Ислом Каримов вафоти муносабати билан 4 декабр куни бўлган навбатдан ташқари сайлов натижаларига кўра, Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёевнинг президентлиги тўла қонуний кўриниш олди.
Тошкентдаги айрим манбаларнинг Би-би-си Ўзбек хизматига маълум қилишича, жаноб Мирзиёев 14-декабр, чоршанба куни мамлакат президенти сифатида қасамёдга келтирилади. Шу куннинг ўзида янги Бош вазир ҳам таништирилиши мумкин. Айнан Бош вазир масаласи, ҳукумат раҳбари ўзгариши жараёни ҳозирча очиқ қолмоқда.
Ўзбекистонда Бош вазир қандай тайинланади?
«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддасига кўра, Бош вазир йўқлигида унинг вазифасини бош вазир ўринбосарларидан бири бажаради (маълумот учун, Бош вазир Мирзиёевнинг етти ўринбосари бор, улар орасида молия вазири Рустам Азимов расман ўзгача — «биринчи ўринбосар» мақомига эга).
Ўзбекистонда Бош вазирни асосан парламент кўрсатади ва тасдиқлайди, бироқ уни асосан президент лавозимидан озод этиши мумкин. Айни қонуннинг 41-моддасида президент бош вазирни ишдан олиши мумкин бўлган беш ҳолат саналган, улардан бири бош вазирнинг истеъфога чиқиш ҳақидаги ўз аризасидир.
Бош вазир истеъфога чиқса, у билан бирга бутун ҳукумат ҳам истеъфо беради. Янги тасдиқланган Бош вазир эса ўз Вазирлар Маҳкамасини шакллантиради.
Ўзбекистон Конституцияси 98-моддасига кўра, бош вазир номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия (ҳозирги ҳолатда — президент Мирзиёев партияси ҳисобланган ЎзЛиДеП) томонидан Ўзбекистон Президентига таклиф этилади.
Президент бош вазирликка номзодни кўриб чиққанидан сўнг, номзодни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Олий Мажлис палаталарига таклиф қилади (10 кун ичида). Номзод Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлари умумий сонининг ярмидан кўпининг овозини олса, ҳукумат раиси этиб тасдиқланади.
Конституцияга кўра, парламентда номзоди кўриб чиқилаётганида, бўлажак Бош вазир ҳукуматнинг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этиши лозим.
Ўзбекистонда Бош вазир ўзи нима қилади? Конституцияга кўра, ҳукумат фаолиятини ташкил этиб, унга раҳбарлик қилади; ҳукумат мажлисларида раислик қилади, унинг қарорларини имзолайди; халқаро майдонда Ўзбекистон ҳукумати номидан иш кўради ва «Ўзбекистон қонунларида назарда тутилган бошқа вазифаларни бажаради».
2016 йил сентябридан бери эса Бош вазирнинг яна бир вазифаси бор — виртуал қабулхона орқали аҳолидан келиб тушаётган шикоят ва мурожаатларни кўриб чиқиб, самарали ҳал этиш.
‘Ким Бош вазир бўлишини тахмин қиламиз’
Ўзбекистондаги расмий ахборот манбалари ҳозирча президент сайлови якунлари ҳақида ҳис-ҳаяжонга тўла хабарлар бериш билан банд. Амалдаги Бош вазир расман президентга айлангани ортидан энди унинг ўрнини бошқа одам эгаллаши мумкинлиги ҳақида ҳозирча эслатилмаяпти.
Бироқ интернетдаги нодавлат ресурслар, шунингдек, ижтимоий тармоқларнинг фаол фойдаланувчилари бош вазир ким бўлади деган саволга ўзича жавоб изламоқда, муҳокамаларга киришмоқда.
«Ким Бош вазир бўлишини тахмин қиламиз» сарлавҳали сўров Tafsilot.uz нашрида энг кўп кўрилган мақолага айланган. 20 жавоб вариантидан иборат сўровномада 587 киши иштирок этган бўлиб, энг кўп — 53 фоиз (314 та) овозни амалдаги Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, айни вақтда молия вазири ҳам ҳисобланган Рустам Азимов олган.
Сўровда Азимовдан кейинги ўринларни Сенат раиси ўринбосари Светлана Ортиқова (9 фоиз), 2012 йили МТС ширкатининг Ўзбекистондан қувилиши ортидан қудратдан кетган, лекин Ислом Каримов вафотидан кейин Бош вазир ўринбосарига айланган Абдулла Арипов (9 фоиз), шунингдек, исми сўровномада кўрсатилмаган «Бошқа номзод» (9 фоиз) жавоб варианти эгаллаган.
Kun.uz сайти ҳам Telegram мессенжеридаги тармоғида шунга ўхшаш сўровнома ўтказган. 5271 киши қатнашган сўровномада 3 мингдан ортиқ одам (респондентларнинг 60 фоизи) Рустам Азимов номзодини маъқуллаган.
Kun.uzнинг сўровида «Бошқа номзод» жавоб вариантини 11 фоиз, ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов вариантини 10 фоиз, Абдулла Арипов вариантини 8 фоиз, бош вазирнинг яна бир ўринбосари Адҳам Икромов ва «Ўзавтосаноат» раҳбари Улуғбек Рўзуқулов вариантларини 3 фоиздан фойдаланувчи маъқуллаган.
