Юсуф Жума: Сотқин элдан чиқмас лашкар, Бари қўрқувга сафарбар…
Юсуф Жума. Янги шеърлар
Она, фарзанд эмас туғибсиз бардош,
Йўқса, тоғ бўлсам ҳам қолмасди нишон.
Менга отилади ҳар зум тоғдек тош,
Бошимга ёғилар тўфондек бўҳтон.
Она, фарзанд эмас, тўғибсиз юрак,
Ёвузлик кўрсам ҳам севаман кўпни.
Ўтга ташламасман лахтаси – думпак
Кўзимга суқилган бесаноқ чўпни.
Она, фарзанд эмас туғибсиз улуғ—
Бетимсол Тангрига бир майда зарра.
Йўқса, аллақачон этардилар йўқ,
Бир эмас, минг эмас, милён бир карра.
-
08. 2016.
Ёлғизликда яшайман, роса
Узоқдирман ҳаммадан – узлат.
Танҳоликдан яхшиси бўлса
Тангри кўчиб ўтарди албат.
Ёлғизликда муқим икковлон
Мангудирман, мангу ёшдирман.
Бизга қарам борлиқ – бор жаҳон,
Тангри билан Ватандошдирман.
-
08. 2016.
Қоғоз билан қалам бўлса,
Кўнглимдаги санам бўлса.
Эр Юсуфнинг армони йўқ
Тағин Турон – олам бўлса.
На жонон, на Туркистон бор,
Бор соғинч бор, бор фиғон бор.
Наҳот умр — армон бўлса,
Наҳот умр — алам бўлса?!
Сотқин элдан чиқмас лашкар—
Бари қўрқувга сафарбар.
Ҳаммасига тупурардим:
Отам бўлса, онам бўлса.
-
08. 2016.
Нега ишонмайсан ҳеч кимга, дейсан,
Ҳамма алдадику, ишонай кимга?!
Барча ича-ича сўнг кўмган сойман,
Эл ўхшар заҳардан лиммо- лим хумга.
Кўнглимдай хиёнат кўрсайдинг, нодўст,
Бошимдай кўмилсанг тақдир сангига.
Менку ишонаман Тангрига ҳануз,
Сен ишонмас эдинг ҳатто Тангрига.
-
08. 2016.
Қисмат шумлигини ҳамма билади,
Тоқат— эмлигини ҳамма билади.
Ёвузлар қутурган – йўқдир қарши куч,
Тангри жимлигини ҳамма билади.
Эрларнинг қўлига сотқинлик – кишан,
Ёвга емлигини ҳамма билади.
Фарзанд бахтсизлиги – волидага гўр,
Ғамга гумлигини ҳамма билади.
Бир кун ардоқласам оналарини
Юсуф кимлигини ҳамма билади.
-
08. 2016.
Ўйлайсанки, ўзи бераҳим,
Ёлғизликдан бош қорлаяпди.
Билмайсанки, қисмати – раҳим,
Сени Тангри тайёрлаяпди.
Асло бўлма ҳақдан норизо
Нодонлигинг моғорлаяпди.
Бил. Тайёрлов курси бу дунё,
Сени Тангри тайёрлаяпди.
Вафо этмас ёру ўғил, қиз,
Барча бирдай озорлаяпди.
Гўрда мангу қолишга ёлғиз
Сени Тангри тайёрлаяпди.
-
08. 2016.
Нега мени яратди дея
Боролмайсан Тангрига қарши.
Ўлдирса ҳам ҳар зум минг карра,
Уни дегин ягона яхши.
Келдик мангу маҳкуммиз – ожиз,
Қут топмадик ернинг юзидан.
Ёмони йўқ ўзидан афсус
Яхшиси ҳам йўқдир ўзидан.
-
08. 2016.
Ўзим ҳақимдаги ҳақиқатлар
Меҳрда диндорман, шавқатда диндор,
Эзгуликда диндор, диндорман орда.
Элу юрт ғамида – ҳасратда диндор,
Ҳикматда диндорман, диндорман зорда.
Менчалик диндор йўқ ҳақни айтишда,
Қайда ёвузлик бор мен унга қасдман.
Энг улуғ диндорман исён этишда,
Лекин муҳаббатда сулувпарастман.
Курашда диндорман – кираман ўтга,
Юракда-чи – Тангри, ўзи – шарафим.
Ғазабда кофирман солинса чўтга
Чексиз оғир чиқар диндор тарафим.
-
08. 2016.
Мангу яшасам деб этмаган армон
Бирон инсон зоти бўлмаса керак.
