Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг Бош вазир Шавкат Мирзиёев Президент вазифасини вақтинча бажарувчи этиб сайланиши муносабати билан чет эл матбуотида турли-туман гап-сўзлар қалашиб кетди.
Уларнинг айримлари инсоф юзасидан фикр билдираётган бўлса, бошқалари очиқчасига мавжуд тузумни, Ўзбекистондаги аҳволни ўтдан олиб сувга, сувдан олиб ўтга ташлашга уринаркан, вазият ғоятда ғарибона, ғоятда ташвишли дея чет элдагиларни аврашга, шунга ишонтиришга ҳаракат қилаётганлар ҳам кам эмас.
Сентабрнинг биринчи кунлари ҳатто Москва телевидениесининг “Время покажет” кўрсатувида бир гуруҳ сиёсатдонлар йиғилиб сафсата сотишди. Эмишки, энди Ўзбекистон пароканда бўлиб кетади. Эмишки, афғонда тўпланган ИД чилар бир ҳамла билан Ўзбекистонни олиб қўйиши ҳеч гап эмас.
Шу сабабли, Ўзбекистоннинг янги раҳбарлари эс борида этакларини йиғиб, Россиядан Ўзбекистонни қўшиб олишларини илтимос қилишса, тағин Путин йўқ деб қўймаса, дея ташвиш билдиришди. Ва Ўзбекистонни Россиянинг бир четидаги муваққат (автоном) область қилиб қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлади, дейишди.
Нақадар беписандлик!
Нақадар ифлос беписандлик!
Шу билан бирга бир вақтлар чет элга чиқиб кетган ўзимизнинг ўзбек журналистларимиз ҳам Ўзбекистондаги ҳозирги вазиятга баҳоли қудрат баҳо бермоқдалар. Улар орасида Жаҳонгир Маматовнинг “Озодлик”ка берган интервьюси холислиги, вазминлиги, тоши оғирлиги билан ёдимда қолди. Энг “енгили” эса, назаримда, бир вақтлар Жиззахда яшаб ижод қилган, асли андижонлик журналист Улуғбек Ашур (Ҳайдаров)нинг “Eltuz.com” сайтида элон қилинган “Шавкат Мирзиёев — мушт ва зўрлик билан Оқсаройга йўл” номли мақоладир.
Улуғбек мақоласида Ўзбекистоннинг бугунги раҳбари Шавкат Мирзиёевга фақат қора чаплаган. Гап асли мақоланинг ўзида ҳам эмас. Глобал масала яна шундаки, Ўзбекистонга қора чапланган фикрлар, мақолалар зудлик билан Россиянинг айрим сайтларида қўлма-қўл тарзда қайта нашр этилмоқда. Улуғбекнинг ўзбекча мақоласини “Фарғона.ру русчага таржима қилиб нашр этди. Уни “Центразия” кўчириб босди. Бошқа русча нашрлар ҳам жон-жон деб мазкур мақолани ўзларига дастак қилиб, кўчирмалар олиб, ўз мақолаларида фойдаланмоқдалар.
Беихтиёр хаёлингга фикрлар қуйилиб келаверади: Сенинг ёмон кунингда очиқчасига сенга янада кўпроқ ёмонлик тилаган қўшниларни қандай аташ мумкин?!
Дўст яхшингни оширади, ёмонингни яширади. Душман эса… Нимаям дердик, Улуғбек Ашурдан гинамиз йўқ. Улуғбек маълум кимса. Нон-туз еган жойига ҳамиша тупурган. Улуғбек Ҳайдаров (Ашур) Жиззахда яшаб ижод қилганида МХХ билан жуда фаол алоқада бўлган. Шунингдек ҳуқуқ ҳимоячилари сафида ҳам фаол ҳаракат қилган, етакчилардан бири бўлган, ҳуқуқ ҳимоячилари билан бирга тадбирлар ташкиллаштирган, режалар белгилаган, кейин МХХ га бу ҳақда ҳабар қилиб, режалар, тадбирлар барбод бўлишида асосий рол ўйнаган.
Эгамназар Шайманов, Муҳиддин Қурбонов, Толиб Ёқубов ва бошқалар Ватандан қувғин бўлишида МХХ га тагзаминни асосан Улуғбек Ҳайдаров яратиб берган. 2002 йили Пўлат Пардаев, Муҳиддин Қурбонов, Зиёдулло Разоқов, Мамаражаб Назаров, Бахриёр Ҳамро каби бир қатор жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячилари устидан Улуғбек Ашурнинг аризасига биноан жиноий иш қўзғатилган. Натижада мазкур ҳуқуқ ҳимоячилари ҳафталаб Жиззах милицияси подвалида сўроқ беришга мажбур бўлган.
Бугун энди Улуғбек Ҳайдаров бир юмалаб Улуғбек Ашурга айланса, тоза бўлиб қоларканми? Ит ҳургани билан карвон ўтиб кетаверади, дея ўзингга тасалли бермоқчи бўласану, алам қилиб кетадиган жойлари ҳам бор. Яъни, у Русия шовинистлари тегирмонига сув қуймоқда. Шавкат Мирзиёев Жиззахда ҳоким бўлган даврда амалга оширган барча ишларга қора чаплаб, энди Ўзбекистонни ҳам шу аҳволга солади, деган фикрни ўқувчилар онгига тиқиштирмоқчи бўляпти.
Ҳолбуки… агар вазиятга холис ёндошилса,.. агар Шавкат Мирзиёев Жиззахда ўтказган беш йилга инсоф юзасидан назар солинса ҳам, ўша даврда жуда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилганининг гувоҳи бўламиз.
2.
Шавкат Мирзиёев Жиззахга 1996 йили келди.
Мустақил бўлганимиздан кейинги йиллар.
Россиядан янги қишлоқ хўжалик техникалари келмай қўйган. Кучли, ғилдиракли “Магнум” ер ҳайдаш техникалари ҳали Ўзбекистон учун орзу бўлган бир давр. СССР давридан қолган тракторларнинг амортизация муддати ўтиб бўлган. Қишлоқ хўжалиги эгасизликдан абгор ҳолга келиб бўлган. Биргина ер ҳайдаб олиш жуда катта муаммога айланиб қолган, ҳали фермерлик унчалар ривожланмаган, колхоз, совхозлар ҳукм суришда давом этяпти. Колхоз, совхозлар эса тўла давлат таъминотига ўрганган. Давлат олиб келиб берган нарсани совхоз директори, инженер, механик, бригадир, қолаверса, механизатор етказганча ишлатади, қолганини сотади, қолганини ўғирлайди-да, “ҳукумат опкелиб берсин”, деб оғзини очиб ўтираверади. Далада эса баҳор! Далада апрел ўтиб боряптию, пахта, ғалла экилиши режалаштирилган ерлар ҳануз ҳайдалмасдан турипти. Аксинча, аксарият ҳолларда ҳисоботларда бу ерлар “ҳайдалган”, “борона қилинган”, “чигит экилган” ва ҳоказо техника ишлари бажарилган. Дизел ёқилғилар эса сотиб юборилган. 1995-1996 йиллари дизел ёқилғиларни олғирлар “Камаз”лаб, Тожикистоннинг Ўратепасига ўтказиб сотишарди. Ҳужжатларда бу дизел ёқилғилар ер ҳайдашга ишлатиларди. Аслида эса… аслида жуда кўп ерлар нари бери борона қилиниб, сеялка юргизилиб, чигит экилгандек ҳолатга келтириларди. Негаки, техника йўқ. Айниқса, Алишер Тошкенбоев ҳокимлик қилган 1993-1996 йиллари Жиззах қишлоқ хўжалиги эгасизлик туфайли мутлақо абгор ҳолатга келди. Совхозлар амортизация муддати тугаган қишлоқ хўжалик техникаларини “списать” қилишарди-да, Зомин, Бахмал, Ғаллаорол каби тоғ туманларнинг фуқароларига пуллашарди. Ҳужжатларда эски тракторлар “списать” қилинса-да, аслида “списать” қилинган трактор ўрнига энг янгилари пулланарди. Бирда-ярим келиб қоладиган эҳтиёт қисмларнинг ҳам аҳволи шунақа эди. “Ҳей, сен ўзи нима қиляпсан?”, дея бунақаларнинг ёқасидан оладиган ҳеч ким йўқ эди.
