Исмат Хушев: Амнистия энг аввало Президентнинг қалбида бўлиши керак…
«Дунё ўзбеклари»дан:
Бу мақола ёзилганида Ислом Каримов ҳали ҳаёт эди.
Бугун энди Ўзбекистоннинг биринчи Президенти орамизда йўқ. Ҳаёт эса шиддат билан давом этяпти.
Капалак умридек шу қисқа даврда кимлардир ўзининг бутун онгли ҳаётини қамоқ ва турмаларда ўтказиши керак. Бу бир лаҳзада — кўз очиб юмгунча фурсатда ўтиб кетадиган ҲАЁТ ва УМР учун жуда катта ноҳақлик ва адолатсизликлир.
Бугун Ўзбекистонда Президент вазифасини бажаришдек шарафли ва муқаддас вазифани ўз зиммасига олган Шавкат Мирзиёев мақолада кўтарилган фикр ва мулоҳазаларга эътибор қилади деган умиддамиз…
Исмат Хушев: Амнистия энг аввало Президентнинг қалбида, юрагида бўлиши керак…
(Қайта ишланган ва тўлдирилган нашри)
Президент бағри кенгликка даъват этмоқда.
Ўзбек турмаларидаги маҳбуслар ҳаёти ижобий ўзгаришлар арафасида.
Лекин бунинг учун энг аввало Президент Девони қошидаги Амнистияни амалга оширувчи бўлимнинг ўзини «амнистия» қилиш керак…
1.
Ўзбекистонда Мустақиллик йилларидан бўён матбуотда эълон қилинган ва ёйинланган Амнистия, яъни Авф этиш ҳақидаги Сенат қабул қилган Қонун оммавий ахборот воситаларида чоп этилганига ҳам ҳадемай бир ой бўлади.
Амнистияни Сенат қабул қилгани билан, барибир халқ уни давлат раҳбарининг муборак номи билан боғлайди.
Бир ойдирки, ўзбек халқи Президентни кўзда ёшу, тилда дуо билан алқаб юрибди. Бундай дейишимизга сабаб шуки, кейинги йилларда Ўзбекистондаги ҳар икки оиладан бирининг ё ўғли ва ё эри қамоқда эди.
Мустақил Ўзбекистонда ҳибс этилиш ва қамалиб қолиш ҳоллари сўнгги пайтларда негадир одатий ҳолга айланиб қолди, оммавий тус олди.
Ҳукуматнинг расмий ҳужжатларида ўзбек турмаларидаги аристонларнинг умумий сони юз минг (100 000) дан ошмаган бўлса-да, лекин аслида уларнинг миқдори бундан бир неча баробар кўплигини одамлар ҳам, давлат ҳам яхши билади…
2.
Конституция қабул қилинган кун муносабати билан сўзлаган нутқида Ислом Каримов қамалганларга нисбатан одамгарчилик ва бағрикенглик туйғуларидан келиб чиқиб, уларнинг аксарини ҳибсдан озод қилиш ҳақида куюнчаклик билан яхши ва умидли гапларни кўп гапирди.
Соҳа мутахассисларининг фикрича, бу Амнистия кенг қавровлилиги билан ҳам эътиборга молик. Илгарилари иқтисодий масалада айбдор деб топилган маҳкумлар етказилган зарар ҳажмининг катта-кичиклигига, қопланган ва ё қопланмаганига қарамай, ҳибсда қолаверар эди.
Энди уларни ҳам авф этиш ҳақида махсус Қонун моддалари Амнистиядан мустаҳкам ўрин олган…
3.
Тан олиш керак, ҳозир Комиссия таркибига кирувчи Прокуратура ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш тизими вакиллари ҳар куни телевизордан чиқиб гапиришяпти, бу билан гўё халққа ва Президентга ўз фаолиятлари ҳақида ҳисоб беришяпти.
Улар билан бирга бу кўрсатувларда камоқхонадаги маҳкумлар ҳам ўз қилмишидан пушаймон эканликлари ҳақида гапириб, тавба тазарру қилишмоқда.
Бир сўз билан айтганда – Амнистияни амалга оширувчи Комиссия ишлаяпти. Ҳамма унинг фаолиятига яхши ният билан кўз тикиб турибди.
Ажаб эмас, бу масалада бир илиқлик пайдо бўлса деган ширин бир умид билан…
4.
Лекин, яширмай, ростини айтишим керак, Президент узоқни кўзлаб, донишмандларча айтган бу сўзларининг асл маъноси ва даъватини – соҳа мулозимлари тўла тўкис англаб етиш ва ўз вақтида бажаришга ожизлик қилишяпти.
Олдин ҳам шундай бўлган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиши мумкин деган хавотирдаман.
Акс ҳолда жуда кўпгина маҳбуслар ўз муддатини ўтаб бўлганига қарамай ҳануз қамоқхоналарда қолиб кетмас эди.
Мен уларнинг бу аччиқ ва аянчли қисматини шахсан Президент номи билан боғлашга мутлақо қаршиман. Энг ачинарлиси шуки, юзлаб ва минглаб жазо муддатини аллақачон ўтаганлар ва Амнистияга тушиши муқаррар бўлганлар ҳам афсуски, то ҳануз зоналарда қолиб кетаяпти. Улар Амнистия комиссияси билан «тил топиша» олмаяптилар, холос…
Ваҳоланки, Ўзбекистон турмаларидаги бундай машъум ҳодисалар, истаймизми йўқми, биринчи галда — Президент зиммаси ва масъулиятига тушади.
Бевосита унинг номи билан боғланади.
