Эврил Турон: КИМ ЎҒРИ, КИМ ТЎҒРИ?
Исматбек иним!
Бироз кечикиб жўнатаяпман. Узр. Кампирни яна хастахонага ётқиздим. Юрак… жигар… Ҳозир пича яхши. Аммо дорилар жуда қиммат. Яна қарз… Шу ташвишлар билан хотиржам ўтиролмадим. Аммо сўз берсам, бажараман. Сўз муқаддас.
Бозор куни устозингиз Мовлон билан тоққа чиқдик. Қўноққа. Юракни ёзиш учун. Ўзимиз билан бирган Чингапура Эшонни ҳам олиб олдик. Бориш келишда Сизни роса “иғво” қилдик. Ичагимиз узилиб кулдик. Устозингиз ҳам Сизнинг беғуборлигингиз, бўронли ҳиссиётингиз хақида сўзлади.
“Озодлик”да у тўғрида айтган гапингизни қайта эсладик. Жуда севинди.
Сизга Мавлондан, Чингапурадан буюк саломлар.
Сизга етиб борса, кўнгил тинчлиги учун хабар берарсиз. Абдулла Орипов хақидаги гапингизни эшитдим. “Табиати оғир эди, инжиқ эди…” деган сўзларингизгача. Унинг ўзбек тили – давлать тили бўлишига қарши экани хақида ва бу фикрини “Совет Ўзбекистони” –да ёзгани ҳақида ва бошқа нарсалари тўғрисида алоҳида ёзаман. “Ўлганни ёмонламайди” дейди. Лекин Ёзувчилар уюшмасини ана шу суюкли акангиз бўлиб ва тарқатиб юборди. Мен ҳақни айтишдан ўзимни тиёлмасам нима қилай, иним?
Мавлон Умрзоқов билан Тўхтамиш Боймиров Дўрмонга бориб, унинг оиласига таъзия билдиришди. Абдулла Орипов ҳақида мен ўз фикримга эга бўлсам ҳам, лекин Ўзбекнинг бу одатига таъзим қиламан…
Энг эзгу тилаклар билан
Эврил Турон.
7.11. 2016.
Эврил Турон.
КИМ ЎҒРИ, КИМ ТЎҒРИ?
Тўғри сўз отангдан улуғ
Ўзбекэл мақоли.
Эрк, адолат учун қамоқ ва ўлимдан
қўрқмай курашган халқ эркин яшайди.
Одил Ёқуб.
1.
“Озодлик” радиосида Исмат Хушев Самандар Қўқон ҳақида туб ҳақиқатни айтди. Яъни Самандар Қўқон Ислом Каримга юзма- юз борган ва унга ҳақ сўзни айтган. Бу сўз президентнинг жон – жонини тешиб ўтган. Юзи докага айланган. Қовоқлари осилган, лаблари гезарган. Бироқ Самандар Қўқонга қарши оғиз очмаган. Балки, ўша онда у кутилмаган зарбадан ўзини йўқотиб қўйгандир? Муҳаммад Солиҳнинг (1993 й. сўзи) айтишича: журъати етмаган.
Савол туғилади: Самандар Қўқон Ислом Каримга нима деган – ки, у шок ҳолига тушган? Муҳаммад Солиҳнинг мана бу мазмундаги гапи (1993 й.)эсимда:
“ Сўзингизда чин йўқ. Бу кетишда халқ оч қолади, давлат чўкади…”
Самандар Қўқон “Эрк” партияси аъзоси ва Муҳаммад Солиҳ билан дўст эди. Шунга мен Солиҳ сўзига шубҳа билан қарамадим. Тағин Яратган билади. Бироқ мен унинг ёлғон сўзлаганини сира эшитмаганман. Муҳаммад Солиҳнинг яна қуйидаги (1993 й.) гапи ёдимда:
“Каримов қўрқоқ одам. Шу сабабли куч ишлатар тизмларининг штатлари биланмаошларини ошираяпти. Энг ёмони: уларни халқдан узаяпти. Тўғрироғи: халққа қарши қўйаяпти. Ёлғиз ўзи учун. Ёлғиз ўзини ўйлаб. Курсисини Миллатдан ҳам, Ватандан ҳам яхши кўради. Ўзи аслида у ўзбекка бегона… Шу учун ўзбекни хор қилаяпти…”
Миямга шу фикр келди: “ Балки, Муҳаммад Солиҳ адашаётгандир?”