Айнан ана шу даврда Жиззахда фермерчилик фаолияти юзага келди. Зарбдор тумани Йўлдош Қурбонов номли совхозда Бегали Назаров деган бир кария бухгалтер саккиз нафар ўғли билан биргаликда 1993 йил бошида ўғилларидан бири бригадир бўлган 50 гектар ер базасида – “Жарбулоқ” деҳқон- фермер хўжалиги очди. Етиштирган пахта ҳосилини, ҳатто толасини ҳам чет элга ўзи сотди. Ишлаб топган пулига: иккита “Нива” ғалла ўриш комбайни, иккита “Беларус МТЗ-80” трактори, тўртта тележка ва бошқа қишлоқ хўжалик техникалари сотиб олди. Эътибор қилинг: у енгил машина олмади, уй қуришга тушиб кетмади. У биринчи навбатда қишлоқ хўжалик техникалари харид қилди. Ўзи эгалик қилаётган фермер хўжаликнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга киришди. 1994 йили эса “Жарбулоқ” туманда биринчилардан бўлиб пахта топшириш режасини бажарди. Яна ўзининг пахта толасини ўзи сотди. Унинг иши ривожланганини кўрган кўплаб қишлоқ хўжалиги ходимлари: бригадирлар, инженерлар, бухгалтерлар, ҳатто совхоз директорлари ва бошқалар ҳам фермер хўжалиги очиш иштиёқига тушиб қолишди.
Яъни Шавкат Мирзиёев 1996 йил кузида Жиззахга келиб, мана шунақа аҳвол устидан чиқди.
Бу пайтда совхозлар ихтиёрида мавжуд гусеницали ер ҳайдовчи тракторлар эскириб, тўхтаган, қишлоқ хўжалигида энг катта муаммо – экин экиладиган майдонларни кузги-қишки давр мобайнида ҳайдаб олиш бўлиб қолган эди. Бу ишни оз сонли, киссасида пули бор фермерлар биринчи навбатда уддалашар, совхозлар, совхозларнинг бригадирлари эса…
Боя таъкидлаганимиздек:
Бу даврда Россиядан янги техника келмай қўйган эди.
Тартибсизлик, эгасизлик, бошбошдоқлик авжида эди.
3.
Нима қилиш керак?
Биринчи навбатда ер ҳайдаш,ер ҳайдаш учун соз техника топиш, соз техника топиш учун эса қишлоқ хўжалигида тартиб ўрнатиш, тартиб ўрнатиш учун эса вилоятда мавжуд ресурслардан фойдаланиб, барча техникани ер ҳайдашга жалб қилиш керак.
Айнан ана шу пайтда теварак-атрофдаги барча техникани совхозларнинг гаражларига йиғиш, текшириш, аниқлаш, ҳужжати борларни эгаларига қайтариб бериш, ҳужжатсизларни эса давлат ихтиёрига кирим қилиб, совхозларга топшириб, экин экиладиган ерларни ҳайдашга жалб қилиш тўғрисида вилоят ҳокими Шавкат Мирзиёев махсус қарор қабул қилди. Техника йиғишга эса прокуратура ва милиция органлари ходимлари ҳам жалб этилди. Айнан ана шу даврда тоғ туманларида ҳужжатсиз тракторларни миниб юрганлар қўрққанларидан имкон қадар ўз ўғирликларини яширишга уриндилар. Айрим бировлар қўлидаги техника давлат фойдасига мусодара қилинганини кўргандан сўнг имкон топганлар тракторларини Тожикистонга, Қозоғистонга чиқариб сотишга ҳам уриндилар. Бунинг уддасидан чиққанлар ҳам бўлди. Улуғбек Ашур ўз мақоласида ана шу масалани тилга олган, лекин урғуни нотўғри қўйган. Қозоғистонга, Тожикистонга техника сотиш оммавий тус олган эмас. Бир иккита ҳолатни тилга олиб, ялписига шундай бўлган эди, дея ҳукм чиқариш – ичи қораликдан бошқа нарса эмас.
Ҳолбуки, ўшанда жуда кўп техника йиғилди. Шу сабабли мавжуд экин экиладиган ерларни ҳайдаш имкони пайдо бўлди. Шавкат Мирзиёев айнан 1996 йили Жиззахдаги тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида биринчи даражали вазифа – ер ҳайдаш-шудгорлаш эканини, бунинг учун бизга кўп, жудаям кўп кучли тракторлар зарур эканинини Ўзбекистон раҳбарларига етказди. Натижада Ўзбекистонга АҚШнинг “Магнум” тракторлари кириб келди.
4.
Тўғри, ўша пайти ҳужжатсиз тракторини олдирганлар хафа бўлган, кўз ёшини артувчиларни қидирган, Улуғбек Ашурга ўхшаганларга учраган… аммо бу нарса Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги ҳолатни белгилайдиган кўрсаткич эмас.
5.
Мақолани ёзарканман, бир нарса эсимга тушяпти. Бу ҳақда гапириш тўқсонинчи йилларга қадар ҳам, энди ҳам кулгили. Аммо, ўша, 1996-2000 йиллари жуда долзарб эди.
Вилоят ҳокими бир туманда қишлоқ хўжалик ходимлари билан ялпи юзма-юз мажлис ўткизгандан сўнг кимда қандай масала борлигини сўради. Бир совхоз директори ўрнидан турди-да, фалон бригадада ер ҳайдаётган “Т-4А” трактори тўхтаб қолгани, унга коленвал кераклигини айтди.
— Расточка қилсак, кейин унга вкладиш топиш муаммо бўлади, деяпти инженеримиз, — дея эътироз билдирди совхоз директори.
— Тополмасаларинг, бир томонига ўзингни, иккинчи томонига инженерингни қўй, — деди Мирзиёев чапаничасига.
Ҳа, биринчидан вилоятда вазият шунақа эдики, вилоят даражасида ҳайдов тракторига коленвал йўқ эди. Ва бу масала билан шахсан вилоятнинг биринчи шахси шуғулланишга мажбур эди. Айнан ана шунақа, муаммоли кундаги муаммоли вазиятда қишлоқ хўжалиги ерларини шудгорлашни ўз вақтида бажариш учун Мирзиёев чапанича усулларни қўллаган бўлиши мумкин.
Жиззахнинг катта бойлари билан чапанича суҳбатлар ҳақида мен ҳам бир воқеани эшитганман. Айтишларича, Россия билан борди-келди савдо қилиб, бойиб кетган бир йигитни Мирзиёев ҳузурига чақириб, ер шудгорловчи “Т-4А” тракторига Россиядан битта мотор келтириб беришни илтимос қилган. “Бой” эътироз билдиради.
“Бой” вазиятни англаб етади. Қолаверса, Улуғбек Ашур тилга олган миллионерлар бу тахлит муомаладан сўнг не аҳволга тушгани афсоналарга айланиб улгурган эди.
— Хўп, — дея “бой” қўлларини кўксига қўйиб, ўрнидан туради. – Эртагаёқ Россияга одам жўнатаман. Етказиб келаман.