Чунки Амнистия акти Президентнинг номи ва имзоси билан эълон қилинади.
Юқоридаги машъум ва коррупция воқеааларнинг ижрочилари эса, минг афсуски, Президентнинг соясида кун кўрувчи ярамас ва нокас мулозимлардир…
5.
Шу ўринда «Дунё ўзбеклари» ўқувчиларига Президент Амнистияси ва унинг қандай қўлланиши ҳақида бир оз тушунтириш бериб ўтишга тўғри келади.
Масалан, Президент девони қошида Авф этиш комиссияси бор. Ўзбекистоннинг кўзга кўринган ҳуқуқ ва тартибот тизими вакилларидан иборат бўлган бу нуфузли комиссия жамоатчилик асосида фаолият олиб боради. Бу комиссия илгарилари Маъмурий бўлим қошида ишлар эди.
Кейинчалик Президент Девонидаги кадрлар билан ишлаш Бош Бошқармаси тасарруфига ўтказилди.
Бу комиссия аъзолари асосан республика ҳуқуқни ҳимоя қилиш тизими мулозимларини ўз ичига олади.
Адолат органларининг энг ҳалол ва диёнатли вакили, ички хизмат генарали, Тошкентдаги Олий Милиция Академияси бошлиғи Убайдулло Тожихонов бир пайтлар бу нуфузли комиссия раиси эди…
6.
Кейинчалик фирибгар ва ёсуман Тимур Алимов Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланиши муносабати билан мазкур комиссия фаолияти инқирозга юз тутди.
Бу инқироз – Президент Девонидаги Комиссия фаолиятини назорат қилиб турувчи бўлимга — Тожихоновдаги инсоний поклик фазилатларига мутақо зид ва қарама қарши бўлган нопок ва диёнатсиз бир кимса раҳбар этиб тайинланиши билан боғлиқ бўлди.
Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига, қолаверса, Ўзбекистон Олий раҳбариятига тасодифий аралашиб қолган бу кўнгли қора, қўли нопок, савиясиз ва нодон, Зулмат ва Аҳмоқ мулозимнинг номи ҳам ўзига яраша – Нурмат Ахмонов эди.
Президент девони қошида — жамоатчилик асосида ишлайдиган Авф этиш комиссияси фаолиятини эса, юқорида айтиб ўтганимиздек, Ахмонов бош бўлган бўлим бевосита назорат қилар ва бошқарар эди.
Бўлимга Ахмонов бошчилик қилгани билан, узоқ йиллар Тимур Алимов Авф этиш комиссиясида асосий фигура бўлиб қолди.
Биз хотиралар китобимизда Алимов ўз фаолияти даврида Президент оёғи остига эртами кеч портлайдиган жуда кўп яширин миналар қўйиб кетганини такрор ва такрор ёздик. Бу миналар мана неча йилки, гоҳ Президент орбитасида — гоҳ унинг оиласида ва гоҳ Оқ сарой ва салтанат пойдеворлари остида бирин кетин портлаб келаяпти.
Ҳа, Алимов Президентга жуда кўп муаммолар яратиб бериб кетди. Унинг касофатига Ахмонов деган — ерга қарайдиган, аслида эса ерга қараб туриб, қўлга қарайдиган бўлим бошлиғи пайдо бўлди. Бевосита шу нуфузли Комиссия иши билан шуғулланадиган бўлимга раҳбар этиб тайинланди.
У ўз ёсуман ва маккор устози Алимов билан бирга Президент Девонини обрўсизлантиришга яхшигина ҳисса қўшди. Ахмонов Президент Девони қошидаги Авф этиш Комиссиясига МарказҚўм (ЦК) пайтидан то Алимов даври тугагунча ишлади, бошчилик қилди. Унинг таъсирида республикада кўп кишилар сиёсий маҳбусга айланди.
Сўнг яна ўша муттаҳам устози ёрдамида – бундан ҳам ёғлиқроқ ва сердаромад жойга — Олий Хўжалик суди раисининг биринчи ўринбосари бўлиб кўтарилиб кетди…
7.
Ихтиёр Абдуллаев Президент Девонига ишга келиши билан — комиссия ишида ижобий маънодаги ўзгаришлар бошланди.
Табиийки, орготделда беш олти йил Ихтиёр Бахтиёрович яхши раҳбарлик қилди. Одамларга ҳурмат билан муносабатда бўлинди. Авф этиш комиссияси нуфузини яна Тожихонов даври даражасига етказиш устида кўп ишлар қилинди.
Президент Конституция байрами муносабати билан қилган маърўзасида тилга олган мавзу – кечиримли ва адолатли бўлиш концепцияси ҳам асосан Абдуллаев даврида ишлаб чиқилганидан хабарим бор.
Бош прокурор бўлиб кўтарилиб кетган Абдуллаевнинг ўрнига — Президентнинг кадрлар масаласи бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлиб келган мулозим Даврон Назармуҳамедов ҳақида ҳам одамлар, соҳа вакиллари яхши гапларни айтмоқдалар. Ҳозирги келган раҳбар — милиция соҳасидан ўтган бўлса ҳам, табиийки, Абдуллаев назари ва тарбиясидан четдан қолмаган бўлса керак.
Хуллас, бугун халқимиз — Ўзбекистон Олий раҳбариятига, хусусуан, унинг юзи бўлмиш — Бош прокуратурага умид билан қараб турибди.
Президент нутқидан кейин бу масалада ҳам бир илиқлик пайдо бўлса ажаб эмас…
8.
Биз юқорида Президент Девони қошидаги Авф этиш ва Амнистия қўлловчи бўлимнинг ўзини «амнистия» қилиш керак деб бажиз айтмадик.
