Саъдулла Ҳаким: Шижоатда бу улуғ зот шер эди, «Элим дея яшаш керак» дер эди…
Ассалому алайкум, қадрли Исматжон!
Ушбу шеъримни Лондонда сафар чоғида ёздим.
Маъқул кўрсангиз чоп этарсиз.
Доимо соғ бўлинг.
Саъдулла ҲАКИМ
МАРСИЯ
Ота ўлса бола кўзёш тўкмасми,
Кўзёшини ёмғир қилиб экмасми?
Гирён чопган булут каби изиллаб,
Наъра тортиб шердай фарёд чeкмасми?
Аза бўлса елка тутмоқ бор экан,
Қисматимга, нетай, сафар ёр экан.
Шум хабардан таскин излаб тентидим,
Лондонининг кўчалари тор экан.
Тақдир бир чоқ сийлаганди мени ҳам,
Хизматига сайлаганди мени ҳам.
Кўп ичидан танлаб, шараф камарин
Белларимга бойлаганди мени ҳам.
Шижоатда бу улуғ зот шер эди,
«Элим дея яшаш керак» дер эди.
Адолати Темур янглиғ беаёв,
Юрт ҳифзида Алпомишдай эр эди.
Жабрдийда имонда ҳам гумoнли,
Одамзодга нола қилмиш чумоли:
«Эрман дейсан, шерман дейсан, эй инсон,
Боқ, изингда чумолининг заволи».
Танти бўлинг, эй сиз марди майдонлар.
Адашганлар, тақдиридан ҳайронлар.
Хор бўлсанг ҳам ўз юртингда хазон бўл,
Бек бўлсанг ҳам юртингда сур давронлар.
Аллоҳ — Карим. Вужуд руҳнинг танидир,
Исломи бор бу дунёда ғанидир.
Юрт қадрини ерга урар номардлар,
Мард йигитнинг обрўси юрт шаънидир.
Ўрмонга кўрк берар арслон савлати,
Ҳотамтойнинг тугамайди давлати.
Ботир келса, ризқи келар ғойибдан,
Ботир кетса, яшайверар шавкати.
…Ота ўлса бола кўзёш тўкмасми,
Кўзёшини ёмғир қилиб экмасми?
Гирён чопган булут каби изиллаб,
Наъра тортиб шердай фарёд чeкмасми?
05.09.16.
Ислом Каримов Сиздек оддий оиладан чиққан, ҳалол ва диёнатли инсонни ўз ёнига олиб, яхши иш қилган. Лекин кейинчалик у ўз ёнига олган барча оддий инсонларни: Исмат Хушев тортиб то Сизга қадар — ҳаммани хору зор қилди. Ноҳақ ишдан олиб, оила аъзолари билан бирга хонавайрон қилди. Сизни нима сабабдан «Адабиёт» газетасидан бўшатганини Исмат Хушев ёзган мақоладан бириб, тепа сочим тикка бўлган эди. Абдулла Ориповдай улуғ шоирнинг ижодига бўлган ҳурмат ва эҳтиромингиз учун Сизни ишдан бўшатган, адабиётга ва адолатга хиёнат қилган бу одамга нисбатан Сиз мажбуран шеър ёзганигнгиз бугунги марсиянгиздан ҳам билиниб турибди. Агар Сиз юракдан ёзганингизда у бошқача чиқарди…