Аввало менинг ушбу дастурим — Вазирлар маҳкамасида кўриб чиқилаётгани ҳақидаги хабарларни саҳифангизда ёритганингиз учун раҳмат.
Албатта, ўқувчиларингизда ушбу дастурнинг тўлиқ матни билан танишиш истаги булиши табиий.
Шу мулоҳаза билан сизга дастуримни тўлиб ҳолида юбораяпман.
Сизга ижодий маваффақиятлар тилаб,
Доктор Намоз НОРМЎМИН
МУХОЛИФ СИЁСАТЧИ ДОКТОР НАМОЗ НОРМЎМИННИНГ ЎЗБЕКИСТОН ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИДА КЎРИБ ЧИҚИЛАЁТГАН ИЖТИМОИЙ СИЁСИЙ ДАСТУРИНИНГ ТУЛИҚ МАТНИ
KİRİL VA LOTİN HARFLARİDA
Ассалому алайкум, ҳурматли дўстлар!
Мен Ўзбек мухолифатининг бир аъзоси сифатида Ўзбекистон ҳукуматига ўзимнинг мамлакатимиз ва давлатимизнинг Ислом Каримовдан кейинги давридаги тараққиёти масаласида ўз таклифимни юбордим.
Мен бу таклифимни Ўзбекистон Бош Вазири ва муваққат Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Виртуал Қобулхонаси бўлганpm.gov.uz/uzсаҳифаси орқали ҳукуматга тақдим қилдим.
Таклифларимни юбораётганда чет элдаги телефон рақами қабул қилинмагани учун маҳаллий бир телефон рақамини кўрсатишга тўғри келди. Виртуал Қобулхона менга қуйидаги Мурожаат рақами: 8740-s/16 берди.
Менинг Ўзбекистон ҳукуматига ўз ижтимоий сиёсий дастуримни таклиф қилишимдан мақсадларим қуйидагилардир:
1. Ислом Каримов давридан кейин мамлакатимиз ва давлатимизнинг ҳозирги ниҳоятда қийин мафкуравий, ижтимоий сиёсий ва иқтисодий бўҳрондан чиқишига ўз ҳиссамни қўшиш.
2. Бир мухолифатчи сифатида ушбу масалаларга фақат танқидий руҳда эмас, конструктив муносабатда эканлигимни амалий жиҳатдан кўрсатиш.
3. Мен ўз дастуримни Ўзбекистондаги маҳаллий ижтимоий шароитлардан, Ўзбекистон халқининг миллий тафаккури ва ҳаёт анъаналаридан келиб чиқиб тузганман. Айни пайта бу дастурда умуминсоният эришган тараққиётнинг ижобий тарафларига, яъни жамият ва давлат ҳаётида ҳақиқий маънода эркинликлар ва инсон ҳуқуқларининг ўрин олишига ҳам эътибор қаратганман.
4. Аҳолиси асосан мусулмонлардан иборат бўлган Ўзбекистонда Ислом дини ва мусулмонларнинг ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини муносиб шаклда олишлари учун муросавий таклифлар киритиш ва уларни амалга оширишда ўз ҳиссамни қўшиш. Чунки Ўзбекистон ижтимоий ҳаётида Ислом дини энг муҳим омил ҳисобланади ва динимиз вакилларига тўғри муносабатда бўлиш ижтимоий сиёсий барқарорликнинг сақланишида ниҳоятда муҳим ўрин тутади.
5. Ўзбекистон ҳукумати ва Ўзбек мухолифати орасида амалий яқинлашиш, муроса, мулоқот ва ҳамкорликка ўз ҳиссамни қўшиш.
Мен ўз дастуримнинг Ўзбекистон ҳозирги ҳукумати ва мухолифатнинг ҳамкорлигида босқичма босқич амалга оширилиши шарти билан тўлиқ ҳолда қабул қилинишини истайман. Аммо у тўлиқ ҳолда қабул қилинмаган тақдирда ҳам ушбу дастурнинг қисман қабул қилиниб, ҳукумат ва мухолифатнинг ватанимиз ва давлатимиз тараққиёти йўлида ўзаро муроса ва ҳамкорликка ўтишини мақсадга мувофиқ, деб биламан.
