Исмат Хушев: Собиқ вазирнинг икки ўлими (“Ўтганлар ёди” туркумидан)
Шанба куни Тошкентда Пўлат Нўмонов маъракаси ўтказилади…
Ўзбекистоннинг таниқли вазирларидан бири вафот этганига бир йил бўлди…
Собиқ мулозимлар хотираси муҳожиротдаги ўзбек журналисти нигоҳида
Ислом Каримов тириклигида ёзилган мақола
1.
Тошкентдан олган хабаримизга кўра келаётган шанба куни эрталаб соат 10.00 да пойтахтдаги машҳур “Саёҳат” тўйхонасида таниқли давлат ва жамоат арбоби Пўлат Қодирович Нўъмонов вафотининг бир йиллиги муносабати билан маърака бўлиши маълум қилинди.
Пўлат ака билан биз яхши ва самимий муносабатда эдик.
У киши мустақиллик йилларининг ўт – олов вазирларидан эди. Сўзидан – маъно, қадамидан – ўт чақнарди.
У киши кучли нотиқ эди. Сўзга уста, ҳалол ва фидойи, ўз соҳасини яхши билган тажрибали раҳбар эди.
Биз юқори давлат лавозимидаги Пўлат аканинг кутилмаганда ишдан олинганини эшитиб ажиб ҳайратларга учраган бўлсак, орадан кўп ўтмай худди шундай кутилмаганда у кишининг бевақт вафотини эшитиб чексиз дарду-ҳасратларга кўмилган эдик…
2.
Ҳар қанча бўлса ҳам биз қизил империяни баъзан ҳақ ва ноҳақ айблаб ташлашга ёмон ўргандик.
Ўтмишимизни бир чеккадан қоралаш, бугунги кунни кўзни юмиб туриб ҳадеб олқишлаш ҳам инсофдан эмас.
Оқни оқ, қорани қора деб айтишимиз керак. Шунга амал қилсак – адолатдан бўларди…
Шу жиҳатдан Пўлат Нўъмоновнинг ҳаёт йўли кўпчилик учун ўзига хос ибрат мактабидир.
Ўзбекистонда сал кам қирқ йил Тошкентдаги машҳур болалар уйи (детдом) ни ўзига хос фидойилик билан бошқариб келган Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Антонина Хебушкинани “Онам – онажоним!” деб ардоқлагувчи Пўлат Нўъмонов отасиз ва онасиз ана шу детдомда тарбия топган эди.
Антонина Павловна – Ўзбекистонда энг машҳур ва улуғ тарбиячи педагог. Пўлат Нўъмоновга ўхшаш анчадан қанча етим есирларни тарбиялаб, ҳаётга йўллаган фидойи инсон.
Лекин шундай ажойиб бир инсон хусусида ҳам ҳукумат кейинги пайтларда лом лим деймай қўйди…
3.
Ажабки, айни қисмат кейинчалик Пўлат Нўъмоновнинг ҳам чекига тушди.
Кечаги етим бола совет даврида Москвадаги нуфузли техника олий ўқув юртларидан бирини имтиёзли диплом билан битириб, Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида ҳатто Бош вазир ўринбосаридек юксак лавозимда ҳам самарали меҳнат қилди.
Ҳукуматдаги бу лавозимда Пўлат Нўъмонов республикадаги қурилиш, транспорт ва алоқа тизимларини назорат қиларди.
Қурувчилар орасида катта нуфузга эга бўлган Пўлат Нўъмонов шахсан Ислом Каримовнинг тавсияси билан мамлакатнинг энг мураккаб ва махсус вазирликларидан бирини бошқарди.
У “Махсус монтаж ва қурилиш ишлари” (Минмонтажспецстрой – Министерства Монтажных и специальных строительных работ) вазири этиб тайинланади ва ўн йил шу соҳада фидойилик билан меҳнат қилди.
Бугун мустақил Ўзбекистоннинг кўркига кўрк қўшиб турган пойтахтдаги ноёб қурилиш, кошона ва саройларининг барчасида у кишининг муносиб ҳиссаси, ташкилотчилик хизмати ва излари бор.
Ўзбекистон меҳмонхонаси ва метроси, йигирма қаватли мўҳташам ҳукумат биноси, “Халқлар Дўстлиги” саройи, “Алгоритм” заводи, Тошкент телеминораси, Чирчиқдаги электр ишлаб чиқариш ва Бекободдаги ўзбек металлургия комбинатлари, Янги Ангрен (Новоангренсой) ГРЭСИ, Самарқанд, Бухоро ва Фарғонадаги йирик саноат иншоотлари моҳир ташкилотчи Пўлат Нўъмонов бош бўлган вазирликнинг ижод ва меъморлик майдони эди.
