Шош. 1436-ҳижрий йилнинг Жумадул аввал ойининг 19-санаси, милодий ҳисоб бўйича 2015 йилнинг 10 марти, сешанба…
Бу хабар ўрта асрларда юз берганда, ёхуд, бундан юз-юз эллик йиллар бурун содир бўлганда, эҳтимол, бошқача акс садо берган бўларди. Тужжор — савдогар, сайёҳ ва мусофир, дунёгашта дарвиш — қаландар зоти борки бу совуқ хабарни туялар карвонида саҳрою чўллар оша, сокин ва жўшқин дарёларни кечиб ғарибу ғаний эллар оралаб уммонлар суви бош уриб тургувчи қуруқликнинг энг сўнгги нуқталаригача етказиб боришарди. Бу вақт орасида эса, шайхнинг қабри узра майсалар юз кўрсатган, яшилликка бурканган қабристон оғушидаги сағаналар тепасида тирикликдан ягона нишона бўлган майса ва гиёҳлар аллақачон хазонликка юз бурган бўларди.
Шайх эса, куни кеча, ўзлари маъвизаларида кўп бор таъкидлаганларидек, салотда – икки салом оралиғидаги фурсатда, дорулбақога рихлат қилди. Ўлим ҳақ. Бу хабар ҳали унинг Эски шаҳардаги Оқилон гузаридаги ҳовлисига, мушфиқ аёли, фарзанди аржумандларига етиб келмасдан бурун дунёнинг тўрт тарафига тариқдай сочилиб тарқаб кетди. Мен ўзим яшаб турган манзилдан бор-йўғи бир даҳа нарида юз берган тақдирнинг бу ҳукмини дунёнинг нариги бурчагидан бонг ураётган корчалон хорижлик мухбирнинг шошилинч хабаридан итифоқо эшитиб қолдим. Қорин ғамида бир нима тановул қилиш илинжида ошхонада ўтирган эдим. Радиодан “Шоштепалик Шайх ҳазратлари қазо қилди!” деган хабар янгради.
Дастлаб, бу хабарга ҳеч ким эътибор қаратмади. Оч одамнинг қулоғига нима ҳам кирарди. Ўзимдан қиёс. Ачинарлиси, мен ҳозир шу очларнинг қаторида — ошхонанинг бир четида мунғайиб ўтирар эдим. Шундан кейин ҳам денг, емакхонада ўтираверибман. Дунёбехабарлик шу даражада.
Албатта, шу лаҳзаёқ, югуриб кўчага отилишим, “Эй, одамлар! – дея бонг уришим шарт эмас эди. Ахир, улуғ бир зотнинг атиги бир неча дақиқалар бурун кўксида тепиб турган барҳаёт юраги уришдан тўхтагани, қалин қошлари орасидан атрофга журъат ила боқувчи – душманларини таҳликага солувчи кўзлари мизғиб олиш учун эмас, мангуга юмилгани қанчалик оғир бўлмасин, айтилди. Бу каби қалтис ва оғир мусибат ҳақидаги хабарни дунёга тарқатишга устаси фаранг бўлган мухбирлар борлигига шукр. Мен фақат уни тасодифан эшитдим, холос. Ошхонага кирмай, кўчада тентираб юрганимда нима бўларди? Пиёлага қуйилган чой аллақачон совуб қолди, хаёлим аллақайларга кетиб қолди. Ўтиравердим. Эҳтимол, шунинг учун ҳам емакхонада узоқ қолиб кетгандирман. Кейин, эсимни йиғиб олиб кўчага чиққанимда, ўзимга кела бошлаган эдим. Бу улкан фожеа эди. Унинг кучи минг тўққиз юз қирқ биринчи йилнинг йигирма биринчи июнидан йигирма иккинчи июнга ўтар кечаси юз берган фожеа билан тенг эди. Кунчиқар мамлакатида юз берган денгиз тўфони оқибатларидек қайғули эди. Бу чинакамига оламнинг ўлиши эди.