Айни пайтда Ўзбекистон ҳукуматининг менинг ушбу таклифим ёки бошқа мухолиф кучларнинг шунга ўхшаш конструктив таклифларига бефарқ қолиши, уларни инобатда олмаслиги мамлакатимизда эски муросасиз авторитар тизимнинг сақланиб қолаётганига далил бўлиши мумкин. Бу эса Ўзбекистон ичкарисида ва халқаро жамоатчиликда ҳозирги ҳукуматнинг нияти ва фаолияти ҳақида салбий фикр ва муносабат туғилишига сабаб бўлади. Бунинг оқибатлари учун эса Ўзбекистоннинг ҳозирги раҳбариятининг масъул бўлиши ўз ўзидан тушунарли ҳолдир.
Ҳурмат билан
Намоз НОРМЎМИН
06.10. 2016
НАМОЗ НОРМЎМИННИНГ ЎЗБЕКИСТОН ҲУКУМАТИГА ТАКЛИФ ҚИЛГАН ИЖТИМОИЙ СИЁСИЙ ДАСТУРИ
ЎЗБЕКИСТОН ЖАМИЯТИ ВА ДАВЛАТИ ҚАНДАЙ БЎЛСА ЯХШИ БЎЛАДИ?
Ўзбекистон сиёсий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан эркин бўлиши керак. Бунда халқимиз миллат ва давлат ўлароқ шаклланган замонлардан бери тўплаган бой тажриба асос этиб олинса, миллий манфаатларга мос келади.
Бу дегани сиёсат ва иқтисод соҳасида дунё тажрибаси инкор этилади дегани эмас. Шубҳасиз, миллийлигимизга, маънавиятимизга тескари бўлмаган ҳамма илғор жиҳатлар олинади.
Аммо Ғарбда айниқса кейинги замонларда ҳаётга моддапарастлик-истеъмолчилик билан ёндашиш кайфияти кучайди, давлат бошқарувида эса секулар (зўравон дунёвийлик) тизим чуқур илдиз отдики, бу ҳолат Ўзбекистон халқининг, айниқса аҳолининг 90 фоиздан ортиқ бўлган мусулмон қисмининг эътиқодига ҳам яшаш тарзига ҳам тамоман тескаридир. Агар Ўзбекистон бошқарувда бу йўлдан кетса, мамлакатда ҳеч қачон тинчлик, тотувлик бўлмайди. Бу дегани, барака бўлмайди, ўсиш бўлмайди деганидир.
Айни чоқда, бугунги шароитда Ўзбекистонга айрим давлатларда бор бўлган қироллик, подшоҳлик тузуми ҳам, худди насронийлар каби бир тоифани муқаддас инсонлар (яъни, оятуллоҳ руҳонийлар) қилиб олган ва улар томонидан бошқариладиган Эрондаги сохта “диний” тузум ҳам тўғри келмайди.
Тенглар ичра тенг бўлиб, дунёдан орқада қолмай илгарилайлик десак, биз барча ишларни ўзаро маслаҳат асосига қуриб (Маслаҳат кенгаши), давлат бошлиғини эркин ва очиқ сайловларда сайлаш ва сайланган бошлиқларга тўла итоат этиш тизимини ўрнатишимиз керак.
Бунда дунёнинг кўп давлатларида кўрилаётган энг хунук ва энг зарарли ҳол ‒ миллатчилик ва шовинистик мафкурага асло ўрин бермаслик муҳимдир.
Ушбу айтилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда бир орзу қилаётган жамият ва давлат шаклини қуйидагича таърифлашимиз мумкин:
1. Давлат мутлақ бир қадрият эмас. У бир ижтимоий, сиёсий ва ҳуқуқий воситадир, холос. Ҳар бир халқ учун бу халқнинг эътиқоди, тили, маданияти ва тарихи каби қадриятлар ўзининг давлатини тузишда асос қадриятлар ҳисобланади.
2. Давлат бирданига исталган шаклга кирадиган тузилма ҳам эмас. У аста-секин шаклланади, аста-секинлик билан тараққий этади.
