Эврил Турон: ЎЛИМ ТЎРИ (Еттинчи мақола – якуни)
“Дунё ўзбеклари”дан:
Таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон)нинг бу мақоласи аслида ББС ўзбек хизмати учун махсус ёзилган.
Лекин улар бир қисмини бериб, қолганини беролмасликларини айтишибди.
Мамадали ака менга мактуб билан мурожаат қилиб, “Ўлим тўри” номли шу битикларни “Дунё ўзбеклари”да тўлалигича чоп этишимни илтимос қилдилар.
Яширмайман, у кишининг ёзганларини ўқиб, жуда ўйланиб, иккиланиб қолдим. “Ўлим тўри”да менга маъқул келмаган фикр ва мулоҳазалар жуда кўп эди.
Масалан, ўзбек адабиётининг истеъдодли вакиллари Хайриддин Султонов, Мурод Муҳаммад Дўст, Усмон Азим, Сирожиддин Саййид ва Иқбол Мирзолар (гарчи улар ҳақидаги танқидий мақолаларнинг аксарияти “Дунё ўзбеклари”да чиққан бўлса ҳам) ҳаддан зиёд қораланган.
Меҳрибон ва донишманд устозим, ўзбек халқининг буюк шоири Абдулла Орипов шаънига маломат тошлари отилган, бетакрор ижоди ва муборак шахси, у ёзган Давлат Мадҳияси камситилган, шубҳа остига олинган.
Мен бугун Абдулла Орипов бу ёруғ дунёни тарк этган мусибатли бир дамда унинг руҳини безовта қилиб, бу битикларни эълон қилсам, виждонимга қарши бораман-ку, деб кўп қийналдим, изтироб чекдим.
Уч-тўрт кундан бўён юрсам ҳам, турсам ҳам юрагимда шу қийноқ. Тошкентда Мамадали акам мендан жавоб кутиб турганларини ўйласам, муҳаррир бўлганимга ҳам, “Дунё ўзбеклари”ни очганимга ҳам пушаймонлар қилиб кетаман.
У ёқда – Тошкентда яқинда оиласи вафот этиб, ҳасрат ва айрилиқ доғида, тирикчилик ташвишлари қуршовида ёлғиз қолган Мамадали акамни ўйлаб, бадтар эзиламан.
Бу ёқда – Канадада эса тўкин-сочин ҳаёт ажиб бир малоҳат ва саодат ичра ўтиб бормоқда. Сирли ва сеҳрли диёр бағрида туну кун Ўзбекистон ҳақида ўйлайман.
17 йиллик гулдек умри Каримовнинг турма-ю, зиндонларида хароб бўлган талантли ва иродали ёзувчи мендан битикларини эълон қилишим ё қилмаслигим ҳақида жавоб кутаётганини ўйлаб, қийналаман.
Муаллифни ҳам, у ёзган битикларда номи қорага чапланган инсонларни ҳам, устозим Абдулла Ориповни ҳам бир бир кўз олдимга келтирарканман, бир бирига қарама қарши бўлган аламли ва ситамли ўй-мулоҳазалардан сўнг, битикларини тўлалигича чоп этишга қарор қилдим.
Зотан, ҳур ва демократик жамиятда муҳаррирнинг бош вазифаси – ёқса, ёқмаса, ҳар кимга ўз сўзини айтиш ҳуқуқини бериши лозим.
Ким ҳақ ва ё ноҳақлигини бу гал “Дунё ўзбеклари”нинг чорасиз ва ношуд муҳаррири эмас, балки одамларнинг ўзлари ҳал қилсин…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
25 январь, 2017 йил, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада…
Эврил Турон
ЎЛИМ ТЎРИ
Илм эгалари, шоирларни доим ўзимга
яқин олдим. Душман кайфиятида бўлган-
ларга ҳам ҳомийлик қилдим.
Амир Темур.
Тангри ўзининг пинҳона ҳукми билан
қудрат кўрсатади…
Ибн Арабшох
Бир ўчиб, сўниб… яна ёниш бор…
Абдулҳамид Чўлпон.
Халқ давлатга эмас, давлат халққа
хизмат қилади.
Шавкат Мирзиё.
