"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Исмат Хушев: Ўзбек матбуотига отилган ўқ… (Биринчи мақола)

Бош мақола, Демократия сабоқлари, Муҳаррир минбари, Хайриддин Султонов | 14/02/2017 15:10-     14745 марта ўқилди

Суратда: «Ҳаёт ва Иқтисод» — Жизнь и Экономика» журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов билан…
“Дунё ўзбеклари”дан:

 

Яхши-суъратим
27 июнь куни – Ўзбекистон оммавий ахборот воситаси ходимлари ўз касб байрамларини нишонлайдилар.
Биз ҳам шу байрам муносабати билан барча ўзбек журналистлари ва матбаачиларини касб байрамлари билан табриклаймиз.
Оғир ва машаққатли ҳаётингиз, сабру тоқатингиз ва матонатингизга яна бир бор таҳсинлар айтамиз.
Сизга сабр берсин…
Исмат Хушев,
Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири

 

Ўзбек матбуотига отилган ўқ… 
(Миллий хавфсизлик хизмати ташаббуси билан суратга олинган ва Ўзбекистон телевидениясидан намойиш этилган икки қисмли фильмни кўриб)

 

1.
Ўзбек матбуоти тарихида сўнгги йилларда одатдан ташқари ва айтиш мумкинки мутлақо кутилмаган фавқулодда воқеа юз берди.
Ўзбекистон телевидениясининг Ёшлар телеканалидан икки қисмдан иборат Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ҳақида махсус тайёрланган кўрсатув намойиш этилди.
Кўрсатувни кўриб, менда нохуш ва ғалати туйғулар пайдо бўлди. Кўнглимга келган биринчи иштибоҳ: “Шартмиди шу ҳозир” деган бир туйғу. Иккинчиси: “Жуда кеч эмасми?” деган бир ҳадик. Учинчиси: “Кимга керак бўлди бу нарса?”
Ўзбекистон матбуоти, шундоғам обрўсиз бўлиб, ҳеч нарсага арзимайдиган, майда-чуйда гап сўзларни ёритиш билан машғул эди.
Жамиятнинг асосий муаммолари шусиз ҳам унинг эътиборидан четда қолиб келаётган, у гўё ҳавода на у ёқлик ва на бу ёқлик бўлиб, муаллақ илиниб турган эди…
Энди бу ҳам етмагандек унинг устидан мағзава ағдариб юборилди. Бу ёғи нима бўлади, ҳайронман.
Кўрсатув бир неча кун олдин анонс берилиб, телетомошабинлар эътиборини тортишга жалб қилинди.
Ҳуллас, бир соат атрофида берилган кўрсатувнинг биринчи қисми оммавий ахборот воситалари, жумладан газета ва журналларнинг савияси нақадар пастлиги ва бунинг оқибатида нашрларнинг тиражи ҳаддан зиёд камайиб кетганлиги рўй рост эътироф этилди.
Шу жумладан ҳатто республика миқёсида ҳукумат нашри бўлмиш “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон овози” дан тортиб то бир қадар вилоят газеталаринниг аянчли аҳволи рўй- рост айтиб ўтилди.
Айни пайтда республика оммавий ахборот воситаларига қоғоз етказиб бериш масаласи бозор иқтисодиёти шароитида тасодифий коммерсантлар қўлига ўтиб қолганлиги ва бу борада жуда катта молиявий найранглар борлиги ҳам айтиб ўтилди.
Лекин минг афсуски, оммавий ахборот воситаларидаги бу носоғлом вазият ва биқиқ муҳитнинг ҳақиқий илдизи бирибир очилмади.
Ўзбек матбуотидаги нарх навонинг ошиб кетганлиги унинг адади (тиражи) камайиб кетишига асосий сабаб деб кўрсатилди.
Менинг назаримда, асосий сабаб бу эмас…

 