Унинг фаолияти ва иши ҳақида ёзиш керак. Узоқдан — Канададан туриб эмас, яқиндан — Ўзбекистон туриб ёзиш лозим. Яхши ва ёмон томонларини таҳлил қилиб, бор гап сўзни очиқ ойдин оммага билдириш ва маълум қилиш даркор.
Бир сўз билан айтганда, Комиссия фаолиятини ўрганиб, унинг ўзини яхшилаб бир амнистия қилиш керак.
Менинг фикримча, бу комиссия фақат Амнистия ва Авф билан шуғулланиб қолмай, балки ўз фаолияти ва хизмат ваколатига янада синчковроқ ва теранроқ — кенгроқ назар ташлаши лозим.
Халқ орасига кириб бориши, оддий одамларга — оч ва юпун аҳолига қулоқ солиши, уларнинг дарду ҳасратларини меҳр ва эътибор билан тинглаши даркор.
Шундагина ўз юрти ва Ватанидан умидини узиб, олис Канадага дарду ҳасрати ва маломатини йўллаган халқ, уларга ҳам ишонади, кўнглини очади.
Шу муносабат билан бугунги кунда ўзбек халқини қийнаб келаётган адолатсизликларнинг энг муҳим ва асосийларидан баъзи бирларини тилга олиб ўтишни истардим…
9.
Яқинда жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ўктам Пардаевни ҳибсга олишди.
Уни тўқима ва ўйдирма айбловлар билан қамашди. Бу куракда турмайдиган айблов моддалари билан ишни судга ўтказиш муваффақиятсизлик билан тугашини сезиб, энди унга яна янги – бировни ҳақорат қилиш айбини қўйишди.
Биз Ўктамни ўзбек махсус хизматлари нима учун қамашга қарор қилганларини яхши биламиз. Улар ҳатто бу компанияни «Дунё ўзбеклари» орқали бошлашганларини ҳам бугун очиқ ойдин айтиб ўтишимиз керак. Биз уларнинг асл ниятларини англаб етганимиздан кейин, Ўктам ҳақидаги мақолани сайтдан олиб қўйишга қарор қилдик. Кўп ўтмай унинг қамалганини эшитдик.
Президент Девони қошидаги Амнистия ва Авф этиш номли нуфузли комиссия — махсус хизматларнинг «ўлжаси» ва «қурбонига» айланаётган бу каби ярамас ва жирканч воқеаларга ҳам ўз одил ва холис муносабатини билдириши керак.
Қолаверса, махсус хизмат идораси номи остига яширинган ва МХХга тасодифан кириб қолган бу каби ярамас ва фитначи ходимлардан бу нуфузли идорани тозалаш вақти келди. «Дунё ўзбеклари» бу борада тегишли идораларга — Ўзбекистон Олий раҳбарияти ва шахсан Президентга ёрдам қиладиган даражада асос ва ҳужжатларга, ёзишма ва маълумотларга эга эканини ҳам бугун очиқ ойдин айтиб ўтишни истардим.
Токи Ўзбекистонда ҳеч ким ва ҳеч қайси соҳа қонундан ташқарида бўлмаслиги ва «қилган хизматига яраша» жазодан қутулиб қолмаслиги зарур…
Ўктам Пардаевнинг ясама «жиноий иш»ини эса Президент Девони қошидаги Амнистия ва Авф этиш комиссияси ўз назоратига олиши ва унга нисбатан адолатли муносабатда бўлишларини истардик.
Акс ҳолда буни бошқалар қилиши мумкин.
(Бизнинг бу жиддий огоҳлантиришимиздан тегишли хулоса чиқарган махсус хизмат вакиллари имо-ишораси билан Ўктам Пардаев ҳибсдан озод этилганини бугун «Дунё ўзбеклари» ўқувчиларига билдириб қўйиш имконига эга бўлганимиздан бахтиёрмиз. Чунки бу мақола даставвал 2 январь куни эълон қилинган эди)…
10.
Модомики, Ўктам Пардаев баҳонасида биз Жиззах вилоятини тилга олган эканмиз, шу баҳонада бу вилоятга оид яна бир «резонанс» ва шов шувли масалага ҳам эътибор қаратишни истардик.
Жиззах вилояти азал-авалдан маълум ва машҳур, таниқли ва фидойи кишилар юрти. Тўқсонинчи йиллар бошида бу вилоятдан ўнга яқин эл суйган халқ вакиллари Ўзбекистон Олий Кенгашига депутат этиб сайланган эди. Биз улардан уч-турт кишини яхши билардик.
Собиқ Дўстлик тумани ҳокими Ўктам Зокирович Олимов, Жиззах тумани ҳокими Муқимжон Хасанов, махсус хизмат соҳаси вакили Мели Қобуловлар шулар жумласидандир.
Лекин сайланганларидан кейин беш йиллик депутатлар анжуманида фақат Мели Қобуловнинг овози эшитилиб турди. Мели ака бу жонбозлиги билан эҳтимол дунёнинг залворли юкини кўтариб чиқмагандир. Лекин ҳар ҳолда Олий Кенгаш йиғинларида республиканинг у ёки бу муаммоларига ўз муносабатини доим фаол билдириб келди.
Мели Қобулов депутатликка қадар Жиззах вилоят КГБ сида ишлади. Сўнг бир муддат, республика учун энг оғир ва синовли йилларда — Шаҳрисабз КГБ сига бошчилик қилди.
