Ўзбекистон Президенти ва Ёзувчилар уюшмасига Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхондан
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасига
ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхондан
Муҳтарам Устозлар! Ака-ука ҳамкасабалар!
Хабарларингиз бор бўлса керак, 2011 ‒ 2013 йиллар оралиғида «Бир инсон, бир халқ ва бир мамлакат қисмати ҳақида “Бу кунлар” (Ичга ичдан боқиш) сиёсий-ижтимоий, ҳужжатли роман»имни ёздим. Таҳрир ишлари икки йилча давом этди. Баҳонада янги-янги ҳужжатлар топилди, китобда кўтарилган масалалар исбот-далил томонидан янада кучайди. Ниҳоят, 2016 йил апрел охирларидаnurulloh.uz ҳамда nurullohuz.comномли шахсий сайтларимда эълон қилдим.
Албатта, у одатдаги бадиий асарлар сирасидан эмас, мамлакатимизнинг сўнг йигирма беш йиллик ҳаётидан баҳс этадиган ҳужжатли асардир. Таҳлил ва хулосалардан иборат. Уни “роман” деганимга жиддий эътибор берилмасин, ўзимча бир рамзий маънода шундай атадим.
Асарни халқимиз қизғин кутиб олди. Катта қизиқиш билан ўқилди. Ёпиқ тарзда бўлса-да жиддий муҳокамалар бўлди ва ҳамон давом этмоқда. Буларни мен ўзимга ёзилган хатлардан, қилинган телефонларданҳамда ижтимоий тармоқларданкузатиб, эшитиб, кўриб турдим.
“Бу кунлар”га муносабатда ўқувчилар иккига бўлинди, деса бўлади: кўплар очиқ ва ғойибона маъқуллади, айримлар кескин рад этди.
Рад этувчиларнинг ҳолатини тўғри тушунаман. Баъзилари бу асарни балки чин юракдан қабул этмагандир, бошқалари сиёсий аҳвол таъсирида рад этаётгани сезилиб турибди.Сиёсий ва диний вазиятдан чиқиб келиб бир оз жазавага тушганлар ҳам бўлди, албатта.
Бундай бўлиши табиий, албатта. Кутилган ҳол.
Аммо мен ҳеч кутмаган ва мени ажаблантирганиш ‒“Бу кунлар”да илк президент Ислом Каримов мамлакатда ўрнатган ёқимсиз тузум ваунинг янада ёқимсиз бошқарув усули қаттиқтанқид остига олинганига қарамай, давлатимиз донолик кўрсатиб китобни анча босиқ ва вазмин қабул қилди.Танқидга қарамай, муаллифнинг муносабати ниҳоятда дўстона, ватанпарварона экани фарқига бормай ўртада бир оз тушунмовчилик юзага келди, албатта, лекин ҳалигача китобга ё шахсимга давлат томонидан биронта кескин чора-тадбир сезмадим.
Балки вақтинча мамлакатдан четда бўлганим сабабиданўзимга билинмаётгандир. Барибир йигирма беш йилдан бери ўзи ҳақида ўринлию ўринсиз, асослию асоссизфақат мақтов ва олқиш эшитавериб кўникиб қолган давлатимиз боши узра туйқус пайдо бўлган бундай танқиддан унча ранжимагандек таассурот қолдирди менда. Ҳарҳолда ўзини анча хотиржам тутгани аниқ.
Иккинчи бир диққатни тортган томони ‒ Ўзбекистондаги кейинги ўзгаришлардир.
Ислом Каримов вафотидан кейин мамлакатимизда қилинаётган ва қилиниши мўлжалланаётган айрим ишлар умуман олганда яхши томонга ўзгаришни кўрсатяпти. Албатта, мусулмончилик аста-секин, эски даврдан мерос қолган камчиликларни ҳаммасини бирданига тузатиб бўлмайди, лекин ўнглаш иши бошланганининг ўзи катта гап!