— Эртага эмас. Бугун. Ҳозироқ. Ўзинг бориб олиб келасан. Менга бир ойдан кейин келадиган мотор керак эмас. Бир ойдан кейин мен эккан чигит униб чиққан бўлиши керак.
Ва “бой” бир ҳафтада тўртта мотор етказиб келади.
6.
Мирзиёев ана шунақа усуллар билан Жиззах қишлоқ хўжалигини оёққа турғизди. Чунки Тошкентдан ёрдам олишга ҳеч қандай умид йўқ эди. Фақат ички имкониятларни ишга солиш керак эди. Қолаверса, Жиззахда ана шу тахлит иш юргизмаган раҳбарнинг ҳоли ҳамиша вой бўлган. 1990-1993 йиллари вилоятда биринчи раҳбар бўлган Эркин Турсуновни ҳатто Жиззахнинг кўча итлари ҳам тан олмас, биров унинг айтганини қилмас эди. 1992 йили Дўстликка Жўрақул Исроиловни, 1993 йили Зафаробод туманига Абдулаким Ҳожимуродовни янги ҳоким сифатида олиб бориб, маҳаллий депутатлар, фаоллар тасдиғидан ўткизолмай, қайтариб келган эди. 1993-1996 йиллари вилоят ҳокими Алишер Тошкенбоев эса Жиззахда ҳеч кимга тегмаслик пайида бўлди. У МХХ билан пинҳона ишлади. Уч йил давомида “город”да иккита данғиллама уй қурди ва ишдан бўшагандан сўнг уйларини пуллаб, кетиб юборди.
Шавкат Мирзиёев ҳам шунақа қилиб, яллама-ёрим қилса бўлар эди. Аммо…
Шавкат Мирзиёев мажлисларда неча бор тилга олган:
— Мен Жиззахга келгунга қадар сўкиш, уриш у ёқда турсин, ҳатто бировга баланд овозда гапирмас эдим. Мени бу ишга маҳаллий раҳбарлар ўргатди.
Ана шунақа!
Мен Шавкат Мирзиёевни оқламоқчи эмасман, аммо Жиззахда шунақа раҳбарлар борки, одамни динидан чиқариб юборади.
Товба! Ёсин товба! Раҳбар ҳам шу тахлит иш юритарканми? – дея ёқа ушлайсан. Уни бўшатиб, ўрнига бошқасини қўйсанг, униси баттарроқ бўлиб чиқади. Иккинчи ёқда эса Улуғбек Ашурлар интернетга чиқиб, “муштумзўр раҳбар”, дея мақолалар эълон қилиб турса…
Қийин, жудаям қийин бўлган эди Шавкат Мирзиёевга. Ва у таваккал қилиб, ўзи танлаган йўлдан қайтмади. Чапаничасига иш юритишни афзал билди.
Қолган ҳамма нарса кейинги масала, энг аввал иш юрсин, деган амалга содиқ қолди.
7.
Вилоятда раҳбарларни қийин-қистовга солиб, у оддий фуқароларга бир қатор шароитлар яратиш ҳаракатида бўлди. Хусусан, газ, сув, свет раҳбарларидан қишлоқларни узлуксиз таъминлашни талаб қилди ва бунга эришди ҳам.
“Газ ўчмай ёниб турса ҳам бўлар экан-ку! Мумкин экан-ку, — дея яйраб қолган эди ўша йиллари аҳоли.
8.
Беайб парвардигор, дейдилар.
Хом сут эмган банда, дейдилар.
Шавкат Мирзиёев осмондан тушмаган эди. Жиззахнинг нонини еб, сувини ичиб, улғайган эди. Маҳаллий аҳолини ҳам, раҳбарларини ҳам яхши биларди. Совхозлардаги “Т-4А” ҳайдов тракторларини мотор билан таъминлаб ҳам ер ҳайдашни систематик тарзда йўлга қўйиш мушкуллигини Шавкат Мирзиёев тушуниб етди. Яна тушуниб етдики, совхозлар умрини яшаб бўлган. Бегали Назаровга ўхшаш фермерларни кўпайтириш керак. Зеро, бунақа фермерларни орқасидан халачўп билан қувиб юриш керак эмас экан. Ҳамма ишни ўзлари бажарар экан. Фақат ишини назорат қилиб турсанг бас.
Шу тахлит республика бўйича энг аввал Шавкат Мирзиёев раҳбар бўлган Жиззах вилоятида фермерчилик кенг ёйилди.
Фермерликни кенг ёйишдаги ноқисликлар, муаммолар эса кейинги масала.
Фермерчиликни кенгайтириш ташаббуси – Шавкат Мирзиёевнинг энг дастлабки кенг кўламли ташаббуси эди.
Қолаверса, Шавкат Мирзиёев ҳамиша ташаббус одами бўлиб келган. Айниқса, ёшларга кўп эътибор берган. Жиззах шаҳрида ва вилоятда оммавий ободончилик ўрнатиш йўлга қўйилди. Ички имкониятлардан келиб чиқиб, кенг кўламли қурилишлар амалга оширилди. Жиззах шаҳридаги “Ёшлар маркази”, “Олимпия резервлари” спорт мажмуаси каби қатор иморатлар бугун ёшларга хизмат қиляпти.
Шавкат Мирзиёев Бош вазир бўлгандан сўнг бу тахлит қурилишларни республика миқёсида амалга ошира бошлади. Барча туманлар ва қишлоқларда мактабларни янгидан қурди, коллежлар қурди, стадионлар, спорт мажмуалари қурди. Бунақа қурилишлар бугун ҳам шиддат билан давом этяпти. Барча вилоятлар ва туманлар, қишлоқлар қайтадан қурилмоқда, ободонлашмоқда, оддий аҳоли учун замонавий коттежлар бунёд этилмоқда.
Буларнинг бари Шавкат Мирзиёев ташаббуси.
Ана шу тахлит ташаббуслар натижаси ўлароқ РИО-2016 олимпиадасида 207 мамлакат орасида бизнинг спортчилар олган медаллар сони бўйича 26 ўринга кўтарилди. Ғолиб ва совриндорлар орасида эса республикамизнинг турли туманлари ва қишлоқлари вакиллари бор эди.
9.
Тўғри, амалга оширилаётган мазкур ишларда йўл қўйилаётган хатолар тўғрисида бонг уришга, ҳаммани чалғитишга уринаётганлар ҳам бор. Хусусан, янги коттежлар қурилишларидаги камчиликларни ҳал қилувчи масала сифатида кўзга ташлатишга ҳам ҳаракат қилаётирлар.
Аммо бу камчиликлар ҳал қилувчи масала эмас.
Ҳал қилувчи масала шуки, оммавий тарзда мактаб, коллеж, спорт иншоотлари, коттеж каби иморатлар қурилмоқда. Бу иморатлар қишлоқларда, туманларда — ҳамма ҳамма жойда қуриляпти.
Бу хилдаги кенг кўламли қурилишлар Шавкат Мирзиёев Бош вазир бўлгандан сўнг амалга оширилди. Айнан Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовни шунақа қурилишлар кераклигига ишонтирди ва уни амалга ошириш учун рухсат олди.
Бу хилдаги кенг кўламли қурилишлар Ўзбекистон миқёсида аввал ҳеч қачон амалга оширилмаган.
Бу иморатларни Шавкат Мирзиёев ҳеч қачон ҳеч қаёққа орқалаб кетмайди. Бу иморатлар юз йиллар давомида халққа хизмат қилади.
10.
Бу тахлит кенг кўламли ишлар, қурилишлар амалга ошиш жараёнида табиий равишда кимдир жабрланади, кимдир четга сурилиб қолади, кимдир Улуғбек Ашурларга йиғлаб боради. Улуғбек Ашурлар ўз навбатида ит каби ҳура бошлайди.
