ЎРТА ТУРК ТИЛИ ва АЛИФБЕСИ тўғрисида ФИКР ва ТАВСИЯЛАР
Бу Ўрта тил Ёзуви ёруғликка келгунча, узун ойлар кечди. Ҳозирги ва энг эски (Шумер, Этруск, Уйғур, Ўрхун-Энасой) турк алфавитлари ўрганилди.
Лотин алифболари бир – бирига қиёсланароқ талқин этилди. Кўп фикр, мулохазалардан сўнг (Замонавий Лотин алфавитлари уйғунлаштирилуви асосида) дунё турк эллари учун шу ЎРТА ТУРК ТИЛИ ЁЗУВИ ишлаб чиқилди.
Бу- ёт кучлар таъсирлари ва сиқинтиларида бир-биридан узоқлашган турки тилларни яна қайтадан бир-бирига яқинлаштиради.
Замонлар етилароқ биз турклар ўз қадимий Ёзувимизга қайтамиз. Шу учун Ўрхун-Энасой алифбоси ҳам ёш авлодларга ўргатиб борилади.
Ўрта ТУРК ТИЛИ Ёзувининг туғилишида ва ҳам Шумер, Этруск кечмишларининг битилишида, Баҳодир Хон Туркистоннинг Моддий кўмагига таянилди.
Ўз элини беқиёс севувчи бу инсон яна бизни “Додем Қўрқут китоби” , “Ўғузнома” , “Чингизхон” асарларини ўзбекчага эвиришга ҳам ундаяпти. Биз Баҳодир Хон Туркистонга ўз ташаккуримизни билдирамиз.
Азиз қондошлар, сизларга ЎРТА ТУРК ТИЛИ алфавитини ва унга қўшимча равишда Ўрхун Энасой Ёзувини тақдим этамиз.
ЎРТА ТУРК ТИЛИ ва АЛИФБЕСИ тўғрисида
ФИКР ва ТАВСИЯЛАР
Турк эллари орасида кўпдан бери турли таклиф ва илмий, баъзан илмий бўлмаган фикрлар юради. Шу ўринда биз ҳам ўз таклиф ва тавсия, мулохазаларимизни айтсак фойдали бўлади, деб ўйлаймиз.
Бу мавзу биз турклар учун ҳаётдек зарур.
Дунёдаги жуда кўп қавмлар тил,дин,сиёсий тизим белгилари асосида қайта уюшган ёки уюшаётган замонда яшамоқдамиз: Араб оламида тил ва дин бирлиги асосидаги қурилмаси, яҳудийларнинг ўлик тилини тирилтириб Исроил давлати доирасида уюшиши, Марказий ва Жанубий Америкаликларнинг испан, португал тиллари асосидаги Лотин Америкаси дунёсини ҳосил қилиши ва ниҳоят кўз ўнгимизда асосини ҳинд-оврупо тилли мамлакатлар (фин, можар тиллилар жуғрофий ва дин асосидагина қабул этилган, бир истиснодир, акс ҳолда Туркиянинг қабул қилиниши бунчалик орқага суриб келинмасди) ташкил қилган Оврупо Бирлиги ва бошқа ҳарбий, сиёсий, иқтисодий иттифоқлар бунинг яққол мисолларидир. Бу бирлашма ва уюшмаларнинг орасида ўртага ташланаётган ўрта турки тилини танлаш ёки яратиш масаласи учун ўрнак бўла оладигани,бизнинг назаримизда, яҳудийларнинг ўлик тилини тирилтириши жараёни деб ҳисоблаймиз. Яҳудийлар 1,5-2 минг йил давомида жаҳоннинг турли тилларида тили чиқиб алоқа қилганлиги ва 20-юз йилликка келиб бир неча тилда гаплашувчи халққа айланганига қарамай қадимги яҳудий тили-ивритга қайтдилар ва Исроилнинг давлат тилига айлантирдилар. Буни дунёнинг ҳеч бир давлат вакиллари, олимлари, жамоат арбоблари реакцион, орқага қайтиш ҳодисаси сифатида баҳоламадилар, Аксинча.афкор омманинг кўпчилиги буни олқишладилар. Тўғри, яҳудийларнинг қайтадан бир тилли бўлишида мусавий динининг аҳамияти катта. Туркиларда эса бу борада бироз ўзгачалик бордир. Шунга қарамай, турки тиллиларнинг ҳам яҳудийлардан кўра ўз олдига қўйган вазифасини енгиллатадиган томони мавжуд. Агар яҳудийлар бир –биридан генетик ва типологик жиҳатидан кескин фарқ қиладиган тилларда гаплашиб келган бўлсалар, туркилар эса бир-биридан грамматик жиҳатидан жуда узоқлашиб кетмаган.бир асосли тилда гаплашадилар. Ҳозирги турки тиллар грамматик муштаракликни йўқотмаган. Масалан, ҳозирги ўзбек адабий тилидаги О товушини ўрта туркида акс эттириш ҳам, акс эттирмаслик ҳам қийин. Бошқа турк элларида анча замонлар узилган бир тарзда шаклланган ёқут ва чуваш тилларининг хусусиятларини ўрта турк тилда акс эттириш мушкуллиги илмий доирага аён. То ўрта асрлар ўртасигача асосий турки қавмлар билан биргаликда яшаган ҳамда тил яқинлигини сақлаган бўлишига қарамай рус империяси таркибида бўлиши ва қолиши оқибатида дини христианликнинг православ мазҳабидаги турклар (хакаслар, олтойликлар..) тилидаги диний атамаларни ўрта турк тилида акс эттириш масаласи анча чигалдир. Халқаро жаҳон тили сифатида сунъий равишда асосланган эмас, ҳатто тўлиқ ҳинд –оврупо тиллари фонетикаси ва лексикасига асосланган эсперанто, идо каби сунъий тиллар тақдири эса, жонли вакилларига эга бўлмаган тиллар ўзлаштирилиб яшаб кета олиши анча мураккаб жараён эканлигини кўрсатиб турибди. Шунга қарамай, биз тавсия қилаётган Аҳмад Яссавий “Девони ҳикмат”и тили бугунги аксарият турк элларининг тиллари хусусиятларини акс эттира олишини Аҳмад Темир деган олимнинг замонавий турки тилларни ўзига хос бир равишда гуруҳлашида ҳам намоён бўлади:
“Ҳикмат” тили ўз хусусиятларига кўра ушбу чизмадаги Y—гуруҳига мансублиги эса ҳеч бир мутахассисда шубҳа туғдирмаслиги ҳам аниқдир.
