Ислом Каримов: «Оилавий низода бобомни айблайман»

Би-би-си Ўзбек хизмати марҳум Президент Ислом Каримовнинг набираси билан эксклюзив суҳбат ўтказди. Бу суҳбатда номи тилга олинган тарафлардан муносабатини олиш учун Би-би-си улар билан боғланди.
YoutTubeдаги BBCUzbek каналимизда интервьюни томоша қилиш
Сўнгги ҳафта ва кунларда марҳум Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг тақдири матбуот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилмоқда. Унинг «заҳарланиб ўлдирилганлигидан» тортиб, то шу кунларда «илк бор жамоат олдида баёнот билан чиқиши»га қадар хабарлар ва овозалар тарқатилмоқда. Би-би-си ўзбек хизмати Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов билан учрашиб, бу хабарлар, ва кенгроқ олганда, Гулнора Каримованинг қаердалиги, қай аҳволда эканлиги, у билан ўғли қандай воситалар орқали алоқадалиги, Каримовлар оиласидаги ҳозирги аҳвол ҳақида сўраган.
Ислом Каримовнинг Би-би-сига айтишича Гулнора Каримова «ҳозир ҳам уйда сақланяпти. Яҳё Ғуломов кўчасидаги уйида уни ҳибс бошиданоқ ушлаб туришибди. У хорижга учиб кетгани ёки шаҳар бўйлаб юргани ҳақидаги мишмишлар ёлғон».
«Унинг ўзини суд қилишмаган, лекин унинг дўстлари, жамғармалари ходимлари судга тортилган». Гулнора Каримовага эса А4 шаклидаги қоғозда на қўл қўйилган, на кимданлиги аниқ бўлган «айбнома» топширилган.
Онангиз қай шароитда сақланяпти деган саволга Ислом Каримов бундай деди: «Ойим ўзи яшаб келган уйда беками кўст яшамоқда деган янглиш фикр бор. Энг бошидаёқ уйни беркитиб, ойимни бир хонага жойлаштиришган. Уйга қўшиб қурилган икки-учта хона бор. Ойим ўша ерда сақланяпти. Унга бир марта «пулини тўламасангиз, овқат беролмаймиз» дейишган. Унда ойим «уйни очиб беринглар, пулни олиб чиқай» деб сўраган. «Йўқ, уйни очолмаймиз, пулни топиш сизнинг муаммонгиз» деб жавоб қилишган».
Гулнора Каримова билан учрашиш имконлари ҳақида гапириб, унинг ўғли мана бундай жавоб берди: «Уйга яқинлашаман ёки уни кўраман деган одам дарҳол ҳибсга олинади ва СНБнинг Гвардейскийдаги ҳибсхонасига олиб кетилади. Синглим ҳам кўчада турса, «Илтимос бу ерда турманг, киринг, дарвозанинг олдида турманг» дейишади. Уларга ойда бир марта бир-бири билан кўришишга рухсат берилади. Бу ҳам ҳар доиммас. Баъзида, «Йўқ, бугун сиз кирадиган кунмас» дейишади».
Гулнора Каримованинг қизи Имон аҳволи
Ислом Каримовнинг айтишича унинг синглиси — 18 яшар Имон ҳозирда Тошкентда. «Синглим ҳозир «Туркистон» меҳмонхонасида яшаяпти. Февралда уни ойимдан ажратиб шу меҳмонхонага жойлаштиришган. У эркин ҳаракат қилиши мумкин, лекин ўша ерда ухлаши керак. У ойимсиз бир жойга боролмайди. Уни мамлакатдан чиқариб юборишмоқчи бўлишяпти, лекин у ойимсиз ҳеч қаерга кетмоқчи эмас. Чунки агар у кетса ва ойимга бирон нарса бўлса, ҳеч ким гувоҳ бўлолмайди, ҳеч ким у билан мулоқотда бўлмайди. Чунки менда ҳам бевосита алоқа йўқ ойим билан. Агар унга бир кор ҳол бўлса, буни биладиган ягона одам синглим бўлади.
Гулнора Каримова ҳозирда тирикми?

