ЎзМТРК раиси Алишер Хаджаевнинг кирдикорлари ёки саккизинчи ўринбосар
«Дунё ўзбеклари»дан:
Ўзбекистон телевидениясида кейинги йилларда авж олаётган гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, ҳур фикрни бўғиш ва порахўрлик каби иллатлар тобора илдиз отиб бормоқда.
Ўзбекистон Олий раҳбарияти, хусусан, Президент бу муаммони ҳал қилиб, ойнаи жаҳонни халқ дарду изтиробларини айтадиган қутлуғ ва муборак даргоҳга айлантириш ҳақида ўйлашни ҳам истамаётгани бизни ташвишлантиради.
Жасоратли журналистлар Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоновалар ёзган шикоят ва улар ўтказган очлик акциясидан сўнг Ўзбекистон Телевидениясида ҳукм сураётган бедодлик ва адолатсизликлар барҳам топади деб ўйлаган эдик.
Лекин чучварани хом санаган эканмиз…
Яна бир неча соатлардан сўнг Тошкентдаги махсус мухбиримизнинг ЎзМТРК раиси Алишер Хаджаев ва унинг саккизинчи бор ўзгарган биринчи ўринбосари ҳақида ёзган танқидий мақоласини эълон қиламиз.
Нашримизни кузатиб боринг.
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири.
Торонто шаҳри, Канада, 14 август, 2016 йил.
Ассалому алайкум Исматжон ака, биродар.
Сизнинг сайтингизда берилаётган барча мақола ва хабарларни ўқиб, сизнинг шижоатингизга ва мардлигингизга тан бериб келамиз биз ўзбекистонлик кўплаб журналистлар.
Аслида, бизлар қилишимиз керак бўлган, яъни элга маълум қиладиган мақола ва янгиликларни Сиз «Дунё ўзбеклари» сайтингиз оркали мунтазам бериб бораяпсиз.
Афсуски, бугунги Ўзбекистон шароитида, қанчалик истамайлик, Сиздек бўла олмас эканмиз.
Минг афсус…
Исмат ака, агар лозим топсангиз, қуйидаги мақолани ўқиб фикр билдирарсиз ёки элимиз ўз «қаҳрамонларини» билиб қўйишлари учун сайтингизга жойлаштирарсиз.
Камоли эҳтиром билан сизнинг содиқ мухлисингиз, қаламкаш ҳамкасбингиз:
Ш.С.
Тошкент шаҳри, Ўзбекистон
12 август, 2016 йил.
“ЕТТИ – КЕТДИ” НАҚЛИ НЕЧОҒЛИ ҲАҚ
ёки
ЎзМТРК раиси Алишер Хаджаевнинг саккизинчи бор ўзгарган биринчи ўринбосари билан боғлиқ мулоҳазалар
1.
Кириш сўзи сифатида энг аввало бир тушунтириш бериб кетиш керак: МТРК раиси исм-шарифининг тўғри шакли — Алишер Жўрақулович Хўжаев (ҳайрон қоларлиси, ҳам “қул”, ҳам “хўжа”).
Лекин ажабки, бу насаб эгаси ўзини шундай атаган ё ёзган одамга ўзини эшитмаганга олиб, ҳаттоки нафрат билан қарайди. Шу ном билан унга ёзилган хатларни ҳам неча бор унинг содиқ мулозимлари “Раиснинг отларини Алишер Джуракулович Хаджаев тарзида, тўғри ёзинглар” деб қайтариб юборган.
Сабаби эса — бир пайтлар саводсиз ЗАГС ходими томонидан ёзилган насабни шу қадар маҳкам тутишми ва ёхуд ярим миллий тарбиянинг таъсирими – буниси бизга қоронғу. Шу боис биз ҳам мақолада қаҳрамонимизни орфографик жиҳатдан тўғри бўлган фамилия билан эмас, айнан “Хаджаев” тарзида ёзганимизга ажабланмасликни сўрардик…
2.
Шу кунларда зиёлилар орасида анчадан бери унут бўлган — телевидение билан боғлиқ навбатдаги гап-сўз болалади:
“Эшитдингизми, телевидениега янги “биринчи зам” тайинланибди?”, “Қуронбоевни энди ТВга юборишибди”, “Бу Хаджаев деганлари энди бунинг бошини еркан-да”, “Ажабмас, буниси интиҳонинг ибтидоси бўлса…”, “Бе, қўйсангиз-чи, Алишер ака бунисиниям қурбон қиворади” ва ҳоказо…
Хўш, бу миш-мишларда нечоғли жон бор?
3.
Миш-мишни билмадик, аммо аниқ факт шуки, 2016 йилнинг 29 июль куни, шу пайтда қадар Вазирлар Маҳкамасида шуъба мудири бўлиб ишлаб келган Қаҳрамон Қуронбоев шитоб билан “ота”нинг, яъни Президентнинг ҳузурига чақирилади.
Чунки Миллий телерадиокомпаниядек стратегик, мафкуравий жиҳатдан ўта муҳим бир идорада яқин бир йилдан буён айнан мафкура ва ижодий соҳаларга бевосита жавоб берадиган муовин ўрни вакант бўлиб келаётган, бу ўринга муносиб номзодни топиш эса кундан-кун мураккаблашиб кетганди.
Боиси – мана, 12 йилдирки (яъни А.Хаджаев “салтанати”га шунча йил бўлди), ТВ шаънига бирор ёмон гап ёки мамлакат раҳбарияти томонидан қилинган эътирозга ҳеч сўзсиз айнан биринчи ўринбосар рўпара қилинар, бир йилнинг нари-берисида бу курсига ўтириб, ҳали вазиятни тузук-қуруқ англаб етмаган шўрлик эса мансабидан “учириб” юбориларди.
Бунақа “қарғиш теккан”, рус тилида айтганда «расстрельной» вазифага кимнинг кўзи учиб турибди, денг…
4.
