташланишига айнан ана шу мулойимхунук, чала ёзувчи ва чала публицист бўлган Хайриддин Султонов сабабчи.
Даъво қуруқ бўлмаслиги учун бир-иккита мисол келтирамиз. Мана, яқинда улуғ шоиримиз Эркин Воҳидовнинг қутлуғ 80 йиллиги давлат миқёсида, ғоят катта тантаналар билан нишонланди. Лекин бу эъзозлар, бу қутловлар унинг тириклигида қилинса, қандоқ яхши бўларди. Миллатнинг олд шоирларидан бирига қилинган бу юбилей ярашарди ҳам. Ўлганда эсладик.
Унинг ўлимидан анча олдин, маънан “ўлиши”га эса айнан мафкура ишлари бўйича Президентнинг давлат маслаҳатчиси сабаб бўлди…
8.
Авваллари ўзига тенгқур бирор машҳур одам вафот этса, биринчи Президентга айтиш ғоят қийин бўларди.
Кўнглига яқин оларди шекилли, ишқилиб шунга ўхшаш бир гап юрарди. Ҳатто қорақалпоқларнинг улуғ адиби, Ўзбекистон Қаҳрамони Тўлепберген Қайипбергенов ўлганда, у шўрликнинг некрологи — марҳум кўмилиб, “етти”си ўтгандан сўнг ўқилганди.
Шу воқеа бир-икки бор такрорлангач, Хайриддин Султонов ўз қўл остидаги ходимларга барча машҳур ёзувчи-шоирларнинг, айниқса, Қаҳрамонларнинг некрологини аввалдан, улар ўлмасидан ёздириб қўйишни буюради.
Қанчалик тубанлик. Иттифоқо, худди шу сафга Эркин Воҳидов ҳам киритилади. Бунга ишонмасангиз, Султонов қўл остида ишлаган ходимларидан сўранг.
Бу гапни ўша “некролог қаҳрамонлари” — ҳали тирик юрган одамлар эшитмаган дейсизми?
Ўшанда Эркин ака ичидан қанчалик зил кетиб, юм-юм йиғлаганини кўрган шогирдлари бор — Хайриддин уни 15 йил олдин “ўлдирганди”.
Кейин эса биратўла “запрет рўйхати”га тиқиб, матбуотдан ҳам, сенатдан ҳам, амалларидан ҳам мосуво қилди.
Шунча ифлос ишларни қилиб, 80 йиллик юбилейида эса, малъунларча, нутқ ирод қилганини кўриб, бўғзидан шартта бўғиб, Эркин Воҳидов ёнига равона қилгинг келади…
Айни аянчли тақдир Эркин Воҳидовдан ташқари яна талай улуғ адибларимиз пешонасида бор экан. Абдулла Ориповни оласизми, Ўткир Ҳошимовни оласизми, Шукур Холмирзаев ёки Учқун Назаровни оласизми…
9.
Яна бир мисол.
Машҳур хонандамиз Юлдуз Усмонова яқин-яқингача, ҳатто шу кунларда ҳам ўзининг катта саҳнадан қувилганини фақат битта одамдан, очиқроқ айтадиган бўлсак, раҳматли Алишер Азизхўжаевдан кўриб юради.
Лекин инсоф билан айтганда, уни Азизхўжаев эмас, аслида Х.Султонов бадарға қилган. Чунки биринчидан, Алишер ака чапани бўлиш билан бирга кўнглида кек сақламайдиган, кечиримли ва мард инсон эди.
Иккинчидан, унинг вафотига ҳам 4-5 йил бўлди. Нега Юлдуз фақат бугунги кунлардагина, унда ҳам янги Президентнинг муруввати билан саҳнага қайтди. Демак, бу ерда бошқа гап бор экан-да.
Гап шундаки, 2006 йилда Юлдуз ўзининг саҳнадош ҳамкасби Озода Нурсаидова билан жанжаллашади. Шунчаки эмас, балки ёқавайрон тарзда, бир-бирининг бошини ёриб, бетини юмдалаш даражасида. Бундан хабар топган Султонов, санъат ҳам унинг соҳасига қарашли бўлгани боис, эртасигаёқ, гап тегишидан қўрқиб, буни И.Каримовга ошиғич тарзда етказади.
