Исмат Хушев: Президент Девони раҳбари Зелемхон Ҳайдаров портретига шарҳ (2)
ИСМАТ ХУШЕВ:
ПОДШО ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ
ИККИНЧИ КИТОБ
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
Суратда: Президент Девони бошлиғи Зелемхон Ҳайдаров (орқа планда – чапдан биринчи)
Исмат ХУШЕВ: ЎТДА ЁНМАС, СУВДА ЧЎКМАС ДЕВОНБЕГИ
(Президент Девони раҳбари Зелемхон Ҳайдаров сиёсий портретига шарҳ)
35 БОБ 2-қисм
38.
Зелемхон аканинг бир хатоси ёки “Қора юрак” фельетонининг ижодкори ким эди?
…Зелемхон Ҳайдаров ҳақидаги хотираларимни ўқиётган баъзи дўстларимиз беихтиёр: “Наҳотки Рашидов, Усмонхўжаев, Нишоновлар билан ўн бир йил, Каримов билан йигирма етти йилдан бўён бирга ишлаб келаётган бу одам умрида хато қилмаган, қоқилмаган бўлса?” деб ўйлашлари табиий.
“Бегуноҳ – ёлғиз Парвардигор!” деганларидай, Зелемхон ака ҳам умрида хатолар қилган, албатта. Биз бугун у кишининг ўзимиз билган хатоларидан бири ҳақида баҳоли қудрат ҳикоя қилмоқчимиз.
Аслида буни Зелемхон аканинг хатоси эмас, замоннинг хатоси дейиш адолатли бўларди. Лекин бу хато Зелемхон ака истайдими, истамайдими, унинг номи билан боғлиқ бўлиб қолди. Биз бугун у кишининг ўзимиз билган ўчмас хатоларидан бири ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз. Буни Зелемхон аканинг ўйламай босган бир қадами, енгил обрў олиш учун қилган ножўя ҳатти-ҳаракати деб айтсак, эҳтимол, тўғрироқ бўлар.
Бундай дейишимга сабаб шуки, Зелемхон ака аслида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети қошидаги Парткомиссия қарори асосида иш қилган. Ўзининг шахсий ташаббуси билан эмас. Лекин барибир кўп одамлар қаттиқ жазоланган, вазифасидан олинган, ҳибс этилган…
Зелемхон Ҳайдаровнинг асли касби – юрист. Сирдарё область ижроқўмининг раиси Иброҳим Ўролович Қўчқоров тавсияси билан 1978-йилдан эътиборан Гулистондан Тошкентга келиб, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг партиявий-ташкилий бўлим – “орготдел”ида иш бошлаган.
Ўша пайтларда “орготдел” – Марказқўмнинг, айтиш мумкинки, ҳамма бўлимлар устидан назорат қиладиган, алоҳида нуфузга эга бўлими эди. Унинг мудири Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Бюро аъзолигига доимий кандидат (номзод) бўлган.
Зелемхон ака “орготдел”да иш бошлаганда Георгий Орлов – бўлим мудири, Ўлжа Отақулов – бўлим мудирининг биринчи ўринбосари эди.
Рашидовдан кейин Усмонхўжаев Ўзбекистонда биринчи раҳбар бўлганидан сўнг, Фарғона обкомининг иккинчи секретари Догонкинни олиб келиб, мазкур бўлимга мудир қилиб тайинлайди.
Бу бўлимнинг собиқ мудири Орловни эса “номи улуғ, супраси қуруқ” Олий Совет раисининг ўринбосарлигига тавсия қилади. Бу пайтда Олий Совет Президиуми раиси Нишонов эди.
Бу билан Усмонхўжаев бир ўқ билан икки қуённи урган эди.
Биринчидан Орлов Нишоновни кузатиб юрсин деб, ўзининг ўрнига тайинланиши мумкин бўлган “потенциал” рақибидан кўз қулоқ бўлиб турса, иккинчидан, етмишни қоралаб қолган Георгий Орловни ҳам кўчада қолдирмай, яхшигина лавозим билан сийлаган эди.
Биласиз, Олий Совет Президиуми раиси доим ўзбек, муовини эса рус миллатига мансуб кишилардан тайинланарди…
Лекин бу воқеалар солномаси ҳали олдинда. Биз ҳозирча “орготдел”нинг Орлов раҳбари бўлган пайти ҳақида гапираётган эдик. Ҳали Догонкиннинг Тошкентга келишига анча бор, Ўзбекистонда ҳозирча Шароф Рашидов раҳбарлик қилаётган ғаройиб бир давр эди.
39.
Парткомиссия…
Хуллас, орадан икки йил ўтиб Орловнинг ўринбосари Ўлжа Отақулов Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси қошидаги Парткомиссияга раис этиб тайинлангач, ўзи ғоятда яхши билган ва ишонган шогирди Зелемхон Ҳайдаровни ҳам ўзи билан ўша бошқармага етакчи мутахассис қилиб олиб ўтади ва парткомиссия аъзоси қилиб тайинланишига эришади. Парткомиссия аъзоси вазифасига кўра Марказий Комитетнинг Бюро аъзоларидан ташқари ҳар қандай раҳбарига бемалол топшириқ бериш ва унинг фаолиятини текшириш ваколатига эга эди.
Бу – Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Зелемхон Ҳайдаровга билдирган дастлабки жуда катта ишончи эди.
Парткомиссия – ўша пайтларда Ўзбекистон коммунистларининг жонини оладиган, ўз фаолиятида хатога йўл қўйган амалдорларни жазолаш, партиядан ўчириш ва устидан жиноий жавобгарлик қўзғатиш каби масалалар билан шуғулланадиган – жой, айтиш мумкинки ўзига хос партиявий жазолашнинг олий – “маҳкама”си эди.
Маълумки, КПСС аъзоси бўлган шахсларни оддий маҳкама суд қилолмас, бунинг учун уларни аввал партиядан ўчириш лозим эди.
Парткомиссия – партия органлари ва идоралари, уларнинг раҳбарларини текшириш ва назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлган яккаю-ягона ташкилот эди.
Обком, горком ва райкомлар фаолиятини бевосита текширувчи, айтиш мумкинки, партиявий суд вазифасини бажарувчи қудратли орган эди.
Парткомиссия раисидан партия корчалонлари азроилдан қўрққандек қўрқишарди.
Москвада унинг бошлиғи Пельше эди. Раҳбарлар унинг номини эшитса, тили тутилиб, тиззаси қалтирарди.
Ўзбекистонда бу бўлимнинг олдинги раиси Хўжаев пенсияга чиққач, унинг ўрнига Отақулов тайинланади.
Хуллас, Ўлжа Отақуловнинг қўлида ўзининг янги фаолиятини ғайрат ва шижоат билан бошлаб юборган Зелемхон Ҳайдаров Парткомиссия қарорларини бирин-кетин ҳаётга тадбиқ эта бошлайди.
Улардан бири – Қарши Политехникуми ўқитувчиси, иқтисод фанлари номзоди Рўзиқул Дилмуродовнинг партия аъзолигига номуносиб “жиноий ҳатти- ҳаракатлари” ҳақида эди.
Аслида, бу қарорнинг ёзилишида ҳам Зелемхон ака иштирок этган, Дилмуродовнинг партия аъзолари сафида қолишга ҳаққи йўқ деган умумий хулосага келинишида ҳам у кишининг маълум хизмати бор эди.
Аслида Дилмуродовни илк бор Қарши политехникумининг бошланғич партия ташкилоти арзимаган оилавий масалада партиядан ўчирган эди.
Унинг бу қароридан норози бўлган Дилмуродов албатта босқичма-босқич – аввал горком, сўнг обком ва ниҳоят ЦКга қадар аппелация аризаси ёзади.
Лекин унинг шикоятлари самара бермайди. Оилавий жабр кўрган педагогни шикоятини текшириб, адолат қилиш ўрнига партия ташкилотлари уни эшикма эшик сарсон қилишга бошлайдилар.