Ана шундай ажойиб ва афсонавий қурувчи кутилмаганда ишдан олиниб, четга чиқарилди.
Вазирлик йўқ қилинди…
4.
Бизда жуда ёмон бир одат бор. Қайси вазирни ишдан олиш керак бўлса, аввал унинг вазирлиги парча парча қилиниб, тугатилади.
Сув ва Қишлоқ хўжалиги вазири Тўхтамиш Боймировни ҳам ишдан олиш керак бўлганида худди шундай қилинган эди.
Ҳолбуки бу вазирлик қанчадан қанча сув хўжалиги иншоотларини, неча ўнлаб катта кичик канал ва сув ҳавзаларини, дарё ва сув омборларини ўз ичига оларди.
Ўшанда – Ўзбекистондаги қурувчилар орасида ягона Давлат мукофоти соҳиби бўлган Тўхтамиш ака ҳали 60 га ҳам тўлмаган эди…
Иккинчи ёмон одат – бу кадрлар сиёсатига масъул бўлган раҳбарларнинг “овчилик”ка муккасидан кетгани, “одам ови”га жуда ишқивозлигидир!
Ҳа, улар одамлар тақдирини ҳал қилиш имкони берилганда афсуски баъзан қўлида милтиқ билан ўрмонга овга чиққан одамга ўхшаб кетадилар.
Ва ўша куни бахтли ва бахтсиз тасодифга кўра дуч келганни – у қашқирми ёки кийикми, ҳавас ила ва бир зумлик завқ учун ота бошлайдилар.
Бундай овчилар ҳаёт билан видолашув нақадар оғир ва даҳшатли ҳодиса эканлигини гўё унутадилар.
Бизнинг кадрлар сиёсатимизда ҳам, афсуски, баъзан шунга ўхшаш овчилик бўлиб туради…
Пўлат Нўъмоновнинг кутилмаганда ишдан четлатилишига Президент атрофидаги мулозимларнинг иғвоси сабаб бўлгани учун айтаяпмиз бу гапларни…
5.
Ҳар қандай ўлим – тириклар учун аслида сабоқдир…
Бу бевафо дунёда буюк бир ҳақиқат бор: бировнинг тақдирини ҳал қилаётганда, унинг устидан ҳукм чиқараётганда мулозимлар бир зум ўша одам ўрнида ўзларини қўйиб қўрмоқлари лозим.
Ўшанда одам боласи кўпгина гуноҳларни содир этмаган бўларди…
Бевафо дунёнинг иккинчи буюк ҳақиқати шуки, таниқли давлат ва жамоат арбоблари, раҳбар ва ижодкорлар учун иккита ўлим бор: бири – жисмоний, иккинчиси – маънавий ўлим.
Маънавий ўлим улар учун жисмоний ўлимдан ҳам оғир эканлигини ўша овчилар билармикан?
Афсуски Ўзбекистонда бугун жимгина ва жисмонан бош кўтариб юрган, аслида эса ўша овчиларнинг гурзиси туфайли аллақачон маънавий ўлдирилганларнинг рўйхати талайгина:
Аллома олим Иброҳимжон Искандаров, академик Бахтиёр Назаров, Тўхтамиш Боймиров, Юсуф Абдуллаев, Алихон Отажонов, Раҳим Ражабов, Эркин Самандар, Назир Ражабов, Қаюм Ҳаққулов, Темур Хидиров, Убайдулла Ёмонқулов, Ўрайимжон Абдуғаниев, собиқ сенаторлар Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўзбекистон халқ шоирлари Гулчеҳра Нуруллаева, Ҳалима Худойбердиева, ёзувчилар Шукрулло, Мамадали Маҳмудов, таниқли журналистлар Шароф Убайдуллаев, Карим Баҳриев…
Сиёсатнинг ўзгармас бир қонуни бор: ҳар бир арбоб ҳар бир даврда сиёсий ҳаёт денгизида ўз командаси билан сузади. Бу тушунарли.
Лекин баъзан мақсад бирлигида айрилиқ йўллар ҳосил бўлганда, ўша собиқ сафдошини командадан чиқариб, кемадан тушириб қолдириш мумкин.
Лекин ҳар қандай камчилиги бўлишидан қатьий назар, уни ўша денгизда ғарқ қилиш шарт эмасдир.
Мен Шукрилла Мирсаидов ва Мавлон Умрзоқовларни назарда тутяпман.
