Суратда:Ўзбекистон Олий Совети депутатлари Ўктам Олимов (Жиззах) (чапдан биринчи), Исмат Санаев (Самарқанд) (ўртада) ва журналист Исмат Хушев (ўнгда) Олий Кенгаш сессиясида…
1.
26 январь якшанба куни Жиззахда узоқ йиллар вилоят раҳбарларидан бири бўлиб ишлаган Ўктам Зокирович Олимов вафот этди.
1938 йилда туғилган Ўктам Олимов 76 ёшда бўлиб, Ислом Каримовнинг тенгдоши, Жиззахдаги сафдоши эди.
Душанба куни эрталаб соат 11.00 да унинг жанозаси бўлади…
2.
Ўктам Зокирович билан мен тўқсонинчи йилларнинг бошида, Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбарлигига келган зафарли йилларда танишиб, қадрдон бўлиб кетган эдик.
Ўшанда у киши Жиззах вилояти раҳбарларидан бири бўлиб, айни айтда Ўзбекистон Олий Кенгашининг депутати ҳам эди.
Ўктам Зокирович Олимов совет даврининг Жиззахдаги энг сўнгги облисполком раиси эди…
3.
1973 йил декабрида Жиззах области ташкил этилганида – Олимов Жиззах обкомининг қишлоқ хўжалиги бўйича котиби этиб тайинланди.
Унга қадар у Самарқанд область партия комитетида қишлоқ хўжалиги бўлими мудири эди.
Унинг асосан Бектош Раҳимов мактабида тобланганини алоҳида қайд этиб ўтишимиз керак.
Ўзига хос довюрак – волюнтар бу шахс ўз фаолиятининг биринчи кунидаёқ, Жиззах обкомининг биринчи секретари Саид Мамедович Тоировга муносиб рақиб эканлигини яшириб ўтирмади.
Қрим татар фарзанди Тоиров даври ўтди. Унинг ўрнига қашқадарёлик Тўхтамиш Боймиров келди. Сўнг тошкентлик Шоғазатов раҳбар бўлди. Кейин чимкентлик Ислом Султонович Умаров Жиззахда биринчи котиб сифатида совет даврини якунлади.
Биринчи котибликка даъвогарлигини ҳар қадамда таъкидлаб келган Ўктам Олимовни совет даврининг сўнгги йилларида аввал Дўстлик районига, кейинчалик – Пахтакордек оғир чўл туманларига – райкомнинг биринчи секретарлигига сургун қилишди…
4.
Ва ниҳоят Мустақиллик йилларига келиб – Каримов даврида – барча вилоятларга воҳанинг ўз фарзандларини биринчи раҳбар қилиб сайлаш амал қила бошлади.
Ниҳоят, Ўктам Олимов учун ҳам ўз орзуси сари дадил қадам ташлаши учун қулай шароит келади.
Вилоят бош майдонида ҳокимлик сайловлари олдидан бир неча кун ҳукм сурган Ўктам Олимов тарафдорларининг ошкора намойишлари Жиззахни бамисоли зилзила майдонига айлантириб қўйди.
Ислом Каримов ҳокимиятга келган Мустақиллик йилларининг дастлабки даври тарихида биринчи марта вилоят марказида сессия ўтказиш имконияти бўлмаганлигини замон тарихчилари ҳали қайд этсалар ажаб эмас.
Ўзбекистон раҳбарияти ҳокимлик сайловини Жиззах шаҳридан юз километр узоқликда жойлашган Мирзачўл районида ўтказишга мажбур бўлди.
Бунинг асосий ва бош сабаби – валюнтар раҳбар Олимов тарафдорлари Жиззахнинг бош майдонига республика раҳбариятининг кириб келиш имкониятини маълум даражада хавф остига қўйганлари билан боғлиқ эди.
Натижада сайлов Мирзачўлда ўтиб, узоқ йиллар “Қаршистрой” бошлиғи, кейинчалик Ўзбекистоннинг Москвадаги вакили бўлган ва охирги йилларда “Ўзглавводстрой” вазири бўлиб ишлаган Эркин Турсунов – Жиззах ҳокими, Ўктам Олимов – унинг биринчи муовини этиб сайланадилар.
Ўз мақсадига барибир эришолмаган Олимов Эркин Турсунов билан умрининг охиригача беармон олишди…
5.
1993 йил Эркин Турсунов ушбу “олишув”лар ва қаршиликлар оқибатида “синиб”, унинг ўринга Самарқанд мактабининг вакили Алишер Тошкенбоев (“Узплодоовошвинпром” бошлиғи) ҳоким бўлиб келди.