Айтилганлар асосан, соф лингвистик муаммолар бўлса, масаланинг осон кўчадиган бошқа бир томони ҳам борки. афсуски бу ердаги тўсиқлар-ижтимоий-руҳий, ҳатто миллий дейиш даражасидаги тўсиқлар ечимни янада чигаллаштиради. Бу ҳозирги замон турки адабий тилларидан бирини танлаб ўрта турки тил деб қабул қилиш ечими.
Биринчидан, барча адабий тилли турки тил вакиллари ўз адабий тилини ўрта турки тил бўлишини истайди ва шунга даъвогарлик қилиб уриниш билан бирга бошқа анча кенг имкониятларга эга бўлган бошқа бир турки тилни мазкур мавқега эга бўлишига тўсқинлик қилади. Буни тилдаги айирмачилик, бўлгинчилик деб айблаб ҳам бўлмайди. Чунки ҳозирги адабий тили ўрта тил сифатида қабул қилинган тил вакиллари ўз –ўзидан иқтисодий, ижтимоий, руҳий ва ҳатто сиёсий ортиқча имкониятларга эга бўлиб қолиши табиийдир.
Афсуски, ҳозирги йирик турки қавмлар ўзларини алоҳида миллат деб ҳисоблайдилар. Бунинг оқибатида уларда умумтурки миллатининг бир бўғинимиз дейиш ҳисси сусайган. Шунинг учун ҳам ўрта турк тили учун ҳаракат лозим. Бир замонлар яхлит миллат бўлганлигимиз ҳозир ҳам бунинг муҳим замини сақланиб келаётгани ҳақида кенг кўламда ташвиқот ишларини олиб бормоқ лозим деб ҳисоблаймиз. Йуқса, замонлар кечароқ кеч бўлади. Чунки узоқлашиш ётликни туғдиради. Шу сабабли дунё турк эллари учун БИР ТУРТКИ ЁЗУВ лозим. Бу-Таркок Турк қавмларини яқинлаштирадиган асосий воситаларидан биридир. Яна шуни таъкидламоқ зарур, Биз қўл ураётган масала Х!Х юзйиллик охири ва ХХ аср бошларида “Тилда, дилда ва ишда бирлик” шиорини илгари сурган буюк Исмоил Гаспирали фикрларининг давоми бўлиш Биз унинг қарашларидан қайси жиҳатлар кўпроқ қаршиликка учраганини ҳам ҳисобга олсак фойдали бўлади. Жумладан, унинг усмонли туркчасини соддалаштирилган кўринишини адабий ўрта турк тили сифатида қабул қилсак туғри бўлади. Шундай ҳолда катта – кичик турки шева — лаҳжа вакилларини ранжитмаймиз.
Юқорида айтганимиздек, жаҳон тиллари тараққиётида бизнинг мавзумиз учун энг яқин, энг қулай тажриба, минг-минг йиллар кечароқ яҳудийларнинг ўз тилини тиклашдир. Немис, инглиз, рус.. ва бошқа тилли яҳудийлар ўзлари ҳозир она тили ҳисоблаган тилни (Исроил давлат тилига ёки адабий тилига айлантириш йўлида) улардан устун қўйишга уринмадилар. Шу билан бирга зикр этилган ана шу тиллардан воз кечмадилар ҳам. Мана шундай йўлни тутиб иш бошлаш, бизнингча, кўрсатилган тўсиқларга учрамаслик имконини беради. Бизда шундай йўл бор. Қул Хожа Аҳмад Яссавийнинг “Девони ҳикмат” асари тили ўрта турк тилдир. У ўрта турк тили сифатида кабул этилса, айни муддао бўлади.
“Ҳикмат” тилининг ана шу мақомда бўлиши қандай қулайликлар туғдиради? Буни аник далиллар билан исботлашга ҳаракат киламиз.
Аҳмад Яссавий турк тили кенг қўлланиши учун, замонасида араб, форс тилининг исломни қабул қилган турклар орасида қўлланишига қарши курашган улуғ инсон. (:Оят — ҳадис маъниға турки келса мувофиқ, Маънисиға етканлар ерга қўйар бўркини; Таманнолиқ олимлар кўзга илмас туркини). Шуни алоҳида урғу билан айтиш лозим. Турк тилини энг кўп бузган тиллар: араб, форс тилларидир. Сўнг: ўрис тилидир. Замонавий адабиётда, ҳатто ўзидан кейинги замонлардаги турки адабиёт вакилларидан ҳам кўра турк сўзларни энг кўп ишлаган инсон Аҳмад Яссавийдир. У ҳатто исломий тушунчаларни ифода этувчи арабча сўзлар ўрнида ҳам онгли равишда турк сўзларини ишлатган. ( Тангри, Ўған , ёзуқ тангла (ўзи даргоҳида-қиёматда) жон олғучи (Азроил ўрнида), изди-издурди ( нозил қилди-нозил, қилдирди), сўрғучилар (Мункар,Накир), эран (бу сўздаги –ан шахс оти ясовчи турки сўз ясовчи қўшимчадир!) уманч, йукунч, учмаҳ, тамуғ, ўз, Ўз, ялавач, бағишла -, Аҳмад Яссавий ўз она тилини севиб ташвиқ қилган. Юртим турк, элим турк .тилим туркидур, Тилим менинг телим тиллар кўркидур. Хожа Аҳмад Яссавий ва унинг “Ҳикмат”и тили ўрта турк тили бўлишга ҳақлидир. Бутун турк олами учун тушунарли, тоза турк тилидир бу.