Лекин… карвон парво қилмай ўтиб кетаверади.
Ҳамиша, ҳамма замонларда шундай бўлиб келган.
Шундай бўлиб қолаверади. Яъни ит ҳураверади, карвон ўтаверади.
Қолаверса, иш бор жойда камчилик ҳамиша топилади.
“Қилич ва қалқон” фильмида айтилганидек: “Савол қўйиш осон, жавоб топиш мушкул”.
10.
Қолаверса, улкан қурилишларни амалга оширган давлат раҳбарларининг барчаси ҳам қаттиққўл бўлган. Қаттиққўл бўлмаган раҳбар ҳеч бир ишни уддалай олмайди. Айниқса, бизнинг Марказий Осиё шароитида демократия бир зумда анархияга айланиб кетиши тайин. “Қулупнай воқеаси”, Андижон – 1990, Андижон -2005, Ўш 1990 ва 2010 йиллар фожиалари бунга ёрқин мисол.
Шундай экан, биз бўлажак Президент сайловларида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб қувватлаймиз.
11.
Мен мақолани тугатган эдим, аммо мақола тугалланмаганлик ҳисси мени яна ушбу мавзуга қайтишга ундаяпти. Қолаверса, мен ҳам профессионал журналист сифатида йигирма йиллар давомида ишлаганман. 1990 йили Жиззах вилояти қайта ташкил топганда Жиззахда Ёзувчилар уюшмаси раиси бўлганман. Демак, бу масалада фикр юритишга тўла маънавий ҳаққим бор. Қолаверса, Улуғбек Ҳайдаров мақоласида сўз юритган айрим шахслар ҳақида мен ҳам ўз фикримни айтишим лозим, деган фикрга келдим.
2001 йили бир муддат “Инсон ва қонун” газетасининг Жиззахдаги мухбири вазифасини бажардим. Ана ўшанда бир қатор ёпилган фермерларнинг қайта очилгани тўғрисида мақолалар эълон қилганман.
Нега бундай бўлган?
Негаки, ўша йиллари ҳақиқатан ҳам ўз вазифасини уддалай олмаётган, режаларни сурункали равишда бажармаётган бир қатор фермер хўжаликлари вилоят ҳокими Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ёпилган. Кейин ёпилган фермерлар кучи етган жойгача арз қилиб боришган. Вилоят адлия бошқармаси бу арзномаларни кўриб чиқиб, вилоят ҳокими қарорига раддия бериб, вилоят хўжалик судига тақдимнома киритишган. Тақдимнома асосида вилоят хўжалик суди томонидан вилоят ҳокими қарорлари бекор қилиниб, фермер хўжаликлар тикланган.
Бу фактларни нафақат мен, балки вилоят газеталари, вилоят ва шаҳар телевидениеси ҳам ёритган.
Улуғбек Ҳайдаров бу фактлардан тонолмаса керак.
Бу фактлар шуни исботлайдики, Шавкат Мирзиёев Жиззахда юрган пайти етарли даражада демократ ҳам эди. У ўзига қарши чиққан фермерга ҳам, адлия бошқармасига ҳам, хўжалик судига ҳам чидаган. Барчасини бирваракай йўқ қилиб юбориш пайида бўлмаган.
Ҳолбуки, бу даврда республика миқёсида не-не мана-ман деган зотлар бир имо туфайли йўқ бўлиб кетаётган, қамоқда чириётган фурсат эди.
13.
Ва умуман, Шавкат Мирзиёев ҳамиша зиёлиларга: ўқитувчиларга, ижодкорларга эҳтиромда бўлган, уларнинг ҳурматини жойига қўйган. Хусусан, Жиззахда Иброҳим Дониш деган камсуқум,камнамо, бечорасифат, фақиргина болалар шоири бўлар эди. Шавкат Мирзиёев вилоят Ёзувчилар уюшмаси раиси Туроб Мақсуд таклифига биноан 2000 йили Иброҳим Донишнинг 60 ёшли юбилейини жуда катта тантанага, адабиёт байрамига айлантириб юборди. Бир ой давомида вилоятнинг турли ташкилотларида ана шу санага бағишланган учрашувлар ўтказилди, Тошкентдан таниқли ижодкорлар, санъаткорлар таклиф этилди. Ниҳоят вилоят драма театрида шоирнинг тантанали юбилей кечаси ўткизилиб, ундан кейин “Ёшлар маркази” аталмиш янги тўйхонада 500 кишилик базми жамшид уюштирилди. Харажатларнинг ҳаммасини Шавкат Мирзиёевнинг ўзи кўтарди.
Бунақа серхаражат ташкилий масалаларнинг яна бири 1997 йилдан 2007 йилгача узлуксиз ўтказилган “Ўрикли-сой” (Зомин) ёш ижодкорлар кўрик-танлови эди. Ҳар йили ёзда Зомин тоғи тепасидаги мазкур оромгоҳга республиканинг барча бурчакларидан ёш ижодкорлар ва устоз адиблар йиғилиб келиб, адабиётнинг пасту-баландидан бир ҳафта давомида баҳс этардилар. Абдулла Орипов, Абдусаид Кўчимов, Муҳаммад Юсуф, Собир Ўнар, Раҳим Отаев … ва бошқа устозлар ёшлар ижодини шу ерда бир қур назардан утказиб, қимматли маслаҳатларини берардилар, газета, журнал ва нашриётларга тавсияномалар йўллардилар.
Ана шу йиғинни ҳам ташкиллаштирган ва барча сарф-харажатларини (камида бир юз одамга йўлкира, бир ҳафталик ётоқ ва озиқ-овқат) кўтарган Шавкат Мирзиёев эди. Мазкур кўрик-танлов 2007 йили кимнингдир: “Абдулла Орипов Зоминга ичиб ётишга, ҳордиқ чиқаришга борар экан”, деган чақуви асосида ёпиб ташланди.
Қуйидаги воқеани эндиликда марҳум, ўша даврда Абдулла Қодирий номли Жиззах Давлат педагогика институтида доцент бўлиб ишлаган ишлаган дўстим Абдуаҳад Сувонқулов айтиб берган эди.
Навбатдаги вилоят фаоллари йиғилишига кўпчилик Пединститут раҳбарлари ва ўқитувчиларини ҳам таклиф қилишади. Мажлисда вилоят ҳокими Шавкат Мирзиёев вилоят раҳбарларига жуда қаттиқ гаплар айтади ва “боринглар, топшириқни бажаринглар”, дея ҳайдаб чиқариб юборади.
— Энди бизга навбат етди, шекилли, деб қалтираб ўтирибмиз, — дея ҳикоя қилган эди Абдуаҳад, — аммо Шавкат Мирзиёевнинг ранги дарҳол ўзгарди. Кулимсираб: — узр, булар тўғрима-тўғри муомалани тушунишмайди. Буларнинг тепасида калтак ушлаб турмасанг бошқа иложи йўқ. Мен Тошкентда ҳеч кимга ҳеч қачон ҳатто қаттиқроқ овозда гапирмаганман. Жиззах бошқача экан… Хуллас, кетдик, “Ёшлар маркази”да сизлар учун бир пиёла чой тайёрлатганман, ҳамма гапни ўша ерда гаплашамиз”, деди… Роса маза қилганмиз.
Абдуаҳад Улуғбек Ҳайдаров мисол тарзида келтирган Ҳамзаев домла ўлими тўғрисидаги воқеага ҳам муносабат билдирган.
