Исмат Хушев: Тинч океан ҳавзасидаги нотинч Дадахон (Бир сурат тарихи)
Исмат Хушев:
Тинч океан ҳавзасидаги нотинч Дадахон…
Бир сурат тарихи
Суратда: Журналистлар Дадахон Ёқубов (ўнгда), Исмат Хушев (ўртада) Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан…
1.
Муҳтарам ўқувчиларнинг ёдида бўлса, биз олдин ҳам мазкур рубрика остида Ислом Каримов билан боғлиқ бўлган мулозимлик ҳаётимиз ҳақида ҳикоя қилувчи бир нечта суратлар шарҳини эълон қилган эдик.
Биз бугун ҳам ўша анъаналарга содиқ қолиб, яна бир нодир сурат тарихи ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.
Ушбу суратнинг ҳам аянчли тақдири ва фожеали қисмати аввалгиларидан сира кам эмас…
2.
Давлат раҳбарининг ёнида гўё унинг икки қанотидек парвозга шайланиб турган бу икки журналистнинг бугунги тақдири ҳам кўпчиликни қизиқтириш табиий, албатта.
Кеча — Президент ёнида шод ва масрур турган бу йигитларнинг бугун — бири қочқин, бири тутқин.
Бош муҳаррир бўлганида ҳукмдорга яқинман деб, босар тусарини билмай, оёғи остидаги ер қолиб – осмондаги еттинчи арши аълога чиқиб кетган, қўнарга жой тополмай узоқ муддат самоларда, фазоларда, ҳаволарда парвоз этиб юрган Исмат Хушев (ўртада) – алал оқибат Ўзбекистондан ўн минглаб километр олис — океан ва уммонлар ортидаги Канадага келиб қўнди…
3.
Буниси юртдан кетгач, унисига ҳам бу дунё тамоман тор бўлиб қолди.
У ҳатто, ер юзига ҳам сиғмай, фақат шу маскан тинч бўлса керак деб, Тинч океани ҳавзасида сузиб юрибди.
Шунинг учун ҳам унинг адреси номаълум – онда сонда хат хабари етиб келади-ю, лекин аниқ манзилидан ҳануз дарак йўқ.
Бу ҳар ҳолда яхши эмас, тинчлик аломати эмас.
Майли, Тинч океанида бўлса ҳам, биз учун тинч бўлсин, кўнглида ва уйида тинчлик бўлсин…
4.
Ҳолбуки, Президентнинг ёнида қувонч ва ҳаяжондан ўзларини қўярга жой тополмай турган бу икки журналист ўз вақтида ўз юртида анчагина маълум ва машҳур кишилар эди.
Маълумки, Дадахон Ёқубов саксонинчи йилларда ўзбек журналистикасига вулқондай ҳайқириб кириб келган ёрқин юлдуз эди.
Унинг “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” номли машҳур кўрсатуви ўзбек телевиденияси байроғига – айланган бўлса, Дадахоннинг ўзи эса – халқ Қаҳрамони даражасида эди.
Бу Қаҳрамонликка ва бу машҳурликка ўша Давр ва Замон йўл берган эди. Ҳолбуки, Совет даври ва советлар замони эди ўшанда.
Бугун — мустақилликнинг йигирма бешинчи йилига келиб, энди ўша ҳурлик ва озодлик насимларидан ўзбек жамиятида асар ҳам қолмади…
5.
Шу сўзларни айтаяпману, Ўзбекистон матбуотининг, ўзбек телевидениясининг бугунги ғариб ва нотавон ҳолатини эслаб, юрак бағрим эзилади.
Ҳолбуки, Мустақилликка қадар — саксонинчи йиллар охири ва тўқсонинчи йиллар бошида ўзбек матботидаги аҳвол бу даражада фожеали эмас эди.
Ўша давр матбуотини ўйлаганда, “Хат ва Ҳаёт” телекўрсатуви муаллифи Шуҳрат Қосимов, эл орасида маълум ва машҳур бўлган “Тошкент оқшоми” – “Вечерний Ташкент” нашрлари, кейинчалик эса — “Ўзбекистон овози” газетаси Бош муҳаррири бўлиб ишлаган жасоратли журналист Шароф Убайдуллаев, “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” телекўрсатуви муаллифи Дадахон Ёқубовларнинг мунис ва улуғвор қиёфалари кўз ўнгимда намоён бўлади.
