Анвар САЙРАМИЙ: ОЛТИНЧИ ҚАБР (Ҳаётий-фожеий ҳикоя)
Анвар САЙРАМИЙ
ОЛТИНЧИ ҚАБР
Ҳаётий-фожеий ҳикоя
Яна ўша гап: эрталабки нонуштани тугатиб улгурмасдан, дастурхон йиғиштириб олинмасдан турибоқ, рафиқам кечаги ҳангоманинг давомини бошлади.
– Токайгача ўша расмларни-ю ҳужжатларни папкангизда сақлаб юраверасиз?! Ушбу нарсаларни сизга ўз эгаларига етказиб беради, дея ишонишган. Ахир, кунлар ўтиб бормоқда-ку. Намунча ҳайиқасиз, билмадим.
– Авваламбор, ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан ҳайиқаётганим йўқ. Қолаверса, бир неча марта шаҳарнинг “Север” даҳасига бордим, анча кишилар билан учрашиб, сўраб-суриштирсам-да, дараги чиқмади-ку! Шунча одам: “Танимаймиз” – деб туришса, нима қилишим керак? Майли, шу бугуноқ шаҳар “Маълумотхона” (“Справочное бюро”)сига бораман ва тегишли манзилни аниқлайман.
Кейинчалик Чимкент шаҳар “Маълумотхона”сига қараб йўл олдим. Мазкур маҳкамага киришим билан, иккита дарча ёнида одамларнинг турнақатор чўзилган навбатига кўзим тушди. Уларнинг барчаси ишларини тезроқ битириш илинжида, менинг юмушим эса, янада зарурроқ.
– Навбатга туришдан наф йўқ, – ўйладим ўзимча ва бошлиқ эшигини тақиллатиб, салом билан ичкарига кирдим. Хона тўрида ўтирган раҳбарга “Пресса” ёзувли ҳужжатимни кўрсатиб, келишдан мақсадимни айтдим. Бошлиқ хонадаги столлардан бирида ўтирган аёлни ёнига чорлади-да, мен излаган маҳалла, уй ва хонадонни жадал аниқлаб келишни топширди.
Орадан ўн дақиқаям ўтмади-ки, ҳалиги ходима қайтиб келди-да, ўзимдан олган ҳужжатларни ва керакли манзилнинг аниқ ўрни ёзилган қоғозни раҳбарига узатди.
У киши ўша ҳужжатларни каминага топшира туриб: “Яхши боринг, вазифангиз бирмунча қалтис экан” – дея хайрлашди. Ташаккуримни билдириб, ташқарига чиқдим.
…Мана, мен бир неча кундан бери излаётган уй. Кўпқаватли бинонинг биринчи қаватида жойлашган керакли хонадоннинг қўнғироғини истамайгина босдим. Эшик очилиб, қаршимда 70-75 ёшлар чамасидаги бир аёл пайдо бўлди ва: “Сизга ким керак?” – дея ҳайронона юзланди.
– Бахтиёр Холметов шу ерда яшайдими? – сўрадим ҳалиги кампирдан.
– Ҳа, шу ерда яшайди-ю, лекин ўзи бу ерда эмас, – деди у шошилганича.
– Биламан, опажон, ўзим унинг олдидан келдим, – сўзладим, дабдурустдан нима дейишимни билмай.
– Вой, Бахтиёрнинг ўзи қаерда? Қани, ичкарига киринг-чи, батафсилроқ гаплашайлик. Ўғлим тушмагур-ей, ҳечқурса, хат ёзса, лоақал, телефон орқали “переговор”га чақирсаям бўларди-я… Мана, тўрт йилдир-ки, ундан дарак тополмай қийналамиз. Қанча ялиниб-ёлворишимга қарамай, келиним ҳам, олти ойдир-ки, уч набирамни олиб, онасиникига кетиб қолган. Сабр қилса бўларкан-а, мана, Бахтиёр боламнинг ҳам дараги чиқди…
У шундай, дея мени ошхонага чорлаб, стол атрофига қўйилган стуллардан бирига ўтиришга ундади. Чой дамлаб келгач, стол устига нон, қанд-қурс ҳамда бошқа егуликларни қўяркан, қайта-қайта саволлар берар, ўғлининг қаердалиги тўғрисида, не сабабдан шу вақтга қадар ном-нишонсиз кетганлиги, соғлик-саломатлиги қандайлиги ҳақида сўраб, билишни истарди.
Онахон косада мастава келтириб, менга тутқазаркан: “Раҳмат, ичмайман, ҳозиргина тушлик қилгандим” – деганимга қулоқ ҳам солмади. Ахир, бир пиёла чойниям ичолмай турган бир вазиятда овқат томоғимдан ўтармиди…
– Хўш, энди гапиринг-чи, ўғлим қаёқлардан юрибди, – онахон кўзларимга умидворона тикилди.