2.
Одамлар яқин ўтмишда 1 тийинлик гугуртни 100 сўмдан (1 тийин ўн минг марта ошган) олишарди.
2 тийинлик дафтар (Ўзбекистонда 200 сўм, Россияда 2 рубл). (Ўн минг марта ошган).
Ҳозир Ўзбекистонда 16 тийинлик бир буханка нон оғирлигидан анча-мунча уриб қолинганига қарамай – 500 сўм.
Совуганидан сўнг ҳам, умуман инсон боласи ея олмайдиган бўлишига қарамай 500 сўмлигича тураверади!
Шўрлик халқ харид қилаётганида ари чаққандай бир “и-йй” дегани билан, шу қора нонни ҳам заҳар чайнагандай чайнаб турибди…
Бир пайтлар 9 тийин бўлган, тоғдан эксковатор билан қазиб олинадиган  туз ҳозир – 1000 сўм!
9 тийин бўлган тухум 350-400 сўм. Домашний (хонадон)ники эса – 500 сўм.
Собиқ СССР пайтида сотувда ярим текин даражада бўлган кепак бугун Тошкент бозорида – 1200 сўм. Униям ярми – шоли похол билан сомоннинг кукуни…
Нархлар ўн минг мартагача сакраб кетганлигига қарамай, Ўзбекистон аҳолисининг бирортаси Оллоҳнинг бу неъматларидан юз ўгирганича йўқ.
Агар биз 1994-йилда купондан кейин – ундан сўнгги ўтиш пайтида рус рублини минг мартага қисқартирганимизни инобатга олар бўлсак – бир тийинлик гугуртнинг нархи 10 миллион марта ошган бўлади…
Гап бунда эмас.
Ўтмишда атиги икки тийин бўлган ўзбек матбуотининг бугун агар юзи ёруғ, виждони тиниқ бўлганида эди, ҳеч қачон олдин қарийб бир миллион нусхада чоп этилган “Ўзбекистон овози” (олдинги “Совет Ўзбекистони”) бугун юз мартага, ўтмишда 500 минг нусхадан ортиқ босилган “Тошкент оқшоми” бугун 200 мартага камайиб кетмаган бўларди.
Бугун ўзбек матбуотининг ҳаммаси бир хил. Юзи ҳам, мазмуни ҳам. Оммавий тарзда. Бир биридан зиғирча фарқи йўқ!
Танқидий материаллар бериш тамом унутилди. Ижтимоий сиёсий, таҳлилий мақолалар хаёлга айланди.
Ўзбекистон матбуотида энг сўнгги фельетонни тупроққўрғон қабристонига кўмилганига ҳам сал кам йигирма йил бўлиб қолди…
Олдин қанақанги фельетонлар чиқарди матбуотда.
Эҳ-ҳе, уни ўқиб, “кўнглида иллати борнинг, оёғи қалтирайди” деганларидек, ҳамма сергак тортиб қолар, инсоф ва адолат, ҳалоллик ва диёнат деган тушунчалар жамиятнинг энг устивор ва мустаҳкам қўрғонларидан бири эди…
Йигирманчи ва ўттизинчи йилларда Абдулла Жулқунбой, Ғофур Ғулом, Комил Алиев, Ғози Юнусларнинг, эллигинчи, олтмишинчи, етмишинчи йилларда Ориф Юнус, Шобарат Кузамбоев, Худойберди Тўхтабоев, Усмон Юсупов, Анвар Муқимов, фельетонлари машҳур эди.
Эллигинчи йилларда Латиф Эргашев ёзган “Чемоданли раислар” номли танқидий мақолани ҳали ҳали эслаб юришади.
Унда ҳикоя қилинишича, Самарқанд қишлоқларидаги раислар доимо шаҳардан сайланар экан. Улар ҳар кун тонг саҳарда бир қўлида чемодан билан ишга келиб, соқолини олиб, яна ўша чемодан билан шаҳарга қайтиб кетаркан.
Пахта териш – раис соқолини неча марта олгани билан менгзанадиган бўлган.
Шаҳардан келаётган бундай олифта раислар ҳар беш олти ойда алмашиб турган.
Одамларнинг хотирасида уларнинг ўзидан кўра кўпроқ қўлларида кўтариб юрадиган чемоданлари қоларкан, холос…
Ёки Неъмат Улуғжоновнинг “Улар ва булар” деган фельетонини ҳануз ҳамкасб ва устозлар, журналистлар эслаб юришади.
Мен ҳали мактабда ўқирдим.
Усмон Юсуповнинг “Қайнар хумча” фельетони эълон қилинганида районимизга Тошкентдан бир гуруҳ терговчилар келиб, фельетонда айтилган воқеа ва ҳодисаларни текширган ва унинг “қаҳрамони”ни ўша куниёқ ҳибсга олишган эди.
Гап районимиздаги энг бой одам ҳисобланмиз Чомахидзе деган кишининг тери қабул қабул қилиш идорасидаги кўз бўямачиликлари ҳақида эди.
Бундан йигирма йил муқаддам газеталарда чиққан “Шакар операцияси” фельетони эълон қилинишидан бир ҳафта олдин матбуот ва телевиденияда “анонс” қилингани ҳануз ёдимда.
Ҳолбуки, у кимсан – Мираброр Усмонов салтанатига тегишли эди.
Шундоқ бўлишига қарамай бундай материаллар бемалол матбуотда эълон қилиниб, элга ошкор этилар эди.
Эҳтимол шунинг учун ҳам ўша пайтларда “Совет Ўзбекистони”” ва “Тошкент оқшоми” газеталарининг умумий йиллик тиражи 500 миллион атрофида эди.
Бугунги ўзбек матбуотининг салкам бир асрлик тиражи бу.
Энди-чи? Энди қанақа қилиб фельетон ёзиш мумкин журналист, ҳукумат ҳар куни унинг устидан мағзава ағдариб турса?
Ўзи шундоғам, ўзбек матуботи аллақачон жон таслим қилган эди.
Телевидениядан эълон қилинган бу фильм “ўлганнинг устига тепган” бўлди, холос…
Шармандагарчилик ва уят бундан ортиқ бўлиши мумкинми?