Ҳеч қурса умрида бир карра нолон
Дер: нечун ўткинчи яратдинг, Фалак?!
Гар бўлсанг айрилиқ ўтига ўтин
Ўлмаслик ўлимдан оғирроқ офат.
Онасиз ҳувиллаб қолганда очун
Вақтинча яшаш ҳам қўрқинчли – даҳшат!
-
08. 2016.
Тортиш кучи бормиш еру самода,
Мени тортмас, шубҳаларим артади.
Туркистоннинг тортиш кучи зиёда
Туркистоннинг тортиш кучи тортади.
Хаёлларим кўзларимнинг ёшини
Гўзалларин этагига ортади.
Сунбул сочлар кўмар оташ бошимни,
Туркистоннинг тортиш кучи тортади.
Соғинчларим сарғайган жигаримнинг
Лахталарин бодроқдайин ситади.
Юлдузлари тўкилар саҳаримнинг –
Туркистоннинг тортиш кучи тортади.
Йўқ ўн саккиз минг очунда – жаҳонда,
Кун Жайхундан чиқиб Сирга ботади.
Тортиш кучи Тангри билан Туронда,
Туркистоннинг тортиш кучи тортади.
Ёт юртларда Юсуф юрар бўғилиб
Армонлари ҳушларимни ютади.
Тортиб олар тандан жонни суғуриб—
Туркистоннинг тортиш кучи тортади.
-
08. 2016.
Ким билан гаплашсам кўнглимда изи –
Хиралик қолади, ўчмас хиралик.
Даҳоман деганлар уқмайди сўзни
Бошларда нодонлик этар тўралик.
Инсон нима ўзи – оғиз ва қорин—
Тубсиз ўра йўқдир қорин ўрадек.
Шу иркит ўранинг оғзига, Тангрим,
Отингни айтишни маън эт – саралик.
Бор аъзоси бетин ейман дер, тўймас
Йиртиғи оғзидан катта тўрвадек.
Берган ҳикматингни шуларга айтдим,
Кечир, кўнглим хира – битмас ярадек.
-
08. 2016.
Кўпинча узтозлар бўладилар тор
Энг тоза дилда ҳам оз -моз кири бор.
Юсуф, бағри кенг бўл, кенг бўлгин чексиз,
Кўнгли кенгликда ҳам ўзмоғинг даркор.
-
08. 2016.
Нотинч ҳаётимда бир бурда нонни
Хотиржам емадим бирон бир карра.
Ичаман ичимдан тўкилган қонни,
Кўз ёшим оятдир, юрагим – сура.
Эшшак табиатли улус ичинда
Очунга келганим менинг айбимми?!
Кўппак табиатли улус ичинда
Очунга келганим менинг айбимми?!
Бири бирисини ўйлаш ўрнига
Бири бирисини қопадиган халқ.
Ғаним қилич берса, солиб динига,
Ҳатто онасини чопадиган халқ.
Юртини йўқотган, орин йўқотган,
Орин йўқотмаса йўқотмасди юрт.
Йўлбарсин йўқотган, норин йўқотган,
Оташлар ўрнида писқиб ётар дуд.
Менку Ҳақ йўлида турибман муқим,
Шу юртнинг эҳтимол ёлғиз дўстиман.
Тангрим, сенку беайб, хўш, айбдор ким?!
Сенга дод этайин кимнинг устидан?!
Дилга нур истайман – тушади ёнғин,
Хушбўй ел хоҳлайман келади тўфон.
Ғамларим кенгаяр – чексиз бўю эн,
Кўз ёшим сурадир, юрагим – Қуръон.
-
08. 2016.
Мунча катта юрак бергансан менга
Битта вужудимга кўплик қилади.
Юрагим остида айланди хунга,
Тоғ остида қолган чўпдек қилади.
Катта бўлар катта қалбнинг ҳасрати
Чексиз бўлар чексиз кўнгил журъати.
Бор гўзалга кўплик қилар севгиси
Бор ёғийга етиб ортар нафрати.
Улкан юрак бердинг тан тор, очун тор,
Гўё ўзан қамиш, оқим – кўк, кучлик.
Гарчи қошида энг чексизлик – тор ғор,
Сендан қўрқувимга этар кичиклик.
-
08. 2016.
Ой, куни, юлдузи – ҳаммаси – ўзинг,
Анори, анжири, олмаси – ўзинг.
Товуси, оққуши, қарғилочи – сен,
Сундилоч, сундувоч нағмаси – ўзинг.