3. Давлатнинг асосий вазифаси халқни бошқариш, боқиш эмас. Давлат халқнинг моддий ва маънавий имконларини бир орага тўплайди, уларни қўрийди ва ҳар томондан ўсиш ва юксалишга кенг имкон яратади.
4. Маълум сабабларга кўра, Ўзбекистонда ҳозир оғир ва қийин ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маънавий вазият юзага келган. Халқ ўзининг миллий ва эътиқодий кимлигини яхши билмайди. Сиёсий, диний эркинликлардан деярли маҳрум. Ўз раҳбарларини ўзи сайлаш, фикр, сўз, матбуот эркинликларидан фойдаланиш имкони чекланган. Мамлакатнинг иқтисодий аҳволи танг. Ва ҳоказо.
Бундай оғир ижтимоий-сиёсий вазиятдан бирданига қутулиб кетиш, ҳар томонлама чинакам ислоҳотлар ўтказиш деярли имконсиз. Аҳволни ўнглаш ва келгуси ўзгаришларга шароит яратиш ва охир-оқибатда халқимиз орзу этганидек чиройли жамият ва давлат қуриш ишини босқичма-босқич олиб бориш лозим. Бунинг учун эса, биринчи галда қилиниши лозим ишларни ажратиб, аниқлаб, ислоҳотни шулардан бошлаш керак бўлади.
Бу ислоҳотлар, бизнинг назаримизда, қуйидагилардир:
1. Мафкурада дунё ҳамда охират қадриятлари, яъни моддий ва маънавий қадриятлар мутаносиблигига эришиш. Бундан кўзланган мақсад ‒ шахс ва жамият бугун дунёнинг катта бўлагида кузатилаётгани каби ҳаддан ташқари моддага ҳам боғланиб қолмасин, айни чоқда, комилликни таркидунёчиликдан ахтарадиган, яъни дунё ишларига мутлақ бефарқ жоҳиллар ҳам бўлиб кетмасин. Масалани бу тарз қўйиш жамият ва давлат диний бўлсинми, дунёвий бўлсинми, деган сохта қарама-қаршиликни ҳам ўртадан кўтаради. Халқимиз менталитети Ислом дини асосида шаклланганини эътиборга олсак, динимиз ўрта йўл дини экани, яъни инсон охират билан дунёни тенг, бирдай ушлаши лозимлиги ақидаси янги жамият ва давлат қуриш ишида жуда қўл келади ва энг оқилона йўлдир. Бу йўл шахс ва жамият фитратига мослиги билан аҳамиятлидир.
2. Марказий ва маҳаллий ҳокимиятлар ислоҳотини (сиёсий ислоҳотни) бошбошдоқликка йўл қўймасдан амалга ошириш. Сиёсат майдонида бошбошдоқлик (анархия) жамият ва давлат ҳаётида ислоҳот ўтказиш имконларини йўққа чиқаради. Ҳозирги шароитда Ўзбекистонда қатъий бир мафкура ва ғоя теварагида бирлашган мустақил сиёсий партиялар йўқ. Бинобарин, улар ўртасидаги “сиёсий кураш” ҳам кўпроқ қалбакидир. Шу ҳолатни ҳисобга олиб, бизнингча:
а) Ўзбекистонда ҳозирда бор сиёсий партияларни тарқатиб юбориш, ўрнига ихтиёрийлик йўриғи асосида сиёсий кучлар тузилишига имкон яратиш керак. Бу эса, тез бўладиган иш эмас;
б) шунинг учун ҳозирча ишни маҳаллалардаги эркин сайлов йўли билан аҳолига ўз бошлиқларини (Маҳалла Мажлисларини) сайлашдан бошлаш керак;
в) кейин босқичма-босқич Маҳалла Мажлисларида сайланган вакиллардан Туман Мажлислари, уларда сайланган вакиллардан Вилоят Мажлислари, уларда сайланган вакиллардан эса Ўзбекистон Халқ Мажлиси ташкил қилинади;
г) Ўзбекистон Халқ Мажлиси тавсия этган икки ёки уч номзод асосида умумхалқ сайлови ўтказилиб, Ўзбекистон Давлат Раиси (Президенти) сайланади.
