1 савол: Неъматжон ака, «Дунё ўзбеклари» иш бошлаганидан бўён ер юзига тариқдек сочилиб кетган жуда кўп ўзбекларни кашф этди. Шулардан бири — Сизсиз, масалан. Суҳбатимиз аввалида, ўқувчиларимизга ўзингизни бир оз таништирсангиз…
Жавоб: Мен асли Фарғонанинг энг тарихий бўлган Қува туманидаги Бегобод қишлоғида туғилганман. Дадам Абдуманноб Рахимов, узоқ йиллар ўқитувчи бўлиб ишлаган, жуда марифатли киши эди, рахматли. Онамиз билан етти фарзандни вояга етказишган, мен шу фарзандларнинг ўртанчасиман. Мактабни шу ерда тугаллаб, Тошкент политехника институти, Физика инженерлиги факультетига ўқишга кирдим ва 1982 йилда шу институтни тугаллаб, Фарғона политехника институтида кичик илмий ходим, катта иилмий ходим, катта ўқитувчи ва илмий марказ директори вазифаларида ишладим.
1990 йили Фарғона Давлат университети аспирантурасига кириб, уч йилга яқин Ленинград аниқ механика ва оптика институтида (ЛИТМО) оптоэлектроника соҳасида тадқиқотлар олиб бордим ва 2001 йилда фан номзодлигини химоя қилиб, 2002 йилда Ўзбекистон ФА Физика-техника институти докторантурасига қабул қилиндим. 2006 йилда “Ярим ўтказгичли нурланиш маънбалари ва қабул қилгичлар асосида нефт таркибли мухит ва метал конструкцияларни мониторинг қилувчи кўпфунгцияли тизимлар” мавзусида докторлик диссертациясини ёқладим.
Шу давр ичида Физика ва техника соҳасида 250дан ортиқ илмий ва илмий оммабоп мақолалар эълон қилдим. Физика-техника соҳасида 30 дан ортиқ ихтиро муаллифиман. Олтита китобим рус тилида нашрдан чиққан.
2003 йилда мен Сибир авиация илмий тадқиқот (СибНИА) институти таклифига асосан Новосибирск шахрига ишга келдим.
Хозирги кунда, Cибир Давлат Геодезия академияси ва Новосибир Давлат техника университетларида профессор лавозимида фаолият олиб бормокдаман.
Шу билан бир қаторда бадиий ижод билан хам шуғулланаман. Менинг “ Қалбим парчаси” ва “Меҳр формуласи” – “Формула добра» шеърий тупламларим эълон килинган.
Кетсак биздан қолгай ашъорлар боқий,
Бунга гувох эрур кўп узоқ мозий.
Ҳар кимки илм истаб, ашъор битибди,
Ашъорда яшар у, дунёдир фоний.
2 савол: Ўзбекистонни тарк этиб, ўзга юртда яшаб, ишлаб, обрў эътибор топиб, умргўзаронлик қилаётган Сиз каби илм аҳли талайгина. Шу ҳақда ҳам фикрингизни билмоқчи эдик…
Жавоб: Ўзбекистондан чиққан, ота-бобосининг Ватани Ўзбекистон бўлган мунавварлар ер юзида жуда кўп. АҚШдаги Висконсин Университети (University of Wisconsin) Осиё тиллари ва санъати бўлими собиқ ўқитувчиси, халқимизнинг фидойи фарзанди, марҳум профессор Хайрулла Исматуллаев айтганларидек:
“Ўзбеклар худди садафга ўхшайди. Кимдир, қандайдир бераҳм куч ипини узиб юборган садаф доналари каби улар ҳамма ерга тарқалиб кетган – Осиё мамлакатларида, Америкада, Оврупода ҳам уларни учратиш мумкин”.
Шу жумладан, менинг энг яқин дўстим, асли самарқандлик профессор Абдурауф Жўрахолов Белгияда илмий тадқиқотлар олиб бораяпти.
Дўстимиз, профессор Баходиржон Сиддиқов Америкада яшаб, информатика сохасида лекциялар ўқимоқда.
Ўзбекистонликлар Москва, Новосибирск ва хатто Австралия университетларида олий математикадан дарс беришяпти, Япония олий даргоҳларида, Америка қўшма Штатлари университетларида дарс бериб, тадқиқотлар олиб боришяпти. Фан докторлари тайёрлашяпти…
ДАЪВАТ
Ёвни ер тишлатган Широқлар ҳаққи,
Бобур кўзга суртган тупроқлар ҳаққи,
Юртим, тилим-деган Чўлпонлар ҳаққи,
Акмалу, Файзулло, Усмонлар ҳаққи,
Халқим-деб, бегунох кетганлар ҳаққи,
Элингни унутма азиз ўзбегим.