Айтишича, институт раҳбар лавозимларидан бирида ишлаган Ҳамзаев домла аввалдан юрак касал бўлган. Пахта терими пайти барча: ректор ва деканлар далада бўлишгани сабабли у киши Институт раҳбарлари номидан вилоят мажлисларидан бирида қатнашган. Мажлисдан қайтгандан сўнг “вазият таранглашиб боряпти, энди мен ҳам бормасам бўлмайди”, деб пахта теримида қатнашаётган студентлар ёнига кетган. Икки-уч кун далада юргандан сўнг юраги ёмонлашган ва…
Кейин эса эл орасида Улуғбек айтган нохуш миш-мишлар асл ҳақиқат тарзида тарқатилган.
16.
Улуғбек Ҳайдаров қаламга олган Ўктам Мингбоевич Турсуновни мен шахсан танирдим. Вилоят “Ўзсельхозтехника” бошлиғи эди. Ҳақиқатан Шавкат Мирзиёев уни яхши кўрарди. Ўктам Мингбоевичнинг чапани қилиқлари ҳақида вилоятда ҳалига қадар афсоналар юради. Ўзи ориқ, кичкина бўлишига қарамай, жуссаси ўзидан икки-уч барабар катта раҳбарлар билан олишиб кетаверарди.
Бу одамнинг ҳам оддий халққа ёмонлиги бўлмаган. Аксинча, оддий халқ манфаатлари йўлида раҳбарлар билан талашган. Ана шунинг оқибатида Ўктам Мингбоевич 2001-2003 йиллари қамалиб чиқди. Ҳолбуки, Шавкат Мирзиёев ўз лавозимидан фойдаланиб, уни олиб қолса бўларди. Аммо бундай қилмади. Қамоқдан қайтиб келган заҳоти унга яна амал берилди.
Мен оилам билан 1994 йилдан бугунга қадар Зарбдорда фермерлик қиламиз. Турмуш ўртоғим Зулайҳо Саттарова 1980 йиллари комсомол-ёшлар бригадаси бошлиғи, механизатор бўлган. Комбайнда ғалла ўрган, комбайнда пахта терган. Шу сабабли 1984-89 йиллари СССР Олий советига депутат бўлган. Кейинчалик, мустақиллик шарофати билан, у бошлиқ бригада базасида “Зулайҳо” фермер хўжалигини туздик. Йиғинларда гоҳ мен, гоҳ оилам қатнашарди. Мен қатнашган йиғилишлардан бирига вилоятдан вакил бўлиб Ўктам Мингбоевич келди. Барча гаплар айтиб бўлингандан сўнг, Ўктам Мингбоевич: “Қайси фермернинг шахсан менга, “Ўзсельхозтеника”га гапи бўлса, ҳозир айтсин, қўлимдан келса, бажараман”, деди. Фермерлар бирин-кетин айта бошлашди.
— Мана сенга мотор!!! – Ўктам Мингбоевич бош бармоғини кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасига тиқиб, фермерга чўзди. – Ма, ол! Ҳе инсофсиз!!! Бир сўм пулинг йўқ, тағин менга талаб қўясан!!!
Яна икки-уч фермердан сўнг менга навбат келди. Мен фермер хўжалигимизнинг бир ярим миллион сўм пули “Ўзсельхозтехника”га ўтказилганини, мазкур пулга бизнинг “Беларусь” тракторимизга иккита катта шина ва иккита тележкамизга саккизта шина зарурлигини айтдим. Ўтказган пулимиз шунча эҳтиёт қисмга етар эди. Ўктам Мингбоевич савол назари билан туман “сельхозтехника” бўлими бошлиғига қаради. У ўз навбатида бухгалтерига ўгирилди. Бухгалтер қоғозларига назар ташлаб, менинг гапим ҳақиқат эканини билдирди.
Бизга эртаси куниёқ ушбу нарсаларни туман “сельхозтехника”сининг омбор мудири ва экспедитори биргаликда вилоятдан олиб келиб беришди
Мен бундан аввал ва кейин ҳам бир неча бор Ўктам Мингбоевичга дуч келганман, мақсадимни тўғри тушунтира олганман, ҳаққим борлигини исботлаганман. Шундан сўнг у менинг ишимни битириб берган. Ўктам Мингбоевич ҳақидаги турли-туман афсоналар эса ўз ишининг уддасидан чиқа олмайдиган латтачайнар, аммо ётиб тош отадиган ичи кир кимсаларнинг фисқу-фасоди, деб ўйлайман.
17.
Улуғбек Ҳайдаров қаламга олган Яманқулов эса… Яманқулов … алоҳида масала.
Убайдулла Яманқулов Жиззахга ҳоким бўлган даврда ҳар йили пахта, ғалла режасини бажарган фермерларга Наврўз арафасида Отчопарда байрам қилиб берар эди…. Яманқуловнинг мажлислари узоғи билан бир ярим соат, икки соат давом этарди, холос. 2004 йили июн бошида Зарбдорга келиб, ғалла ўрими бошланиши муносабати билан йиғилиш ўткизди.
— Ўрим бошида фақат фермер, комбайнер ва комбайнга хизмат кўрсатувчи МТП ходимлари бўлсин. Ғалла ўрими бошида СФУ раҳбарини ҳам кўрмай, милиция ходимини ҳам кўрмай, йўқса, хафа қиламан. Фермер режани бажаргандан сўнг ғаллани қаерга қўяётгани билан ҳеч кимнинг иши бўлмасин. Бажармасдан ўғирлик қилса, у билан мен шахсан ўзим гаплашаман, милицияни аралаштирмайман, -деди Яманқулов.
Бизнинг уйимиз Бўстон қўрғонида, фермер хўжалигимиз ери Парда Умурзоқов СФУ да. Ораси 22 км. Йўл бўйи Зарбдор тумани марказидан ўтишимиз керак. Демоқчиманки, ғалла ўрими мавсумида мазкур йўл бўйи ДАН ходимлари ғиж-ғиж бўлар эди ва ўзича ғалла ортиб кетаётган автомобиль ушланса, ушлаган ДАН ходими мукофотланарди. Ана шундай ола-тасир паллада биз давлат режасини бажарганимиздан сўнг 40 тонна буғдойни куппа кундузи ўрдириб, ғиж-ғиж ДАНчилар орасидан қўрқмасдан уйга ташиб олиб келганмиз ва уни хоҳлаган одамимизга очиқчасига сотганмиз. Давлатга етти тонна ошиқча ғалла топшириб юборган эканмиз, вилоят ҳокими Яманқулов бу масалага ҳам ўз фикрини билдирди: “Режани бажармаган фермерлар, керак бўлса, ошиқча бажарганларнинг ғалласини сотиб олинглар”. Натижада мен элеваторга топширган ортиқча етти тонна ғаллам учун бозор нархида бир қолоқ фермердан нақд пул олгандан сўнг элеваторга мазкур ғаллани фалон фермер ҳисобига ўтказишлари учун расмий хат бердим. Фойдадан ишлаб топган пулимни эса ўз ихтиёримга қараб ишлатдим.
Пахта масаласи ҳам шунақа эди. Режани бажаргандан сўнг, агар хоҳласак, пахтани териб, пахта заводига олиб борардик-да, исталган фермер харидор бўлса, нархини келишиб,нақд пулга сотиб юбораверардик. Пулни қўрқмасдан кўчада санаб олардик. Чунки бу пахта ҳеч ёққа кетмасди. Ҳокимият учун бу пахта заводга кирса бўлди. У менинг номимдан кирдими, бошқа фермер номидан кирдими, фарқи йўқ. Энг асосийси: бу “приписка” эмас, балки “живой” пахта эди.
Режани бажарганлар учун жуда катта мукофот эди бу.