Давлат бошқарувини ташкил этишнинг бундай услуби, бир томондан, ҳозирги қалбаки сайловлардан ҳаққонийлиги билан устун бўлади, иккинчи томондан эса, эркин бирлашган сиёсий партиялар йўқлиги шароитида сиёсий бошбошдоқликнинг (анархиянинг) олди олинган бўлади.
3. Иқтисодда кичкина ва ўрта даражадаги корхоналарни хусусийлаштириш ва эркинлаштириш, яъни тадбиркорларга ҳақиқий маънода йўл очиш лозим. Давлат стратегик аҳамиятга эга булган иқтисодий (табиий бойликлар, ҳарбий саноат ва ҳк) соҳани ўз назоратида тутади.
4. Ўрта Осиё давлатлари орасида эркин иқтисодий ҳудуд ташкил қилиб, бу ҳудудда товарларнинг эркин айланишини йўлга қўйиш. Ўрта Осиё бозори шу шаклда кучланади ва бу айни пайтда қон қардош бўлган халқларимизни қайтадан бир бирига яқинлаштиради. Ўрта дарадаги корхонларни ва ерни давлат ижарага бериши мумкин.
5. Маориф соҳасида мактаб ислоҳотини бошлаш, яъни мактабларда дунёвий ва диний илмларнинг бирга ўқитилишини йўлга қўйиш. Бу шаклда янги авлоднинг фойдали илмли, яхши ҳунар эгаси ва яхши мутахассис бўлишлари билан бирга уларнинг яхши ахлоқли бўлишларига ҳам эришилади.
6. Дин соҳасида мамлакат ичкарисида ва ташқарисидаги танилган уламолардан бир мажлис тузиб, Ислом дини масаласида ўрта йўлни танлаш ва бу орқали мусулмонларнинг бирлигига эришиш. Давлат бу вазифани ўз зиммасига олиш билан мусулмонлар тузган турли жамоатлар ва фирқалар орасида бугун дунёнинг тўрт бурчагида кузатилаётган турли ўзаро ихтилофлар, жанжалларнинг ҳам олдини олган бўлади…
7. Сўз, фикр ва матбуот эркинлигига йўл очиш. Бу соҳада инсоннинг жони, ақли, мол мулки, насаби ва обрў эътиборининг дахлсизлигини асос олиш. Яъни, сўз, фикр ва матбуот эркинликлари бу дахлсизликларга раҳна солмаслиги, уларни йўққа чиқармаслиги керак.
Бу ислоҳотлар натижасида қисқа муддатда Ўзбекистонда жамият ва давлат ҳаётида ҳақиқий Эркинликлар, ҳақиқий Адолат ва ҳақиқий Тинчликка асос солинади ва мамлакатимиз бутун соҳаларда тез ривожланиш босқичига киради, деб умид қиламиз.
Намоз НОРМЎМИН
05.10.2016
NAMOZ NORMO‘MINNING O‘ZBEKISTON HUKUMATIGA TAKLIF QILGAN IJTIMOIY SIYOSIY DASTURI
Assalomu alaykum, hurmatli do‘stlar!
Men O‘zbek muxolifatining bir a’zosi sifatida O‘zbekiston hukumatiga o‘zimning mamlakatimiz va davlatimizning Islom Karimovdan keyingi davridagi taraqqiyoti masalasida o‘z taklifimni yubordim.
Men bu taklifimni O‘zbekiston Bosh Vaziri va muvaqqat Prezidenti Shavkat Mirziyoyevning Virtual Qobulxonasi bo‘lganpm.gov.uz/uzsahifasi orqali hukumatga taqdim qildim. Takliflarimni yuborayotganda chet eldagi telefon raqami qabul qilinmagani uchun mahalliy bir telefon raqamini ko‘rsatishga to‘g‘ri keldi. Virtual Qobulxona menga quyidagi Murojaat raqami: 8740-s/16 va Murojaat holatini tekshirish kodini: 5331a28f9a berdi.
