"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Нодира Бегим: Дубай сафари таассуротлари… (1-қисм)

Бош мақола, Сафар таассуротлари... | 25/01/2017 07:49-     17104 марта ўқилди



Йигирма саккизинчи декабрь…
Эртага Бирлашган Араб Амирликларига бўладиган саёҳат тараддудини кўряпман. Саёҳатга кўп чиққанлигим учунми, бамайлихотир сафар анжомларини тайерлаб қўйдим. Болаларимнинг кайфияти аъло, айниқса, кичик кизим Нигоранинг дугоналари билан хайрлашувларини кўриб, юрагим орзиқиб кетди, назаримда, вақт имиллаб ўтаётгандек эди…
Ниҳоят, аэропортдамиз. Виза қоғози ва чипталар текширувидан ўтгач, юкларимизни топшириб, анча енгиллашдик. Паспорт ва валюта текширувлари ҳам тугагач, кутиш залига ўтдик ва ФБ тармоғига ошиқдим . Янги хат-хабарлар, шеьрларга кўз югуртирдим ва айрим дўстларим билан хайрлашдим.
Бироздан сўнг самолётга чиқиш бошланди. Қизларим билан ўриндиқларимиз ёнма-ён тушган бўлиб, ўғлим Алишержон ва келиним Нодирахон орқа ўриндиқда жойлашди. Камарлар тақилиб, самолётимиз ҳаракатлана бошлади…
Сафарларимда доим “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси хизматларидан фойдаланаман. Мақташ эмас, аммо, учувчиларимизнинг касб маҳорати ва стюардессаларнинг хизматлари таҳсинга лойиқ. Самолётимиз оппок булутлар бағрига сингиб, парвоз эта бошлади. Беихтиёр, чиқаётганда, барча ишларимни саранжом қилиб чиқдиммикан, деб ўйладим.
Ишларимдан кўнглим тўлгач, хотиржам бўлдим. Ойнадан тиниқ осмонни кузатар эканман, ўзимни қушдек енгил ҳис эта бошладим. Бир лаҳза ҳаётнинг ғам-ташвишларини унутиб, самовий хаёлларга ғарқ бўлдим. Йул тараддудидан чарчабман, шекилли, кўзим илинибди…
Кўзимни очганимда, стююардесса майин табассумли ила таом узатиб турарди. Иссиққина, буғи чиқиб турган қазили ош едик. Ўриндиқларда ўрнатилган телевизордан кимдир кино кўрар, кимдир эса мусиқа эшитарди. Ёшлигимдан география фанига қизиққаним боисиданми, парвоз йуналишини кузатиб борардим.
Парвозимиз Машҳад орқали давом этаркан, пастда азим тоғлар олисдан кўрина бошлади. Қачондир бу табаррук заминга саёҳат килиб, улуғ алломаларни зиерат килишни кунглимга тугиб қўйдим…
Ва ниҳоят, Дубай Халкаро аэропортига келиб қўндик. Нигора қизим аэропорт ичкарисига қадам қўяркан: “Наҳотки, биз Дубайга, араб ерларига келдик”, – деб ҳаяжонланарди. Паспорт текширувида анча вақт навбатда туриб қолдик.
Дубай тайёрагоҳи катта бўлишига қарамай, қатновлар бир вақтга тўғри келиб қолган чамаси, йўловчилар кўп, навбатлар узун эди. Қарийб икки соатдан сўнг навбат етиб, текширувдан ўтдик.
Тошкентдаги саёҳат фирмаси келишувига биноан, бизни «Yassat Gloria Hotel & Apartments» меҳмонхонаси ходими кутиб олди. Юкларимизни машинага жойлаб, Дубай марказига қараб йўл олдик. Кенг ва равон йўллар, осмонўпар биноларни айланиб, қирқ каватли меҳмонхона олдида келиб тўхтадик.
Африкаликларга ўхшаб кетадиган хизматчи очиқ чеҳра билан машина эшигини очиб, бизга илтифот курсатди. Ўғлим паспортларни қайддан ўтказгандан сўнг, бизга хоналаримизнинг пластик калитлари берилди.
Лифт орқали бинонинг йигирма саккизинчи қаватига кўтарилдик. «Yassat Gloria Hotel & Apartments» меҳмонхонаси оилавий сайёҳлар учун қулай шароитларга эга.
Бизнинг номер иккита ётоқхона, иккита душхона, дам олиш хонасидан ташқари яна бир қўшимча хона, шинамгина ошхона, коридор ва иккита балкондан иборат эди.
Хоналаримиз кенг ва ёруғ, телевизор, музлатгич, овқатланиш столи, иссиқ чой учун электр чойнаклари, чанқовбосди ичимликлар, ҳар хил қуруқ чойлар ва қоказо. Хуллас, дам олиш учун шароит кўнгилдагидек эди.
Хонага киришимиз билан мени ўзига жалб қилган нарса – хонада совутиш тизимининг ишлаб тургани бўлди. Тавба, Тошкентда иситиш тизими ишлаб турганди. Бу ерда эса – акси…
Атрофни томоша қилиш учун балконга чикдим. Илиқ шабада сочларимни силаб, менга » хуш келибсиз” деяётгандек эди…
Диққатимни атрофдаги бинолар ўзига жалб этди, меҳмонхона шундоқ катта йўл бўйида экан, пастда тинмай машиналар қатнаяпти…
Кўчада 30 даража иссиқ, меҳмонхонанинг кириш қисмида катта арча безатилган. Бу – меҳмонларга яхши кайфият улашиш мақсадида бўлса керак, деб ўйладим. Чунки, меҳмонхона мижозларининг аксарияти ўзга дин вакилларидан иборат эди…