”Ҳикмат” тили ҳозирги туркларнинг асосий йирик қавмлари ҳали узил-кесил шаклланмасдан, ҳали улар бир –биридан географик назардан ҳам, сиёсий жиҳатдан ҳам тўлиқ пароканда бўлмай туриб туркида-энг дастлабки исломий туркида битилган илк асарлардан биридир. Исломий туркига урғу беришимизнинг сабаби ҳозирги туркиларнинг чуваш, ёқут, гагауз, қарайим, хакас, олтойликлар каби нисбатан кам сонлиларидан бошқа жуда катта кўпчилиги ислом динидадир. Демакки, замонавий, сиёсий, диний, иқтисодий, маънавий, миллий.адабий ҳамда техник тушунчаларни ифода этишда муштарак сўзларни топиш ва уларни кўпчилик учун тушунарли қилиш ишлари анча енгил кўчади.
-
Ҳикматдан сал олдин яратилган ҳамда ислом қабул қилинган даврга оид Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билик” асари ҳам ана шундай мақомга лойиқ. Лекин асарнинг турки тиллилари орасида тарқалиш доираси “Ҳикмат” билан тенглаша олмаса-да, турки адабий тиллар шаклланишига таъсири назаридан ҳам ундан ўрта турк тил грамматикаси ва лексикасини шакллантириш жараёнида кенг фойдаланиш аҳамиятли бўлади. Худди шундай Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит турк” асаридан ҳам шу тариқа кенг истифода қилиш лозим деб ҳисоблаймиз. Бу асарлар қаторига Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибатул ҳақойиқ,” Юнус Эмре ва Носириддин Рабғузийнинг “Қиссаи Рабғузий”асарларини ҳам қўшмоқ фойдалидир. Бирок асос барибир Аҳмад Яссавийнинг “Ҳикмат”лари тили бўлиб қолавериши лозим.
-
Ҳикмат тилида турки лаҳжаларининг энг йириклари—қорлуқ –уйғур, ўғуз ва қипчоқ лаҳжалиларидир. Уларнинг хусусиятлари турли даражада акс этган. Шу лаҳжаларга мансуб барча турк шевалари адабиёти ўз адабиётлари бошланишида Аҳмад Яссавий ва унинг “Девони ҳикмат”и турганлигини эътироф этади. Бу асар тили асосидаги ўрта турк тили ҳозирги ўз жонли турки тилининг бир даври сифатида қабул қилиниши кафолатидир.
-
Албатта “Девони ҳикмат” асари тили лексикаси ҳозирги замон ижтимоий-сиёсий , техник тараққиёти талабларини тўлиқ қондира олмайди. Бу борада энди Исмоил Гаспирали тавсиясидан фойдаланиб, Туркия туркчасидан кенг фойдаланмоқ зарур, лекин буни Туркиянинг ҳозирги турки давлатлар орасида энг қудратлиси, турклар сон жиҳатидан энг кўп эканлиги ёҳуд турк адабиёти бошқа туркиларга нисбатан жаҳонга кенг танишлиги каби масалалар билан боғламаганлигимизни таъкидлаб ўтмоқчимиз.
Гап Туркия турк тили асрлар давомида бошқа турки тилларга нисбатан мустақил-ҳеч бир бошқа тилнинг сиёсий, ижтимоий тазйиқисиз, таъсирисиз яшаб келмоқда. ХХ юзйиллик давомида форс, араб тилларидан ўринсиз тарзда кириб қолган сўз ва бирикмалардан озми-кўпми тозалана олган. Натижада, ўзбек, озарбайжон, татар, туркман, қозоқ каби кўп асрлик адабий тарихга эга бўлган адабий тилларга нисбатан турки тил руҳини сақлаб қолган. Бундан ташқари замона фан-техника атамаларини имкон қадар турки асосда яратиш йўли танланди.Агар яна ҳам кенг қамровда назар ташласак, Туркия турклари қадимдан келаётган туркликни — аждодларимиз тили, маданияти, психологиясини кейинги юз йилликлар давомида (бошқа йирик турки қавмлар рус асоратига тушиб қолиши оқибатида) жаҳон этник, психик, ижтимоий-сиёсий майдонида ёлғиз ўзи намоён қилиш,ҳимоя қилиш зўрида қолганлигини ҳам эътироф қилмоқ лозим. Туркия турк тили бутун ХХ юзйиллик ва ҳанузгача жаҳон анжуманларида, Бирлашган Миллатлар ташкилотида янграётган ягона турки тилдир. Ўрта турк тилига даъвогар тиллардан бири — ўзбек адабий тилидир. Туркия турк тилига нисбатан бу борадаги ноқулайликларидан баъзиларини айтиб ўтиш лозим. Бу Туркия турк тилини асос қилиб олайлик, деган таклифимизнинг боисини идрок этиш учун хизмат қилади.