Раҳбар эса, бу воқеани кўпчилик ўртасида муҳокама қилиб, бу икки санъаткорни изза қилишни топширади. Бу орада эса Юлдузхоним Туркманистонга бориб, Туркманбошига қасида айтиб қайтганидан сўнг, бунақа ўзбошимчаликка чек қўйиш учун Султонов у билан жиддий гаплашиб олиш мақсадида суҳбатга чақиради…
10.
Суҳбатда хонанда ўзига хос шарттакилик билан, “юзингда кўзинг борми” демай, “Артист халқи фоҳишадек гап, мен учун пул муҳим — “деньги на стол, матрац на пол” деган бир беандиша гап қилади.
Бу гапни кимсан, Султоновдек Президент маслаҳатчиси, ўзини осмоннинг устуни санаб юрган одам кечирармиди?
Хуллас, шотирларига айтиб, шу кундан бошлаб, Усмоновани саҳнадан ҳам, матбуотдан ҳам бадарға қилади…
Бу ўринда биз Ю.Усмоновани оқлаш ниятимиз йўқ.
Фақат айтмоқчи бўлганимиз – ўзига бириктирилган соҳа одамлари билан тил топиши, уларнинг бошини қовуштириши лозим бўлган Х.Султонов ҳеч қачон бу йўлни тутмаган.
Унинг учун энг тўғри ва ягона йўл – ўша одамдан воз кечиш.
Унга деса аллома бўлмайдими. Фақатгина унинг боши, не-не воқеаларни ва қурбонларни кўриб келаётган бошгинаси омон бўлса бас…
Ўша шаккокликни Хайриддиндек кекчи одам унута оладими?
Кўксида ғараз ин қурган одам яхши бўлиб қолишига ишонасизми? Шахсан мен Юлдуз Усмонова оддий кунларнинг бирида яна “қора рўйхат”га кириб қолса, бундан сираям ажабланмайман…
11.
Қоғозда, расман матбуот ҳимоячиси бўлган бу одам ўз вақтида матбуотнинг оғзи ва қулоғини бекитиб, лозим бўлганда ҳатто, кесиб ташлашгача борди.
Чунки мақсад битта – ҳар не қилиб бўлса-да, ўз ўрнида қолиш, “катта”дан шу нарсалар, дея балога гирифтор бўлмаслик.
Ўз вақтида Аслиддин Болиев очган “Республика” газетасини ҳам, Ҳабибулла Олимжонов не бир орзулар билан ташкил қилган “Мустақил газета”ни ҳам, бошига не уқубат ва синовлар тушган Исмат Хушевнинг қай машаққатлар билан очган “Миллий таълим” газетасини ҳам шахсан Хайриддиннинг ўзи ёптирди.
Бу борада қандай маккорлик ва ғирромлик қилгани ёлғиз унинг ўзига аён. Фақат биттасидан бохабармизки, сўнгги саналган – “Миллий таълим” газетаси чиққанда, ғазабдан кўкариб кетган, Исмат Хушевнинг — Президент Каримов билан яқин муносабатига рашк қилган, унинг яна сиёсат майдонига кириб келишидан хавфсираган Султонов атайлаб уни Президент столига кирадиган газеталарнинг бошига, боз устига кечиктириб, бир кун кейин, “катта”нинг кайфияти ёмон бир пайтда олиб кирдиради…
12.
Нимадандир ғазабланиб турган Президент уни чақириб, “Янги газета пайдо бўлибдими?” дея шунчаки сўрайди.
Шунда бунақа пайтда қандай муомала қилишнинг ҳадисини олган Султонов:
— Ҳа, бундан менинг ҳам хабарим йўқ эди. Менга бошқача айтишганди. Устига устак жуда грамматик хатоси кўп экан. Шунга ўзингизнинг маслаҳатингиз керак бўлаяпти”, — дейди тулкилиб қилиб.
Албатта, у Каримовнинг характерини йиллар давомида ўрганган одам сифатида, бундай чоғда “Кўзинг қаёғда эди” дея болохонадор сўкиш эшитишини яхши биларди. Аммо эҳтиёт чорасини ҳам кўргандики, вазият шундай ўзгариш томон юз бўлса, ҳамма айбни ўша пайтлардаги олий ва ўрта махсус таълим вазири бўлиб ишлаётган иқтисодчи олим, академик Саидаҳрор Ғуломовга тўнкашни ўйлаб қўйганди.