Шунингдек, ҳар йили Наврўз арафасида режани бажарган фермерлар Жиззах Отчопарига таклиф этилиб, базм уюштирилар, энг яхши фермерларга мукофотлар берилар ва ҳар бир режани бажарган фермер қўлига гувоҳнома топшириларди. Гувоҳномада: “Мазкур гувоҳнома эгаси бўлган фермер фаолиятини ҳеч бир текширувчи ташкилот текширишга ҳаққи йўқ. Жиззах вилояти ҳокими Яманқулов”, деган деган ёзув турарди. Биз ҳатто эркаланиб,ушбу гувоҳномани машинамизни тўхтатган ДАН ходимларига кўрсатсак, ДАН ходими Яманқулов имзосини кўрган заҳоти бизни қўйиб юборарди.
Хуллас, режани бажарган, ўзини уддалаган фермерларнинг қадри жуда баланд эди.
Ҳолбуки, кейинги йиллари ғалла ўрими ва пахта терими олдидан туманларда ҳокимлар тарафидан йил бошида тузилган режалар бир четга итқитилиб, режа сунъий кўтарилиши, натижада сурункали равишда фермерларнинг режани бажариши қийинлаштирилиб, “ишлаган ҳам, ишламаган ҳам бир” бўлгандан сўнг ишга, фермерчиликка қизиқиш сусайиб кетган ҳоллар ҳам кузатилди
Ҳолбуки, Шавкат Мирзиёев ташаббусларининг Жиззахдаги давомчиси ва шогирди Убайдулла Яманқулов 2003-2006 йиллариёқ вилоятнинг тоғли туманлари – Бахмал, Ғаллаорол, Зомин, Янгиобод, Фориш, Жиззахнинг Равот қишлоғи тоғ ҳудуди мактаб ўқувчиларини пахта теримига жалб этмай қўйган эди.
Пахтали туманларда терим конвейер усулда йўлга қўйилганди. Қайси бир мулозим агар ишга тўсқинлик қилаётгани ҳақида Яманқуловга хабар етса, ўша мулозимнинг ҳолига вой эди. Яманқулов барча учун 504-89-89 телефон рақамини эълон қилган, хоҳлаган одам бу рақамни териб, бемалол Яманқулов билан мулоқот қилар, арзини айтар ва ўша куниёқ мазкур арзнинг натижасини кўра олар эди. Шахсан мен ўзим уч бора мазкур рақамни терганман. Ҳар сафар Яманқулов узлуксиз гўшакни кўтарган, мен дардимни айтган, ва арзим ижобат бўлган. Мақола чўзилиб кетаяптию, айтмасам бўлмас:.
Бизнинг оилавий биофабрикамиз ҳам бор. 2004 йили Шавкат Мирзиёев Бош вазир бўлгандан сўнг қишлоқ хўжалиги билан астойдил шуғулланиб, айниқса, биолабораториялар ишига катта аҳамият берди. Негаки, биолабораториялар фойдасини у киши Жиззахда ишлаган даврида кўрган эди. Мирзачўл туманидаги биолабораториялар бир неча юз сўм сарфи эвазига катта-катта пахта майдонларини зараркунандалардан тозалаши мумкинлигини Гуля исмли туман ўсимликларни ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи ўшанда шахсан Шавкат Мирзиёевга амалда исботлаган. Ҳолбуки ушбу пахта майдонлари миллион-миллион сўмли заҳарли химикатлар эвазига ҳам зараркунандалардан тозаланмаган эди.
Хуллас, 2004 йили Шавкат Мирзиёев бир селектор мажлисида: биолабораториялар ҳисоб рақамига пул туширилсин, улар самарали фаолият юритишига имкон яратилсин, деган топшириқ берди. Ўз навбатида вилоят ҳокими Убайдулла Яманқулов ҳам мазкур топшириқни туман хокимлари ва банкларга етказди. Худди шу фурсатда вилоят ўсимликларни ҳимоя қилиш маркази бошлиғи ва айрим туманлар ҳокимлари ўзаро келишиб, ушбу пулларни биолабораториялар ҳисоб рақамларига эмас, балки вилоят ва туман ўсимликларни ҳимоя килиш марказлари ҳисоб рақамига тушириш ҳақида туманлардаги банкларга кўрсатма бердилар. Мен ўзим аъзо бўлган Зарбдор Пахта банкига бориб, шу ҳол устидан чиқдим: “Туман ҳокими шундай буйруқ берди. Ҳокимга боринг”, дейишди банкдагилар. Туман ҳокимига борган эдим: “Мен сендан сўраб иш қилмайман”, деди ҳоким. Иккимиз айтишиб қолдик. Мендан алам ўтиб кетди, аммо иложим йўқ. Кетдим. Эртаси куни яна банкка бориб, ҳисобимдаги озроқ пулимни қаергадир ўткизмоқчи бўлдим. Ва… билдимки, ҳисоб рақамим туман солиқ идорасидан музлатилипти. Ва яна билдимки, ўша куни туман ҳокимлигининг хатига асосан туман прокуратураси менинг устимдан жиноий иш очипти.
Бир аҳволда уйга етиб келдим. Биолабораториямизга ўтдим. “Тараққиёт” СФУ дан Баҳром Қораев исмли жанжалкаш бир фермер биомаҳсулот олишга келиб қолди. Ҳужжатларни расмийлаштираётган пайт муамммоларим тўғрисида суҳбатлашдик. “Бемалол телефон қилаверинг. Телефонни кўтаради. Арзингизни эшитади. Арзингиз арзирли бўлса, албатта натижаси бўлади. Яманқулов шунақа раҳбар. У Шавкат Мирзиёевнинг ҳақиқий шогирди”, дея менга далда берди Баҳром Қораев.
Бир ўзим қолиб яна анча фурсат иккиландим. Қўрқдим. Аммо… ўзга чорам қолмаганди. Мени қамаб юборишлари аниқ бўлиб қолган эди. Чунки биз туман ҳокими билан авваллари ҳам бир неча бор айтишган, унинг ҳам, хуллас, менда алами бор эди… Ниҳоят,.. қалтираб, қалтанглаб, рақамни тердим. Ва… шу заҳоти… нариги ёқдан трубка кўтарилди ва “ало”, деган Убайдулла Яманқуловнинг ўктам овози эшитилди. Менинг овозим қалтираб, йиғламоқдан бери бўлиб, ўзимни таништирдим-да, дардимни айтдим.
Мен, адашиб кетмасин, деб яна бир бор ўзимни таништирдим.
— Мен сизга айтаяпман-ку, ҳаммаси ўн беш минутда сиздан чиқиб кетади, — дея такрорлади Убайдулла Яманқулов.
Ва… Убайдулла Яманқулов ўз сўзида турди. Мени туман ҳокими чангалидан озод қилди. Кейин яна икки бор Яманқуловга 504-89-89 орқали мурожаат қилганман ва ишимни битириб олганман.
Элеваторга, пахта заводига маҳсулот топшириш пайтида қинғирликни аниқласам, сортини пасайтиришга уринсалар, ёки маҳсулот топшириб чиққандан сўнг белгиланган ГСМни беришдан бош товламоқчи бўлсалар (ва шу каби бошқа ҳолларда) мен дарҳол телефонимни олиб, қаршимдаги мулозимни огоҳлантирардим:
“Ҳозир Яманқуловга хабар бераман!”
Бўлди!
Етарли!
Ана шу биргина оғиз ибора ҳар қандай бюрократ мулозимнинг юрагини чиқариб юборар ва у зудлик билан пайсалга солинаётган ишингизни битириб берар эди.