Ўғлим Алишержоннинг бирга ўқиган ўртоғи Дубайдаги қайсидир фирмада инглиз тилидан таржимонлик қиларди. Уйдагилари совға-салом бериб юборишган эди. Орадан икки соатча ўтар-ўтмас хона телефони жиринглаб қолди…
Муроджон келган экан. Бизни кўриб хурсанд бўлди. Байрам муносабати билан бўш вақти борлигини, эртага келиб бизни шаҳар айлантиришини ваьда бериб хайрлашди…
Тонгда азон овозидан уйғондим. Овоз қаердан келаётганини аниқлаш учун пастга қарадим. Шунда қўшни бино ёнидаги ихчамгина, кўркам масжидга кўзим тушди.
Дарров бомдод намозини ўқиб олдим. Оллоҳу Аҳадга ҳамду санолар, Саййидимиз Муҳаммад (с.а.в)га, унинг қавми ва хонадонига Оллоҳ раҳмати ёғилсин, сафарларимиз бехатар булиб, соғ-саломат манзил-маконимизга қайтишни сўраб дуолар қилдим…
Қуёш ўз кўшкидан бош кўтариб, атрофга заррин нурларини соча бошлади . Балкондан Дубай тонгини кузатар эканман , узоқдан денгиз соҳили, хурмо ва палма дарахтларига кўзим тушди…
Нонушта қилиш учун биринчи қаватга, меҳмонхона ресторанига тушдик . Байрамона безатилган арча ва турли шаклдаги ўйинчоқлар Янги йил байрамини эсга солиб турибди…
Ғарбий ва шарқий Осиёликларга ўхшаш қизлар бизни майин табассум билан кутиб олишди. Инглиз тилида саломлашиб, хонамизнинг рақамини дафтарига кайд этиб, овқатланадиган столимизни кўрсатишди ва ёқимли иштаҳа тилашди. Овқатланиш қоидаси швед столи тартибида экан.
Сайёҳларни кўпроқ жалб этиш учун хизматлар яхши йўлга қўйилганини хизматчиларнинг чаққон ҳатти-харакатларидан билса бўлади. Ошхонада турли хил овқатлар, ширинликлар, пишириқлар, мевалар, денгиз маҳсулотлари ва мевали ичимликлар меҳмонларга мунтазир эди.
Меҳмонхонамиз ёнида метро бекати жойлашган. Саёҳатимизни Дубайдаги    «Бурж Халифа» иншоотини ва «Дубаи Малл» савдо мажмуасини кўришдан бошладик. Метрога чиқарканмиз, мени бир ҳолат таажжубда колдирди, яъни, бизда ва бошка кўп шаҳарларда метро ер ости йўлидан юради, аммо, Дубайда ер устида, маьлум бир баландликда кўтарилган йўлдан юраркан…
Метродаги қоидалар ҳам менга ёқди. Инглиз тилидаги ёзув ва схемалар билан вагондаги йўл-йўриқлар ёзиб қўйилган. Аёл ва эркаклар аралаш вагон, аёллар алоҳида, эркаклар алоҳида вагон ва яна ўриндиқлари фарқли аёллар вагонлари бўлиб, бунда кўпроқ ҳижобли аёллар ўтиришганини кўрдим, хоналар ораси очиқ, ҳамроҳингизни аён кўриб турасиз.
Қоидани бузсангиз, жарима тўлайсиз. Ойнадан атрофни томоша қилиб борар эканман, баланд бинолар билан биргаликда, шарқона услубдаги ҳовлиларга ҳам кўзим тушди. Хурмо дарахти ҳовлининг асосий кўрки экан. Куп уйларнинг томларида, Истанбулдагидек, Давлат байроғини ўрнатиб қўйишганини кўрдим…
Метродан узун ёпиқ коридор орқали “Дубай Малл” савдо мажмуасига кирдик. Бино – салқин, чиройли, озода, бир неча қаватлардан иборат бўлиб, бемалол айланиш учун, камида бир кун вақт сарфлашга тўғри келади. Худди, кичик шаҳарчага ўхшайди. Тадбиркорлик ривожининг маҳсули шу бўлса керак.
Дунёнинг турли фирмалари чиқарган маҳсулотлари ўз номлари билан сотиляпти. Озиқ-овкатдан бошлаб, кўнгилочар ўйинлар, манзарали шаршаралар, аквариумдаги денгиз ҳайвонлари, муз устида коньки уйинлар, ширинликлар дунёси, болалар учун махсус ўйингоҳлар, овкатланиш ўринлари, китоблар дунёсигача, хуллас, нима истасангиз, барчаси муҳайё.
Савдо муомаласи дирҳам ва долларда амалга оширилади. Сотувчилар кўпроқ – Осиёликлар, инглиз тилида бемалол сўзлаша олади. – “Бурж Халифа » биноси атрофи доим сайёҳлар билан гавжум, – деди Муроджон. – Бироз кутайлик, мусиқавий фаввораларни кўрамиз. Шу вақт мени турли рангда ёниб турган минорадаги чироқлар гўзаллиги ўзига мафтун этди. Биз қувониб, сувратга туша бошладик…
Атроф турли миллат сайёҳлари билан гавжум. Оқ ва қора кийимдаги араб оилалари ҳам бор. – “Бурж Халифа” биноси – дунёдаги энг баланд минора. Баландлиги 828 метр, 163 қаватдан иборат, бинода савдо офислари, биржа, квартиралар, меҳмонхона бор, – деди Муроджон .
Инглиз тилида янграган қўшиқлар оғушида фавворалар ҳар хил кўринишда товланиб, кишини ўзига ром эттирмай қўймасди. Сунъий дарё атрофидаги чиройли бинолар чор атрофга сачраётган фаввораларга ярашиб турарди…
(Давоми бор)
Нодира Бегим,
Тошкент — Дубай — Тошкент
Декабрь — Январь
«Дунё ўзбеклари» учун махсус

