"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Давлат маслаҳатчисининг кирдикорлари ЎзТВ раисиникидан камми? (1-мақола)

Бош мақола, Демократия сабоқлари, Хайриддин Султонов | 10/02/2017 14:10-     14971 марта ўқилди

Мажиддиннинг ТВдаги ҳайқириғи ёки Хайриддин Султоновнинг кирдикорлари Алишер Хаджаевникидан камми?
1.
Шу кунларда деярли барча маҳаллий ва хорижий интернет нашрларида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг эндиликдаги собиқ раиси Алишер Хаджаевнинг лавозимидан кетгани ҳақидаги хабар тарқалиб бўлди.
Уни шунчаки хабар тарзида ўқиганлар қанча, “кетгани рост бўлсин” қабилидаги қарғишнамо фикрларини ошкор-у сиртдан ёғдирганлар қанча.
Ростдан ҳам энг оммабоп ОАВ ҳисобланган, миллатнинг қувонч ва ташвишларини ўзида ойнадек акс эттириши керак бўлган Ўзбекистон миллий телевидениясини тамомила йўқ қилишига бир баҳя қолганида, хайриятки, уни ишдан олишди.
Алишер Ходжаев даврида Ўз ТВ — махсус хизмат салтанатидаги маълум бир кучларнинг қўғирчоғига айланиб бўлганига — бевосита шу шахснинг ҳиссаси беқиёс…
2.
Камина бу ўринда “ҳиссаси катта” дея, онгли равишда ёзиб, “айнан шу одам сабабчи” дейишдан ўзимни тиймоқдаман.
Чунки бу ишларга — у сабаб бўлгани, шўрлик ижодкорлар устига ойболтасини ўйнатиб тургани ростдир, аммо ТВнинг ҳам, матбуотнинг ҳам бугунги – ҳолига маймунлар йиғлайдиган шармандаои аҳволга келиб қолишига сабабчи қилиб яна бир мулозимнинг исми-шарифини айтиш шарт бўлади.
У – ҳақли равишда ижодкорлар орасида “Мажиддин” деган рутба билан аталаётган Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов бўлади.
Бу одамнинг А.Хаджаев билан, айниқса, сўнгги йилларда анча қаймоқлашиб қолгани, уларнинг биргаликдаги ошкор ҳамда хуфя суҳбатлари ва ишлари хусусида анчадан буён гап юради.
“Дунё ўзбеклари” саҳифаларида ҳам бу ҳақда, жумладан, Султоновнинг қураётган янги участкасини айнан Хаджаев цемент билан таъминлагани ҳақида бир мақолада мисол келтирилганди.
Холисанилло айтганда, улар ўртасидаги мазкур яқинлик — бу айтилган цементдан ҳам мустаҳкамроқ ва яқинки, бу даъвони исботлаш учун гапни сал узоқроқдан бошлашга тўғри келади…
3.
А.Хаджаевнинг ТВдаги ҳукмронлиги сўнгги ҳафталарида у ерда мисли кўрилмаган бир воқеа содир бўлди.
Маълумки, олдинлари, катта бир сиёсий воқеалар содир бўлганда Х.Султонов ТВга келиб ўрнашиб олар, ўша воқеани қай тартибда ёритиш кераклиги-ю, нима деб изоҳ берилишигача унинг кўзойнагидан яхшилаб чиғириқдан ўтарди. Бунга телевидениеда барча кўникиб қолган.
Айниқса, биринчи Президент вафоти билан боғлиқ воқеалардан сўнг телевидение Султоновнинг “иккинчи уйи”га айланиб қолди, десак, хато бўлмаса керак.
Бу “ташриф”лар ҳозир кўпайса кўпайдики, асло камайгани йўқ. Чунки талаблар ўзгача, олдинларидек – сийқаси чиққан мақтовлар ва минг бора чайналган хушомадлар билан — шарти кетиб, парти қолган бир қарияни алдаш керак, деган гапларнинг бозори ўтмай қолди…
4.
Янги Президент янги давр сиёсатининг матбуотда ёритилишини ҳам ўзидек шиддатли ва шаффоф тарзда бўлишини талаб қилмоқда.
Шу аснода, телевидениядаги аҳволдан дарғазаб бўлган давлат раҳбаридан қаттиқроқ бир гап эшитган ёки дакки еб келган бўлса керак, ҳар ҳолда, Хайриддин, иттифоқо бир куни ТВга ғазаб билан кириб келади.
Ўзини ўраб олган гумашталарига коридордаёқ бор овоз билан, ҳайқирган тарзда: “Билиб қўйинглар, агар мен кетсам, ҳаммангни қуритаман. Фақат мен кетиб, санлар қолмайсанлар, ҳамманг учиб кетасан” дея оғзидан кўпик сачратиб ўшқира кетади.
Шу пайтгача “мўмин ва мулойим, зиёли одам” тариқасида намоён бўлиб келган, оғзидан қаттиқ гап чиқмаган, ҳамма “пес”лигини ими-жимида, “енг учида” қилишга одат қилган бу давлат маслаҳатчисининг кутилмаган муомаласидан барча ҳайрон қолади.
Хўш ўшанда нима бўлган эди? Ким Х.Султоновни бу қадар мувозанатдан чиқарди?
Бу саволларга жавоб бериш учун олис ва яқин ўтмишга мурожаат қилиш керак бўлади…
5.
Энг аввало: «Хайриддинни саройга ким олиб келган эди?» деган саволга жавоб беришимиз керак бўлади.
Бир пайтлар тилидан “Оллоҳ” сўзи тушмай, ҳатто таркидунёчиликни афзал билган, дунёнинг рўёга қоришиқ ёзуқларига кўника олмай, дўсти ва салафи Мирзо Кенжабек билан бирга, соқол қўйиб, кўча-кўйда қаландарсифат бўлиб юрган, илло ўзи истеъдоддан бебаҳра бўлмаган ёш адиб Хайриддин Султоновни “Шу йигит жувонмарг бўлиб, истеъдоди хайф кетмасин” деган мулоҳазалар билан сарой ишига — Мурод Муҳаммад Дўст олиб келади.
(Ким билсин, балки у ўшанда айнан ўша мусичадек беозор кўринган йигит бир кун келиб унинг ўзининг ҳам бошига етишини, саройдан қувишини билганида, бу ишга қўл урмасмиди).
Чунки мустақилликнинг илк йилларида М.М.Дўст И.Каримовнинг яқин маслакдоши, маслаҳатчиси, матбуот котиби бўлиб ишларди…
Шокир Саъдуллаев,
«Дунё ўзбеклари» учун махсус,
Тошкент шаҳри
(Давоми эртага 11 февралда эълон қилинади)

