Нурали Қобул: Адолатнинг сўнг манзили…
АДОЛАТНИНГ СЎНГ МАНЗИЛИ
ёхуд
Саодатга сазовор этмоқ санъати
«Шавкат Мирзиёевга овоз бераман» рукнидан
Одамларни бахт-саодатга са-зовор эта билмоқ салоҳиятига соҳиб кишиларгина раҳбар бўлмоқликлари керак.
Фаробий
Халқлар шахсларни бошқара олмайдилар. Бироқ шахслар халқларни бошқара биладилар.
Шекспир
Қутлуғ ва шарафли Ватанимиз, азизу мукаррам халқимиз буюк тарихий воқеаларни бошдан кечириб, янада улуғ, шавкатли, порлоқ бир келажак қаршисида турибди. Зотан миллат, дунё аталмиш бул рўйи заминда мавжудлиги билан эмас, нималарга қодирлиги, интилаётган ҳадафи ва бу йўлда қандай курашаётганлиги билан эл-улус, халқдир.
Миллат ўлароқ шаклланган улусларда ушбу жараён нисбатан осон кечса, бу йўлда заҳмат чекаётган, асрлар давомида шаъни-шарафи, ғурур ва ифтихори топталиб, миллий менлиги синдирилган элларда секинроқ кечади.
Айниқса, бу менликнинг юзага чиқиши, шу халқ орасида пайдо бўлган, ўз юрти ва халқининг туб, катта, асл манфаатларидан айри тушган ноқобилу ноқодирлар томонидан амалга оширилса, икки карра янглиш ва фожиалидир.
Ўтмишсиз бугун, бугунсиз келажакни тасаввур этмоқ қийин. Кечмишнинг хайрли ишлари-ю хатоларини тафтиш этмасдан, сабоқ олмасдан, бугуннинг масъулиятли ишларига ёндошиб, келажакнинг улуғвор режаларини тузиб, белгилаб бўлмайди. Кечмиш, бирор бир шахс ва тузумни оқлаш ёки қоралаш, бўрттириб сохталаштириш ёхуд лой чоплаш учун эмас, сабоқ олмоқ, сиёсату иқтисодда тўғри йўлни топмоқ, улус дардига ташҳис қўйиб, ярасига малҳам бўлмоқ учун ўрганилади. Халқ тили билан айтганда ҳар бир ишнинг ниҳояси, интиҳосида ҳақиқат сўйланади.
Ёруғ очуннинг ҳеч бир миллат, қавм ва қабиласи ҳаёти не тарзда кечмасин, ўз тарихидан юз ўгирмайди, воз кечмайди. Биз, дунёнинг саноқли халқ ва мамлакатлари бошдан кечирган социализм, ривожланган социализм ва коммунизмнинг илк босқичи дея таъриф берилган даврларни бошдан кечирдик. Биз кўрган бу тузум ва тартибларни ўзга элу элатлар тасаввур ҳам эта олмаслар балки. Боиси, минг эшитгандан бир кўрган афзалдир. Шу боис, бекорга чинлилар худо сени реформалар замонида яшамоқдан сақласин демайдилар. Буни халқимиз, орзуйинг хачир, тақиминг от кўрмас дейди.
Бироқ бу ҳам жуда катта тажриба, таҳлил этилиши, диққат-ла ўрганилиши, дарс олиниши керак бўлган тарихий бир даврдир. Кечмиш сабоқларидан аниқ дарс олган, тўғри хулоса чиқара билган элларгина келажакнинг ойдин йўлига туша олишлари ҳамда бу қутлуғ йўлчиликда адашмасликлари мумкин.
Улуғ, буюк ишларни амалга оширмоқ, ҳеч қачон осон, санчиқсиз ва оғриқсиз кечмаган. Ҳар доим миллати ва мамлакати келажагининг ёрқин уфқини кўрмаган, кўра олмаган кишилару гуруҳлар, ғайримиллий кучлар, шарафсизу ҳасадчиларнинг қаршилигига учраган.
Бу нарса, энг аввало, улуғ бобомиз Фаробий таъкидлаганидек, шу халқ бошида турган, унинг умиду армонларига қаноту равот бўла оладиган раҳбарга боғлиқ. Қаранг, бу ҳолатга чин файласуфи Лао Цзи қандай изоҳ беради. Буюк тўғрилик, буюк эгриликка, буюк заковат, буюк аҳмоқликка ўхшайди. Буюк донишмандлар ҳукмронлик қилган юртда фуқаролар уларнинг борлигини сезишмайди. Қаердаки ўртамиёна донишмандлар ҳоким бўлса, омма уларга қаттиқ боғланади ва уларни шарафлайди. Қайдаки пастроқ донишмандлар ҳукмронлик қилишса, халқ улардан қўрқади. Янада заифроқ донишлар ҳоким бўлган жойда эса халқ улардан ҳазар қилади.
Республикамиздаги бугунги ижтимоий-сиёсий, маънавий маърифий, ахлоқий ва ҳуқуқий иқлим ана шу энг юксак умуминсоний тамойилларга амал қилиниши мумкинлигидан дарак бермоқда. Биз, республикамиз президенти вазифасини бажарувчи, жумҳурият президентлигига номзод, амир ул-умаромиз (Амир Темур ҳазратлари замонларида бош вазир шу унвон-ла аталган. Мозийга ўгрилиб, шу иборани қўлладик.) Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездида сўзлаган ғоят ватаний оҳангдаги маърузаларини таҳлил этароқ, шундай фикрга келдик.
Сиёсатда сўз айтмоқ ва бу сўзда собит туриб уни амалга ошира билмоқ, ҳар қандай раҳбарнинг қўлидан келадиган, ҳаётининг асл мазмунига айланажак осон иш эмас. Уйдаги гап кўчага тўғри келмайди деганларидек, гоҳида тўрт нафар бола-ю саккиз нафар хешу ақрабони йўлга солмоқ ҳам муаммога айланган интернет асрида ўттиз икки миллионли бир давлату мамлакатни бошқариш, шу заҳматкаш халқимиз ватандоши ҳисобланган академикдан тортиб чўпонгача ризо этмоқнинг ўзи бўлмайди.
Зеро, давлат ва ҳукумат бошида турган шахснинг меҳр-мурувватини, ҳиммату марҳаматини қайд этганимиз ўша чўпону академиккача ҳис этмоғи керакдир. Шундагина, олий даражадаги раҳбар, ҳақиқий улус ўтоғоси, миллат йўлбошчисига айланади. Бир юртдош, миллатдош сифатида фаолиятининг илк кунларидан бошлабоқ элимиз тафаккури, қалбида, оддий кишилар, ўзимизу хориждаги ватандош, қўшни халқлар кўнглида тахт қуришга интилаётган, маърифатли, ойдин бир оиладан етишиб чиққан, ҳаётнинг барча қийинчиликларини кўрган Шавкат Мирзиёевнинг самимий давранишлари бутун улус дилида ана шу ҳис-туйғуларни жўш урдирди, жунбушга келтирди.
Зотан, халқ хўжалигида меҳнат қилмоқ, олий ўқув юртда ёшлар етакчилигидан раҳбар лавозимига етмоқ, жумҳурият парламентга сайланмоқ ва Олий Мажлис қўмитасини бошқариш жараёнида энг оғир ва муаммоли туман раҳбарлигига сайланмоқ, Жиззах ва Самарқанд каби муҳим вилоятларни бошқармоқ…
Ниҳоят, қарийб ўн тўрт йил мамлакат ҳукуматини бошида турмоқ, Республика халқ хўжалиги, иқтисоду иқтидорнинг оғир, машаққатли юкини кўтармоқ. Бу йиллар номзодимиз учун осон кечмаганлигини сиёсатнинг нозик қирраларини англаган кишиларгина тушуниши мумкин.
Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятида раҳбар ўлароқ фаолият бошлаган илк пайтларида бир оқсоқол айтган сўзини доимо гапириб юраман. “Бир кун деганимиз йигирма тўрт соат бўлса, янги раҳбаримиз йигирма беш соат ишлар экан. Шунча йил раҳбарлик лавозимларида ишлаб, бошлиқ кўриб, бундай серғайратини учратмагандим”.
Бир куни ҳамкасб дўстларимиз билан Дўрмондан шаҳарга, эрталабки “ош” маросимига кетаётган эдик. Машинамиз яқиндагина қурилиши бошланган улкан иншоот майдончаси ёнидан ўтиб борарди. Беихтиёр, кўзим спорт кийими кийган таниш қиёфага тушди. Дастлаб одам бир-бирига ўхшайди деган хаёлга бордим. Бироқ адашмаган эканман. Одамлар орасида юрган киши мамлакат бош вазири Шавкат Мирзиёев эди. Ҳамкасбларимга у кишини кўрсатдим. Табиийки, ҳамроҳларим ҳам ҳайрат-ла боқишди. Бир дўстимиз тушиб саломлашайлик дея фикр билдирди. У киши ишга, биз ошга кетаяпмиз, халақит бермайлик деган фикр билдирди бошқа биримиз ҳазилу чин сўнг, қарорга келиб.
Сирдарёлик бир китобхон бор. Ўзи ирригатор. Бироқ адабиётнинг ҳақиқий ихлосманди. Ўз касбимга доир адабиётларни ўқисам, соҳам бўйича яхши мутахассис бўлишим мумкин. Бироқ тўла маънода тафаккур этувчи инсон бўлиш учун адабиётга ошно тутинмоқ керак деган фикрни такрорлашни хуш кўради. Сабаби, адабиёт дегани адолат демакдир. Адабиётсиз адолат туйғуси, эътиқодини англаб ета олмаган бўлардим. Бунинг сабаби талабалигимда адолатсизликка дуч келиб, олий ўқув юртидан ҳайдалдим. Не қиларимни билмай институт раҳбарларидан бири Шавкат Мирзиёевнинг ҳузурларига кирдим. Адолат қарор топди. Бироқ у киши шу қадар бағрикенг, дарёдан сув бағишлаган одам эканларки, менга жабр қилганларнинг ҳам бурнини қонатмадилар…
Бу, адабиёт аталмиш олий адолатни англаб етган, унинг сеҳрли кучидан ҳақиқатни ҳайқириб айтмоқ салоҳиятига эришган инженер ирригаторнинг фикрларидир.
Кечмишнинг бу каби нурли хотиралари, воқеа ва ҳодисалар, халқимиз ҳар бир хатти-ҳаракатига умиду ишонч, илинжу эътимод-ла боқиб турган раҳбар фаолиятининг моҳиятига айланган ўн минглаб хайрли воқеалардан бир иккитасидир, албатта.
Шарафли кечмишимизда юртимизни бошқарган кишиларни хоқон, қоон, хон, подшоҳ каби атамалар ила атаганмиз. Дунёвий, лойиқ (светское) давлатчилик сиёсатини амалга оширар эканмиз, ота-боболаримиздан қолган “подшоҳлар узоқдан меҳри ила илитадилар, яқиндан эса ёндириб юборадилар”, “хон урганча худо ургани маъқул” деган гаплар ҳам ўз кучини йўқотгандай. Ўзгарувчи замон талаблари нуқтаи назаридан боққанда ҳукмдорнинг энг биринчи, энг олижаноб фазилати жазолаш эмас, бағрикенглик, афву кечирим дарвозасини доимо очиқ тутмоқлик, ҳатто ўзига хайрихоҳ бўлмаган одамларга ҳам кин, кек сақламасликдир. Боиси, кин ортидан кибр ва нафрат эргашади.
Қай бир киши ёки улус бошқа бир кишига, улусга нисбатан қалбида кек ва нафрат сақладими, сўзсиз бу ғазабу нафрат охир-оқибат ўзига уриб, уни ҳаробу разил этади.
Шундай экан, бир-биримиздан фаришта-ю авлиё ясамоқнинг ҳожати йўқдир. Бир кишини кўкка кўтариб байроқ қилиб бўлмаганидек, бошқа ватандошни айириб, ёмонотлиққа чиқариш ҳам, инсофдан эмас. Боиси, ер айирган нон ер, эл айирган лой ер дейдилар. Бу эса ер майдонини айириб, экин-тикин қилган одамнинг бири-икки бўлади. Эл орасига хусумат солиб, уни бўлганлар сўнгида ер чизиб ёки ер тишлаб қоладилар демакдир. Тўқсонинчи йиллар бошида бир гуруҳ туппа-тузук ижодкор ҳамкасбларимиз Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасини бўлишга интилганлари каби.
Подшонинг подшолиги ҳам ана шунда. Ҳар қандай таъқибу тазйиқ, жазо-ю чора, хоҳ маънавий, хоҳ моддий, хоҳ жисмоний бўлсин, улус кўнглида худди яра каби қора доғи қолади.
Меҳр-мурувват, ҳиммату марҳамат, самимияту садоқат нури эса ўксик дилларни ёритиб, қалбларни эритади. Бундай асл инсонлар одамлар кўнглида тахт қурадилар. Зотан, Каъба инсон қалбидадир. Бир ўксик қалбни, синиқ дилли киши кўнглини олмоқ – Каъбани обод этмоқдан-да савоблидир.
Бундан етти аср бурун қалб қасрининг султони бўлмоқ, кўнгилларни фатҳ этиб, умаролари дилига тахт қурмоқ, буюк жаҳонгир Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларига насиб этган эди. Бу юксак шараф, бу шавкатли тақдир, бу шонли қисмат катта-кичик барчамизга ўрнак ва сабоқ ўлмоғи жоиздир.
Кейинги бир неча ўн йилликлар мобайнида элимиз бошида турган Нуриддин Муҳиддинов, Шароф Рашидов, Иномжон Усмонхўжаев, Рафиқ Нишонов ва яқинда абадиятга йўлчи этганимиз Ислом Каримовларнинг қисмату қадарлари ўзини билган, халқини таниган кишилар учун тадқиқ этилиши лозим бўлган буюк бир мактабдир.
Мутафаккир Абдурауф Фитратнинг битиги бор. Бир қурултойда юзга яқин ёш-ялангнинг товоқ кўтариб, дошқозондан сузилаётган ошга навбатда турганини кўрган олим “Қани энди миллатимиз ёшлари ватанга хизмат этмоқ учун ҳам шундай навбатга тизилсалар эди” дея орзу этган экан.
Фитрат нима демоқчи бўлганлигини англадингиз, албатта. У чойхона ва ошхона миллати эмас, аввал ватанимизни, сўнгра дунёни кашф этайлик деган орзу умидда бу сўзларни сўйлагандир.
Олам олимлари ўқиб, ўрганиб, ядрони кашф этиб, атомни парчаламоқдалар. Биздаги айрим ватан ва миллатнинг асл буюк мақсадларидан йироқ “ақллилар” эса орамизда туриб, халқимизни парчаламоқчи бўладилар.
Фан номзоди бўлмиш танишим тўққизинчи бор ҳажга бориб келганини айтди. Тангри ҳажларини қабул этсин. Бироқ ватанимизнинг ҳар бир гўшаси ва кўчаси, биздан гуллатмоқни беклаётган ҳар бир қарич тупроғи ҳам Маккаю Мадина каби муқаддасдир. У киши тўққиз ҳажнинг саккизтаси масрафини юртни обод қилмоқ ишига сарф эта билардилар!..