Ислом Каримовнинг Би-би-сига айтишича, унинг онаси билан алоқаси билвоситадир ва синглиси билан бир қаторда онаси атрофидаги «хайрихоҳ» одамларга боғлиқ. Онасининг шу кунги аҳволи ҳақида гапирар экан, Ислом Каримов бундай деди: «Уларда ойимни йўқ қилиш режаси бор. Қандай йўл билан буни амалга оширишади, мен айта олмайман, бу уларнинг режаси. Ўйлашимча, захарлашмоқчи. Кейин кимнидир айблашади. Улар ойим озод бўлишини хоҳлашмайди, чунки кейин кўп саволларга жавоб беришга мажбур бўладилар. Бу саволларга эса ҳеч ким жавоб бера олмайди, чунки нафақат бизга, балки атрофимиздагиларга қарши бўлаётган ишларни ҳеч ким қонунан изоҳлаб бера олмайди.
…Оиламиз биладики, агар халқаро ҳамжамиятидан эътибор кучайса, уни кўрсатишга, тирик эканини намойиш қилишга мажбур бўладилар. Эслайсизми, ўтган йил бобом инфаркт бўлди деган гап тарқалганди. Кейин у Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги вакили билан учрашди. Яъни, бир ҳафта ичида уни кўрсатиб, мишмишлар пучга чиқарилди. Ойимнинг аҳволи ҳам шунга ўхшаш. У йўқ қилинди деган мишмиш бор. У тирик экани ҳақида ишончли маълумот йўқ. Далил-исбот йўқ. Унинг ўзи билан гаплашмай, овозини эшитмай, қандай қилиб бировга ишонай?»
Гулнора Каримова номидан ёзилган аккаунтлар
Президент Каримов ўлимидан сўнг ижтимоий тармоқларда Гулнора Каримова номидан бир қанча аккаунтлар пайдо бўлди. Гулнора Каримова ижтимоий тармоқларда чиндан ҳам фаолми, деган саволимизга Ислом Каримовнинг жавоби: «Йўқ, ҳозирда унда ҳеч қандай ижтимоий фаолият йўқ. Мутлақо ҳеч қандай ижтимоий саҳифаси йўқ. Твиттер, Инстаграмда гўёки ундан деб саҳифалар очиляпти, қўл ёзувлари сохталаштириляпти, фотошоп орқали суратлари ўзгартириляпти.. Бунинг бари унинг ўзини, унга бўлган қўллаб-қувватловни издан чиқариш мақсадида қилиняпти. У ерда ёмон гаплар ёзилган. Гўёки ойимнинг қўлидан. Нафақат ўз қариндошлари, балки Бош вазирга қарши. Лекин, бош вазирнинг нима алоқаси бор? Ойим у ҳақида ёзиб нима қилади? Ойимнинг қарашлари у ердаги гаплардан фарқ қилган.»
Нега жанозада Гулнора ва унинг болалари кўринмади?

Ахборот воситалари марҳум Президент Ислом Каримовнинг дафн маросимида на Гулнора Каримова, на унинг болалари қатнашганини таажуб билан қабул қилишди. Уларга рухсат бўлмадими, ё… Набира Ислом Каримов бунга мана бундай жавоб берди: «Ойим ва синглимдан ташқари, менга бобомдек яқин одам йўқ эди. Лекин, билардим, агар борсам, бизга якун ясаларди. Камида 2-3 марта одамлар, СНБ ва оила аъзоларимдан эшитдимки, агар мен у ерда бўлсам, учовимизни ҳам дарҳол йўқ қилишар экан. Ойим билан синглимга зиён қилишмаётганининг сабаби, улар билишадики, бу ерда ваҳима бошланади. Агар мен у ерга борсам, учовимизни ҳам йўқ қилишарди ва 5-6 йилдан кейин эълон қилишарди. Тоғдан йиқилиб ўлишди, ёки шунга ўхшаш…
… Мен-ку майли, нега синглим ва ойим Тошкентда бўла туриб, бобом билан видолаша олмадилар? Бутун умр ёнида бўлишган. Бу ахир оддий инсоний ҳурмат. Видолашув. Буни ҳеч қачон тушунмаймиз».