Mening O‘zbekiston hukumatiga o‘z ijtimoiy siyosiy dasturimni taklif qilishimdan maqsadlarim quyidagilardir:
1. Islom Karimov davridan keyin mamlakatimiz va davlatimizning hozirgi nihoyatda qiyin mafkuraviy, ijtimoiy siyosiy va iqtisodiy bo‘hrondan chiqishiga o‘z hissamni qo‘shish.
2. Bir muxolifatchi sifatida ushbu masalalarga faqat tanqidiy ruhda emas, konstruktiv munosabatda ekanligimni amaliy jihatdan ko‘rsatish.
3. Men o‘z dasturimni O‘zbekistondagi mahalliy ijtimoiy sharoitlardan, O‘zbekiston xalqining milliy tafakkuri va hayot an’analaridan kelib chiqib tuzganman. Ayni payta bu dasturda umuminsoniyat erishgan taraqqiyotning ijobiy taraflariga, ya’ni jamiyat va davlat hayotida haqiqiy ma’noda erkinliklar va inson huquqlarining o‘rin olishiga ham e’tibor qaratganman.
4. Aholisi asosan musulmonlardan iborat bo‘lgan O‘zbekistonda Islom dini va musulmonlarning ijtimoiy hayotda o‘z o‘rnini munosib shaklda olishlari uchun murosaviy takliflar kiritish va ularni amalga oshirishda o‘z hissamni qo‘shish. Chunki O‘zbekiston ijtimoiy hayotida Islom dini eng muhim omil hisoblanadi va dinimiz vakillariga to‘g‘ri munosabatda bo‘lish ijtimoiy siyosiy barqarorlikning saqlanishida nihoyatda muhim o‘rin tutadi.
5. O‘zbekiston hukumati va O‘zbek muxolifati orasida amaliy yaqinlashish, murosa, muloqot va hamkorlikka o‘z hissamni qo‘shish.
Men o‘z dasturimning O‘zbekiston hozirgi hukumati va muxolifatning hamkorligida bosqichma bosqich amalga oshirilishi sharti bilan to‘liq holda qabul qilinishini istayman. Ammo u to‘liq holda qabul qilinmagan taqdirda ham ushbu dasturning qisman qabul qilinib, hukumat va muxolifatning vatanimiz va davlatimiz taraqqiyoti yo‘lida o‘zaro murosa va hamkorlikka o‘tishini maqsadga muvofiq, deb bilaman.
Ayni paytda O‘zbekiston hukumatining mening ushbu taklifim yoki boshqa muxolif kuchlarning shunga o‘xshash konstruktiv takliflariga befarq qolishi, ularni inobatda olmasligi mamlakatimizda eski murosasiz avtoritar tizimning saqlanib qolayotganiga dalil bo‘lishi mumkin. Bu esa O‘zbekiston ichkarisida va xalqaro jamoatchilikda hozirgi hukumatning niyati va faoliyati haqida salbiy fikr va munosabat tug‘ilishiga sabab bo‘ladi. Buning oqibatlari uchun esa O‘zbekistonning hozirgi rahbariyatining mas’ul bo‘lishi o‘z o‘zidan tushunarli holdir.
Hurmat bilan
Namoz NORMO‘MIN
06.10. 2016
NAMOZ NORMO‘MINNING O‘ZBEKISTON HUKUMATIGA TAKLIF QILGAN IJTIMOIY SIYOSIY DASTURI
O‘ZBEKISTON JAMIYATI VA DAVLATI QANDAY BO‘LSA YaXShI BO‘LADI?
O‘zbekiston siyosiy, iqtisodiy va ma’naviy jihatdan erkin bo‘lishi kerak. Bunda xalqimiz millat va davlat o‘laroq shakllangan zamonlardan beri to‘plagan boy tajriba asos etib olinsa, milliy manfaatlarga mos keladi.
Bu degani siyosat va iqtisod sohasida dunyo tajribasi inkor etiladi degani emas. Shubhasiz, milliyligimizga, ma’naviyatimizga teskari bo‘lmagan hamma ilg‘or jihatlar olinadi.