Пенсияга чиққанидан сўнг жиззахликлар унга ишонч билдириб, Ҳамид Олимжон колхозидаги Кўтарма маҳалласига раис қилиб тайинлашди. Ўша йилиёқ Жиззах халқи уни мустақиллик арафасидаги алтернатив сайловда Ўзбекистон халқ депутати этиб сайлади.
Мели Қобулов тенгсиз ва беомон сайловда Ўзбекистон Компартияси Жиззах шаҳар партия комитетининг биринчи секретари Муҳиддин Полвонович Нарзиқуловни жуда катта кўрсаткич билан ютиб чиққан эди.
Лекин минг афсуски, шундай одил ва ҳалол одамнинг қадрига етишмади.
Ўзбек халқи ва хусусан жиззахликлар — Жиззах вилоятидан сайланган Мели акадан бошқа депутатларнинг сўзи тугул, ўзини – афти-ангорини ҳам ҳам кўриб улгурмади. Улар ўз лавозимларига ишониб қандай сукут сақлаб депутат бўлган бўлсалар — беш йил давомида ҳам худди шундай сукут билан ўтиб кетишди.
КГБдан чиққан диёнатли инсон Мели Қобуловнинг Парламентдаги ва ижтимоий сиёсий ҳаётдаги фаоллиги ҳаммага ҳам ёқавермади.
Мустақиллик Конституцияси учун фидойилик билан иш олиб борган, унинг эълон қилинишида ўз депутатлик бурчини ҳалол ва виждонан бажарган, Ўзбекистон Гимни, Байроғи ва турли миллат рамзлари қабул қилинишида ўз муносиб ҳиссасини қўшган ҳалол ва тўғри сўз халқ ноиби — депутатлик муддати тугаган куниёқ ўйдирма айблар ва уюштирилган ёлғон бўҳтонлар билан қамоққа олинди.
Саккиз йил «от и до» — сўнгги қўнғироққача Бекобод турмасидаги махсус зонада сақланди. Озодликка чиққанидан сўнг адолат истаб, ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб, турли идораларга қатнай бошлаган заҳоти — унинг ўғил-қизи ва келинини олиб қамашди.
Ёки бўлмаса, Олий Кенгаш депутати, тарихий еттинчи сессия қаҳрамонларидан бири, жасоратли ва фидойи инсон Шуҳрат Нусратовнинг бугунги ҳибсдаги ночор ва абгор аҳволини тилга олиб ўтишни истардим.
Мен яхши ва яқиндан билган ҳалол ва диёнатли, мард ва жасур инсон — Шуҳрат ака қамоқда ўтирадиган даражада жиноий иш қилганига ишонмайман.
Ислом ака мана шу адолатсизликлардан шахсан хабардор ҳам деб ўйламайман.
Мели Қобулов ҳам, Шуҳрат Нусратов ҳам — мард ва жасур инсон. Шукрилла Мирсаидовдан кейин бизда негадир мард ва жасур одамлардан қўрқадиган бўлиб қолишди…
(Бу мақола эълон қилинганида Шуҳрат Нусратов ҳали қамоқда эди. Лекин бугун у киши озодликда эканини ўқувчиларга билдириб қўйиш имконига эга эканимиздан бахтиёрмиз)
11.
Яна бир гап.
Яқинда — ўзбек қамоқхонасида биринчи истанция маҳкамаси белгилаган жазо муддатини ўтаб бўлганига қарамай, ҳануз тутқинликда тутиб турилган Ўзбекистон халқ депутати Мурод Жўраев йигирма йилдан зиёд давом этган адолатсиз ҳибсдан сўнг, ниҳоят озодликка чиқарилди.
Бундан илгарироқ Президент истеъфосини талаб қилган исёнкор шоир Юсуф Жума ва Тошкент портлашларини «уюштирган» истеъдодли ёзувчи Мамадали Маҳмудовлар озод этилган эдилар.
Улар озодликка чиқиб, эл-улусни тўплаб, давлат ва ҳокимият арконларига ҳужум қилишгани йўқ. Бири – мажбурий бадарға қилинган Америка тупроғида, бошқалари – Ўзбекистонда оила аъзолари билан тинч ва осойишта умргўзаронлик қилиб юришибди.
Турмаларда эса уларнинг адолат кутиб турган бошқа сафдошлари ҳали ҳам бор.
Самандар Қўқонов, Рустам Банк, Муҳаммад Бекжон, Исроилжон Холдоров, Аъзам Фармонов, Абдурасул Худойназаров, Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Турғунов, Юсуфжон Рўзимуродов, Ғайрат Мехлибоев, Руҳиддин Фахруддинов, Дилмурод Саййид ва бошқа – сиёсий ва диний эътиқоди учун ўн-йигирма йил муқаддам қамалган маҳбуслар ҳануз қамоқхоналарда ушлаб турилибди.
(Мақола эълон қилинган — январь ойида Самандар Қўқонов ҳали қамоқда эди, бугун, не бахтки, у киши ҳам озодликда…)
Амнистия ва Авф этиш комиссияси узоқ йиллардан бўён Ўзбекистон турмаларида қолаётган бу маҳбуслар тақдирига ойдинлик киритиб, уларни авф этиш ва ҳибсдан озод этиш ҳақида давлат раҳбарига тақдимнома киритиши керак.
Токи одамлар қалбида бу комиссия ва унинг фаолиятига нисбатан ишонч ва муҳаббат уйғонмас экан, Ўзбекистонда қонуний давлат қуриш орзуси ҳануз орзулигича қолиб кетаверади…
12.
Жамиятдаги – инсонлар қалбини умидсизлик ва тушкунликка туширувчи бу каби нохуш воқеа ва ҳодисаларни матбуотга олиб чиқиш, халқни огоҳ қилиш ва бонг уриш — биз журналистларнинг энг биринчи галдаги улуғ ва муқаддас вазифамиз бўлмоғи керак.