Аммо шу гапни Шароф Убайдулло, Юсуф Жума, Жаҳонгир Муҳаммад, Сафар Бекжон, Абдураим Пўлат, Шуҳрат Бобожон, Ёдгор Обид, Мўътабар Тожибой, Дилором Исоқ, Суръат Икром, Малоҳат Эшонқул, Ҳамроқул Асқар, Рамз Бобожон, Одил Ёқублардан ҳам эшитганман. Кўчада ҳам бу узун қулоқ гаплар бор эди. Барибир мен бунга шубҳа билан қараганман. Очунолар Темур ҳам миш – мишларга унча ишонавермаган. Француз адиби Марселнинг “ Соҳибқирон Темур” тўғрисидаги китобидан бир олинти: “Авомнинг гапини гап деб кўтариб юрма. Чунки авом бичиб – тўқийди. Бировга ёки бирор нарсага муносабат билдирса, вазни оғирроқ бўлсин, деб ўзидан ҳам қўшади”. Нима бўлганда ҳам элда Каримов ҳақида шу гап юрибди.
Исмат Хушевнинг гапига келсак, тўғри гап. Чиндан ҳам Самандар Қўқон Каримовга тик борган. Буни Одил Ёқубдан ҳам эшитганман. Исмат Хушев “Озодлик”да “Самандар акада юрак катта эди “ деб бежиз айтмади. Шароф Убайдуллаевнинг (“Озодлик” радиоси) гапи ҳам бунинг тасдиғидек туюлади: “Менинг кабинетимда Самандар Қўқонов Бўритош Мустофоевга (Республика бош прокурори) ташланиб қолди”.
Ўшанда юрт миқёсидаги тўплантида Жаҳонгир Муҳаммад ва Шуҳрат Нусрат ҳам Самандар Қўқон каби президентга шу гапни айтишган:
“Ўзбекистон онангнинг маҳрига тушганми?!”
“Каримов ўзбекистонни ҳалокатга олиб келади!..”
Одил Ёқубнинг шу сўзи ҳамон қулоғим остидан кетмайди:
“Бундоқ кекчи кишини одам боласи туққанига ишонмайман!..
2.
Қора ниқоб кийган, автоматлар билан қуролланган каслар, яъни миллий ҳис, раҳм- шафқат туйғуларидан йироқ каслар минглаб ойдинларнинг уйларига варақа, наша, қора дори, героин, гранат, бомба, тўппончалар тиқишди. Ҳар бир қарич ерини тинтув қилишди. Қасддан, туҳматдан. Чунки кўрсатма, буйруқ қатъий эди… Оқибат: тўғри сўз, ёзуқсиз, миллиётчи кишиларни банди этишди. Уйларини, мол – мулкларини тортиб олишди. Ўзларини маъшум қийноқларга солишди. Тушларига ҳам кирмаган “иш”- ларни бўйинларига қўйишди ва узоқ йилларга қамаб юборишди. Жумладан, мени ҳам. Зоҳир Аълам: “Бу катағон олдида Сталин репрессияси ҳам ҳалво…” дегани эсимда. Сўзимнинг исботи учун бир китобга жо бўладиган мисоллар келтиришим мумкин. Бироқ митти мақола ҳажми буни кўтармайди. Шу боис уч — тўрт мисол билан чекланаман: ҳақ деб ўлишдан қайтмайдиган Самандар Қўқоннинг умр бўйи йиққан мол- мулкини ва учта уйини мусодора этишди. Икки ўғлини қамашди.
Муҳаммад Солиҳ ва унинг инилари – Муҳаммад, Мақсуд Бекжонларнинг уйларини тортиб олишди. Уч укасини: Муҳаммад, Комил, Рашидларни тиконли симлар ортига тиқишди.
Жаҳонгир Муҳаммадни ҳам шу кўйга солишди. Унинг қариндошларинигина эмас, ҳатто синфдошларини ҳам зиндонга ташлашди.
Шуҳрат Нусратнинг ҳам қисмати шундоқ кечди…
Совуқ ақл билан фикр юритинг:
Ўғилларида,
Иниларида,
Уруғларида не айб?!.