Яқин уч ойдан бери кузатиб ҳайратдаман: мен-ку муаммоларни айтиб айримлардан балога қолдим, аммо бугунги бошлиғимиз турли минбарларда туриб, тўғридан-тўғри омма-халқ ҳузурида ёки телевизор орқали айни ўша ва яна бошқа камчиликларни баралла санаб, «Биттама-битта тузатамиз!» деяпти!
Хаёлимда худди биров «Бу кунлар»ни тиззасига қўйиб очиб олган-да, бир бошдан: «Энди шу-шу масалаларга диққатни қаратишимиз керак!» деб Каттанинг қулоғига шипшиб тургандай.
Аслида, бундай эмас, албатта. Мамлакатда муаммолар борлиги ва улар кўплигига давлат ўзи иқрор бўлди ва, чамамда, уни тузатишга жиддий бел боғлади.
Тўғриси, бу ўзгаришларни кузатиб туриб, қувоняпман. Халқимиз яхшиликни соғинган. Кўксига салгина шабада тегса, дўпписини осмонга отади.
Эзгу ниятнинг ўзига бир савоб, амалга оширилса яна қанча савоб ваъда этилган бир пайтда умид қилмай бўладими, ахир!
Оллоҳдан янада яхшилик ва давомлилик тилайман.
Тўғри: “Бу ҳам эскисига ўхшаб чиройли ваъдалар беряпти, гапларига ишониб бўлмайди. От югургани сайловгача…” деяётганлар ҳам бор орамизда. Шундай бўлиши ҳам мумкин. Ҳақиқатини келгуси ишлари кўрсатади. Аммо Шавкат Мирзиёв билан Ислом Каримов нутқлари орасида бир муҳим фарқ бор ‒ эски президент ваъда бераркан, ўзининг камчилигини ҳеч қачон тан олмас, давлат номига заррача чанг юқтирмас эди, Шавкат Мирзиёев бўлса, деярли ҳамма соҳадаги камчиликларини тан оляпти!Яъни, олдин хато ва камчиликларга очиқ иқрор бўлиб, сўнг тузатишга ваъда беряпти. Ҳатто “Давлат органлари ишламаяпти… Халқ ҳамма соҳадан норози… Халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилиши керак…” (“Бу кунлар”да ҳам айнан шундай ёзилган!) дейишга ўзида ирода топа олди!
Ҳеч замонда давлат бошлиғи тилидан бу каби эътирофни эшитганмидик?!
Мана шу нарса одамда катта умид уйғотади!
Бу гаплар билан нима демоқчиман?
“Бу кунлар”нинг ҳимояси масаласида демайман, ҳеч бўлмаса таҳлили масаласида нимагадир ёзувчи-шоирларимиз жим. Олимларимиз жим. Ёзувчилар уюшмамиз жим. Ҳолбуки, китобда бошидан-охиригача гоҳ очиқ, гоҳ зимдан зиёлиларимизга хитоб қилинган. Жамият ишларида ўрнимиз қандай бўлиши лозимлиги тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилган.
Тўғри, зиёлилар орасида мутлақо жимлик ҳукмрон демайман. Чунки, эшитишимча, асосий қисм зиёлилар “Бу кунлар”ни ўқиган, ўзаро фикр-мулоҳазалар билдирилган. Жуда кўплари орқаворатдан муаллифини қўллашган. Албатта, сиёсий аҳволдан чиқиб келиб, эски тузум шароитида расмий муносабат билдириш имкони йўқ эди.
Лекин бугун-чи?
Бугун вазият ўзгарди. Давлат ҳартомонлама халқчил бўлишга ва янгиланишга интиляпти. Жумладан, юксак минбарларда айтилаётган гаплардан танқидга муносабат ҳам яхши томонга ўзгаряпти деб ўйлайман.
Қайтага бугун давлатнинг ўзи конструктив танқид ва таҳлилга катта эҳтиёж сезяпти. Келгусида тўғри қадам ташлаш учун бугун Тўғри Сўз жуда керак.