Зелемхон Ҳайдаров Парткомиссия номидан ёзган ўз хулосаси билан Дилмуродовни абадий партиядан ўчиради.
Чунки, Марказқўм Парткомиссияси қарорини шикоят қиладиган бошқа идора йўқ, у норозилик аризаси ёзилиши мумкин бўлган энг сўнгги ва олий маҳкама эди…
40.
Дилмуродов аслида ким эди?
Хўш, Рўзиқул Дилмуродов аслида ким эди? У ростдан ҳам Марказқўмнинг бутун бир Парткомиссияси шуғулланиши мумкин бўлган жаҳоншумул одаммиди?
У обком ва ё горком секретари бўлмаса, унинг жамиятда тутган ўрни, айтиш мумкинки, сиёсий “категория”си Марказқўм парткомиссияси шуғулланадиган “корчалонлар” даражасида эмас эди.
Нари борса район ва шаҳар парткомиссияси шуғулланиши мумкин бўлган Қарши политехникумининг оддий бир ўқитувчиси қандай қилиб ва нима учун Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети қошидаги Парткомиссия шуғулланадиган “қудратли” шахсга айланиб қолди?
Бу ерда қандай сир бор?
Бу ўринли саволларга жавоб изларканмиз, муҳтарам ўқувчиларимизга ўз вақтида Ўзбекистон ва унинг ташқарисидаги сиёсий давраларда катта шов-шув бўлган “Қора юрак” фельетони ва унинг ёзилиш сабаблари хусусида ҳам батафсил ҳикоя қилиб беришимиз керак бўлади.
Рўзиқул Дилмуродов оламшумул шахс бўлмаса-да, унинг Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети қошидаги Парткомиссия шуғулланиши лозим бўлган бошқа бир “гуноҳи” бор эди…
Қашқадарёдаги оддий оилада туғилиб ўсган бу тиришқоқ йигит Қарши политехникумининг энг истиқболли ва истеъдодли ўқитувчиси эди.
Ўз кучи билан Ленинград Давлат Политехника институти аспирантурасининг кундузги бўлимига ўқишга кириб, тўрт-беш йил Нева бўйидаги машҳур шаҳар тупроғини ялаб юриб, иқтисод фанлари номзоди бўлади.
Энди у бемалол қадрдон шаҳрига қайтиб, ўқитувчилик қилиши, илмий ишини давом эттириб, докторлик устида ишлаши, Политехникум раҳбарларидан бири бўлиши мумкин эди.
Чунки у Ленинградга кетгунига қадар ўқитувчилик қилиш билан бирга техникумда директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари (завучи) ҳам эди.
Лекин Қаршида ёш олимни ёқимсиз оилавий можаро кутиб турарди.
Биз одоб ва ахлоқ доирасидан келиб чиқиб, бу нозик мавзуга тўхталишни, унга баҳо беришни истамаймиз. Қолаверса унга баҳо бериш бизнинг бугунги мавзумизга кирмайди.
Фақат шуни айтмоқчимизки, оиласи билан бўлган бу можарода “хотинини хўрлади, жисмоний зарар етказди” каби оилавий миш-мишлар боис уни партиявий жазога торта бошлашади.
Бу қарор устидан қилинган жамики шикоятлар унинг фойдасига ҳал бўлмади.
Бу можарога Қаршилик мулозимлар катта сиёсий тус бериб юборишади.
Бу ерда, албатта, оиласининг ниҳоятда кўзга яқинлигини ҳам, ўзини бўлим мудири қилиб кўтарган Қарши шаҳридаги туғруқхона бош врачи билан “гап сўз” бўлганлиги ҳамма балоларнинг бош сабабчиси эди. Шу билан бирга унинг узоқ Ленинграддан уч йиллик аспирантура ўқувчидан қайтиб, ҳаётдан ўз муносиб ўрнини топаман деган ёш ва умидли кадрнинг йўлида ана шундай мудҳиш ҳаётий муаммолар турарди. Бечора олим бўлиб, энди ҳаёт неъматларини татийман деган бир пайтда, бу аламдан қайси бармоғини тишлашини билмай боши қотарди. Ҳаётимни поклай деса, беш бола етим қолиши мумкин. Нопокларнинг жазосини берай деса – Қонун кўтармайди.
Шундай пайтда Қонун адолат тарафида эмас, нопоклар томонида турганлигидан чидай олмаган Дилмуродов, табиийки, аламзадалаик билан қўлига қалам оладжи. Ва шикоятлар оқими юқори ташкилотлара қараб уча боради.
Лекин бу идоралар ёш оиланинг барбод бўлганини кўра билиа туриб, нопоклар тарафига ҳатто ҳайпсан ҳам эълон қилишмайди. Аксинча, бир икки шикоятдан сўнг Дилмуродовнинг ўзи муҳокама марказига айланади ва уни аввал Политехникумнинг бошланғич партия ташкилоти “Оиласига ва бошқаларга тўҳмат қилди” деган баҳонада партиядан ўчирадилар.
Кейинчалик бу қарорни шаҳар партия комитети ҳам тасдиқлаб беради. Энди ёш олим нафақат ўзининг оиласини, балки ҳаётдаги ўз ўрни учун ҳам яланг оёқ бўлиб курашга тушишга мажбур бўлади. Ва қайсики, партия ташкилоти унинг шикояти устидан юзаки хулосага келган бўлса, уларнинг устидан янада юқорироқ инстанцияларга ёза бошлайди.
Табиийки, бу шикоятларда у “хатолик”ларга йўл қўйган бўлиши ҳам мумкин. Юқоридаги маҳкамалар эса, ана шу хатоликларга ёпишиб олиб, Қашқадарда отнинг қашқасидек маълум ва машҳур бўлган тўҳматкашга айлантирадилар. Қайсики, партия ташкилотида йиғин бўлса, Дилмуродов номи қора байроққа тикилади…
41.
Қарама-қаршилик…
Хуллас, унинг хотини ва шаҳар раҳбарлари бир тараф, ўзи бир тараф бўлиб, оддий оилавий жанжал секин-аста шаҳар миқёсидаги каттакон бир қарама- қаршиликка айланиб қолади…
Ниҳоят кучли руҳий ва психологик курашлар исканжасида қолган омадсиз ва бебахт ёш олим унга ноҳақлик қилган партия ташкилотлари устидан поғонама поғона – уни КПСС сафидан ўчирган Политехникум бошланғич партия ташкилоти устидан горкомга, горком ҳам уни тўғри ўчирилган деб қарор қиқаргандан кейин обкомга, обком ҳам рақибларини ҳимоя қилганидан сўнг унинг тутириқсиз иш услубини танқид қилиб Марказий Комитетга шикоят хатлари ёза бошлайди.
Булар ҳам натижа бермагач, у ўз норозилик аризаларида секин-аста “даврани кенгроқ ола”ди. Яъни фақат ўз шахсий муаммосини эмас, балки шу билан бирга Қашқадарёдаки жами ноҳақлик ва адолатсизлик, ўғирлик ва кўзбўямачилик, порахўрлик ва қўшиб ёзишлар ҳақида ҳам юқорига, шахсан Рашидов номига хатлар ёза бошлайди. Буларнинг барчасига асосий сабабчи деб обкомнинг биринчи секретари Рўзмат Ғойибовни кўрсатади.
Биласиз, Ғойибов ўша пайтларда Рашидовнинг энг яқин ва суянган одамларидан бири бўлиб, “Социалистик Меҳнат Қаҳрамони” ва бошқа қатор давлат ва ҳукумат эҳтиромларига эга раҳбар эди. Қолаверса унинг Рашидов билан ҳам тили ва “қилиғи” бир эди…
Ғойибов ва бошқа раҳбарларга бўлган норозилиги ҳам сирли тарзда ғаройиб бир жимлик ва сукунат қаърига сингиб кетганидан кейин бу сирли ҳол Дилмуродовни ростдан ҳам ажиб бир жазавага торта бошлайди.