 

3.
Бугунги Ўзбекистон ижтимоий сиёсий ҳаётида журналист касби энг қолоқ ва энг пастки поғонадаги касб бўлиб қолди.
Бир замонлар усти боши мойга ботган, тракторчи ва шофёрдан бурнини жийирган одамлар бугун кўринишдан Чарли Чаплиндан қолишмайлиган қора костюм, қўшбандлик галстук таққан олифта журналистдан бурнини жийирадиган бўлиб қолди.
Ва буни ажабланадиган жойи йўқ.
Эркинлиги олинган, юраги олинган, ҳуқуқи олинган касб эгаларининг аҳволи шундай бўлмай, қандай бўлиши керак яна?!
“Оёғини қўлига олиб чопди” деган биргина ибора учун судда ойлаб жавоб берган журналистлар бор.
Ўша одам суд ҳайъатига қандай қилиб “оёғини қўлига олиб” чопиш мумкинлигини исбот қилиб беролмай, Тошкентдан 900 километрлик Ангорга қатнайвериб, тинкаси қуриган.
Олти ой фуқаролик судида ўтирган. Ўша материалларнинг адресига боғлиқ бўлган судга қатнаркан бечора журналист…
Олти ой Ангор судига қатнаб, охир оқибат, кекса журналист юрак хуружидан инфаркт бўлиб, ўлиб кетганини айтишди…
…Ўзбек журналистикаси билан боғлиқ бўлган тўртта қонун, таниқли ёзувчи Ўткир Хошимов Олий Кенгашнинг матбуот қўмитасига раис бўлиб турган бир пайтда, шахсан унинг ташаббуси билан қабул қилинди.
Ўша пайтда Ўзбекистон матбуот вазири ва Олий Мажлис қошидаги ишчи гуруҳининг раҳбари Рустам Шоғуломов эди.
Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг қўғирчоқ раиси Лутфилла Кабиров эса унинг ўринбосари ва ўнг қўли бўлган.
Шу қонунлар қабул қилинганда Эркин Халилов –  Олий Мажлис раиси эди.
Бугун уларнинг тўрталаси ҳам ўз креслосида эмас.
Лекин афсуски, улар қабул қилган тутуриқсиз Қонунлар эса ҳануз ишлаб турибди.
Лекин адолат билан айтганда Ўзбекистонда ҳар қандай Қонун – қаерда ва кимнинг номидан чоп этилишидан қатьий назар, унинг тақдири Оқ саройда ҳал бўлади.
Оқ саройда эса, афсуски, бугун матбуотнинг нонини еб катта бўлган, талантли ёзувчи сифатида танилган Хайриддин Султонов маданият ва маърифат соҳалари бўйича Давлат маслаҳатчиси экан, Ўзбекистон бошқача Қонун бўлиши мумкин эмас.
Хуллас, аслида журналистнинг ҳақ ва ҳуқуқини кафолатлаши лозим бўлган бу Қонунлар Ўткир Ҳошимов ва Рустам Шоғуломовларнинг ташаббуси билан журналистнинг қўл ва оёғига кишан солди.
Ҳатто ўша қонунларнинг дебочасида шундай сўз бор. Мазмунан хотирамда қолганлари шулар: ҳаракатдаги оммавий ахборот воситасида ишлаб турган шахсгина журналист ҳисобланади дейилган.
Ҳақиқатни матуботга олиб чиқаман деган ёзувчилар ва журналистлар уюшмаси аъзолари-чи?
Улар бирор давлат идорасида ишламасалар, демак танқидий материал ёзишга ҳақсиз эканлар-да?
Бу ахир ўтакетган ноҳақлик ва шармандалик эмасми?.
Эътибор қилган бўлсангиз, ҳукуматнинг сиртмоғида турган одамгина журналист ҳисобланган.
Чунки у бўйнидан боғланган одам. Танқид қилолмайди бировни…