Бу тўғри сўзни сиз билан биз зиёлилар айтмасак, ким айтади?! Бугун сиз билан биз зиёлилар бу борада давлатга ёрдамчи бўлмасак, ким ёрдамчи бўлади?! Лекин худди кечагидек сукут сақласак, эртанги авлод кўзида юзимизни қандай оқлаймиз?!
Хуллас, мақсадим ‒ зиёлиларимиз, устоз адибларимиз бугун “Бу кунлар”ни холис кўз билан ўқиб чиқишса, холис баҳоларини беришса, дейман. Оддий ўқувчиларнинг ёки адабиёт оламидан йироқ давлат кишиларининг ўқиши ва англаши бошқа, сиз азиз ҳамкасабаларимнинг ўқишларингиз бошқа. Нуктадон инсонлар сифатида сиз азизлар асар ғоясини миридан-сиригача аниқлай оласизлар, муаллифнинг ниятларини тўғри англайсизлар. Асарда асосан танқидий таҳлил руҳи устун бўлса ҳам, аслида у давлатга душман бўлиб эмас, дўст бўлиб ёзилганини,бошқалар сезмаса-да, сизлар дарров сезасизлар.
Ва лозим топилса, орага тушиб, янги раҳбариятимизга китобимнинг асл ҳақиқатларини етказишга уриниб кўрилса, Ёзувчилар уюшмамиз бир адабий ташкилот ўлароқ елкасидаги бирламчи вазифасини бажарган, бир ёзувчининг тақдирига қайғурган бўлар эди. Бугундавлат бошлиғимиз ўзи Ўзбекистонда деярли ҳамма соҳада камчилик тиқилиб кетганини эътироф этаётгани “Бу кунлар” ғоясини билвосита оқлаш ва ёқлаш билан тенг эмасми, ахир!
Китобдаги танқиддан қўрқмай, ҳазар қилмай, босиқлик билан ёндашиб, синчиклаб ўрганиб, ватанимиз ва давлатимиз манфаати йўлида хулосалар чиқарилса, бошқарувдаги хато ва камчиликларни кўрсатганга қарши эмас, балки ўша хато ва камчиликларнинг ўзига қарши курашилса, бундан Халқимиз, Ватанимиз ва Давлатимиз фақат ютади деб ўйлайман.
Истаймизми-йўқми, Ислом Каримов даври ўтди. Бугуннинг ўзидаёқ бу даврга гоҳ тўғридан-тўғри, гоҳ ишоралар билан унча-мунча салбий баҳо бериляпти. Халқимиз бу жараённи кўриб-кузатиб турибди. Энгодил баҳосини, албатта, тарих беражак. “Бу кунлар” ҳам умум зиёлиларимиз бўйнига тушган вазифани имкон қадарўз вақтида бажарди. Асарга бугун расмий доираларда тушуниб-тушунмай турлича муносабат билдириляпти, аммозамон ўтган сари, иншаоллоҳ, бу ҳам ўзига муносиб баҳони олажак, қадрини топажак. Худди ўтган аср 20-, 30-, 40-йиллар қатағонига учраган адабиётимиз ва адибларимизга орадан ҳеч қанча вақт ўтмай келгуси авлод ўз баҳосини берганидай! Бу маънода мен хотиржамман. Бугун Ёзувчилар уюшмамиз асарга ва муаллифига сиёсий баҳо беришда ўтган аср 30-йиллар хатосини такрорламайди деб умид қиламан.
Мурожаат-хатимнинг охирида сизларга яна бир хушхабарни етказмоқчиман.
Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажариб турган Шавкат Мирзиёевнинг ғайратини, иқрорини ва ваъдаларини кўриб туриб, кўнгилда эзгу ниятлар туғилди ва Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига хат ёздим. Унда “Бу кунлар” асаримнинг моҳиятини тушунтириш билан бир қаторда янги ҳокимият келгусида қилиши лозим деб ўйлаганларим айрим таклиф-тавсияларимни ҳам айтдим. Хатни 2016 йил нўябирининг 23-куни йўллаган бўлсам, икки кун ичида жавоб келди. Таклиф ва мулоҳазаларимга ҳукуматимиз жиддий қарагани ва ўта ижобий муносабат кўрсатгани мени севинтирди.
Қуйида виртуал қабулхонага йўллаган ўша хатим матнини ва унга келган жавобни сиз азизларга илова қиляпман.
Бу ерда айтилмаган гапларим виртуал қабулхонага ёзилган хатимда айтилган ва умумий хулоса чиқаришларингиз учун бу иккиси бир-бирини тўлдиради.
“Бу кунлар” асаримга шу каби ижобий ҳолатларни ҳисобга олиб муносабат билдирасизлар ва давлат бошлиғига етказасизлар деган умиддаман.
Камоли ҳурмат-эҳтиром ила,
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон.
Менинг эл.почта қутим: nurulloh.uzb@gmail.com
Шахсий сайтим: nurullohuz.com
Суратда: Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ББС мухбири паҳлавон Содиқ билан Истанбулда…
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
(Давоми эртага эълон қилинади)
Биринчи илова:
Ўзбекистон президенти
вазифасини вақтинча бажариб турувчи
Шавкат Миромонич Мирзиёевга
Сўзимнинг бошидан бир нарсани алоҳида таъкидлайин:
Мен Сиздан ва давлатимдан ўзимга ёрдам сўрамайман. Оллоҳга шукр, шахсий ҳаётим тўкис, камчилик йўқ.
Адолат истаб ҳам мурожаат қилмаяпман. Чунки шахсан ўзим давлатимдан айтишга арзирли адолатсизлик кўрганим йўқ.
Бу бир шикоят хати ҳам эмас. Шу азиз Ватаннинг бир фуқароси, шу буюк халқимнинг бир зиёли вакили ўлароқ ҳозирги ўтиш палласида халқим ва давлатим тақдирига тегишли айрим фикр-мулоҳазаларимни билдиргим келди.
Мен Отахонов Нурулло (Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон), ёшим олтмиш иккида, нафақадаман. 1987 йилдан бери Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзосиман. Бир неча бадиий китоб ва “Бу кунлар” ижтимоий-сиёсий ҳужжатли роман, бир кинофилм, юзга яқин адабий-публисист мақола ва суҳбат муаллифиман. Асарларим турк, рус, инглиз тилларига таржима қилинган. Айни чоқда, ўзим ҳам кўп китобларни ўзбекчага ўгирганман.
Бир йилдан бери Истанбулдаман. Турк тилида ҳикоялар китобим босилиши муносабати билан ўтган йили Туркияга келиб, болаларим бу ерда университетларда ўқиётгани учун ёнларида оилам билан бирга вақтинча турибман. Баҳорларга чиқиб Ўзбекистонга қайтиш мўлжалим бор, иншаоллоҳ.
Шавкат Миромонич Мирзиёев жаноблари!
Бугун мамлакатда баъзи долзарб масалаларда ижобий томонга қадам ташланаётганини кўриб, кўнгилда яхшиликка умид уйғонди ва Сизга ушбу хатни ёзишга қарор қилдим.
Олдин “Бу кунлар” китобим ҳақида икки оғиз айтсам. Асар ижтимоий, ҳужжатли, таҳлилий руҳдадир. Охирги йигирма беш йиллик ҳаётимиздан ҳикоя қилади. Ижтимоий таҳлил бўлгани учун, мамлакатда йўл қўйилган айрим камчилик ва хатолар ҳам ёритилган.