Ҳажга бориш учун рўйхатларни тўлдирган ҳожи ва ҳожиликка номзод ватандошларимизнинг ўз маҳалла ҳамда қишлоқларидаги кўчаларни обод қилишга, тоза ичимлик суви олиб келиш ёки эскириб кетган электр тармоқларини янгилаш ишига бош қўшишларини орзу этардим. Бухоролик бир фидоий ватандошимиз кўприк қургани, Самарқанд туманида яна бир юртдошимизнинг бир километрлик йўлни асфальт қилиб берганининг савобини ўлчайдиган ҳакам борми?
Бойлик бор жойда илм бўлмас, илм бор жойда бойлик бўлмас деган гап бор. Ўшал миллиардеру миллионер ватандошларимизнинг илм-фан, адабиёту санъат, маънавияту маърифатга қиё боқмаётганларини кўриб, космосу интернет асрида ҳам бу гап ўз кучини йўқотмас экан-да, дея ўйлайсан.
Амир Темуру Улуғбек, Навоийу Бойқаро замонларида ҳам дасти узун кишилар Қуръони карим, Бухорий ҳадислари, Замахшарийнинг “Ал кашшоф”, “Нотиқлик асослари”, “Яхшилар баҳори”, Низомулмулкнинг “Сиёсатнома”си ва бошқа дунёвий илмларга оид китобларни кўчиртириб, мадраса ва дорилфунунларга етказиб турганлар. Бизнинг жаҳонда таниқли номдор ватандошларимиз Темуру Бобур, Ибн Синою Мирзо Улуғбек ҳақида “Муҳташам юз йил” каби кўп серияли тарихий бадиий фильмларни яратмоқ ишига бош қўшсалар, ҳаётларидаги энг буюк ва савобли ишни қилган бўлар эдилар. Зангинларимиздан бирортасининг адабиётимизнинг жаҳон бадияти мезонига мос бирор бир асарини хорижий тилга таржима қилдириб, чоп эттирганини эшитмадик.
Бу каби асл ватаний ишлар ҳақидаги гапни Шавкат Миромоновичнинг оғзиларидан эшитиб, тўғриси ҳайратга тушдик. Ҳеч бўлмаганидан кеч бўлсада орзуйимиз амалга ошажагидан суюндик.
Яқинда Ёзувчилар уюшмасининг Дўрмондаги ижод боғида ҳурматли раҳбаримиз билан учрашиб, суҳбатлашдик. Мен у кишининг самимий боққан нигоҳи, сўйлаган сўзларида одамларга яхшилик қилишга ошиқаётган кўзларида ўз халқи ва ватанига бўлган чексиз меҳр-муҳаббат, самимияту садоқатни кўрдим. Бу самимий, барчага баробар бағрикенг инсоннинг нигоҳи эди. Айни пайтда бу нигоҳ теграсини ўраган турли тоифа кишиларга бўлган оталарча мурувватли назар ва муносабатнинг ифодаси эди.
Ҳар бир кишининг ўз халқи ва ватанига бўлган чексиз меҳр-муҳаббати, кўрсатган садоқату оқибати уни инончу ишонч, шаъну шарафнинг, эл ҳурмат-эътиборининг энг юксак чўққисига кўтаради.
Бишкекда, умумтурк улусининг улуғ фарзанди, устоз Чингиз Айтматовнинг хизмат хоналарида суҳбатларини олиб ўтирардик. Мулоқотимиз бўлиниб қолди Чуй вилоятидан келган аёл қабулхонада йиғлаб ўтирибди деди чой кўтариб кирган қиз. Устоз аёлни хонасига чорлашни айтди юзи жиддий тус олиб. Дардини бирга эшитамиз. Дарднинг ирқи, дини ва миллати бўлмайди дедилар бизга ташвишли нигоҳ-ла боқароқ. Хонага абгор аҳволдаги эллик ёшлар чамасидаги аёл кириб келди. Чингиз оға ҳеч беклатмасдан хонасига чорлагани, биз чой қуйиб узатганимиздан кўнгли тўлиб кетган қирғизона бир муддат ўзига келолмай кўз ёши тўкди.
Ҳаяжонланган ва таъсирланган Чингиз оға қўлини орқасига қилганча хона бўйлаб юрарди. Ниҳоят аёл дардини айтди. Бормаган олий даргоҳи қолмаганини ҳасрат-ла баён этди. Ягона ўғлини ўлдириб кетган қотил махфиячиларни бир йилдан бери топишолмас экан. Уни диққат билан тинглаган инсон ва ёзувчи телефон дастасига қўл узатди.
Биз у кишининг ҳар бир сўзини, кимлар ила нималарни гаплашганини диққат-ла тинглардик. Улуғ устоз дастлаб республика ички ишлар вазири, сўнгра бош прокурорга қўнғироқ қилдилар. Сўнгида эса мамлакат президенти билан гаплашдилар.
– Мана инсон қадри, мана инсон ҳақ-ҳуқуқи, – деди ёнимда ўтирган ҳамкасбим. – Бир аёл, бир она деб, бутун жумҳурият раҳбариятини оёққа турғизди-я устоз! Қойил!
Адолатнинг қарор топиши, оқнинг оқ, қоранинг қора дейилиши, туянинг кўзидек кулча еса тўядиган, қорни эмас, қадри учун йиғлаганларнинг олий орзусидир! Дунёда энг буюк ҳақорат – инсон қадрининг ерга урилиши, эътиборли шахсиятларни сунъий равишда, маънавий террор воситасида эътиборсизлаштирилишидир. Инсоният тарихи, элу элатлар кечмишидан маълумки, шоҳу гадо, ким бўлмасин, эътиборлиларни эътиборсизлаштириб, обрў-эътибор қозонмаган. Зотан кечиккан ҳақиқат ҳақиқат эмас, кеч қолган адолат эса адолат эмасдир.
Устоз Чингиз оға, турк улусининг бу чўнг шахсият, ўз халқи ҳақ-ҳуқуқ, адли адолатни тегишли манзилларда топа олмаганда йиғлаб-сиқтаб борадиган энг сўнг манзил, эли этагига намоз ўқийдиган буюк ва бетакрор инсон, “ўзбек иши” дея аталган ғайримиллий, жисмоний ва маънавий террор авжига минганда бизни ҳам ҳимоя этиб чиққан, журъату жасоратга эга, адолатнинг асл моҳиятини англаб етган кишилик эдилар.
Одамлар у кишига дардини айтиб уйига, ишхонасига бораверишар, кўча-кўйда ҳам арзини айтаверар эди. Ҳар бир миллатда бундай инсонларнинг бўлиши – илоҳий бир неъматдир.
Бизда узоқ ва яқин кечмишда шундай шахсиятлар бор эдими? Бундай кишиликлар етишиб чиқмоғи учун ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, ҳамда ахлоқий иқлим мавжуд эдими деган ҳақли ва асосли савол туғилади. Ёки ишимиз бир шоиримиз ёзганидек “ўзим ўзим дейди ўзбек, ўз-ўзини ейди ўзбек” бўлиб қолмадими? Олға! Фақат менинг ортимдан дея шахсларни синдириш йўлидан бормадикми?
Суянмоқчи бўлган деворлар, паноҳ истаб бормоқчи бўлган қалъаларимизнинг лойдан ясалганини англаб-англамай ўтаверамиз.
Агар бир давлату мамлакатда дардингни айта биладиган сўнг манзил, адли адолатнинг рамзи саналмиш инсон бўлмас экан, бу юртда додлар фақат худога айтилади. Халқнинг ҳақу ҳақиқат, адлу адолатга бўлган ишончу эътиқоди саробга айланади.