Афсуски, тил мустақиллиги эълон этилганига чорак аср бўлса ҳам халқаро учрашувлардагина эмас, ҳатто ўз ҳудудларидаги давлат ишлари,оддий муомалада ҳам миллий турки тиллар ҳали ҳам қонунларида кўрсатилган мақомдан анча йироқдир (жумладан, ўзбек тили ҳам). Асли рус тилида тили чиққан давлат арбоблари ўз мамлакати миллий турки тилидан устун бўлиши интернационализмга ва миллий тараққиёт учун хизмат қилади ақидасига содиқ қолиб рус тилининг мавқеини сақлаган ҳолда инглиз тилини ўрганишни ҳам йўлга қўйиш билан миллий турки тилимизни иккинчи даражали тилдан учинчи даражага тушириб қўймоқда. Айниқса бу Ўзбекистон мисолида яққол кўзга ташланади. Ўзбекистон шаҳарларида тил юки оғирлик қилиши ва бу мамлакатдаги тил муҳити ва сиёсати оқибатида ўзбекларнинг жуда кўпчилиги болаларини рус мактабига бермоқда. Масалан, Тошкентда русча ўқитиладиган мактабларнинг барчасида ўзбеклар миқдор жиҳатидан бир неча баробар кўп бўлиб қолди. Оқибатда .рус мактабларида болалар жуда кўпайиб кетиб, энди бундай мактабга боласини бериш учун пора олиниши ҳам одатга кирди. Натижада эса турки ўзбек тили мактаблар доирасида рус тили фактик жиҳатидан Совет Ўзбекистонида давлат тили бўлиб турган мустамлака замонидагидан кўра ҳам кўпроқ сиқиққа тушиб қолди. Тил сиёсатини юргизувчи сиёсатчи олимларга ( кечагина рус тилининг-босқинчилар тилининг ўз турки тилига “самарали”,”прогрессив” таъсирини тан олган,”дунёга чиқиш дарчаси” деб эътироф этганларга, рус тилидан киритилган сўзлар русларнинг адабий тил қоидасига мувофиқ бўлишини талаб қилганларга) ўз тилимизнинг бир шаҳобчаси бўлган лаҳжанинг таъсири кучлироқ бўлса уларнинг тил шаънига тегиб кетмас деган умид-умончимиз йўқ эмас. Эътибор берган бўлсангиз. биз ўрта турк тил сифатида Аҳмад Яссавийнинг “Ҳикмат”и тилини тавсия қилиш билан бирга турки мамлакатларнинг баъзиларидаги тил вазиятига уландик. Зеро бу ҳам бизга–туркиларга нима учун муштарак адабий тил керак бўлаётгани, унинг долзарблиги билан чамбарчас боғланади. Яъни бир ўрта турк тилимиз турки давлатлар томонидан қабул қилиниб, аста-секинлик билан жорий этилса, бу тил халқаро тиллар қаторидан ўрин олишига шубҳа йўқ.
Турки тилларнинг ҳаммаси, барча агглютинатив тиллар қатори мантиқий тиллардир. Яъни бундай тилларда бир грамматик маъно учун бир шакл олинади ва ортиқча, мантиққа мос бўлмаган грамматик шакллардан қочинилади Грамматик қоидалар деярли истисносиз бўлади. Бу фикрни Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғатит турк” асаридан илғаш ва Трубецкойнинг “Ҳинд Оврупо тили ҳақида ўйлар”ида илмий исботини кўриш ва Ғарбий оврополиклар (флектив) тиллари асосида яратилган эсперанто сунъий тилида амалий тасдиғини топиш мумкин. Мана шундан келиб чиқиб, гарчи шу ўриндаги мавзумиздан сал четга суринсак ҳам, дейиш лозимки, тилимиз асосида ётган мантиқийликка қатъий амал қилиб ўрта тилимизда сингармонистик вариантларни бир умумий шаклга келтиришга эътибор берилса, бу тилни ўрганиш ва ўргатиш анча осонлашади. Бу борада “Ҳикмат”нинг ўзида ҳам намуналар борлиги ишни анча енгиллаштиради (масалан,”Ҳикмат”да кўплик шакли ҳар қандай вазиятда ҳам –лар дир).
Ўрта тил нима учун зарурлиги борасида ҳам ўз қарашларимизни баён этамиз. Бизнинг давримизда тиллар орасида яшаб қолиш учун кураш аввалги замонларга нисбатан кучайиб кетган. Ҳозирги даврда тиллар кураши натижаси тилнинг ўз хусусиятларидан кўра тил эгаларининг ўз тили тақдирига муносабати билан чамбарчас боғлиқлиги билан ажралиб туради. Айниқса,тил эгалари ҳукуматининг ўз тилига муносабати –ўз давлати доирасида ва халқаро миқёсда олиб бораётган тил сиёсатига қаттиқ боғланади. Бу Совет империясидан ажралиб чиққан янги турки давлатларнинг тил сиёсатларида яққол кўзга ташланади. Мисол тариқасида кўп асрлик адабий тилга эга бўлган ўзбеклар ва Ўзбекистондаги тил вазиятига бир назар ташласак, ўрта турк тили нима учун зарурлигини англаш мумкин.
Ўрус босқинига қадар бу ердаги уч хонликда давлат тили тушунчаси бўлмаган. Лекин расмий муомала Хива хонлигида ўзбек тили, Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлигида ўзбек ва форс тиллари қўлланарди. Кундалик турмушда ва бегоналарга муомалада ўзбек тили қўлланилган,ҳатто дари-форс тилли қондошларимиз (кейинроқ тожик деб аталганлар) ҳам бегоналар билан фақат ўзбекча муомала қилганлар. Ўрус босқини билан бу ерларда тил истилоси ҳам бошланди. Россия империяси ҳудудида қўлланиб келаётган тил жиҳатидан ўруслаштириш сиёсати ўзининг энг юқори чўққисига (Ўрта Осиё ҳуддудида, хусусан ўзбеклар яшайдиган жойларда) чиқарилди. Ўрта Осиёнинг турк ва турк бўлмаган бошқа тилларида кислород, водород, кислота каби кўплаб сўзларни ўз тили сўзлари билан ифодалашга рози бўлган Москва тил сиёсати юргизувчилари биздаги гумашта олимлар воситасидан ҳам фойдаландилар аччил, сувчил, ачитқи каби юзлаб ўзбеклар учун илм олишда ёрдам берадиган тушунарли сўзларини қўллашни таклиф қилган “Чиғатой гурунги” аъзоларини пантуркизм, миллатчилик билан айблаганлар. Бу ҳам камлик қилгандай уларни пуризмда ҳам айблайдилар. Гарчи ўрис пуризми ўша паллада тараққийпарвар ҳодиса сифатида қаралса ҳам, Ўзбек тилини интернационаллаштириш байроғи остида минглаб ўрус сўзлари киритилди: паровоз, параход, самолёт эса ўрус тилининг ўзида сунъий йўл билан ясалган сўзлар (аслида агар интернационализмга амал қилинса, ўрус тилида ҳам бу сўзлар локомотив, аэроплан,лайнер тарзида қўлланавериши керак эди) ўт арава, учқич каби сўзлар ўрусчанинг маъносига тўғри келмайди., деб гўё кулгига олинди. Ўрусдан киритилган сўзлар ўрус алифбесига ўтказилгач, ўзбек орфографиясига эмас, ўрус орфографияси ва орфоэпиясига амал қилиш талаб этилди. Тилимизга ўрус тили хуружи синтаксисга ёйилди. Биринчи Петр эмас, Петр биринчи (! Петр эмас, Петр !) деб айтиш (айтгандай, рус тили орфоэпиясидаги каби е ёзилса ҳам ё—йў) ўқиш ва ёзиш талаб этилди. Мисоллар ҳаддан ташқари кўп. Хуллас, ҳозиргача, ҳозир ҳам ўрус тили грамматик ва орфоэпик қоидаларини билмаган киши ўзбек адабий тилида тўғри гап тузиши ва сўзларни тўғри талаффуз қилиши мушкул бир ҳолатга келди.