ҲОЗИР БОШ ВАЗИР ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА ОЧИБ, ЭЛЕКТРОН ПОЧТАСИНИ КЎРСАТДИ. ИСТАГАН ОДАМ МАЗКУР ҚАБУЛХОНАГА ЎЗ АРЗ-ДОДИ БИЛАН КИРИШИ МУМКИНЛИГИ, ОДДИЙ ХАЛҚ УЧУН ЖУДАЯМ КАТТА ИМКОНИЯТЛАР ЯРАТАДИ. КУНИ КЕЧА БОШ ВАЗИРНИНГ ШАХСАН ЎЗИ СИРДАРЁЛИКЛАР БИЛАН УЧРАШУВ ЧОҒИ ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНАГА СИРДАРЁДАН КЕЛИБ ТУШГАН АРЗЛАР БОРЛИГИНИ АЙТГАНДА НЕ-НЕ СИРДАРЁЛИК РАҲБАРЛАРНИНГ ҲОЛИ ҚАНДАЙ КЕЧГАНИНИ ТАСАВВУР ҚИЛИШ ҚИЙИН ЭМАС.
2003-2006 йиллардаги Яманқуловнинг “ телефон орқали тўғридан-тўғри мулоқоти” бугунги Бош вазир виртуал қабулхонасининг ибтидоий кўриниши эди, холос.
Ва бу жараён давомида сўзсиз қайсидир бир амалдорлар жабрланар, ва жабрланганлар аламини ичига тугиб,пайт пойлашарди. Ана ўшаларнинг ҳаракати боис Яманқулов устидан “Бешенний хоким” номли мақола ёзилган.
Аммо “бешений”лар бошқалар эди…
Яманқулов эса ўша, ўзи ҳоким бўлган йиллари пахта теримида шунақа бир шароит яратдики, ҳеч қанақа даъват, милиса билан уйма—уй юриб, пахта теримига ҳайдаш, пахтага чиқмаганларнинг уйидаги свет-газини узишларига ҳожат қолмаган эди. Чунки…
… ишлаган одам борки, гарантияли равишда ваъда қилинган пулни оларди. Пулни бермаган фермернинг ҳолига вой эди.
Ана шунақа қинғир фермерлар ҳатти-ҳаракати боис ёзилган Улуғбекларнинг мақолалари. Аслида эса… Яманқулов топшириғи билан биз фермерлар терим олдидан банклардан нақд пул олардик ва дала бошида турардик. Келган теримчиларга кечқурун терган ҳар бир кг жисмоний пахтаси учун (пахта заводи ҳисоблаган кондицион пахта эмас), белгиланган ҳақни берар эдик. Бу ҳолни кўргандан сўнг халқ орасидан ташаббускорлар чиқиб, ўзлари атрофидагиларни тўплаб, бригадалар туздилар. Автомобиллар ёлладилар. Биринчи терим пайтида биз бунақа бригадирлар ортидан югуриб юрардик. Чунки ҳар бир фермер ўз пахтасини тезроқ териб топширишни истар эди.Шунда сорт юқори бўлар, юқори сортли пахтанинг нархи ҳам қиммат эди. Шунинг учун бошқа фермер бир сўм бераётган бўлса, биз 1 сўм 20 тийин ваъда қилардик. Автомобиль харажатини албатта тўлардик. Ва автомобиль ҳайдовчиси билан ҳам гаплашардик. Каттароқ ваъда берардик. Ва…яна ҳашарчиларга тушлик қилиб берардик. Тушликни ҳам аслида Яманқулов ташкиллаштирар эди. Ҳар бир фермернинг пахта гектари, тоннасига қараб, озиқ-овқат режаланар, кейин банклар шу режа асосида фермерлар учун Тошкентдан пул олар, пул фермерлар ҳисоб рақамига, ундан озиқ-овқат етказадиган савдо ташкилотига ўтказилар, савдо ташкилоти эса терим олдидан кўрсатилган озиқ-овқатни тайёрловчилардан етказиб келиб, фермерларга тарқатар эди.
Ана шу пулларни, озиқ-овқатни теримчилардан яширишга уринадиган фермерлар етарли эди. Оқибатда ҳашарчилар уларнинг устидан прокурорга, Яманқуловга арз қилишар, натижада…
Шу тахлит тошкентлик ҳашарчиларсиз, тоғлик ўқувчиларсиз пахтани бемалол териб олардик ўша йиллари…
Шавкат Мирзиёев ана шу қадар етук шогирдлар тайёрлаган ва етиштирган эди. Агар, Улуғбек Ҳайдаров айтмоқчи, Ўктам Турсунов ва Убайдулла Яманқуловлар ҳам эндиликда вазифаларга тиклансалар, мен бу ишни албатта қўллаб қувватлаган бўлар эдим.
18.
Бундай дейишга асос бор. Негаки, 12 сентабрда Жиззах вилоятида бир кунда етти туман ҳокими алмаштирилди. Ва аксарият аввал баланд лавозимда ишлаб, кейин кўзга кўринмай кетганлар бугун тикланмоқдалар. Жумладан, бизнинг Зарбдор туманимизга илгари Хоразм вилояти ҳокими бўлган Ислом Бобожонов ҳоким бўлди.
Ҳозир туманимизда майин шабада мисол ёқимли хушхабарлар эсмоқда. Эшитимизча, Зарбдорга 80 (саксон) миллиард сўм инвестиция олиб келинаётган эмиш. Туманда бир нечта қўшма корхоналар, аҳоли учун арзон турар-жойлар қурилар эмиш. Тумандаги нефть, химия, солиқ, МТП, МТС ва бошқа шу каби қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатадиган бошқа ташкилотларининг, хусусан, фермерларнинг давлатдан, бошқа ташкилотлардан 30 млрд. Сўм қарзи мавжуд экан. Қарз музлатилармиш…
— Шундай ишлангки, — деган эмиш Шавкат Мирзиёев Ислом Бобожоновга, — мен икки йилдан кейин келиб, Зарбдорни танима й қолай.
Биз, зарбдорликлар, шу ҳаракатнинг илк натижаларини кўргандай бўляпмиз. Илоё, Бошланган ишларга кўз тегмасин!
19.
Мен тушунишимча, бундай хуш ўзгаришлар битта бизнинг туманда эмас, балки республика бўйлаб давом этаётир.
Менинг саккиз нафар қизим бор. Уларнинг олтовини эрга бердим. Иккитаси ҳали ёш. Қизларимнинг аксарияти тўхтовсиз турли танловларда қатнашадилар, совринлар ютадилар, олий ўқув юртларига киришда имтиёзларга эга бўладилар.
Менинг тўртинчи қизим, 1992 йили туғилган Зулхумор Мамарасулзода боғча ёшидан бошлаб қўшиқчиликка меҳр қўйди. Тинмай танловларда қатнашди. Республика миқёсида ҳам совринли ўринларни эгаллади. Аммо бир неча йил давомида ғолиб бўлиш насиб этмади. Ногоҳ 2013 йили Зулхумор барча ёш санъаткорларнинг орзуси бўлмиш “Ниҳол” мукофоти совриндори бўлди. Республиканинг энг муҳташам “Истиқлол” санъат саройи саҳнасига чиқиб, қўшиқ айтди…. Албатта… хурсандчилигимизнинг чеки йўқ эди. Аммо ҳайрон эдик.
Наҳотки?..
Бахт қуши қаёқдан келиб, Зулхумор қизимизнинг бошига қўнди экан?!! “Ниҳол” мукофотига эришиш учун катта-катта танишлар, катта-катта маблағлар бўлиши шарт, деган узунқулоқ гапларни кўп ва хўп эшитган эдик. Бизнинг катта-катта танишларимиз ҳам, уларга берадиган катта-катта пулларимиз ҳам йўқ эди.
Ҳолбуки, вилоятда “Ниҳол” мукофоти совриндори – битта. У ҳам Зулхумор. Шунча йилдан бери Жиззахдан Зулхумордан бошқа “Ниҳол” мукофоти совриндори чиқмаган.