Бутун турк халқларининг бош миллий қаҳрамони Амир Темурнинг Ҳофиз Шерозий билан бўлган суҳбатдаги гапларига эътибор беринг-а?! Подшоси шоиру ёзарини излаган халқ бахтлидир. Битикчиси подшоҳини излаб юрган халқ эса бахтсиздир…
Улуғ аждодимиз адли адолат, ҳақу ҳақиқат адабиётда эканлигини билган ва Низомиддин Шомийга менинг барча хатти-ҳаракатларимни айнан ёзинг, айрим ёзарлар каби бежаб бўрттирманг дея таълимот берган.
Ҳақиқатни ҳар ким турли ўзан ва ирмоққа солиб, ўз ҳақиқати каби тақдим этади. Уни вақт ва замонга мослаштиради. Бироқ адолатнинг тўра ва тузуги барча манзилу маконлар, элу элатларда бирдир.
Адолатнинг туб моҳиятини англаб етган кишигина инсон қиммати, эл шарафини тушуниб, қадрига ета билади. Инсон қадри қиммати ўз ўрнини топмаган жамиятнинг келажаги барбоддир.
Умид кўзимизни тиккан, миллатимизнинг янги дарғаси нигоҳларида мен шу – сўнгги манзил, шу олий адолат, у киши туғилиб ўсган Туркистон тизмалари каби буюк орқатоғни, йиғлаб ва кулиб умиду армонингизни дарду ҳасратингизни айта билажак улус етакчиси, бутун ва шарафли инсонни кўрдим.
Зеро, инсони соз, жаҳонда оз.
Сайрам шаҳрида бўлиб ўтган бир ижодий учрашувда мендан икки қўшни республика раҳбарлари орасидаги фарқ ҳақида ёзувчи сифатида фикримни сўрашди. Мен бир битикчи ўлароқ ўз фикримни айтдим. Биринчи тилга олганингиз раҳбар – президент – инсон. Иккинчиси эса – инсон – президент. Улар орасидаги фарқ ана шундан иборатдир!
Раҳбарликда инсонлик, инсонийлик, яхшилик, одамларга яхшилик қилмоқ ўнгга чиқмас экан, сўзу аъмолингиз билан улус кўнглини фатҳ этмас экансиз, не қадар узоқ ҳукм сурманг, унинг қалбидан жой ололмайсиз.
Яхши кетиб ёмон келмас, ёмон кетиб яхши келмас деганларидек, ҳақиқий яхши кишилар одам айирмай, катта-кичик демай, барчага бирдай яхшилик қиладилар ва яхшилик тилайдилар, ана шу хайри саодатли ишларидан лаззат, қониқиш туйиб яшайдилар. Хайри саҳоват улар ҳаётининг мазмунига айланиб қолади. Такаббур, худбин ва шарафсиз киши эса ҳар бир инсон, воқеа ва ҳодисага шубҳаю гумон, паст ва нафрат назари билан боқади. Таъқибу тазийқ этади. Ана шу қабиҳ, ғайриинсоний тирикчилигидан роҳатланиб яшайди.
Қодирлар сиёсати рус халқ сўзи билан айтганда “из грязи – в князи” қабилида кетдими, ишни худо урди деяверинг. Халқ ҳамма нарсани кўрмаслиги мумкин. Бироқ у барчасини сезиб, ҳис этиб туради. Жумладан муносибу номуносиб, қобилиятлию қобилиятсиз, саводлию саводсизни ҳам оқиллар қадрсизланиб, чаласаводлар ўнгга чиқдими, иқтисоду сиёсатнинг тиниқ денгизи лойқаланади. Салла ўрнига калла кетади. Миллий ва умуминсоний қадриятларга амал қилмоқнинг тўраю тузуги, одобу ахлоқ мезонлари бузилади. Улуснинг раҳбар ва раҳбариятга бўлган ишончига худди шу дақиқадан бошлаб путур кедати.
Фикримни далили ўлароқ бир мисол келтирмоқни лозим топдим. Кейинги икки ўн йилликда жумҳурият давлат матбуот қўмитасида учта раҳбар алмашди (Ҳозир агентлик дейилади. Сўнгги бошлиқ “Ўзбекистон” давлат нашриёти директори билан бирга республикага келтириладиган қоғоздан олинадиган “откат ҳиссасини олганлиги” учун ҳибсда ўтирибди экан).
Бугунга келиб зиёлиларимиз ҳар уч собиқ матбуот раҳбарининг иншо нари турсин, ҳатто диктант ҳам ёза олмаслигини муҳокамаю мунозара этмоқдалар. Агентлик дея аталадиган бу ташкилотда нашриёт, газета ва журнал очмоқ учун лицензия олмоқнинг нархи не қадарлигини бу иш бошига тушганлардан бир сўраб кўринг. Виждонлари бўлса буни очиқ-ойдин сўйлайдилар.
Матбуот вазири саводсиз ёки чаласавод бўлган ўлкада нашру, ноширлик, китобат санъатию савдосининг аҳволу даражасини тасаввур этмоқ учун олим бўлиш шарт эмас албатта. Бу “арбоб”лардан биринчисининг даврида бутун бошли мамлакатда “реформа баҳонаси” билан китоб савдоси тизими йўқ қилинди.
Бу ғайримаънавий, ҳайримиллий ҳаракатга қарши фикр билдирган ва диктант ёза олмаслигини юзига айтганлар эса моддий, маънавий ва жисмоний таъзиқу таъқибга маъруз қолдилар.
Энг ғалатиси ана шу “арбоб”лардан бири бир ой ичида аъзоликка қабул қилиниб, ҳеч ким, ўзи ҳам кутмаган ҳолда Ёзувчилар уюшмасига раис этиб “сайланди”. Эшак аравани торта олмаётган кишига от арава ҳам топширилди. Бу “ишонч”нинг охир-оқибат қандай тугаганлиги барчангизга маълум. Бундан кейинги “бошлиқ” ҳам томдан тараша тушгандек шу тахлит “сайланди”.
Бироқ қўш аравали бошлиқнинг бир ижобий томони бор эди. Ўзидан олдинги ва кейинги ҳалафу салафи каби газетаю журнал, радио ва телевидениега, ижодкорларнинг номларини матбуотда чиқишини, мақола ва асарларининг чоп этишни таъқиқловчи рўйхатлар тақдим этмади. Ўттиз еттинчи йиллардаги каби кўплаб аъзоларни уюшма аъзолигидан ўчиришга бош-қош бўлмади. Яъни итдан суякни қизғонмади. Имонсизга эрк берсанг элни талар дегандек, уюшмага ва вақфга тегишли еру мулкларга кўз олайтирмади (Биласиз, вақф мулки – етим ҳақи ила баробардир). Ижодий иқлиму муҳитни бузиб, ташкилотни “ўз одамлари” ва бир гуруҳ адабиётга алоқаси йўқ кимсалар манфаатга бўйсундирмади. Ҳатто уюшма аъзолигига қабул этмоқдек шарафли ишни “тижорат”га айлантирмади.
Зотан Олий давлат ва ҳукумат идоралари, жумладан республиканинг барча ижодий, маънавий-маърифий даргоҳлари эшигидан тирикчилик, бир парча нон, ошқозон учун эмас, Ватан учун кириб чиқилади.
Ватан ва миллат эса ҳеч қачон тепасида турганларни оч қолдирмаган. Давлат дегани буюк бир асалари уясидир. Болга яқинлашган эса бармоғини ялайди. Ва бол бор жойда табиатни ўз-ўзидан пашша ҳам бўлади.
Демократик, ҳақ-ҳуқуқ устуворлигига амал қилинган давлату мамлакатда яшамоқ, барча дунё ватандошларининг орзу ниятидир. Боиси, қонун устуворлиги, инсон ҳақ-ҳуқуқлари таъмин этилмаган мамлакатда ўз-ўзидан шахс устуворлиги бошланиб кетади.