Ўзбек тилига Совет замонида Ўзбекистонда қўлланиши ва бу тилда ўқиш, ўқитишга изн берилган бўлса ҳам, давлат идораларида,ишлаб чиқаришда, жамоат жойларида қонунда кўрсатилмаган ҳолда рус тили истеъмолда эди. Бу тилни билмаган киши Ўзбекистоннинг ҳамма жойида эмин-эркин юриб ўз ишларини битира олмас эди. Мабодо. бирон идорада, уловда ўзбек тилида муомалани талаб қилиб қолса, унга антисовет, антирус ва миллатчи тамғаси осонгина ёпишар ва бу унинг кейинги фаолиятида албатта ўз аксини топар эди. Шунинг учун ҳам имкони бор ҳар бир ўзбек ўз боласини ўрусча ўқитишга ҳаракат қиларди. Ўзбек ойдинлари орасида ўрусчага нўноқ кишилар кулгига олинар, масхара қилинарди. Аста –секин бундай тил сиёсати ўз самарасини бера бошлади.Ўзбеклар орасида миллатини ўзбек деб ёздирадиган, лекин ўзбек тилидан бегона, ўзбекчиликни билмайдигина эмас,уни эскилик сарқити деб менсимайдиган табақа-ўрус подшосию,қоммунистларининг мустамлака сиёсатини юргизувчи, Ҳамза ибораси билан айтганимизда ўрусларга ўз миллатини эзиш учун “зулм пичоғини қайраб берувчи” табақа вужудга келди. Буларни Советлар тинимсиз ишлатиб, шундай ҳалқ яратишга зўр берган ном билан-совет халқи номи билан аташ лозим. Тўғри, Россия империясида шундай халқ яратишга зўр бериб ҳаракат қилса ҳам, бунга эриша олмади. Бироқ ўзбеклар ичида шундай табақа ҳосил бўлиб улгурган эди. Афсуски, мустақилликка эришганимиздан сўнг ана шу табақа давлат ва ҳукуматни ўз қўлида сақлаб қолди. Оқибатда гарчи мустақиллик учун кураш ўзбек тилига давлат мақоми олишдан бошланган бўлишига қарамай,ўзбек тилининг Ўзбекистондаги мавқеи деярли ўзгармади. Аксинча, омма орасида инглиз тилига нисбатан Ўзбекистонда рақобат қиладиган тил ўзбек тили эмас, рус тили бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари ўзбек ёшларининг аксарияти яшаб қолиш учун инглиз тилли мамлакатларга эмас, Россияга бориб мардикорлик қилиш мажбуриятида қолиши ҳамда Россия ҳукумати бундан ўз тил сиёсатини амалга ошириш учун фойдаланиб, ўзбек мардикорлар учун рус тили ва рус тарихидан имтиҳон жорий қилиши ҳам рус тилининг Ўзбекистондаги мавқеини кучайиши учун хизмат қилмоқда.
Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида азалдан яшаб келаётган ўзбекларнинг ўзбек тилида ўқитилиши Ўзбекистон учун ҳам, улар яшаётган давлатлар учун ҳам кераксиз бир ҳолга келиб қолди. Яъни ўзбек тилининг тарқалиш доираси Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин анча торайди
Мана шундай бир вазиятда агар ўрта турк тили каби ўз тилимизнинг бир кўриниши ўзбек тилига ёрдамга келмаса,бу тилнинг тақдири анча оғир кўринади.Россия империяси таркибида бўлган ва ундан мустақил равишда ажралиб чиққан турки тилларнинг тақдири Ўзбекистондагидек аянчли аҳволда.
Ўрта турки тили ҳозирги ва қадимги турки тиллар каби агглютинатив типдаги тил бўлишини назарда тутсак ва бу тилнинг руҳига кириб боришга интилсак, флектив тилларга нисбатан турки тиллар руҳан ва бу руҳнинг ифодаси сифатида анча очиқ тил эканлигини пайқаш мумкин. Тилимизнинг бу хусусияти туркларнинг қавм –миллат сифатидаги феъл-атворида ҳам акс этган. Яъни турклар азалдан бошқа қавмларни ўзидан нари тутмагани, ўзим сингани каби тилимиз ҳам ўзга–бегона сўзларни ётсиратмайди. Дунёнинг исталган тилидаги сўз турки тилга кириб келиши биланоқ у исм туркумига оид сўз бўлса, у бемалол турлана олади ҳамда лозим бўлган тақдирда ундан феъл ясалиш имкони бўлади (лазер—лазерни,лазерга; бу лезердир;лазерламоқ , лазер қилдирмоқ….). Бу ҳолат турки тилнинг бошқа турдаги тиллар олдидаги ютуғими ёки камчилигими билмадиг-у, аммо ўрта турки тил қабул қилинишида бу хусусият ҳисобга олинмоғи лозим.