Шундай қилиб, ТВга биринчи муовин тайинлаш масаласи анчадан бери долзарб эканини, буёғда эса мустақилликнинг 25 йиллик байрами яқинлашиб қолган, байрам ва байрамолди тадбирларни эфирга узатиш бўйича барибир бирор ишкал чиқишини кўнгли сезиб, унга сабабчи қилиб ана шу келаётган “бирортаси”ни рўпара қилишни мўлжал қилган Хаджаевнинг ҳам “ковушига қурт тушиб қолган”ини инобатга олсак, масалани зудлик билан ҳал этиш керак эди.
Шитоб билан 3-4 номзодни тайёрлаб “юқори”га – тасдиқ учун беришади. Номзодлар билан танишиб, сўнгги қарорни эълон қилиши керак бўлган Президент эса бу номзодларнинг бирортасини ёқламай, “Анави Хоразмлик қора болани топиб келинглар” дейди.
(Дарвоқе, раҳбарнинг ана шундай кутилмаган қарор чиқариш одатини яхши билган мулозимлар унинг худди шу одатидан ўлгудек қўрқишади. Аммо кўплар қатори Хаджаев ҳам қўрққан худди шу воқеа содир бўлганди).
Подшо амри — вожиб. Раҳбар ҳузуридаги суҳбатдан муваффақиятли чиққан Қ.Қуронбоев шу куниёқ бош вазир фармойиши билан янги вазифага тайинланади ва эртасига – 30 июль, шанба куни куни телевидениеда мажлис чақирилиб, “саройдаги Маждиддин” номини олган мулозим томонидан таништириб кетилди…
5.
Ўша куни кўпчилик А.Хаджаевнинг бу воқеадан нечоғли таъсирлангани, яъни ўзи кутмаган ва кечагина юқори мансабли ҳукумат амалдори сифатида телевидениени ҳам назорат қилиб келган одамнинг бир кунда ўзининг мулозимига айлангани унинг кайфиятини қанчалик ўзгартиргани билан қизиқди.
Лекин, нафсиламрини айтганда, ўн йиллар давомида бунақа воқеаларни кўравериб, “эти ўлиб қолган” метиндек бу одам сирини бировга, айниқса, эл аро билдирармиди. У биринчи ҳунарини, ҳатто ҳужумини орадан икки кун ўтиб, душанба куни ўтадиган “летучка”да кўрсатди…
6.
Тўғриси, Қуронбоевни ҳам жа унақа фавқулодда қобилият ёки иқтидор эгаси, деб бўлмайди. Аммо ишни ташкил қилишдаги жонбозлигига, ташкилотчилик қобилиятига тараф йўқ. Балки шу боисдан ҳам мана, неча йилки бир узангидан бошқасига сакраб юргандир.
Лекин ҳозир гап бунда эмас. Нотиқлик билан ном чиқарган Қуронбоев (“Камолот”да ишлаган, Маънавият-тарғибот марказига раҳбарлик қилган бу одам гап билмай, бошқа ким билсин) ажабки, давралардаги маърузасида ўзи билибми-билмайми, ҳар гал “Ўзбекистонда қўш хотинлилик таъқиқланган” қабилидаги бир гап қиларди.
Хуллас, унинг кўп одатлари қатори бу иборани ишлатишини ҳам — икки куннинг ичида ўзининг сон-саноқсиз “қулоқ”лари орқали обдон билиб олган Хаджаев эндиликда ўзининг ўринбосарига айланган Қ.Қуронбоев иштирокида ўтаётган мажлисни шу гап билан бошлади.
Яъни унгагина хос бўлган, на водий, на пойтахт, на воҳа лаҳжасига ўхшаб кетадиган ўзгинасининг тилида, манқа аралаш дўрилдоқ овози билан “Билиб қўйинғлар, бизда фақат битта, биттагина хотинга уйланишга рухсат берилган” деб, томдан тараша тушгандек гап бошлади…
7.
Мажлис аҳли ҳайрон.
Бу билан раис нима демоқчи, дея лол қолганлар бир тараф, унинг ана шундай тутуриқсиз жумлаларига ўрганиб кетган ва парвойига келтирмайдиганлар — бир тараф ҳамда раиснинг ҳар бир чучмал гапидан ҳам фазилат излаб, “ўрнатилган тартибда ишлаш”нинг ҳадисини олган садоқатли гумашталари — бошқа бир тараф.
Шунда менинг эсимга 2005 йилнинг апрелида, А.Хаджаев эндигина раис бўлиб келган пайтидаги биринчи мажлисда айтган гаплари тушди. Ўшанда ҳам у ана шунақа таъкид билан “Билиб қўйинғлар, бундан кейин телевидениенинг дарвазаси болади, балки кимдир чиқиб кетар, лекин унға унча-мунча одам киралмайди” деган “пурмаъно” гапи тушди.
Бу гап эса кечагина худди шундоқ раислик курсисида ўтириб, сўнг муовинга айланган собиқ раис Абдусаид Кўчимов олдида, балки атайлаб, унга теккизиб айтилган, салафининг бундай тутуриқсизлигидан лол бўлган шўрлик Кўчимов индамай ер чизиб қолганди…
8.
Ҳар не бўлганда ҳам, Хаджаев деганлари қарийб 12 йиллик фаолияти давомида ўзи айтганидек, “давозадан” қанча-қанча ижодкорларни, радио ва телевидение фидоийларини, умрини шу ишга бахшида қилган не-не истеъдодларни ҳайдаб чиқарди.
Уларнинг ўрнига қўйган одамлари эса…
Оқибатда “телевидение ватани” сифатида эътироф этилган Тошкентдан узатиладиган телекўрсатувларда на дид, на фаросат, на бир “пичоққа илинадиган” кўрсатув эфирга берилмоқда. Бу гапни маҳобат ёки лоф деб ҳисоблайдиганлар телевидениенинг ўн иккита каналидан хоҳлаган бирини қўйиб кўришсин.