Улар мабодо Тошкентга сиғмаса, Ўзбекистоннинг ер юзида 100 га яқин элчихона ва консулликлари бор, улардан шу соҳада фойдаланса бўларди.
Масалан Шукрилла Мирсаидов Ўзбекистоннинг Хитойдаги жуда зўр элчиси бўлиб ишлаши мумкин эди. Шундай қилинганда балки у киши ҳали ўлмай, орамизда яшаб юрган бўлармиди…
Мавлон Умрзоқовни Тожикистонга элчи қилиб юборсак, ўзи асли келиб чиқиши ўша томонларга бориб тақаладиган бу одам жонини жабборга бериб ўзъаро муносабатларимизни бугунги ачинарли ҳолга келишига йўл қўймаган бўларди…
Президентнинг собиқ Давлат маслаҳатчиси Бахтиёр Ғуломов кучли дипломат эди. Қўли ва кўнгли тоза одам эди.
Ўз соҳасида буни ҳамма тан олади.
36 ёшида генерал бўлган, бутун умри махфий хизматда ўтган бу фидойи ва истеъдодли йигитни жуда барвақт ишдан четлатиб ким ютқизди?
Мамлакат ва халқ ютқизди!
Бизда яна бир бемаъни одат бор.
Собиқ арбобларни майдондан сурганда уларнинг авлодлари ҳам йўлдан олиб ташланади. Даврадош, сафдош ва қариндошлари ҳам тазйиқ ва тафтишга юз тутади.
Мутлақо нотўғри ва ноинсоний бу сиёсат!
Ҳатто бутун умри мустақилликка сарф бўлган республика мулозимларининг оқсоқоли Исмоил Жўрабековга ҳам Олий раҳбариятдан битта қора чопон кийиб кетиш насиб этмади…
Елкасини қисиб, умрида қўлига қалам ушламаган Шоғуломовлар 20 йил матбуот министри бўлиб, миллион тиражда чиқадиган газеталарни минг марта қисқартиришга муяссар бўлди.
“Нега бундай бўлди?” деб ҳеч ким улардан сўрамади…
6.
Шанба куни маъракаси бўладиган Пўлат Нўъмоновга ўхшаш собиқ арбобларнинг куч қудратга тўлиб, халқига, ватанига фидойилик билан хизмат қилиш мақсадини дилига тугиб, кеча кундуз элим – юртим деб ёниб турган бир пайтда эрмак учун овга чиққан Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги овчиларнинг ўқига дуч келганлиги нақадар ачинарли ва афсусланарлидир…
Шундай фожеали тақдирларни алам ва андуҳ билан эслаганда кўнгилда бир савол пайдо бўлади: наҳот бу овчилар биз ўлмаймиз деб ўйласалар…
Улар ўзларини бу дунёнинг абадий устуни бўлиб қоламиз деб фараз қилсалар керак.
Ана шундай пайтларда беихтиёр Миср фиръавинлари ўзларини худо деб эълон қилганлиги ёдимга тушади.
Ўзини худо деб билганларни ҳам ўлим аямаслиги табиий бир ҳол-ку! Наҳот шу оддий ҳақиқатни ҳам улар тушунмаса? Уларнинг ўлими жуда оғир бўлади-ку!
Чунки улар ўлим олдида ўзларининг овчилик қилмишларини бирма бир кўз олдига келтиришга мажбур бўлишади.
Бу эса уларнинг бир эмас, бир неча бор ўлим талвасасига тушишга, ўзлари отган ногоҳий ўқлар учун худо олдида жавоб беришга тўғри келади…
7.
Пўлат Қодирович Нўъмонов 2013 йил 26 январь шанба куни вафот этган эди.
Ҳолбуки, у киши ҳали куч қувватга тўла, бардам ва бақувват эдилар.
На чора, ўлим ҳақ.