Вазият худди шу сценарий асосида бўлди. Султонов Президентга қарата, гуноҳкорона сўлиш олиб,
— Ислом ака, Саидаҳрор Ғуломов – ўз вазирлиги муассислигида газета очди. Менинг маслаҳатимни олган эмас, — дея шартта Ғуломовни ҳам сотди. — Сиз совет даври эсланган адабиётни тўхтатинг деб топширгансиз. Исмат эса буни била туриб, янги газетанинг биринчи сонида Эркин Воҳидовнинг «Ҳозирги ёшлар» шеърини берибди.
Унда жумладан шундай баҳсли сатрлар бор:
Қари толга суяб,
Ирғай асони,
Оқсоқол сўрига аста ёнбошлар.
Хаёлдан ўтказар қори дунёни:
«Эх ҳозирги ёшлар, ҳозирги ёшлар.»
…
У аср тенгдоши,
Бутун умр энди.
Кеча кўрган тушдай кўзи олдида.
Йигирма ёшида амирни енгди,
Водийга сув очди ўттиз олтида.
…
У колхоз тиклади,
Янги юрт қурди.
Босмачига қарши от сурди ўктам.
Жангу жадалларнинг барини кўрди,
Кўрди очликни хам ,
Юпунликни хам.
…
Кўз олдидан ўтар қирқ биринчи йил.
Масков бусағаси,
Аччик қахратон.
Агар қулатмаса дайди ўқ сабил,
Берлиндан кайтарди, бўлиб қахрамон…
Айнан шунга ўхшаш Совет даври ва Улуғ Ватан урушини улуғловчи шеърларни Сиз таъқиқлаган эдингиз…
Оқибатда Хайриддин Султонов газетани Президент номи билан ёптиришга муваффақ бўлди…
Бунда бир ўқ билан икки қуённи урди.
Биринчиси, Ғуломовнинг жиловини қўлга олди. Энди бутун Олий ўқув юртларининг жилови ҳам унинг қўлида бўлади. Истаган ректорини истаган пайтда пачкадай алмаштириб ташлаши мумкин.
Иккинчиси ва энг асосийси – Исмат Хушевдек ўзи азалдан ёқтирмаган, талантли ижодкордан қутулди.
И.Хушевнинг кейинги дарбадар ҳаёти, муҳожирликдаги кўргуликлари ана шундан сўнг бошланди…
13.
Ҳозир келтирган мисолларимиз – юздан бири ҳам эмас.
Тўғри, бу одам ҳеч қачон биров билан очиқчасига конфликтга борган, пўписа қилган эмас. Аммо индамай, илондек вишиллаб, кейин давлат раҳбарига сен ҳақингдаги шунақа бўҳтонларни, яна қандай ҳолатда денг, ўзини муте ва ҳокисор қилиб гапириб берардики, шўрлик қурбон — ё қочиб, ё ўлиб қутуларди.
Бўлмаса, 20 йил ичида қилт этмай, ижодкор халқининг қарғишига қолиб бўлса-да, бир жойда ишлаш, оддий ижодкорларни қўя туринг, ҳатто бир вақтлар кимсан, давлат маслаҳатчилари бўлиб ишлаган салафларини ҳам маҳв этиш…
14.
Буни унча-мунча шайтон эплай олмайди.
Ҳатто Президент девонидаги бутун бошли бўлинма — хизматларни ҳам ўзига қарам қилиб олишнинг уддасидан чиқди бу одам. Икки мингинчи йиллар бошида девонда Абдусаид Кўчимов бош бўлган ахборот-таҳлил хизмати, Саъдулла Ҳаким раҳбар бўлган ахборот-таҳрир хизмати, Ўткир Раҳмат, кейинроқ Нарзулла Жўраев ва Аҳмаджон Мелибоевлар раҳбарлигидаги – маданият ва матбуот билан ишловчи хизмат, сўнгроқ эса Мурод Муҳаммад Дўст очган яна бир хизмат бўларди.
У пайтда Х.Султонов деганимиз биргина – жамоатчилик билан ишлаш хизматигагина раҳбар эди. Бугун юқорида санаган хизматларнинг ҳеч бири йўқ – уларнинг ҳаммаси Х.Султонов хизматига қўшилиб кетган ва ягона раҳбар бўлиб унинг ўзи қолган. Бўлмаса, юқорида санаб ўтган одамларимиз чакана одамлар, жўнгина ижодкорларми? Уларнинг ҳаммасини маҳв этган ягона одам бўлиб фақат Хайриддин қолди.