Бу билан биз ўз инсоний бурчимиз ва касбий фаолиятимизни бажариш билан бирга, айни пайтда — Ўзбекистон Олий раҳбариятини, Бош прокуратура ва хусусан Президентни бу каби адолатсизликлардан хабадор қилган бўламиз.
Шунинг учун ҳам Амнистия ва Авф комиссияси ўзбек жамиятидаги Президент назаридан четда қолаётган мана шундай аянчли ва ачинарли, носоғлом ҳолларга ҳам ўз соғлом муносабатини билдиради деган умиддамиз…
Сўнгсўз ўрнида:
а).
Келгуси йил Ўзбекистон Мустақиллигининг 25 йиллиги нишонланади.
Тарихда ҳали ҳеч ким — ўзбек халқига 25 йил давомида бошчилик қилиш бахтига муяссар бўлмаган эди.
Ҳатто Шароф Рашидов ҳам Ўзбекистонга 24 йил раҳбарлик қилган, холос.
Шу маънода бугун икки қўлимизни кўксимизга қўйиб яна бир ҳаётий ҳақиқатни ҳам тан олишимиз керак бўлади: Ислом Каримовга ҳукмдорлик тожини Худо берган.
У кишининг 25 йилдан бўён Ўзбекистонга йўлбошчилик қилиб келиши бежиз эмас, таъбир жойиз бўлса, бу –Оллоҳдан берилган неъматдир!
б).
Ўзбекистонда Авф этиш Амнистиясининг — Конституция куни муносабати билан илк бора қабул қилиниши — 2005 йилдан бошланган эди. Шунга ҳам роппа роса ўн йил бўлибди.
Ўн йил давомида Ўзбекистонда Амнистия кўп чиқди. Ундан нон еганлар, қаср қурганлар ва бойиганлар кўп бўлди.
Амнистияни Сенат қабул қилгани билан у ҳар гал Президент имзоси билан чиқади. Биз истаймизми, йўқми, унинг муборак номи билан чамбарчас боғлиқ бўлади.
Шунинг учун ҳам Амнистия одамлар қалбида давлатга ва унинг раҳнамоси бўлган Президентга нисбатан чексиз ишонч ва меҳр муҳаббат, ҳурмат ва эҳтиром уйғотади.
Айнан шунинг учун ҳам Амнистия — кампаниябозлик қурбони бўлиб қолмаслиги лозим…
в).
Бу дунёда жойи фақат турмада бўлиши керак бўлган одамлар ҳам бордир, эҳтимол. Лекин уларга ҳам барибир меҳр керак. Улар ҳам Худонинг бандаси. Боз устига, яхшими-ёмонми, мамлакат фуқароси. Кимнингдир жигарбанди. Шу давлат ва миллатнинг фарзанди.
Албатта, ҳаммани ҳам авф этиш мумкин эмасдир. Фақат ҳибсда ўтириши лозим бўлган ашаддий жиноятчиларгина турмада қолса. Амнистия билан чиқиб келган одам — иккинчи бир одамнинг юрагида дард қўзғамаслиги даркор.
Улар жазосини тўла ўташи керак…
г).
Мен истардимки, келаси йилги Амнистия, шу пайтга қадар қабул қилинган Амнистияларнинг энг обрўлиси, шов шувлиси, қудратлиси бўлса.
Ноҳақ қамалганлар, узоқ ўтирганлар, тўҳматга мубтало бўлганлар, “срогига срок” қўшиб берилганлар ўзбек қамоқхоналарида умуман қолмаса дейман.
Турмалар ҳам бўшаб, Ўзбекистондаги жазони ўташ колониялари бирин кетин қисқартирилса. Юқорида айтганимиздек, фақат ашаддий жиноятчиларгина турмада қолса.
Лекин Президентга ва давлатга ишониб, ҳақиқат ва диёнатни излаган одам, адолатсизлик қурбони бўлиб, бир кун ҳам турмада ўтирмаслиги керак.
Унда Ислом Каримовнинг — Президентлиги ҳам, Ўзбекистоннинг — Мустақиллиги ҳам бир тийин бўлиб, ўз қадр қимматини тамомила йўқотган бўлади!
д).
Мен ҳам бир пайтлар муҳтарам Президент амри билан ҳибсга олинганман, қамалганман, маҳбуслик жабрини тортганман. Қамалишнинг ҳибсдаги аянчли ва аччиқ қисматини бошимдан ўтказганман, яхши биламан.
Маҳбус ҳам маълум муддат фуқаролик ҳуқуқларидан маҳрум қилингани билан, лекин мамлакат фуқаролигидан маҳрум бўлмаган. У ҳам Президентнинг фарзанди, жигарбанди.
Президент ҳар бир улуғ байрамларда маҳкумларга меҳри илиб, Амнистия эълон қилаяпти, раҳмат. Лекин, менинг назаримда, давлат раҳбари учун, бу етарли эмас.
Шундай гўзал ва дориломон замонда, озод ва обод — Ўзбекистонда тириклик завқи ва бахт саодат шавқини суриш ўрнига то ҳануз ҳибсда қолаётган маҳкумларга нисбатан давлат раҳбари мавсумий Фармон ва Авф этиш Актлари билан чекланмай, кўнглида доимий оталарча меҳр ва муҳаббат ҳиссини ҳам туйиши лозим.
Шу маънода, энг аввало ва энг муҳими, ҳақиқий Амнистия — Президентнинг қалбида, юрагида бўлиши керак!