Ўрта турк тилнинг грамматикаси, фонетикаси ўзига хосликлари ишлаб чиқилгач, луғатлари тузилгач, уни ўрта мактабларнинг биринчи синфидан бошлаб она тили дарслари билан параллел ўқитиш ишлари йўлга қўйилиши тавсия этилади.
Яъни турки тилли мактабларда она тили ёнида, баъзиларида рус тили ўрнида ўрта турк тил ўқитилиши керак. Турки тилли давлатлар орасидаги муносабатлар шу тилда юритилиши зарур. Шунда бу тил келажакда халқаро тиллардан бирига айланиши муқаррар. Ўрта турк тили ҳозирги турки адабий тилларга нисбатан адабий тил бўлади. Ҳозирги турки тиллар эса ўрта турк тилга нисбатан лаҳжа ўлароқ яшаб қолади. Бу лаҳжалар ўрта адабий тилининг ривожи учун асосий манба бўлади.
Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбойжон, Туркманистон, Қирғизистон каби мустақил турки давлатларда (агар уларнинг давлат раҳбарлари буни исташса) ҳеч қандай қийинчиликсиз ўқитиш ишларини йўлга қўйса бўлади. Аммо йирик турки қавмлардан татар, бошқирд ва уйғурларда буни амалга ошириш учун ҳукмрон тил-рус ва хитой тиллари қаршилигини енгиш муаммоси бордир. Бироқ агар мустақил турки давлатлар ўрта турк тилини ўз мамлакатларида ва ўзаро –халқаро муносабатларда ишлатиш учун қайғурсалар, бунинг учун жаҳд қилсалар, маблағ сарфласалар, оз муддатда рус ва хитой мактабларида ҳам ўрта “турки тилни ўрганишни ақл тақозо қилишига (Кошғарий)” ишонамиз. Бунинг учун турки қавмларнинг барча турки тил севарлари, ўз тилининг тақдирига бефарқ бўлмаган, ўзини бир турк миллатининг фарзандлари деб билган ёшу қариси, ёзувчию деҳқони, шоиру ишчиси, талабаю олимлари барча-барчаси, турки қавмларнинг келажаги ҳақида қайғурган ҳамма инсон (турки тил яшаб қолмаса, турки миллат ҳам мавжуд бўла олмайди!) ўрта турк тили тантанаси учун курашга бел боғламоғи лозим. Бу курашнинг энг оғири деб ички тўсиқ -турки тил вакилларининг ўзаро келишмовчиликларини биламиз. Лекин бу борада ҳам ўз тарихимизда ўрнак оладиган жараёнлар бор. Биз туркилар 8-9 асрлардан бошлаб ўз тилимиз ўрнига араб ва форс тилларини жорий қилишда қандай жонбозлик кўрсатган бўлсак, энди ўз тилимизнинг замона талабларига ва бизнинг миллий туйғуларимизга уланган тилимиз яшамоғи учун ундан ҳам кучлироқ жаҳд кўрсатмоғимиз керак бўлади. Айни мавзуда тилимиз ҳимояси учун Маҳмуд Кошғарий, Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Мустафо Камол Отатурклар руҳи ва кураш йўли бизга ўрнак бўлмоғи керак. Ўрта тил учун кураш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Биз бу кутлуғ йўлда тинмай, толмай иш олиб боришимиз лозим. Тил-миллатнинг юраги, жони. Буни ҳеч қачон унутмайлик.
Ёзув –алифбе масаласи.
Ўрта турк тили қабул қилиниши албатта алифбе масаласини ҳам кўндаланг қилиб қўяди. Бу борада ҳам қабул қилиниши мумкин бўлган шаклларнинг йўқлиги ёки битталиги масала ечимини қийинлаштирмайди, аксинча, ана шундай имкониятларнинг биз туркиларда кўплиги танлаш масаласини мураккаблаштиради.
Ҳозирги замонавий, техник талабларни ҳисобга олган ҳолда масалага ёндошиш, интилиш зарурати бор деб ҳисоблаймиз. Агар миллийлик, тарихийлик нуқтаи назаридан ёндошилса, биз турклар учун Ўрхўн-Энлисой ёзуви-алифбеси ўрта тилимизнинг алифбеси бўлиши адолатдандир. Гарчи ҳозирги замон тадқиқотларидан келиб чиқилса, шумер миххатлари, этруск ёзувлари (бу ёзув алифбеси ҳақида қаранг: (Polat Kaya,Turk dunyasi arastirmalari, 122,Ekim 99,26-b) ўрта турки тил алифбеси бўлиши қонуний бир ҳол. Турклар илдизи шумерлар,ҳатто этруск (турсак) билан боғланиши масаласини бир четга қўйиб турайликда, Ўрхун ёзувини нима учун ўрта турки тил алифбеси сифатида тавсия этмаётганимизни баён этайлик.
!) Ўрхун ёзуви “ҳозиргача қўлланиб келган ва ҳозир қўлланаётган турки ёзувларнинг ичида турки тил қурилиши ва турки фонетика учун энг моси ва қулайи” бўлишига қарамасдан, бу ёзувда кейинги салкам 1,5 минг йил давомида бирор адабий, бадиий, илмий асарлар яратилмади, аниқроғи бу ёзувда аввал ҳам қўплаб илмий ёки бошқа турдаги адабиёт яратилмаган ёки бизга ҳануз номаълум бўлиб қолмоқда.
2) Бу илмий мукаммал бир ёзув тошбитиклар ёзуви сифатида қолиб кетди. Бу ёзув ихтиро қилингандан кейин кўплаб жаҳон миқёсидаги турки давлатлар вужудга келганига қарамай,бу давлатлар ва уни ташкил қилган турки қавмларнинг миллий давлат ёзувига айлана олмади. Оқибатда бу ёзув туркилар маданияти билан шуғулланувчи саноқли миқдордаги кишиларгагина маълумлигича қолмоқда.