Шунда ўзлари матбуот ва санъатнинг бу бетакрор тури не аҳволга солиб қўйилганига гувоҳ бўлишади. Бунисини биз айтмасак ҳам биласиз, чунки бугун ўзбек телевидениесидаги — яллачиларнинг муқом қилиб айтган қўшиғини-ю, беш-олтита эски кинони айтмаса, кўрса кўргулик ҳеч нарсаси йўқлигидан, шу боисдан ҳам уни кўриши керак бўлган томошабин Россия телевидениеси аудиториясига, демакки, ўша давлат мансуб мафкура таъсирига тушиб қолганидан кўпчилик бохабар…
9.
Хуллас, ўша Хаджаев ва Қуронбоев иштирокидаги илк мажлисга қайтадиган бўлсак, раис жаноблари бу билан “Сен тўғрингдаги барча гапларни ва нима ҳунар кўрсатишингни биламан, “писта қилиб” юрмасанг, олдингиларга ўхшаб чангаллаб кетасан” демоқчи бўлгани аниқ.
Чунки бошроқда айтганимиздек, А.Хаджаев — дўппи тор келганда айнан ўринбосарини “қурбон бериб” юборишнинг моҳирона ҳадисини олган қув одам. Айнан у фахрланадиган ва кўп ишлатадиган русча ибора билан айтганда, бу борада у “собаку съел” ёки “не первый раз рожает”.
Шу ўринда фикримиз қуруқ даъво бўлиб, бу билан бир шўрликка мағзава ағдараётганга ўхшаб қолмаслигимиз учун яқин ва олис тарихга, тўғрироғи, олдинги раис ўринбосарлари қисматига назар солсак…
10.
Биринчи “қурбон” олдинги раис А.Кўчимов бўлди.
Тўғри-да, қайси раҳбар ўзидан олдингисига рашк кўзи билан қарамабдики, Хаджаев деганимиз бундан бебаҳра бўлса.
Сўнгги даврдаги ижодкорлар орасидан чиққан ягона раис ҳисобланган Кўчимовни дастлаб ўзининг радио бўйича ўринбосари этиб тайинлаган А.Хаджаев кейинчалик бу ўрин қисқарганини баҳона қилиб, уни ўша пайтдаги энг ночор ва қолоқ жамоа — “Тошкент” телеканалига ўтказди.
Ярим йил ишлар-ишламас, у ердан ҳам пайини қирқди.
Кўчимовга қўшиб, унинг кадрлари, деган тамға билан ўнлаб одамларни ҳам ишдан ҳайдаганини эса “Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр” нақли билан изоҳлаш мумкин…
11.
А.Хаджаев Кўчимовнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган Ўрол Ғойимов ўрнига ўзига отдош бўлган Алишер Юлдаш угли (бунақа “миллатсеварлик”дан “дод” деб юборгиларинг келади) деган чағиркўз бир йигитчани олиб келганини, кўзи олма-кесак териб, бир жойда турмайдиган бу бола кейинчалик раиснинг “кармони”га айланиб, 5-6 йил ўтгач, гап-сўз кўпайганда, ундан ҳам воз кечганининг ўзи бир тарих.
Ўшанда телевидение ичкарисидаги барча ошхона ва буфетларни “ўзиники” қилиб олган бу йигит улардаги нархларни ҳам шахсан (албатта, пушти-паноҳининг “добро”си билан) белгилаб берардики, тушлик нархи осмондалигидан нолиган хўрандаларга қарата шўрлик ошпазларнинг “Нима қилайлик, Алишержон шунақа нарх қўйиб кетганлар” деганларини эсласак, А.Хаджаев бу йигитни танлаб, хато қилмаганига амин бўласан…
12.
Дастлаб ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосар вазифаси бир муддат бўш қолди.
Ўша даврда телевидениега доир Президент қарори лойиҳаси тайёрланаётган бўлиб, А.Хаджаев “Ахборот” дастурининг ўша пайтдаги раҳбари бўлган Бобур Алихоновга бу амални ваъда қилган, баҳонада рус ва ўзбек тилларини мукаммал биладиган, талай йиллар ТВда ишлаб, соҳанинг “ўтидан кириб, кулидан чиққан” бу одамнинг бурнини ерга ишқаб, кечалари билан ишлатганди.
Шўрлик Б.Алихонов кейинчалик наинки ўринбосар бўлди, балки “иши битиб, эшаги лойдан ўтган” Хаджаев томонидан ўзи ишлаб турган вазифадан ҳам қувилиб, кўчага улоқтирилди.
Чунки у одам ўз ишининг профессионали экани баробарида ўз сўзи ва овозига ҳам эга бўлиб, янги раисимизнинг обрўсига соя солиб қўйиши мумкин эди…
13.
Биринчи ўринбосар вазифаси эса А.Хаджаев билан бир пайтлар бирга ишлаган, балки алоқа соҳасининг туппа-тузук билимдони ҳам бўлган, аммо ўзига мутлақо бегона бўлган телевидениега келиб, ҳеч бир обрў тополмай, “телефончи” деган лақаб орттирган Ғолибшер Зияевга насиб этди.
Тўғриси, шу одамни эсласанг, на кулишни, на йиғлашни билмай қоласан.
Чилонзор туманининг собиқ АТСи бошлиғи бўлган Ғ.Зияев Хаджаевнинг содиқ ити бўлишга ҳам тайёр эди.
Паркентдаги қишлоғидан қатнаб ишлайдиган бу одам тунги соат 2-3 га қадар, гоҳида туни бўйи ишлаб чиқар, 80 км жойдаги уйига бориб, эрталаб соат 8 да яна ишхонасида бўларди.
