Талант АЛЕКСАНДЕРОВ: ҲИБСГА ОЛИНГАН “ТАРАҚҚИЁТ”
«Дунё ўзбеклари»дан:
Бу мақола Миродил Жалолов ҳали ҳибсдалик даврида ёзилган бўлиб, куни кеча у кишининг қамоқдан озод этилгани боис, уни яна бир бор эълон қилишни лозим топдик…
Бордию мен ютқазсам, бу – ғолиб бўлишнинг имкони йўқ дегани эмас. Қўпчилик Эверест чўққисини забт этишда мағлуб бўлдилар ва охир –оқибатда Эверест махв этилди
(Че Гевара)
Ҳар бир миллатнинг ўз даврида, унинг тарихида, тарихида бўлгандаям айрим ҳолларда ёзилган тарихида эмас, ўша миллат, халқ ўз қалбида сақлайдиган фидойи, айтиш мумкинки, қахрамон фарзандлари бўлади.
Катта даражадаги таниқли тадбиркор, Ўзбекистонда нефт-газ соҳасини жаҳон андозаларига чиқаришга, қишлоқ хўжалиги, мадният ва спортнинг ривожланишига ўз пайтида улкан ҳиссасини қўшиб, кам таъминланганларга ёрдамини аямаган, эндиликда мана беш йилдан бери ҳибсда қолаётган таниқли тадбиркор Миродил Жалоловни ҳеч бир муболағасиз шундай инсонлар сирасига қўшса бўлади.
Айтилганидек, у ҳеч бир суд-маҳкамасиз узоқ йиллардан бери ҳибсда сақланмоқда ва миллат учун унинг бугунги аянчли тақдири мавҳумлигича қолмоқда. Таажуб, суд органлари очиқ, тадбиркорларга барча шароит яратилган, ҳамда “…тадбиркорларнинг орқасида мен турибман…” деб тинмай таъкидланувчи мамлакатда нега борган сари “кўзга кўриниб” қолаётган тадбиркорлар бугун орган томонидан сиқувга олинмоқда, кўпчилиги қамалиб, мол мулкидан айрилиб, уларга катта-катта, ўта хавфли жиноят ишлари очилиб, жувонмарг этилмоқдалар?!
Катта-катта амалдорларнинг фарзандлари, уларга яқин бўлган “ўз одамлари” эса, тайёрга-айёр қабилида, тадбиркорларнинг мол-мулкига, активларига эга чиқмоқдалар. Гўёки Ватанда халқдан чиққан катта тадбиркор бўлиши мумкин эмасдай, бу ёзилмаган қонундай, балки тадбиркорларнинг, қўйинг-чи, халқнинг бор мулкини амалдорларга тегишли одамлар бошқариши шарт этиб қўйилгандай, жамият синфларга бўлинаётгандай туюлади, назаримда. Бу борада ҳеч қаерда расмий равишда айтилмасаям, халқ буни кўриб турибди.
Бугунги кунда республикада “пичоққа илинадиган” ишлаб чиқариш объектлари, заводлар ва бошқа корхоналар рейдерчасига эгаллаб олинаётгани-ю, уларга айнан кимлар эга чиқаётганлигини халқ қўриб, билиб турибди. Агар реал олиб қаралса, мамлакатда олигархлар бўлмайди деб айтилгани билан, юқори мансабларни эгаллаб олган давлат амалдорлари хақиқий олигархлар эмасми, ахир уларни ҳеч ким мушугини пишт дея олмаслигини, капиталлари кўплигидан хатто чэт эллардан ҳам активлар сотиб олаётганларини, катта- катта виллалар қуриб ётганларини ҳамма биладику.
Анави супермаркет кимники десанг, палончиевнинг ўғлиники, анави бозор кимники десанг, кичкина куёвники, анави завод кимники десанг, аммасини катта холасиники, дейди халқ, халқ билади кимники қаерда эканлигини.
Миродил Жалоловни хам ана шундай кучлар халқ хўжалиги саҳнасидан олиб ташладилар, ҳолбуки, у минглаб ишчи ўринларини яратиб, халққа муносиб маош тўлаб, ўз корхоналарида иш юритишни жахон стандартларига мослаштириб, тараққиётга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган эди.