– Орёл вилоятининг Крома туманидаги Крома посёлкасида – шаҳарчага ўхшаш жой экан, – дейман косага тикилганимча, гўё қошиқ билан маставани аралаштириб совутаётгандай ҳаракатлар қилиб.
– Қачон қайтаркан, бу ёққа келиш вақтини айтмадими сизга? – дейди онахон тағин савол устига савол бериб.
– Ҳа, билишимча, яқин орада қайтиб қолса керак, – жавоб қайтараман не дейишимга ҳайрон ҳолатда.
Ичимда айтаман: “Астағфуруллоҳ, ёлғон сўзлашга мажбур бўлаётганлигим учун ўзинг кечиргин, Парвардигорим! Биз ўтирган манави столнинг нариги четида турган портфелимда ўғлининг ўлим далолатномаси, Бахтиёрнинг тобут ичига жойланган ҳолатидаги, шунингдек, дафн маросимида унинг иккинчи хотини Бахтиёрнинг икки яшар фарзандини кўтаргани ҳолатда тобут ёнида туширилган суратлари, бошқа ҳужжатлар борлиги бу бечора аёлнинг етти ухласаям тушига кирмайди-ку!”
Ўзим билганим мудҳиш хабарни, ўзича: “Болагинам топилди!” – дея боши осмонга етиб ўтирган онаизорга қандай баён этишга, қай тарзда англатишга ақлим етмасдан қийналиб кетгандим.
***
Келинглар, азиз ўқувчиларим! Юқоридаги даҳшатли даракни қаердан эшитганим, Бахтиёрнинг ўлим далолатномаси-ю ўта нохуш тасвирлар акс эттирилган суратлар ҳамда бошқа ҳужжатларни унинг яқинларига топшириш масъулияти қай тарзда зиммамга юклатилганлиги хусусида батафсилроқ гапириб берай…
2001 йилнинг эрта кўкламидаги бедор тунларимнинг бири. Ана шундай вақтларда республика, вилоят ҳамда туман матбуот нашрларида босилиб чиққан кўпгина шеърларим, мақолаларим ҳамда бошқа битикларимни қайта кўздан кечириш одатим бор.
Ана шу эрмак билан шуғулланиб турган пайтимда, ногаҳон, “Меҳнат байроғи” (“Сайрам садоси”) туман газетасининг 1986 йил 28 августдаги 104 (5534)-сонида ёритилган ва “Улуғ Ватан уруши солномаси” Бутуниттифоқ экспедициясининг қатнашчиси А. Шакула қаламига мансуб “Уларнинг номи мангу барҳаёт!” сарлавҳали ахборот тарзидаги мақола диққатимни тортди. У билан батафсил танишиб чиқдим: муаллифнинг ёзиши-ча, Сайрам туманидан 1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан уруши жангларида қатнаша туриб, шаҳид бўлган сайрамликлардан беш нафарининг қабрлари Орёл вилоятида эканлиги аниқланган. Шундан кейин Шакула ўша қурбонларнинг яқинларини воқиф этишни илтимос қилган ҳамда уларнинг фарзандлари ҳақида қуйидаги маълумотларни келтирган:
-
“Коммунизм” колхозининг Абдуллаобод участкасидаги 26-уйда яшовчи Ирисмат Тўлагановга.
Унинг отаси Тўлаган Холметов 1943 йил 8 июлда ҳалок бўлган ва Орёл вилоятининг Малоархангельск туманидаги Подгородненск қишлоғидаги қардошлик мозорига дафн этилган.
-
Қизилқишлоқ қишлоғида яшовчи Ирисдавлат Элтоевга.
Унинг отаси Элтой Юнусметов 1943 йил 3 февралда ҳалок бўлган. У Орёл вилоятининг Колпнянск туманидаги Краснянск қишлоқ советига қарашли Андреевка қишлоғидаги қардошлик қабристонига дафн этилган.
-
Қорабулоқ қишлоғининг Муқимий кўчасидаги 22-“А” уйда яшовчи Абдурашид Мусаевга.
Унинг бобоси Шопўлат Мўминов 1943 йил 30 июлда ҳалок бўлган ҳамда Орёл вилояти Крома туманидаги Большеколчевск қишлоқ советига қарашли Закромский хуторидаги қардошлик мозорига дафн қилинган.
-
Самсоновка қишлоғининг Жамбул участкасида яшовчи Сеитхон Мавлоновга.
Унинг акаси Бойзоқ Мавлонов 1943 йил 10 июлда ҳалок бўлган, Орёл вилоятидаги Троснянск туманининг Никольский қишлоғидаги қардошлик қабристонига дафн этилган.
-
Беловод қишлоғидаги Пушкин кўчасининг 68-уйида истиқомат қилувчи Галина Михайловнага.