Қашқадарё раҳбарларининг жиноий ҳатти ҳаракатларини яшириб келаётган киши Рашидов эканини билгач, энди у бутун Ўзбекистондаги жиноятлар кўлами ва даражасини ҳам яхши англаб етган эди
Шу тариқа энди у жамики Ўзбекистондаги иллатларни Рашидов номи билан боғлаб Москвага, шахсан КПСС Марказий Комитети Бош секретари Л. И. Брежневга мурожаат қила бошлайди.
Уни ўзининг асосий душмани деб билади. Бу ерда Рашидовнинг нўноқ ёзувчилигини ҳам, пахтадаги қўшиб ёзишлардаги роли ва порахўрлигини ҳам айтишни унутмайди.
Хуллас, унинг ҳар куни Кремлга йўллаётган хат ва шикоятларида Ўзбекистондаги ноҳақлик, адолатсизлик, порахўрлик, кўз бўямачилик ва қаллобликларга биринчи навбатда Шароф Рашидов айбдор деган аниқ ва тиниқ бир хулоса, мустаҳкам бир ишонч устивор эди…
42.
Мустақилликдан олдинги шикоят ва аризаларга муносабат…
Москвага ёзилган бу хатлар, табиийки, шу кунгача унинг номидан ёзилган бошқа хатлардан фақат бир томони билан фарқ қиларди. Қизиқ, у Ўзбекистон раҳбарларига ёзган жамики хатларни ўз имзоси билан ёзган бўлса, лекин Москвага негадир сохта имзолар билан хатлар ёзади.
Буни ҳам тушуниш керак. У ҳам тирик жон. Ҳаётидан қўрққан бўлиши мумкин. Қолаверса, бу пайтга келиб у Ғойибов ва Рашидовларнинг аслида ким эканликларини яхши билиб улгурган эди…
Қолаверса, у Ўзбекистондан туриб Кремлга тинимсиз шикоят хатлари йўллаш ҳаёти учун хавфли эканини билиб, Москвага бориб ўша ернинг ўзидан аризалар ёза бошлайди.
Бу ҳол деярли ҳар куни давом этади.
Кейинчалик Брежнев номига Дилмуродов юборган бундай шикоят хатлари элликдан зиёд экани маълум бўлади.
Биласиз, ўша пайтларда ҳеч бир шикоят аризаси, ҳаттоки имзосиз хатлар ҳам бежавоб ва беоқибат қолмасди. Аризада келтирилган факт ва далиллар нуфузли комиссия томонидан текширилар ва хатога йўл қўйган мулозимлар албатта жазога тортиларди.
Мен ҳанузга қадар компартиянинг ўша пайтлардаги жуда кўп бемаъни одат ва анъаналарини аччиқ бир киноя билан хотирласам-да, лекин фуқароларнинг ариза ва шикоятларига бўлган эътибор ва эҳтиромини ҳамиша ажиб бир соғинч, ширин бир армон билан эслаб юраман…
Икки қўлимизни кўксимизга қўйиб, адолат ҳаққи ҳурмати – ростини айтсак, партиядан ўрганадиган нарсалар ростдан ҳам кўп эди. Шулардан бири, юқорида айтганимдек, партиянинг хат ва аризаларга, телефон қўнғироқлари ва телеграммаларга бўлган муносабати эди.
Агар эсингизда бўлса, “Оқланмаган ишонч қиссаси”нинг биринчи китобида раҳматли отам менинг Қарши горкомининг биринчи секретари Лозицкий тазйиқи боис партиядан ўчирилганим, бунинг учун қилинган барча ҳаракатлар самара бермаганини айтиб, Москвага – КПСС Марказий Комитетига шикоят билан борганини ёзган эдим.
Ўшанда отамни қабул қилган масъул ходим Москвадан Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетига қўнғироқ қилиб, менинг масалам билан жиддий шуғулланишларини топширган эди.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети партиявий ташкилий бўлим масъули Шавкат Тўлаганов менинг ишимни назоратга олиб, ижобий ҳал этилганидан сўнг Москвага натижасини хабар қилганини айтган эдим.
Биргина мана шу мисолдан ҳам партиянинг хат ва шикоятларга бўлган ҳақиқий эътиборни кўриш мумкин.
Ўша пайтларда фуқароларнинг хат ва хабарларига юқори партия ташкилотлари, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ва бошқа давлат идораларининг бўлган муносабатлари хусусида оммавий ахбарот воситаларида талай кўрсатув ва эшиттиришлар мавжуд эди.
Хусусан, газеталарда “Хатлар ҳаракати”, “Хат ва ҳаёт”, “Хатларга муносабат” каби қатор рукн ва рубрикалар бўлиб, уларда партия корчалонлари ва ҳукумат идораси расмийларининг фуқароларнинг хат ва шикоятларига бўлган муносабати узлуксиз таҳлил ва тадқиқ қилиб бориларди. Оддий меҳнаткашларнинг хат ва хабарлар билан боғлиқ фикрларини айтиш, уларни оммага етказиш кенг йўлга қўйилганди…
43.
Шуҳрат Қосимов…
Ҳеч эсимдан чиқмайди. Зангори экранда “Хат ва ҳаёт” деган кўрсатув бўлиб, уни таниқли журналист Шуҳрат Қосимов олиб борарди.
Баъзан у киши оддий одамларнинг шикоят ва хатларига эътиборсизлик қилган прокурор, судья ёки ички ишлар мулозимининг исми шарифини телевизор орқали баралла айтиб, шикоят ёзилган қоғозни ҳавода силкиб, уни адолатли бўлишга чақирарди:
“Ҳов, фалончи фалончиев! Сизда инсоф борми ўзи?! Агар вақтида эсингизни йиғиб олмасангиз, оддий одамларнинг хақ ва ҳуқуқига эътиборсизлик Сизга жуда қимматга тушиши мумкин…”
Ўз исми Ўзбекистон телевиденияси орқали очиқ-ойдин айтилган амалдор ўша куниёқ жазоланар ва бу бошқа мулозимлар учун ҳам аччиқ сабоқ бўлиб хизмат қиларди.
У пайтлардаги телевидениядаги аксар кўрсатувлар тўғридан тўғри эфирга узатилар, ҳозиргидек ёзиб олинганидан кейин ҳам юз маротаба кўрилиб, цензурадан ўтказилмас эди…
Ҳалол ва ажойиб инсон Шуҳрат аканинг ҳар ҳафтада бир маротаба эфирга бериладиган бу машҳур кўрсатуви Ўзбекистон мустақиллигига ҳам эсон -омон етиб келган эди. Лекин нимагадир кўп ўтмай у ёпиб қўйилди.
Айтишларича, ўша йилларда Ўзбекистонда Шуҳрат аканинг халқ интизор бўлиб кутадиган Ўзбекистон телевидениясидаги “Хат ва Ҳаёт” дастуридан кўпгина раҳбарлар, биринчи навбатда, бюрократиянинг уяси бўлган – МВД, Прокуратура, Олий суддаги тўралар учун сичқоннинг катаги минг танга бўлиб қолган эди. Улар “Хат ва Ҳаёт” кўрсатувини юракларини ҳовучлаб кузатишар ва Шуҳрат Қосимов ҳақида ўз раҳбарларига тинмай шикоят қилиб туришарди.
Ана шундай шикоятлар табиийки, Президент Девонида яқингинада куч ишлатар тизимларини назорат қилувчи Давлат маслаҳатчиси креслосига ўтирган Тимур Алимовга ғоятда қўл келади. У қўл остидаги куч ишлатар тизими раҳбарларининг барча “шикоят”ларини йиғиб, қулай пайт топиб, Ислом акани яхшилаб “обработка” қилади.
Навбатдаги эшиттириш бўладиган куни Ислом ака атайлаб кабинетидаги телевизорни ёқиб, “Хат ва Ҳаёт” кўрсатувини шахсан кўради.