Кек ҳам.
Қаҳр ҳам.
Туҳмат ҳам эви билан –да!
Даҳшатли кек!
Даҳшатли қаҳр!
Даҳшатли туҳмат!
Одил Ёқубнинг сўзи миямни пармалайди:
“Бундоқ кекчи кишини одам боласи туққанига ишонмайман!”
Юсуф Жуманинг сўзи хотирамда тирилади:
“ На фақат ўзбекка, бутун турк уруғларга ёт ваҳшийлик бу! Нима, инсон умри ўйинчоқми? Истаса:
Уй – жойини олади,
Мол – мулкини олади,
Занжирбанд этади,
Қийноққа солади,
Ўлдиради…
Қайси қонунда ёзилган бу?!
Яҳудий, Насроний, Ислом… барча динларда ҳам ясоқ бу!
Инсониятга ёт бу жиноят учун ким жавоб беради? “
3.
Ислом Карим ўлди. Лекин оммавий жиноятларни ижро этганлар тирик, амалда, тошиб яшаяптилар.
Қасрларда,
Миллион – миллион АҚШ пуллари билан…
Ҳисобсиз олтин ,забаржадлар билан…
Ноёб –ноёб иномарка машиналар билан…
Шаҳона боғ уйлари билан…
Сўзимнинг мутлақ чинлиги – қама-қама ва қирғин ижрочилари бўғовланганда исботланади. Ёзуқсизлар қийноққа солингандек, улар қийноққа солинганда исботланади. Буни Тангри ҳам қувватлайди.
Қуръонни ўқинг, ҳадисни ўқинг. Қўли қон, нафси ўпқон гуноҳкорларни Яратган кечирмайди.
Қийноққа солинганда, сайрайдилар…
Трлён – трлён пуллар, олтин, забаржадлар, иномарка машиналар, хуллас, ўмарилган бор бойликлар ўз эгасига қайтади. Яъни:
Халқга,
Давлатга.
Зоҳир Аълам билан сўнгги бор учрашганимда, юзлаб ижрочиларни тилга олган, шулардан учтасига алоҳида тўхталган:
Бўритош Мустафоев,
Рашид Қодиров,
Зокир Алиматов…
Бўритошу Рашидга ўхшаганлар ҳамон ишлаяптилар .
Суд тизимида…
Шундоқ экан, суд тизими адолат поғонасига кўтарила оладими?
Коррупция бошида турганлардан адолат кутиш – бўридан адолат кутиш дегани. “ Тузатиб бўлмас ҳалокат ёқасида турибмиз!..”
Ўйлайман:
Сиёсий ҳалокатми?..
Иқтисодий ҳалокатми?..
Ёки Москвадан келиши мумкин бўлган ҳалокатми?..
Ўйларимда ҳамнафаслик бор эмасми?
4.
Сиёсатшунос олим, менинг фикримча жуда иқтидорли олим (Шотландия университети домласи) Икром Ёқуб телефонда менга шундай савол берди:
-
Туркистонни, хусусан Ўзбекистонни Қрим фожеаси кутмаяптими?
-
Йўқ, йўғ-э, Худо асрасин!!!
Шундоқ дедим –у ўз сўзимга ўзим унча ишонмадим. Юрагимда таҳлика уйғонди. Енгиш қийин бўлган таҳлика…
Эсимга тушди. Қрим фожеасидан кейин:
Болтиқ бўйи элларида,
Кавказ элларида шундоқ таҳлика уйғонган.
“Туроним!..” деб яшаётган менинг йўлдошларим юракларида ҳам.
Эй, Кўк Тангри! Сенга, фақат сенга илтижо қиламан!
Ўзинг туркиларни ўз паноҳингда асра! Уларни бир бутун бўлишга унда! Юракларида миллий ҳисни уйғот!
Тўнғу бобом ҳиссини!
Ўғуз бобом ҳиссини!
Темур бобом ҳиссини!..
Эй, Кўк Тангри!
Тўмарис,
Муқанна,
Мангуберди қондошларимни тирилтир!
Енгилмас қондошларимни!
Илтижомни қабул эт, Кўк Тангри!
Туркистонимизни омон сақла, Кўк Тангри!