Қонун устуворлигини ёқлаб чиққанлар ақл-заковат, тафаккурга таянган бошқарувни, шахс ҳокимияти тарафдорлари эса сиёсий фаолиятга ҳайвоний унсурни олиб кирган бўладилар дейди бунга изоҳ берган Аристотель.
Демократия деганимиз, табиийки иқтидору мухолифат ахлоқи ва маданиятга амал қилмоқ, сиёсат санъатидаги умуминсоний шарту талабларни ўрнига қўймоқ, рус отасўзи билан айтганда “какая власть – такая оппозиция”, матбуот эркинлиги деган гаплардир.
Инсоният шу пайтгача ўз-ўзини бошқармоқ учун бундан тузукроқ бошқариш усул ва услубини ярат олмади. Уинстон Черчиль ҳам не қадар қусурли бўлмасин, давлат ва ҳукумат бошқарувининг демократиядан бошқа йўли йўқлигидан нолиган.
Очлик нима едирмас, тўқлик нима дедирмас дегандек, демократия ҳам уни фарқига борган, моҳиятини англаб етган ва қонун-қоидалар доирасида унга амал қила оладиган жамоа ва кишилар учундир. У тўрт тарафи очиқ бульвар эмас, албатта. Айниқса, ашаддий диндор, дин босқиси кучли ўлкаларда у ҳақда сўз бўлиши қийин. Диний ҳурофот қон-қонига сингиб кетган мамлакатларнинг дунёвий давлатчилик йўлига тушмоқликлари тегирмон тошини челак билан сув ташиб айлантирмоқ кабидир.
Конфуций бундан икки ярим минг йил бурун ўзини англаб етган кишилар халқнинг юздан уч фоизини ташкил этади дея таъкидлаган. Бу рақам фикрлаш ва шаклланиш даражасига қараб, турли ўлкаларда турлича бўлиши мумкин.
Демократия дегани, табиийки мақташ, танқид қилиш ёки эътироз билдириш демакдир. Бусиз жамият ривожланмайди. Президентликка номзодимиз сайловолди қўлланмасида алоҳида урғу берганидек, мустақил фикрлаш демакдир. Соғлом ва тўғри фикрлай оладиган кишигина мустақил фикрлай олади. Мустақил фикрлаган шахс эса у ёки бу масалага ижобий ёки салбий муносабат билдира билади.
Сирдарё сайловчилари ҳузуридаги чиқишда номзодимиз демократиянинг савияси ҳақида жуда муҳим, барча беклаётган фикрни айтдилар. Бу журъату жасорат, бу одиллигу мардликни қутламоқ керак. Шу учрашувда ички йўллар ҳолати муаммосига ҳам тўхталдиларким, барча бирдек бош қўшиш керак бўлган муаммодир.
Катта, равон магистрал йўлларимизда юрганда киши кўнгли яйрайди. Шавкат Миромонович Жиззахда ишлаганларидаёқ тарихий Амир Темур дарвозасининг кун юриш томонидаги Илон ўтди тоғларидан ўтадиган катта ўзбек трактининг янги йўналиши қурилишини бошлаган эдилар. Бош вазир эканлар, бу ишни янада юксак ғайрату шижоатла давом эттирдилар.
Бироқ шаҳарларимиз, ҳатто бошкент, вилоят, туман марказлари, қишлоқ ва маҳаллалардаги ички йўлларнинг аҳволи барчамизга маълумдир. Ҳамма йўллар Макка ёки Ватиканга элтади деганларидек, остонамиздан бошланган йўлнинг равонлиги эшигимиздан чиқиб қайтиб келгунимизга қадар бўлган кайфиятимиз, руҳий ҳолатимизни барометридир.
…Мақтов – чорасиз кулфат дейдилар ҳазрат Навоий. Одамларга ўзини мақташга мажбур этганлар – дўзахнинг энг тўридан ўзларига жой ҳозирлайдилар дея сабоқ беради Муҳаммад пайғамбар. Мустақил фикрлаш салоҳиятига эга бўлмаган қавму қабилалар эса ўз-ўзини овутиб, қўлтиғини совутиб, отарчининг оғзига, сотарчининг бўғзига қараб яшайверади.
Эътирозу танқид, мухолифатчилик қилмоқ меъёрида, одобу ахлоқ доирасида бўлсагина у адолатли танқиддир. Меъёр, меъёрдан ошгани мурдор дейдилар. Ахлоқу одоб мезонидан ошгач, у фисқу фасод, фитнаю фужурга айланади.
Бироқ не қадар аччиқ ва ҳақ бўлмасин, танқиддан чўчимаслик, қўрқмаслик керак. Ожиз, кучсиз ва чаласаводлар танқиддан қўрқадилар. Бунинг асосий сабаби – бу танқидий фикрларнинг ҳақлигидадир. Саводли, билимли ва ҳақ одам ҳар қандай шароитда ўзининг ҳақлигини исботлаб бера олади. Кучли ва мард, иддаосида ҳақли киши атрофидагилардан камчилигу нуқсонларини айтиб туришни сўрайди. У нафақат ўз айбига иқрор бўлади, ҳатто ўзгалар хатоларини ҳам ўз бўйнига олишга ўзида куч ва ирода топа билади.
Буюк Темур ҳам шундай қилган. Эл эътиборини қозонган Носуриддин Арамир ва Маҳмуд Шаҳобни олий маслаҳатчи ўлароқ барча мажлису машварат, кенгашу қурултойларда иштирок этиб, ўзидан бошлаб барча амиру маъмур, вазиру нозирларнинг хато ва нуқсонларини айтиб туришни нафақат сўраган, ҳатто буюрган. Орангиздан бир киши чиқиб, ўзини тенгсиз ва ягона ҳис эта бошладими, билингким, аҳволингиз ёмондир, ёмондир дейди Мустафо Камол Отатурк.
Мана шу, сўз ила ифодалаб бўлмас мардлигу жасорат, оқиллигу адолатпарварлик Амир Соҳибқирон ҳазратларини етти иқлим ҳоқони-ю фотиҳи, дунёда тенгсиз жаҳонгир даражасига кўтарган.
Феъл-атворан инсон шундай. Тош отганга гул тутмайди. Ёки гул тутганга тош отмайди. Халқимизнинг минг йиллардан бери айтиб келадиган бир айтувига эътибор беринг-а!
Суйгин сани суйганни,
Ер билан яксон бўлсанг ҳам,
Суйма сани суймаганни
Мисрга султон бўлса ҳам.
Бир неча кун бурун қўшработлик танишим бир гапни айтиб қолди. Шавкат Миромонович сайловолди учрашуви учун Иштихон ва Каттақўрғон элларига борган экан. Тадбир тугаб қўноқлар Самарқандга қайтишади. Кутилмаганда машиналар эскорти тўхтайди ва раҳбар машинадан тушиб, йўлнинг қарши тарафи томон юради. Ҳамма ҳайрон. Қўрима ташвишда…
Атрофни, одамларни кузатиб келаётган раҳбар кечмишда туман, вилоят ва жумҳурият миқёсида ишлаб, халқимизга хизмат қилган иштихонлик бир инсонни кўриб қолади. Кўриб туриб, ўтиб кета олмайди…
Буни инсонийлик дейдилар. Кўнгил инсонлари шундай бўладилар. Кўчадаги киши ким бўлмасин унинг дардини ўз дарди, ҳасратини ўз ҳасрати, умидини ўз умиди деб билади. Уйига ўғри кирса ҳам чой-пой ичиб кет болам дейдиган бу азиз, меҳрибон, кўнгли дастурхони қадар очиқ халқимизга ана шу, бир оғиз ширин сўз, биргина меҳрли нигоҳ, кўнглини тоғ каби кўтаргувчи бир илиқ табассум керак.