Борган сари фожеа кучи залворини ҳис этиб борардим. Йўл машинасида ўтириб Ўқчи маҳалласи сари йўл олганимда шуни англадимки, бу воқеадан аксарият одамлар бохабар эди. Қачонлардан буён боши дўпини кўрмай келганлиги шундай кўриниб турган дўппили кишига кўзим тушганда кўнглим сезгандек бўлди. Ҳойнаҳой юзлари сўлғин бу одам жанозага ошиқяпти. Тахминим тўғри чиқди. Афтидан шаҳар атрофидаги қишлоқларнинг биридан келаётган бу йўловчи ҳайдовчидан Самарқанд дарвозага қандай етиб олишини сўради. Мен беихтиёр олис қишлоқдан дафн маросимида иштирок этиш учун келаётган кўнгли ғариб кимсага эргашдим. Самарқанд дарвозадан Оқилон гузари сари кетадиган йўл бошида бир муддат гангиб туриб қолдим. Соат энди ўнлар. Шайхни пешинда, ким билади, балки асрда чиқаришар. Аммо катта йўл четидаги йўлаклардан Кўкча масжиди сари ошиқаётган турфа ёшдаги шаҳарликларни Шайх Зайниддин ва яна ўнлаб улуғ зотлар дафн этилган манзил томон кетишаётганини кўрганимда кўнглимнинг қаеридандир нимадир узилганини ҳис этдим. Катта кичик, ёшу қари хавотир билан кетиб боришарди. Бир муддат бурун ошхонада қурсоқ ғамида дунёни унутиб ўтирган мен дунёбехар меҳр ва оқибатли инсонлар қаторида индамай кетиб борардим. Қадимий Уккоша булоғи қошидан ўтаётганда ҳис этдимки, Эски шаҳарнинг жин кўчаларидан саросима алфозда чиқиб келаётган кимсалар сонининг адоғи йўқ, охири кўринмас, одамлар улкан оқимга айланиб тобора олға – масжид томон силжирди. Жомеъга беш юз метрлар қолганда тўхтадик, олдинда денгиздек чайқалиб турган ғаройиб издиҳом кўзга ташланарди. Кичик ирмоқлардан ҳосил бўлган жилғалар кўз очиб юмгунча дарё, кейин денгиз ва уммонга айланган эди. Уммоннинг қудратини сиз яхши биласиз. Мен туртиниб-суртиниб ана шу қудратли уммонинг қоқ киндигида турардим. Шу боис унинг бутун қудратини тўлиқ ҳис эта бошладим. Кимдир пиқ-пиқ йиғларди, кимдир атрофдагилардан уялмай-нетмай телбаларча ўкирарди, кимларнидир кўз ёшлари ёноқларидан думалаб соқоллари орасига сингиб кетарди, кимлардир фақат истиғфор айтарди…
Ажабо, шайх қайси даврада иштирок этмасин, мухлислари дарагини топиб изидан етиб боришарди. Ортидан туриб ибодат қилишни, маъвизаларини эшитишни, масту мустағриқ дуоларидан баҳраманд бўлмоқни, файзли суҳбатларида иштирок этмоқни орзу қилишарди. Чиркин дунёда ўзига заррача гард юқтирмай яшаб келган шайхнинг ихлосмандлари беҳисоб эди. Бугун уни билган билмаган, суҳбатларини жон қулоғи билан тинглаган, энг оғир ва мушкул дамларида далда берган, турли саволларига таскинбахш жавоблар ололган кимсалар ўз шайхларини сўнги манзилга кузатишга ҳозир эди.
Телефоним жиринглаб қолди. Танишим, соат ўн иккиларда учрашишга ваъдалашганман. “Шайх ҳазратлари оламдан ўтибдилар. Кўкчада учрашайлик” – дедим. У мени яхши эшитмади. Кўкчада учрашайлик, дедим яна. Йўқ, йўқ… Кўкча томонда нимадир бўлмоқда, хавотирли овоз келди гўшакнинг нариги томонидан. Эрталабдан масжид атрофида тумонат одам, қандайдир ғалаён бордай, деди. У, йўловчи автоуловида келаётганда ушбу манзарага гувоҳ бўлган ва бояги гумонда экан. Мен аниқлик киритиб шайх оламдан ўтибдилар, дедим.
— Қанақа шайх?
— Шайх ҳазратлари…
— Қанақа ҳазрат?..