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада
2 январь, 2016 йил.
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
Ассалом Исмат ака.
Менга мақоладаги позициянгиз ёқди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам президент сиёсатига ҳайриҳоҳлигингиз ва Ўзбекистонда халқнинг тинчлиги, давлатнинг юксалиши ҳақида қайғурадиган инсонлар, рахбарлар борлигини инъкор этмаганингиз. Юрак билан, ўзбек халқига бўлган муҳаббат билан ёзилган ушбу мақола учун, сизга Ўзбекистон қаҳрамони унвонини бериш лозим. Мақолангиз ҳозир ҳам долзарблигини йўқотмаган, маълум, пафосга берилган қисми ва маълум шахсларга боғлиқ ўринларини инобатга олмаганда…сиз илгари сурган ғояларни, бу ерда коммент ёзган инсонлар қатори мен ҳам қўллаб — қувватлайман. Исмат ака, «Дунё ўзбеклари» машҳур сайтининг бош муҳаррири сифатида.. ушбу мақоладан кейин..қандай ўзгаришлар бўлди,сиз юқорида номини тилга олган махбуслар: журналистлар, собиқ депутатлар ва собиқ хокимлар тақдири қандай бўлди, шулар ҳақида информация берсангиз..яхши бўларди. Баъзи, таҳрирлар билан мақолани сайтимизда чоп этишимиз мумкин.
14 октябрь, 2016 йил, Тошкент шаҳри.
Like · Reply ·
28 шарҳ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ3 комментария
-
Исмат акани мен анча йиллардан бўён биламан. Гарвардда ўқиганимда ҳам унинг ёзганларини ўқиб турардим. Бугунги мақоласи ўз долзарблиги билан ўзбек жамиятининг ижтимоий сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутади. Мирзиёев бу мақолада кўтарилган муаммолар ҳақида жиддий ўйлаб кўриши керак. Исмат ака Каримов даврида ҳам жуда кўп танқидий ва таҳлилий мақолалар ёзди. Ўзбекистоннинг ҳақиқий дўсти ва фарзанди бўлиб ёзди. Лекин Исмат ака меҳр қўйган ҳукмдор бу мақолаларга эътибор бермади. Агар эътибор берганида у Хайриддин Султоновни биринчи бўлиб йўқотарди. Агар Исмат ака ёзган танқидларни инобатга олганида Файзулла Муллажонов бугун ҳам Марказий Банк бошқарувчиси бўлиб ўтирмасди. Муҳаммад Али Ёзувчилар уюшмасидан, Алишер Ходжаев ЎзТВ раҳбарлигидан аллақачон кетган бўларди. Энди бор умидимиз янги раҳбариятдан…
-
Хайрли тонг Исмат Хуш! Бугун тонгда ишга кетиш олдидан Ёотубе тармоғида Михал Саакашвилини кеча 27 ноябр куни чиқиш қилган видео нуқтини кўрди. Сиз хам бу видеони ўз сайтингизга қўйсангиз яхши бўларди. Бу билан сиз демократик ўзгаришларни истаган украин халқи билан бир сафда эканлигингизни кўрсатган бўлардингиз ва ўз-ўзидан бу чиқишларни тарғиботчисига ва ҳимоячисига хам айланган бўлар эдингиз. Ҳимоячисига деганда мен сиз хам бутун дунё бўйлаб сизни сайтингизни ўқиятганлар украинлар билан хамдардлигига ва ўзгаришларни истаётганларга қарши кучлар ўз ёвузлигини амалга ошира олмаслиги учун дунёдаги барча эрксевар халқларни демократик ўзгаришларни истаганлар ҳимоясига отлантирган бўлардингиз.
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
ИСМАТ АКА КИМ НИМА ДИСА ҲАМ, МЕН ШУНИ АЙТАМАН, СИЗЧАЛИК ЎЗБЕК ХАЛҚИГА ХИЗМАТ ҚИЛГАН ИЖОДКОР ЙЎҚ! СИЗ МУНОСИБСИЗ БУЛАЖАК ДАВЛАТ РАҲБАРИ БЎЛИШГА, БОШҚАСИ БУНДАЙ ЎТА МАЪСУЛЯТЛИ ВАЗИФАНИ БАЖАРА ОЛМАЙДИ. СИЗ МАМЛАКАТ ИЧКИ ҲАЁТИ, КАМЧИЛИКЛАРИНИ ЧУҚУР БИЛАДИГАН, БОШҚАРИШНИ НОЗИК ТОМОНЛАРИНИ ЯХШИ ЎЗЛАШТИРГАН, ТАШҚИ ДУНЁНИ ҲАМ ЗУККО ЎРГАНГАН, АЛОҲИДА ТОМОНЛАРГА ЭГА БЎЛГАН КАТТА ШАХССИЗ.
Сизга қойил қолмасдан илож йўқ Исмат ака! Ажойиб жонли ҳамма учун тушинарли қилиб таҳлилий мақолани ёзибсиз. Агарда бронта юрагида ўти бор президент аппаратидаги амалдор сиз ёзган мақолани давлат бошлиғини олдига чиқариб берса. Ўйлайманки ноҳақ қамалганлар озод қилинади.
Оз қолди ҳалойиқ! Бу бегунох кишиларни зиндонга ташлаган, ўғри, муттаҳам, пораҳурлар, ўзлари қилган жиноятларига жавоб берадиган вақт яқинлашмоқда. Ана шунда кўрамиз бундай ўз халқини қон қақшатган иблистларни аҳволини…
Балиқ бошидан сасиган. Ким нисбатан ҳалол ишласа, оддий одамлар дардини айтса, ташаббус кўрсатса, бундайларни ёмон отлиқ қилиб ишдан хайдайди ёки ҳибисга олишади. Президентни катта хатоси мавжуд сиёсий иқлимни яратган, ноқонуний қамашларга шароит яратганидир.