Шуҳрат Қосимов бу кўрсатувда ҳам жойлардаги прокурор, суд ва милиция бўлими раҳбарларини қаттиқ танқид қилади ва халқ ғазабини жўнбушга келтирган қатор мулозимларнинг исми шарифини айтиб, уларни оддий одамларга, уларнинг хат ва шикоятларига нисбатан одил ва ғамхўр, инсофли бўлишга чақиради.
Кўрсатувни томоша қилиб турган Ислом ака ўша заҳотиёқ телевидения раҳбари Ганжа Ёқубов билан боғланиб, “Ўзбекистоннинг раҳбари ким?” деб савол беради.
Бунақа савол қўйилишидан капалаги учиб кетган Ганжа ака ҳеч иккиланмай: ”Албатта Сиз, Ислом ака!” деб жавоб қилади. “Унда телевизордан чиқиб олиб прокурор, суд ва мелисани тергаётган ана у “раҳбаринг”ни йўқ қил!” деб буйруқ беради янги раҳбар…
Шу тариқа ажойиб инсон, ниҳоятда камтар ва камсуқум журналист, бир пайтлар “Тошкент бинокори” газетаси пойдеворини қўйган, хизмат кўрсатган журналист Шуҳрат Қосимовнинг овози тамомила ўчирилади. У телевидениядаги ишидан олиниб, мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ кўчада қолди.
Орадан кўп ўтмай, инфарк бўлиб, бу номард ва бевафо дунёни ташлаб кетди…
44.
Дилшод билан Муқаддас – менинг дилбандларим бўлиб қолди.
Мен у пайтларда Ўзбекистон Президентининг яқини сифатида, амал пиллапояларидан шитоб билан юқорига одимлаётган парвозли ва эъзозли ҳолатда эди.
Ана шундай юлдузли кунларимнинг бирида менинг андижонлик ажойиб устозим, ёзувчи ва олим, адабиётшунос ва санъатшунос Маҳкам Маҳмудов қабулимга бир йигитни бошлаб келиб қолдилар.
– Бу йигит раҳматли Шуҳрат Қосимовнинг ўғли бўлади. Бизлар қиёматли қўшни эдик. Шуҳрат ака бевақт дунёдан ўтиб кетиб, оила ва рўзғор ташвишлари мана шу йигит қўлида қолди. Яхши қалами бор, лекин ишсиз. Бунга энди ёрдам беришимиз керак, – деб қолдилар.
Мен Шуҳрат Қосимовнинг ўғли Дилшодни ўша куниёқ ўзим раҳбар бўлган журналга оддий мухбир қилиб ишга олиш ҳақида буйруқ чиқардим. У жуда тиришқоқ, изланувчан йигит экан. Таҳририятдагилар билан тил топишиб, яхши ишлаб кетди.
Бир куни унинг онаси миннатдорчилик билдириш учун бизни уйига меҳмонга чақирди. 64-автобус юрадиган Бешқайрағоч тарафларда туришаркан. Бордик. Жуда оқила ва мунис онаси бор экан. Шуҳрат акани эслаб , бир оз ҳасратлашдик.
Кетар пайти оналари Маҳкам ака билан мендан иложи борича Дилшодга яхшироқ бир келин топишимизни, ўзи ҳеч кимни ёқтира олмаётганини айтиб, кўз ёши ҳам қилиб олдилар…
Ўша пайтларда мен таҳририятга фақат ўзим билган ва ишонган йигитларни, ҳаёли ва иболи қизларни – оддий одамларнинг фарзандларини ишга олишни одат қилгандим.
Юқоридан бўлган илтимос ва телефонлар билан ҳеч кимни ишга олмасдим. Раҳматли отам менга шундай деб маслаҳат берган ва ўшанда қулоғим доим тинч бўлишини, ходимлар ҳамиша айтганимни қилиб юришини ўқтирган эдилар.
“Ҳаёт ва иқтисод” журналининг “машбюро”сида Муқаддас исмли яхши бир қиз бор эди. Журналистика факультетида ўқиш билан бирга, бизда машинистка (матнларни оққа кўчирувчи) бўлиб ишлар, баъзан корректор (ҳаттот)лик ҳам қиларди.
Миллати асли уйғур бўлиб, ўзи кўҳликкина, яхши оиланинг фарзанди эди.
Мен Дилшодга ана шу қизни тавсия қилдим. Бир-бирларига маъқул келишди, шекилли, Муқаддасларникига совчиликка боришга рухсат беришди.
Маҳкам ака, ўзим ва таҳрирятдаги ўринбосарларим билан совчиликка борганимиз, мазза қилиб уйғур лағмони еб, меҳмон бўлганимиз ҳануз ёдимда. Муқаддас оилада етти нафар йигитнинг якка-ю, ягона синглиси экан…
Кўп ўтмай уларнинг тўйлари бўлди.
Тўй куни мен Дилшодни бўлим мудири қилиб тайинлаш ҳақида буйруқ чиқардим…
Бутун коллектив билан бир бўлиб Дилшодларникига тўйга борганимиз, онаси қувончдан йиғлаб менга ва Маҳкам акага чопон кийдирганлари худди кечагидек ҳануз кўз ўнгимда турибди…
Кейин йиллар ўтди. Бу орада мени Президентнинг топшириғи билан ишдан олиб, биринчи мароатаба ҳибс этишди.
Энди ўзим Шуҳрат Қосимовдек ҳақсизлик қурбони бўлган эдим.
Президентнинг Амнистияси боис қамоқдан чиқиб, уч йил ишсиз юрдим. Бу орада яна икки марта қамалдим. Майли, бу ҳибслар ҳақида ҳам кейинроқ батафсил айтарман.
Биз ҳозир Дилшод ва Муқаддас ҳақида гапираётган эдик.
Охирги маротаба Қашқадарё ҳокими Озод Пармоновнинг буйруғи билан машинамга наша ташлаб қамашганидан кейин, ажабки, ҳаётим нурсизликдан кўра яна нурли кунлар томон юз бурди.
Воқеадан хабар топган республика Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбари Рустам Иноятовнинг шахсий аралашуви ва ёрдами билан ҳибсдан озод этиларканман, роппа роса бир ҳафтадан сўнг “Деловой партнёр Узбекистана” газетасига Бош муҳаррир этиб тайинлангандим.
Газета таҳририятини тамомила янгилаш одатимдан келиб чиқиб, ғайрат ва шижоат билан ишга киришдим. Биринчи бўлиб Дилшод билан Муқаддасни топдим ва уларни ишга қабул қилдим. Бу пайтга келиб улар аллақачон бола чақали бўлиб кетишган эди.
Яна уйларига бориб, Шуҳрат акани эслаб, оналари билан анча ҳасратлашдик. Менинг ишдан олиниб, қамалганимни эшитиб, роса йиғлаганларини айтиб берганларида, кўнглим бузилиб, мен ҳам йиғладим.
Ўшанда онам йўқлигидан, унинг эрта ўлиб кетганидан қаттиқ ўксиндим, кўзимга ёш келди…
45.
Мустақилликдан кейин шикоят ва хатларга муносабат…
Майли, мавзуга қайтайлик.
Биз совет даврида, коммунистлар пайтида оддий одамлар ва меҳнаткашларнинг хат ва шикоятларига бўлган оталарча ғамхўрлик ва одамий муносабат, бу хайрли ва савобли фаолиятнинг ноҳақ қурбони бўлган раҳматли Шуҳрат Қосимов ҳақида гапираётган эдик.
Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин шикоят ва аризаларга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. На хат, на телефон қўнғироғи ва на телеграммангизга жавоб ололмайдиган ғаройиб дамлар бошланди.
Биз орзиқиб кутган Мустақиллик билан бирга Ўзбекистонга ростдан ҳам жуда ажиб дамлар келганди.
Энди аксинча, одамларнинг шикоятига эътибор қилган мулозимлар жазоланадиган бўлди. Ҳатто баъзи газеталарда: “Хатларга ёзма жавоб қайтарилмайди!” деган очиқ ойдин ҳақоратомуз матнлар пайдо бўлди.