Қайси хизматлари ёки “ҳунарлари” эвазига?…
15.
Дарвоқе, яқинда девондаги яна бир тизим – матбуот хизмати ҳам шу одамнинг раҳбарлиги қанотига киритилди.
Асли Х.Султонов азалдан шу хизматга ғайирлик қилиб, унга бўлган Президентнинг эътиборидан рашк қилиб юрарди. Ҳатто матбуот котиблари бўлиб ишлаган Азамат Зиё, Рустам Жумаев, Дилшод Нуруллаев, Алишер Азизхўжаев, Улуғбек Ҳасанов, Севара Турсунова, Садриддин Суяровлар устидан И.Каримовга чақув ва бўҳтонлар уюштиришдан ҳам тоймади.
Ниҳоят, бу хизматни ҳам ўз қамровига киритишнинг уддасидан чиқибди. Ажабо… Янги раҳбарга ҳам ўзининг садоқатли қилиб кўрсата олибди-да.
Аммо бу “садоқат”нинг нечоғли чин эканига кейинроқ алоҳида тўхтаб ўтамиз.
Ҳозирча Хайриддиннинг девондаги кирдикорлари ҳақидаги ҳикояларни давом эттирсак…
16.
Ўзини мўмин ва тақводор кўрсатиб юришнинг ҳадисини олган, неча йиллардан кейин — алоҳида ҳожатхонаси бор, кенг-мўл хонага эга бўлиб, унда бекитиқча намоз ҳам ўқиб юрадиган (албатта, намоз ўқиш ва ёки эътиқод эркинлигига дахл қилиш ниятидан мутлақо йироқмиз).
Хонаси келгани учун айтдик-қўйдик. Шу ўринда яна бир гап. Бу “тақводоримиз” ҳар ой Юнусободнинг 2-даҳаси, халқона Д-2 мавзеидаги яшайдиган азойимхонга шаҳарнинг собиқ ҳокими Тохтаев ва яна бир иккита раҳбарлар ҳамроҳлигида “қоқтириб-суқтириб” келишни канда қилмаслигини ва дуою тутатқилар олиб, девонга олиб бориб сочишини кичикроқ даврадагилар билади, холос, аммо амалдаги иши ҳечам имонли инсонга “ёпишмайдиган” бу одам Ўзбекистоннинг улуғ даргоҳида ишлай туриб, ўзиниям ҳеч қачон хафа қилиб қўйган эмас.
Тўғри, 5-10 йил илгари умумий ҳожатхонада таҳорат олганида, ўзини камситилгандек ҳис қилган бўлса бордир.
Аммо бугун ўша аламларнинг ҳиссасини чандон чиқармоқда…
17.
Бир вақтлар Хайриддиннинг Аброр Қиличев деган ёрдамчиси бўларди.
У шунчаки ёрдамчи бўлмасдан, акасининг ҳожатини ҳам чунон чиқарардики, у ёқ-бу ёғи йўқ. Масалан, қўл остидаги соҳалари раҳбарларининг ҳар бир бирига, нуфузига қараб, алоҳида солиқ солинарди. Масалан, телевидениега алоҳида, матбуот агентлигига алоҳида, маданият ва кинога бўлак-бўлак.
Ставка хос саналар ва байрамлар муносабати билан ўзгариб, ошиб турарди.
Кунларнинг бирида Аброрнинг бу олди-бердиларини миси чиқади ва ўзидан қўрқиб, дағ-дағ қалтираган Султонов уни ўша куннинг ўзидаёқ “думини тугади”.
Бугун бу “шарафли” вазифани Хайриддиннинг Абрордан кейинги садоқатли ёрдамчиси Зариф Мирзақулов худди шундоқ “шараф билан” уддаламоқда…
18.
Мустақиллик арафасида маданият ва ижод одамларига унвон ва мукофот улашиш-ку, инчунун.