Холис назар билан ўқилса, “Бу кунлар” китобимнинг мақсади тўғри тушунилади. Лекин айримлар шоша-пиша тескари хулоса чиқарганга ҳам ўхшайди. Албатта, кейинги йигирма беш йил ичида фақат мақтов эшитиб кўниккан зеҳниятлар озгина танқидни ҳам кўтара олмаслиги табиий ҳол.
Аммо бу танқид бузувчи танқид эмас, тузатувчидир. Душманнинг танқиди эмас, дўстнинг бир оз ачитиб гапиришидир, холос. Қани энди чинакам давлат одамлари бу асаримни холис ўқиб чиқса, китоб давлатга дўст мавқеда ёзилганини билар эди. Чиндан ҳам “Бу кунлар”да фақат Ватан, Миллат, Халқ, Дин ва Давлат манфаати кўзланган.
Тилга олинган муаммо ва камчиликлар эса, кейинги уч ойдан бери мамлакатда Сиз амалга ошираётган ишлар, минбарлардан айтилаётган гаплар, қабул қилинаётган қарору қонунларда тўла тасдиқини топяпти.
Айримларини санайман:
-
Энг кўзга кўринарли ижобий ишлардан бири ‒ қўшни қардош давлатлар билан дўстона алоқалар тикланаётганидир. Расмий-норасмий борди-келди бошланди. Халқда чегаралар очилишига умид уйғонди. Севинди.
“Бу кунлар” асарида кўтарилган энг оғриқли муаммолардан бири шу эди.
-
Давлат билан халқ ўртасидаги муаммоларга ҳам илк қадамларданоқ эътибор қаратганингиз диққатлидир. Биринчи марта президент оғзидан: “Давлат органлари ишламаяпти. Халқ давлатнинг эмас, давлат халқнинг хизматкори бўлиши керак”, деган эътирофни эшитдик. Шу йўналишда ишлар охиригача олиб борилса, давлат билан халқ орасида чинакам бирлик ва баробарлик руҳи ўрнатилишига катта умид уйғонди. Жумладан, халқ дардига қулоқ солиш мақсадида виртуал қабулхона ташкил этилгани ҳам жуда улуғ иш бўлди.
“Бу кунлар”нинг яна бир бош ғояси ‒ давлат билан халқ бирлигига эришиш эди. Ўқиган билади: китобнинг бошидан охиригача мана шу ғоя қизил ип бўлиб ўтган. Чунки мавжуд ҳолатда давлат идоралари халқ муаммоларидан узилиб қолган, кўп салбий ишлар оқибатида бирлик-баробарлик ҳисси заифлашиб, ўрнини ўзаро ҳадиксираш руҳи эгаллаган эди.
-
Одамлар оғирчиликка чидайди, ёлғонга чидамайди. Оғирчилик бўлиши табиий, ёлғон эса хунук иш. Мамлакатда камчиликлар кўплигини халқ билади, шулар ичида яшаяпти, ўз кўзи билан кўриб турибди, аммо минбарлар ва матбуот асл ҳолатнинг тамоман тескарини айтар эди. Оммавий ахборот воситаларига қулоқ солсангиз, худди ҳеч қандай муаммо йўқдай.
Яъни, ҳаёт бошқача, теваракда кўпроқ ёлғон ҳукмрон. Рост билан ёлғон орасида “тарбияланган” жамиятни соғлом деб бўлмайди.
Сиз мамлакатда чиндан ҳам муаммолар борлигини, айниқса газ, чироқ масалаларидаги камчиликлар узоқ йиллар “меваси” эканини, ҳатто уларни бирданига тузатиб бўлмаслигини очиқ тан олдингиз ва аста-секин тузатишга ваъда қилдингиз. Мана шу иқрорнинг ўзи жуда улкан ижобий ўзгаришдан далолатдир. Чунки муаммони ҳал этиш учун энг олдин шу муаммо борлиги тан олинади. Кўзни юмган билан камчилик йўқ бўлиб қолмайди. Камчиликларни хаспўшлаш, ёлғон мақтовларни гуркиратиш одамлардаги давлатчилик руҳини синдиради, жамиятни ичдан емиради.