Уни ҳибс этганларидан кейин у раҳбарлик қилаётган “Зеромакс” ширкатига тегишли корхоналарни, айниқса нефт-газ соҳасидаги корхоналарни худди оч шоқоллар яраланган шерни бурда-бурда этиб нимталаганларидек, қандайдир кучлар бўлишиб олдилар. Аввалига бу корхоналарнинг хисоб рақамлари хибс этилди, тегишли суд ижрочилари департаменти турли корхонаю, биноларни мухрладилар, улар банкрот деб эълон қилинди, кейин уларнинг улушлари сотила бошланди, сотилгандаям ҳеч ким билмас, ўша пайтларнинг ўзидаёқ таъсис этилган аллақандай Сингапур, Вирджиния ороллари ва хаказо оффшор қомпанияларнинг улушига ўтиб кетди, сотилганлик хақидаги келишувлар, қанчага сотилгани эса бундан манфаат кўраётган амалдорлардан ташқари барчага мавхум бўлиб қолди, айримлари эса тўлалигича национализация, яъни давлат тасарруфига ўтиб кетди.
У ерда мехнат қилаётган ходим-ишчиларнинг иш ўринлари, маошлари сақлаб қолинган бўлса гўрга эди, аммо янги “эгалар” томонидан улар, қисқартириш бахонасида хайдаб солинди, баъзилари юмшоқ қилиб айтганда “ўз хохишларига кўра” ишдан бўшатилдилар, маошлар 2 баробар камайтирилди, вахоланки уларнинг кўпчилиги ностандарт фикр юритадиган, илғор билимга ва тажрибага эга ўз ишларининг усталари эди, уларнинг хам бола-чақаларининг ризқи бор эди, қозони бор-қайнар эди, улар ҳеч бир сабабсиз тақдирнинг аянчли йўлига улоқтирилдилар.
Тўғри, айрим Миродил ака “одам қилган” раҳбарлар, ходимлар иш ўринларини йўқотмадилар, улар янги келган рахбарларга “думларини ликиллатиб”, хали хануз содиқ итдай хизмат этмоқдалар. Нима қилсин бечоралар, бола-чақасини боқиш керак, “соққа” турганда, ор-номусга бало борми?! Ҳозирда улар ўзларига катта-катта уйларни бир нечталаб қурмоқдалар, хотинчаларию, ойимчаларига қиммат автоларни олиб бермоқдалар.
Келажакда замон тескари айланиб қолишини, жилла қурмаса, охиратни ўйламаяптилар. Нима ҳам дердим, русчасига айтсак- “Бог им судья”. Аммо улар билиб қўйишлари керак: улар тўр қўриб, курсиларида ўтиришганига Одил ака сабабчидир, улар ўз капиталларини Одил ака даврида тўплаганлар, ўз вақтида ит танимайдиган одамлар эди; одамларнинг кўзидан панада, хаммадан беркиниб юргандан кўра, улар Одил аканинг ахволидан хеч бўлмаса хабар олишга хам арзимадилар, айтиш мумкинки, уни сотдилар, улар ноҳақ ишдан бўшатган одамларнинг қарғиши эса уларни куни келиб, тутажак…
Айрим ишдан бўшатилганлар ўз ишларини топиб кетдилар, айримлари эса ўз ишини тополмай хануз саргардонлар. Амалдорларнинг бу каби ишларига албатта улар рахмат айтишмаса керак, бўлган ишларга “қайтар дунё” деб қўйишса ажаб хам эмас. Нима бўлгандаям, бу ҳол хозирда бонг урилаётган “илғор давлатлар қаторига қўшилишимиз керак”, “ахолини муносиб иш ўринлари билан таъминлаш бу- давлат сиёсати”каби ғояларнинг, тарқаққиётнинг йўлига ғов солди. Мантиқан олиб қаралса, бу ишлардан манфаат кўрган амалдорлар ўз саъй-харакатлари билан Миродил Жалоловни эмас – ТАРРАҚИЁТНИ ҲИБС ЭТДИЛАР…
Натижада, юқоридаги корхоналарга профессионаллар ўрнига таниш билишчилик билан, алифни калтак дейдиган турли одамлар ишга олина бошладилар, энг қизиғи шундаки, уларнинг кўпчилиги соха талаб этадиган инженер-техник сохаларда суяги қотган мутахассислар эмас, адабиётшунос-у, тилшунослар, маданият ходимларию, шарқшунослар ва шунга ўхшаш сохадан йироқ кадрлар эди. Бунинг оқибатида нефт ва газ сохаси орқага кета бошлади, соха рахбарлари бирин кетин ишдан олина бошлади ёки бошқа ишларга ўтказила бошлади.
М.Жалолов пайтини эслайдиганлар билишадики, бу даврда мисол учун Ўзбекистонда бензин-у, газ муаммоси ҳеч қачон бўлмаган. Хозирчи, хайдовчилар хадиксираб туришади, эртага бензин бўлармикин, навбат чўзилиб кетмасмикин деб. Жойлардаги газ таъминотини-ку гапирмаса хам бўлади, иш шу даражага бориб етяптики, айрим ҳудулардаги одамлар норози бўлиб кўчага чиқишяпти. Бу холатлар хам жойи келса, нўноқ қадрларни деб бўлмаётганлигига ким кафолот беради?!