Ўхшаш мақолалар:

  1. Исмат Хушев – Истанбулда! «Туркияга саёҳат» туркумидан (7-қисм, давоми)
  2. Исмат Хушев: Абдулла Орипов Америка тупроғида — Сафар таассуротлари (2-қисм)
  3. Исмат Хушев: Абдулла Орипов Америка тупроғида — Сафар таассуротлари (3-қисм)
  4. Исмат Хушев: Жума, шанба, якшанбада — «Гоҳ сайр ҳам даркор экан…» (Фотолавҳа)
  5. Исмат Хушев – Туркияда (Анталияга саёҳат” туркумидан) 3-қисм
  6. Анвар САЙРАМИЙ: НЕВА САРИ САЁҲАТ (Йўл очерки)
  7. Анвар САЙРАМИЙ: ОЛТИНЧИ ҚАБР (Ҳаётий-фожеий ҳикоя)
  8. Исмат Хушев: Қодиржон Ботиров билан учрашув — “Истанбулга саёҳат” рукнидан
  9. Анвар Сайрамий: Орқага йўл йўқ (Сафар саргузаштлари)
  10. Нодир Бегим: Дубай сафари таассуротлари… (2-қисм)
  11. Миллионер Шоира Хасанова Нью Йоркда таниқли рассом Омон Азизов билан учрашди
  12. ЎзА — Испанияга сафар: Мадридда дарахтларга эътибор қандай?
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

1 Comment

  1. али:
    25/01/2017 в 17:42-

    Dubay sayohatini davomini qachon o’qiymiz ? Rahmat opa

    Ответить

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.