Кейин ўзим қўнғироқ қиламан… танишим билан хайрлашдим. У барибир шайхни билмасди…
Жанозага келаётганларнинг охири кўринмасди. Яқин Шарқ мамлакатларидан бирида ярим асрдан кўп жуҳудлар билан ҳақ талашган, номи элларда достон бўлиб кетган афсонавий саркарданинг дафн маросимини ойнаи жаҳонда кўрган эдим. Большевиклар замонида ҳам арбоблар оламдан ўтганини эслайман. Тумонат одам бўларди. Мактаб болалари турли байроқчалар кўтариб қато-о-ор туришарди. Ясама бу дафн тадбирлари тезда унитилиб кетарди. Гўринг нурга тўлгур шайхда не хосият борки, бу қадар одам кўп. Улар бу шум хабарни кимдан, қаердан эшитганини айтиш қийин ҳозир.
Беихтиёр кўзларимга ёш келди. Омманинг таъсири менга ҳам кўчган эди. Хуфтон диллар, маъюс нигоҳлар, афсус ва ўкинчлар… Мен уммон мисол чайқалиб турган издиҳом ичида туриб фожеанинг улканлигини англашга уринардим. Шайхнинг этагини тутиб ботилдан юз бура олган бир авлод саф тортиб турарди, истиғфор айтиб уламолар ҳукмини кутишарди.
Шайх ҳазратлари ким эди? Оддий бир инсон фарзанди бу қадар меҳр-муҳаббатга қандай эришиши мумкин? Мен тўда ичида ана шу ҳақда ҳам ўйлардим.
Шайх қанчалик нуфузи баланд бўлмасин, дунёга дил боғламади, ҳокимиятга интилмади. Қирғин барот уруш бўлаётган жойларда икки томонни яраштириш учун Ҳабашистондаги не-не нотинч ўлкаларга тинчлик олиб борди. Ислом, бу — тинчлик! Асрлар давомида Кавказда давом этиб келган хунрезликлар шайх ҳазратлари туфайли тўхтади. Кези келганда имом Шомилдек афсонавий йўлбошчига ҳам бўйсунмаган мағрур, жангари тоғликлар шайх ҳазратлари қошида юввош тортиб, қуролларини ташлаб тинч ҳаёт йўлига қадам қўйишди. Шайх ҳазратлари афғон жангариларининг шафқатсиз йўлбошчиси билан уруш кетаётган ҳудудда ёлғиз Оллоҳ ва Қуръон гувоҳлигида жонини гаровга қўйиб баҳслар олиб борди.
Президентлар, давлат раҳбарлари, қироллар, вазирлар уни суҳбатига қулоқ тутишар, қабуллар уюштиришарди.
Ургутлик фақиҳ, мутасаввуф, кароматлари зоҳир Арабхон эшон дунёдан этак силтаб кетишларидан сал бурунроқ, худо кўнглига солиб, минг-минглаб шогирдларига: “Мендан сўнг Шайхни этагини қаттиқ тутасизлар” деб васият қилади. Доғистонлик беназир олим Муҳаммад Ҳабибуллоҳ: “Доғистон, Кавказ ва Ўрта Осиё уламолари бир овоздан унинг буюк олимлигини эътироф этишган.
Шайх ҳақида худди Имом Абу Ҳанифа шаънига айтилган фикрларни айтиш мумкин. “Унга фақат ё ҳасадгўй, ё жоҳил тил теккизади”
Шайхнинг сайтига хакерлар ҳужуми кетган лаҳзалар доктор Юсуф Қарзовий, доктор Али Қорадоғийлар шайх мухлислари ва ватандошларига савру тоқат сўраб таъзиялар жўнатдилар.
Шу кун Кўкчанинг Оқилон гузаридаги мотам иймон жой олган кўнгилларга кўчди. Шайхнинг энг яқин шогирд муридлари тобути қошида туриб йиғлади. Ўшу Андижон, арабу ажам, Кавказ, Доғистону Чеченистон мотам тутиб қайғурди. Водию Шошда бошланган хатми қуръонлар узоқ-узоқларда ҳам давом этди. Кавказнинг осмоўпар тоғлари орасида янграган Каламуллоҳ садолари ҳам шайх учун янгради.