Қолаверса, ўзим оддий мухбир бўлиб ишлаган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси ҳам ўша йиллари Ўзбекистонда ниҳоятда маълум ва машҳур эди. Унда эълон қилинган ижтимоий-сиёсий мавзудаги мақола ва лавҳалар довруғи ўзбек жамиятини чин маънода жунбушга келтириб турарди. Одамлар матбуотга, унинг куч-қудратига ўзларига ишонгандек ишонишарди.
Агар давлат йўл берса матбуот бугун ҳам худди шу даражага қайтиши мумкин.
Қаҳрамон редактор ва Қаҳрамон журналистлар бугун ҳам бор. Фақат уларга имкон ва илҳом бериш керак, холос…
6.
Энди бевосита, Дадахон Ёқубовнинг кейинги тақдирига ўтсак.
Халқнинг беқиёс меҳру муҳаббатига сазовор бўлган талантли ва иқтидорли журналистни Давлат раҳбари бир муддат ўз ёнига олди, у Мустақил Ўзбекистон Президентининг ёрдамчиси бўлиб ишлаш бахтига муяссар бўлди.
Лекин “Элим деб, юртим деб” ёниб яшовчи ва ишловчи фидойилар учун Давлат раҳбарининг орбитасида жой йўқ экан, шекилли, Дадахон кўп ўтмай Президентнинг ғазабига учради.
Бунга асосан Тошкент вилоятининг Жигаристонидаги сув тошқини сабаб бўлди.
Айни мавзуга бағишланган шов-шувли теле кўрсатуви ортидан Дадахон — Ислом Каримовнинг қаҳрига учрайди. Бунга — диёнатли журналистнинг воқеа жойига бориб, суратга олган ва тайёрлаган кўрсатуви билан — давлат тарқатган расмий маълумот бир бирини инкор этгани сабаб бўлади.
Жигаристондаги сув тошқинида бир қатор уй-жойларнинг вайрон бўлгани ошкор этилди, қутқарилиши лозим бўлган одамларнинг сувда оқиб кетаётган мурдалари телевидениядан кўрсатиб юборилди.
Шу боис адолат ва диёнатни ўзига ота мерос қилиб олган бетакрор ўзбек журналисти — Президент ғазабига учради ва Девондан қувилди…
7.
Бугун Дадахон Ёқубов, худога шукрки, барҳаёт, лекин унинг қаерда эканини ҳеч ким билмайди.
У ўзининг манзилини ошкор қилса, ўзбек махсус хизматлари уни ушлаб олишларидан қўрқади.
Шунинг учун ҳам биз юқорида унинг манзилини Ўрта ер денгизи – Тинч океани ҳавзасида деб ўзимизга таскин бердик, сўз ўйини қилдик…
Сўнгсўз ўрнида
а)
“Дунё ўзбеклари” да шарҳланган бугунги ноёб сурат, албатта, охиргиси, эмас.
Қолаверса, мангуга муҳрланиб қолган бундай расмлар ўқувчиларимизда ҳам бўлса керак.
Хусусан, Ўзбекистон парламентининг тарихий еттинчи сессияси ҳақида ҳикоя қилувчи фото суратларга танлов эълон қилиш ниятидамиз…
б)
Бу суратлар орқали биз Ўзбекистон тарихида илк бор Ислом Каримов диктатурасига қарши чиққан, бугунги қатағон кунларни яққол кўра билган -биринчи парламент аъзоларининг муборак номини тиклашга, уларни ёд этишга ҳаракат қиламиз.
Мангуга муҳрланган бу тарихий ва ноёб суратларга — 25 йиллик мустақиллик призмаси орқали нигоҳ ташлашга, ўтган кунларимизни таҳлил ва тадқиқ қилишга уриниб кўрамиз…
в)
Чунки Ўзбекистонни мустақил давлат деб эълон қилган ўша биринчи парламент ва ўша нотинч еттинчи сессиянинг беш юз депутатидан жуда кўплари кейинчалик таъзиқ ва таъқиблар гирдобида қолиб кетишди.
Улардан баъзилари бугун Ватанда эмас: Муҳаммад Солиҳ, Жаҳонгир Маматов, Насрулло Саидов, Абдувоҳид Паттаевлар чет элларда сиёсий муҳожир бўлиб юришибди.
Ҳатто собиқ СССР халқ депутати Пўлатжон Охунов ҳам – мустақил Ўзбекистонга сиғмади. У ҳозир Швеция қироллигида истиқомат қилади…
г)
Ватанда қолганларининг ҳам кўпи энди бу ёруғ дунёни тарк этиб кетган.
