Сиз билган Муғанний… («Ўтганлар ёди» туркумидан)
МУҒАННИЙ
(Ғанижон Холматов)
(1949-2014)
Қирғизистондаги истиқлол даври ўзбек шоирлари ҳақида сўз кетганда, энг аввало, ғазалнавис шоир Муғанний номини тилга оламиз. Чунки Муғанний – Ғанижон Холматовни мустақил юртимиздаги замонавий ўзбек шеъриятининг нафақат пешқадам вакили, балки сарбони десак, муболаға бўлмайди.
Муғанний шеърият шайдоларига ғазалнавис шоир сифатида танилди. Унинг ўтли, сержилва ғазаллари қўшиқлар қанотида нафақат Ўш, Жалолобод, балки бошқа давлат ва ҳудудлардаги ўзбеклар хонадонига ҳам кириб борди, уларнинг кўнгил мулкига айланди.
Шоир тўпламларидан ўрин олган шеър ва ғазаллар ўзига, ҳаётга ва одамлар тақдирига бефарқ бўлолмайдиган безовта қалб соҳиби қаламидан тўкилган дил изҳорлари, кўнгил сувратларидир.
Муғанний шеъриятнинг мазмун, туйғу ва кечинмалар манзараси доирасини фақат ишқ-муҳаббат изтиробларигина эмас, онага меҳр, Ватанга муҳаббат, замон ўзгаришларидан ташвиш, фоний дунё ёлғонларидан нолиш оҳанглари ҳам ташкил этади.
… Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Муғаннийни элга танитган унинг қўшиқлари бўлса-да, замонавий шеъриятимизда шоир Муғаннийнинг ғазалиёти ўз салмоғи ва бадиий савияси билан мумтозликка даъвогардир. Шоир Муғанний мумтоз адабиёт анъаналарини, айнан Навоий юқори чўққига кўтариб қўйган ғазалчилик анъанасини замонавий шеъриятда самарали давом эттирган таниқли ижодкорлардан бири десак, хато бўлмас…
Болалик йиллари…
1949 йил. Чилланинг охирги куни – 5 февраль…
Ўша даврларда Ўшнинг маълум ва машҳур арабий ва форсий билимлар эгаси Турғун отинча хонадони (ҳозирги Ёшлар кўчасидаги 93-уй ) да ўғил фарзанд дунёга келади. Дунёга келадию, лекин бошқа гўдаклар каби йиғлаб туғилмайди.
Ортига тушган бир шапалоқдан кейин чинқираб йиғлай бошлайди. Бу гўдак ўша пайтларнинг таниқли бойларидан бири бўлган Абдукаримжон аканинг ва Шукурхон опанинг кенжа фарзанди – Ғанижон эди. Ким билади дейсиз ўшанда, бу гўдакдан йиллар ўтиб, буюк ва бетакрор истеъдод пайдо бўлишлигини…
Ҳалқимиз фахрига айланувчи Ғанижон Холматов бўлиб танилишлигини ким ҳам хаёлига келтирган дейсиз…
Турғун отинча Ғанижон акага хола бўлиб, болалиги асосан отинча аянинг уйида ўтади. Агар аразлагудек бўлса ҳам чопқиллаб холасининг уйига қочиб чиқиб кетар эди. Абдукаримжон ака эса алоҳида совға-саломлар билан ўз уйига қайтарар эди.
Турғун отинча шаҳарда таниқли икки отинчанинг бири бўлиб, зиёли, илмига яраша амал қилувчи, меҳрибон, дилкаш аёл бўлган. Шу билан бирга шеърият, адабиётдан яхшигина бохабар эди.
Ғанижон аканинг туғилган онида йиғламагани учун кетига шапатилаган Туруғун отинча, “Сен дунёга келиб-келмасдан калтак егансан” деб умрининг охиригача домла раҳматлидан ризолик сўраб ўтган.
Турғун отинча мумтоз адабиётни севиб мутолаа қилувчи, унга “тиши ўтадиган” бўлгани учунми Ҳожаназар Ҳувайдо девонидан кичкина Ғанижонга ўқиб берар эди. “Кел, болам, ўтириб эшит! Сенга Эшонимдан ўқиб бераман”, деб ўйнаб юрган болакайнинг қўлига қанд-қурс ёки беш-ўн танга бериб, Ҳазрати Ҳувайдо ғазалларидан ўқиб берар эди. Балки, Ғанижон аканинг гул умрининг илк паллаларида ўша ғазаллар ниҳоли экилган бўлса не ажаб…
Абдукарим ака савдогарлик қилар, Россия шаҳарларига қатнаб турар, оталари Холматжон аканинг касби бўлган темирчиликдан ҳам яхши хабардор киши бўлган. Ўзларига тўқ, бадавлат бўлганлигидан фарзандлари мадрасаларда, юқори тоифадаги мактабларда таҳсил олишган. Буларнинг силсиласида илм-маърифат узлуксиз давом этгани кундек равшан.
