«Мискин» маҳалла мискинлари номидан қонуний чора кўриш ҳақида хат
“МИСКИН” МАҲАЛЛАСИ МИСКИНЛАРИ НОМИДАН
МАТЁҚУБ МАТЖОНОВГА ҚОНУНИЙ ЧОРА КЎРИШ ҲАҚИДА…
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Б.Абдуллаев,
Ички Ишлар вазири А.А.Аҳмадбоев,
Адлия вазири, Суд қарорларини ижро этиш Департаменти,
Олмазор туман прокурори С.С.Мухтаров,
Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Мустақил ташкилоти
раиси И.Адилов, “Дунё ўзбеклари” интернет газетаси
Бош муҳаррири Исмат Хушев ва барча ОАВга
Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Мискин маҳалласи
фуқоролари номидан Магазин — Мавзук кўчаси
99 ,,А” — уйда яшовчи 1963 йилда туғилган
Бекходжаева Дилфуза томонидан
О Ч И Қ Ш И К О Я Т
Олмазор туман прокурори ва суд ижрочиларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцичсининг 114-моддасига хилоф сусткашлиги оқибатида, қонун ҳимоясидаги қонунбузар М.Матчонов томонидан “Мискин” маҳалласи фуқороларининг бузулган ҳуқуқлари 1 йилу 7 ойдан бери поймол этилаётганлиги ҳақида.
2013 йилдан Уста Ширин кўчаси 1-тор, 293-уй рақами билан пайдо бўлган янги манзилда Матёқуб Матчоновнинг “MARSA-MXA‘’ маъсулияти чекланган жамияти 598,0 кв.м қурилиши тугалланмаган меҳмонхона биносини эгаллаб, ушбу офисини 24 кв.метргача кенгайтириб, 8162 кв.метр ер майдонида рухсатсиз 238,0 кв.метр ерда ҳужжатсиз қурилмалар қуриб, Мгазин-Мавзук кўчасидан Жомий майдонига чиқадиган 332 кв.метрдан иборат тор кўчани бетон девор билан ўраб, дарвоза ўрнатиб бутунлай тўсиб қўйди. Оқибатда маҳалла аҳолиси ишга, болалар мактабга транспорт қатнамайдиган 3 км дан ортиқ йўлни айланиб боришга мажбур бўлиб, зарур пайтда тез ёрдам етиб келиши ҳам мушкул оғир вазиятда қолди…
Бу муаммони ўрганган Олмазор туман нотурар жой кадастри катта муҳандиси Ш.Зокиров, туман меъмори А.Хасановлар 01.07.2016 йилда тузган далолатнома асосида туман ҳокими Б.Гаибназаров ташаббуси билан даъво киритгач, Тошкент шаҳар хўжалик суди ушбу ноқонуний қурилмаларни бузуш тўғрисида 12.07.2016 йилда ҳал қилув қарори чиқарган, ушбу қонунбузарликларни содир этган “MAKSA-MXA” МЧЖ раҳбари М.Матчоновнинг иши жиноят ишлари бўича туман судига оширилган эди.
Кейинчалик, айнан шу хўжалик судининг судьяси Д.У.Арипов жавобгарнинг асоссиз қарши даъвосини икки марта юритувга олиб суд қарори ижросини сунъий тарзда тўхтатиб қўйгани ҳақидаги мурожаатимга Тошкент шаҳар прокурори Б.Қудратхўжаевнинг 19.12.2016 йилдаги жавобида: — биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилгани тўғрисидаги аппеляция инстанцияси қарори 16.12.2016 йилда Олмазор туман суд ижрочилари бўлимига келиб тушган ва ноқонуний қурилмаларни бузуш бўйича ижро ҳаракати тикланган., дейилган.
Расман ижро ҳаракати тикланган бўлсада, икки нафар ижрочи маҳалла тарафдаги дарвозани ечилган ҳолатда суратга олишгач ижро тўхтаб қолди. Барча ноқонуний қурилмалар, Жомий майдони тарафдаги дарвоза ва қоравулхона ўз жойида турипти, ҳар доимгидай дарвозани кечаси қулфлаб кетишади. Бирор кори ҳол бўлса, на ўт ўчирувчилар на тез тиббий ёрдам бу ҳудудга кираолмайди. Туман суд ижрочилар бўлимига қўнғироқ қилсак, котиба: — ижро бўлганку., дегач бу кўзбўямачиликдан ким манфаатдор деб ҳайрон бўлдим. Хуллас, Тошкент шаҳар прокурори доимий назорат этиб турган бўлсада, маҳалла аҳли орзиқиб кутган суд қарори ижроси янги йилда ҳам бажарилмади.
Бунинг асосий сабаби, “MAKSA-MXA” МЧЖ раҳбари М.Матчоновнинг айби нотўғри малакаланиб, ЖИБ Олмазор туман судининг 27.06.2016 йилдаги қарорига асосан МЖтКнинг 160,200-моддалари билан арзимаган жарима белгиланиб, содир этган жиноий қилмишига нисбатан ўта енгил чора кўрилганида деб ўйлайман.
Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 229-моддасида: — Ўзбошимчалик, яъни ҳақиқий ёки фараз қилинган ҳуқуқларни ўзбошимчалик билан амалга ошириш фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса: — энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч ойгача қамоқ билан жазоланади., дейилган.