«Опа-сингил рақобатида бобомни айблайман»
Набира Ислом Каримовнинг фикрича, унинг онаси ва холаси орасидаги рақобатда унинг бобоси — Ислом Каримов айбдор. «Ойим ва синглиси орасида ёшликларида нормал муносабатлар бўлиб келган. Ягона муаммо шуки… Мен бунда кўпроқ бобомни айблайман.. Чунки ойим математика мактабини олтин медал билан битирган. Бобомнинг изидан борган.. Ойим спорт билан шуғулланган, қора камар олган. Ўз карьерасини қуришни бошлаган. У нима қилса, холам буни такрорлашни истаган. Лекин, нега? Ўйлайманки, сабаби — бобом бутун умр холамга гапирган «Нега опангга ўхшолмайсан? Нега мана буни қилолмайсан? Нега яхши ўқимайсан? Нега «У» бўлолмайсан?» Мен ўз қизларингга бундай муносабат қилиш нотўғри деб биламан. Шунинг учун, бу унинг айби деб ўйлайман. Лекин, факт шуки, бу унга таъсир қилган. Холам бутун умр буни эшитгани учун, унда комплекс пайдо бўлган. Мана ҳозир жамғарма тузилибди. Мамлакатда ҳамма биладики, бизда жамғарма аллақачон бор эди. Журнал ҳам бор эди, у ҳам журнал чиқаряпти. Буни исботлашга ҳам ҳожат йўқ. Бутун умр ўзаро пойга бўлган. Холам ҳам нималаргадир қодир эканини кўрсатишга интилган. Ўйлашимча, нафрат шундай пайдо бўлган, чунки холам барибир ойим даражасига чиқа олмаган. Булар кейин кўпириб жисмоний муаммога айланган. Бошида бу фақат ҳиссиётлар даражасида бўлган бўлса, ҳозир бу ҳаётимизда акс этяпти. Бу адоват туфайли оилалар барбод бўляпти.»
Би-би-си бу хусусда Лола Каримова-Тиллаевага ҳам мурожат қилди. Унинг юристларидан қуйидаги баёнот келди: «Каримова-Тиллаева хоним, афтидан унинг четлатилган опаси, ё опасининг номидан бошқа кимдир таъминлаган ушбу кулгили ва асоссиз шарҳларга жавоб беришдан бош тортади ва бу каби шарҳларнинг эътироф этилишига нисбатан фақат ўзининг таасуфини билдириб, бу инсонларга яхшилик тилайди».
Гулнора Озодбекдан пора сўраганми?
Набира Ислом Каримовнинг айтишича, унинг онасига қарши қўйилган айблар сохтадир. Жумладан у мана бундай дейди: «Гулнора қаерда? Ҳеч ким билмайди. Нега Гулнора уй ҳибсида? Ҳеч ким билмайди. У ҳибсда қанча вақт қолади? Жавоб йўқ. Қонуний жавоб йўқ. Ойимнинг ўзига айтишларича, унинг жиноий иши товламачилик аризаси билан очилган экан. Бу кулгили бўлиши мумкин, бир томондан ойимни 300, 400 ва ҳатто 500 миллион долларлик коррупция ишларида айблашяпти, лекин бошқа томондан айтишларича, қўшиқчи Озодбек Назарбеков ариза ёзган экан. Гўёки ойим ундан 20 ёки 30 минг доллар талаб қилган экан. Мана шу ариза асосида ойимга айблов қўйилган. Йирик миқдордаги ишларга аралашган одам қандай қилиб бундай кичик пулни талаб қилсин? Ё униси ё буниси бўлиши керак. Агар ойим шунча катта пуллар олган бўлса, у Озодбек Назарбековдан ҳам сўраб ўзини шу ҳолга соладими?»

Би-би-си Озодбек Назаров билан алоқада бўлиб, унинг ариза ёзганлиги ҳақиқатми, деб сўради. Озодбек Назаров Би-би-сига мана бундай жавоб берди: «Мен билан Гулноранинг ўртасида ҳеч қачон ҳеч қанақа олди-берди бўлмаган. У мендан ҳеч нарса сўрамаган, мен унга ҳеч нарса бермаганман. Мен буни биринчи марта эшитиб турибман. Ҳеч кимга ҳеч нарса ёзиб ҳам бермаганман».
Ҳориждаги Гулнора Каримовага қарши жиноий ишлар
Маълумки, бир неча мамлакатда Гулнора Каримовага қарши ишлар очилган ва катта миқдордаги пуллар музлатилган. Би-би-си набира Ислом Каримовдан бу ишларга муносабатини сўраганида, у бундай деди: «Мен бир фикрдаман — Ўзбекистон тарафи жуда хоҳлайдики, хорижда турли исмлар, турли компаниялар остида сақланган ва музлатилган барча пуллар Ўзбекистонга қайтсин. Лекин, мен аниқ биламанки, бу пуллар бюджетга тушмайди, мактаб ё йўллар, ё бола боғчаларини қуришга ишлатилмайди.