Шайхнинг беқиёс улуғлиги унинг беҳад босиқлигида эди. Дунё не-не жиззаки, қизиққон номдор олимни, алломани кўрмади. Улар инсоният учун фақат мусибат ва муаммодан ўзга нарса келтиргани йўқ. Уларни номи тилга олинганда кўз ўнгингизда қонли урушлар, тул қолган аёллар, етим-есирлар гавдалана бошлайди. Шайх эса ҳаётини жангу жадалларни тўхтатишга бағишлади. Қон тўкиш барча динларда қораланади. Дин номидан, диннинг яратувчиси номидан аюҳаннос солиб арзимас сабаблар боис Одам фарзандлари бошини сапчадек узиб интернет тармоқлари орқали “мана кўринглар” дегандек намойиш этиб инсон зотини таҳликага солаётганлар, қўрқув ва исканжага ташлаётганлар билан енг шимариб баҳсга киришган зотларнинг энг одили, ҳақгўйи эди. Шайх жангга ҳеч қачон қурол кўтариб чиқмаган. Ўткир, бурро сўзлари, далил ва исботлари билан, оят ва ҳадислар билан ҳар қандай рақибни янглиш йўлдан кетаётганини исботлаб берарди. Агар у бизга мис бўлиб кўринаётган ашёни олтин деса, ўз сўзини асослаб бера оларди. Шайхнинг аксар мухлис, ихлосмандлари ана шу тоифа, яъни, бир эмаклаб “олим” бўлиб, кейин шайхнинг ваъзлари туфайли кўзлари очилган, тўғри йўлга кирган одамлар эди. Шу боис, унинг ихлосли шогирдлари беҳад кўп эди. Ер юзида 60 -70 йил изғиб, ортида қолганларга бир чолдевор қолдиришга қурбат кўрсатмаётган одамлар яшаётган заминда, шайхдан икки юздан ошиқ китоб мерос қолди. Икки юз китоб. Бу китоблар оддий инсонларни кундалик ҳаётларда амал қилиши керак бўлган йўл-йўриқлар, турли диний аҳкомларга ёзилган шарҳ, ўта нозик ва қалтис ҳолатларда қандай иш тутиш кераклиги ёзилган рисолалар, ҳадис ва илоҳий сўзлар тафсири… Хуллас, инсоннинг умр йўлида ҳар қадамда ас қотадиган йўлёритгич, дастурлар.
Бундай беминнат ҳиммат учун бутун шаҳар шайхни бошига кўтариб юришга тайёр эди.
Шайхнинг Оқилон гузаридаги ҳовлиси ҳамиша гавжум бўларди. Унинг дарвозаси тагида ҳар турли кимсаларни учратиш мумкин эди. Авом, калтафаҳм – думбул кимсаларни ҳам, толиби илмларни ҳам, мушкул аҳволда қолган кимсаларни ҳам, шайхни синаш учун фитна қўзғовчи ғаламисларни ҳам, дунёнинг нарига чеккасидан ўз саволига жавоб тополмай келган оввораю сарсон мусофирларни ҳам, бойларни ҳам, фақирларни ҳам, ўта тақводор зотларни ҳам, худодан қайтган муртадларни ҳам учратиш мумкин эди.
Китоблар, рисолалар, илмий асарлар…
Ҳали ҳеч ким билмаган, беозор болакай бу мартабага кўтарилгунча ана шу дунёда яшади. У ҳали даладан говмишига бир этак-бир этак хашак йиғиб келадиган Муҳаммадаъло бўлиб юрган кезлар теварак атрофдаги ҳаёт билан илоҳий асарлар, ҳукмларни, дастурларни солиштириб кўрар, хулосалар чиқаришга уринарди. Кейинроқ у камсонли тенгдошлари қатори мадраса тупроғини ялади. Мусофирчилик, мадраса ҳаёти уни тоблади. Муҳаммадаълонинг мадрасада кечган дамларини шундай эслашади:
У, илоҳиёт ҳақида сабоқ олишда пешқадам эди. Ҳаёт тарзи эса, орифона эди. Унинг руҳи баландларда учиб юрарди. Назаркарда зотлар уни кўрганда: “Бу бола ҳойнаҳой покдомон тасаввуф пиридан сабоқ олганми…” деган хаёлларга боришарди. Муҳаммадаъло илмни кундалик ҳаётга яқинлаштирди, кўнгилни — ҳаётини эса, руҳоний дунёга боғлади. Шу боис у, дин арбоблари билан ҳам, тасаввуф аҳли билан ҳам баҳсга кириша олар, энг нозик саволларга ҳам аниқ ва пухта жавоблар бера олар, бу билан дўстлари сони янада ортар, рақиблари эса, нафаси ичига тушиб кетар эди.
