Исмат Хушев: Ислом Каримовнинг 25 йиллик бошқаруви якун топдими?
«Дунё ўзбеклари»дан:
Ўзбекистон президенти саломатлиги ёмонлашгани ҳақида шу пайтга қадар 25 йил давомида матбуотда эълон қилинган шов шувлар бир бўлди-ю, бугунги шов шув бир бўлди.
Шу пайтга қадар расмий Тошкент матбуоти бир маротаба ҳам Президент соғлиги ҳақида расман хабар тарқатмаган эди. Бу гал Вазирлар Маҳкамаси номидан хабар тарқатилди ва у ойнаи жаҳон орқали ўқиб эшиттирилди.
Нега энди айнан Вазирлар Маҳкамаси тарқатди бу хабарни, Президент матбуот хизмати ва ё ЎзА эмас?
Яна бир неча соатлардан сўнг «Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири Исмат Хушевнинг Ислом Каримов соғлигига оид ёзилаётган таҳлилий мақоласини эълон қиламиз.
Исмат Хушев: Ислом Каримовнинг 25 йиллик бошқаруви якун топдими?
Расмий Тошкент эълон қилган давлат раҳбарининг кутилмаган «сирли» касаллиги ростми?
Ислом Каримовнинг қўққисдан «бетоб бўлиши» ниманинг аломати?
Дўппи остида нима бор?
Ўзбекистонда давлат тўнтариши юз бердими?
1.
Ислом аканинг кутилмаганда «касал бўлиб», «иситмаси ошиши» бежизга ўхшамайди.
Негаки, Ўзбекистон Президентининг Давлат резиденциясидаги шу пайтга қадар «кўз кўриб, қулоқ эшитмаган» фаҳш иши ва фоҳишаликнинг фош этилиши ўз-ўзидан содир бўлмаган кўринади.
Ўзбекистон пахтачилик саноати вазири Омонов барча вилоятлардаги пахта трести раҳбарлари ва ҳатто оила аъзолари билан жамул-жам бўлиб, қамоқда кенгаш ўтқазяпти.
Куни кеча тарихда биринчи марта Ўзбекистон матбуот ва ахборот вазири ҳам бутун бошқарув кенгаши билан қамоқдаги ўша «кенгаш»га бориб қўшилди.
«Автопром» раҳбарияти Бош вазир ўринбосари Рўзиқулов бошчилигида жиноятчи мулозимлар гуруҳи ва яна бир қанча вазирликлар ҳам МХХ текшируви якунидан сўнг қамоқхонага ордер олиш арафасида.
Ўзбекистоннинг юқорида доираларидаги мана шу қама-қамалар Президент «касаллиги»ни тезлаштирмадими?
2.
2016 йилнинг 27 август куни Ўзбекистон — ижтимоий сиёсий ҳаётида энг муҳим кун, бурилиш палласи бўлиб тарихда қолади.
Ўзбекистонда 1989 йилнинг 23 июнь куни бошланган Ислом Каримовнинг чорак асрлик салтанати, ниҳоят якун топган кўринади.
Бундай дейишимизга эса энди талайгина асосларимиз бор…
3.
Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба расмий матбуот давлат раҳбари соғлиғи ёмонлашгани учун касалхонага ётқизилганини очиқ ойдин эълон қилди.
25 йилдан бўён бирор маротаба ҳам айтилмаган эди бу гап. Энди айтилди.
Ҳолбуки, олдин ҳам Ислом Каримов бир неча маротаба касалхонага ётқизилган, муолажа олган ва даволанганини мен шахсан яхши биламан…
4.
Кечадан бўён Ўзбекистон ойнаи жаҳони Президент соғлиги ёмонлашгани боис касалхонага ётқизилганини эълон қилганидан сўнг давлат раҳбарининг номи ортиқ бирор маротаба ҳам тилга олинмади.
Ҳолбуки, илгарилари эрталабки «Ассалом Ўзбекистон!» дан тортиб, то кечки кўрсатувларга қадар, хусусан «Ахборот» эшиттиришида Президент номи бир неча маротабалаб қайта қайта тилга олинарди.