Мангу омон сақла!!!
5.
Шуни бир он ҳам унутмаслигимиз лозим.
Бир он ҳам!
Коррупцияга ботганлар лавозимда эканлар, ҳеч бир соҳа ривожланмайди. Негаки, ҳеч бир тармоқ кишиларини эркин ишлашга, эркин фикрлашга қўймайдилар. Ўз лавозимларини қурол қиладилар, қамоқ билан қўрқитувчи текшир – текширларга зўр берадилар. Мақсадлари итга ҳам, битга ҳам аён:
АҚШ пули…
Бундоқда қайси соҳа барокат топади?
Бундоқда кимнинг ишлагиси келади?
Бундоқда элнинг бири икки бўладими?
Бундоқда давлат камол топадими?
Буюк ишбилармонлар,
Буюк мутахассислар,
Буюк олимлар,
Буюк сиёсатшунослар,
Қисқаси, буюк иқтидорлар хорижга бекорга бош олиб кетишмаяпти. Сабаби:
Сиқинтидан,
Зуғумдан,
Қўрқувдан…
Ватандан қувғин бўлаётган бу ватанпарвар қондошларимизни тепага ёмон кўрсатаётган манқуртларнинг тилларини кесиш керак! Илдизларини қўпориб ташлаш керак! Халқ кўнглидаги истакларни амалга ошираётган янги Президентдан шуни кутамиз.
Ўз мустақил фикрига эга журналист, ёзар, олимлар, Икром Ёқуб, Камолиддин Раббим, Абдулла Абдураззоқга ўхшаш сиёсатшунослар:
“Суд,
Прокуратура,
Полис тизимлари эл – юртни ўйлайдиган одил кадрлар ҳисобига янгиланса ва ҳам юртда холис деклорация ўтказилса, бош жиноятчилар қора курсиларга ўтирадилар” дейишаяпти.
Ўзбек давлатининг ўсувига хизмат қилувчи бу тўғри фикрлар учун қорин бандалари менга турли фитналар уюштиришлари ва ҳатто суиқасд қилишлари мумкин. Лекин кимдир ўзидан кечиб ҳақни айтиш керак –ку!
Йўқса, эл – юрт ва давлат тақдири не кечади?
Адолат билан,
Адолат билан,
Фақат адолат билан давлат қудратга киради.
6.
Гоҳи – гоҳида Чингиз Айтматовнинг менга айтган (Ўлжас Сулайменов иштирокида, Москвада) бир сўзи эсимга тушиб туради: “Туркилар ўз эли, ўз юрти, ўз бир бутунлиги учун курашмасалар, озодликка эриша олмайдилар ва бу бир хаёл бўлиб қолаверади”. Мен шундан келиб чиқиб азиз юртдошларимга дейман: “Кези келганда ҳар биримиз ўзимиздан кечайлик ва бир яхлит ўлароқ иш тутайлик. Зулмни фақат онгли кураш билан ўлдирамиз. Бошқа йўл йўқ. Билъакс зўравонлар қонимизни ичишда давом этаверадилар. Бундоқда ҳеч қачон эркин жамият қуролмаймиз. Золимларнинг халқ ҳисобига яйраб, кўпириб, қутириб яшашларига чек қўйиш вақти етди! Менимча, янги президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳам тилаги шундай. Унинг қадам ташлаши халққа маъқул бўлаяпти. Ялтоқларнинг думларини тугаётгани кўнгилларда умид уйғотаяпти. Йўлдошларимнинг айтишларича, янги президент даврида эл елкасига қуёш тегади. Буни Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзи ҳам тасдиқлаб тургандай:
“ Давлат халққа хизмат қилади”.
7.
Зоналарда йўқликдан бир қоп бошоқ, юрак дори, товуқ ўғирлаганларни кўрдим. 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этилган бу “жиноятчилар”нинг айримлари (Қувондиқ, Тошбой, Худойберди…) билан қўнишдим ҳам. Айтишларича, уларни ойига миллион – миллион пора олаётган тош юраклар қамаганлар. Яъни кўрсатма билан иш тутишадиган:
Терговчилар,
Прокурорлар,
Судьялар…
Айтинг, инсоф билан айтинг, қайси бирлари том маънода ўғридирлар? Қайси бирлари тўғридирлар? Темир тўсиқлар ортидагилар билан ташқаридагиларнинг сўзлари бир – бирларига уйғун:
“ Юрак хуружидан, очликдан ўлмаслик учун ўғирлик қилишга мажбур бўлишган- да. Иш бўлмаса, маош бўлмаса, нима қилсин, шўрликлар?”