Навоий бобомнинг пок руҳи ҳаққи,
Нодирабегимнинг фарёди ҳаққи,
Машрабу, Увайсий, Фурқатлар ҳаққи,
Абдуллолар қилган ҳитоблар ҳаққи,
Қабрга кўмилган китоблар ҳаққи,
Тилингни унутма азиз ўзбегим.
«Дунё ўзбеклари» изоҳи: Биз — Сиз эҳтиром билан тилга олган Ватандош олимларимизнинг хориж олий даргоҳларидаги ишларида омад ва муваффақиятлар тилаб қоламиз.
3 савол: Сиз ўзингизни ўзбек мухолифатига алоқадор деб биласизми? Умуман, ўзбек мухолифати ҳақида қандай фикрдасиз? Нега уларнинг борлигини ҳукумат тугул, мухолифатнинг ўзи ҳам билмайди…
Жавоб: Йўқ, мени ҳозирги ўзбек мухолифатига ҳеч қандай алоқам йўқ. Ҳа, энди ўзбек мухолифати ҳам ўзимизга яраша, хазил қилиб айтганда “Ачавот”дан нарёғига ўта олмайди ёки янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, халқимизни ўзига мос. Мен уларни гапларини эшитсам, худди қиличга қарши ёғоч билан уришаётган одамни эслайман…
Мардлар ўз элини хароб қилмайди,
Хароб бўлган халқда ботир қолмайди.
Бексан! Ўз юртингдан бўлсанг бохабар,
Уйин зимистонлигин кўрлар билмайди…
4 савол: Сиз ҳар куни асосан қайси сайтлардан ахборот оласиз?
Жавоб: Мен кўпроқ мустақил ахборот воситаларига мурожаат қиламан. Шу жумладан “Дунё ўзбеклари”га ҳам.
5 савол: Оилангиз, фарзандларингиз ва келгусидаги орзу ўйларингиз ҳақида ҳам билишни истардик…
Жавоб: Худога шукур, фарзандларимни пешона тери билан катта қиляпман. Мени бобом ислом оламининг олимларидан бўлган. У киши биз ёшлигимизда, “Ҳалол луқмада гап кўп, шунинг учун фарзандларга ҳалол едиринглар”- деб ўргатар эди. Шунинг билан бирга у киши, менинг отамга “биз диний илмларга умримизни сарф этдик, лекин сизлар фарзандларингизга иложи борича дунёвий илм беринглар” — деб ўргатар эдилар.
Шунинг учун мен болаларимга ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича касб эгаллашларига харакат қилаяпман. Хамма фарзандларим олий ўқув юртларини имтиёзли тугаллаяпти. Хозир учинчи фарзандим университетни аъло баҳоларда тугатди. 4чиси эса — Президент стипендияси олиб 4-курсга ўтди. Хуллас, ҳамма фарзандларим тўғри йўлдан боришяпти деб ўйлайман.
Орзуим — фарзандларим севган касбларини эгаллаб, элимизга, юртимизга ҳалол хизмат қиладиган инсонлар бўлиб етишсалар…
Инсон яшар экан кўҳна дунёда,
Ўғил-қизи, дўсти, Ватани бўлсин.
Кетар чоғида ҳам ушбу дунёдан,
Эгнида бир парча кафани бўлсин.
6 савол: Ҳозир қандай китоб ўқияпсиз?
Бўш вақтингизда нима билан машғулсиз…
Жавоб: Шу кунларда мен Тожикистонлик адиба ва олима Мунаввара Ойматова қаламига мансуб ”Табу” романини ўқиб чиқдим.
Физика сохасида инглизча, русча барча рефератив журналларни ўқиб бораман. Агар бир ойлик журналларни қараб чиқмасам, худди шу соҳада орқада қолиб кетаётгандай сезаман ўзимни.
Бўш вақтларда эса асосан интернет материалларини кўздан кечираман.
Ишонсангиз, кун ора кимдир чойхонага ошга таклиф қилишади.
Студентлар билан баъзида футбол ўйнаймиз.
7 савол: Айтингчи, собиқ СССР даври тўғрисида нима дея оласиз? Ахир биз шу тузумда катта бўлиб улғайдик-ку…
Жавоб: Шубҳасиз, биз Совет даврида туғилганмиз, совет мактабларида ўқиганмиз, ўша совет дарининг жуда кўп ижобий томонларини кўрганмиз. Совет тузуми даврида Ўзбекистонда ҳамма қилган ишларини хато деб айтиш — бу беманилик бўлар эди. У даврда Ўзбекистонда яхши мактаб дастури, яхши олий таълим тизими шакилланган эди.
