Дадахон Ёқубов: Худога шукур, яхши ниятларимиз рўёбга чиқди…
Ассалому алайкум, азиз дўстим Исматжон!
Худога шукур, яхши ниятларимиз рўёбга чиқди. Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.
Бу муваффақият билан Сизни ва Сиз орқали бутун “Дунё ўзбеклари”ни чин дилдан қутлайман.
Президентимизга эса мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр ва халқимиз бахт–фаровонлиги йўлидаги эзгу ишларида муваффақиятлар тилайман.
Айтишларича, инсон исми жисмига монанд бўларкан.
Мир Омон–элга омонлик олиб келувчи, Мир Зиё– юртга илм, фан, китоб, ойдинлик, зиё олиб келувчи, Шавкат эса қудрат ва шараф белгисидир. “Мир” сўзини луғатларда Амир атамасининг қисқартирма шакли сифатида қаралади.
Амир Темур ҳарзратлари, Мир Алишер номларига муносиб сўзлардир. Ишларимиз ҳам ана шу улуғ боболаримиз ибрати билан тўлиб тошсин. “Дунё ўзбеклари”га яхши кунлардан умид сифатида қуйидаги шеъримни тақдим этмоқдаман.
Ҳурмат эҳтиром ила Дада Зафар.
Суратда: Дадахон Ёқубов мухлислари билан…
КАТТА ЎЙИН
Ёғочнинг бўштини қурт ейди доим,
Дея мақол сўзлар ўзбек мулойим.
Ҳорижда мақоллар андиша билмас,
Дер: “Кучли ожизни назарга илмас”.
Шарқ ва Ғарб дунёнинг икки қутуби,
Шарқдан кўтарилар унинг офтоби.
Марғибда севарлар”Катта ўйин”ни,
Доим тўлдирганлар шундай қўйинни.
Гўдаклар, миттилар гўё ўйинчоқ,
Катталар ўйинида синганлар пачоқ.
Буғдой дони каби бирлашмаганлар,
Ун каби янчилгач, ажрашмаганлар.
Аммо юмшоқ ҳамир кимларга ёқмас,
Ва қайси очкўзлар суқланиб боқмас.
Қайхусрав ҳам, Доро ҳам, Искандар ҳам,
Хатто Қутайба ҳам топмаган тўҳтам.
Ватан тупроғидан майсалар мисол,
Униб чиқаберди ўғил-қизлар ол.
Улар Тўмарис, Широқ , бўлиб Спитамен,
Чингизни довдиратган Жалолиддин-Мен.
“Катта ўйин” худди қиморга ўхшар,
Шатранж тахтасида шоҳлари қахшар.
Номард-нокасларга тутқазиб ҳанжар,
Мардлар орқасидан ниш уриб қочар.
Фитналар, урушлар, бало офатлар,
Одамлар бошига солди кулфатлар.
Ер талаш ўртада, яна талаш жон,
Юртга зарур эди йўлбошчи хоқон.
Барлос уруғидан Баҳодир Темур,
Элу элатлардан бир давлат тузур.
Катта ўйинчилар этилди мағлуб,
Келган жойигача ташланди қувуб.
Унинг қудратидан титради ёвлар,
Амир шавкатидан дунё боҳабар.
Юксалди шаҳарлар илму маърифат,
Миллат адолатдан топди шарофат.
Ғарбдан то Шарққача, Жануб ва Шимол,
Савдо карвонлари кезди бемалол.
Бошин кўтарса гар ҳар қандай аждар,
Соҳибқирон лашкарлари инига ҳайдар.
Бу юртга келганлар кўплари элчи,
Биров сайёҳ, биров эди айғоқчи.
Сиёсий маддоҳлар тили қирқилди,
Сергак посбон ҳоинларни ҳам қилди.
Тарихчилар ёзмиш, аммо кўп жумбоқ,
Ал Яздий ва Арабшоҳни солиштириб боқ.
Клавихо учун бу юртда не бор,
Кимлар эди Боязитдан умидвор.
Темурийлар замонида “Катта ўйин”,
Ўйнашга журъат йўқ, ёғийга қийин.
Улуғбек жадвали юлдузни кўзлар,
Назмида Навоий Ватандан сўзлар.
Беҳзод рангларида самимий ораз,
Камалак жилосидек бахт эди фараз.
Лек хиссиз қўғирчоқлар ичида араз,
Барибир мўраларди ўйинчи мараз.
Хиндистон томонга бадарға Бобур,
Ўз юртин гадоси, подшоҳ мусофир.
Бухоро Қўқондан устинман дерди,
Халқи деб Нодира жонини берди.
Хива осмонида ой хорғин боқар,
Узаро урушлар чаёндек чақар.
Тўрт тарафда душманлар пайт пойлайди,
Фурсат етгач хайвондек нимталайди.
Денгиз уммонларда кемалар сузар,
Инглиз тўплари тинчликни бузар.
Ҳиндистон бўлмаса, йўқ Британия,
Қироллик қуввати бу калония.
Қиролича Виктория бедордир,
Кохинурга Россия ҳаридордир.
Шимолдан ҳавф ҳатар кўплиги маълум,
Ҳатто Напалион ҳам айлар такаллум.
Аввло Афғонда, сўнгра Қўқонда,
Ҳивада ёҳуд Бухоро томонда.
Кимнинг қўли устун, унгадир омад,
Сирли бу ўлкада мўмай даромад.
Ўнгда катта айиқ, чапда йиртқич шер,
Ўртада Афғон шоҳи қутқаринг дер.
