Юсуф Жума. Янги шеърлар — Шукур Содиқ хотирасига
Юсуф Жума. Янги шеърлар
Толстойнинг бахтсизлиги
Чиқар Кумуш хушбўйи анқиб
Ўқиганда “Ўтган кунлар”ни.
Толстой ҳам бўларди адиб
Ўқиганда “Ўтган кунлар”ни.
Бир бетида ёнаётган жон,
Бир бетида отилар вулқон,
Бир бетида оқади “Қуръон”
Ўқиганда “Ўтган кунлар”ни.
Бир варағи сокин дарёдир,
Бир варағи кунли самодир.
Бошдан оёқ ордир, ҳаёдир
Ўқиганда “Ўтган кунлар”ни.
Лев Толстой бахтсиздир нечун—
Қодирийдан туғилган бурун.
Китоблари бўлмасди қалин
Ўқиганда “Ўтган кунлар”ни.
Уқар эди, сабоқ оларди,
Ижодини изга соларди.
Балким, ёзмай қўя қоларди
Ўқиганда “Ўтган кунлар”ни.
-
07. 2016.
Ҳарорат юқори, уйлабсан пухта
Очун бамисоли ўт тушган шахта.
Ёқсанг, улуғ Тангрим, пасткаш одамзот—
Энг чексиз хатога қўйилар нуқта.
-
07. 2016.
Шукур Содиқ хотирасига
Шукур Содиқ, шукур, содиқ дўст-ёрон эдик,
Кечагина юрардик қизлар ортидан.
Гўзалларнинг йўлларида йиртардик этик
Наҳот букун жой олгансан тупроқ остидан.
Йўқ, йўқ, кўнглим тўридасан, чиқмассан асло,
Сен Ҳамроқул Асқар билан Юсуф ёдидан.
Биз ўтсак ҳам руҳларимиз кезади дунё
Истаганлар бизни топар қизлар ортидан.
-
07. 2016.
Барча йўллар, Сизни бағримга босай
Сизда гўзалларнинг излари бордир.
Фалакка ўзимни кўзимда осай
Юлдузларда шахло кўзлари бордир.
Шамоллар Сизларга кўксимни очай
Барингизда хушбўй ислари бордир.
Она ер, мен сенга юкиниб кечай
Бағрингда қизларнинг ўзлари бордир.
Тангрим, сиғинаман сенга не боис,
Юзингдан нишона – юзлари бордир.
Юсуфга юкининг юксак осмонлар
Бошида гўзаллар излари бордир.
-
07. 2016.
Бургут бир учганда етган жойига
Қай қушнинг бир умр етгани тенгдир.
Чақмоқнинг бир зумда тутган жойига
Қай шамнинг бир умр тутгани тенгдир.
Уммоннинг бир қулоч отгани билан
Қай кўлнинг бир умр тутгани тенгдир.
Юсуфнинг бир кунда битгани билан
Кимнинг бутун умр битгани тенгдир.
-
07. 2016.
Мени ёмон деган менга тупурган
Эй бағримда ўсган, жигарим – бағр.
Бир умр бошимда айшини сурган,
Мендан яхши бўлса менга хабар бер.
Эпчил лочин бўлиб борайин,
Оёғи остига кўчиб борайин.
Ёвуз, йиртқичлардан қочиб борайин
Мендан яхши бўлса менга хабар бер.
Чиндан сўзим аччиқ, аччиқдан аччиқ—
Энг аччиқ, энг ширин – ҳақиқат кучлик.
Лекин юрак бағрим осмондай очиқ
Мендан яхши бўлса менга хабар бер.
Фақат битта бордир, афсус, минг афсус,
Беҳад олисдадир, Тангридир олис.
Водариғ, бошқалар Юсуфдан ноқис,
Мендан яхши бўлса менга хабар бер.
-
07. 2016
Тангри Раҳматга кўмсин
Улуғ Темур зотини.
Байқаро етаклаган
Мир Алишер отини.
Бугунки подшо нодон,
Тангри берсин додини.
Қашқир бўлиб чайнайди
Юсуф Жума отини.
-
07. 2016.