Энди эса уни тамом унутиб қўйишди…
5.
Бизни ажаблантирган учинчи жиҳат шуки, Президентнинг соғлиги ҳақида бу хабар Мустақиллик байрами арафасида эълон қилинди.
«Мутахассисларнинг фикрига кўра, тўлиқ тиббий кўрик ва даволаниш жараёни учун муайян вақт талаб этилади», — дейилади ҳукумат ахборотида.
Хабардаги айнан шу жумлалар бизни жуда ҳушёр торттирди…
6.
Тўртинчи бизни ажаблантирган ҳолат шуки, Тошкентдаги Ўзбекистон Олий раҳбарияти даволанадиган 1 рақамли давлат стайионари кечадан бўён ҳарбийлар билан ўраб олингани бўлди.
Расмий Тошкент мулозимлари бу билан Президент ростдан ҳам касаллигини ва у айни даволаш масканида эканини одамларга билдириш учун атай ташкил қилинганга ўхшаб кўринди.
Чунки, Президент ҳеч қачон бу даволаш масканида ётмаган ва ётқизилмайди ҳам.
Унинг давлат резиденциясида жаҳон медицинасининг энг замонавий асбоб ускуналари билан безатилган махсус тиббий ёрдам кўрсатадиган ва керак бўлса — жонлантирадиган (реанимация) хоналари ҳам мавжуд.
Умумий мулозимлар касалхонасида, гарчи у давлат ва ҳукумат арбобларига мўлжалланган бўлса ҳам, Ислом Каримовнинг даволанишини мен шахсан ақлга ҳам сиғдиролмайман…
7.
Хўш, юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, хулоса қиладиган бўлсак, бу хулоса ниҳоятда фожеали манзарани чизиб беради.
Биз олис Канада давлатида туриб фолбинлик қилишга, башорат тўқишга ҳаракат қилмай, очиқ ойдин айтадиган бўлсак, Ислом Каримовнинг тириклиги ҳам бугун номаълум бўлиб турибди.
Ҳар ҳолда Ўзбекистонда давлат тўнтариши амалга ошган кўринади.
Қолган бошқа гапларни эса вақт кўрстади…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
28 август, 2016 йил,
Торонто шаҳри, Канада
Мақолани ўқиб, ўйланиб қолдим. Асосли фикрлар. Ота ўзидан ўзи «касал» бўлмаган кўринади…
Яхши ва таҳлилий мақола бўлибди. Сиз ҳақиқий журналистсиз, Исмат ака. Интернетни кузатиб боряпман. Ҳеч ким сиздек оғир ва босиқлик билан, каримов касаллиги ҳақида мулоҳаза юритиб, бирорта ҳам дурустроқ мақола ёзолмади. Ҳаммаси тезроқ ўлишини кутиб, ғараз ният билан фикр билдиришди. Сиз маданиятли ва талантли журналист эканингизни аллақачон исбот қилиб бўлдингиз. Раҳмат сизга.