Ажаб садоқат. Яна денг, мажлис қилишни хўш кўрар, 5-6 соатлаб гапириб чарчамас, аммо аксарият гапида маъни кам бўларди. Ишлагани 2 йилнинг нари-берисида-ю, ўзидан ажойиб латифалар қолдириб кетди бояқиш…
14.
Улардан биттаси жуда кулгули ва… эшитсанг, йиғлаб юборгулик.
2007 йилда Абдулла Қаҳҳорнинг 100 йиллик таваллудини нишонлаш бўйича Президент қарори эълон қилинди.
Шу важдан, навбатдаги мажлисини ўтказаётган Зияев илҳом билан, Паркент тожикчасини ўзбекчага омухта қилиб сўзлай туриб, “Презедентимизненг бу қарорларе жидо ўрнига бўлде. Мана, менам шу қарордан илҳомланеб, Абдулло Қаҳҳорненг “Ўткан кунлар” романене ўқеб чиқдем” деса бўладими…
Зияевнинг бунақа “қовун туширди”лари жуда кўп эди. Бир гал “Соҳибқирон” сўзини таърифлай туриб, “Кўрдингезме, бобомез ҳатто Қуръонниям соҳибе бўлган” дея бетамиз гап қилса, бошқа сафар “Манга маънавеятне ўргатманглар, ман алоқа инспексияга ишлаганимда, ҳаммани тикка турғизардем, мана энди телевиденияга келеб, ўз устимда ишлаб, комил инсонга айландем” дея аҳли шуарони қўрқитиб ўтирган кўйи эди.
Ачинарлиси, бу одам МТРКнинг асосий йўналиши — ижодий ишлар бўйича ўринбосар эди…
15.
Унинг шу “маънавиятга ошно”лиги бошини еди.
Тўғрироғи, А.Хаджаев уни бир кун ҳузурига чақириб, тизимда аттестация ўтказиш зарурлигини, бунга биринчи ўринбосар экани боис, Зияев бош-қош бўлиши лозимлигини уқтирди.
Кимни қолдириб, кимни ҳайдаш, ишни нимадан бошлаш ва одамларга қанақа муомала қилишгача кўрсатма берди. Бечора Зияев, мен шунақа муҳим одам эканман, дея ўпкасини қўлтиқлаб енг шимариб ишга киришиб кетди ва Қорақалпоғистонга борганида, “Санлар ўзе қанақа, бирорта маънавиятне тушунадигон қарақалпоқ борме” деб юборди.
Бу гапни эшитган ғурури бор одам тинч туроладими? ъ
Шундан сўнг Қорақалпоғистон телевидениесининг барча ходимлари бош вазир номига шикоят ёзишди. Бундан юраги ёрилган А.Хаджаев, ўзи кўрсатма берганига қарамай, келган барча бало-ю офатга шундоққина муовинни рўпара қилиб қутулди.
Ҳатто нима сабабдандир, балки таъмирлаш масаласида телевидение биносига келган бош вазирга айнан Ғолибшерни рўпара қилиб, Мирзиёевдан — отасидан эшитмаган сўкишларни эшиттирди.
Шундай қилиб, иккинчи қурбон ҳам “маънавеят” дея жавраганча “қулоғини ушлаб” кетди…
16.
Кейинчалик, бошқа мундайроқ идораларда ишлаб юрган Ғ.Зияев надоматлар билан, “Мен шу одамгаям шунчалик ишонаманми, шу инсонгаям бу қадар садоқатли бўламанми” дея кўп бор армон қилди.
Чунки ўзини “комил инсон” санаб юрган амбицияли бу одам энди минбаъд “кўтарила олмаслиги”ни, унинг каръерасига эса айнан А.Хаджаев болта урганини у яхши тушуниб олганди.
А.Хаджаевнинг шундай одати борки, ўзи ерга уриб юборишига кўзи етмаган одамини иложи бўлса, “юқорига кўтариб юбориш”га ҳаракат қилади ва бунга эришади ҳам.
Бунга унинг бош вазир билан бўлган илиқ муносабати, йиллар оша унинг “ўз одами”га айланиб қолгани сабаб бўлса керак.
Бу “яқинлик” ва унинг мевалари ҳақида кейинроқ, бошқа бир “қурбон” мисолида алоҳида тўхталамиз…
17.
Кейинги биринчи ўринбосар масаласида шуни айтиш мумкинки, Хуршид Мирзоҳидовни ерга уриб юбориш А.Хаджаевнинг қўлидан келмади.
Унинг истиқболли йигит сифатида алоқа соҳасига раҳбарлик қила олиши эътиборга олинибми, телевидениеда узоқ йиллар ҳалол ишлаган отаси Мирзоҳид ака сабабми, ҳарҳолда, Мирзоҳидов тинчгина алоқа вазири бўлиб, “кўтарилиб” кетди.
“Қарға қарғанинг кўзини чўқимади”, яъни алоқачининг бир-бирига нисбатан бирдамлиги эди бу. Бошқа тарафдан Хуршидда Хаджаевга рақобат қила оладиган салобат ҳам, устомонлик ҳам йўқ эди…
18.
Кейинги, яъни тўртинчи “қурбон” — Муҳаммаджон Қуронов бўлди.
Ёшлигида тўйларда мастлик аралаш “Альфия, Альфия…” дея қўшиқ айтиб юрган бу санъат шайдоси сўнгги пайтларда Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийни қоралаган мақола билан газетада чиқиш қилиб, “Ҳамзани иккинчи маротаба, ўлимидан кейин тошбўрон қилган одам” сифатида тарихда қолди.
Шу “каромати” эвазига бугун бош вазир ўринбосарига маслаҳатчи бўлиб ишлаб юрибди. Ким билсин, айни дамда у кимни навбатдаги бор “тошбўрон қилиш” ҳақида маслаҳат бериб юрган экан?..