Бу даврни – Ўктам Олимов учун нафас ростлаш даври бўлди десак тўғри бўлади. Уларнинг янги раҳбар билан аввалдан муносабатлари яхши эди. Лекин бу ҳам узоққа чўзилмади.
Орадан икки йил ўтиб, 1995 – йил асли зоминлик бўлган Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкат Миромонович Мирзиёев Жиззах вилоятининг янги ҳокими этиб сайланади.
Совет даврининг энг сўнгги облисполком раиси бўлган Ўктам Олимовга мустақиллик даврига келиб Жиззахнинг биринчи раҳбари бўлиш барибир насиб этмади…
6.
Шавкат Мирзиёев Жиззахдаги ижтимоий сиёсий вазиятдан яхши хабардор эди.
Шунинг учун ҳам вилоятга раҳбар бўлиб, ўз раислигида ўтган биринчи сессиядаёқ: “Жиззахда бир гуруҳ шахслар ҳамон Рашидовнинг соясидан жой ахтарадилар. Рашидов замонлари аллақачон ўтиб кетди. Биз уларни энди саратон офтобига чиқарамиз. Мана улардан бири, – деб ўртоқ Мирзиёев аввал – Ўктам Олимовни, сўнг Рашидовнинг укаси – Жиззах политехника институти ректори бўлиб ишлаб турган академик Носир Рашидовни кўрсатади…
Ва уларга кўрсаткич бармоғини қадаб: “Мана, ўтиришларини қаранг, ҳамон отдан тушсалар ҳам, эгардан тушмайдилар. Биз уларни энди думидан тортиб ерга тушириб қўямиз!” – деб ўз фаолиятининг биринчи куниданоқ уларни “қуролсизлантириш”га ҳаракат қилади…
Ҳа, мен Шавкат Миромоновични яхши танийман.
Бу билан у биринчи кун ва биринчи йиғилишдаёқ вилоятга ким раҳбар бўлиб келганини халққа кўратиб қўйган бўлса, иккинчидан ким ўз ўрнида қолиб, ким кетиши лозимлигини ҳам очиқ ойдин айтган эди…
Жумладан, залда ўтирган яна бир одамни Мирзиёев яхши танирди.
Лекин сир бой бермай уни ҳам ўрнидан турғазиб, “Сан нима иш қиласан?” деб савол беради.
Физика математика фанлари доктори, профессор Назирқул ака Шербоев ҳайрон бўлиб ўрнидан туради ва жавоб беради: “Жиззах пединститути ректориман!” деб…
– Сени бу вазифага ким тайинлади? Ҳокимият бунга рози эмас! Қаердан келган бўлсанг, жойинг совумай қайтиб кет. Сан энди ректор эмассан! – деб Мирзиёев уни залдан чиқариб юборган.
Ҳолбуки, Нарзиқул ака бунга қадар республиканинг нуфузли олий даргоҳи – Низомий номли университетда проректор бўлиб ишлаган.
Шавкат Мирзиёев янги борган иш жойидаги вилоят олий ўқув юрти раҳбарларига нега ташланиб қолгани боисини бошқалар эҳтимол билмас.
Лекин мен яхши биламан.
Ўзи асли шу даргоҳдан чиққан Мирзиёев бу жой қанақа “муқаддас” жой эканини бошқаларга қараганда яхши биларди.
Бу – район ҳокимлигига қараганда ҳам бир неча ўн маротаба кўпроқ “пуллик” ва “қуллик” бўлган олий таълим даргоҳларига ўз одамларини қўйишнинг янги ва синалган усули эди…
8.
Кейин бир оздан кейин Ўзбекистон президенти Ислом Каримов янги президентлик сайлови муносабати билан Жиззах фаоллари билан учрашар экан, залдаги орқа ўриндиқларнинг бирида елкасини қисиб, креслога чўкиб ўтирган Носир Рашидовни шахсан таниб қолиб, маърўза қилиб турган жойидан сўзини тўхтатиб, залдан тўппа тўғри юриб унинг олдига келади.
Носир Рашидов билан қучоқлашиб кўришади. Ва: “Носир ака, Сиз нега бунча орқада ўтирибсиз” – деб ийманиб ва тортиниб турган академикни Президиумга олиб чиқиб ўз ёнига ўтирғизиб қўяди.
Ва маъруза қолиб, Носир аканинг камтарлиги, одамийлиги, Рашидовлар сулоласининг инсоний фазилатлари ҳақида сўз юритади.