Сизга хат ёзишимидан мақсад, Исмат ака, мен доим сайтингизга кириб дунё янгиликлари билан танишиб бораман. Айниқса, сиз ёзган мақолалар мени жуда қизиқтиради. Ислом Каримов касал бўлибди деган гапни эшитгандан дарров сайтингизга ошиқдим. Энг холис ва бор ҳақиқатни фақат сиз тарқатдингиз. Сиздан бошқа ҳамма сайтлар кеча унинг ўлганини эълон қилди. Лекин сиз сукут қилиб кутдингиз. Демак Ўзбекистондаги ҳаётдан, президент атрофидаги гап сўзлардан яхши хабардор экансиз. Ислом Каримов ёмон яшамади. 25-27 йил Ўзбекистонга ҳукмронлик қилди. Лекин ёмон ҳукмронлик қилди. Бутун халқимизни хору зор қилиб, золимларча ҳукмронлик қилди. Унинг эрта индин ўлиши ҳам ўзбек халқини заррача қайғуга солмайди. Шуни аниқ биламан. Сиз уни бир умр осмонга кўтариб келдингиз. Ўзингиз чет элда, ватандан ташқарисида бўлсангиз ҳам, шундай қилдингиз. У аблаҳ эса бунинг қадрига етдими? Ҳали кўрасиз, унинг энг яқин одамлари ҳам ҳадемай ундан юз ўгира бошлашади. Унинг ҳаёти ҳам, қабри ҳам ҳам, келажаги ҳам ҳақорат ва лаънатларга ёр бўлади. Кўнглингизни оғритган бўлсам, узр. Ёзганларингиздан биламан, сиз аслида очиқ кўнгил, яхши одамсиз. Шу билан бирга аросатда қолган одамсиз. Сизнинг бахтингиз ҳам, бахтсизлингиз ҳам мана шунда. Лекин яхши ва самимий одамсиз. Мен бунга худди ўзимга ишонгандай ишонаман. Сизни биргина мана шу сайтингиз учун ҳам ҳурмат қилишимиз ва яхши кўришимиз керак доим. Бахтимизга омон бўлинг, хафа қилган бўлсам, узр. Чунки сизни яхши кўрамиз…
Ниҳоят 25 йиллик устозингиз яратган салтанат ҳам якун топган кўринади, Исмат ака. Энди Сиз нима қиласиз, қандай яшайсиз Каримовсиз? Сиз доим у билан бирга тушган расмларни эълон қилиб, мақтаниш ва фахрланишни яхши кўрардингиз. Энди нима қиласиз? Тўғри, тан олиб айтишим керак, бугунги ва ўтган журналистлика тарихида ўзбекистонлик ҳеч бир журналист сизчалик Каримовга яқин бўлмаган ва бунча кўп биргаликда расмга тушмаган экан. Буни Дубайга хизмат сафарига келган ўзбекистонлик редакторлар ҳам тасдиқлашди. Бир ҳафта бирга бўлдик. Сиз ҳозир Канадада туриб ҳам, Ўзбекистоннинг ижтимоий сиёсий ҳаётига бемалол аралашиб юрган экансиз. Ҳатто бориб ҳам келибсиз Ўзбекистонга. Каримовга қилган хизматингиз, китобларингизда у кишини қайта ва қайта мадҳ қилганингизни у унутмабди. Айтиш мумкинки, муносиб тақдирлабди. Ҳар қалай сизга қилган бу яхшиликни. Бошқаларга эмас. Шунинг учун ҳам миллионлаб ўзбекистонликлар қалбида муттаҳам бир инсон ва қатағон сиёсат тимсоли бўлиб яшаб қолади. Мени бугун ўйлантириб турган нарса, сиз энди Каримовсиз қандай яшаркансиз…
салом Исмат Хушев. Доим сизни кутиб юрамиз бирор нарса ёзармиканлар деб. Мана бугун ҳам сайтингизга кириб, энг муҳим мавзу ҳақидаги ажойиб мақолангизни ўқидим. Барака топинг. Мақолангизни ўқиб, жуда кўп нарсаларни англаб етгандай бўлдим. Яхшиям сиз ва Дунё ўзбеклари бор. Бахтимизга доим соғ ва омон бўлинг.
Исмат ака яхши таҳлилий мақола бўлибди. Кўриниб тўрибди давлат тунтариш бундан бир икки ой олдин таёрланган. Нега бошқа журналистлар ҳам худди сиздай ўз фикр ва мулоҳазаларини очиқ ойдин айтолмайдилар, ёзолмайдилар. Музхолифат сайтларида фақат бир ёқламалик, аламзадалик ва ҳақорат. Сизнинг сайтингизда эса ундай гап ва адоват йўқ. Кўролмаслик йўқ. Сиз худди ўзингиздай очиқ кўнгиллик билан юритаяпсиз сайтни ҳам. Раҳмат сизга. Умрингиз узоқ бўлсин. Ўзбекистонда кўриш насиб этсин сизни яқин кунларда.