Яъни, суд томонидан жавобгарнинг ноқонуний қурилмалар қуриш орқали айнан шу ер майдонида қайнатам Юсуфбек Бекходжаев барпо этган 3,5 га боғ ҳудудига 1966 йилда экилган 20 туп мевали дарахтларни кесгани, экологияни, сув қувури устига офис қуриб, электр подстанцияси ўрнатиб 12 йилдан буён ёнғин хавфсизлиги қоидасини бузиб келаётгани, жамоат фойдаланадиган тор кўчани тўсиб бир йилу етти ой мобайнида маҳалла аҳолисига жуда катта моддий ва маънавий зарар етказиб келаётганлиги инобатга олинмасдан, етказилган зарарларни қопламаган бўлсада, содир этган жиноий қилмишлари маъмурий кодекс асосида нотўғри малакаланиб керагидан ортиқ марҳамат кўрсатилган. Шу боис, М.Матчонов суд қарори ижросини турли йўллар билан кечиктириш орқали ғараз ниятда маҳалла фуқороларининг ҳақ — ҳуқуқларини поймол этишда давом этмоқда.
Қилмишларига лойиқ чора кўрилмаганидан талтайиб кетган “MAKSA-MXA” МЧЖ ходимлари ўзбошимчалик билан кўп йиллик дарахтларни кесиб ташлаб, ўрнига 8 та катта юк контейнерини бирлаштириб, алкапонлар билан жиҳозланган енгил табиат аёллар келиб турадиган яна бир сирли иншоат қуришгач, маҳалла аҳли унга “Ишратхона” деб ном қўйган! Агар, ушбу “ишратхона” ва бошқа ноқонуний қурилмалар бузулса уларнинг остида қолган илдизлар, бу жойлар олдин бизнинг боғимиз бўлганлигини тасдиқлайди.
Ўзбекистон телевидениясининг 09.12.2016 йилдаги “Очиқ мулоқот кўрсатувида” туман прокурори С.Мухторов: — бу масала бўйича С.Бекходжаевни шахсан қабул қилиб суҳбатлашганман, тез орада назоратга олиб қонуний чора кўрамиз., деб ойнаи жаҳон орқали ёлғон ахборот берди?! Бундай дейишимга сабаб жаноби прокурор турмуш ўртоғимни ҳеч қачон қабул қилмаган?! Аксинча унинг аризаларига чора кўрмасдан, туман ҳокими Б.Гаибназаров фош этган жиноий қилмишларга қонуний чора кўриш ўрнига хаспўшлаб келмоқда. Шу ўринда, прокурор жанобларини Оммавий ахборот воситаси орқали ёлғон гапиришга, сохта “маска – шоу” ўтказган Мансур Матчоновнинг жиноятини яширишга қандай қудратли куч мажбур этмоқда., деган табиий савол туғилади.
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Прокурор жиноятни яширса, суд ижрочилари суд қарори ижросини таъминламаса, бу илдиз отишда давом этаётган коррупцияга офатига қандай қарши курашиш мумкин?! Ёки, контрабандадан ҳазар қилмайдиган Матчоновларга ўхшаган янгибойлар қонундан ҳам кучлими?! Бу тадбиркор актёрнинг турли йўллар билан катта бойлик эгасига айлангани, уни қўлловчи катта танишлари борлигини биламиз. Лекин, амнистия акти асосида авф этилган бу муҳтарам зот кўпнинг қарғиши бомбадан ҳам қудратли эканлигини ҳали англаб етмаган кўринади! Шундай мураккаб вазиятда таъқиб ва таъзийқларга дучор этилган “Мискин” маҳалласининг мискин фуқороларини Сиздан бошқа яна ким ҳимоя қилиши мумкин?! Бизнинг Сиздан ўзга нажоткоримиз ҳам ҳимоячимиз ҳам йўқ!
Юқорида баён этилган ҳолатларни инобатга олиб, ушбу мурожаатимни шахсан ўз назоратингизга олишингизни ҳамда:
-
Тошкент шаҳар хўжалик судининг 12.07.2016 йилдаги ҳал қилув қарори ижроси тўлиқ таъминланиб, “Мискин” маҳалласи фуқороларига етказилган моддий ва маънавий зарарлар тўла қопланиши ва “MAKSA-MXA” МЧЖ раҳбари М.Матчоновнинг қилмишлари ЖПК талаблари асосида қайта малакаланиб уни содир этган қилмишларига яраша Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 229, 2291-моддалари талаблари асосида жавобгарликга тортиш тўғрисида Олмазор туман прокурори С.С.Мухторовга тегишли тавсиялар беришингизни –
СЎРАЙМАН!
“Мискин” маҳалласи фуқоролари номидан
Сиздан қонуний ёрдам сўраб, камоли эҳтиром ила –
Д.Бекходжаева
04.01.2017 йил.
Тошкент шаҳри.
+998 95 195-63-00
Иловалар:
-
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси С.Рахимов туман ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи Г.К.Мўминовнинг 26.10.2005 йилдаги № 27/64-6-899-сонли жавоб хати;
-
Олмазор туман нотурар жой кадастри катта муҳандиси Ш.Ф.Зокиров, туман меъмори А.А.Хасановлар 01.07.2016 йилда тузган далолатнома;
-
Шаҳар прокуратурасининг 25.08.2016 йилдаги жавобидан нусхалар. Жами 3 варақда.