Аммо у бунгача, яъни А.Хаджаевга биринчи ўринбосар бўлиб келган куниданоқ мазкур лавозимга келиб бекор қилганини англаб етди.
Бунинг устига Қуроновнинг бировга айтиб бўлмайдиган нозик бир хасталиги бор эканми, ўринбосарлик даврида, иш кабинетида ўша касали нохос кўп бора тутиб қолди. Қўлимизда аниқ далил ёки дўхтирнинг справкаси йўқлиги боис у қандай хасталик эканини айтолмаймиз, аммо ишхонада унинг беҳуш бўлиб қолганини кўрганлар бор.
Ҳар не бўлганда ҳам, бу чала олимнинг Хаджаевга муовинлик даври етти ойга ҳам бормасдан, “ўз хоҳишига биноан” олдинги ишига қайтарилди…
19.
Қуроновдан сўнг биринчи ўринбосарликка тайинланиш бироз муаммо бўлди.
Чунки бу вазифага А.Хаджаев шунча йилдан бери бирга ишлаб, анча қалин ва ҳамтовоқ бўлиб олган, “Ёшлар” каналининг директори Хайрулла Нуриддиновни қўйишга кўп уринди.
Чунки биринчидан, раислик даврида унинг кўнглини ва хуфёна истакларини нозик тарзда илғаган ягона ходим айнан Нуриддинов бўлса, бошқа томондан улар “олди-берди” масалаларида анча “қалин” бўлиб қолишганди…
20.
“Кўнглини топа олган” деганимизга сабаб шуки, ҳали қартаймаган ва эркаклик майли жўш урган Хаджаевнинг кўнгли айнан Нуриддинов қўл остида ишлайдиган, тижорат кўрсатувларини тайёрлаб юрган Д. исмли жувонга “суст кетади”.
Ўз раҳбарининг бу майлини сезган Хайрулла бундай чоғда ғойибдан келган бу бахт қушини учирармиди?
Ҳаёти давомида ҳеч қандай пастликдан қайтмаган, лозим бўлса, мақсади йўлида “мурданинг устидан босиб ўтишга ҳам тайёр” бўлган, ўз вақтида Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова сингари — бор-йўғи ҳақиқат истаб қилган талаблари боис ишдан ҳайдаттирган ва уларни “халқ душмани”га айлантирган Хайрулла-я?..
Устози-ю тенгқурларини ҳеч бир важсиз кўчага ҳайдашдан ҳеч қачон тап тортмаган, нонкўрликдан ҳазар қилмайдиган, ҳовли-жой учун ўз туғишган акаси билан судлашишгача борган, бир бокира қизни йўлдан уриб, ҳаётини издан чиқарган, дўппи тор келганда томирини кесиб, ўзини оқламоқчи бўлган ва ўз вақтида шармисор бўлган Нуриддинов-а?…
21.
Шундай қабиҳ ишларни ҳеч бир сесканмасдан қиладиган, бу борада устози Хаджаевни бир чўқишда қочирадиган Хайрулла биринчи ўринбосарликка тайинланай, деб турган бир паллада “лоп” этиб бошқа номзод чиқиб қолади.
У – Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Омонулла Юнусовнинг туғишган укаси Файзулла Юнусов эди.
Табиатан ювош ва камсуқум, аммо ҳеч бир ишда ташаббус кўрсатмайдиган, фақат топшириқ бажариб ўрганган бу одамнинг ўз кучи билан ҳеч қачон “кўтарила олмаслигига” ақли етган уддабуррон ака худди шу кезда ўз кучини ишга солади.
Натижада юқоридаги казо-казолар, биринчи навбатда Президентнинг ишлар бошқарувчиси З.Ҳайдаров билан яхши алоқада бўлган О.Юнусов укасининг бу вазифага тайинланишига эришади…
22.
Аммо ҳақиқат юзасидан айтиш керак, Ф.Юнусов бу курсига ўтирганида ҳеч бир кимсага ёмонлик қилгани йўқ.
Аксинча, телерадиокомпаниядаги ҳақсизликлар, норасоликлардан виждони қийналиб, шу ишларга ўзининг ҳам алоқадор бўлиб бораётгани ич-этини кемириб, дам олиш кунлари ҳам иш кабинетини ичкаридан қулфлаб, ароқ ичиб ўтирарди.
Ҳар нарсадан воқиф бўлиб ўтирган, исковуч ёллаб, қўл остидагиларнинг ҳеч бир қадамини назардан қочирмайдиган Хаджаев буларни билмасмиди?
Биларди, лекин вақт-соатини кутарди. Ниҳоят, уям ўзини кўп куттирмади.
Бир кўрсатув тепадагиларга ёқмай қолган “ажойиб” кунларнинг бирида шартта Ф.Юнусовнинг ҳам баҳридан ўтди.
Шундай қилиб, Файзулла Юнусов ҳеч бир шон-шарафсиз, тинчгина “бешинчи қурбон” сифатида телевидение тарихида қолди…
23.
Дарвоқе, Хаджаев ўзи амал ваъда қилган Х.Нуриддиновни ҳам хафа қилиб қўйгани йўқ.
Унга ўз телеканалидан ташқари, бира тўла учта – “Болажон”, “Наво” ва “Кинотеатр” (кейинчалик бошқара олмай қолганидан бу канални “Дунё бўйлаб” каналига берди) каналларини ҳам боғлаб берди.
Бир мажлисда Хаджаевнинг “Мана, Хайрулла Боқижонович, мен ҳам компанияга келганимда тўртта канал бор эди, энди бир ўзингга шунча канал.
Раисдан қолишадиган жойинг йўқ” дея лутф қилгани кўпчиликнинг ёдида бор.
Аммо бу илтифотлар бекордан-бекорга эмаслигини бугун кўпчилик билади.