Ўша кунлари бу ишнинг бошида турган Зарифжоннинг қўли қўлига тегмай, бозори чаққон бўлиб кетади. Соҳадаги бирор ташкилот раҳбарлигига ёки газета-журналларнинг муҳаррирлигига тайинланаётган одам эса албатта битта квартиранинг калитини топширишдек юмушни зиммасига олишга мажбур.
Шу гаплардан кейин Ўзбекистондаги матбуот аҳволи нима бўларди.
Албатта, буларни ёрдамчининг бир ўзи ҳазм қилмаслиги, уни бевосита раҳбари, яъни “акахони” билан баҳам кўрмаса, бугунгача бу курсида собит ўтирмаслиги кундек равшан…
19.
Султоновнинг “енг ичидаги фаолияти” шу билан тамом бўлмайди.
Вилоятларда, айниқса, олдинги Президент даврида (ўлибдими, бунисига ҳали улгурмагандир) бўладиган ташкилий сессияларда, албатта ўша вилоят ҳақидаги “негативка”лар бўлиши табиий.
Ўқиладиган маъруза эса, табиийки, Хайриддин сармуншийнинг қаламидан чиқади. Ўша маърузада қайсидир бир туманни аёвсиз, бошқасини эса “суяб” ўтиб кетиш ҳам – у кишининг қўлларида. Чунки янги борган вилоят ҳокими ҳали туманлар раҳбарлари билан яхши танишмаган, Президент маърузасида ким ёмон деб тилга олинса, уни ишдан ҳайдаши тайин.
Ана ўша кезларда мирзо Хайриддиннинг “кетмони учишини” кўринг-да.
Вазирлар Маҳкамасидаги маърузада эса бу олди-бердилар вилоят ҳокимлари даражасига кўчади. Чунки буниси – давлат даражасида ўқиладиган маъруза бўлади-да…
20.
Албатта, бу ишларнинг аканинг ўзлари эмас, “хос одамлари” адо этади.
Худди шунақа “воситачи”лардан бири – Хайриддин Султонов ўзига яқин олиб юрадиган юртдоши, бугун ҳам ўзининг чучмалликка тўла “расмий шарҳлари” билан кўпчиликнинг ғашига тегаётган телевидение журналисти — Фарҳод Маҳмудов бўлади.
Бир вақтлар Х.Султоновнинг аёли дугоналарига “Бизнинг хўжайин ҳам катта амалдор, лекин мен бошқа амалдорларнинг хотинидек яхши участкаларда турмайман. Мени у аёллар “яғир оёққа калиш” деб сафларига қўшишмайди” дея ёзғирган экан.
Кеннойининг орзуси амалга ошди. Бугун у киши Хайриддиндек умр йўлдошлари билан бирга шаҳардаги унча-мунча одам ҳайиқиб кира олмайдиган, кимсан, Рашид Қодиров-у Рустам Иноятовлар турадиган маҳаллада – собиқ Луначарский марказида, данғиллама ҳовлида туришади.
Бугун эшитишимиз бўйича, кеннойининг ўзлари амалдан тушган Рашид Қодировнинг хотинини кўрсалар, кўрмасликка олар эмишлар…
21.
Бу дабдаба-ю асъасалар, ўғилларининг “Автосаноат” шўъбасининг корчалони бўлиб, кариллаб юришлари — ҳар ҳолда, ўзини мискин кўрсатиб юрувчи, бировларга “киносценарийлар ёзиб, қўшимча пул топаман” дея чўпчак айтиб юрувчи – Хайриддин Султоновнинг фақатгина маоши орқасидан эмасдир?
Бугун айнан шу одамнинг янги Президент атрофида ҳам айланиб юриши, хос мажлисларда унинг нақ ўнг ёнида ўтириши, раҳбар топшириқларини бошқа жойларда кеккайиб, қўл остидагиларга уқтириши, тўғриси, одамнинг ҳам ҳайратига сабаб бўлади, ҳам ҳасратига.
Бунақа буқаламун одамлар, барча замонга ва даврга мослаша оларкан-да, дея ҳайрон бўласан…
22.
Бошқа томондан, бунақа, ўрисча айтганда, ўлгудек “страховщик” одам ҳам камдан-кам учрайди.
Чунки истаган одамидан, у хоҳ яқин бўлсин, хоҳ хос маҳрам, истаган пайтда воз кеча олиш ҳам – ҳамманинг қўлидан келмайди. Мақола давомида унинг не-не ижодкор арбоблардан, ҳатто ўз ёрдамчиларидан ҳам воз кечганини айтдик.