(Якуний қисм)
60.
Мен Мирзиёевда илм – фанга, айтиш мумкин, адабиётга меҳри борлигини олис йиллар олдин, ҳали у Ирригация институтида ўқитувчи бўлиб юрган кезларида сезганман.
Мени у билан синфдошим (техника фанлари доктори, профессор) Абдураҳмон Ражабов ва дўстим Содиқ Холиқуловлар (институт проректори) таништиришган.
Ўшанда мен Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасида орг. секретар эдим.
Абдураҳмон билан Содиқ менинг олдимга келишган ва Куйбишев (ҳозирги Мирза Улуғбек) туманидан Дувовний (Ўрта Осиё Иригация илмий тадқиқот институти директори), Ажиганов (Олий Милиса мактаби директори), Мирзиёев (Тошкент Иригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институти ўқитувчиси)лар номзодлари Ўзбекистон Олий Кенгаши депутатлигига қўйилганини айтишган.
У замонда Пушкин кўчасида (1-уй) жойлашган уюшма обрўси жуда юксак эди…
61.
Абдураҳмон Ражаб менинг миллий ғурурим ҳар нарсадан устунлигини биларди.
Шунга қуйидаги тарзда сўз бошлади:
-
Дўстим, қачонгача ётлар хўжайин бўлади, юртимизда? Ўзбекдан ҳам чиқсин –да, энди. Духовний дегани яхудий минг йилдан бери бошлиқ. Анависи ҳам шундай.
-
Ким у?
-
Генерал Ажиганов.
-
Ўзбекда йўқда бундоқ “ғаройиб” кишилар? – Атайлаб кесатдим.
-
Сон – мингта. Ленин Мукофоти лауреати Тўхтамиш Боймировнинг биргина ўзи дунёга татигулик.
-
Кадрлар масаласи менинг қўлимда бўлган-да, ўзим билардим… –гапга қўшилди Содиқ.
-
Мана бу сайлов, менимча, ўз ҳаракатимизга боғлиқ бўлади.
-
Ҳар бир маҳаллада изчил, тўғри тушунтириш олиб борсак, ютиб чиқамиз.
-
Ҳар бир хонадонда, – Содиқни тузатди Абдураҳмон, – саксон фоиз аҳоли ўзбек…
-
Пропагандага шунча одамни қаердан топамиз?
-
Ўқитувчилар, ёзувчилар, талабалар…
-
Мирзиёев деганларинг шунга лойиқми?
-
Лойиқ бўлмаса сенинг олдингга келармидик?
-
У ҳақда бироз тушунча бер, Абдураҳмон.
-
Миллатни севади, ватанни севади, сўзида туради, ишлаб чарчамайди.
-
Ташкилотчи, – қўшимча қилди Содиқ, – ўзидан кетмаган, ерда юради. У адабиётга ҳам қизиқади. Сенинг “Ўлмас қоялар” романинг билан “Боғдон қашқири” қиссангни ҳам ўқиган.
-
Ўзингдан қўшма.
-
Ишонмасанг ишонма. Китоб ўқимаган одам , одамми?
-
Мирзиёевни ўз кўзим билан кўрай, сўнг…
62.
Тирик бўлсам, балки, Шавкат Миромонович билан танишганим ва сайлов жараёни тафсилотларини икир-чикиригача ёзарман.
Ҳозир мақола мавзуси ва ҳажми буни кўтармайди. Шунга қисқа баён билан чекланаман.
Мирзиёев билан талай марта қўнишганимдан кейин мен Абдураҳмон ва Содиқ фикрларига қўшилдим. Шундан сўнг уюшма раиси Одил Ёқуб билан кенгашдим.
-
Ҳар қалай ўзимиздан чиққани маъқул, – деди Одил Ёқуб, – қамчини бос!
-
Сиз ҳам қараб турмассиз, Одил оға.
-
Менимча, кураш осон кечмайди. Духовний ҳам, генерал ҳам катта фигуралар. Орқаларида ҳам тимсоҳлар турибди…
-
Биз ерлимиз! Аҳолининг хоҳиш – иродасига таяниб иш кўрамиз…
-
Мен ҳам шунга умид қиламан…