Бу не шармандалик! Бу не ноҳақлик бу!?
Мустақилликдан кейинги пайтларда Ўзбекистон мулозимларининг оддий фуқаро ариза ва шикоятларига бўлган “хўжам кўрсин” учунгина эътибори менинг шундай дейишимга бемалол асос бўлиши мумкин.
Майли, ҳали воқеаларимиз ривожи Ўзбекистон мустақиллик кунларига етганича йўқ. Биз ҳозирча қаршилик адолат изловчи Дилмуродовнинг республика раҳбари Рашидов устидан Москвага ёзаётган шикоят хатлари ҳақида гаплашаётган эдик. Энди аламзада Дилмуродов учун ер юзида фақат битта асосий душман қолган эди. У Ўзбекистондаги барча адолатсизликларнинг бош сабабчиси бўлиб кўринарди. Бу – Рашидов эди. Энди Дилмуродо Рашидов билан яккама якка дуэлга отланади…
46.
Ҳибс ёки Дилмуродовнинг Москвада қўлга олиниши…
Ниҳоят иш шунга бориб етдики, Рашидов устидан ҳар куни устма уст ёғилиб турган маломат тошлари Дилмуродов томонидан ижод қилинаётган бўлса-да, бу пайтда Дилмуродов атрофида Рашидовни ва Қашқадарё раҳбари Ғойибовни кўролмайдиган анчагина қора кучлар ҳам тўпланган эди.
Улар бу аламзада йигитни турли маълумотлар билан таъминлаб туришарди. Рашидов ва Ғойибов устидан кун сайин ёғилаётган хатлар табиийки КПСС Марказий Комитетини эътиборсиз қолдирмасди.
Биринчидан, хатлар оқими тобора кучайиб кетган ва турли имзолар билан республиканинг барча бурчакларидан ёғилаётгандай кўринарди.
Қолаверса, Ш.Рашидов КПСС МК Сиёсий Бюроси аъзолигига кандидат бўлиб, Кремлнинг яхши ва эҳтиромли назарида эди.
Ўша пайтларда Политбюро таркибидаги шахслар шаънини қўриқлаш бўйича раҳбариятнинг алоҳида ва махсус кўрсатма ва инструкциялари бўлиб, уларни ҳуда беҳуда ранжитиб қўйишмасди.
Маълумки, КПСС Марказий Комитетига Рашидов ва Ғойибов устидан ёғилаётган хатлар мазмун эътибори ва энг муҳими стилистикасига кўра бир киши томонидан ёзилаётганлиги ва аслида аноним хатлар эканлиги аён бўлди.
КПСС Марказий Комитетининг хатлар билан ишлаш бўлими СССР Давлат Хавфсизлик Қўмитаси ушбу аноним хатлар муаллифини топиш топшириғини беради.
Ана шулардан келиб чиқиб, имзосиз хатларнинг ҳақиқий муаллифини топиш бўйича КПСС Марказий Комитети Давлат Хавфсизлик Қўмитаси (КГБ) га бевосита кўрсатма беради.
“Ер тагида писиб ётган илон қимирласа, биладиган” КГБ ер устида эмин эркин шикоят ёзиб юрган Дилмуродовни саноқли кун ва саноқли соатлар ичида Москва остонасидаги почта қутиларидан бирига навбатдаги шикоят хатини ташлаётган пайтида ушлаб, қўлига кишан солади.
У Москвада яшаб турган квартирани тафтиш қилиш пайтида Марказий Комитетга ёзилган барча шикоят хатларнинг нусхалари ҳам топилади. Ўша даврнинг қонунларига кўра Дилмуродов юксак мансабли шахслар шаънини булғаш ва уларга адоват билан маломат қилишдек оғир айбномага дучор бўлади.
Шундан сўнг СССР Давлат Хавфсизлик Қўмитаси Дилмуродовнинг тергов жараёнини якунлаб, жиноий “статья”ларини бўйнига қўйиб, бевосита суд қилиш ва жазолаш учун уни ҳибсга олишга санкция берган Ўзбекистонга “экстрадииция” қилади…
47.
“Қора юрак” фельетонининг дунёга келиши…
Ўзбекистон Прокуратураси эса Дилмуродовнинг “жиноий ҳатти ҳаракатлари”ни тўла баён қилиб, уни жиноий жавобгарликка тортиш учун ”партиявий масаласи”ни ҳал қилиб беришларини сўраб, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетига махсус хат билан мурожаат қилади.
Бу пайтда Ўзбекистон КГБ га шахсан Рашидов ташаббуси билан қўйилган ва Рашидовга алоҳида садоқати билан ажралиб турадиган Левон Николаевич Мелкумов бошчилик қиларди. У айни пайтда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Бюро аъзолигига кандидат ва Ўзбекистон Олий Совети депутати ҳам эди.
Унга қадар бирор бир махсус хизмат раҳбари бундай шарафга муяссар бўлолмаган эди. Бир сўз билан айтганда, у маълум даражада Рашидовнинг эркатойи эди. Унинг орқасидан ўша пайтда республиканинг бир қатор муҳим вазифаларида армани миллатига мансуб кадрлар ҳам етишиб чиқди. Марказий Комитетнинг ўзида ҳам учта энг муҳим бўлимларда армани миллатига мансуб кишилар етакчилик қиларди. Булар: Аваков, Асриянс, Сафаров ва бошқалар эди.
Дилмуродовнинг Москвада қўлга тушиб, Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши КГБ раҳбари Мелкумов учун ҳам айни муддао бўлди. Энди рашидовнинг кўнглини олиш учун я унга яна бир имконият туғилган эди. Қолаверса, Қашқадарёнинг мулти миллионери Ғойибов учун ҳам бу ёқимли совға бўлиши мумкин.
Мелкумов ҳеч ўйлаб ўтирмасдан енг шимариб ишга киришиб кетади. Энди Дилмуродовнинг партиявий масаласи ҳал қилинса бас. Унинг калласини танасидан жудо қилиш учун жаллодлар шай. Шу тариқа Дилмуродовнинг партиявий масаласини ҳал қилишларини сўраб, Марказий Комитетга шошилинч хат йўлланди. Хат ҳали йўлда бўлса ҳам, Ўзбекистон КГБ зиндонида Дилмуродовнинг бўйнига буров солиниб, “Рашидовнинг устидан ёзадиган сенмисан?!” деб суроқ қилиш бошлаб юборилди.
Партия идораларининг хатлар лилан ишлаш қоидаларига кўра КГБ МарказҚўмга келиб тушган хати МарказҚўмнинг иккинчи котиби Греков имзоси билан парткомиссияга кўриб чиқиш учун юборилар экан, бу сўровни ижобий ҳал қилиш учун аллақачон кўк чироқ ёқилган эди.
Ўша пайтларда КПСС аъзоларини аввал партиядан ўчириб, кейин суд қилиш мумкинлигини айтиб ўтган эдик.
Шу тариқа Дилмуродов ҳақидаги прокуратура материаллари парткомиссиянинг янги аъзоси бўлиб келган Зелемхон Ҳайдаров қўлига тушади.
Зелемхон ака прокуратуранинг илтимосига кўра Дилмуродовнинг иши бўйича партиявий хулоса ясаётганида энди у Рашидовнинг шахсий душмани устидан қарор қилаётгандай ролга кириб кетади.
Чунки қўлидаги ҳужжатларда Ўзбекистон раҳбарининг фамилияси айланиб тургани учун ҳам Зелемхон ака бевосита Рашидов душмани билан шуғулланган паҳлавон сифатида Дилмуродовни партиядан ўчириш билан кифояланмай, уни матбуотда ҳам бадном қилишни, шу билан табиийки, Шароф Рашидовнинг ҳам назарига тушишни мақсад қилгани аниқ эди.