 

4.
Кўрсатувнинг иккинчи қисми оммавий ахборот воситалари билан савдо қиладиган матбуот тарқатувчи корхоналар устида бўлди.
Союзпечать дейди унинг номини…
Бир йиллик оммавий ахборот воситаларининг тиражи бугун Ўзбекистонда 60 – 80 миллион атрофида экан.
Ваҳоланки биз кейинги пайтда уларнинг сони ўсганлиги билан ҳар қадамда мақтаниб келардик.
Ҳолбуки, совет даврида биргина “Ленин учқуни” газетасининг йиллик тиражи 500 миллионга яқин эди.
“Совет Ўзбекистони” кунига бир миллионга яқин нусхада чоп этилган бўлса, мен ишлаган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг тиражи 800 минг атрофида эди…
Уларни сотиб олиш тугул, обуна бўлиш ҳам муаммо эди. Оммабоп ва энг кўп ўқимишли бўлган бу нашрларга ҳаммаям обуна бўлолмас эди.
Фақат партия нашрларигагина обуна борасида чеклов йўқ эди, холос…
Болаларимиз учун суюкли бўлган “Ленин учқуни” газетасининг кунлик нашри бир ярим миллион нусха эди…
Ҳаётда “Матбуот – жамиятнинг юзи!” деган дунёвий бир ибора бор. Яъни, матбуотинг қандай бўлса жамиятинг ҳам шундай бўлади дейишади..
Агар шу дунёвий иборани бугунги ўзбек матбуотига менгзайдиган бўлсак, бу мамлакатнинг афти-ангори қай даражада эканини кўрсатмайдими?
Ахир Президент ҳар йили мамлакат журналистларини касб байрами билан табрикларкан, ўзбек қалам соҳиблари дунё матбуотининг энг истеъдодли ва пешқадам вакиллари эканини айтар, Ўзбекистон матбуотини эса бутун дунё давлатларига ўрнак бўлаётганини қайта ва қайта таъкидлар эди-ку!
Нега бугун кутилмаганда бу гапларнинг тескариси айтилди?
Нима, ўзбек матбуотининг бу ачинарли ва шармандали ҳолатига энди ортиқча кўз юмиб бўлмаслиги маълум бўлиб қолдими?

 