“ Тузмни тузатмай туриб, ўғирликни тузатиб бўлмайди”.
“ Юртни ғорот қилаётганлар қулоққа тепишади:
“ Зўр жамият қурамиз!”
“ Фаравон ҳаёт қурамиз!”
“ Мустақил бўлганимизга 25 йил бўлди. Қани бу гапнинг тасдиғи? Ёлғон билан қорин тўядими?”
Сафар Бекжоннинг пичингига қаранг:
“ Қасрларда: “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” деб ёзилган . Бундан ярим йиқиқ кулбалар қулади”…
8.
Тўғри сўз, депутат Самандар Қўқонни ким қамади? Минглаб Самандарларни- чи ? Яъни ёзуқсиз самандарларни?
Ким?
Кимлар?
Изоқ бериш шартми?
Ижрочилар отнинг қашқасидек кўриниб турибди ку.
Бу ҳақда чет эл оммавий ахборот воситаларида, хусусан. “Дунё ўзбеклари” сайти ва “Озодлик” радиосида:
Исмат Хушев,
Жаҳонгир Муҳаммад,
Шароф Убайдуллаев,
Сафар Бекжон каби иқтидорли йўлдошлар очиқ ёзишди ҳамда гапиришди.
Ислом Карим билан бирга ишлаган собиқ депутат Жаҳонгир Муҳаммад сўзи:
“Каримов ва Қўқонов ўртасида шахсий адоват бор эди. Шу Самандар аканинг қамалишига сабаб бўлди. Каримов ўзига гап қайтарган кишини ёмон кўрарди. Гарчи у халқ ва давлат фойдасига фикр билдирса ҳам. Саройда унинг аждарҳо қаҳридан қўрқмаган одам йўқ эди. Мен Каримов ва Қўқонов ўртасида кечган жанжалнинг гувоҳи бўлганман. Ўшанда президент таҳдид билан Самандар акага ўшқирган эди:
“ Мен сени қамоқда чиритаман!..”
Бундоқ масалада Каримов сўзида турарди. Мана, Самандар ака 24 йилдан бери қамоқда “ чирияпти”. Каримов ўлди. Аммо унинг қўллари қон ижрочилари ҳамон амалдалар. Қонунга хилоф равишда қасддан унга бир неча марта қўшиб беришган! Шу муддатлар битса ҳам, тағин 3 йил 5 кунга муддатини узайтирдилар. Саксонга кираётган инсонни қамоқда ўлдирмоқчилар. Бўритош Мустафоевнинг ўзи зиндонга бир йил чидармикан? Миллион – миллион АҚШ пулларидан кечиб бўлса ҳам озодликка чиқишга уринади…”
9.
Президент девонида Каримов билан бирга ишлаган Шароф Убайдуллаев сўзи:
“Самандар Қўқоновдек буюк ишбилармон инсон 24 йилдан бери айбсиз қамоқда ўтирибди. Каримовнинг шахсий кеки туфайли. У Самандар Қўқоновни қамашни Бўритош Мустафоевга буюрган. Каримов ўлса ҳам, Каримовчилар… Қўқоновни, яна юзлаб Қўқоновларни озодликка чиқармаяптилар. Менимча, бош вазир, муваққат президент Шавкат Миромонович Мирзиёев бу қонун бузарликка чек қўяди. Самандар Қўқонов албатта озодликка чиқади. Худо хоҳласа, у янги йилни болалари ва набиралари билан нишонлайди”.
Ислом Каримовнинг “Ўнг қўли” бўлиб ишлаган иқтисод фанлари доктори, профессор Мавлон Умрзоқов сўзи:
“Ўзи аввалдан Ислом Абдуғаниевич Каримов Самандар Қўқонов билан келишмай юрган эди. Мен уларни яраштирганман. Эркакчасига қўл беришган. Самандар ака “Эрк” партияси ҳисоб – китобига 2 юз минг сўм ўтказгандан кейин, яна оралари бузилди. Ва бу ҳол унинг қамалишига узил – кесил сабаб бўлди”.