Ва бу табиий ҳол эди. Рашидов бу Рашидов – Ўзбекистон раҳбари! Кремлнинг ишонган тоғи! Олис Қаршидаги қандайдир бетайин ва иғвогар Дилмуродов унинг олдида ким бўлибди?! Қолаверса, Қашқадарёнинг чексиз имкониятларини қўлда тутиб турган қудратли ва шавкатли Рўзмат Ғойибов ҳам қараб турмаган бўлса керак.
Хуллас, ғайрат ва шижоат билан енг шимариб, ишни бошлаб юборган Зелемхон Ҳайдаров Дилмуродовнинг шундоғам кишанланган оёқ қўлини маҳкам боғлаб, унинг ёнига “партиявий айбларни” ҳам қўшиб, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Бюро мажлисига ҳавола қилади.
Ҳар бир воқеага баҳо берганда уни ўша давр тош тарозиси билан ториш ва ўлчаш керак, албатта. Ўша давр қоидасига кўра КПСС Марказий Комитети ташаббуси билан ҳибс этилган, СССР КГБ си томонидан қўлга олиниб, ҳужжатлаштирилган, Ўзбекистон КГБ тасдиғидан ўтган ва ниҳоят парткомиссия томонидан чуқур ва ҳар томонлама ўрганилган бу “жиноят” иши Марказий Комитет Бюроси томонидан муфассал кўриб чиқилиши шарт эмас эди.
Парткомиссия таклифи Бюро аъзоларидан “опрос” йўли билан олиниб, партиявий ҳукм кучга киради. Бу эса Дилмуродов учун қамоқ эшикларининг очилиши билан баровар эди, Энди унинг муддатини белгилашгина қолган эди, холос…
Ҳаёт жуда қизиқ нарса. Ким билади дейсиз, Зелемхон ака ўшанда ўзининг биргина мана шу қарори билан эрта бир кун ўттизга яқин республика раҳбариятидаги мулозимларнинг уйи куйиб кетишни хаёлига ҳам келтирмагандир…
Хуллас, Парткомиссия материаллари асосида чиқарилган Бюро қарорини энди ҳаётга тадбиқ этиш ва бунинг учун таниқли бир журналистнинг таҳлилли бир фельетони ёзилиши керак эди.
Нима учун Зелемхон ака айнан фельетон ёзиш ғоясини танлайди?
Шароф Рашидов Бюро ҳужжатларини батафсил кўриб чиқолмаслиги мумкин. Қолаверса, бу материални ким тайёрлагани ҳам унга муҳим эмас. Агар бу материал фельетон бўлиб чиқса борми, унинг материалларини ким тайёрлади экан деб қизиқиши ва эътибор қаратиши мумкин. Ана шунда табиийки, Зелемхон Ҳайдаровнинг номи Рашидовнинг қулоғига етади, бундан катта бахт борми? Марказий Комитетда одамлар ўн йиллаб ишлаши мумкин, лекин Рашидовнинг назарига тушмаслиги мумкин. Мана энди Рашидовнинг назарига тушиш имконияти туғилган экан, нега ундан фойдаланмаслик керак?
Зелемхон ака, эҳтимол, фельетон ёзилсагина каттанинг назарига тушиш мумкинлиги учун ҳам айнан шундай мақола ёзилишини истаган бўлиши мумкин. Зелемхон аканинг бу истагини ҳам тўғри тушуниш керак. Зелемхон ака учун фелъетон ёзиш қарори энди қатъий эди. Энди бу қарор – Рашидовни забт этиш билан баробар эди. Қолаверса, фелъетончи ҳам ўзининг ҳамюрти, ишончли одам. Ана шу ўй хаёллар билан Зелемхон Ҳайдаров Дилмуродов ишига тааллуқли тўртта қалин папкани кўтариб, ўша йиллари Марказий Комитетнинг матбуот секторига раҳбарлик қилаётган Шароф Убайдуллаевнинг эшигини тақиллатмай очиб киради.
Зелемхон Ҳайдаров ўзи билан бирга Марказий Комитетда ишлаётган ҳамюрти, таниқли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаевдан Дилмуродов ҳақида фелъетон ёзишни илтимос қилади.
Бевосита бўлим раҳбарларининг топшириғисиз буни ёзолмаслигини Шароф ака айтганидан сўнг, Зелемхон ака қўлидаги материалларни Убайдуллаев ишлаётган бўлим мудири Искандаровга Ўлжа Отақулов номидан олиб кириб беради. Искандаров ўз навбатида ўзининг оммавий ахборот воситалари бўйича ўринбосари Мирзамуҳамедовга бу ҳақда кўрсатма беради.
Мирзамуҳамедов ўша пайтда пропаганда ва агитация бўлими мудирининг оммавий ахборот воситалари бўйича ўринбосари – айни пайтда Шароф Убайдуллаевнинг ҳам бевосита бошлиғи эди.
Энди Рашидов олдида обрў олиш учун пропаганда бўлими раҳбарлари ҳам енг шимариб ишга киришиб кетишади. Феъетончи бу папкалар ичидаги воқеаларнинг тагига етиб, калаванинг учини топгунча бўлим раҳбарлари унинг тепасида туришга ҳам тайёр эдилар.
Шароф Убайдуллаев идорада ўтириб, уларнинг қош қовоқлари остида мақола ёзаолмаслигини англаб, уйга бориб, сокин шароитда ишлашни илтимос қилади. Шунда бўлим бошлиқлари Шароф Рашидов номи билан боғлиқ бу материаллар Марказий Комитет биносидан бир қадам ҳам ташқари чимаслиги керак деб дағдаға қилишади.
Шунчалик оғир вазиятга қарамай феълеон ёзилади ва унга “Қора юрак” деб сарлавҳа қўйилади. Фелъетон матбуотда эълон қилиниб, даҳшатли шов шув бўлади. Лекин бир кун келиб ушбу фелъетон ўз ортидан республиканинг ўттиз таниқли раҳбарини мансабидан жуда қилишини улар ҳали билишмасдилар.
Шу тариқа 1979-йилда Шароф Убайдуллаевнинг машҳур “Қора юрак” фельетони дунёга келади ва ўзи алоҳида бир тарих бўлиб қолади.
Унинг бош қаҳрамони яқингинада Ленинградда иқтисод фанлари бўйича номзодлик ишини ёқлаб келган Қарши политехникумининг истиқболли ва истеъдодли ўқитувчиси Рўзиқул Дилмуродов эди.
Бу ҳақда Шароф аканинг ўзлари шундай ҳикоя қиладилар: “Биз Зелемхон Ҳайдаров билан Марказқўмда бирга иш бошлаганмиз.
Бир куни у киши парткомиссияга яқинда ўтганини, қилган ишларини тепадагиларга кўрсатиб қўйиш учун тўпланган материаллар асосида бир мақола ёзиш лозимлигини айтиб қолдилар.
Шу тариқа менинг қўлимга кейинчалик “Қора юрак” деб номланган фельетоннинг ёзилишига асос бўлган “дело” материаллари келиб тушди…”
48.
Олишув…
Мен ўша пайтларда Москва Давлат университетининг журналистика факультетида ўқирдим.
Тошкентда эълон қилинган “Қора юрак” фельетони шов-шуви Москвага ҳам етиб борган, биз – бўлажак журналистлар бошқа республикалардан келган ҳамкурс дўстларимиз билан уни худди ўзимиз ёзгандек ажиб бир ҳаяжон ва фахр билан то тонггача муҳокама қилиб чиққанимиз ҳануз ёдимда.
Биз ҳали бу мақола қаҳрамони аслида ҳақиқат излаб, ҳақсизлик қурбони бўлганини билмасдик. Ҳали вақти келиб, Дилмуродов деган бу “тўҳматчи” одам Ўзбекистоннинг ҳақиқий қаҳрамонига айланишини хаёлимизга ҳам келтиролмасдик…
Орадан йиллар ўтди.
Шароф Рашидов даври тугаб, Иномжон Усмонхўжаев ҳокимиятга келгач, Рашидовни қоралаш учун биринчи галда республиканинг янги расмийлари Рўзиқул Дилмуродов тақдири ва “Қора юрак” фельетонини асос қилиб олишди.