Оташи, суви – сен, ҳок, ҳавоси – сен,
Дунёси, самоси – жумласи ўзинг.
Ўзидан туширган сени мен учун
Тавроти, инжили – сараси ўзинг.
Белинг Тангридайин ғойибда. Ёраб,
Додим етиб борсин – таъмаси – ўзинг.
Ҳар тори – бир оят, сочинг – сураси,
Ояти – ўзингдир, сураси – ўзинг.
Сенга етсам, ҳақсан, Ҳаққа етсам сен,
Тангрим, ҳаммаси сен, ҳаммаси – ўзинг.
2016 йил.
Оғзи ола, ямоқ, йиртиқ эл
Ўзи йиғлаб, ёвни кулдирди.
Туғди Ибн Синодай ўғил,
Ўзи тўғиб, ўзи ўлдирди.
Тарқоқликда яшайди турғун
Ўзи жилмай ёвни жилдирди.
Муқаннада кўтарилди дин,
Ўзи тўғиб, ўзи ўлдирди.
Қибла излар –йиқиб қиблани—
Туркистонни ёвдан тўлдирди.
Кесди Машраб тортган наърани
Ўзи туғиб ўзи ўлдирди.
Дорга тортар кўрса каллани,
Дукчи Эшон умрин сўлдирди.
Бош ўрнида асрар саллани,
Ўзи туғиб ўзи ўлдирди.
Қибла – Амир Темурнинг йўли—
Турон йўли – Тангри билдирди.
Руҳим қолган, еди ғўр элим,
Ўзи туғиб ўзи ўлдирди.
2016 йил.
Кўппаклар уришса этмассан парво
Одамзот урушса гирёнсан нечун?!
Каламушлар айлар бир-бирин адо
Кишилар ҳам шундоқ, ўртанма беун.
Ўрмонда ҳайвонлар бир-бирин ер,
Бу ҳолдан қотмайди тош бошинг асло.
Жаҳонда инсонлар бир-бирин ер
Нечун бу қирғиндан кўз ёшинг дарё?!
Одам ҳам йиртқичнинг бир тури – қончи,
Олсангчи поёнсиз яшилликдан завқ.
Очунни ўрмон бил, сен-чи, ўрмончи,
Ерда битта Юсуф, кўкда битта Ҳақ.
-
08. 2016.
Бутун умр мен учун елди,
Ўзи учун елмади онам.
Ташвишимда бағрини тилди,
Ўзи учун тилмади онам.
Соғинчимда сарғайди сўлди,
Ўзи учун сўлмади онам.
Эвоҳ, ўлди, мен учун ўлди,
Ўзи учун ўлмади онам.
-
08. 2016.
Яхши фарзанд тўрга қўяр отани
Ёмон фарзанд гўрга қўяр отани.
Ўгит уқмас номард ўғил, нодон қиз,
Тириклайин ерга қўяр отани.
Оқил боланг юрагингнинг ёғдуси
Меҳр деган нурга қўяр отани.
Ахмоқ зурёд жигарингни тешади
Ёвдан бурун тирга қўяр отани.
Беш кунлигинг беш ўғлингдан беш Юсуф,
Жони билан бирга қўяр отани.
-
08. 2016.
Тангрим, киши зотида кўп паст,
Айблашар ҳатто сени ҳам.
Дерлар: Ҳақу ҳақиқатга қасд,
Ноҳақликнинг измида олам.
Йўқ, йўқ дейман беайб мутлақо
Барча хато меники ахир.
Эркин дунё бўларди дунё
Шоир бўлмай бўлсам жаҳонгир.
Хуллас сенга тақалган барча
Гуноҳларни олдим бўйнимга.
Айбим чексиз, кечирсанг марра—
Поксан кўкда, мен пок очунда.
-
08. 2016.
Сиз минг бора ҳақ экансиз, шоир. Бу лаънати эл ҳеч қачон эл бўлмаган ва бундан кейин ҳам эл бўлмаса керак. Қаранг, ўзини 27 йил қул қилган ҳукмдор золимга бўлган меҳрини. Ўлгунича ўшанинг айтгани айтган. дегани деган бўлди. Мана энди унинг Рустам Азимов таъбири билан айтганда «Сиёсий ўғли» ёки «Меъросхўри»га сиғиниш бошланди. Минг афсуски бу сиғинишни биз садоқат қўйган худо берган талант соҳиби Исмат Хушевнинг энг азиз ва қадрдон устози Шароф Убайдуллаев бошлаб берди…