Ким билади дейсиз, бу ҳам Ислом ака сиёсатининг ўзига хос бир маҳсулидир.
Лекин нима бўлганда ҳам у ўзининг бу ҳатти ҳаракати билан жиззахликлар қалбида чексиз иззат ва эҳтиромга эга бўлганига шубҳам йўқ…
Қолаверса, Ислом акага хос бўлган одамийлик фазилатларини ҳам эсдан чиқармаслигимиз лозим.
Шундан кейин халқнинг кўзи олдида Ислом акадан кейин Мирзиёев ҳам ўз ёнига келиб ўтирган Носир акани алоҳида қучоқлаб, икки юзидан чўлпиллатиб ўпа бошлайди…
9.
Ҳатто шундан кейин ҳам Жиззахда Рашидов сулолалари елкасига барибир офтоб тегмади.
Шу воқеадан кўп ўтмай Носир Рашидов автомобиль ҳалокатига учрайди, лекин омон қолади. Сўнг кўп ўтмай босқинчилик қурбони бўлиб, 50 ёшининг нари берисида сирли равишда ҳалок бўлади…
Ўктам Олимовни эса ишдан олиб, Жиззах темир йўли атрофидаги қарғишга учраган “Кўк бозор”га директор қилиб жўнатишди.
Бу ерда ҳам унинг салтанати узоққа жўзилмади. Пенсия баҳонасида бу ердан ҳам қувилади…
Ҳеч ким йўқ қилолмаган вилоятдаги икки нафар машҳур ва маҳаллий кадрлар Мирзиёев даврида шу тариқа йўқликка ва унутилишга маҳкум этилдилар…
Ўктам Олимов ишдан урилганидан кейин умрининг охиригача унинг бор йўқлигини биров билмади.
Жиззах вилоятининг очилганига 40 йилдан ошди ҳамки, асли туб жиззахлик бўлган бирорта шахсга, жумладан Олимовга ҳам область биринчи раҳбарлиги муяссар бўлмади.
Қанчадан қанча тасодифий шахслар келиб кетди.
Бироқ, республикага Шароф Рашидовдек буюк давлат арбобини етиштириб берган Жиззахдаги бирор бир одамга бундан кейин вилоятнинг биринчи раҳбарлиги муносиб кўрилмади.
Жиззах мактабининг вакилларидан ҳеч бирига – ҳокимликка йўл очилмади…
11.
Адолат юзасидан шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Шароф Рашидов ўз даврида Жиззахлик кадрларга бир мунча “бешафқат” бўлди.
Рашидов замонида Жиззах вилоятининг биринчи раҳбарлиги тўрт марта ўзгарди. Жиззах тумани ва шаҳрининг биринчи раҳбарлиги эса – сон саноқсиз ўзгаргандир.
Унга қадар Жиззахни ўз таркибига олган Сирдарё вилоятида биринчи раҳбар етти марта ўзгарди.
Ўн беш йил Сирдарё вилояти облисполкомининг раиси бўлиб ишлаган Иброҳим Ўролович Қўчқоров серқирра фазилатлари билан Шароф Рашидовга ғоятда хуш ёқар эди.
Лекин шунга қарамай, унга ҳам вилоятнинг биринчи раҳбари бўлиш насиб этамади…
Нега шундай бўлди?
Қозоқ Хасанбоев Егимқул, рус Виктор Хайдуров, Владимир Антонов, Александр Клепиков ва қатор бошқа миллат вакиллари ва ғўр бошқа раҳбарлар келиб кетди-ю, бироқ маҳаллий миллат вакили бўлган Иброҳим Қўчқоров область ижроия қўмитасида қолиб кетди…
(Рашидов ўлимидан олти ой олдин ниманидир сезган чоғи, Жиззах шахрининг биринчи котиблигига Убайдулла Тўрақуловни шаҳар ижроқўми раислигидан олиб, биринчи котибликка розилик берганлигини қайд этишади. Рашидов фақат шу инсонга биринчиликни муносиб кўрди)…
Хуллас, Рашидов даврида бирорта ҳам жиззахлик на биринчи котиб ва на министр бўлолмади.
Бунинг боиси алоҳида таҳлилга сазовор ва биз бу масалага ҳали қайтамиз…
12.
Ўктам Олимов ўзининг сал кам эллик йиллик раҳбарлик фаолияти давомида Жиззах ва жиззахликлар учун қўлидан келган ҳамма ишни қилишга, ўзидан кўп ёдгорликлар қолдиришга муяссар бўлди.