5.
Ажаб, Россия 15 мустақил давлатга парчаланиб кетгандан кейин ҳам “АиФ” газетаси икки ярим миллион чоп этилиб, Ўзбекистонда унинг тиражи то ҳануз 25 880 та экан….
Рус тилидаги энг пешқадам “Правда Востока”дан икки баравар кўп. Республика газетаси “АиФ”дан сал кам ўн баравар кўп бўлмайдими?
Аслида матбуот фожеасида матбуот қаҳатчилиги бош сабабчи эмас.
“Халқим нима бўлса бўларверсин, менинг бола-чақам бор…” деб ўз тинчини ўйлаб юрган муҳаррирларнинг ҳам айби бу!
Ҳа, биринчи навбатда – муҳаррирлар айбдор.
Иккинчи навбатда – уларни топиб, тарбиялаб, тавсия қилганлар ҳам баб-баравар жавобгар.
Бундай ноёб нусхаларни топиш ҳам осон эмас, ахир!
Республика газета ва журналининг муҳаррири бўлиш бу жуда катта шараф ва масъулият!
Мен ўзимнинг Ўзбекистонда ўтган бетакрор Бош муҳаррирлик даврларимни ҳануз ажиб бир меҳр ва фахр билан эслаб юраман.
Ҳатто Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида ишлаган журналистларнинг ҳам ҳаммаси у ердан – муҳаррир бўлиб кетган эмас.
Бундай илтифот жуда камдан-кам бўлган. Кўплар “зам” бўлиб кетишган, холос.
Хўш, бу муҳаррирлар ўзи ким?
Бугун ўзбек матбуотининг тақдири Ўткир Раҳматов, Аббос Усмонов, Азим Суюн каби ҳамиша “олтин ўрта” фалсафасига амал қилиб, “оч қорним, тинч қулоғим” деб яшаб юришни ҳаётининг энг катта гултожи деб билган ўртамиёна ва истеъдодсиз кишиларга қолдими?
Ҳар қанча бўлишидан қатьий назар Одил Ёқубов, Асқад Мухтор, Ваҳоб Рўзиматов, Мирмуҳсин, Зиёд Есенбоев, Рубен Сафаров, Исмоил Сулаймонов, Саъдулла Караматов, Шароф Убайдуллаев, Ўктам Усмонов, Мақсуд Қориев, Николай Тимофеев, Борис Шатуновский, Аҳмаджон Мухторов, Аҳмаджон Исмоилов, Суҳроб Юлдошев, Шавкат Ниёзов, Иброҳим Раҳим, Нўмон Насимов, Самад Қодиров, Самар Нуров, Рустам Раҳмонов, Жуманиёз Жабборов, Муҳсин Умаров, Абдукарим Набихўжаев каби истеъдодли муҳаррирларни кўриб камол топган авлод бугун Ўткир, Аббос ва Азимларни ҳақиқий муҳаррир сифатида тан олармикан?
Юқорида келтирилган рўйхатдаги энг сўнгги муҳаррирнинг  мансаб курсисидан кетганига камида чорак аср бўлганига қарамай уларнинг номи ўзлари ишлаган газета ва журналларнинг тимсоли бўлиб ҳамон қулоғимиз остида жаранглайди…
Бугун мансаб креслосини эгаллаб турган ҳаракатдаги (тирик) муҳаррирларнинг қайси бирини газетхон ёдга оларкин?
Ҳозирги ўрта ва кекса авлод Мақсуд Қориев деса “Совет Ўзбекистони” , Саъдулла Караматов деса “Тошкент Оқшоми”, Аҳмаджон Мухторов деса “Халқ сўзи” ва “Қишлоқ ҳақиқати”, Одил Ёқубов деса “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасини, Асқад Мухтор деса “Гулистон”, Иброҳим Раҳим деса “Муштум”, Нурали Қобул деса, “Санъат”, Эркин Воҳидов деса “Ёшлик” журналларини эслайди ва қўмсайди…
Бугун Ўзбекистон матуботининг асосий раҳнамоси бўлган Хайриддин Султоновларни ҳам бир пайтлар “Ёшлик” журнали кашф қилиб, элга танитган, уларга камол ва истиқбол тилаган эди.
Лекин Эркин Воҳидовдек истеъдодли одам ўзи қачонлардир кашф қилиб, катта ҳаётга йўллаган шу ёзувчи йигитлар эрта бир кун бутун бир республика матуботининг турғунлигига сабабчи бўлиши мумкин деб хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак…
Зулфия деса – салкам ўттиз йил у кишининг раҳбарлигида чоп этилган “Саодат”ни ким эсламайди бугун.
Унинг мактабидан Ҳолида Аҳророва, Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиева ва Санъат Маҳмудова каби ажойиб муҳаррирлар етишиб чиққан эди.
Бетакрор ва истедодли журналист Карим Баҳриевнинг Бош муҳаррирлик имзоси билан чиққан биринчи мустақил газета – “Ҳуррият”нинг дастлабки беш сони ўзбек матбуоти тарихида абадул-абад яшаб қоладиган воқеа бўлди.
“Ҳуррият”нинг ўша сонлари ҳозиргача қўлма-қўл ўқилади…
Йигирма йил матбуотни мақтаб-мақтаб, кеча бирданига ҳамма нарсани йўққа чиқаришди…
Фильм ижодкорлари киоскачини гапиртирганидай, журналистларни ҳам гапиртириши керак эди.
Экранда сўз бермабмизми, бугун энди амалий муҳокамада улардан фикр олишга уялмаслигимиз керак.
Нима учун бугунги ижтимоий фаол ҳаётда ўзбек журналистикасининг кўзга кўринган намоёндаларидан ҳеч ким кўринмайди?
Бугунги ўзбек матбуоти ҳақидаги уларнинг фикрларини билсак, ёмон бўлмасди.
Телекўрсатувда Журналистлар союзи неча ўн минг долларга келтирилган кампьютерлар ва бошқа техника жиҳозларини ўзлаштириб юборгани, улар Шерзод Ғуломов томонидан гўёки турли идораларга арендага берилгани ва ҳокозалар ҳақида жиддий гап сўзлар бўлди.
