2 январь — таниқли ўзбек журналисти Карим Баҳриев туғилган кун!
“Янги дунё” архивидан: Карим Баҳриев – 50 ёшда!
Ўзбекистон Парламентининг собиқ депутати, ўтюрак журналист ва шоир Карим Баҳриев 2 январ куни 50 ёшга тўлдилар.
Карим аканинг 50 ёшлик тўйлари ҳақидаги хушхабарни бугун таниқли журналист Исмат Хушев таҳририятимизга мактуб йўллаб маълум қилибдилар.
Мактубда қуйидаги жумлалар битилган эди.
”Юсуфжон!
Карим Баҳриев 2-январь куни 50 ёшга тўлади.
Паспортига кўра 15-июлда. Лекин аслида 2-январда туғилган. “Фейсбук”даги саҳифасида ҳам 2-январь кўрсатилган.
1962-йил Ургутда қиш қаттиқ бўлгани боис, оталари тоғ ён бағридаги Ғус қишлоғидан район марказига қорлар эриб, йўл очилгач қишда эмас, ёзда бориб гувоҳнома олганлар.
50 ёш бир чегара. Карим Баҳриевга ўхшаш бетакрор ва истеъдодли йигитлар элликка тўларкан, Ўзбекистон аслида бу кунни мамлакат миқёсида кенг нишонлаши керак эди.
Чунки Каримжон шунга муносиб тафаккурли, донишманд ва закий йигит.
Лекин ҳозирча Ватан ўз пешонасига битган бундай ёрқин юлдузларни эътироф этадиган ҳолатда эмас…
Шу муносабат билан, агар қарши бўлмасангиз, Ватан қилиши лозим бўлган ишни биз қилсак: “Янги дунё” ўқувчилари номидан уни таваллуд куни билан муборакбод этиб, эзгу ниятларимизни билдирсак.
Ҳурмат билан, Исмат Хушев”.
Саҳифамизнинг асосий муаллифларидан бири бўлган адиб ва журналист Исмат Хушевнинг куюнчаклик билган битган дил номалари ҳақиқатдан ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Карим Баҳриевдек инсонлар ўзбек халқининг виждони, таъбир жойиз бўлса йўлчи юлдузларидан бири, десак муболаға бўлмас.
Кўп минг сонли ўқувчиларимиз номидан истеъдодли журналист ва шоир Карим Баҳриевни 50 ёшлик тўйлари муносабати билан самимий қутлаймиз.
Қанийди, миллатимиз ва халқимиз бахтига ана шундай инсонлар кўпроқ бўлса эди! Афсуски, Карим Баҳриев ягона.
Таваллуд кунингиз билан, Карим ака!
…Шу муносабат билан журналист Исмат Хушевнинг ”Оқланмаган ишонч қиссаси” автобиографик асарининг 2 китобидан ўрин олган Карим Баҳриев ҳақидаги бобни қайта эълон қилишни мақсадга мувофиқ деб билдик.
2 январь, 2012 йил.
Таҳририят номидан:
Юсуф Расул,
“Янги дунё” муҳаррири.
“Дунё ўзбеклари”дан: “Мозийга қараб иш тутиш хайрлидир” деб ёзган эди “Ўтган кунлар” асарида улуғ ва бебаҳо ёзувчи Абдулла Қодирий. Бугун 2015 йилнинг 2 январь тонгида “Янги дунё” архивини варақлаб туриб, беихтиёр улуғ ёзувчининг шу ҳикмати ёдимга тушди.
Карим Баҳриев номи – Ўзбекистон давлати шаклланган ва тамал тоши қўйилган тўқсонинчи йиллар билан чамбарчас боғлиқ. Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати бўлган Карим Баҳриев сиёсий фаолияти ҳақида ҳали китоблар ёзилиб, дарсликлар яратилади.
Бугун унинг туғилган куни боис олис хориждан туриб табрикларканмиз, унга ўзимизнинг энг яхши ва эзгу тилакларимизни тилаб қоламиз.
Карим Баҳриев ҳақидаги қолган барча фикр ва мулоҳазаларимизни эса бугун эрта эълон қилинажак “Оқланмаган ишонч қиссаи”нинг унга бағишланган “Ёлғиз бўри” ёки Карим Баҳриев сиёсий портретига шарҳ” номли бобидан билиб оласиз.
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири
2 январь, 2015 йил,
Торонто, Канада.
АМЕРИКА ШЕЪРИЯТИ Дороти ПАРКЕР (1893-1967)
АМЕРИКА ШЕЪРИЯТИ
Дороти ПАРКЕР
(1893-1967)
Америкалик шоира, ёзувчи ва сценарийнавис. Инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш ҳаракатларида иштирок этган. Фарзандсиз ўтган, қора танлилар ассоциацияси аъзолари томонидан дафн этилган. Истагига кўра, қабрига: “Менинг хокимни ҳам кечиринглар” деб ёзилган.
УМР АДОҒИДА…
Бир куни қарийман, сокинлашаман,
Адо бўлар шунда ҳирсу ҳаяжон —
Тўшакда ётарман хотирам билан,
Хотиржамлик ичра совуб борар жон.