Ammo G‘arbda ayniqsa keyingi zamonlarda hayotga moddaparastlik-iste’molchilik bilan yondashish kayfiyati kuchaydi, davlat boshqaruvida esa sekular (zo‘ravon dunyoviylik) tizim chuqur ildiz otdiki, bu holat O‘zbekiston xalqining, ayniqsa aholining 90 foizdan ortiq bo‘lgan musulmon qismining e’tiqodiga ham yashash tarziga ham tamoman teskaridir. Agar O‘zbekiston boshqaruvda bu yo‘ldan ketsa, mamlakatda hech qachon tinchlik, totuvlik bo‘lmaydi. Bu degani, baraka bo‘lmaydi, o‘sish bo‘lmaydi deganidir.
Ayni choqda, bugungi sharoitda O‘zbekistonga ayrim davlatlarda bor bo‘lgan qirollik, podshohlik tuzumi ham, xuddi nasroniylar kabi bir toifani muqaddas insonlar (ya’ni, oyatulloh ruhoniylar) qilib olgan va ular tomonidan boshqariladigan Erondagi soxta “diniy” tuzum ham to‘g‘ri kelmaydi.
Tenglar ichra teng bo‘lib, dunyodan orqada qolmay ilgarilaylik desak, biz barcha ishlarni o‘zaro maslahat asosiga qurib (Maslahat kengashi), davlat boshlig‘ini erkin va ochiq saylovlarda saylash va saylangan boshliqlarga to‘la itoat etish tizimini o‘rnatishimiz kerak.
Bunda dunyoning ko‘p davlatlarida ko‘rilayotgan eng xunuk va eng zararli hol ‒ millatchilik va shovinistik mafkuraga aslo o‘rin bermaslik muhimdir.
Ushbu aytilganlardan kelib chiqib, O‘zbekistonda bir orzu qilayotgan jamiyat va davlat shaklini quyidagicha ta’riflashimiz mumkin:
1. Davlat mutlaq bir qadriyat emas. U bir ijtimoiy, siyosiy va huquqiy vositadir, xolos. Har bir xalq uchun bu xalqning e’tiqodi, tili, madaniyati va tarixi kabi qadriyatlar o‘zining davlatini tuzishda asos qadriyatlar hisoblanadi.
2. Davlat birdaniga istalgan shaklga kiradigan tuzilma ham emas. U asta-sekin shakllanadi, asta-sekinlik bilan taraqqiy etadi.
3. Davlatning asosiy vazifasi xalqni boshqarish, boqish emas. Davlat xalqning moddiy va ma’naviy imkonlarini bir oraga to‘playdi, ularni qo‘riydi va har tomondan o‘sish va yuksalishga keng imkon yaratadi.
4. Ma’lum sabablarga ko‘ra, O‘zbekistonda hozir og‘ir va qiyin ijtimoiy, siyosiy, iqtisodiy va ma’naviy vaziyat yuzaga kelgan. Xalq o‘zining milliy va e’tiqodiy kimligini yaxshi bilmaydi. Siyosiy, diniy erkinliklardan deyarli mahrum. O‘z rahbarlarini o‘zi saylash, fikr, so‘z, matbuot erkinliklaridan foydalanish imkoni cheklangan. Mamlakatning iqtisodiy ahvoli tang. Va hokazo.
Bunday og‘ir ijtimoiy-siyosiy vaziyatdan birdaniga qutulib ketish, har tomonlama chinakam islohotlar o‘tkazish deyarli imkonsiz. Ahvolni o‘nglash va kelgusi o‘zgarishlarga sharoit yaratish va oxir-oqibatda xalqimiz orzu etganidek chiroyli jamiyat va davlat qurish ishini bosqichma-bosqich olib borish lozim. Buning uchun esa, birinchi galda qilinishi lozim ishlarni ajratib, aniqlab, islohotni shulardan boshlash kerak bo‘ladi.