Ёзар Сафар Бекжон сўзи:
( 30. 10. 2016. Женева. )
-
S, ( Илова ўрнида, Самандар Қўқонов шахсан Ислом Каримов топшириғи билан қамалган. Аммо асл топшириқ Лубянкадан келган. Тагида нима борлигини мен ва бир неча киши билади.)
Мақоламнинг тагига шу иловани бекорга қўймадим. Тошкентдаги ойдин – мунаввар дўстларим менга тинмасдан; “Шавкат Мирзиёев ҳали Самандар Қўқоновга йил қўшиб берилганидан хабарлари йўқ” дейишмоқда. Мен эса АҚШ Давлат котиби ўринбосари Томас Шеннон Мирзиёевга бу ҳақда айтганини ва хатто илтимос қилганини аниқлаганман. Мана энди АҚШ рахбариятнинг ўзи бу ҳақда айтаяпти. Самандар акага олдин ҳам йил қўшиб берилганди. Ҳамма жим – турган. Каримов тирик экан, бу инсон озодликка чиқмайди деб ишонишган. Каримов ўлса ҳам қайтадан йил қўшиб берилиши инсонларни таажубга солмоқда. Мен йиллардан бери ёзмоқдаман. Ўзбекистонни Москва кадрлари бошқаради деб. Самандар ака Ўзбекистон мустақил бўлмасдан туриб Москвасига “пошли все на…” деган одам. Шавкат Мирзиёевнинг ўзи оёқдан мустаҳкам турганда эди. Самандар Қўқоновни озод қиларди”…
11.
Юлдуз ҳаракти мисол ҳақиқат билан йўғрилган бу сўзларнинг деярли барини таниқли журналист, истеъдодли нотиқ Исмат Хушев ўз сайти – “ Дунё ўзбеклари “ да ёзди ва “Озодлик” радиосида айтди. Қайта – қайта. Янги- янги далиллар билан, янги – янги фикрлар билан. Ислом Карим унга (Ефимов орқали) Самандар Қўқон тўғрисида йўқни йўндириб феълетон ёзишини буюрганини сўзлади. Бунда у ўзини ҳам аямади. Яъни: “Ислом ака буюрдими, Самандар Қўқоновни дабдаласини чиқариб феълетон қилмоқчи эдим, — деди, — бундан мени Худонинг ўзи сақлади. Бўлмаса гуноҳга ботардим. Ислом Абдуғаниевич ўз жаҳл, кек ва нафратини тиёлмайдиган, тийишни ҳам истамайдиган киши эди. Балки, бу унинг энг катта хатосидир? У Самандар Қўқоновни қамаш, қийнаш ва шизоларда чиритиш учун ўз палачларига топширди. Улар Самандар акани зиндонга тиқдилар. Қонунга қарши. Бир одамнинг кўрсатмаси билан. Бир одамнинг кўрсатмаси билан фақат Самандар аканинг ўзиними? Йўқ. Муҳаммад Бекжон, Мурод Жўра, Эмин Усмон… Э – ҳе булар минглар… ўн минглар…
12.
Агар Муҳаммад Солиҳ, Абдураим Пўлат, Жаҳонгир Муҳаммадлар юртни яширинча тарк этишмаганда, уларни ҳам шу қисмат кутарди. Самандар Қўқон, Муҳаммад Бекжон, қисқаси, минглар каби ҳалигача қамоқда ўтирардилар.
Солиҳларнинг ватандан кетишларини ҳар ким ҳар хил талқин қилади:
“ Қўмондон ўз қўшинини ташлаб қочадими?”
“ Қамоқда ўтирган нима, асирга тушган нима? Қочиб тўғри қилган, четда бўлса ҳам қўшинни бошқариб турибди – ку.”
Мен ҳам қочишга мажбур бўлганман. Кўряпсизми, “Дунё ўзбеклари”ни миллионлар ўқияптилар. Тутқун бўлганимда, шу ишни қила олармидим?
Мен Солиҳларни тўғри тушунаман”.
Шоир Шукруллонинг бир гапи бор:
“ Ўзига – ўзи танқидий ёндошган кишининг юраги тоза бўлади”.