Адашмасам, Республикада 100 га яқин илмий тадқиқот ва лойихалаштириш институтлари тўла имкониятлари билан ишлар эди. Ҳозирда уларнинг яримидан озроғи қолди ва улар ҳам 30 фоиз имкониятларда ишлаяпти.
Болаларларнинг дам олиши, сиҳат-саломатлигини тиклаши учун яхши имкониятлар яратилган эди. Энг мухими, одамларда келажакка ишоч ва эртанги кундан кўнгли тўқлик бор эди. Ўзбек тили асосан Совет даврида битта адабий тилга келди. Ҳозирда бу соҳада ҳам парокандалик бошлангандай.
8 савол: Мана, ҳадемай Рамазон Ҳайити. Бир ойлик рўза ҳам якунланади. Умуман, Сизнинг динга муносабатингиз…
Жавоб: Аввалам бор, биз, алахамдулилло, мусулмонмиз. Фурсатдан фойдаланиб барча мўмин мусулмон биродарларимизни, Ватандошларни келаётган лайлатул қадр оқшоми ва Рамазон Ҳайити билан табриклайман.
Юқорида айтганимдек менинг бобом бутун умрини муқаддас қуръон ва хадисларга шарх ёзишга саф этганлар ва умрларини охиригача имом хотиб бўлганлар.
Шунинг учун мен 5 ёшларимдаёқ намоз ўқишни билганман. Лекин у киши набираларини кўпроқ дунёвий илм олишларига дават қилганлар.
Албатта биз диннинг, ўзимизнинг Ислом дини, катта ютуқлари ёшларни тарбиялашда тутган ўрнини мақтаймиз, катта мутахассислар, билимдон кишилар борлигини эътироф этамиз.
Лекин, асосан Физик тадқиқотларда илмий қарашлар бўлгандан кейин муроса боролмай қоладиган жойларимиз кўп бўлади. Илмий тадқиқот билан балки кўпроқ қуръони карим сирлари келгусида очилар. Бевосита унинг бор йўқлиги масаласида тўғридан-тўғри жавоб беролмаймиз. Лекин, фақат тўртагина сурани ёдлаб хатто отасига ҳам насихат қилиб юборадиган муллаваччаларни кўрсам хафсалам совиб кетади…
Жавоб: Аввало, ҳаммамиз соғ ва омон бўлайлик. Атрофимиздаги миллатдошларимиз ва яқинларимиз, севган инсонларимиз доимо бор бўлсинлар. Ҳамманинг кўнглида ўзининг ёрқин орзулари бор, ёруғ ниятлари бор.
Шу кунларда ҳаммамиз шу ёруғ ниятларимизга етишиб, миллатдошларимиз, дўстларимизнинг ҳам ичларидаги энг ёруғ ниятларига эришганларини биргаликда кўрайлик.
Ўткинчи дунёда…
Кетган одам қайта келмайди ҳайҳот, Бир Инсон ўрнини босолмас ҳеч зот. Инсоф – деган туйғу бўлмасин барбод, Ўткинчи дунёда омонат одам.
Умр –деб аталган фурсат ҳам битмиш, Шоҳ-у, гадо бир кун бош олиб кетмиш, Эртага бу кунлар аталар ўтмиш, Ўткинчи дунёда омонат одам. Беш кунлик дунёда омонат одам…
«Дунё ўзбеклари»дан сўнг сўз ўрнида:
Бепоён Россиянинг Новосибирск Давлат университетида рус фарзандларига аниқ фанлар тилсимини ўргатиб, сабоқ бераётган истеъдодли олим, фан доктори, профессор Неъматжон Раҳимов билан суҳбатимизга якун ясадик.
Россиянинг авиация соҳасидаги нуфузли давлат муаассаси таклифи билан бу юртга келиб, илм фан соҳасида шунчалар катта ютуқ ва муваффақиятга эришган ҳамюртимиз боис қалбимизда ажиб бир фахр ва ифтихор туйдик.
Неъматжон ака айтганларидек, у кишига ўхшаш жаҳонгашта ўзбек олимлари бу дунёда кўп экан. Биз юқорида номлари тилган олинган Ватандошларимизни ҳам, агар улар истасалар, суҳбатга чорлаш ниятидамиз.
Неъматжон Раҳимовга, у кишининг оила аъзолари ва фарзандларига, шогирдлари ва дўсту биродарларига омад ва муваффақият, бахт — саодат тилаб қоламиз.