Bu islohotlar, bizning nazarimizda, quyidagilardir:
1. Mafkurada dunyo hamda oxirat qadriyatlari, ya’ni moddiy va ma’naviy qadriyatlar mutanosibligiga erishish. Bundan ko‘zlangan maqsad ‒ shaxs va jamiyat bugun dunyoning katta bo‘lagida kuzatilayotgani kabi haddan tashqari moddaga ham bog‘lanib qolmasin, ayni choqda, komillikni tarkidunyochilikdan axtaradigan, ya’ni dunyo ishlariga mutlaq befarq johillar ham bo‘lib ketmasin. Masalani bu tarz qo‘yish jamiyat va davlat diniy bo‘lsinmi, dunyoviy bo‘lsinmi, degan soxta qarama-qarshilikni ham o‘rtadan ko‘taradi. Xalqimiz mentaliteti Islom dini asosida shakllanganini e’tiborga olsak, dinimiz o‘rta yo‘l dini ekani, ya’ni inson oxirat bilan dunyoni teng, birday ushlashi lozimligi aqidasi yangi jamiyat va davlat qurish ishida juda qo‘l keladi va eng oqilona yo‘ldir. Bu yo‘l shaxs va jamiyat fitratiga mosligi bilan ahamiyatlidir.
2. Markaziy va mahalliy hokimiyatlar islohotini (siyosiy islohotni) boshboshdoqlikka yo‘l qo‘ymasdan amalga oshirish. Siyosat maydonida boshboshdoqlik (anarxiya) jamiyat va davlat hayotida islohot o‘tkazish imkonlarini yo‘qqa chiqaradi. Hozirgi sharoitda O‘zbekistonda qat’iy bir mafkura va g‘oya tevaragida birlashgan mustaqil siyosiy partiyalar yo‘q. Binobarin, ular o‘rtasidagi “siyosiy kurash” ham ko‘proq qalbakidir. Shu holatni hisobga olib, bizningcha:
a) O‘zbekistonda hozirda bor siyosiy partiyalarni tarqatib yuborish, o‘rniga ixtiyoriylik yo‘rig‘i asosida siyosiy kuchlar tuzilishiga imkon yaratish kerak. Bu esa, tez bo‘ladigan ish emas;
b) shuning uchun hozircha ishni mahallalardagi erkin saylov yo‘li bilan aholiga o‘z boshliqlarini (Mahalla Majlislarini) saylashdan boshlash kerak;
v) keyin bosqichma-bosqich Mahalla Majlislarida saylangan vakillardan Tuman Majlislari, ularda saylangan vakillardan Viloyat Majlislari, ularda saylangan vakillardan esa O‘zbekiston Xalq Majlisi tashkil qilinadi;
g) O‘zbekiston Xalq Majlisi tavsiya etgan ikki yoki uch nomzod asosida umumxalq saylovi o‘tkazilib, O‘zbekiston Davlat Raisi (Prezidenti) saylanadi.
Davlat boshqaruvini tashkil etishning bunday uslubi, bir tomondan, hozirgi qalbaki saylovlardan haqqoniyligi bilan ustun bo‘ladi, ikkinchi tomondan esa, erkin birlashgan siyosiy partiyalar yo‘qligi sharoitida siyosiy boshboshdoqlikning (anarxiyaning) oldi olingan bo‘ladi.
3. Iqtisodda kichkina va o‘rta darajadagi korxonalarni xususiylashtirish va erkinlashtirish, ya’ni tadbirkorlarga haqiqiy ma’noda yo‘l ochish lozim. Davlat strategik ahamiyatga ega bulgan iqtisodiy (tabiiy boyliklar, harbiy sanoat va hk) sohani o‘z nazoratida tutadi.
4. O‘rta Osiyo davlatlari orasida erkin iqtisodiy hudud tashkil qilib, bu hududda tovarlarning erkin aylanishini yo‘lga qo‘yish. O‘rta Osiyo bozori shu shaklda kuchlanadi va bu ayni paytda qon qardosh bo‘lgan xalqlarimizni qaytadan bir biriga yaqinlashtiradi. O‘rta daradagi korxonlarni va yerni davlat ijaraga berishi mumkin.
5. Maorif sohasida maktab islohotini boshlash, ya’ni maktablarda dunyoviy va diniy ilmlarning birga o‘qitilishini yo‘lga qo‘yish. Bu shaklda yangi avlodning foydali ilmli, yaxshi hunar egasi va yaxshi mutaxassis bo‘lishlari bilan birga ularning yaxshi axloqli bo‘lishlariga ham erishiladi.