Мен бу фикр Исмат Ҳушевга ўҳшаш йўлдошларимга айтилган деб ўйлайман.
ТУГАНМА
Бир одамнинг кўрсатмаси …
Самандар Қўқоннинг кексайиб қолган чоғида ҳам қамоқда ушлаб турилиши уят ва Ўзбекюрт шаънига ярашмайди. Яна сон – саноқсиз самандарларни ҳам…
Бегуноҳ қондошларимизни қамаганлар, қийнаганлар ва ҳатто мажруҳ этганлар қачон қонун олдида жавоб берадилар? Менимча, яқин ойларда. Биз буни янги – янги ишларни амалга ошираётган янги президентдан кутамиз.
Самандарларга озодлик берилишини ҳам…
-
11. 2016.
АССАЛОМУ АЛАЙКУМ БУЮК ЭВРИЛ ТУРОН!
БУКУНКИ БАЙРАМ СИЗНИНГ ҲАМ УЛКАН ҒАЛАБАНГИЗДИР, СИЗ КАБИ ҲАҚИҚАТНИ ЁЗА БИЛАДИГАН ИНСОНЛАР ЮЗ ЙИЛДА БИР ТУҒУЛСА КЕРАК.
СИЗНИНГ УШБУ МАҚОЛАНГИЗДАН ТОШЛАР ЭРИДИ ДЕСАК ХАТО ҚИЛМАЙМИЗ.
АНИҚ ВА ИНКОР ЭТИБ БЎЛМАС ФАКТЛАР АСОСИДА ЁЗГАНЛАРИНГИЗГА ЯНГИ РАХБАРИЯТ БЕФАРҚ БЎЛИБ ҚОЛМАДИ.
ИСМАТ ХУШЕВ
ШАРОФ УБАЙДУЛЛАЕВ
ЖАХОНГИР МУХАММАДНИНГ ОЗОДЛИК ОРҚАЛИ ҚАЙТА ҚАЙТА БОНГ УРИШЛАРИ, ҲАҚИҚАТНИ АЙТИШДА ЎЗЛАРИНИ ҲАМ АЯМАГАНЛАРИ ЎЗ КУЧИНИ КЎРСАТДИ.
САМАНДАР ҚЎҚОНОВГА ЯНГИ МУХЛАТ ҚЎШИБ БЕРИЛИШИДА БЎРИТОШ МУСТАФОЕВНИНГ УЛКАН ПАСТКАШЛИГИ АСОСИЙ РОЛ ЎЙНАГАНЛИГИНИ ОЧИҚ АЙТАВЕРСАК БЎЛАДИ.
БУГУНГИ СУД СИСТЕМАСИНИ ХУДДИ ШУ КИМСА БОШҚАРИБ КЕЛДИ ВА АЙРИМ ХОЛЛАРДА ШОГИРДЛАРИ ЁРДАМИДА ЎЗ ҚОРА ИШЛАРИНИ БАЖАРАЯПДИ ДЕБ БЕМАЛОЛ АЙТА ОЛАМИЗ.
ЯҚИН БИР ИККИ КУНДА КИМЛАР УШБУ ИЖОБИЙ ИШДА БОШ ҚЎШГАНЛИГИ, КИМЛАР ХУРСАНД БЎЛГАНЛИГИ ВА КИМЛАР ҚАРШИЛИК ҚИЛГАНИГАЧА ОЧИҚЛАНАДИ.
БАРЧАЛАРИНГИЗНИ ТАБРИКЛАЙМАН, ЯНА БИР БОР.
ҲАЛҚИМИЗ БАХТИГА БОР БЎЛИНГИЗ ЯХШИЛАРИМ!
Раҳмат, Сизни қутлайман Самандар Қўқонов бугун озодликга чиқди! 24.11.2016 йил.
Мамадали Маҳмудов, Дадахон Хасан, Муҳаммад Солиҳ, Абдураҳим Пўлат, Гулчеҳра Нуруллаева, Отаназар Орипов, Баҳодир Мусаев, Жаҳонгир муҳаммад, Юсуф Жумаларни доим Сизда ўқиймиз. Сиздан бошқа сайтлар фақат бир ёқламачилик ва айирмачилик билан машғул. Борлигингизга шукур, отангизга раҳмат Сизнинг, Исматжон.