Жафокаш халк номидан сизга ташаккур Хурматли Исмат ака!
Хакикатдан хам чорак асрлик нохакликларнинг барчасини Президент номига олиб бориб такаш урф булган. Менимча ана шу гапларнинг болалашига айнан орган ва юкори эшелоннинг айрим казолари бош айбдордирлар. Холвани хоким еди, таёкни Президент еди десак булаверади. Масалан; Кечагида, Шароф аканинг БОЗОР тугрисидаги чикиши ва аризаларидан кейин канчасининг пайтавасига курт тушган, типирчилаб колишган. Демак уша муттахамларга юкоридаги кураторлари -ТЕЗ БУЛ, ЁПГИН, БОСДИ-БОСДИ КИЛ БУ ИШНИ, ЗАМОН УЗГАРАЯПДИ. МЕН ЁРДАМ БЕРА ОЛМАЙМАН ДЕГАН БУЛИШЛАРИ МУМКИН. Аммо лекин хали жуда купларининг парвойи палак, узи хон куланкаси майдон булиб юришибди. Куч ишлатар тизимлар уз ичидаги Ватан ва халк хоинларидан, коррупционерлардан кутулмас экан вазият узгармайди. ЖУДА ТУFРИ ЁЗГАНСИЗ; ТЕМИР АЛИМОВ, БУРИТОШ МУСТАФОЕВ, РАШИТ КОДИРОВНИНГ БОМБАЛАРИ, МИНАЛАРИ ДОИМ ПОРТЛАБ ТУРИБДИ. УЛАРНИНГ КАДРЛАРИ КЕТМАС ЭКАН ВАТАН МУСТАКИЛ БУЛМАЙДИ!!!
БОШ ПРОКУРОРНИ ЁЛFИЗЛАТИБ КУЙМАСЛИК КЕРАК!!!
Men hali matbuot va jurnalistikada bunday aql idrok va yuksak odob bilan yozilgan pishiq va mukammal siyosiy maqolalarni o`qimagan edim. Siz, muhtaram Ismat Xushev, o`zbek jurnalistikasida yahshi bir maktab yaratdingiz. Biz siz bilan fahrlanamiz.
Агар давлатни эгаси, адолат ва ҳақиқат учун курашган эркинлик кўйчиларини зиндонлардан тўла озод этмас экан, унинг номи қоп қора бўлиб тарихга киргай! Уни шунча бегуноҳ одамларга қилган зулми етмасмикан! Ҳали ҳам Ўзбек халқи ўз ота боболари Турклар каби кечиримли, бағри кенг! Буни қадирлаш керак, муҳтарам президент жаноблари! Исмат Хушевнинг ёзган огоҳлантиришларига эътибор бермасанглар, бу бепарволикнинг оқибати ёмон оқибатлар келтириб чиқариши мумкин…
Исмат ака макола учун рахмат. Ахманов ва Абдуллаевларнинг дунё караши ва маъмурий органлардаги иш фаолиятидаги фарк осмон билан ерча. Уларни шахсан таниганим учун шу сузларни айтаяпман. Ахманов тугилганидан буён пулсиз отасига хам салом бермаган булса керак. Унга шу таърифим узи етади. Абдуллаев, Йулдашев ва Куконбаевлар каби ходимлар калбнинг тозалиги, виждон поклиги ва улар учун пул хал килувчи омил эмас. Президент атрофида шундай ходимлар булиши ва уларнинг сафлари купайиши керак деб уйлайман
Хурматли Исмат ака! Сизнинг Президентимизга булган ишончингиз сунмаганига койил колмасдан илож йукдир. Кеча Тошкентдан якин дустингиздан хат олдим, у киши юртимизда булаётган куплаб ноъмакул ишлардан Президентнинг хабарлари йуклиги рост, ёнидагилар уни алдаш билан овворалар деган мазмун битилган. Олис Канададан туриб халкимизни, мазлумларни шу даражада химоя килишингиз ва Ватан хоинларининг башарларини аёвсиз очиб ташлашингиз юртимиз мардлари юрагида умид уйготмокда. КУЧ ИШЛАТАР РАХБАРЛАР КИМ ТОМОНИДА?
Bunday maqolani bugun prezident devonidagilar ham yozolmasa kerak. Rahmat sizga Ismatjon!
Ismat Xushev muhojirotda etuk va barkamol jurnalist bo`lib etishganining isboti bu go`zal maqola. Bosh muharrir bo`lib yurganida ot ustida bunday nodir va mukammal maqolalar yozolmas edi. O`zbekistondagi jurnalistlar bugun Xushevdan har qancha o`qib o`rgansalar ham qrziyda. Kim aytadi uni prezident va hukumat tarafdori deb, bu bekor gap. U mustaqil va hur fikrli jurnalistligicha qolibdi. Tabriklayman.