Ўзбек хонликлари чуқур уйқуда,
Одамлар фарёди эди беҳуда.
Афғон ўз юртига бўлолди қалқон,
Инглизлар босқинин айлади яксон.
Оқ подшоҳ Сайҳундан то Жайҳун қадар,
Тўплар ила ютди гўёки аждар.
Мағриб бу Мағриб, Машриқдир бу Машриқ,
Тамаддун садоси, шиддат-ҳайқириқ.
Ҳеч бири қўзғалмас, Ер-Осмон каби,
То қиёмат сақлар, олам соҳиби.
Гар бош кўтарса ёвузлик нафрат,
Юзма юз келганда куч бирла қудрат,
Шарқ ҳам йўқ, йўқдир ғарб, бенишон Ватан,
Уруғ аймоқ ғариб, беиз дафатъан.
Ушбу мисралардан кўп нарса аён,
Ҳатто романларда этилган баён.
Мажозий ўхшатма”Катта ўйин”га,
Ёзмоқ насиб бўлмиш адиб Кеплингга.
Романлар афсона, эртаклар мисол,
Чорлайверди дунёни дея, бўлиб ол!
Урушлар, даҳшатлар, талон тарожлар,
Мазлумлар жонидан тўланган божлар.
Олтин, кумуш, ёқуд ,зумрад кам эмас,
Ноёб китоблар йўқ, хеч ким ғам емас.
Беҳзод суратлари денгиз ортида,
Ҳикматли битиклар ҳориж портида.
Уруғни уруққа гиж-гижладилар,
Хонлар юракларин ғижимладилар.
Бировни вассал қилди, бошқани осди,
Ниҳоят ўлкани дажжоллар босди.
Отасини от, боласига нон бер,
Ерини тортиб ол, гоҳида ён бер.
Ўзинг жароҳатла, ўзинг давола,
Оқ подшоҳ саҳоват этмиш ҳавола.
Ҳаммасидан ошиб тушди большовой,
Ватан тилка пора, халқ ҳолига вой.
Миллатлар номида давлат-тузилма,
“Катта ўйин” учун ноёб топилма.
Туркистон, Турон десалар отди,
Бухоро, Хива деса энсаси қотди.
Пантуркист, панисломист тамғасин қўйди,
Не-не ерликларнинг кўзини ўйди.
Уч хонлик ўрнида беш республика,
Советлар замонида яна тахлика.
“Катта ўйин” қатағонга айланди,
Юртпарварлар қурбонликка сайланди.
Буюк салтанатлар учун ҳам қийин,
Уларнинг доясидир”Катта ўйин”,
Гўркови ҳам аслида унинг ўзи,
Мунофиқнинг доим қорадир юзи.
Рус империясин синдирмоқ учун,
У Советларга сарф этди бор кучин.
Отасига ҳиёнат қилгач, оқпадар,
“Совуқ уруш” дея янчди пайдар-пар.
Марказий Осиёда ҳуррият янглиғ,
Қуёш кўтарилди кўнгиллар ёруғ.
Аммо катта ўйин заҳарли илон,
Тўрт томондан яна ўрмалар нолон.
Яна эски ҳаммом, яна эски тоз,
Глобализм мўралар гўёки устоз.
Миллат элатларни пинҳона қайрар,
Текин томошадан вужуди яйрар.
Беш оға инилар, беш яқин қардош,
То қиёмат йўлдош, биргамиз жондош.
Ўзбек, қозоқ, тожик, қирғиз ва туркман,
Бирга очилсалар, дерлар гулчаман.
Олиб Амир Темур бободан ибрат,
Шу тупроқ бағрида бўлсак ҳамжиҳат.
Тинчликдан ёришар Шарқ билан Машриқ,
Оламни тўлдирар эзгу ҳайқириқ.
Шавкатли ўғлонлар довруғи осмон,
Она алласида Омонлик омон.
Илму фан Зиёси бу элда қуёш,
Ватандан куч олар кекса ҳамки ёш.
Тарихнинг ўзидир огоҳ қўнғироқ,
“Катта ўйин”лардан бермоқда сабоқ.
Ёғочнинг бўштини қурт ейди доим,
Тўнка бўлмоқликдан асра Ҳудойим!
Суратда: Уч ўзбек журналистлари: Дадахон Ёқубов (чапдан биринчи), Исмат Хушев (ўртада) ва Карим Баҳриев (ўнгда) Ўзбекистон Олий Кенгаши сессияси залида…
Офарин сизга Ҳурматли Дадахон ака!
Бутун Турон эли тарихини ва фожеасини ажойиб қилиб таърифлаб,таҳлил қилиб берибсиз.
Ичкарида душманлар бўлмаса,ташқаридан келадиган ҳар қандай ёвни енгса бўлади.
Навруз ҳайрия жамғармасининг пуллари неча-неча Ватан хоинларининг оромини бузмади,пул учун сизга шунча зуғум ўтказишди.
Худди шунингдек яна минглаб олтин бошларимизни бу олтин тишлар еб ютиб юборди.
Биз кутган вақт хам келди,аммо ўша хоинлар хамон отнинг устида,елкаларида погонлар,юракларида қора ниятлари.
Энди ақлни ишлатмасак,бирикмасак яна узоооқ йиллар улар ўз қора ниятларини амалга ошириб юраберишади.
Умр эса оқар дарё каби оқиб ўтиб кетмоқда.
Xa, aytganingiz kelsin Dadaxon aka.