У ҳеч қачон ва ҳеч кимдан бундан ортиғини сўрамаган, талаб қилмаган. Боиси, у ўз ақл-идроки, ҳалол меҳнати билан бир парча нонини топиб ея олади. Тўю тўёна қилади. Оғиру енгил кунларда бир-бирига тиргак, қаноту равот бўлади. Энг муҳими улар кўнглига озор бериб, қалб жавоҳирини синдириб, дилларидаги умиду ишонч қасрини бузмаслик керак. Қалб жавоҳири парчаландими, у қайта ўзига келмайди.
Кейинги пайтда туман, вилоят ва республика даражасидаги кўпгина раҳбарлар одамлар арз-додини тинглаб, бирор бир масъулиятни бўйинга олишдан қочишдек дардга чалинганини ҳаммамиз биламиз. Арзу шикоят билан борганларга худди ғаламислик қилаётган одамлардек ғайриахлоқий ва ғайриинсоний муносабатда бўлишдек ҳаракатлар содир этилдики, бу янглишдир.
Арғин қасабасида Ўзбекистон Ёзувчиларининг “Дўрмон” ижод уйи ва унинг кун ботишида Ёзувчилар маҳалласи бор. Она йўлдан ижод уйигача автойўл келгану, пиёдалар йўлкаси асфальтланмасдан чала қолиб кетган эди. Шу чала йўлкани бутлаб қўйишни сўраб, бош урмаган эшигимиз қолмади. Туман ҳокимига фуқаролар йиғини раиси билан делегация ҳам бўлиб бордик. Қабул қилмоқ нари турсин, ҳатто аризамизни ҳам олмади.
Ёзувчилар уюшмаси раҳбарларининг салафу ҳалафларига бот-бот мурожаат этдик. Хатларимиз сувга тушган тошдек ғойиб бўлиб кетди. Чорасизликдан бош вазиримиз, “Ижод” фонди васийлик кенгаши раиси Шавкат Мирзиёевга маҳалла номидан мактуб ёзишга мажбур бўлдик. Ишимиз бир пасда ҳал бўлди-қўйди. Бироқ ўз вақтида сўзимизни тингламаган “ҳамкасб арбоблар” олдида олабўжига айланиб қолдик. Гўёки бу йўлдан фақат биз, ёзувчилар юрадигандек.
Ана сизга тепанинг пастга, ўзини билмаган арбобнинг ўзини билган улусга муносабати. Ўзини билганни ўзингдек бил дейдилар. Ўзим-ўзим деган ўзаксиз кетади дейдилар. Ўзники жондан, ўзганики ёндан деган ота сўзи ҳам бор…
Асл ижодкор, миллат имонию виждонига айланган ҳақиқий ёзувчи ҳеч қачон ўзини ўйламайди. Мен не бўлсам бўлайин элим юртим, ватану миллатим эсон-омон, бағри бутун, тўрт кўз тугал яшасин дейди.
Умри бўйи давлат ва жамият устига ўз юкини ортиб, унинг ҳисобига яшаб келган сўзда ватанпарварларнинг ҳаёт тарзи барчага бўлмаса-да, кўпчиликка маълумдир. Ватан адабиётини қорин адабиётига айлантирганларнинг ҳам хатоларини англаб, инсофга келишларини беклаймиз.
Шу ўринда саккизта шеър ёзиб даҳолик, ўн иккита ашула айтиб, овозни ақл дея заҳн этган авлиёлик даъвосида бўлган биродарларимиз учун сабоқ бўларлик бир мисол.
Туркия жумҳурияти мадҳияси матнини ёзган ва конкурсда ғолиб чиққан Меҳмет Акиф Эрсўйни мукофотни олиш учун Буюк Миллат мажлисига даъват этадилар.
Дўстининг уйида яшаётган Эрсўйнинг кун совуқ бўлганлиги учун кийиб борадиган пальтоси йўқ экан. Дўстининг пальтосини кийиб кетибди. Қайтиб келгач, ўртоғи олган мукофот пулини сўрабди. Ишсиз аёлларга тикувчиликни ўргатадиган курсга бағишладим дейди Эрсўй. Ҳеч бўлмаганда ўша пулга эгнингга пальто олсанг бўларди дея танбеҳ беради дўсти. Мен мадҳияни пальто учун эмас, ватан учун ёзгандим дейди Эрсўй ва уч ой дўсти билан гаплашмайди…
… Мирзо Улуғбек туманидаги (Бу ном ҳам туманнинг собиқ ҳокими Ш. Мирзиёев таклифи билан берилган) Фарҳод ва Ширин бозоридан савдо-сотиқ қиламиз. Камхарж юртдошларимиз учун ташкил этилган расталардаги эту тухум, мева-чева, сабзавоту полизнинг нарх-навосини кўриб кўпроқ маҳсулот харид қилгингиз келади.
– Бизда бир дона лимоннинг пулига сизларда бир килограмм лимон берар экан, – дейди остоналик ҳамкасбим бозор айланар эканмиз.
– Чегаралар очилгач, Ўш бозорида ҳам нарх-наво бир баробаргача тушиб кетди. Ҳар икки тараф хурсанд. Водий деҳқону боғбонининг шарофати бу. Барчамиз турк атанинг балдаримиз. Бизни ҳеч ким ажрата олмайди, – гап қўшади ўшлик қирғиз қардошим.
Бу манзарада ҳам вафо ва принцип инсони саналмиш бош раҳбарнинг оталиққа олган тумандошларига, қолаверса бутун шаҳарликларга бўлган меҳр-оқибатини ҳис этасиз.
Бозорларни кезиб, шифохоналарни ўз кўзи билан кўриб, айбдорларни жазолаб, муносибларни тақдирлайдиган бош раҳбар – тангрининг шу улусга инъом этган ҳадясидир. Улусга ўз халқидан қўрқадиган эмас, ораларида барча баробар юрадиган, йиғласа йиғлаб, кулса куладиган раҳбар керак.
Бир маросимда раҳбарнинг кўз ёши тўкканини кўрганлар, беихтиёр, нигоҳи намланмаган тошбағирларни эсладилар. Бир инсонга ҳамдард бўла билмоқ инсонийлик шартининг бошида келади.
Ожиз, дийдаси қаттиқларгина одамга ўхшаб йиғлай ёки кула олмайдилар. Бундайларнинг йиғиси кулгига, кулгиси эса йиғига ўхшайди.
Ана шундай йўлбошчигина халқнинг дардига малҳам, меҳрига сазовор бўла олади.
Бундан уч йил бурун республика бош вазирининг интернет портали очилганини ҳам энди билдик. Ҳар куни минглаб ариза, шикоят, таклиф ва тавсиялар келмоқда экан. Одамлар бор овозда ўз дарду ҳасратини айтмоқдалар. Кўриб турибсиз, мавжуд нуқсону камчиликлар айтилаётганидан, буни президентликка номзоднинг ўзи сўйлаётганидан барча бирдек мамнун.
Биз, Дўрмон ижод боғидаги ёзувчилар ҳам бош раҳбаримиздан республикамизнинг барча туманларида бир эмас, бир нечадан китоб магазинлари очилишига бош-қош бўлишларини рижо этмоқчи эдик. Сайловолди маърузаларида бунга алоҳида урғу берганларини эшитиб янада қувондик. Аввал Қуръон, сўнгра нон деганларидек, китобсиз миллат, ўнгини кўра олмайдиган қабилага айланади.
Шунингдек қоғоз мустақиллигига эришмоқ, ғалла мустақиллигидан кам бўлмаган ватаний ва миллий вазифа эканлиги ҳам барчага маълум. Бусиз китоб нархи ошиб кетаверади.