Умуман бу союзнинг жамиятда тутган бугунги ўрни қандай?
Унинг раҳбари мамлакат журналистлари орасида кўзга кўринганми? Таниқлими? Қўлидан икки сатр мақола ёзиш келадими?
Бу муборак ўринни эгаллашга унда маънавий ҳуқуқ борми?
Ё ёзувчи отасининг обрў эътибори унга ҳам шу лавозимни эгаллашга асос ва ҳуқуқ берадими?
Бош муҳаррирлар ҳақида гап кетганида яна шу нарсани айтиш лозимки, 20 йил сурункасига “Ёш ленинчи”га раҳбарлик қилган   Рустам Шоғуломов 50 ёшида ҳам “Ёш ленинчи”нинг муҳаррири эди.
Бугунги муҳаррирларнинг ҳам аксарияти Рустам Шоғуломов каби йигирма икки йилдан бўён Бош муҳаррир бўлиб келишяпти.
Бу давр орасида қанчадан қанча таниқли ва фидойи журналистлар бу ёруғ дунёни тарк этишди.
Лекин уларнинг ҳатто ўлим топгани ҳам жамоатчилик эътиборидан четда қолди.
Шу ўринда таниқли журналист Холбек Ёдгоровнинг вафотини эслаб ўтиш ўринли бўлса керак.
Холбек ака “Ўзбекистон овози” газетасида ишлар эди. Саҳифани ўқиётганида инфаркт бўлиб ўлиб қолган.
Жуда катта митинг бўлиб, ҳамма мулозимлар қатнашган.
Қабрининг тепасида қайсидир вилоятда хизмат сафарида бўлган Шароф Рашидовнинг талеграммаси ўқиб берилган.
“Сиз ўзбек журналистикасининг отаси эдингиз. Ўзингизга ҳайкал қўйиб кетдингиз…” деган сўзлар бўлган Мақсуд Қориев ўқиб берган Шароф аканинг телеграммасида…
Афсуски, бугун эътиқод ва ҳурмат билан кўмилган журналист у ёқда турсин, эътироф ва эъзоз билан соғ саломат пенсияга етиб келган, мустақилликдан миннатдор бўлиб кексаликда тинч умгузаронлик қилаётган бирорта журналистни эслаб бўлмайди.
Юнус Зиёдов ҳам 1949 дан 2009 йилгача роппа роса 60 йил “Ўзбекистон овози” газетасида ишлаган эди.
Олтмиш йил! Айтишга осон бу. У ҳам ишда туриб ўлиб қолган инфаркт бўлиб…
Бир пайтлар “Совет Ўзбекистони”, “Правда Востока”лар қошида газеталар ўтмиши ҳақида ҳикоя қиладиган музейлар бор эди.
Улар редакциянинг туморидай эъзозланар, авайлаб-асралар эди.
Бугун энди бу музейлар йўқ.
Шароф Рашидов мук тушиб “паласа” ўқиб ўтирганини кўрган журналистлар ўз касби ва фаолиятидан фахрланиши, шундай улуғ ва атоқли давлат раҳбарлари ишлаган даргоҳда ишлаётганидан ажиб бир ифтихор туйиши мумкин эди қалбида…
Олдин “Ўзбекистон овози”га муҳаррир қилиб – фақат шу газетада ишлаганлар ичидан тайинлашар эди. Улар учун редакция ва унинг муборак тарихи улуғ эди.
Кейинчалик Азим Суюн Билан Сафар Остоновлар четдан тайинланди.
Улар бу музей нималигини бу муқаддас даргоҳнинг аччиқ нонини еб юрганлардай ҳис қилишолмайди…
Юнус Зиёдов қарар эди бу музейга. Айтишларича, у ҳам аслида мана шу музейнинг ичида дам олиб ўтирганида, вафот этган.
У ўлганидан сўнг у билан бирга музейни ҳам кўмиб қўя қолишди…
“Ўзбекистон овози” газета таҳририяти мутасаддилари шу билан бирга ўзбек журналистикаси тарихини ҳам кўмиб қўя қолишганини билишармикан?
Ҳолбуки, мен ўзим учун устоз деб билган, ажойиб ва фидойи инсон, истеъдодли журналист, ташкилотчи раҳбар Сафар Остоновдан, рости бу эътиборсизликни кутмаган эдим.
Мана шундай узоқни кўра билмаслик самараси бугунги ўзбек матбуотига ўз соясини ташламаслиги мумкин эмас эди, албатта.
Унинг натижаси эса бугун ҳаммага маълум.
Ва не кулфатки, бугун ўзбек журналистикасининг куни  – пишиб етилмаган, мактаб кўрмаган, ғўр ва калта фаҳмли, иқтидорсиз, тепага лаббай деб кўз тикиб турувчи тасодифий муҳаррирларга, қўлидан ҳатто икки сатр мақола ёзиш ҳам келмайдиган ночор ва ғариб журналистларга  қолди…
Киоскада ўтирган муштипар пенсионер ёки меҳнат инвалиди газеталарнинг “сезон”ини кутиб, қачон узум пишиб, чумчуқлар галаси ёпирилишини ва ўша сезонда чумчуқлардан узумни асраш учун ҳукумат газеталари ҳам “харидоргир” бўлиб қолишига кўз тутиб ўтирармиди?
Бугунги ўзбек матбуотининг энг “пешқадам” газета ва журналлари у ёки бу туманлардаги газета киоскаларига бир икки нусхадагина тарқатилиб ва улар ҳам ўз ўқувчисини тополмай, архивга қайтарилар экан.
Ўзбек матбуоти учун бундан оғир ва шармандали, аянчли давр бўлиши мумкинми?
Бу ҳолдан бир замонлар кунлик тиражи бир миллионга яқин бўлган газета ва журналлар бешигини тебратган ва байроғини баланд кўтарган, бошқа ўнлаб, юзлаб ўзбек халқининг қалбига юрагига абадий муҳрланиб қолган буюк ва фидойи қаламкашларнинг руҳи чирқиллаб турган бўлса ажаб эмас…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири.
12 март, 2012 йил. Торонто шаҳри.
(Давоми эртага берилади)
“Дунё ўзбеклари” учун махсус