Ўхшаш мақолалар:

  1. Исмат Хушев: Ўзбек матбуоти қачон ўзбек халқига хизмат қилади?
  2. Давлат маслаҳатчисининг кирдикорлари ЎзТВ раисиникидан камми? (2-мақола)
  3. Исмат Хушев: Ўзбек матбуотига отилган ўқ… (Биринчи мақола)
  4. Давлат маслаҳатчисининг кирдикорлари ЎзТВ раисиникидан камми? (5-мақола)
  5. Давлат маслаҳатчисининг кирдикорлари ЎзТВ раисиникидан камми? (6-мақола)
  6. Исмат Хушев: Шайтондан чиққан «Фаришта»! (Биринчи қисм)
  7. Исмат Хушев: ЎзТВ раҳбариятида яна ўзгариш бўлди…
  8. Исмат Хушев: Шайтондан чиққан «Фаришта»! (3-қисм)
  9. Президентнинг Давлат маслаҳатчиси, ёзувчи Хайриддин Султоновга
  10. Исмат Хушев: Гаплашадиган гаплар — ўқувчилар билан мулоқот (Июль, 2016 йил)
  11. Исмат Хушев: «Ўзбекистон Президентига мактублар» туркумидан (2-мақола)
  12. Исмат Хушев билан юзма юз 27 октябрь 2018 йилги сон…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

1 Comment

  1. Muqqana:
    11/02/2017 в 04:46-

    Хайриддин Султонов МХХ дан кам зиён келтиргани йўқ Ўзбек жамиятига. У ўзини бир ёқлама маддоҳлик тарғиботи билан бутун маънавиятни издан чиқарди. Олий ўқув юртларида, маданият соҳаси, ТВ, кино соҳаси,театир ва у бошқараётган барча соҳалар айанчли карруция ботқоғига ботиб кетди. Исмат ака! Бу ниқобланган давлат маслаҳатчисини далил, исбот билан ҳудди СНБ ни шарманда қилгандек ёзинг сизга ўзимиз факт, исботларни юборамиз. Қачонгача бу муттаҳам халқимизни алдайди.

    Ответить

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.