-
Яна бир хайрли янгилик ‒ оммавий ахборот воситаларида президентдан бошқа бошлиқларимиз қиёфалари ҳам кўрина бошлади.
Бу жуда муҳим масала. Ҳар ким ўзига юкланган вазифани қилиши, ўзининг ишига ўзи жавоб бериши керак. Эски даврда телевизорда битта президентни кўрардик. Мамлакатда олиб борилаётган барча иш фақат президент номига тақалар, камчилик сира кўрсатилмас, камчиликни ҳам оммага фақат президент ўзи айта олар эди. Бу ҳолнинг ёмон томони ‒ халқ йўл қўйилган хатолар учун ким жавоб бериши лозимлигини билмасди ва ўз-ўзидан нигоҳлар тўғри президентга йўналарди.
Бу ҳол катта камчиликларимиздан бири экани китобимда алоҳида таъкидланган. Бугун ҳар бир соҳа раҳбари омма олдига чиқяпти, телевизор кўрсатяпти, матбуот ёзяпти.
-
Тадбиркорликни янада ривожлантириш, текширувчи органлар унга ҳуда-беҳуда халақит қилавермаслиги тўғрисида муҳим топшириқлар берилди. Бу иш солиқ идоралари ва бошқа айрим мутасаддиларнинг «қўшимча нафс»ларини чеклашга илк қадам сифатида тақдирга лойиқдир.
-
Аста-секинлик билан бўлса-да жамиятда ошкоралик шабадалари эсаётганга ўхшаяпти. Одамлар ҳозирча ижтимоий тармоқларда бўлса-да кўнгилларидаги гапларини айта бошлади. Айниқса, виртуал қабулхона ёрдамида давлат халқ билан очиқ мулоқотга киришгани яхшиликдан далолат.
-
“Бу кунлар”да тилга олинган масалалардан яна бири ‒ қишлоқлардаги намунали уйлар муаммоси эди. Таҳлил асносида айниқса уч жиҳатга диққатни қаратган эдим:
а) уйлар нархи реал чиқимдан анча юқори ‒ ниҳоятда қиммат экани, қишлоқларни замонавийлаштиришдек эзгу ниятда бошланган иш очиқ бизнесга айлантириб юборилгани;
б) уйлар кўпи сифатсиз қурилаётгани;
в) маҳаллий шарт-шароит ҳисобга олинмай, бутун мамлакат бўйлаб деярли бир шаклда қурилгани ва бир рангга бўялгани…
Бугун давлат бу масалага ҳам жиддий эътибор қаратди. Махсус қарор қабул этилди. Қарорда айни “Бу кунлар”да саналган юқоридаги уч муаммога алоҳида урғу берилгани қувонарлидир. Бу яхши.
Ва ҳоказо.
Ушбу хатимни ўқиётганлар тўғри тушунишсин: мен Шавкат Мирзиёев бошлиқ давлат бу ижобий ўзгаришларни “Бу кунлар” китобидан ўрганиб қиляпти демаяпман. Асло! Бундай фикрдан йироқман. Бу ишларни давлат ўз ташаббуси билан қиляпти ва тўғри қиляпти деб ўйлайман.
Лекин мана шу ҳолнинг ўзи диққатга сазовор!
Демак, Ўзбекистонда ‒ азиз Ватанимизда шу муаммолар бор ва яна ечимини кутаётганлари қанча! Уларни бирма-бир ҳал этишга киришилгани давлат бу каби муаммолар борлигини расман эътироф этгани ҳисобланади. Муҳими шу!