Ҳатто буни расмиий доиралар хам тан олиб турибдику, Иқтисод вазираси Галина Саидова жон куйдириб, нефт ва газ сохасига етук мутахассислар етишмаяпти деб, ўтган йили вазиятга холис бахо бергандилар, хатто бунинг учун чет эллардан мутахссислар олиб келинишини писанда қилгандилар. Ўзимиздаги етук мутахассислар эса ё Одил акага ўхшаб турмаларда ўтирибди ёки ишини тополмай, адашиб-улоқиб юрибди, чунки таниш-билиши ёки ишга кириш учун бериладиган пора-“соққаси” йўқ. Ана сизларга парадокс…
Хуллас, М.Жалолов хибс этилгандан кейин нефт ва газ соҳаси орқага кетса кетдики, хеч илдамламади, хозирги кунда катта- катта чет эл инвестициялари иштирокидаги тегишли лойихалар ёпилаётганини кўриб турибмиз. Нефт ва газ сохасидаги амалдорларнинг хам кўпчилиги коррупция орқасидан қамалиб ётибди. Шундай экан, шартмиди шундай ишбилармонни хибс этиш, ахир у хеч қандай молу – мулкка шахсан эга бўлмаган эдику, ўша халқ “Ўзбекфильм” деб атайдиган дахадаги уйида яшардику, демак бугунги кунда бизнеснинг тарқаққий этиб, халқнинг ундан манфаат кўриши хеч кимга керак эмас экан.
Нима хам дердим, жирканч сиёсату, ўйинлар шундай одамларни “қурбон келтирилиши”га омил бўлар экан.
Миллатим, халқим, Ватаним деган ўғлон – М.Жалолов нафақат озодликдан, бугунги кунда ота-онасидан ҳам жудо бўлдилар; онаизор ўғлининг изтиробида 2012 йилда вафот этдилар, оталари Мирсобит Хожи ўғлининг ғам – андуҳида ёниб, узоқ давом этган касалликдан кейин куни кеча бандаликни бажо келтирдилар. Мана шунақа фожеали қисмат Миродил аканинг пешонасига битилган экан.
Аслида фидойи инсонларнинг, ватанпарварларни қисмати Парвардигор томонидан шу каби битилса керак, мундоқ олиб қаралса, хақиқий фидойилар чет элларда сарсон-саргардон, тегишли жойларда “баланда ичиб” ўтирибдилар ёки уларга Ўзбекистонда “нон берилмайди”.
Қанчалар адолатсизлик… Адолат нима дегани ўзи, борлиққа қараб фикр юритилса, қайсидир амалдор халқ мулкидан ўмариб, кундан-кунга шишаётган бўлса ва бунинг учун у хеч қандай жавобгарликка тортилмаса, ёки бирон ишчи ё деҳқон, эртаю кеч мехнат қилсаю, уни косаси оқармаса, амалдорлар унинг арзига қулоқ солмаса, шуми адолат?! Ёки барчанинг ўз адолати борми, адолат яхлит тушунчами, ёки у бир неча сферага бўлина оладими?!
Агар адолат бўлса, шунча йилдан бери хибсда қолаётган Одил ака амнистия актларига кўра ёки шартли муддатидан илгари озод қилинсалар бўлардику, унинг озодликда юриши кимларни шунчалик хадиксиратаётган экан?! Шунча жабр-ситамни кўрдилар, ота-онадан айрилдилар, етар энди!
Бош мухаррир Исмат Хушев айтганларидек Одил акани озод этилишини нафақат бунга масъул қалблар, балки энг бош қалб эгаси ихтиёр этиши мавриди келмаганмикин?!
Бугун эса Мирсобит отанинг жанозалари, жума намозига белгиланган, бу дунёда ўғилларини озод бўлишини кута-кута, армонда кетдилар.
Парвардигор ярлақаган одамлар ана шундай шерсифат, мард одамларнинг оталари бўладилар ва жума намозига чиқариладилар.
Парвардигор ярлақаган одамлар, гарчи ўзлари ҳибсда бўлсаларда, инсонларнинг оғизларидан тушмайдилар ва уларнинг дуоларини олиб, қалбларида қоладилар.
© Талант Александеров,
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
2016-01-15; 3:28;
Тошкент шаҳри.
