"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Исмат Хушев: Исмоил Дадажонов яхши одам эди…

Бош мақола, Муҳаррир минбари, Ўтганлар ёди | 30/11/2016 13:58-     11659 марта ўқилди

%d0%b4%d0%b0%d0%b4%d0%b0%d0%b6%d0%be%d0%bd%d0%be%d0%b2
«Дунё ўзбеклари»дан:
1.
Ўзбек мухолифатининг таниқли аъзоси Исмоилжон Дадажонов вафотини эшитиб, жуда хафа бўлдим.
Биринчидан, у киши Фарғонага қайтишни, ўша ерда умргўзаронлик қилиб юришни, кексалик гаштини Қўқоннинг сўлим чойхоналарида суришни орзу қилардилар.
Иккинчидан, дардларига даво топиб, тамомила соғайиб кетишни, Ўзбекистонга ҳам ҳур фикр ва озодлик насимлари кириб боришини, юртга қайтиб озод ва обод Ватанда узоқ умр кўришни ният қилган эдилар.
Лекин, минг афсуски, энди у кишининг бу ниятлари амалга ошмай қолди…
2.
Исмоил ака камтар ва фидойи, меҳрибон ва меҳмондўст инсон эдилар.
Бундан беш-олти йиллар муқаддам Швецияга борганимда у кишининг уйларида меҳмон бўлганман.
Бизни — Марат Зоҳидов, Васила Иноятова ва Матлуба Азаматоваларни худди Қўқондагидай қилиб фарғонача иззат ҳурмат ва тўкин дастурхон билан кутиб олган эдилар.
У киши мени Президент ҳақидаги хотираларим орқали яхши таниб қолганларини айтиб, китоб ҳақида жуда яхши фикр билдирган эдилар. Хусусан, Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовни яхши танишларини, у киши билан Қўқонда бир неча маротаба учрашганларини илиқ бир хотира билан ёдга олдилар.
Сўнг биргалашиб, у кишининг енгил машиналарида Швециянинг узоқ қишлоқларидан бирида истиқомат қилувчи водийлик биродаримизникига меҳмонга бордик. Исмоилжон акани толиқтираб қўймаслик учун мен рулга ўтирдим. Швеция йўллари ҳам худди Канада давлатининг йўллари каби кенг ва равон, одам сира чарчамайди.
Мезбон бизга атаб қўй сўйган экан. Шўрва пишгунча дилдан суҳбатлашдик. Бир оз шеърхонлик қилдик. Андижон воқеалари ортидан бу томонларга келиб қолган биродаримиз давлатдан каттагина ер олиб, ўз режаси ва чизмаси билан архитекторлик қилиб, данғиллама уй қурган экан.
Кўриб ҳавас қилдик…

 

3.
Меҳмондорчиликдан жуда кеч қайтдик.
Келсак, Исмоилжон аканинг уйларида ҳам тўкин дастурхон тайёр, бизга мунтазир турган эди.
Уй бекаси — аямиз, Исмоилжон аканинг аёллари қўли гул ва ниҳоятда меҳмондўст эканлар. Барча ўзбек аёллари каби — уятчан ва жозибали, намозхон, ҳаёли ва иболи.
Ая аввал Исмоилжон аканинг қудалари бўлган. Кейин хўжайинлари вафот этгач, вақти соати келиб, тақдир тақозоси билан ўз қудалари Исмоилжон акага турмушга чиққан эканлар.
Ўша куни меҳмончилик то тонгача давом этди…
4.
Кейин орадан йиллар ўтиб, Исмоилжон ака билан иккинчи маротаба Прагада — Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Қурултойида кўришдик.
Икки кун бирга бўлдик. Ўшанда негадир кайфиятлари йўқ эди.
Шошиб келиб, шошиб кетдилар…
5.
Исмоилжон ака оғир, вазмин инсон эдилар.
Суҳбатлашиб тўймасди одам. Ёдимда қолгани: у киши мухолифатдаги ҳеч ким ҳақида ёмон гап айтмасдилар. ҳамма билан тил топишишга, ҳамманинг кўнглини олишга интилардилар.
Уларнинг авлод аждоди Қўқонда обрў эътиборли уруғдан эди.
Исмоилжон ака билан аввал тез тез ёзишиб турардик. Кейинги пайтларда камнамо бўлиб қолдилар.
Сўраб суриштирсам, оғир дардга чалиниб, анча қийналиб қолган эканлар.
Бугун у кишининг вафот этганларини эшитдим…
6.
Начора, ўлим ҳақ.
Ўзбек мухолифатининг таниқли ва фаол аъзоси Исмоил Дадажонов вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва барча сафдош дўстларига нашримизнинг кўпминг сонли ўқувчилари номидан чуқур ҳамдардлик билдирамиз.
Ўзбекистонда янги ва яхши кунлар бошланаётган муборак дамларда у кишининг дунёдан бевақт кўз юмгани кишига алам қилади, холос.
Қуввайи ҳофизаси кенг ва ажойиб инсон, камтар ва камсуқум акамиз Исмоилжон Дадажоновнинг порлоқ хотираси қалбларимизда абадул абад яшаб қолажак!
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада.
30 ноябрь, 2016 йил…

Ўхшаш мақолалар:

  1. Исмат Хушев: Сайрга кетган йигит… (2) (Абдуманноб Пўлатнинг порлоқ хотирасига)
  2. Отиб ташланган Андижон… (Русчадан Исмат Хушевнинг эркин таржимаси) 3-қисм
  3. Отиб ташланган Андижон… (Русчадан Исмат Хушевнинг эркин таржимаси) 4-қисм
  4. Таниқли ўзбек ёзувчиси Баҳодир Муродали вафот этди…
  5. Исмат Хушев: Жиззах — Исёнкор облисполком раиси вафот этди… (Ёднома)
  6. Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиевага таъзия…
  7. Исмат Хушев: Олмахон Ҳайитованинг бемавруд ўлими… (“Ёднома”)
  8. Исмат Хушев: Ҳалолликнинг зоғора нони (Ботир Норбоев хотирасига)
  9. Исмат Хушев: Сокин яшаб ўтган Бош вазир… («Ўтганлар ёди» туркумидан)
  10. Исмат Хушев: Сайрга кетган йигит – Абдуманноп Пўлат “Ўтганлар ёди” туркумидан (2)
  11. Исмат Хушев: Айрилиқдаги жудолик Устоз хотирасига (Иккинчи мақола)
  12. Исмат Хушев: Болалар уйида улғайган шоир — М.Рахмон («Ўтганлар ёди» туркумидан)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.