Биргина “Наво” каналининг ўзидан, қўшиғини эфирга кетиши учун ҳеч нарсадан қайтмайдиган ашулачилар қанча пул, қанча “кўк”идан беришини, бу пулларнинг қанча қисми расмий кассага-ю, қанчаси Нуриддиновга, у орқали Хаджаевга бориб тегишини бандаси билмаса экан…
24.
Хуллас, мавзудан чекинмаган ҳолда айтиш керакки, эндиликда очиқ-ойдин “қарғиш теккан” дея аталадиган биринчи ўринбосарлик ўрнига на шоир, на журналист ва на арбоб бўла олган Минҳожиддин Мирзо тайинланди.
Унинг фаолияти ҳам бир йилга боргани йўқ. Нафсиламрини айтганда, Хаджаев бу одамни ёқтирмасди, лекин унга очиқ-ойдин ҳужум ҳам қилолмасди.
Ким билсин, талай раҳбарлик лавозимида ишлаб келган, ўша пайтдаги бош прокурор тимсолида “суянчиғи” бўлган муовини бир куни ўзининг ўрнини ҳам эгаллаши мумкинлигидан хавфсираб ҳам юрарди.
Эндигина ундан қутулишнинг фурсати келган ва ўринбосар ишидан “қилдан қийиқ” топа бошлаган кезда, маданият вазирлиги ўрни бўшаб қолди ва М.Мирзо омади чопиб, шу лавозимга кўтарилиб кетди…
25.
Аммо Хаджаев бу билан ҳам тинчиб тургани йўқ.
Чунки лавозим пиллапояларидан осонлик билан ҳатлаб юрган Минҳожиддин Мирзо эрта бир кун МТРК раислигига ҳам келиб қолиши хавфи бор эди.
Шу боис пайтавасига қурт тушган раис ўз мулозимларига иложи борича маданият вазирлиги тадбирларини кўпроқ ёритиш, имкон топилса, вазирни йирик планда ҳадеб кўрсатавериш ҳақида кўрсатма беради.
Чунки у Ўзбекистон Олий раҳбариятига, хусусан Президентга телевизорда ўзидан бошқа кўп кўринган раҳбар унча ёқавермаслигини, у шўрликка “Телевизорда чиқиб, нега бунча бадиллайсан” деган тавқи лаънат ёғилишини яхши биларди.
Шу баҳона бўлдими, ё бошқами ишқилиб кўп ўтмай, Минҳожиддин Мирзо вазирликдан ҳам “учиб кетди”…
26.
Дарвоқе, М.Мирзога нисбатан қилинган бу синалган усулни А.Хаджаев ўзига рақиб санаган бошқа одамга нисбатан ҳам қўллаш одати бор.
Масалан, шу кунларда у “Ўзбеккино” раиси бўлиб ишлаётган Отабек Мусаевга нисбатан ҳам айни ғирром ўйинини қўлламоқда.
Маълумки, кинонинг бугунги раҳбари актёрликдан чиққан.
Мусаев тайинланган ҳафтанинг ўзида у яширин тарзда мулозимларига иложи борича О.Мусаев ўйнаган кинофильмларни топиб, уларни такрор ва такрор эфирга беришни талаб қилди.
Сабаби – кино раиси ҳадеб роль ўйнаб кўринаверса, оддий одамлар ва раҳбарият олдида унинг оддий артист экани бўртиб кўринаверади.
Оқибатда, бу кўринишлар бир кун кимнингдир жиғига тегиши муқаррар ва бу билан А.Хаджаев навбатдаги рақобатчидан қутулади.
Русчасига “медвежья услуга” дейди буни чамаси…
27.
Биринчи ўринбосарликка кўтарилган еттинчи шахс, айтиш керак, “еттинчи қурбон” — Олим Тошбоев бўлди.
Очиғи, телевидение ва радиода ишлаб, тажриба орттирган, истеъдодли журналист бўлиш баробарида раҳбарлик салоҳиятини ҳам орттирган, боз устига компаниянинг “ичидан чиққан” бу йигит ўзидан олдинги салафлардан фарқли ўлароқ биринчи ўринбосарлик лавозимига шиддат билан, шовқин сўрон билан кириб келди.
То ишдан кетгунча Хаджаев “одамлари” билан аёвсиз жанг қилди ва… барибир енгилди…
28.
Гап шундаки, шўрлик Тошбоев А.Хаджаев ўн йилдан ортиқ бу жойда ишлагани сабаб, унинг паймонаси тўлди, деб ўйладими ёки ростдан ҳам телевидениеда ниҳоят яхши эпкинлар эсиши учун ўзини масъул санадими ва ё бошқа сабабми, Хаджаев ва унинг “одамлари”га аёвсиз жанг эълон қилди.
Уларнинг айримларини ишдан ҳам олдирди, бир вақтлар ноҳақ кетказилган одамларни, масалан, спорт шарҳловчиси Элдор Мустафоевга ўхшаш ижодкорларни қайтариб олиб келди.
Чунки у — ўша пайтлари ажалидан беш кун бурун бу дунёдан ўтган одам олдида ўзини айбли сезарди.
Аниқроғи, айнан Хаджаевнинг кирдикорлари, миллионлаб пулларни ўмариб, изсиз йўқотиб, имзо қўйган жавобгар сифатида ҳамма айбни ўша пайтлардаги “Спорт” телеканали директори сифатида Давлат Турдиалиевга тўнкаганидан хабардор эди.
Буни Давлатнинг пок юраги кўтара олмади…
29.
Элдор эса Д.Турдиалиевнинг шогирди бўлиб, уни қайтариш билан қайсидир маънода ўзини поклашга ҳаракат қилганди.
Буларнинг ҳаммаси Хаджаевнинг жиғига тегиб юрган кунларнинг бирида омад унга осмондан “тап” этиб тушиб қолди.
