Дадахон Хасан исёнкор шоир Юсуф Жума билан учрашди (3-мақола)
Дадахон Хасан исёнкор шоир Юсуф Жуманинг азиз меҳмони (3-мақола)
1.
Президент сайловида иштирок этиш учун Техас штатининг Хюстон шаҳридан Вашингтонга учган Дадахон Хасан исёнкор ўзбек шоири Юсуф Жумани кўриш ва зиёрат қилиш учун бугун у яшаб турган хонадонга ташриф буюрди.
Вашингтондан Бахтиёр Хасаннинг енгил автомашинасида Кливленд шаҳрига келган Дадахон Хасанни бу ерда уни кутиб турган Юсуф Жуманинг икки нафар азамат ўғиллари ўзларининг яп-янги ва ваҳимали автоларида уйларига олиб кетишди.
Кливленддан то Юсуф Жума оила аъзолари билан қўниб топган сўлим шаҳарга қадар тўрт-беш соатлик йўл. Америка йўлларида қанча юрсангиз ҳам, чарчамайсиз, зерикмайсиз. Боз устига Дадахон акани яхши ҳамсуҳбат ва улфатижон сафардош эканини Бахтиёрдан эшитган эдим.
Соат миллари тун ярмидан ошиб, тонгга яқинлашганда манзилга етиб келишди…
2.
Юсуф Жума ва унинг оила аъзолари давлатдан анчагина ер сотиб олиб, у ерда сўлим боғ-роғ ташкил этганларини эшитган эдим.
Дадахон ака менга телефон қилиб, сафар хотираларини ана шу боғдан олган илк таассурот билан бошладилар:
— Худди Президентларнинг давлат резиденциясидай кўркам ва муҳташам бир боғ ташкил қилибди Юсуф. Боғнинг бир четида картошка, сабзи, карам, бир четида гулзор-чаманзор, яна бир четида — улкан арча дарахти остида — ўзбекча чорпоя ўрнатилган. Кўрпачалар тўшалган. Ҳаво бир оз совуқ тушиб қолган, йўқса шу ерда мазза қилиб тонг оттирсак ҳам бўларди…
3.
Сўнг телефон гўшагини Юсуф Жума олади.
Биз яна олдингидай ҳаяжон ва қувонч билан қизғин суҳбатга тушдик.
Юсуф Жума ўзбек халқининг бошига ҳам ниҳоят яхши ва ёруғ кунлар келишини айтди. Шавкат Мирзиёевга ишонишини, ундан кўп яхшилик кўрганини ҳикоя қилди.
Бу борада «Дунё ўзбеклари»нинг Ватан ва миллат учун жон куйдириб, олиб бораётган жўшқин сиёсатини маъқуллашини, матбуот ва журналистлар одамларни ажратиш учун эмас, балки бирлаштириш учун хизмат қилиши зарурлигини алоҳида таъкидлади…
4.
Таниқли мухолифат фаоли, машҳур ҳофиз Дадахон Хасаннинг АҚШ бўйлаб сафари давом этмоқда…
(давоми бор)
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада,
6 декабрь, 2016 йил
Юқоридаги суратларда улуғ ҳофиз Дадахон Хасаннинг исёнкор ўзбек шоири Юсуф Жума ва унинг оила аъзолари билан бирга тушган муборак ва қутлуғ онлар акс эттирилган…
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
Дадахон Хасан Вашингтонда – Жаҳонгир Маматов хонадонида (2-мақола)
Дадахон Хасан Шавкат Мирзиёевни сайлаш учун Вашингтонга учиб кетди… (1)
БОШ МАҚОЛА | 12/02/2016 3:50 PM 10187 МАРТА ЎҚИЛДИ | ТАҲРИР ҚИЛИШ
“Дунё ўзбеклари”дан:
Ўзбекистоннинг ижтимоий сиёсий ҳаётида муҳим ва бурилиш даври бошланмоқда.
4 декабрь кунги сайловлар бу мамлакат ҳаётини янги ва яхши томонга тубдан ўзгартириб юборади деган умидлар бор.
Бу умидларни Ўзбекистоннинг муваққат президенти бўлиб ишлаган атиги икки ойлик даврида Шавкат Мирзиёев одамлар қалбида пайдо қила олди.
Шу билан бирга Шавкат Мирзиёев чорак асрдан бўён бир бўлиб келган ўзбек мухолифатини ҳам нақ иккига бўлиб юборди. Бири – Муҳаммад Солиҳ бошчилигида унга қарши, иккинчиси Дадахон Хасан ва Жаҳонгир Маматов бошчилигида унга хайрихоҳ.
Бугун жума куни тушдан сўнг АҚШнинг Хюстон шаҳрида – қизиникида меҳмонда бўлган ўзбек мухолифати лидерларидан бири, таниқли ҳофиз ва шоир Дадахон Хасан Шавкат Мирзиёевга овоз бериш жараёнида иштирок этиш учун Техас штатидан Вашингтонга учиб келди.
АҚШ пойтахтининг дунёга машҳур аэропортида Дадахон Хасанни Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати, таниқли ўзбек журналисти Жаҳонгир Маматов ва бошқа ватандошлар кутиб олишди.
Айни пайтда Дадахон Хасанов Жаҳонгир аканинг Вашингтон атрофидаги сўлим ва баҳаволи гўшаларнинг бирида жойлашган шинамгина хонадонининг азиз меҳмони.