Муовинлари бўлган — Аҳмаджон Мелибоев, Жаҳонгир Қосимовларни, оддий ходимлари – Сирожиддин Рауф, Фахриддин Мусаев, Аҳмад Тошхўжаев, Ғаффор Ҳотамов, Болта Шодиев, Тоҳир Шомуродовлардан қандай осонлик билан воз кечган бўлса, уларнинг кейинги тақдирини ёмон томонга осонлик билан ўзгартириб ҳам юборди бу одам…
23.
Масалан, энг кейингиларини олсак, Жаҳонгир Қосимов кино соҳасига раҳбар бўлиб кетганда, уни бошда қўллаб турди.
Чунки Қосимовдан олдинги кино раҳбари Аъзам Исҳоқов ҳам — Султоновнинг қора рўйхатидаги собиқ ходимларидан бўлиб, Қосимов қўли билан ундан ўч олди. Кейинроқ, Ж.Қосимов кинодаги ишнинг пачавасини чиқариб, судланганда, уни дарҳол унутди.
Унутдигина эмас, Қосимов билан бирга ишлаган Т.Шомуродовнинг ҳам баҳридан осонгина ўтди. Чунки жанобга гап тегиб қолиши, Ж.Қосимов билан кинодан топган мўмай пулларининг миси чиқиб қолиши мумкин эди.
Шундай қилиб, Т.Шомуродовни телевидениега – А.Хаджаев ҳузурига бадарға қилди.
Бадарға қила туриб, Хаджаевга “Кейинроқ, секингина жавобини берарсиз” дея айтишни ҳам унутмади…
24.
“Маҳалла” телеканалига директор муовинлигига кетказилган шўрлик Тоҳир айнан Х.Султонов айтганидек, бир йилга борар-бормас, хотинбозликда айбланиб, “йўқлик сари равона этилди”.
Мана, гап айланиб, Хайриддин Султонов ва Алишер Хаджаевларнинг ўзаро муносабатига ҳам етиб келди.
Тўғриси, энг бошда, яъни А.Хаджаев Ўз ТВга раисликка тайинланганда бу — Х.Султоновга ёқмаган, у ҳатто янги раисга “ядерщик” деб лақаб ҳам қўйганди.
Чунки айнан Х.Султонов ваколатига кирган кадрлар масаласи – унинг хоҳишига тескари ўлароқ, “совбез” орқали ҳал қилиниб, телевидениега махсус хизмат полковниги жўнатилганди-да.
Аммо бу ётсираш унча узоққа чўзилмади…
Чунки бунда А.Хаджаевнинг қўрқоқлиги, қатиқни ҳам “пуф”лаб ичиши, ҳамма масалани Х.Султонов билан бамаслаҳат ҳал этиши муҳим роль ўйнади.
Чунки мунофиқликда бир-биридан қолишмайдиган бу икки “арбоб” муросага келсаларгина, икковининг ҳам қулоғи тинч бўлишини англаб етишди…
25.
Ана энди икки ака-ука, икки шоввоз бир тану бир жон бўлиб, телевидение ижодкорларининг шўрини қурита бошлашди.
Чунки ўзидан бошқани ўйламайдиган, боз устига унга деса, юзлаб каллалар кетса ҳам, ўз “хизмат вазифасини бажараётган” бўлиб чиқаётган, фикри-хаёли телерадиокомпаниянинг пулини шилиш бўлган — бунисига ҳам; унга деса, ҳаммаёқ куйиб, “ёнган уйнинг мўрисига ўхшаб, бир ўзи қолса” (Абдулла Қаҳҳор таърифи – муал.) ҳам жонини саломат асрашдан бошқасини хаёлга келтирмайдиган анави кўзойнакли Х. Султонга ҳам – шуниси маъқул эди.
Ўз вақтида Хаджаев деганлари учун Хайриддин акаси – бир Каъбадек эди.
Аммо бу “садоқатли бирлик” ҳам узоққа бормади.
“Дўппи тор келганда” бир-бирини сотишдан ҳам тап тортмади бу иккала муттаҳам ва муҳтарам зотлар…
Макола жуда ажойиб аммо ута чукур деталларни канадада туриб кандай кулга киритдингиз хайронмиз!!!