Сенга дод айладим, осмадинг қулоқ,
Кимга дод этайин сенинг устингдан?!
Ёвузлар от сурар, яхшига сиртмоқ,
Кимга дод этайин сенинг устингдан?!
Ўзга фалак бўлса, ўзгага кўчсам
Яратганларингдан, сендан ҳам кечсам.
Мен ҳам муродимнинг пойидан қучсам,
Кимга дод этайин сенинг устингдан?!
Қандоқ бунёд бўлдинг, нечун ва недан?!
Кўрсатгин ичингни кўрайин несан?!
Муродинг нимадир, бир нима десан?!
Кимга дод этайин сенинг устингдан?!
Сен ҳақда миш-миш кўп, қайси бири рост,
Ернинг усти остми, ернинг ости ост,
Очундан гўр ёруғ бўлмагач бир дўст,
Кимга дод этайин сенинг устингдан?!
Айбсизми яратган айбдорларни—
Ичи қораларни, ичи торларни.
Сояларинг – қонхўр ҳукмдорларни,
Кимга дод этайин сенинг устингдан?!
Беканор қўрқитдинг мени не боис,
Нечун қўрқоғингдан юрасан олис?!
Юракда борини айладим холис,
Кимга дод этайин сенинг устингдан?!
Водариғ қанотсиз ярадор қушман,
Одам болалари ёғийдир тубан.
Ҳатто нодон Юсуф Юсуфга душман,
Кимга дод этайин сенинг устингдан?!
-
07. 2016.
Ёз
Эҳ бизда олмалар бошқача бўлар,
Ширин гўзалларнинг ёноқларидай.
Жайхун дарёдайин сўлагим келар.
Гилоси қизларнинг дудоқларидай.
Анорлар бошқача – боғлар қуёши,
Шириндир қизларнинг сийналаридай.
Толе ҳам бошқача – Юсуфнинг боши
Қизлар туфлисининг пошналаридай.
Эҳ бизда бошқача ҳандалаклар ҳам
Шириндир қизларнинг висолларидай.
Эҳ бизда бошқача бошқача олам
Гўзалдир Туроннинг аёлларидай.
Эҳ бизда бошқача ёзлару кузлар
Бошқача ҳаволар, ой жилвалари.
Юсуф ёт юртларда чекар афсуслар
На гўзаллари бор, на мевалари.
-
07. 2016.
Зинҳор жон қушимни этолмассан ов,
Ҳатто сололмайсан отимга жилов.
Менинг жон соқчимни Тангри дейдилар,
Тангрини енгишга қодирмисан, ёв?!
-
07. 2016.
Нега нодон, номард гўлга сўз айтдим мен,
Бундан кўра ўтда сузсам бўлмасмиди?!
Ҳақ – ҳикмат деб турмаларда бўлдим тутқун,
Бундан кўра очун кезсам бўлмасмиди?!
Оқибат не – ўз галамдан кўрдим хўрлик,
Ўз элимдан – бекалламдан кўрдим хўрлик.
Ўзли ўздан, ўз чайламдан кўрдим хўрлик,
Каллалардан минор тузсам бўлмасмиди?!
Ҳикмат эмас, емиш керак ноқисларга,
Шартми отим олиниши оғизларга.
Йўқлангунча шу қазихўр оғизларда
Ҳақни айтган тилни кессам бўлмасмиди?!
-
07. 2016.
Сен саҳрога ишлама, сенга саҳро ишласин,
Сен дарёга ишлама, сенга дарё ишласин.
Саҳро сенга боғ бўлсин, дарё бўлсин боғбонинг,
Сен зиёга ишлама, сенга зиё ишласин.
Балодан завол топма, балодан камол топгин,
Сен балога ишлама, бало сенга ишласин.
Фанодан бўлма адо, ёв бошига сол фано,
Сен фанога ишлама, фано сенга ишласин.
Фанодан бўлма адо, ёв бошига сол фано,
Сен фанога ишлама, фано сенга ишласин.
Дунёни қул этмасанг, дунё сени қул этар,
Сен дунёга ишлама, дунё сенга ишласин.
-
07. 2016.