Рашидовнинг танқидчисини оқлаш шиори билан кўтарилган бу тўлқин Дилмуродовнинг аризаси боис эмас, балки вазият тақозоси билан архив материаллари асосида пайдо бўлган эди…
Ўзбекистонга янги тайинланган Бош прокурор Бутурлин ташаббуси билан 1985-йилнинг октябр ойида, Рашидовнинг энг катта хатоларидан бири сифатида, “Литературная газета”да “Қора юрак” фельетонига қарши Георгий Плехановнинг “Схватка” (Олишув) деган сал кам бир саҳифалик мақоласи эълон қилинади.
Бутун Совет Иттифоқини ларзага келтириб, сиёсий давраларда катта акс-садо берган бу машҳур мақолада Қарши политехникумининг иродали ва матонатли ўқитувчиси Рўзиқул Дилмуродов тамомила ҳимоя қилинган ва оқланган эди…
49.
Табрик ва танишув…
Москванинг энг нуфузли газетасида чиққан мақола Ўзбекистоннинг барча расмий ва норасмий газеталарида кўчириб босилган ўша тарихий дамларда мен Қарши давлат педагогика институти комсомол комитетининг секретари эдим ва бу ҳаяжонли кунлар ҳануз ёдимда.
Мақола чиққан кун кечга яқин биз институтнинг бир гуруҳ ўқитувчилари билан бирга Рўзиқул Дилмуродовнинг уйига табриклагани бордик.
Институт профессорлари Анвар Чориев, Даврон Шодиев ва Обод Жўрақуловлар билан қўл бериб кўришаркан, Рўзиқул ака навбат менга келганида: “Лозицкийга тинчлик бермаётган комсомол шу йигитми?” деб қучоғини очганида ажиб ҳайратларга ошно бўлгандим.
Агар эсингизда бўлса, “Оқланмаган ишонч қиссаси”нинг биринчи китобида Қаршидаги партия мулозимларининг менга бўлган тазйиқ ва ҳужумлари хусусида батафсил ҳикоя қилган эдим.
Рўзиқул ака мен бошимдан кечирган барча кўргиликлар ҳақида огоҳ эканини, горкомнинг биринчи секретари Лозицкий қаршилигига қарамай, обком бюросида партия билетимни қайтариб олганим билан табриклаб, уйларига доим келиб-кетиб юришимни чин юракдан айтганларида бошим кўкларга етиб, қанчалар қувонганимни билсангиз эди.
Қорачадан келган, юзларидан ажиб бир самимият уфуриб турувчи Рўзиқул аканинг маъюс ва ўйчан нигоҳлари мана неча йилки, ҳануз кўз ўнгимда сақланиб қолган…
50.
Жиноят ва жазо…
Мен у пайтларда эрта бир кун Ўзбекистоннинг янги раҳбариятига яқин бўлиб, Рўзиқул аканинг ҳаётини заҳарлаган мулозимлар, хусусан Зелемхон Ҳайдаров ва Шароф Убайдуллаевлар билан ҳамдам ва ҳамқадам бўлиб кетишимни, улар билан бир сафда бўлишимни хаёлимга ҳам келтирмаган эдим.
“Қора юрак” фельетонининг бу “икки буюк ижодкори” – бири материалларни тайёрлаган, энг олий маҳкамада қарор олдирган, иккинчиси – бу воқеани мақола қилиб ёзган, одамларга етказган.
Лекин, менинг назаримда, энг даҳшатли нарса шуки, бу “икки буюк ижодкор” – икки қаҳрамон ҳам Дилмуродовнинг ўзи билан учрашмаган, суҳбатлашмаган…
Мен умрим бино бўлиб, журналистиканинг аччиқ нонини умр бўйи еб ҳали бунақасини учратмаган эдим. Биров билан учрашмай, суҳбатлашмай, саволларга шахсан ўзидан жавоб олмай, кўзларига тикилмай туриб қандай қилиб у ҳақда бирор нарса ёзиш мумкин?
Майли, ҳис-ҳаяжонга берилмай, “Олишув” мақоласи эълон қилинган даврга қайтсак.
Москвада чиққан мақола республикада катта акс-садо берган бир пайтда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг XV! Пленуми Парткомиссиянинг Қарши политехникуми ўқитувчиси Дилмурод Рўзиқулов ҳақидаги хулоса ва қарорини нохолис ва хато деб эълон қилди.
Журналист Шароф Убайдуллаевнинг айтишича, у, юқорида айтганимиздек, танқидий мақола учун асос бўлган Парткомиссия қарор ва хулосасини ҳам, танқидий мақолани ёзиш таклифини ҳам биринчи бўлиб Зелемхон Ҳайдаровдан олган.
“Мен Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг матбуот ва ахборот бўлимида ишлардим. Муҳаммаджон Мирзамуҳаммедов бизда мудир ўринбосари бўлиб, жуда карьерист, ўзбекларни ёмон кўрадиган, саводсиз бир одам эди. “Пионер Востока” газетасида муҳаррир бўлган бу одам партиянинг “От!” деса отадиган, “Ёт!” деса, ётадиган ҳақиқий пионери эди.
Парткомиссиянинг “Жазо отряди” Шароф Убайдуллаевни сўроқ қилганида у киши Зелемхон Ҳайдаровнинг ўрнига ана шу “пионер” раҳбарни асосий айбдор қилиб кўрсатади.
Материални бевосита Зелемхон Ҳайдаровнинг қўлидан эмас, балки Мирзамуҳамедов қўлидан олган эдим деб кўрсатма беради. Тушунтириш хатида таъкидлашича фельетон ёзиш ҳақидаги топшириқни ҳам бўлим раҳбаридан олганини айтади.“Фельетон” ёзиш топшириғини менга шу одам топширган эди” деб ўз ҳамюрти Зелемхон акани муқаррар жазодан асраб қолади.
Парткомиссия хулосаси ҳам, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг бу борадаги Бюро қарори ҳам “Қора юрак” фельетони ёзилишига сабабчи бўлган мулозимларни қаттиқ ва шафқатсиз жазолашни талаб қилади.
Айни масала бўйича жами ўттизга яқин мулозим ишдан олиниб, уларнинг устидан жиноий иш қўзғатилади.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети ҳузуридаги Парткомиссия раиси Ўлжа Отақулов, “Агитация ва пропаганда” бўлими мудири ўринбосари Муҳаммаджон Мирзамуҳамедов, Ўзбекистон Бош прокурори Нўъмонжон Бўрихўжаев, Рўзиқул Дилмуродовни ҳибсга олиш ҳақидаги санкцияни имзолаган Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Зотов, унинг жиноий ишини олиб борган республика ва Қашқадарё вилояти прокуратураси, Миллий Хавфсизлик Хизмати тергов бўлими раҳбарлари ва терговчилар (жами 21 киши) билан бирга фельетон муаллифи Шароф Убайдуллаев ҳам ўз вазифаларидан озод этилиб, ҳисоб карточкаларига ёзиш шарти билан қаттиқ жазоланадилар.
Кўпларининг устидан жиноий иш очилади…
51.
Инқироз ўрнига парвоз…
Ажабки, бу пайтга келиб бизнинг “ўтда куймас, сувда чўкмас” асосий қаҳрамонимиз Зелемхон Ҳайдаров аллақачон Турсунхон Умаров ўрнига Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Ишлар Бошқармасига раҳбар этиб тайинланган эди.
Маълумки, Ишлар Бошқармаси Бошлиғи ҳамиша республика раҳбарларининг энг яқин одами бўлган, доим уларнинг ёнида юрган.
Бунинг устига Зелемхон Ҳайдаров Марказқўм котиблари Владимир Анишчев ва Оқил Салимовлар билан ҳам жуда яхши ва яқин муносабатда эди.