3) Ўрхун ёзувини миллий ёзув сифатида бирон турки қавм ишлатиб сақлаб қолмагани боис ҳам бу ёзув ҳозирги амалдаги ёзувлар қаторида замонага мослаштирилиб ишлаб келинмади ва яратилган даври даражаси ва савиясида қолиб кетди (мавжуд ёзувлар каби тез ёзиш шакллари ёки ёзма ва босма кўринишлари ишланмай қолиб кетди).
Турки тиллиларда ўрта асрлардан бошлаб кенг қўлланиб то замонамизгача етиб келган араб алифбеси (туркилардан хитой асоратидаги уйғурлар, Афғонистон давлати ҳудудига киритилган ўзбеклар ва Эрон давлати ҳудудига киритилган озарбайжонлар ҳануз бу ёзувни қўллайдилар) да жуда кўп сонли бадиий,илмий ва бошқа турдаги меросимиз яратилганига қарамай,турки тил тузилиши ва руҳига мос эмаслиги ҳамда муаййан даражада зўрлаб қабул қилдирилганлиги сабабли ҳам ўрта турки тил алифбеси бўлиши учун ҳақли эмасдир, деб ҳисоблаймиз. Бу ёзув турки тиллар замонавий маданиятини акс эттириш учун тўлиқ мос келмаслиги ўтган юзйилликнинг 20-йилларида ёзилган кўплаб мақолаларда ўз исботини топган.
4) Туркиларнинг катта бир қисми-ўзбеклар, озарбайжонлар, қозоқлар, татарлар, чувашлар, туркманлар, бошқирдлар, қирғиз кабилар 1940 йиллардан бери қўллаб келган ва қўллаб келаётган рус-кирилл ёзуви турки тил қурилиши учун ёт, мутлақо мос келмайди. Бундан ташқари,бу ёзув инсоният тарихининг ХХ асрида кўплаб турки қавмларга (Инсоният тарихидаги энг қўпол империя –рус-совет империяси: босиб олган еру халқига тинчлик, адолат, инсонпарварлик, тенглик келтиришни даъво қилиш билан бирга, аскарлар ва тинч аҳолини қириб ўз ҳокимиятини ўрнатишни ўша қирғин қилинган аҳолига ва дунё жамоатчилигига ихтиёрий қўшилдинг, қўшилди, деган уйдирма ва туҳматни сингдиришга ҳам эриша олган бир фирибгар ва шаллақи империядир. Босиб олган еридаги аҳолини қириб ташлаб ёки кўчириб қирғинга дучор қилиб, русларни кўчириб келиб, орадан бироз вақт ўтгач, бу ер ва аҳоли кўпчилиги демократик сайловлар асосида Россия империясига “қўшилганлигини” адолат деб биладиган ; ўз халқи озодлиги, дини, номуси, мустақиллиги учун жонини тикиб курашган, русларга тобе бўлиб яшашдан ўлимни афзал кўрганларни дунё афкор оммасигагина эмас, ҳатто ўша озодлик учун курашганларнинг болаларига, набираларига, уларнинг яқин ота-боболари ўз ерида, ўз халқига қароқчилик қилган босмачилардир, деб шаллақилик қила оладиган империядир) зўрлаб киритилган ва бу билан улар маданий тараққиёт юзасидан руслардан анча қадим бўлган туркиларни ўз ўтмишидан узиб ташлаб, маданиятни европа маданиятининг оқова-мағзаваси заминида вужудга келган рус маданиятидан янгитдан бошлаш учун йўл очилишини назарда тутган. Буни бизнинг мавзумиз билан узвий боғлиқ бўлган Хожа Аҳмад Яссавий ижлдига муносабатда яққол кўра оламиз. Бу ғоянинг яққол қўпол бир намоёни Тошкентдаги Алишер Навоий музейи ҳовлисида Лутфийдан олдин Пушкин, Ҳамзадан олдин Горкийларга қўйилган кўксҳайкалда кўринган эди.
Хуллас, рус кирилл ёзуви қабул қилдирилган туркилардан биронтасининг маданий тарихида юксалиш бўлмади, бўлмас ҳам эди. Шунинг учун бу алифбе ўрта турк тили ёзувига асос бўлиш учун номзод ҳам бўла олмайди. Агар эътибор берсангиз рус-совет империяси таркибидаги асосан туркиларгина рус ёзувига ўтиши прогрессив деб ҳисобланган. Кавказдаги армани, гуржилар ўз алифбеларида қолгани ҳолда озарбайжонлар ўзгартириши лозим ҳисобланган. Чунки империя руслари гуржи ва армани ўз ўтмиши билан алоқаси узилмаслигини истаганлар.
Рус-совет империяси 10 йил давомида турки қавмлар қўллаган лотин алифбесидан зудлик билан рус ёзувига ўтишга шошилишининг яна бир сабаби бор эди. Кўрдиларки, Рус-совет империяси қўл остидаги туркилар лотин ёзувига ўтиш билан тукиларнинг жуда катта қисми,хусусан.дунё сиёсатида ўз ўрнига эга бўлган Туркия турклари билан бир хил ёзувга эга бўлиб қолибди, бу уларнинг наздида катта бир хавф эди, яъни турки яхлитликнинг ҳар қандай тури Россия империяси учун ҳалокатли хатар ҳисобланиб келинган. Худди шу ерда биз тавсия этаётган алифбе билан тўқнашдик. Яъни Туркия туркчаси алифбеси ўрта турк тили-Яссавий тили учунгина эмас, балки ўрт турки тил алифбеси бўлиш учун энг лойиқ алифбе деб ҳисобладик. Чунки бу алифбе таъкидланганидек, туркилар орасида эмин–эркин, бировнинг тазйиқ-тавсиясисиз турки тиллардан бирининг тил хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган. Бу алифбенинг яна бир муҳим томони ҳатто араб-форс тиллари сўзлари ҳам турки қиёфада акс этишни назарда тутади. Бу жиҳатидан гўё Яссавийнинг “оят-ҳадис маъниға турки келса мувофиқ, маънисиға етканлар ерга қўйар бўркини” ҳикматига узоқни кўзлаб амал қилгандай кўринадилар.