Худоёрхоннинг вазирларидан бирининг авлодларидан бўлган Шукурхон ая ҳам кучли отинчалардан эди. Ўзи эса дўппи тикиб сотар, ҳар гапининг бирида ҳалқ мақолларидан ишлатувчи, содда бир аёл бўлган. Аслида Шукурхон отинча ая Ғанижон акада адабиётга қизиқиш уйғонишига сабабчилардан бўлган.
Ғанижон ака “Ёшлар” кўчасига қўшни бўлган ҳозирги Комарова кўчасида яшаган бўлишига қарамай, болалиги кўпроқ “Ёшлар” кўчасида – Турғун отинча хонадонида ўтади. Бу ҳам ўз ўрнида илоҳий бир қисмат бўлиб, у кишининг келажакда етук бўлиб шаклланишига хизмат қилган. Ғанижоннинг акаси бўлиб, ўзидан 12 ёш фарқ қиларди. Икки хонадонинг кенжа ва эрка фарзанди бўлган.
Ўқувчилик йиллари…
1956 йил. Шаҳардаги Наримонов мактабига қабул қилинган 1 синф ўқувчилари ичида Абдукарим аканинг кенжа фарзанди ҳам бор эди. Ғанижон мактабнинг фаол ўқувчиларидан бирига айланади.
Мактаб фанларидан “4” ва “5” баҳо оладиган, турли тадбирларда шаҳдам хизмат қиладиган бу болакайни бир куни “пионер вожатий” чақиради. Хуллас мактаб деворий газетасига шеър керак бўлиб қолади. “Эртага шеър ёзиб келинг, адабиётдан бешга ўқир экансиз” дейди у. 7 синф ўқувчиси бўлган Ғанижон адабиётдан яхши ўқигани билан шеър ёзмаслигини айтади. Шунда опа худди бир оддий мақола ёзиш топшириғини бергандай, “ёзиб келасиз, тамом!” дейди.
Пионер ташкилотининг вазифаларини бажармайдиган одати бўлмаган Ғанижон кечаси билан ўтириб, «Мактабим» деб бир шеър ёзади.
Мактабим, мактабим улуғ мактабим,
Ўн бир йил ўтади қўйнингда умрим.
Шу ёшлик йилларим гуллатувчи сен,
Олис самоларга йўллатувчи сен…
Эрталаб шеърни кўрсатади. “Ҳа, бўлар экан-ку!” деб, шу шеърни деворий газетага чиқаришади. Ғанижон домланинг илк шеърий машқи мана шу зайлда дунёга келади. Бу воқеа таҳминан 1963 йиллар эди.
Кейинроқ 9 синфда ўқиб юрган пайтларида “Онани хурмат қилинг” ғазалини ёзади. Бу ғазал орадан бир қанча йиллар ўтиб машҳур хофиз Шерали Жўраев томонидан ижро этилди ва ҳозирги кунга қадар одамлар орасида маълум ва машҳур.
Юқори синфда ўқиб юрган кезлари доирага бўлган иштиёқи туфайли мактаб ўқишларини бироз четга суриб қўйган Ғанижон ака оиласидан қаттиқ танбеҳ олгач бир ой ичида мустақил қолган дарсларини ўзлаштириб, ҳамма фанлардан имтиҳонни аълога топшириб устозларини ҳайратда қолдиради. Кейинроқ буларни эслар экан, ҳам ўқиш ҳам ўзи суйган доирага бўлган муҳаббатини фаҳр билан ёдга оларди…
Устозлари баъзида бўйи узуннинг ақли калта бўлади, сенда эса аксинча деб ҳазил ҳам қилиб туришарди.
Ғанижон ака кейинроқ Наримонов мактабидан шаҳардаги Ленин мактабига кўчиб ўтди. Ленин мактабида ҳам ўқувчилар ўртасида мактаб театри ташкил этиб, ўзи каби истеъдодлар билан бирга дарсдан ташқари шуғулланиб келганини ҳозиргача айрим дўстлари айтиб келишади.
Талабалик…
1966 йил мактабни тамомлаган Ғанижон Холматов Островский номидаги Тошкент Давлат театр ва рассомчилик санъати олийгоҳига ўқишга киради. Талабаликнинг олтин даврлари, йигитликнинг олтин паллалари айнан Тошкентда кечди. Бу ёқдан Ғанижон домлани моддий таъминлаб турган у кишининг ота-онаси бўлди. Бунинг учун шоир улардан беҳад миннатдор эди.
Ҳаёт кутилмаганда кутилмаган мукофотлар ҳам бериб туради. Не бахтки, ўзбек ҳалқининг буюк ҳофизи Шерали Жўраев билан бир институтда ўқишлик бахтига муяссар бўлиб қолади. Айни йигитлик даври, муҳаббат туйғулари жўш урган паллалар…
Ҳижрон, соғинч туйғулари юракни ўртаётган олтин даврларда муҳаббат ҳақида, айрилиқ хижрон ҳақида қатор-қатор шеър ва ғазаллар ёзила бошланди. Кейинроқ айрилиқ ғазалларидан ўнлаби ажиб оҳанг билан Шерали ака томонидан ижро этилди.