“Дунё ўзбеклари”дан:
Тошкентлик ҳамкоримиз Талант Александеров жонуярлик ва куйинчаклик билан тилга олган ўзбек жамиятидаги бу оғриқ муаммолар ҳар бир ватандошимизни жиддий ўйлантириши табиий, албатта.
Тадбиркор Миродил Жалолов тақдирига аниқлик киритиш мақсадида “Дунё ўзбеклари” халқаро нашри Ўзбекистон бош прокурори И.Б.Абдуллаев жанобларига шахсан мурожаат қилади.
Мамлакат бош прокурори мақолада кўтарилган масалаларга ўзининг қонуний муносабатини билдиради деб умид қиламиз.
Таниқли тадбиркорга нисбатан уюштирилган бу фитна ортида кимлар – қайси таниқли арбоблар ва нуфузли идоралар турганидан қатъий назар биз бу масалага ҳуқуқий баҳо берилишини истаймиз.
Айни пайтда бу ишга алоқадор ва масъул бўлган айбдор мулозимлар, улар ким бўлишидан қатъий назар, Ўзбекистон Олий Маҳкамаси олдида жавоб беришлари керак.
“Дунё ўзбеклари” бугундан эътиборан Миродил Жалолов бошига тушган бу адолатсизликни таҳлил ва тадқиқ қилиб, синчиклаб ўрганишни ўз назоратига олади. Таниқли тадбиркорнинг аянчли қисматига оид хабар ва янгиликлар билан ўз ўқувчиларини мунтазам таништириб боради.
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада
31 октябрь, 2016 йил.
7 шарҳ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГLeave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Миродил акани оталарини Аллох рахмат этсин. Сабр токат берсин. Лекин азизлар бу Узбекистодаги системани хосили эмасми. Ахир Жалолов хам бир пайтлар Гулнорани тудасида булиб, рейдбоскинчиликлари б-н бошламаганмиди. Максудийлар бизнеслари-Кока-Кола заводлари, Роз Трейдинг бозорлари, Ипак йули буйича курулмокчи булган гостиница проект ва ерлари ва х.к.
Кайтар дунёми бу ёки Узбек моделими?
Албатта Миродил Жалоловнинг тақдири жуда ачинарли ва айтиш мумкинки типик. Лекин, уйин қоидаси шунақа. Катта доирадаги бизнесга кирдингми, катта пулга киришдингми, катта уйинми унинг оқибати ҳам катта бўлади. Миродил Жалолов буни билмоғи лозим эди вақтида. Монополист корхонага рахбар булганида, катта ишларни амалга оширишда “ўшанга” яқинлашганида оқибатлари аянчли бўлишини ҳисобга олиши керак эди. Чунки бу “олий доирадаги олам”да вафо йўқ. Нахангдек ютилади керак бўлса. Шуларни билиши керак эди.
Миллатимиз ва халкимиз номидан сизларга бошим ерга теккунича таъзим киламан Хурматли Талант ака ва Исмат ака!
Мутлок инкор этиб булмас фактлар асосида ёзилган ушбу макола бир БОМБА булибди, Дунё Узбекларининг огохлантириши эса Ватан ва Халкимиз хоинларининг тинчини бузди.
Халкимизнинг бойликларини талаганларни ва талаётганларни, миллат гулларини кимлар турмаларга тикганликларини халк билади.
БОШ ПРОКУРОР ХАЛК ТАРАФИДА ЭКАН!
МХХ ВА ИИВ РАХБАРИЯТИ КИМ ТОМОНИДА? FАЛВИРНИ СУВДАН КУТАРИШ ВАКТИ КЕЛДИ!!!!
Жуда яхши макола булибти, мен Одил акани 80 йиллардан бери таниман. У одам уша пайтларда янги-йулдаги мясокомбинатда ишлар эдилар рахматли акам бн. Бу одам жуда мард ва уша пайтларда хам кули очик одам эди. Оллох ота оналарини рахматига олиб Одил акани мушкулларини осон килсин деб дуо киламиз.
Долзарб мавзудаги яхши мақола бўлибди.
Бу мақолага “Дунё ўзбеклари”нинг муносабати эса мақоладан ҳам ўтиб тушибди.
Бу йўлда сизларга омад, М.Жалоловга эса сабр-тоқат тилаймиз.
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳарририга!
Ватанимизнинг бир жонкуяр ва тадбиркор фарзандига нисбатан Адолат -карор топтириш йулида килаетган сай харакатларизни биз укувчилар хам, куллаб – кувватлаймиз.
1 шарҳ
Samdjon: если у вас есть возможность найти семью Максудий найдите и переговорите, и узнайте какую помощь оказал Джалалов для этой семьи в этой самой трудной время для них