Тасаввуф йўлига кирган бир дарвиш унинг ҳузурига кириб шундай деди.Мен пиримдан вазифа олдим. Минг ракат намоз ўқиб Одам алайҳиссаломга бағишлашимни, яна минг ракат ўқиб Идрис алайҳиссаломга бағишлашим керак экан. Кейин яна шунақа амалларни узоқ давом эттиради. Шайх гапни охиригача эшитадилар ва дейдилар: “Бунча ишни қилиб ҳар кимга бағишлайверсанг, ўзингга нима қиласан.Ўзинг учун вақт топа оласанми”, дейди…
Пиқ-пиқ йиғлаётган эллик ёшлар атрофидаги киши диққатимни тортди. Худди ёш боладек бурнини тортиб қўяр, хаёли ўзида эмас – ўзи билан ўзи, томирлари туртиб чиққан қўллари билан иягини бир парча лойни пишитаётгандек тўхтовсиз эзғиларди, афтода бошини чайқаб нималардир дерди, аммо уни нималар деётгани эшитилмас, шундай бўлса-да, ички дунёсида юз бераётган ғалаёнлар нуқси унинг қиёфасида зоҳир эди. Назаримда у киши ҳозир маҳшаргоҳда эди. Тахминим рост бўлса, озмас – кўпмас, эллик йиллик ҳаётий тажриба билан бу кимса айни дамда атрофида ўзидек музтар турган беҳисоб кимсаларни кўрмаётган эди.
Жомеъ томондан шаҳар қозисининг мунглуғ овози янгради. Қози овоз кучайтиргич орқали издиҳомни бошқаришга уринарди. Билишимча, тобутни масжид саҳнига олиб киришда муаммо чиққан эди. Одамлар, ёш-яланг, каттаю кичик тобут томон интиларди. Шу боис, тартиб бузилиб майитни кўтариб олға силжиш имкони бўлмаётган эди.
“Эллик метрлар масофага бир ярим соат вақт кетди, бу туришда шайхимизни сўнгги манзилларига қўйишимиз ғайри имкон”, дерди қози ҳирқироқ овозда.
— Йўлни очинглар! Илтимос қиламан сизлардан! Қозининг гапи қани бировининг қулоғига кирса.
Оломон, бу — олмон.
Овоз кучайтиргичдан қозининг йиғи аралаш овози атрофга тараларди. Қози ҳам осмондан тушган эмас, худди биздек хом сут эмган банда, шайхимизнинг муҳибларидан бири, аммо вазият тақозосига кўра ҳозир у ана шу ғамга ботган оломонни бошқариши лозим. Жилла қурса, у ўзини қўлга олиши керак.
— Жон, укалар! — дея, ёш-ялангга ялинарди қози, кейин мусибат пайти кишини сабрга ундайдиган оят, ҳадисларни келтирар, гоҳ ўзини тутолмай қаттиқроқ ҳам гапириб юборарди.
Оломон денгиз бўлиб чайқаларди. Жомеъ саҳнида нималар юз бераётганини фақат тахмин қилиш мумкин.
Ҳеч қанча ўтмай жомеънинг ичкарисидан овоз кучайтиргич қозининг йиғи аралаш овозини кўчада ҳайрону лол турган кимсалар томон яна етказарди. Таниш йиғи қулоқлари остида янграганда оломон яна шамол қутуртирган уммондек, безовта бўлиб жонлана бошларди. Кўкча Кўкча бўлиб бу қадар ўкирик ва йиғини, қадди дол эр кишиларни кўрмаганди. Эҳтимол, қачонлардир бу шаҳар эгалари жон ва моллари омон қолиши илинжида ёвга шаҳар дарвозаларини очиб бериб, душманга нон ва туз тутган шармандали кунлар ҳам эл пана пастқамда, кўздан панада худди шундай мотам тутгандир…
Ўрта Шарқ мамлакатларида чавгон ўйинларида ҳам бу қадар оломон тўпланмас эди. Подшоҳи аъзамнинг чопарлари шаҳар кўчаларида изғиб, “Эшитмадим деманг-ла-ар!..” дея жар солиб чорлаганда ҳам бу қадар киши кўчага отилмасди. Сайилларда, кўпкариларда, қирқ қозонда ош дамлаб чорлаганда ҳам бундай издиҳом тўпланмасди. Икки йил бурун чипталари сотилиб меҳмонхонаю айш-ишратлари шай бўлган катта футбол ўйинларининг ҳал қилувчи мусобақасида иштирок учун келадиган ишқибозлар тўдасию ҳайқириқлари ҳам бугунги кутилмаган йиғин олдида ҳеч нима.