 

8 шарҳ

  1. Shuxrat Normurod
    29.06.2016 at 01:33  (Edit)

    “Нокамтарлик бўлса ҳам шу ерда бир гапни дадил айтишим мумкин: аслида ўзбек матбуотида уч маротаба қамалиб чиққанига қарамай яна Бош муҳаррир этиб тайинланган йигит фақат Исмат Хушев бўлса керак”. Сиз Исматжон ака одамлар онгида инқилоб ясовчи буюк шахссиз. Шу учун ҳам сизни ҳибисга олишди. Журналисни мабода қамашса фақатгина адолатни ҳимоя қилгани учунгина қамашади. Сиз бу этапларнинг хаммасидан утдингиз. Сиз ва Сизнинг дунё ўзбеклари сайтингиз, унда эълон қилинаётган таҳлилий мақолалар узбек халқини эрта индин бугунги қонхур тузумдан озод қилишига мен шахсан ишонаман. Омад Сизга, раҳмат Сизга, Исматжон ака.

    REPLY
  2. Oloviddin
    29.06.2016 at 01:18  (Edit)

    Бу дейман И Хушев бутун Ўзбекистон матъбуатини ҳақиқий баҳосини чиқарибди. Кам бўлманг сизни миллат, келажак авлодлар унутмайди.

    REPLY
  3. O’zbekxan
    29.06.2016 at 00:53  (Edit)

    Исмат ака Оқ саройдагилар Ўзбек маънавиятини тамоман ўлдириб, халқни оломонга айлантириш лойиҳасини тугатиш арафасида гуёки. Энди Ўз ТВ даги спекътакил ўзи яратган оломонга мулжаланган. Асосий кўпчилик қурқув туфайли сукут сақлаш билан оввора. Яхши ҳам бу дунёда интернет бор, сизни сайтингиз бор. Дунё узбеклари бутун узбекистон халқини бу муттахам ва золим диктатор зулимидан озод қилиши керак. Биз сизга ишонамиз ва улсак хам ортингиздан қолмай иргашамиз.

    REPLY
  4. Ёзувчилар уюшмасидан
    28.06.2016 at 08:01  (Edit)

    Мақола – ўзбек матбуоти кушандалари номлари келтириб ўтилгани билан қимматлидир. “Халқ сўзи”, “Правда Востока” каби отахон газеталарга халқ сўзини эшитмайдиган, шарқ ҳақиқатини кўрмаётган ва энг муҳими журналистикадан узоқ кимсалар раҳбар этиб қўйилгани мақолада жуда тўғри таъкидланган. Устоз журналистларга эътибор ноль. Ростдан ҳам кейинги йилларда бирорта журналистнинг елкасига чопон кийдирилиб, иззат икром билан пенсияга жўнатилганини эшитмадик, кўрмадик. Ёзувчилар союзида ҳам аҳвол бундан баттар бўлса борки, лекин яхши эмас. Ўзбек матбуоти ва маданиятидаги, адабиёт ва санъат, журналистика соҳасидаги бу инқирозга биринчи ўринда Президент ва унинг идеология бўйича бош ёрдамчиси, ёзувчи Хайриддин Султонов айбдор!!!