Рангпар рўмолимнинг оҳори кетар,
Рангсиз сочларимга танғиб тароқни,
Тафтсиз кафтларимни тиззамга қўйиб,
Секин яширарман титроқ бармоқни.
танни беркитарман қалин кўйлакда —
Ёқани ёпарман, кўринмас томоқ.
Дарпардани ёпиб, эшикни боғлаб,
Шаҳардан ўзимни тутарман йироқ.
Кеч тушганда қуйиб пиёлага чой,
Унута бошларман ғамни, армонни…
Ҳозирча умидим тангридан шудир —
Кечроқ келсин ўша… қарилик они.
ҲАММАСИ ТУГАДИ
Севгилим, ҳаммаси тугади, абас…
Нега ҳаммаёқда тинчлик ҳамиша?
Қуёш ҳар кунгидай нур сочар бесас,
Кўкда милтираган юлдуз ҳам ўша?
Наҳотки сезмади улар ҳеч нима?
Ҳаммаси тугади – севгимиз ўлди,
Севгимиз жон таслим қилди жимгина!
Ишига шошилган халққа йўл тўлар,
Ҳар кунги ташвишлар эзар, қарасам —
Одамлар минғирлар, кулар ва ўлар,
Садоқатдан, ахддан ичарлар қасам,
Баҳслашар: хўш, бугун нимани есак,
Кимни чув туширсак, кимни алдасак —
Наҳот улар билмас, билмайди авом:
Ишқимиз тугади, ахир, батамом!
Ўтар машиналар, трамвайлар ҳам,
Янги севишганлар ўпишар, ана.
Қийқириб кулади болакайлар ҳам,
Одамлар ғимирлар, чопишар яна…
Наҳотки бўлмайди ҳеч кимса огоҳ:
Севгимиз бизларни тарк этди ногоҳ!
Ҳеч ким тўхтамайди, тутмайди мотам,
Кўнгил сўрамайди, бўлмас ёшга ғарқ…
Ишқимиз тугади, ахир, батамом!
Ишқ тамом! Лекин —
Шундоқ ёнимиздан ўтиб борар халқ.
Ҳаммаси ўтади, ҳаммаси ўтар,
Йиғлайман, титрайман, умидланаман —
Севгимиз раҳм этар,
Ишқимиз қайтар…
АСПИРАНТУРА
Мени аввал тинмай Орзу ўқитган,
Ундан кучли яна Ишқ берган сабоқ.
Бугун энди, ¬мана, Ғам бермоқда дарс —
Менинг эса мудом билганим-билган,
Сира тинмай хато қилганим-қилган…
Шўрлик бошим синган, дилпарчин, ана —
Янги сабоқларга тайёрман яна.
***
Бу дунёда бошқа бўлмаса керак
Оқ олча гулидай гўзалроқ тасвир.
Аммо дил азалий ғамга тўлмоқда,
Азизим, шу оппоқ дарахт шохида
Осилиб,
Жимгина ўлгим келмоқда…
Инглиз тилидан Карим БАҲРИЕВ таржималари
6 шарҳ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГLeave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Ха кечирасиз бу ахир архив ку?
Карим Бахриев 1962 йил тугилган булса, канакасига 50 ёш булади?
53 уч ёш булсалар керак.
Ассалому алайкум Карим ака!
53 ёшга тўлишингиз муносабати билан сизни табриклайман. Аллоҳ сизга соғлик саломатлик, узоқ умр, нимаики ният, мақад қилган бўлсангиз ҳаммасига етишиб юринг!
Ассалому алайкум хурматли Каримжон! Таваллуд айёмингиз билан чин дилдан табриклайман. Янги сиёсатда узлигини тулик саклаб кола олган инсон сифатида сизни жуда кучлик хурмат киламан. Инсон деган буюк номни гард юктирмасдан саклаб колиш факат ва факат хакикий инсонларнинггина фарзандларига насиб этади. Демак, авлодда хеч кандай бегона иллат йук. Шундай инсонлар бор экан “УЗБЕКИСТОН КЕЛАЖАГИ БУЮК ДАВЛАТ” деган шиорга ишонмаслик мумкин эмас. КОРА ДОFЛАРНИ тарихнинг узи ювиб, АДОЛАТ КУЁШИ албатта порлаяжак!!
Карим Бахриевни шахсини ва уни ижодини хурмат киламан! Уни таржималарини ,шеърларини, хикояларини укиган киши бир олам завк олади. У бетакрор ижодкордир! Афсуски, шундай улуг, халкпарвар инсонни кадрига етмади Ватан! Илохим ёруг кунларда ушалмаган орзуларига эришсин! Таввалуд кунингиз муборак булсин Каримжон! Сизга соглик саломатлик, узок умр тилайман!
Kenjabiy
01/02/2015 at 12:35 PM (Edit)
Халқимизнинг Карим Баҳриевга ўхшаган миллатпарвар, қалби тоза, журъатли фарзандлари бор экан миллатимиз ўзи орзу қилган кунларини кўради, деган ишончдаман. Бахт ва омад ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин. Юзларга кириб юргайсиз.