Лекин ноҳақлик ва адолатсизлик ҳам унинг келишини тезлаштирган бўлса-чи, шундай ажойиб ва фидойи инсоннинг умрини бевақт қирққан бўлса-чи…
Пўлат Нўъмоновнинг оила аъзолари ва фарзандларига, дўстлари ва сафдошларига, қисматдошларига бугун олис Канададан туриб сабр тоқат ва бардош тилашдан ўзга чорамиз йўқ…
Безовта руҳингиз ҳаққи ҳурмати – бизни кечиринг, Пўлат ака…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
январь, 2014 йил, якшанба
Торонто шаҳри, Канада
БИЗГА ЎЗБЕК СААКВАШЕВИЛИ КЕРАК! БОШҚАЧА ВАРЕАНТ ОРҚАЛИ ҲАҚИҚАТНИ ҚАРОР ТОПТИРИШ АМРИ МАҲОЛДИР. МЕН БИР НАРСАДАН ҚУРҚАМАН, КЕЙИНГИ 25 ЙИЛ ИЧИДА ПОРА КАРРУПЦИЯГА АРАЛАШМАГАН,УНГА ЎРГАНМАГАН АМАЛДОР, ХОДИМНИ ЎЗИ ҚОЛМАДИ. БУЛАР ИЧИДАН ХАЛОЛ ОДАМНИ ИЗЛАШ ҚУЛЛАР ИЧИДАН ОЗОД ОДАМНИ ИЗЛАШ БИЛАН БАРОБАР. НИМА БЎЛСА ҲАМ АДАШГАН БЎЛАЙИНДА.
Исмат ака ҳамма бало адолатни ҳимоя қиладиган муносиб бир шахсга боғлиқ бўлмаган сестимани яратилмаганида. Ҳеч бир одамга ҳатто у қусурлардан ҳоли бўлса ҳам ишониб бўлмайди.Биз хозир шунай пайтда яшаяпмиз бир ҳукимдорни инжиқликлари, ҳис ҳаёжонини асрига тушиб қолганмиз. Бир одамга чексиз ҳокимят беришни ўзи нодонликдир. Бу учин ҳаммамиз жавобгармиз аслини олиб қараганда.
Мен ТошГУда укиган бир журналист танишимдан нега Тошкентда колмадингиз деб сураганимда у ерда подхалимлик куп деган эди ва Ушда ишлаб пенсияга чикиб кетди Узбекистон лаганбардорлик боткогига ботган бу ким нима деса десин факт
3 шарҳ
Бизда бир ёмон одат бор,бир кишини кутарсак жуда баланд осмонга чикариб,охир окибат каерга кутарган булсак шу ердан ташлаб юборамиз ёки булмаса килган хизматлари,обруй-эътиборини бир тейинга олиб,бор буйича ерга тикиб юборамиз. Билмадим бу одатдан качон кутилар эканмиз!
Ismat aka. Sizdagi bu iste`dod O`zbekistonda amaldorlik kursingiz soyasida qolib ketgan ekan. Naqadar to`gri va rost gaplar…
Бу мақола эмас, том маънодаги ПРОГРАМНЫЙ РЕЧ бўлибди.
И.Хушевга ўхшаган журналистлардан ҳеч бўлмаганда 1-2 таси бўлганида эди Президентнинг атрофида, бунчалик хатоликларга йўл қўйилмаган бўларди.
1 шарҳ
Асслому алайкум Исмат ака! Сиздек улуг журналист бир маъколада бир инсонинг исм ва фамилиясини турлича езса яряшмайди, мана каранг: Пўлат Нўмонов Пўлат Қодирович Нўъмонов Пўлат Нўъмонович Пўлат Нуғмонов. Танкидни тугри тушинасиз деган умиддаман! Мухлисингиз Таржимон
“Дунё ўзбеклари”дан: Раҳмат, тўғрилаб қўйдик, узр…
2 шарҳ
Исмат ака. Яна бир марта қобилиятингиз ва хотирангизга қойил қолмай ҳеч иложим йўқ. Шунча мулозимларнинг исми ва мансабини эслаб қолишнинг ўзи бўладими. Ўтганларга ҳурмат, уларнинг руҳини ёд этиб туриш Сиз бош бўлган “Дунё ўзбеклари” сайтининг бош меъзони экани ҳаммамизга маълум. Шунинг учун ҳам Сизни ва нашрингизни бутун дунё ўзбеклари севиб ўқишади. Кам бўлманг, ака. Биз Сиз билан фахирланамиз.
Офарин сизга Исмат ака! Утган чорак асрлик умримизнинг жуда куп фожеаларини ва ютукларини сизнинг сайтингиз оркали билиб колаяпмиз.
Минг афсуслар булгайким, ёруг кунларимиздан кура коронгу тунларимиз куплиги бугунги тунларимизда жуда хам аниклашди.
Президентимизнинг шунча йиллик фидокорона хизматлари турт-бешта каззоб туфайли йукга чикарилиш арафасида турибди.
Халиям кеч эмас, ана шу бало-казолардан олий хокимият кутулса, таг томири билан супуриб ташласа, ЮРТИМИЗ БИР ЙИЛДА ОБОД ВА ОЗОД БУЛАР ЭДИ!!!!!