“Ахборот” дастурида Қашқадарё ҳақида берилган бир лавҳа Президентга ёқмади. Бу ҳолатда нима қилишларини яхши биласиз — албатта, айбдорни топиб, жазолаш керак.
Қизиғи шундаки, ўша кунги кўрикни О.Тошбоев эмас, айнан раиснинг ўзи ўтказган эди. Аммо Хаджаев ўз бошини сиртмоққа тутиб берадиган ахмоқ эмас-ку.
Ошиғич тарзда ўринбосаридан тушунтириш хати ёздиради, қўрқма, бир гап бўлса, мен турибман, деганга ўхшаш гап қилади.
Бу гапларга лаққа тушган Тошбоев замбаракнинг ўқига нишон бўлганини ҳали билмасди…
30.
Очиғи, айбдорни жазолашни талаб қилган бош вазир Ш.Мирзиёев ўша айбдор ким эканини сезиб турарди.
Чунки у ўша куни Тошбоевни ҳузурига чақириб, “Олимжон, биз айбдор кимлигини яхши билиб турибмиз. У албатта жазоланади” деган гапни қатъий айтади.
Лекин… Моддий манфаат, нафс деган нарсалар ҳукумат ўйинлари билан чамбарчас боғланиб кетса ёмон экан…
31.
Мана энди бошроғда айтганимиз –Мирзиёев ва Хаджаевнинг яқинлиги ҳақида қисқача тўхталиб ўтиш керак.
Пойтахтдаги янги консерватория биқинида жойлашган, телевидениега қарашли медиа-марказни кўпчилик билса керак.
Ўша марказ қурилишида пудратчи ташкилот сифатида бош вазирга яқин одамларнинг корхонаси ишлаган эди. Оддий ходимлар яхши эслайди, айнан ўша қурилиш даврида компания ишчи ва хизматчиларининг ойлигидан, ижодкорларнинг гонораридан кескин путур кетди.
Раҳбарият очиқ-ойдин “Пуллар медиа-марказ қурилишига кетаяпти” деди. Лекин бу қурилишга бюджетдан маблағ ажратилди-ку, дейдиган мард топилмади ва ё қўрқишди мардлар ҳам.
Аслини олганда, Хаджаев қурилиш учун кетмаган пулларни ҳам Мирзиёевга яқин бўлган машҳур 12-трест ҳисобига ўтказиб бераверган, бу камомадни эса оддий ходимлар маоши ҳисобига тўлдирган эди.
Поранинг ўзига хос кўриниши дейдими буни, билмадик…
32.
Хаджаев ё Тошбоевдан бири ишдан кетиши масаласида ҳам кўпдан синалган ўша усул қўлланди.
Ўша — О.Тошбоевни бош вазир ўз ҳузурига чақиртирган куни Хаджаевнинг пайтавасига қурт тушди.
Энг ишонган бир маҳрамига қараб: “Вақтида чора кўрмасак, анави пакана (бош вазирни назарда тутаяпти) биздагисини (яъни О.Тошбоев) қўллаб юбориши ҳеч гапмас” дейди.
Унинг бахтига ўша кезлари компаниянинг Оқтошдаги дам олиш уйи ҳам таъмирланаётган, пудратчи сифатида яна 12-трест тайинланган эди.
Хаджаев тезда қурувчиларни чақириб, “Бизга таъмир учун ажратилган 8 миллиард пул учун, қурилиш қилинмаса-да, ишлар бажарилди, дея имзо қўйиб бераман. Таъмирни ўзим эплайман. Бу гапни тезда “шеф”га етказинглар” дейди…
Бу таклиф натижаси эса ўзини кўп куттирмайди.
Бу сафар ҳам ўринбосар, яъни шўрлик Тошбоев “қурбон” берилади…
33.
Бугун Олим Тошбоев ҳартугул, қуйироқ вазифада бўлса ҳам ишлаб турибди.
Лекин раис жаноблари уни йўқотмасдан тинчимайди, шекилли. Ўтган ойда бўлган “летучка”да Тошбоевнинг одамлари бўлмиш – Икром Чориев, Мадамин Сафаровларга очиқ-ойдин “ташлана” бошлади.
Чориевга қарата “Қўрқасан-да пушти-паноҳингдан, сен раҳбарми ё уми” дея очиқ-ойдин ҳақоратга ўтди. Кимга шаъма қилаётгани эса маълум.
Зарбани Тошбоевнинг “одамлари”га, улар орқали “собиқ қурбон”нинг ўзига қаратмоқчи бўлган бу одам кўплар сингари яна бир ижодкорни буткул маҳв этмоқчи, шекилли…
34.
Алқисса, шундай бир “қарғиш теккан” лавозимга энди Қ.Қуронбоев лойиқ кўрилди.
Аслида уям анойилардан эмас.
Ўзбекистоннинг замонавий сиёсий элитасида исми, отасининг исми ва фамилияси бир хил ҳарфдан иборат одамлар унчалик кўп эмас.
Масалан, учта баравар келган “М” ҳарфи, яъни “МММ” – Муҳсин Мўминович Муҳиддинов (собиқ тест маркази раҳбари), учта “А” – Алишер Аббосович Азизхўжаевга тегишли.
Уларнинг ҳеч бири анойи одамлар эмас.
Қуронбоевда эса – “ҚҚҚ”, яъни Қаҳрамон Қўчқорович Қуронбоев.
Демак, уни ҳам содда ва анойи шахслар тоифасига киритмаслик керак.
Бу бир ҳазил тарзидаги ташбеҳ, лекин унгаям ишонгинг келади…
35.
Телевидениеда эса бу гал одатдагидек эмас, бошқача бир фараз ҳам пайдо бўлди: иккита одамдан бири “қурбон” берилиши аниқ.