Гап китоб ҳақида кетар экан, бир ҳолатни айтмасам бўлмас. Буни сиз ҳам биласиз. Москвада қоровулу гўлах, ўқувчию талаба бекатдан тортиб, метро вагонигача китоб ўқийди. Бизда-чи? Филология фанлари доктори ўқиши керак бўлган бадиий китобни ўқимайди. Тарих фанлари докторининг эса бадиий тарихий адабиёт ҳақида тасаввури ғарибона. Энди бу олимларимиз етиштирган ёшлар даражасини ўзингиз белгилайверинг?
Юқорида қайд этганимиз портал орқали йиллаб ҳал этилмай, ечимини кутиб ётган катта-кичик муаммолар хамирдан қил суғургандек ҳал бўлмоқда. Зеро, одамларнинг фикр билдирмоқлари фақат ватан равнақи, миллат тараққиётига хизмат қилади. Тангри фикр-мулоҳазасиз, жоҳилу чаласавод лоқайдлардан сақласин.
Давлат ақли ва ахлоқи, иқтидор закосию салоҳияти, инсонийлик истеъдоди шахсиятида мужассамлашган кишиликлар мудом улуснинг олдида юра олади ва тўғри йўлни кўрсата билади. Зотан, ақлнинг йўли бирдир.
Номзодимизнинг дастур ва чиқишларидан барча бирдек мамнун бўлганининг, умид чироқлари ёнганининг боиси ҳам шундан.
Зеро, бизнинг она юртимиз мана шу, бизни кўтариб турган, ота-боболаримизнинг табаррук қони ила шарафланиб, ватанга айланган азизу мўътабар тупроқдир.
Она ер, ота тупроқ – унинг учун жонини фидо эта билгувчи фарзандлари бўлгандагина муқаддас ватанга айланади.
Бу илоҳий туйғу, ана шу заминнинг, мулки давлатнинг тимсоли бўлган, халқ ҳақ-ҳуқуқи, тинчлигу осойишталигининг кафолати саналмиш бош раҳбарга боғлиқ ва айнан шу шахсиятдан бошланади.
Россия тарихида Владимир Путин каби муваффақиятли лидер бўлмаган. Унинг раҳбарлик усул ва услуби, халқига бўлган очиғу самимий давранишларини, иқтисоду сиёсатдаги хатти-ҳаракатини Киевда суиқасдга қурбон кетган фавқулодда истеъдодли Россия бош вазири Столипинга қиёс этиш мумкин. Россиянинг кечиш давридаги президенти Борис Елциннинг энг катта кашфиёти ҳам Путин эди.
Ислом Каримовнинг энг катта тарихий хизмати шундан иборатким, у мамлакат ва миллатни шу эл-юрт учун ҳақииқий фидокор бўлган, халқи ҳамда ватанни севмоқдан аввал ҳақу ҳақиқатни, адолатни севган, унга чин дилдан ишонган, ғурури асрлар давомида топталиб келинган азиз ва масъум улус орасидан чиққан муносиб бир шахсиятга қолдириб кетганлигидадир.
Шу ўринда тарихчи мутахассис, бу муносабатлардан хабардор киши сифатида қайта тикланган Ўзбекистон – Туркия муносабатлари ила илгили ватандошларимиз дилидаги гапларни қаламга олмоқни ҳам лозим топдим.
Маълумингизким 1923 йил 29 октябрда Туркия жумҳурияти эълон қилинди. 1918 йил эса Туркистон республикаси эълон этилган эди. Дунё харитасида Туркистон ва Туркия сўзларининг туриши ҳамда бу халқларнинг қардош эканликларини ҳис этиши сталиноберия шовинистларига маъқул келмади. Бир зумда томдан тараша тушган каби Туркистон республикасини парчаладилар. Барча турк элу элатларининг дарди ичида қолди. Сас чиқарган минглаб Чўлпону Қодирий каби миллатнинг шарафли фарзандлари юқорида қайд этганимиз сталиноберия мясорубкасига тушиб кетди. Бу қатлиом ўттизинчи йиллар охири ва иккинчи жаҳон уруши даврига келиб, устоз Чингиз Айтматов ибораси билан айтганда сталиногитлеризм – гитлеросталинизм жаҳаннамига айланди.
Мана шу ғайриинсоний, ғайриватаний, ғайримиллий “изм”ларнинг издошлари мудом бу икки юрт орасига нифоқ солиб, қардошларни бир-биридан ажратишга жидду жаҳд кўрсатиб келдилар.
Ўзбекстон Республикаси Президенти вазифасини бажараётган Шавкат Мирзиёвнинг журъату жасорати, халқимизнинг том миллий манфаатларини кўзлаган сиёсати, қисқа муддатда бу совуқ муносабатлару гап-сўзларга чек қўйди. Туркия Республикаси президенти Ражаб Тоиф Эрдўғоннинг Ўзбекистон зиёрати ва раҳбаримиз билан бўлиб ўтган самимий, қардошларча суҳбату учрашуви улусларимиз орасидаги узоқ йиллик ҳасратнинг хайрли якуни бўлди.
Бу учрашувнинг ижобий натижаси ўлароқ куни кеча Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли Ўзбекистон ватандошларига Туркияда визасиз яшаш ва ишлаш изни берилганлигини эълон қилди.
Бугунги кунда путур кетаётган Европанинг бирлашмоғи ҳеч кимни роҳатсиз этмайди. Осиё мамлакатлари ёки турк жумҳуриятлари орасида илиқ муносабатлар бошланиши билан абадий дўстликдан лоф ургувчи азалий рақиблар ҳаракатга кечадилар.
Туркиянинг кўй ва қасабаларига боринг-а? Сизни ота юртдан, пири Туркистон ҳазрат Яссавий ҳузурларидан келдингиз, дея устингизда ота юртнинг гарди бор дея ҳатто кексалар тавоф этади, ёшлар қўлингизни ўпади.
Ўз халқининг бахту иқболи, шонли бугуни ва шарафли келажаги масъулиятни зиммага олмоқ ҳар томонлама олиб қараганда енгил иш эмас. Гоҳида бир оиланинг аравасини тортмоқда қийналамиз.
Бироқ бу юксак ватаний рутба, унга ишонган ва уни севган халқни саодатга сазовор этмоқ санъати йўлидаги буюк заҳматдир. Бўлар элнинг боласи бир-бирини ботир дер, бўлмас элнинг боласи бир-бирини ётиб ер дегандек, ирмоқу сойларнинг оқиши хайри барака, меҳр-муҳаббат, инсофу адолатни муждаламоқда.
Миллий бирлик, баробарлик, улус равнақи, тинчлигу барқарорлик, эл-юрт ободлиги деган ҳар бир юртдош ватан ва миллати саодати учун ҳаётини тиккан инсон ёнида бўлиши керак деб ўйлайман.
Бахт деган иборага буюк Чехов шундай таъриф беради: Бахт деган нарсанинг ўзи йўқ ва бўлиши ҳам керак эмас. Агар ҳаётимизда маъно ва мақсад бўлса, у бизнинг бахтимизда эмас, балки бошқа маъқулроқ ва буюк ишлардадир. Яхшилик қилинг!
Биз халқимиз келажагининг рамзи сифатида умид кўзи ила боққанимиз Шавкат Мирзиёев ана шундай, умрини буюк ишлару ҳадафларга бағишлаган шахсиятдир. У кишига ишонса ва ҳар қандай масалани очиқ-ойдин, дўстона, том инсоний оҳангда, ҳеч бир тараддудсиз гаплашса бўлади деган фикрдаман.
