Мирзиёев ҳокимни ишдан олди, метро қуришни буюрди
Мирзиёев ҳокимни ишдан олди, метро қуришни буюрди
-
5 соатлар аввал

Ўзбекистонда президентлик сайловлари ўтишига ҳали уч ой муддат бор.
Муваққат президент Мирзиёев қарори билан Тошкентда яна бир неча мулозим вазифасидан олинган.
Муваққат президент Шавкат Мирзиёев бу сафар Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман ҳокими Шомансур Аҳмедовни ишда йўл қўйиб келган доимий жиддий камчиликлари учун ишдан бўшатган.
Бундан ташқари шу туман Ички ишлар бошқармаси раиси Саидакбар Пўлатовни ҳам шу важ билан озод қилган.
Муваққат президент Мирзо Улуғбек туман прокурори Тимур Нормуҳаммедов ва Давлат солиқ назорати раҳбари Абдурауф Каримовларни жиддий огоҳлантирган.
Ушбу кадр ўзгаришлари бир неча кун олдин Жиззах шаҳар ва қатор туманлар ҳокимлари, прокурорни ишдан олиши ортидан кузатилмоқда.
Хабарларга кўра, Шавкат Мирзиёев Юнусобод туманига ташриф буюриши олдидан туманда шошилинч хавфсизлик чоралари кўрилган.
Азиатерра сайти ёзишича, Юнусободнинг 18 ва 19 кварталларида жойлашган «Стелла» ресторанига яқин кўп қаватли уйда яшовчилар ҳурматли мулозим келган пайтда кўчага чиққанлари уйи томонга қўйилмаган, ичкаридагилар ташқарига чиқарилмаган. Подъездлар олдини милиция қўриқлаган.
Сайловолди тадбирлар?
Мирзиёев мутасадди идораларга Юнусободда метро йўналишида икки станция қурилиш ишларини ниҳоясига етказишни топширган.
Юнусободни Мирзо Улуғбек тумани билан боғловчи янги йўл, Бўзсув канали устидан ўтувчи кўприк ва бошқа иншоотлар қурилиши тўғрисида гаплашган.
Чилонзор туманида бўлган муваққат президент Бунёдкор ва Муқимий йўллари кесишувида режалаштирилган 600 метрли кўприк қурилишини муҳокама қилган.
Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти Ангрен шаҳрига ҳам бориши арафасида юзлаб ишчилар, мактаб, колледж ўқувчилари кўчаларни тозалаганлар, бозорларда озиқ-овқат нархлари туширилган.
Кузатувчиларга кўра, Шавкат Мирзиёевнинг бу ҳаракатларига унинг сайловолди бошлаган тадбирлари сифатида қараш мумкин.
Фейсбук ижтимоий тармоғида Шавкат Мирзиёевнинг Юнусободга ташрифи пайти кўчаларда юз берган ўзгаришлар тўғрисида постлар қолдирилган.
Жумладан, Зариф Султоний деган фойдаланувчи шундай ёзади:
«Бор овозим сизга, Вазирим!
Image copyrightFACEBOOKImage captionМирзиёев боришига Юнусобод кўчалари обод қилинган.
«Бугун тонгда кўчага чиқиб маҳалламизни танимай қолдим. Кечагина атрофи темир панжаралар билан ўралган машиналар турадиган майдон ўрнида ранг-баранг гуллар очилиб ётибди. Турар жой бинолари, яқин атрофдаги «Стелла» (собиқ «Саратон») ресторани деворлари янги бўялган, бир кун аввал ташландиқ ҳолда ётган саҳнда болалар майдончаси қурилган, кўчалар супуриб сидирилган, йўллар озода, Юнусобод ҳақиқатда ўз номи билан обод бўлган, хуллас, ҳайратдан тилим лол, ёввойи кабутардек ҳушим бошдан учди кетди, десам ишонаверинг… Уч юз йил ғорда ухлаб, уйғонгач ғордан эниб шаҳарга тушган Асҳоби Каҳф сингари гангиб қолганим ҳам рост (асло муболаға эмас). «Ўзбекнинг қўли гул»лигига яна бир бор ишондим. Қойил! Сўз йўқ! Тасаннолар!.. Мамлакатнинг оддий бир фуқароси сифатида, янги Юрт Раҳбарининг сайланишига ҳозирлик кўрилаётган шу кунларда менда ЖИДДИЙ бир таклиф бор:
Image copyrightFACEBOOKImage captionЮнусобод кўчалари
«Ҳурматли Бош Вазир жаноблари. Сиздан илтимос, сайловгача бўлган уч ойлик муддат ичида бутун вилоят ва туманларни бир-бир айланиб чиқсангиз, қадамингиз етган жой яшилланиб, юртимиз чиндан гулистонга айланарди. Бизни кўролмай, «қуллар мамлакати» (гастарбайтерлар юрти) деб, аййуҳаннос солаётганлар, эртага «гуллар мамлакати»га дўнган юртимизни кўриб дамлари ичига тушиб кетса ажабмас.
Президентлик учун беллашувга вақт кетказиб, Кетмоновлар билан баҳслашишни, ташвиқот-тарғибот марказлари тузиб, маблағ ва куч сарфлашни, сайловчилар билан учрашувлар ўтказишни умуман ҳожати йўқ. Сиз шу ишни қилинг, Президент бўлишингизга мана мен кафил. Ҳатто, керак бўлса, вилоятларга чиқишингизга ҳам зарурат қолмайди. Ишхонангизда ўтириб, фалон куни фалон жойга бораман, дейишингизни ўзи кифоя. Жойлардаги раҳбарларимиз аллақачон «гуллатиш ва яшнатиш» ишининг ҳадисини олишган, улар бу вазифани чиндан ҳам қойиллатиб бажаришади. Қолаверса, ЎЗБЕК ХАЛҚИ ҚЎЛИ ГУЛ ХАЛҚ! Мана кўрасиз, шундай қилинг, агар Президент бўлмасангиз, мен… мен ота-боболарим қилмаган ишни қиламан: қанчалик оғир бўлмасин, фуқаролик бошпуртимни топшириб, мамлакатдан бош олиб чиқиб кетаман. Ишонинг, бор овозим Сизники! Сизни Ҳазрати Хизр қўлласин, Вазири аъзам!»-дейди у Фейсбукда.
Баъзи фойдаланувчилар эса янги раҳбар ОВИРни йўқ қилармикан, деган умидда…








Umuman olganda Sh.Mirziyoev birinchi kunlardanoq ancha yaxshi ishlarni qilishga va boshlashga ulgurdi. Metro va yo’llar qurilishi oddiy xalq uchun juda katta engilliklar beradi. Albatta bu qilinayotgan mehnatlar o’z samarasini beradi tez orada har sohada va har kimga. Umid qilamiz 4-dekabrda o’tadigan prezidentlik saylovidan keyin ham Mirziyoevning shunday ishchan va talabchanligi saqlanib qoladi deb.