Бизнинг фикримизча, замонавий турк алифбеси тўлиқ қабул қилинишининг ўзи “Ҳикмат” фонетикасини тўлиқ акс эттира олмаган ўринларда лотин ёзуви доирасидан чиқмаган ҳолда қўшимча ҳарфлар олиниши лозимдир.
Бизнинг аниқлашимизча, турк алифбесидаги саккиз унли “Ҳикмат” унлиларини тўлиқ акс эттира олади. Ундошлардан эса бу алифбега киритилган ҳарфлар қуйида келтирилган ўрта турк алифбесида акс этган. (қўлёзма ҳолида келтирилган)
ЎРТА ТУРК ТИЛИ ЁЗУВИ
Aa
Ää
Bb
Cc
Çç
Dd
Ee
Ff
Gg
ﻻ — ғ
Hh
Xx
I ı
İ i
Kk
Ll
Mm
Nn
-(нг)
-нғ
Oo
Öö
) O (ўз)
Pp
Rr
Ss
Şş
Tt
Uu
Üü
Vv
Yy
Zz
Биз тавсия қилган алифбе воситасида Аҳмад Яссавийнинг “Ҳикмати”дан ўрин олган Саид Нематуллоҳнинг бир ҳикматини келтиришни лозим топдик.
Jaratqan mehribanim Subh n Izim,
Rahm ajlasa Turkistan a bar ummukin?
Jas orni a qanim tokub z r i rasam,
Mu lu ba im ct ni a surgummukin? (компьютерда биз киритган ҳарфлар шакли йўқ ўринларда улар очиқ қолдирилди).
Турк алифбесига асосланган ўрта турк алифбесининг ўзига хос ҳарфлари:
Ää – олд катор ёки юмшоқ а: “Ҳикмат” даги äнä, мäнä каби сўзлар таркибида учрайди.
Ee – ҳарфлари ўрус алифбесидан “Э” ифода этгани учун улар й+э ни ифодалай олмайди.
ﻻ — ғ — ўрус алифбосидаги Ғ ёки турк алифбосидаги ўрнига ишлатилган. Бу ҳарф имкон қадар ҳарф усти ва ости қўшимчаларидан қочиш натижасида киритилди.
Xx – турк алифбоси Н , h билан ифода этилиб х ва ҳ ни фарқламасликка таянади. Аммо Аҳмад Яссавий “Ҳикмати” асосланган адабий тилда бу икки товуш алоҳида ҳарфлар билан берилиши лозим бўлади.
Q q – турк алифбосида бу ҳарф йўқ. “Ҳикмат” тили ва умуман туркий тилларнинг жуда кўпчилигини бу товуш ва ҳарфсиз тасаввур этиб бўлмаслиги боис лотинча кўринишдаги бу товуш олинди.
— нг – барча турки тиллар ёзуви тарихида ( ўрхўн – ёзувидан ташқари) бу товуш икки ҳарф қўшилиши билан ифодаланиб келинди (нг, ng) ва айрим ғализликларга сабаб бўлди. Шунинг учун бу товуш учун Ўрхўн ёзувидаги белгини киритишга жазм қилдик.
Yy – юқоридаги товуш ва уни ифодалаган сингари монистик варианти: нғ.
) ) – Аҳмад Яссавий “Ҳикмат” идаёқ, ҳозирги ўзбек тилида бўлганидек, ўзбек кирилл ёзувида О билан ифода этиладиган товуш учрайди, айникса, форс ва араб сўзларида. Шунинг учун бу товуш ҳам ифодасини топмоғи лозим, деб билдик.
Бахтиёр Ўрдабекли,
Эврил Турон.
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
2 шарҳ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ2 комментария
-
Nafaqat Turkiya ta’siriga balki arablarning ta’siriga ham kirmasligimiz kerak. Biz mustaqil bo’lib qolishimiz kerak. Shuning uchun arabcha ismlar dan voz kechishimiz zarur. Islom dinidan ham voz kechib ajdodlarimizning qadimiy Tangri diniga qaytishimiz zarur.
-
Муаллифнинг империя, зулм каби фикрларига қўшилишим мумкин. Лекин бир савол туғилади — рус империяси ва асоратидан қутулиб, нега энди Туркия асоратига киришимиз керак? Бошиданоқ мақсадни, «энг кўп сонли», «жаҳон минбарида янграган» деган жумлалардан англаган эдим. Кейинчалик қоним қайнаб, мутолаани зўрға охирига етказдим. Ўрта тил бўлиши хайрли, лекин унинг асоси — ҳаргиз Усмонли тили ва маданияти эмас. Уларнинг ўзи биздан тарқаган, «жужукларимиз» ҳисобланади. Буни Отатурк айтган. Лобби қилманг!
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Juda yaxshi urinish. O’rta turk tili yaratilishi zarur, chunki KELAJAK TURKLARNIKIDUR. YASHASIN TURKLAR.
Yaxshi ishni boshlapsizlar. Qutli bo’lsin.
O’rxon onasoy alifbesi juda go’zal. Mana nihoyat o’zimizni topayapmiz.
Bahodir Xon Turkistonga qullik qildik.
Biz ham bu Ishlarga o’z hissamizni qo’shsak deymiz. Shuning uchun Turkiylarning qadimiy Tangri dini haqida maqola e’lon qilganlarga moddiy yordam bermoqchimiz. Iltimos maqolani Dunyouzbeklari.com da chiqaringlar. Moddiy ko’mak to’g’ridan to’g’ri avtorga yuboriladi.