Сабаби, республикадаги сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий, ахлоқий ва ҳуқуқий иқлим шуни тақозо этмоқда. Бош вазир интернет порталига келган мактубларнинг юз мингдан ошиб кетганлиги ҳам шуни кўрсатмоқда. Энг муҳими, бу арзи додларда таъкидланган қонунбузарликдан, кунлаб электр чироғисиз ўтиришгача бўлган камчиликларни президентликка номзоднинг ўзи тилга келтирмоқда.
Номзодимиз келажакка не қадар тўғри боқа олиши, ўз ижобий хислатлари баробарида хато ва камчиликларининг ҳам фарқига борадиган, янглишликлардан тўғри хулоса чиқара билмоқ салоҳиятига соҳиб бир кишиликдир.
Ҳақиқий раҳбар шундай бўлади. Бола билан бола, ўсмир билан ўсмир, оқсоқол билан оқсоқол тилида, инсоний оҳангда гаплаша, тиллаша олади ва меҳри муҳаббатини қозонади. Ана шу эътиқод ва ишончга путур етган дамдан бошлаб, бу самимияту садоқат ришталари узилади.
Улус ўз келажаги, орзу армонини, бугуну эртасини йўлбошчи ўлароқ сайлаяжак инсонга омонат этмоқда. Бу қутлуғ омонатни шаъну шараф, имону эътиқодла бошга кўтариб, меҳр-муҳаббат, сидқу садоқатла хизмат этишни кўрмоқ, барчамизга насиб этажак деган умиддаман.
Сўзимни ота-боболаримиз минг йиллар бурун қўллаган тилак ила мухтасар этаман.
Кўзингиздан ёш, дуонгиздан тош тушмасин!
Ватан боқий, миллат боши омон бўлсин!
Нурали ҚОБУЛ,
Чингиз Айтматов Халқаро
Академияси академиги
Суратда: Ўзбекистон халқ депутатлари, ёзувчи Нурали Қобул (чапдан биринчи) Эркин Халилов, Ўктам Исмоилов, Шавкат Мирзиёев ва журналист Исмат Хушев Олий Кенгаш сессиясида…
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
11 шарҳ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ2 комментария
-
Нурали Қобул 1990 йиллар бошида норасмий ташкилотларда мамлакатимизни озодлиги учун актив курашганлардан бири бўлган . Мен у кишини ёзганларини ўқиб катта маънавий завқ олдим.
-
Нурали Қобулни кейинги йилларда фақат Исмат Хушевнинг «Дунё ўзбеклари»да ўқиб бордим. У кишини истеъдодли ёзувчи сифатида кашф қилдим. Мана энди у кишининг биринчи ижтимоий сиёсий мавзудаги мақоласини ўқидим. Демак Мирзиёев ҳам мамлакат ичкарсидаги, ҳам ташқарисидаги одамларни ўз тарафига оғдира олган экан, бу одамда бир гап бор. Исмат Хушев ҳам бекордан бекорга ўз фикридан қайтмаган бўлса керак…
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Нурали Қобулниинг бу мақоласини айнан сайлов олдидан чиқарганингиз яхши бўлди. Раҳмат сизга. Сиз ўзбек журналистикасининг ҳақиқий ва ўз ўрнидаги бош муҳарририсиз.
Nurali Qobil maqolani zu’r talant bilan yzibdi. Qarangizlar sof milliy tilimizda,oddiy xalq maqollari moxirlik bilan keltirilib, uz joyiga qo’yilgan. Menda ushbu maqola katta tasurot qoldirdi, bir necha marta qayta-qayta o’qib chiqdim. Bunday shov-shuvli maqolalar faqat Ismat akani saytida chiqadi.
Нурали Қобулни шахсан мен яхши биламан. Бу ижодкор кунглида борини тўкиб солувчи миллатпарвар ёзувчи. Шавкат Мирзиёев ҳақида ортиқча гап айтгани йўқ. Нимани билса холис ёзибди. Бу киши унча бунчага мақола ёзиб юрмайди. Аввало бирон нарсага ишонсагина қўл ўради, бўлмаса йўқ. Масалан, Каримов ҳақида бирор марта мақтаб мақола ёзмади. 25 йил жим юрди. Бугун Исмат Хушевнинг сайти орқали Мирзиёевга фикр билдирибдими, демак унга ишонишимиз керак.
Nurali Qobul haq gapni aytibdi. Men bu shaxsni mard tanti deb ishitaman. Bugun shu gaplarga ishona boshladim.
Мақола асосли ёзилган, ҳеч қанақанги кўпиртириб мақташлар йўқ. Айниқса соф Ўзбек тилида ёзилгани тақсинга сазовардир.
Палаги тоза Рустам Азимов ҳақида ҳеч нарса эълон қилмай қўйдилар Исмат Хушев
Раҳмат, устоз. Чорак асрдан бўён биз сизни ўзбек матбаотида умуман кўрмадик ва ўқимадик. Мана ниҳоят бизнинг энг суюкли нашримиз бўлмиш “Дунё ўзбеклари”да сизнинг муборак номингиз илк бор пайдо бўлди. Биз олдин ҳам сизни бу сайтда кўриб турардик. Фақат дилбар асарларингизни кўриб турардик, холос. Мана энди эса сиёсий мавзудаги мақолангиз билан танишдик. Мирзиёев ҳақида сиздек эл назаридаги суюкли ёзувчи гапирган гап биз учун йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилади. Раҳмат сизга, устоз. Биз бугундан эътиборан Мирзиёевга меҳр қўямиз ва уни ўзимизнинг йўлбошчимиз деб биламиз. Чунки сиздек суюкли ёзувчимиз айтган фикрлар биз учун қонундир. Бахтимизга доим омон бўлинг, устоз.
Maddohlikni hech kim bizning halqimizchalik eplolmasa kerak.
“Мутафаккир Абдурауф Фитратнинг битиги бор. Бир қурултойда юзга яқин ёш-ялангнинг товоқ кўтариб, дошқозондан сузилаётган ошга навбатда турганини кўрган олим “Қани энди миллатимиз ёшлари ватанга хизмат этмоқ учун ҳам шундай навбатга тизилсалар эди” дея орзу этган экан.” Бу гапни Алихонтура Согуний бобомиз айтганлар шекилли хурматли муаллиф?
Сиз ноҳақсиз муаллиф мақоласида ҳеч қандай маддохлик йўқ -ку!
Ўзбек халқининг ажойиб фарзанди, қўли ва дили очиқ, танти ва мард ўғлони, талантли ва бетакрор ёзувчи Нурали Қобулки Мирзиёевни ёқлаб мақола ёзибдими, демак, Сиз тўғри ва ҳақ йўлдасиз. 25 йилдан бўён Каримовни мадҳ этмаган иродали ва ориятли инсон, Ойқорнинг асл фарзанди Нурали Қобул бугун китоблик машҳур журналист Исмат Хушевнинг сайтида чорак асрда илк бор Мирзиёев ҳақида мақола ёзгани ва эълон қилгани бу – Исмат Хушевнинг ва у асос солган “Дунё ўзбеклари”нинг оламшумул обрў эътиборидан яққол нишон ва далолатдир.
Ажойиб таҳлилий ва ҳаётий мақола бўлибди.
Тўғриси биз Нурали Қобулнинг ҳаётий мақолаларини жуда соғиниб қолган эдик.
Мустақилликнинг илк йилларида жуда ҳам ажойиб,ҳаққоний ва танқидий бир икки туркум чиқишларидан кейин,тақиқга учраганликларини ички бир изтироб билан эслаб юрар эдик.
Биз кутган кунлар келди ҳисоби.
Жамиятимизда кейинги йиллардаги рўй берган минглаб ноҳақликларни теран англаб,унинг ечимларини биладиган шундай инсонлар ана энди ҳар қачонгидан хам зарурроқ.
Яхши ниятларингиз албатта руёбга чиқсин.