Шерали аканинг ҳозирги кунгача ҳалқ оғзидан тушмай келаётган ўндан ортиқ қўшиқларининг муаллифи ҳам бевосита Ғанижон Холматов, яъни Муғанний бўлиб қолди.
Ўш ўзбек мусиқали драма театри
Театр тарихига назар соладиган бўлсак 1918-1919 йилларда, яъни чоризм пайтларида актёрлар театрлаштирилган агитгурухлар уюштиришиб, кўплаб жойларда концертлар, спектакллар қўйишиб юришган.
1929 йилга келиб театрга Орозбеков номидаги вилоят мусиқали драма театри мақоми берилди. 1934 йили театр Ленингирадда гастрол уюштириб, катта ҳисобот концерти берган. Ўшанда Киров ҳузурида бўлишиб, ижобий ютуқлар билан қайтишган.
1935 йилда театрга Киров номи берилди.1991 йилгача шу ном билан фаолият кўрсатиб келди. Мустақиллик шарофати билан 1991 йилда театрга Бобур номи берилди. 2005 йили санъат даргоҳига Академик театр мақоми берилди.
Бу ўз ўрнида муносиб мақом эди. Хуллас, ўқишни эндигина тамомлаган Ғанижон ака мазкур театрга ишга кириб, актёрлик қила бошлади. Бу айни 1970 йиллар эди.
Асосий касби актёрлик бўлган Ғанижон ака театрда кўплаб роллар ижро этади. Улардан машҳурлари ҳам талайгина. У кишининг актёрлик маҳорати алоҳида бир мактаб бўлиб, ҳозиргача ўйнаган роллари дўстлари ва шогирдлари томонидан мақтаб келинади.
Айниқса, Гоголнинг “ Ревизор” спектаклида Хлестаков ролини ўйнаганидан кейин, қаерда одамлар кўрса “ана ревизор келяпти, Хлестаков” дейишар эди. Ўн йилларда зўрға бу номдан қутилди. Бу албатта ролнинг яхши ижро этилганидан далолат.
Ғанижон ака театр соҳасида узоқ ишлади. Лекин яхши режиссёрга кўп зор бўлди. Натижада режиссура билан ўзи машғул бўлишига тўғри келди. Маданият арбоби Салоҳиддин ака Умаров Ғанижон акага устозлик қилди. У киши ўзбек ҳалқ режуссурасининг маҳоратли устаси эди.
Шу кишидан ўрганиб, ўзбекистонлик Бахтиёр Йўлдошев ва бошқа режиссёрлардан илҳомланиб, режиссура билан шуғулланишга тўғри келди. Актёр сифатида эса 50 дан ортиқ эсда қоларли ролларни ижро этди.
Режиссурага ўтганидан кейин ҳам иккита катта рол ижро этади. Улардан бири Мухтор Шахановнинг “Чингизхон олиб кетган сир” трагедиясида Чингизхон ролини ижро этиб, Қозоғистонда намойиш қилишади. Айниқса Тошкентда Миллий театрда катта муваффақият қозонади. Йиллар ўтиб ҳамки бугунги кунда ким шу спектаклни кўрган бўлса шубҳасиз Ғанижон аканинг маҳоратини эътироф этиб ўтади.
Энг охирги, Ғанижон ака Холматов учун катта бир ижодий жараён бўлган асар Мирзо Улуғбек ҳақидаги асар бўлди. Бу ўзи бир катта тарих бўлиб, шунинг ичидан бир томонини, яъни унинг йигирма ёшлик энг кичик хотини Ферузага бўлган муҳаббатини, Улуғбек қисматини ғоя қилиб чиқади.
Ёш драматург Элмурод Юсуфнинг биринчи асарини Ўшда қўйди. Биринчи асарнинг ўзиёқ драматургга катта муваффақият олиб келади.
Меҳнат ҳеч қачон бесамар кетмас экан. Театрда кўрсатган фаолияти учун 2005 йил Ғанижон домлага “Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони берилди.
“Сен кетдинг аста аста”
“Орзуларим оғилаб сен кетдинг аста-аста,
Бормоқдаман ёҳулаб ортингдан ҳаста-ҳаста”.
Муғанний қўшиқларининг 80 фоизини ҳижрон, айрилиқ ташкил қилади. Юқоридаги бу қўшиқ шеър сифатида1983 йилда ёзилган. Ҳар бир шеърни олиб, дарров қўшиқ қилмайдиган Шерали Жўраев орадан уч йил ўтгандан кейингина 1986 йилда бу қўшиқни ижро этади. Сабаби, Ҳофиз то ўша қўшиққа сингмагунча, қўшиқ унинг рухини қампаб олмагунча, қўшиқ қилмаслигини домла яхши биларди.
“Албатта қўшиқнинг сатрлари кўпинча шоир ўзининг қисматидан ҳам ўтади”, дейди кейинроқ суҳбатларнинг бирида Ғанижон домла. Бундан кўриниб турибдики, ғазалда Ғанижон аканинг ўз қисмати, ҳижрони яшириндир балки.