Уларнинг ўлиги ва ё тириги ҳақида расмий матбуот 25 йилдан бўён сукут сақлаб келишни афзал билади.
Шовриқ Рўзимуродов – МВД зиндонида бўғиб ўлдирилди. Лекин қариндош уруғларига – ўзини ўзи осиб қўйди деб баҳона қилишди.
Тойиба Тўлаганова, Иномжон Турсунов, Алижон Қўчқоров сингари шаккок ва бунтар депутатларнинг сирли – синоатлари ўлимлари “ажойиб ва ғаройиб” мустақилликнинг сим-сим ва сеҳрли сукунати остида қолиб кетди.
Тошкент вилоятининг Нефтебаза директори Самандар Қўқонов, Муборак шаҳар совети раиси Мурод Жўраев, Тошкент шаҳридаги Куйбишев ва Мирзо Улуғбек туманларини бошқарган Шуҳрат Нусратовлар Президентга тўғри ва ҳақ гапни айтганлари учун ҳибсга олиниб, озодликдан маҳрум этилдилар.
Мурод Жўраевнинг – 20 йиллик бебаҳо ва гулдай умри турмада ўтди…
Мустақилликнинг дастлабки йилларида давлат раҳбарининг қаҳрига учраб, ҳибсга олинган Самандар Қўқонов, 25 йилдирки, ҳали ҳануз озод этилгани йўқ…
КГБдан чиққан жиззахлик диёнатли инсон Мели Қобуловнинг биринчи Парламентдаги сиёсий фаоллиги унинг бошига битган бало бўлди.
Мустақиллик Конституцияси учун фидойилик билан иш олиб борган, унинг эълон қилинишида ўз депутатлик бурчини ҳалол ва виждонан бажарган, Ўзбекистон Гимни, Байроғи ва турли миллат рамзлари қабул қилинишида ўз муносиб ҳиссасини қўшган ҳалол ва тўғри сўз халқ ноиби – депутатлик муддати тугаган куниёқ ўйдирма айблар ва уюштирилган ёлғон бўҳтонлар билан қамоққа олинди.
Саккиз йил «от и до» – сўнгги қўнғироққача Бекобод турмасидаги махсус зонада сақланди. Озодликка чиққанидан сўнг адолат истаб, ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб, турли идораларга қатнай бошлаган заҳоти – унинг ўғил-қизи ва келинини олиб қамашди…
Ўзбекистон Олий парламентининг тарихий еттинчи сессиясида – “бу бежилов табиати ва қасоскор феъли билан Президентга давлат раҳбарлигини ишониш қийин” деб башорат қилган Шуҳрат Нусратов ҳам узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниб, сал кам “Жаслиқ”қача бориб келди…
д)
Ўзбекистоннинг биринчи ва охирги Вице-президенти Шукрилла Мирсаидов – йигирма йиллик таъқиб ва тазйиқлар гирдобида, хорлик ва зорликда ҳаётдан кўз юмди.
Номард ва шафқатсиз қисматга лаънатлар айтиб бу ёлғон ва бевафо дунёни тарк этиб кетди…
Ноҳақ ишдан олинган Олий Кенгаш раиси Мирзаолим Иброҳимов умрининг сўнгги йилларини хорлик ва зорликда ўтказиб, вафот этди.
Кейинги парламент раислари Шавкат Йўлдошев ва Эркин Халиловлар ҳам кўчага ҳайдаб юборилди.
Шерали Жўраев, Ҳалима Худойбердиева, Фаррух Зокиров, Нурали Қобул, Ойгул Суюндиқова, Карим Баҳриев каби халқ ноиби бўлган адабиёт ва санъат вакиллари ҳам 25 йилдан бўён давлатнинг расмий рўйхатларида йўқ.
Улар учун саҳналар ёпиқ, микрафонлар ўчирилган — расмий матбуотга чиқиш таъқиқланган.
Телевидения ва радио эшиклари ёпиб қўйилган.
Уларнинг энг катта ва асосий айби – эркин ва озод сайловларда халқ ноиби бўлгани, биринчи демократик парламентга депутат этиб сайлангани…
Хотима
Ҳа, бугун энди – Ўзбекистон тарихидаги жасоратли биринчи парламент аъзолари деярли унутилган, юқорида ёзганимиз каби — ҳибс ва хорижга, хорлик ва зорликка бадарға қилинган.