Ижтимоий тармоқдаги мавзуларнинг… Бош мавзуси — Бош вазир
Бош вазир масаласи ижтимоий тармоқларда ҳам қизғин муҳокама қилинмоқда, фойдаланувчилар ўз тахминлари билан фаол ўртоқлашмоқда.
Twitter тармоғи аъзолари орасида Самарқанд вилояти ҳокими Зоир Мирзаев кейинги Бош вазир, дегувчилар кўплаб топилади. «Самарқанд вилоят ҳокими Зоир Мирзаев бўлармиш деган миш-миш юрибди пистачи хотинларда!», — деб хабар беради Ҳамроев О. Б.
Бошқа фойдаланувчилар Андижон, Навоий ёки Фарғона вилояти ҳокимлари ҳам номзодлар қаторида бўлиши мумкинлигини ёзган. Қайд этиш жоиз, Tafsilot.uz ва Kun.uz ўтказган сўровларда ҳам вилоят ҳокимлари бор эди.
Баъзи фойдаланувчилар нафақат бош вазир, балки бошқа юқори лавозимлар бўйича ҳам ўзгаришлар бўлиши борасида тахминлар билдирган. Масалан, Камолиддин: «Баъзи тахминларимни ёзиб ўтаман: Бош вазир — Ихтиёр Абдуллаев (ҳозирги бош прокурор — BBC Uzbek). ТИВ раиси — Содиқ Сафоев. Янги спорт вазири — Жасур Акрамов. ЎФФ президенти — Алишер Султонов», — деб ёзади.
Бир фойдаланувчи «Ўзавтосаноат» раҳбари Улуғбек Рўзуқулов Бош вазир бўлади, деб тахмин қилган, иккинчиси эса бунга қарши шундай фикр билдирган: «Автосаноатники бўмасиней. Бўлмаса яна «шапка шапка дер экан, шапка дилни ер экан», деб куйлаб юрмайлик».
ЎзЛиДеП етакчиси Содиқжон Турдиевни ҳам ҳисобдан чиқармаслик керак, дейди баъзилар. Рустам Азимов варианти эса ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларда ҳам фаворит, бироқ унинг бу лавозимни эгаллай олмаслиги борасида ҳам фикрлар учрайди.
«Адашмасам, Р.Азимов Либерал демократик партиядан эмас. Конституцияга кўра, ҳозирча бундай бўлиши (унинг бош вазир бўлиши — BBC Uzbek) мумкин эмас», — дейди BABAYAN OUT!!!
Муваққат президент уч ой давомида кимга кўпроқ ишонди?
Ўзбекистон қонун ҳужжатлари миллий базаси — Lex.uzда 15 сентябрь — 9 декабрь оралиғида муваққат президент Шавкат Мирзиеёв томонидан имзоланган ҳужжатлар бўйича сўров берилса, тизим ўзбек тилида 27 ҳужжатни тақдим қилади.
Рўйхатга Lex.uz га берилган сўров вақтида кўринмаган, бироқ Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги — ЎзА президент имзоси билан чиқарган яна 10 ҳужжатни қўшиш мумкин. Бу ҳужжатлар — президент фармонлари, фармойиш ва қарорларидир.
Улар орасида тадбиркорларга янада эркинлик бериш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, қишлоқларда уйлар қуриш, туризмни ривожлантириш, шунингдек, Ислом Каримов ва Эркин Воҳидовга ҳайкаллар ўрнатиш ҳақидаги фармон ва қарорлар бор.
Деярли ҳар бир шундай ҳужжатда унинг ижросини назорат қилиш зиммасига юклатилган масъулнинг исми-шарифи кўрсатилади. Шунга қараб, давлат раҳбари муҳим топшириқларни кимга кўпроқ ишонгани ҳақида маълум бир тасаввур ҳосил қилса бўлади.
40 га яқин мазкур ҳужжатларнинг 18 тасида масъул сифатида бош вазирнинг биринчи ўринбосари Рустам Азимов кўрсатиб ўтилган — бу энг юқори кўрсаткич. Президентдан топшириқ олиш бўйича кейинги ўринда бош вазир ўринбосарлари Абдулла Арипов ва Адҳам Икромов — иккиси ҳам 6 тадан ҳужжат ижросини назорат қилади.
Шавкат Мирзиёевнинг бош вазир сифатида 15 сентябрдан сўнг имзолаган аксарият қарорларида ҳам асосан Рустам Азимов назоратга масъул сифатида қайд этилган.
Ўзбекистоннинг барча бош вазирлари
Ислом Каримов нафақат Ўзбекистоннинг биринчи президенти, балки биринчи бош вазири ҳамдир. У 1990-1992 йилларда Ўзбекистон президенти сифатида мамлакат ҳукуматига ҳам раҳбарлик қилган.
1992-1995 йилларда Абдулҳошим Муталов, 1995-2003 йилларда Ўткир Султонов, 2003 йилдан эса Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон бош вазири сифатида ишлаган. Ҳақиқий маънода бош вазир бўлиш фақат Шавкат Мирзиёевга насиб этган — 2005 йилга қадар президент Каримов «Вазирлар Маҳкамаси раиси» лавозимини ҳам ўзида сақлаб турган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
ББС
Ўхшаш мақолалар йўқ.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни
МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.