Энди бу ёғи қарилик у дунёни ҳам ўйлаш керак! Ута хафли жиноятчилар ва одам ўлдирганлардан бошқа ҳаммани озод қилиш керак! Унда “Бечора” турмадаги юлғуч погонли муттаҳам казоблар қандай қилиб жиғилдонини қондиради оиласини боқади. Майли, бу гаплар ҳазил. Лекин жиддий олиб қараганда Исмат Хушевнинг бу мақоласи барчамизни ҳушёрликка чорлаши лозим. Оддий судья ва прокурордан тотиб, Президентга қадар. Яхшиям И.Хушевга ўхшаш шундай талантли журналистлар бор. Икки уч саҳифалик кичик бир мақола билан бир олам маъно ва мазмунни ёритиб берувчи. Энди ҳамма гап давлат бошлиғига боғлиқ. Амнистия у кишининг юрагидами ё йўқлигини яқин вақт исботлайди…
Prezident ozi xam konstitutciyaga amal qilmogi kerak. Prezident vakolati ikki muddat tugashi bilan istefoga ketishi kerak…
10 шарҳ
Ismat akaga otilayotgan ta`na toshlariga qarshiman. Bu maqolalar albatta halqimizga yordam berdi. Bunga shubha bo`lishi mumkin emas. Allaqachom yurdam berdi ham. Igvogarlik qilmaslik kerak mamlakat va millat taqdiri ustida gap ketganida. Ismat Hushev tutgan yo`l to`gri yo`l va bu yo`lda u galabaga etishi muqarrar!
Chet eldan turib aql o`rgatish oson Ismatbek. O`zbekistonga kelib, sh muttahamlar bilan bir yashab ko`ringchi, qanaqa holga tusharkansiz. Ulardan battar muttaham bo`lib ketar edingiz siz ham. Bugungi jamiyat va siz yahshi ko`rgan ustozingiz yaratgan davlat bugun hammani yahshini ham, yomonni ham o`gri va poraho`r, tulki va muttahab bo`lib yshashga majbur qiladi. Siz vaqtida qochib qolib to`gri qilgansiz. O`zingiz ku mayli, lekin bolalaringizni asrab qoldingiz bu iflos tuzumdan…
Ismat aka Kanadada tinchgina o`ynab kulib, mazza qilib yursangiz bo`lmaydimi? Bu maqolalaringiz baribir yordam bermaydi halqimizga. Bu halq o`zi aslida munosib diktaturada yashashga. Hudo Karimovna bekorga yubormagan podsho qilib O`zbekistonga…
Bu maqola birinchi marta e`lon qilinganida Uktam Pardaev, keyingi e`lon qilinganida Nusrat Shuhratovlar qamoqdan ozod qilindi. Bu tasodifmi, yo rostmi, buni bilmadim. Nima bo`ganda ham Ismat Hushevga ming rahmat. Biz ham jurnalistmiz. Lekin biz tili gung va qo`li kesilgan junalistmiz bu erda…
Bugun O`zbekistonda eng ko`p o`qiladigan odam bu Ismat Xushev va uning Dunyo uzbeklari saytidir.
Prezident Devonidagilar har kuni eng avval Dunyo Oqzbeklari bilan tanishib, keyin ishlarini boshlashadi. Buni devonda hamma biladi. Lekin hech kim indamaydi…
Ismat Khushevning har bir maqolasi Islom Karimov tuzumiga berilgan zarbadir. Buni birov biladi, birov yo`q. Bunday odamlarni tarih unutmaydi. Millonlab odamlarning ko1nglidagi gap-so`zlar bular. Jurnalistning va jurnalistikaning kuch mana nimalarga qodir. Taniqli inson Sharof Ubaydullaevning haqiqiy va munosib shogirdi Ismat Khushev!
Juda to`gri va ayni dildagi gaplarni aytgan Ismat Hushev, otasiga rahmat shu kishining.
Ismat Xushev kabi jasoratli jurnalistlarimiz bor ekan bu tuzim erta bir kun yakun topadi, ailbatta.
Amnistiya ogir jinoyat sodir etganlarga, Recedevistlarga, konstituciyaga tajovuz qilganlarga, dindorlarga amnistiya qollanilmaydi deyilgan. Tuxmatdan qamalib nechi yillardan beri kozi tort bolib otirgan begunoxlarni ishini xech kim organib chiqmaydi. Bu gal xam amnistiya xuddi shunday boladi. Shu tizimni tag tomiri bilan qoporib tashlashmasak xech narsa ozgarmaydi. Karimov ozini atrofini million marta tozalasin baribir eski xammom eski tos ozgarishsiz qolib ketaveradi…
3 шарҳ
Одам зотини орқасига қарамасдан итдек хор қилган куч ишлатар ходимлар қандай виждон билан яшар экан.Бу дунёда жавоб бермаса нарги дунёда албатта жавобини бергай.
ИСМАТ АКА СИЗНИ ЭЗГУ НИЯТЛАРИНГИЗ КЎЧАДА ҚОЛИБ КЕТМАЙДИ. НОҲАҚ ҚАМАЛГАНЛАР АЛБТТА ЧИҚАЖАК.
Ҳурматли Исмат ака!
Жуда ҳам улкан бир садоқат сохибисизким, энг охирги дақиқаларгача Ислом Каримовдан ҳалқимиз учун адолат сўраб, бир кун келиб яхши томонга ўзгариб қолади деган илинж билан қарийиб 20 йил умрингизни ўтказдингиз.
Албатта бу йиллар бефойда кетмади, тарих зарварақларига ёзилиб қолди ва яна бир бор “букрини гўр тўғрилайди” мақоли ўз исботини топди.
Ҳалқимиз учун энг катта амнистия 2016 йил 02 сентябрида эълон қилинди.
Ҳали ким қанча ботирлар китоблар ва мақолалар, мемуарлар ёзишади. Аммо сизнинг ёзганларингиз энг юқори туради. Чунки сиз у кишининг ҳаётлик пайитларида ёздингиз. Чин дилдан ёздингиз!
Яхши кунлар келганлиги рост бўлсин. Қарийиб бир умр кутган эдик!