Бугун давлат шу дамгача йўл қўйилган камчиликларни тан олгани ва уларни йўқотишга жиддий киришгани чинакамига Халқ ва Давлат манфаатини кўзлаганидандир. Худди шунингдек, “Бу кунлар” китоби ҳам Ватанимизнинг ҳартомонлама равнақига фойдаси тегса тегади, асло зарари йўқ. Чунки мен халқим ва Ватанимга қалам билан хизматда сочи оқарган, шахсий манфаатлардан халқ ва давлат манфаатини устун кўрадиган бир адиб ўлароқ мамлакатимиз кейинги йигирма беш йиллик қисқа даврда эришган ютуқлардан қувонган ҳолда, йўл қўйилган хато ва камчиликлардан албатта куйинаман. Менимча, ватанининг янада гуллаб-яшнашини истайдиган ҳар бир юртдош шундай жон куйдиришга ҳақлидир.
Яъни, “Бу кунлар” асаримга расмий муносабат ижобий томонга ўзгарса яхши бўларди, демоқчиман.
Яқин ўтмишдан мерос қолган энг катта хатолардан бири ‒ ёлғон мақтов тўғри сўздан устун қўйилди!Тўғри сўз давлатга душман деб билинди. Энг майда бошқача фикр ҳам юртдан қувилди.
Ҳолбуки, давлат ёлғон мақтов устига қурилмайди. Қурилса ҳам, пойдевори пуфакдек заиф, омонат бўлади.
Сув темирни аста-секин ва билинтирмай емиргани сингари асоссиз мақтов ҳам давлатни аста-секин ва билинтирмай ичдан емиради.
Ялтоқи маддоҳлар давлат пойдеворига тушган қурт, тожига тушган куялардир. Тўғри сўзни сўзловчилар жамиятнинг гулларидир. Чунки бундайларни давлатга манфаат эмас, дард, куйиниш боғлайди. Буюк ҳинд сиёсатчиси Маҳатма Ганди: “Кўпчилик ҳокимият теварагида куймаланади, жуда озчилик Ватан теварагида”, деган экан. Тўғри сўз сўзловчилар шу “жуда озчилик” тоифасига киради.
Давлат тўғрилик устига қурилади. Инсон умри узайишига тоза ҳаво билан тоза сув нечоғли керак бўлса, давлатнинг ҳам умри узун, қадди тик бўлишига Ватан учун чинакам қайғурадиган, бу йўлда нияти, қўли, тили билан тинмай ҳаракат қиладиган ТЎҒРИСЎЗЛИЛАР шунчалик керак.
Давлатнинг кучи ва бақоси тўғрилик ва адолат биландир.Ўзбекистон давлатчилигида янги давр бошланаётган экан, бугун шахсан Сизда ва Сиз бошчилик қилиб турган давлатда давлатчилигимизнинг асос пойдеворини заиф ва омонат “пуфаклар”дан тозалаб, қайтадан мустаҳкамлаб олиш учун улкан имкон яралди.
Бу имкониятдан фойдаланишда Сизга ва давлатимизга Оллоҳдан сабр, матонат ва ғайрат тилайман.
Муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев жаноблари!
Албатта, узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган хатоларни бирданига тўғрилаб, камчиликларни бирданига тузатиб бўлмайди. Аммо жамиятни эркинлаштиришга, сиёсатни ҳақ устига қуришга қатъият билан киришилса, аста-секиндан бўлса-да яхши натижаларга эришилиши муқаррар.
Шу маънода менинг айрим аниқ таклиф ва мулоҳазаларим бор.
-
Давлат идораси сифатида махсус Тил қўмитаси тузилса.
Бугун ўзбек тили ҳар қачонгидан ҳам кўра давлат ҳимояси ва оталиғига муҳтож. Ёт тиллар хуружи ортган бугунги шароитда бор тил бойлигимизни сақлаб қолиш, тараққиётнинг янги-янги чақириқларига жавоб бера оладиган атама ва сўзлар топиш бугуннинг энг долзарб масаласи деб ўйлайман.
-
Ошкоралик қўмитаси қайта тикланса.