Ватандан қувилган, ҳайдалган, ўлдирилган, йўқ қилинган.
Бир сўз билан айтганда — рўйхатлардан тамомила ўчирилган…
Кимда ким аччиқ ва фожеали қисматга эга суратларга дахлдор экан, уни халқ мулкига айлантириш давр талабидир.
Чунки бундай суратлар яқин ўтмишимизга — Шуҳрат Нусратов таъбири билан айтганда: «Бежилов табиатли» қасоскор ва ҳукмдор Каримов даври тарихига берилган энг ҳаққоний баҳо бўлур эди!
Исмат Хушев,
Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири
1 май, 2016 йил – Торонто шаҳри, Канада…
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
4 шарҳ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ2 комментария
-
JUDA XOLIS INSOF BILAN YRITIBSIZ ISMAT AKA! SIZDI TALAND BILAN UTMISHNI YRITGANLARINGIZNI UZBEKISTON TARIXIGA SHUNDAY TAXRIRSIZ QUYIB QUYSA HAM BULADI. NAFAQAT BU MAQOLANGIZ BOSHQA YZGAN OLDINGI ISTALIKLARINGIZ SHUNDAY BALAND SAVIY VA DID BILAN BITILGAN HECH BIR TARIXCHI BUNDAY YZA OLMAYDI.
-
«Жигаристондаги сув тошқинида бир қатор уй-жойларнинг вайрон бўлгани ошкор этилди, қутқарилиши лозим бўлган одамларнинг сувда оқиб кетаётган мурдалари телевидениядан кўрсатиб юборилди». Bu voqiyni tug’ri yritgani uchun Dadaxon Yqubov qattiq jazolandi. Mana sizga haqiqiy Islom Karimovni ikkinchi yzi. Uni kutar-kutar qilmasdan munosib joyiga tushirish kerak.
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Ҳурматли Исмат ака! Яқин вақтлардан буён бошлаган фош этиш компаниянгиз ЧОРАК АСРЛИК ЖИНОЯТЛАРНИНГ КЎПИНИ, ИЖРОЧИЛАРИ ВА ТАШКИЛОТЧИЛАРИ БИЛАН БИРГА ТАРИХНИНГ ҲУКМИГА ҲАВОЛА ҚИЛДИ, ТАМОМ!
ПРЕЗИДЕНТ БИЛМАЙДИ, БЕҲАБАР, БИЛСА ЧАТОҚ БЎЛАДИ, ЮҚОРИГА ЁЗСАНГ АДОЛАТ ТИКЛАНАДИ, МАМЛАКАТДА КОНСТИТУЦИЯ АМАЛ ҚИЛАЯПДИ, ҚАНИ БАҒРИМГА СИҒСАЛАРИНГ ЭДИ ҚАДРЛИ ҲАЛҚИМ, МЕН СИЗЛАР УЧУН ЖОНИМНИ БЕРИШГА ТАЙЁРМАН ВА ҲОКОЗОЛАРНИНГ БАРЧАСИНИ САҲНА АСАРИ, СПЕКТАКЛЬ ЭКАНЛИГИНИ ФОШ ҚИЛИБ ТАШЛАДИНГИЗ.
СИЗНИНГ ЁЗАЁТГАНЛАРИНГИЗ БОМБАЮ!!
1 шарҳ
Ismat aka, biz bu noinsoflarga qarshi doim qalam bilan, tafakkur bilan, adolatli tarzda kurashib vatan oldidagi hiyonatlarini ochib tashlashimiz kerak. Saytingiz orqali xalq ancha uyg’ondi, ko’zi ochildi.
2 шарҳ
Rahmat, yahshi yozilga, ta`sirli va taassurotli. Haqiqiy talantning haqiqiy talantga begaraz munosabati va qo`llovi uchun fahrlandim. Ismat Hushevdan bunday hayrli va savobli ishlarni yana ko`p bor kutib qolamiz.
Dadahon Yoqubov o`zbek halqining eng sevimli farzandi edi vaqtida. Ismat Hushev bu nohaq unitilgan iste`dod sihibini yana elga qaytarib bergani va yuzini yorug qilgani uchun rahmat. Hayot quvochlari va tashvishlari muhlislari omidan rahmat.
Исмат Хушевнинг мана шу мардлиги ва фидойилигига доим қойил қолганман. Ўз ҳамкасбларини устози зулмидан ва қаҳридан доим ҳимоя қилиб келди…