Раҳмат сизга Эврил Турон. Бугун Ўзбекистонда туриб ҳақиқатни айтадиган фақат сиз ва Шароф ака қолдиларингиз. Оллоҳ сизларни ўз паноҳида асрасин, илоҳим.
Ким нима деса десин , мен шунга аминманки узбек халки аксарида лаганбардорлик,хушомадгуйлик, хокимиятга куллук килиш, хокимият вакили иродасини сузсиз кабул килиш хохиши устун туради ,хали тузукрок вакт утмай Мирзиеевга хушомадгуйликлар купайиб кетди Шу асосда айтиш мумкинки хали-бери Узбек халки тиллага кумилганда хам эркинлик булиши амри махол
Асосли мақола экан. Мақолада айтилган гаплар ҳақиқатга жуда яқин. Мавлон аканинг айтгани эса, ҳақиқатнинг ўзи.
Ассалому алайкум Ҳурматли Эврил Турон!
Ҳар қандай миллатнинг, ҳалқнинг,давлатнинг ва замонанинг виждони, ор номуси, шон шарафи, Ватанпарвари бўлади.
Сиз бугунги кунларда микроскоп билан қидириб топиб кўрса бўладиган шундай инсонларнинг энг буюкларидансиз.
Сизнинг ҳақ сўзларингиз олдида бош эгиб таъзим қилмаслик мутлоқ мумкин эмас.
Бир неча миллионлик миллатнинг, ҳалқнинг ана шундай фарзандлари сони, ҳисоби бармоқ билан санарлик бўлиб қолганлигининг ўзи жуда ҳам ачинарликдир.
Гапларингиз минг фоиз ҳақдир, мана мен ўзим бир ойдан зиёдроқ вақт мобайнида Навоий вилояти куч ишлатар тизимларидаги «БЎРИТОШ МУСТАФОЕВЧИЛАР» билан тинимсиз телефон орқали жанг олиб боришга мажбур бўлдим.
Ҳурматли акамиз Исмат Хушевнинг менинг мақоламни зудлик билан нашр қилиши «ОЛОВГА СУВ ПУРКАБ» уларнинг дамини пасайтиришда асосий рол ўйнади.
Ушбу жаллодлар армияси, уюшган жиноий гурух куч ишлатар тизимлари ва суд системасидан тўла тўкис кетказилмас экан, яхши томонга ўзгаришлар ҳақида гапириш жуда эрта.
БЎРИТОШ МУСТАФОЕВ!
РАШИТ ҚОДИРОВ!
ЗОКИРЖОН АЛИМАТОВ!
ТЕМУР АЛИМОВ! ВА ЯНА ҲАЛҚ БИЛАДИГАН АЙРИМ КИМСАЛАР ВА УЛАРНИНГ КАДРЛАРИ ҚЎПОРУВЧИЛИК ИШЛАРИНИ, ЎЗ ЖИНОЯТЛАРИНИ ЁПИШ УЧУН ГУВОХЛАРНИ ЙЎҚ ҚИЛИШ ПАЙИГА ТУШИШДИ.
ГАПИНГИЗ ТЎҒРИ САМАНДАР ҚЎҚОНОВ ЯНГИ ЙИЛГАЧА ОЗОДЛИКГА ЧИҚАРИЛИШИ ШАРТ, ШУНИНГДЕК У КИШИГА НОҲАҚ ҚЎШИМЧА МУХЛАТ БЕРГАНЛАР ҚАМАЛИШЛАРИ КЕРАК.
АДОЛАТ ЮЗАСИДАН ЖИНОЯТЛАРИГА ЖАВОБ БЕРСИНЛАР ЭНДИ.
МИЛЛАРДАЛАБ ЎМАРГАН ДОЛЛАРЛАРНИ ВА ОЛТИНЛАРНИ ДАВЛАТГА ҚАЙТАРСИНЛАР.
СИЗЛАРГА КАТТА РАҲМАТ!!!
Ким нима деса десин мен учун фарқи йўқ.
Фақат бир нарсани яхши биламан: Абдулла Ориповинг ўлмас руҳи ва меҳри асрлар яшаб яшаб қолажак. Шоир қалби эса бепоён ва мангудир…