Хуллас, куз кунларининг бирида бизга хушхабар етиб келди. Бир селектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев маданиятчилар масаласига тўхталиб, ногоҳ Жиззах вилояти ҳокимига мурожаат қилипти:
— Сайфиддин, вилоятингдаги “Ниҳол” мукофоти совриндорини танийсанми? Гаплашдингми у билан?
— Гаплашдим,.. гаплашдим, Шавкат Миромонович!
— Уни мен “Ниҳол” қилдим. У менинг “Ниҳол”им. Биласанми шуни?! Сен ўзинг қачон “Ниҳол” чиқарасан?
Шу гап билан Шавкат Мирзиёев бошқа масалага ўтиб кетади. Оқибатда Зулхумор бошида тўпланган қора булутлар тарқади.
Ана шунақа!
Ҳеч қандай ғаразсиз, таъмасиз яхшилик қилиш мана бунақа бўлади. Ҳеч қандай ғаразсиз, таъмасиз халқ орасидаги талантларни, қишлоқ қизларини республика даражасида кўзга кўрсатиш мана бунақа бўлади.
Мен хозирда европада яшасамда ёзувчи келтириб утган мана бу Пўлат Пардаев, Муҳиддин Қурбонов, Зиёдулло Разоқов, Мамаражаб Назаров, Бахриёр Ҳамроларни яхши таниганман. Улугбек Ашур уларни тухмат учун судга берган. Суд бошланиши олдидан улар судяни кабинетида Улугбекдан кечирим сурашган. Ва судя уларни яраштириб куйган. Кейин хаммаси бирга чойхонага кетишган. Абулкосим Мамарасулов, вокеаларни бузиб курсатиб, бир жахонгашта ва жасур журналистни «халк душманига» чикариш яхшими? Сизчи? Уша сиз мактаётган Мирзияевни ташаббуси билан, ёшу кари пахта даласига чикканида, сиз уларни «Мажбурий мехнат курбонлари» деб хисоботлар тулдириб, Америкадаги ташкилотларга шу маълумотларни кандай пуллаётганингиз хакида хам ёзинг! Улугбек Ашур сиз каби ичикора булганида, аллакачон сизга жавоб ёзган булурди. У, дунёдаги жуда куп узбеклар яхши танийдиган жасур журналист. Абулкосим Мамарасул мактаётган (ё макташга мажбур булаётган)Шавкат Мирзияевнинг кимлигини жиззахда ва самаркандда хамма билади. Ёлгон хам эви биланда.
Абулқосим тўғри гапларни ёзган. Мирзиёев кечаю кундуз ишлади Жиззахда. Президентнинг ишончини шунда қозонди. Давлат бюджетидан бир тийин ҳам олмай, жуда кўп қурилишлар қилди Жиззахда. Бу Каримовга жуда ёқди. Унга аслида мана шундай йўқдан бор қиладиган одам керак эди. Чунки далвт бюджетини унинг қизлари ва хотини талаб бўлган эдилар. Бугунги Президентга ҳам ҳали жуда қийин бўлади бу ямоқ бюджет тешикларини беркитиш…
Абулқосим Мамарасулов тўғри айтибди, қачонки раҳбар тўғри халқ ва давлатни манфаатини кўзлаб ишласа, унгаа бўйсинувчи амалдорлар ёки иши юришмаганлар барча тусиқларни яратиб тўғри раҳбарни ҳам номини қора қилади.
Раҳбар қаттиқ қўл талабчан бўлмаса, бизда одамлар ҳамма нарсани талон тарож қилиб кетади. Совет вақтида одамлар ўғирликка ўрганган бўлса, Каримов вақтида қонунсизлик ва пораҳурлик мисли кўрилмаган даражага чиқди.
Мен хозирда европада яшасамда ёзувчи келтириб утган мана бу Пўлат Пардаев, Муҳиддин Қурбонов, Зиёдулло Разоқов, Мамаражаб Назаров, Бахриёр Ҳамроларни яхши таниганман. Улугбек Ашур уларни тухмат учун судга берган. Суд бошланиши олдидан улар судяни кабинетида Улугбекдан кечирим сурашган. Ва судя уларни яраштириб куйган. Кейин хаммаси бирга чойхонага кетишган. Абулкосим Мамарасулов, вокеаларни бузиб курсатиб, бир жахонгашта ва жасур журналистни «халк душманига» чикариш яхшими? Сизчи? Уша сиз мактаётган Мирзияевни ташаббуси билан, ёшу кари пахта даласига чикканида, сиз уларни «Мажбурий мехнат курбонлари» деб хисоботлар тулдириб, Америкадаги ташкилотларга шу маълумотларни кандай пуллаётганингиз хакида хам ёзинг! Улугбек Ашур сиз каби ичикора булганида, аллакачон сизга жавоб ёзган булурди. У, дунёдаги жуда куп узбеклар яхши танийдиган жасур журналист. Абулкосим Мамарасул мактаётган (ё макташга мажбур булаётган)Шавкат Мирзияевнинг кимлигини жиззахда ва самаркандда хамма билади. Ёлгон хам эви биланда.
Шокиржон!? Шокиржонми ё Улуғбек Ҳайдарми?! Нимани қаерда сотганимни билсангиз, ёзинг. Эълон қилинг. Қўрқадиган жойим йўқ. Аммо насиб қилса, ўша ҳуқуқ ҳимоячилари ва сиз билан бетма-бет бўлармиз,.. Ҳаммаси айтилар. Мен бу фактларни осмондан олганим йўқ. Мамаражаб Назаров, Муҳиддин Қурбонов, Зиёдулло Разоқовлар билан битта Бўстонда қўни-қўшни яшаганмиз.Яшаяпмиз. Дардларимизни бир биримизга айтганмиз… Толиб оға Ёқубов, Эгамназар Шайманов…ларнинг сиз ҳақингиздаги ошкора ҳақиқатларини эса интернетдан ўқиганман.
Абулқосим акага ҳурматимиз бор. Яхши ва исботли мақолалар ёзар экан.
Абулқосим тўғри гапларни ёзган. Мирзиёев кечаю кундуз ишлади Жиззахда. Президентнинг ишончини шунда қозонди. Давлат бюджетидан бир тийин ҳам олмай, жуда кўп қурилишлар қилди Жиззахда. Бу Каримовга жуда ёқди. Унга аслида мана шундай йўқдан бор қиладиган одам керак эди. Чунки далвт бюджетини унинг қизлари ва хотини талаб бўлган эдилар. Бугунги Президентга ҳам ҳали жуда қийин бўлади бу ямоқ бюджет тешикларини беркитиш…
Абулқосим Мамарасулов тўғри айтибди, қачонки раҳбар тўғри халқ ва давлатни манфаатини кўзлаб ишласа, унгаа бўйсинувчи амалдорлар ёки иши юришмаганлар барча тусиқларни яратиб тўғри раҳбарни ҳам номини қора қилади.
Раҳбар қаттиқ қўл талабчан бўлмаса, бизда одамлар ҳамма нарсани талон тарож қилиб кетади. Совет вақтида одамлар ўғирликка ўрганган бўлса, Каримов вақтида қонунсизлик ва пораҳурлик мисли кўрилмаган даражага чиқди.
SHAVKAT M. jIZZAXDA BUNCHA ISHLARIDAN BEXABAR IKANMIZ. AXIR U KISHI MARD, JENTILMAN BO’LGANLIGINI HIS QILDIM BU MAQOLANI O’QIB.
Ҳақиқатдан ҳам тўғри, кўролмаслик фақат бизни халқга эмас бутун инсон зотига тиккан касалик. Қизингиздек талантлар ҳамиша парда ортида қолиб кетади.