… Агар жиноий пул бўлса, уларни музлатган мамлакатлар мусодара этишсин. Лекин, агар қайтарилса, улар қандай сарфланишини кузатиб борадиган қандайдир ташкилот бўлиши керак. Чунки улар қайтарилса, кимнингдир чўнтагига тушади».
Президент Каримовдан мерос қолганми?
Президент Каримов вафотидан сўнг унинг сиёсий мероси ҳақида кўп ёзилди ва ёзилмоқда. Бироқ оилага қолган мерос борми? Марҳум Президентнинг набираси бу саволга бундай жавоб берди: «Бу ҳақида умуман гап бўлмади. Янгиликни эшитган вақтимда, биринчи ҳафтаси, ўйладим, бировга бирон нима айтишармикан? Аслида мен ҳеч қандай меросни истамайман. Мен фақат бориб, у билан видолашишни хоҳлайман, чунки бу менинг ҳуқуқим. Бу одам ҳаётимнинг аксар қисмида менга жуда яқин бўлган. Ҳар бир инсон бу дунёни тарк этган қариндоши билан хайрлашишга ҳақли. Лекин, биламанки, агар борсам, у ерда қайтиб чиқа олмайман.»
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
Сўнгги ҳафта ва кунларда марҳум Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг тақдири матбуот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилмоқда. Унинг «заҳарланиб ўлдирилганлигидан» тортиб, то шу кунларда «илк бор жамоат олдида баёнот билан чиқиши»га қадар хабарлар ва овозалар тарқатилмоқда. Би-би-си ўзбек хизмати Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов билан учрашиб, бу хабарлар, ва кенгроқ олганда, Гулнора Каримованинг қаердалиги, қай аҳволда эканлиги, у билан ўғли қандай воситалар орқали алоқадалиги, Каримовлар оиласидаги ҳозирги аҳвол ҳақида сўраган.
Би-би-си бу хусусда Лола Каримова-Тиллаевага ҳам мурожат қилди. Унинг юристларидан қуйидаги баёнот келди: «Каримова-Тиллаева хоним, афтидан унинг четлатилган опаси, ё опасининг номидан бошқа кимдир таъминлаган ушбу кулгули ва асоссиз шарҳларга жавоб беришдан бош тортади ва бу каби шарҳларнинг эътироф этилишига нисбатан фақат ўзининг таассуфини билдириб, бу инсонларга яхшилик тилайди».
Би-би-си Озодбек Назаров билан алоқада бўлиб, унинг ариза ёзганлиги ҳақиқатми, деб сўради. Озодбек Назаров Би-би-сига мана бундай жавоб берди: «Мен билан Гулноранинг ўртасида ҳеч қачон ҳеч қанақа олди-берди бўлмаган. У мендан ҳеч нарса сўрамаган, мен унга ҳеч нарса бермаганман. Мен буни биринчи марта эшитиб турибман. Ҳеч кимга ҳеч нарса ёзиб ҳам бермаганман».
Ҳали нималар билан тугаши ноъмалум бўлган ушбу фожеавий драманинг охири фожеалик якун топиши бир неча йиллар илгари маълум бўлган эди.
Буюк Захириддин Муҳаммад Бобур ҳазратлари кўзи очиқ кўрларни огоҳ этиб кетганига неча асрлар бўлди.
Инсоф билан,ҳақиқатнинг юзига тик қараб,тан олиб айтадиган бўлсак.
Инсоният пайдо бўлганидан токи шу бугунги кунларгача кўхна тарих бу даражадаги кўзи ва ўзи оч,еб тўймасларни кўрмаган эди десам хеч бир инсон эътироз билдира олмаса керак.
Миллионлаб инсонларнинг ризқидан тортиб олинган пулларга ташкил қилиниб юз одамга берилган хайрия кимга керак!
Худо қисиб опа сингиллар беш-ўнта бўлишганида ҳалқимиз бугунги кунларгача етиб келмас эди.
Ер шари ўз ўқи атрофидан чиқиб кетишига сал қолди,Гулноранинг қилмишларидан!
Қилмиш қидирмиш дейишган донолар!