Ҳарҳолда, умрини шу соҳага бағишлаб, ҳаётининг сўнгги онларида ўз жонажон ишхонасидан, яъни телевидение ва радиодан бирор-бир рўшнолик кўрмасдан бу дунёдан армон билан кетган Ўрол Ўтаев, Аҳмад Аъзам, Қўзивой Ҳакимов, Давлат Турдиалиев, Абдулла Матназаров, Баҳодир Муҳаммедов, Абдуазим Алимов, Нурулла Оқилов, Даврон Зуннунов, Мирзоҳид Раҳимов, Анвар Рашидов, Неъмат Бойназаров, Раҳматилла Мирзаев, Абдумўмин Ўтбосаров каби ва бошқа ўнлаб ижодкорларнинг телевидение ва радио узра чирқираб юрган руҳлари Алишер Хаджаевни бир кунмас бир куриши аниқ.
Урганда ҳам ёмон уради…
Бу марҳумларнинг айримлари Ўз ТВ да эътироф топган бўлса ҳам, давлат ва ҳукуматдан топди, лекин зинҳор ва зинҳор Хаджаевдан эмас…
36.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, телерадиокомпаниядаги яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва жоҳиллик ўртасидаги жанг давом этмоқда.
Унинг, ниҳоят, ижобий натижа билан тугашига ишонгимиз келади.
Натижа эса кўп куттирмаслиги керак…
Шокир Саъдуллаев,
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
Тошкент шаҳри, Ўзбекистон
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
Saodat Amonova feeling determined.
Порахўр, Президент билдирган ишончни оёқ ости қилаётган Хўжаев, вой, кечирасиз, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси Хаджаев, бошчилигингиздаги узр, ялоқбардорлар телефоним орқали «Дунё ўзбеклари» сайтига кириш йўлини ёпиб қўйибди!
Нимадан қўрқаяпсиз, жаноб Хўжаев, эҳ, кечирасиз, Хаджаев!
ТВда ёлғиз биз сиздан норози эмас эдик!
Бундай инсонлар юзлаб, минглаб!
Ва улар сизнинг асл башарангизни, ифлос орқангизни кўрсатадиган мақолалар ёзишда давом этишади! Биласизми, нима учун?!
Чунки Зулмнинг ҳам чеки бор!
Сиз ва малъун «Yоshlаr» телерадиоканали нуриддиновга ҳам Аллоҳнинг атаган жазоси бор!
Кўза кунда эмас, кунида синади.
Шу мақол сизнинг ҳам, ялтоғингиз, сизга пора ташиб, чарчамаётган нуриддиновнинг ҳам ёдидан чиқмасин!!!
Сиздек золимлар ўзи кўрсатаётган зулмдан ҳалок бўлганига кўҳна Тарих ҳам, Инсоният ҳам бир маротаба эмас, юз маротаба эмас, минг, миллион маротаба гувоҳ бўлган. Амалингиз, пулингиз ҳаммаси ўткинчи. Уларга ишонманг. Амал кимга вафо қилибдики, сиздек туллак ва мутаҳҳамларга вафо қилса!
Билиб қўйинг… Ёдда тутинг: Амал ва тобутнинг доимий эгаси бўлмайди!!!
Шуни эсдан чиқарманг!!!
Ҳаромдан едираётган фарзандларингиз эртага турли кароматлар кўрсатса, бунга ҳам ҳайрон қолманг, тағин?!
7 шарҳ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГLeave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
ИЛТИМОС ШУ МУАЛЛИФ КУРАНБОЕВ ХАКИДА ХАМ КУПРОК МАЪЛУМОТ БЕРСИН
ИЛТИМОС ШУ МУАЛЛИФ КУРАНБОЕВ ХАКИДА ХАМ КУПРОК МАЪЛУМОТ БЕРСИН
O`tbosarovning o`limiga ham shu odam javobgar
To`gri gaplar yozilgan…
Сиз СНБ нинг кадровик офицери сифатида ЎзТВда амалга шоирган жиноятларингиз учун ўзбек халқи олдида идорадаги ўз ҳомийларингиз билан бирга эртами, кеч албатта жавоб берасиз. Оиласи бузилиб, хонавайрон бўлган ва ўзи ТВнинг маънавий бузуқ раҳбарлари томонидан номуссизлантирилган ўнлаб аёлларимиз ҳаққи ҳурмати, ноҳақ ишдан олинган ва қатағон қилинган истеъдодли журналистлар ҳаққи ҳурмати, ўзбек халқининг оёқ ости қилинган маънавияти учун шахсан Сиз жавобгарсиз, жаноб Ходжаев. Емоқнинг қусмоғи бор. Ҳар бир ножўя ҳатти ҳаракатнинг сўроғи бор. Шуни унутманг!!!
Ўзбекистон телевидениясидаги бу носоғлом муҳит ўзбек адабий жамоатчилигида анчадан бўён гап сўз бўлиб келаётган эди. Мана шу ҳақдаги асосли ва ўринли танқидий мақолани чоп этганингиз учун ижодкорлар номидан сизга раҳмат. Ўттиз миллионли давлатда бугун ҳақ гапни айтадиган, айтган тақдирда ҳам, уни чоп этадиган бирорта тирик матбуот органи йўқлиги ачинарли ҳолдир. Ўзбек зиёлиларининг бахтига Исмат Хушев ва унинг адолат минбари бўлган “Дунё ўзбеклари” доим бор бўлсин!
Макола муаллифи тухмат қилишдан Худодан қўрқса бўларди. Ўша ТВдаги агент адолат билан ёзса таъсирли бўларди. Хаджаев даврида анча яхши ишлар қилинганлигиниям ёзиш кере эди
Бу Хаджаев диганлари шу гапладан кегин козини мошде очвоса боларди, ғирт жиноятчи экану. тоғри этибди олдинги комментда, хали жовоб беради халққи олдидаям миллатти олдидаям у.