Жаноза намози пешиндан ярим соат бурун ўқилди. Одамларни тинчитиш, вазият издан чиқиб кетмаслиги учун бўлса керак, ҳали ярим соат вақт борлигига қарамай азон садолари янгради. Оллоҳнинг ҳукми улуғ. Пешин намози улкан жамоат бўлиб адо этилди. Охири кўринмас намозхонлар ичида мен ҳам қўл қовуштириб Оллоҳга юзландим. Кейин. Кейин шайх ҳазратларининг жанозаларига ҳозир бўлиш эълон қилинди. Жаноза намозини муфтий ҳам, қози ҳам ўқимади. Қозининг ҳирқираган овози янгради: “Азизлар, устозимиз, ҳурматли шайхимизнинг жанозаларини фарзанди аржуманлари Исмоилхон ўқиб берадилар”.
Оломон жунбушга тушди. Яна йиғи-сиғи, ўкириклар.
Оллоҳу акбар! Исмоилхон қиблагоҳи жанозасини ўқирди. Улуғ зотнинг фарзанди. Мусибатнинг залвори ҳозир кўпроқ унинг елкаларида. Аммо ҳозир сафнинг олдида намозда унинг овози шайхнинг ҳаётлик пайтларидагидек ўктам янграрди. Исмоилхон минг-минглаб намозхонлар олдида туриб Ҳақнинг фарзини, падари наздида фарзандлик бурчини адо этарди.
Шайх ҳазратларининг руҳлари шу кун шод бўлди, деб ўйладим. Икки киши сохта гувоҳлик берса бу дунёда не ҳукмлар амалга ошмайди. Минг-минглаб ёш-яланг, орифу обид, мазлуму мусофир, олиму муфассирлар, оддий инсонлар чин дилдан яхшиликларига гувоҳлик бериб турган зотнинг руҳи суюнмай йиғлармиди?..
Шайх ҳазратлари узоқ умр кўрдилар деб бўлмайди. Аммо, 63 йил камми?
Мен худди инсоннинг қон томирларидек буралиб, илдизлари ер қаърига сингиб кетган минг йиллик чинорларни кўрганман. Мингга кирган,- дея таърифи келтирилган арча қошида, “Наҳот шу дарахт ўн асрлик талотўмларга гувоҳ бўлган бўлса” деган ўйлар билан андишаларга борганман. Неча юз йил ер юзида тентиган қарғани Дўмбиробод боғида ҳам, Зомин тоғларида ҳам, совуқ забтига олганда шаҳар кўчаларида ахлат уюмлари орасида қарр-қаррлаб юрганини кўрганман. Ер юзида кўп йиллар судралиб юрган, қартайиб қолган тошбақаларгада гувоҳ бўлганман.
Тошкентни титратган бу жаноза ҳақида ҳали ҳануз ҳар хил гаплар юради.
— Уларнинг аксарияти томошабин эди, — дейди, ўша куни уйидан кўчага чиқмаган бир дўстим.
Эҳтимол, шундай. Ўша, дўстим айтаётган томошабинларнинг бири мен эдим. Шу кун менинг кўр кўзларим очилди. Ҳаётга, одамларга, тириклик аталмиш неъматга бошқача қарай бошладим. Кўкча, Эски Жўва кўчаларида денгиздек чайқалган юз минглаб қалблар ҳам ўзларида шундай туйғуларни ҳис этди.
Йиллар ўтар. Одамлар, менинг дўстим айтганидек, кўп тамошаларга гувоҳ бўлар. Аммо, у тамошалар…
Алишер Нарзулло
“Tafsilot.uz”