6. Din sohasida mamlakat ichkarisida va tashqarisidagi tanilgan ulamolardan bir majlis tuzib, Islom dini masalasida o‘rta yo‘lni tanlash va bu orqali musulmonlarning birligiga erishish. Davlat bu vazifani o‘z zimmasiga olish bilan musulmonlar tuzgan turli jamoatlar va firqalar orasida bugun dunyoning to‘rt burchagida kuzatilayotgan turli o‘zaro ixtiloflar, janjallarning ham oldini olgan bo‘ladi…
7. So‘z, fikr va matbuot erkinligiga yo‘l ochish. Bu sohada insonning joni, aqli, mol mulki, nasabi va obro‘ e’tiborining daxlsizligini asos olish. Ya’ni, so‘z, fikr va matbuot erkinliklari bu daxlsizliklarga rahna solmasligi, ularni yo‘qqa chiqarmasligi kerak.
Bu islohotlar natijasida qisqa muddatda O‘zbekistonda jamiyat va davlat hayotida haqiqiy Erkinliklar, haqiqiy Adolat va haqiqiy Tinchlikka asos solinadi va mamlakatimiz butun sohalarda tez rivojlanish bosqichiga kiradi, deb umid qilamiz.
Niso,
Man arablarning ollohi uchun emas o’zimizning buyuk turkiy ajdodlarimizning Tangrim roziligini so’rayman.
Har bir o’zbekni va insoniyatni Tangrim yaratgan.
Мусулмон бўлиш учун беш вақт намоз ўқиш керак. Қуръонни ўқиган бўлиши керак. Мачитга бориш керак. Яна бир қанча реакцион мажбуриятлари бор!
Мен беш марта намоз ўқимайман. Қуръонни умуман ўқимаганман. Демак мен мусулмон эмасман. Ўзбекистонда 1% мусулмон бўлиши мумкин. Қолган барча Тангрим ҳимояси остида.
Rivojlangan g’arb davlatlardan yuz o’girib Islomga va jihodga yuz tutishimizni istaydi bu Nomoz No’rmo’min. Bu mafkura Turkiya mafkurasi. Rajab Toyib Erdogan mafkurasi.
Temurbek siz uzingiz uchungina javob bering , Uzbekistonda qancha musulmon borligini bilmas ekansiz .
Namoz Normumin akani juda hurmat qilamiz , maqolalarini , suxbatlarini qoldirmay kuzatib boramiz . Qaniydi shu kishiga uxshash tushunchasi keng , bilimli odamlar kupaysa edi . Namoz Normumin aka mehnatlaringizdan Olloh rozi bulsin.
Niso,
Man arablarning ollohi uchun emas o’zimizning buyuk turkiy ajdodlarimizning Tangrim roziligini so’rayman.
Har bir o’zbekni va insoniyatni Tangrim yaratgan.
Мусулмон бўлиш учун беш вақт намоз ўқиш керак. Қуръонни ўқиган бўлиши керак. Мачитга бориш керак. Яна бир қанча реакцион мажбуриятлари бор!
Мен беш марта намоз ўқимайман. Қуръонни умуман ўқимаганман. Демак мен мусулмон эмасман. Ўзбекистонда 1% мусулмон бўлиши мумкин. Қолган барча Тангрим ҳимояси остида.
Rivojlangan g’arb davlatlardan yuz o’girib Islomga va jihodga yuz tutishimizni istaydi bu Nomoz No’rmo’min. Bu mafkura Turkiya mafkurasi. Rajab Toyib Erdogan mafkurasi.
Temurbek siz uzingiz uchungina javob bering , Uzbekistonda qancha musulmon borligini bilmas ekansiz .
Namoz Normumin akani juda hurmat qilamiz , maqolalarini , suxbatlarini qoldirmay kuzatib boramiz . Qaniydi shu kishiga uxshash tushunchasi keng , bilimli odamlar kupaysa edi . Namoz Normumin aka mehnatlaringizdan Olloh rozi bulsin.