Эслатиб ўтамиз, Дадахон Хасан 4-декабрь, якшанба куни Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида ўтказилажак сайловда иштирок этиш учун бугун куннинг иккинчи ярмида Хюстондан Вашингтонга учиб келди…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
2 декабрь, 2016 йил,
Торонто шаҳри, Канада.
Дадахон Хасан Вашингтонда – Жаҳонгир Маматов хонадонида… (2)
4 декабрь кунги Президент сайловларида иштирок этиш учун Техас штатидан Вашингтонга учиб келган таниқли мухолифат фаоли, машҳур ўзбек ҳофизи Дадахон Хасан Ўзбекистон элчихонасида ўз номзодига овоз берди.
Овоз бериш жараёни жуда яхши ва байрамона кайфиятда ўтганини айтаркан, Шавкат Мирзиёевнинг мутлақ кўп овоз олишини элчихона ходимларининг шодон кайфиятидан ҳам билса бўларди деди ҳофиз.
Айни хуш кайфият Ўзбекистон ичкарисидаги сайлов участкаларида ҳам кузатилганини журналистлар хабар қилишди.
Фергана.РУ нашри мухбири Сид Янишевга кўра, у илк маротаба сайловни видеога олиш жараёнида олдинги йиллар каби тазйиқ ва таъқибга олинмаганини қувонч билан ёзди.
Бошқа нашрлар ҳам Ўзбекистондаги бу йилги сайлов бошқача руҳ ва бошқача кайфият билан ўтганини қайд этишди.
Менинг назаримда бунга асосий сабаб, Шавкат Мирзиёев ўзининг 88 кунлик муваққат Президентлик даврида одамларнинг руҳини кўтариш билан бирга – уларнинг қалбида ўзига нисбатан ишонч туйғуларини уйғота олишга эришгани бўлса керак.
Якшанба куни тушдан кейин, ҳали сайлов натижалари расман эълон қилинмаса-да, мамлакатдаги умумий вазиятдан келиб чиқиб, “Дунё ўзбеклари” биринчи бўлиб, Шавкат Мирзиёевни ғалаба билан қутлаган ёзувчи Исфандиёрнинг табрик телеграммасини эълон қилди.
Кўп ўтмай, Россиянинг РИА Новости агентлиги ҳам Ўзбекистон Президентлигига Шавкат Мирзиёев сайланганини биринчилардан бўлиб эълон қилди.
Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонасида ўтказилган сайловда иштирок этган Дадахон Хасан ўша куни журналист Жаҳонгир Маматовнинг азиз меҳмони бўлди.
Бу ерда Зокир Али, Бахтиёр Хасан ва бошқа ватандошлар билан учрашди. Жаҳонгир Маматовнинг Ўзбекистондан меҳмон бўлиб келган қариндошлари билан суҳбатлашди.
5 декабрь куни эса Дадахон ака АҚШдаги яна бир таниқли инсон – Юсуф Жума яшайдиган манзилга йўл олди.
Биз мақоланинг 3-қисмида таниқли ҳофизнинг исёнкор ўзбек шоири билан бўлган учрашуви ва мулоқоти ҳақида батафсил хабар бериш ниятидамиз.
Хуллас, ўзбеклар Ватанда ўзларига янги Президент сайлашди.
Янги Президент билан бирга Ўзбекистонда ростдан ҳам янги давр бошланаётганга ўхшайди.
Кейинги уч ойда мамлакатда содир бўлган ўзгаришлар бизга шундай умидбахш ҳис-туйғулар берса, не ажаб.
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада
4 декабрь, 2016 йил…
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Юсуф Жума важоҳатли ёвқур ўрта асрлардаги боболаримизга ўхшайди. Шундайлар қанча кўп бўлса миллат ҳам кучли бўлади. Бундайларни асраш керак. Халқимизда айтшадику мингта эшакдан кўра битта от яхши деб.
Юсуф Жума жуда тўғри айтибди журналистлар одамларни бирлаштиришга хизмат қилиш керак. Исмат акани «дунёўзбеклари» чиндан ҳам бутун дунёдаги Ўзбекларни бирлаштиришда улкан бунёдкорлик ишини қилди.
Ушбу ёруғ кунларни узоқ кутган буюкларимиз мана ниҳоят дунёнинг бошқа бир чеккасида учрашишди.
Битта юртнинг фарзандларни шу даражада сочилиб кетиши нақадар даҳшатлик бир ҳолат, мутлоқ оқлаб бўлмайдиган жиноят эканлигини тушуниб даҳшатга тушмасдан имкон йўқдир.
Янги Президентимиз ва келажагимиз тўғрисидаги Юсуф Жуманинг фикрлари бир неча миллион сайловчиларнинг фикридан устунроқдир.
Бу гапимга сайловчилар хафа бўлишмасин, бу ўлчов дунёвий нуқтаи назардан олиб ҳисобланади.
Ҳар бир ҳалқнинг, миллатнинг ўз виждони бўлади,
Саксон кило танада 80 грамм юрак бор.
виждон эса ўлчов билмайди.
Ҳалқимизнинг икки буюк фарзанди, Абдулла Ориф ва Дадахон Хасан хам битта юртда яшаб орадан чорак аср ўтиб Америка тупроғида юз кўришиб эдилар. Бу не жаҳолат ва разолатнинг меваси.
Буюкларимизнинг башорати ва истаклари албатта рўёбга чиқади, улар ҳалқини доим огоҳ этиб яшашди.
Бутун дунёдаги юртдошларнинг байрами бу!