Мамлакатда аста-секин, босқичма-босқич ошкоралик йўриқларини жорий қилиш керак. Бусиз эркин тараққиёт бўлмайди. Давлат идораларининг халқ кўзи ўнгида ишлашга ўтиши масъулиятни оширади, нафси бузуқларнинг иштаҳаси ҳарҳолда бирмунча тийилиб туради.
-
Аста-секин сиёсий эркинликлар таъминланилса.
Давлатимиз оёққа туриб олди. Бугун мамлакатда қўрқмасдан бошқача сиёсий фикрларга ҳам йўл берилса бўлаверади. Аксинча, мухолиф фикрдаги кишиларнинг Ватандан чеккаларда юриши биринчи галда давлатимизга, қолаверса, мухолифатнинг ўзига ҳам бошоғриғидир. Чеккада юрганлар мамлакатга киритилса ва бошқача фикрдагиларга нисбатан бағрикенглик тамойили йўлга қўйилса, чеккада юрганидаги душманона муносабат ўрнига ичкарида дўстона муносабат шаклланади.
-
Диний эркинликлар таъминланилса.
Менимча, давлатимиз динга муносабатини тубдан қайтадан кўриб чиқиши, эски услубдан воз кечиб, бу соҳада йўл қўйилган хатоларни тузатишга тез киришиши лозим. Бу иш “Давлат динга, дин давлатга бегона, улар бир-биридан доим хавфда” деган тушунча асосига қурилган эскича муносабатдан “Давлат динга, дин давлатга дўст, улар бир-бирини қўллаб-қувватлайди” деган мафкура асосига қурилган янгича муносабатга ўтиш билан амалга ошади.
Узоқ йиллар диний соҳада ишлаб орттирган тажрибаларимга суяниб айта оламан: бу муаммони ҳар икки томонга ҳам зарарсиз ҳолда, силлиқ ҳал этса бўлади. Ҳатто чет элларда адашиб қўлига қурол олиб, ўзига радикал йўлни танлаган собиқ ватандошларимиз билан ҳам тил топишса бўлади. Доимий хавф ва безовталикдан кўра кечиримлилик йўриғидан келиб чиқиб ярашиш чорасини топган яхши. Дунё тажрибаси кўрсатяптики, бундан бошқа самарали йўл йўқ. Қўшнимиз Тожикистон бу борада бир мисол бўлса, узоқ Колумбияда давлат билан унга қарши узоқ йиллар қуролли курашиб келган кучлар ўртасида яқин ойларда тузилган яраш битими иккинчи ёрқин мисолдир.
Тўғри, диний сабаблар билан чет элларда сарсон юрган ватандошларимиз бир хил тоифа эмас, ораларида турли оқим вакиллари бор. Аммо, қатъий ишончимга кўра, уларнинг кўпидан давлатга хавф йўқ. Бўйнида очиқ моддий жинояти бўлмаганларга давлат бағрикенглик кўрсатиб, мамлакатда қолган яқинлари билан қовушишларига имкон бериш лозим.
Халқимизнинг 90 фоиздан кўпи мусулмондир. Динга муносабатда тўғри, юмшоқ ва бир текис сиёсат юритилса, озгина ижобий ўзгариш ҳам халқимиз ҳаётида дарров сезилади ва “давлатдан ҳадиксираш” кайфияти тез орада “давлатни яхши кўриш кайфияти”га ўзгаради, иншаоллоҳ. Бунинг учун ишнинг кўзини биладиган, соҳасини севадиган, давлат ва халқ манфаатини чуқур ҳис этадиган лаёқатли шахслар иш бошига келиши керак.
Яна қатъий ишончимга кўра, ўша турли оқим вакилларини ҳам оқилона диний сиёсат юритган ҳолда, холис диний уламоларимиз кўмагида ўзаро тинч-тотув ҳаётга қайтарса бўлади.
-
Сиёсий ва диний маҳбусларга умумий афв эълон этилса.
Раҳмат, ўқиб анча руҳландим.