    REPLY
  5. Исмат Хушевга
    28.06.2016 at 08:01  (Edit)

    uzbek matbuoti o`ldi, Ismat aka, uni o`ldirishdi…

    REPLY
  6. кузатувчи
    28.06.2016 at 08:00  (Edit)

    Икки профессионал журналистнинг хакикий сухбати булибди. Исмат Хушевдаги жушкинлик, Одил Рузалиевдаги сокинлик бир бирини яхши тулдирибди…

    REPLY
  7. Муаллим
    28.06.2016 at 08:00  (Edit)

    Ўзбекистон матбуотини бугун умуман ўқиб бўлмай қолди. Ҳаммаси суньий ва расмий хабарлардан иборат. Фақат президентни мақташ, ҳаёт гўзал ва фаровон деб аюҳаннос солишдан иборат бўлиб қолди журналистларнинг иши. Оддий одамлар бир ойда бир марта ҳам гўшт ейиш имконини тополмаган бир пайтда шу иш тўғрими? Бугун журналистларнинг обрў эътибори бир тийин бўлиб қолди. Чунки одамлар кўнглидаги гап-сўзларни матбот юзига олиб чиқа олмаганидан кейин уларни ким ҳам ҳурмат қиларди. Мақолада ёзилган ва келтирилган ҳамма гаплар тўғри. Лекин бу муаммоларни давлатимиз раҳбари тўғрилаш ҳақида ўйламаса, бундан нима фойда. Дардимизни кимга айтишимиз мумкин? Матбуотга унинг олдинги обрў эътиборини қайтариб бермас эканмиз, Ўзбекистонда ҳеч қачон ўзгариш бўлмайди.

    REPLY
  8. Исмат Хушевга
    28.06.2016 at 07:59  (Edit)

    Ўзбек матбуотининг мустақиллик йилларидаги ва бугунги фалаж ҳолатини жуда тўғри таҳлил қилиб бергансиз. Сиз ва Карим Баҳриев “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ишлаган даврларингиз ўзбек журналистикасининг энг олтин даври экан. Биз орзиқиб кутган мустақиллик замонида матбуотимиз ўлдирилди, журналистлар қул қилинди, муҳаррирлар қўрқитилди. Жамиятда юз бераётган иллатларни дадил кўтариб чиқиш жасорати сўндирилди. Энди ҳар бир редакторнинг ўзи сензор, ўзи узлит. Сиз ёзган бу мақола 27 йиллик Ўзбекистон матбуотининг туғилиш ва буғилиш даврини далил ва исботлар билан тўла тўкис таҳлил қилиб берган. Бугунги матбуотимиз инқирозининг туб сабаб ва илдизларини маҳорат билан очиб берган. Ўзбекистондаги бугунги тоталитар тузумни ич-ичидан лаънатлаб юрган барча журналистлар номидан сизга каттакон раҳмат!

 

 

 

Ўхшаш мақолалар:

  1. Исмат Хушев: Ўзбек матбуоти қачон ўзбек халқига хизмат қилади?
  2. Давлат маслаҳатчисининг кирдикорлари ЎзТВ раисиникидан камми? (5-мақола)
  3. Давлат маслаҳатчисининг кирдикорлари ЎзТВ раисиникидан камми? (6-мақола)
  4. Исмат Хушев: Шайтондан чиққан «Фаришта»! (Биринчи қисм)
  5. Исмат Хушев: Шайтондан чиққан «Фаришта»! (3-қисм)
  6. Исмат Хушев: Шоҳга яқин бўлиш – қиличнинг домига яқин туриш демакдир! (1)
  7. Исмат Хушев билан юзма юз 17 январь 2019 йил Канада
  8. Исмат Хушев: Зелемхон Хайдаров менга азиз, лекин ҳақиқат ундан ҳам азизроқ (1)
  9. Исмат Хушев: ДХХ раисининг янги тайинланган биринчи ўринбосари ким, қандай одам?
  10. Мирзиёев даври сайловлари нинг адолатли тўлқини Канадага ҳам етиб келди…
  11. Мирзиёев даври сайловлари нинг адолатли тўлқини Канадага ҳам етиб келди…
  12. Исмат Хушев: Шоҳга яқин бўлиш – қиличнинг дамига яқин туриш демакдир! (1)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.