Ажаб, “Қора юрак” фельетонига алоқадор барча масъуллар жазоланди, вазифасидан олинди, лекин унинг асосий зуваласини пиширган, мазкур мақолани эълон қилиш ташаббускори бўлган – Зелемхон Ҳайдаровгина бу жанжалдан ажиб бир чапдастлик билан чиқиб кета олди, жазодан қутулиб қололди…
Шароф аканинг айтишларича, “Литературная газета”да мақола чиққан кун кечқурун Зелемхон Ҳайдаров у кишининг уйига келган.
Бу пайтда, юқорида айтиб ўтганимиздек, Зелемхон ака Марказқўмда Ишлар бошқармасининг Бошлиғи этиб тайинланган эди.
Ўша оқшом бу икки ҳамюрт ва ҳамкасб дўстлар нима ҳақда гаплашгани бизга қоронғу. Буни Шароф ака ошкор қилишни истамайди.
Уларнинг ўша оқшомги сирли суҳбати ҳам, Зелемхон аканинг мазкур ғавғолардан моҳирлик билан чиқиб кета олган бу ажиб ҳол ҳам ҳозирга қадар жамоатчиликка сир бўлиб қолди.
Ҳолбуки, у кишининиг муқаррар жазодан қутулиб қолиш сирини ўша пайтда ҳам, ҳозир ҳам ҳеч ким ечолмади.
Бунга бир кун келиб Зелемхон аканинг ўзлари эҳтимол, ойдинлик киритар. Дилмуродов билан боғлиқ ҳатти ҳаракатларига баҳо берар. Ёки Шароф Убайдуллаев ўз хотираларида ёзар.
Ҳозир бу гап сўзлар у қадар катта аҳамиятга эга бўлмаса-да, лекин эрта бир кун албатта очилишига, муҳим аҳамият касб этишига мен ишонаман.
Қойил қолиш керак. Зелемхон ака, аслида, бугунги расмий ўзбек ҳукуматини тўлалигича ўзида акс эттира олган моҳир ва мураккаб, нодир ва нозиктаъб, лекин шак-шубҳасиз истеъдодли одам.
Мавзуга якун ясашдан олдин Рўзиқул Дилмуродов ҳам, Шароф Убайдуллаев ҳам, ЦКнинг Бюросида ишдан олинган юқоридаги қатор мулозимлар ҳам аслида партия олиб борган бемаъни сиёсатнинг қурбони бўлишган десак, тўғри бўларди…
52.
Оқланиш…
Яна бир гап. Зелемхон аканинг илтимоси билан фельетон ёзиб, “емаган сомса учун” жазоланиб, балога қолган ажойиб инсон, талантли журналист Шароф Убайдуллаевнинг аянчли тақдири мени анча пайтдан бўён ўйлантириб келарди.
Ўтган бобларда мен Москва Давлат университетининг журналистика факультетини тугатаётиб ёзган диплом ишимни “Ўзбек матбуотида ҳаё ва ибо, ишқ ва муҳаббат масалалари. Шароф Убайдуллаевнинг “Яшасин муҳаббат!” китоби мисолида” деб номлаганимни айтган эдим.
Умуман, мен болалигимдан журналистикага ҳавас қўяркан, Шароф аканинг ижоди мени ҳамиша ўзига мафтун этиб келганини таъкидлаб ўтишни истардим.
Ҳатто Москвада ўқиб юрган чоғларимда Краснодон шаҳрига бориб, “Ёш гвардия”чиларнинг қариндош-уруғлари билан бўлган учрашув ва суҳбатлар асносида ёзилган “Мен кўрган Краснодон!” номли сафар таассуротларимни ҳам Шароф ака ўзлари раҳбар бўлган “Тошкент оқшоми” газетасида эълон қилган эдилар.
Кейин орадан маълум вақт ўтиб, у киши “Қора юрак” фельетони боис ишдан олиниб, ноҳақ жазоланганларидан сўнг қандай қилиб бу ажойиб инсонга ёрдам берса бўларкин деб ўйлаб юрардим.
Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбарлигига келганидан кейин менда ана шундай имконият пайдо бўлди.
“Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири бўлганимдан сўнг кўп ўтмай мени Тошкент обкомининг аъзоси қилиб сайлашган эди.
1990-йилда бўлиб ўтган Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг 27-съездида делегат сифатида сўзга чиққанимда партия олиб борган нотўғри сиёсат қурбони бўлганларни оқлаш ҳақида гапирарканман, биринчилардан бўлиб Шароф Убайдуллаевни тилга олиб ўтган эдим.
Орадан кўп ўтмай партия съездида кўтарилган масалалар, билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни ҳаётга тадбиқ этиш бошланди. Биринчилардан бўлиб Шароф Убайдуллаевнинг муборак номи тикланди ва у киши яна ҳукумат ва давлат тизимларининг масъул лавозимига муносиб кўрилди.
Мен партия анжуманида Шароф Убайдуллаев номини кўтариб чиққанимдан сўнг, кўп ўтмай Тошкент шаҳар журналистлар уюшмаси ҳайъати у киши “Қора юрак” фельетонини ёзиш билан “журналистик этикани бузмаган”, аксинча партия топшириғини бажарган деб қарор чиқаради.
Мазкур йиғилишда иштирок этган “Правда” газетасининг ўша пайтдаги мухбири В.Артёменко Шароф аканинг оқланишига қаршилик қилади ва у кишини “журналистлик этикани бузган”ликда айблайди.
Бу ерда ўзимиздан қўшимча қилиб шуни айтишимиз керакки, тўғри, Зелемхон ака фельетон ёзиш асносида “журналистик этика”ни бузганлиги бор гап. Бу рост гап! Лекин у бу этикани ўз қалб амри билан эмас, партия (Зелемхон Ҳайдаров) топшириғи билан бузган эди. Аниқроғи бузишга мажбур бўлган эди. Мана гап қаерда!
Шунда сўзга чиққан пойтахт журналистлари уюшмаси масъул котиби Фарида Абдураҳимова Артёменкога: “Сиз атиги икки ойгина бўлди Ўзбекистонга келганингизга. Убайдуллаевга баҳо беришга ҳаққингиз йўқ!” деб кескин эътироз билдиради.
Сўнг Абдураҳимовани Қамбаров деган наманганлик журналист ҳимоя қилади.
Кейинчалик бу йиғилиш қарори асосида ўтган Тошкент шаҳар партия комитети Бюроси ҳам Шароф Убайдуллаев масаласини кўриб чиқиб, ижобий ҳал қилади.
Шароф аканинг айтишларича, бу ижобий қарорнинг қабул қилинишади шаҳар партия комитетининг биринчи секретари Сатиннинг роли катта бўлган.
Эслатиб ўтаман, Бутурлин ва Сатинлар Москванинг одами бўлган ва Ўзбекистонда ҳамиша Марказ сиёсатини ўтказиб келган…
Шу тариқа ажойиб инсон ва истеъдодли журналист Шароф Убайдуллаевнинг муборак номи оқланади ва у киши яна ўз касби ва ўз халқига қайтади…
53.
Меҳр ва оқибат…
Албатта, Шароф аканинг номини съездда мен кўтарганим билан, у кишининг тезда яна ҳукумат ва давлат мулозимига айланишида, Зелемхон Ҳайдаровнинг ҳам маълум хизмати бўлса ажаб эмас….
Агар эътибор берган бўлсангиз, Зелемхон ака ким ўзига яхшилик қилган бўлса, ҳеч қачон унутмайдиган ва имкон топиб уларга албатта яхшилик билан жавоб қайтара оладиган одам.
Биз юқорида у киши Ишлар Бошқармасининг Бошлиғи бўлган пайтда Марказқўм котиблари Анишчев ва Салимовлар билан ҳам яхши муносабатда эди дедик.
Эҳтимол, шунинг учун ҳам давр айланиб Зелемхон Ҳайдаров Ўзбекистоннинг Ислом Каримовдан кейинги иккинчи раҳбари бўлиб турган йилларда ҳам Оқил Умрзоқович ҳамиша республика раҳбариятининг ҳурмат- эътиборида бўлгандир.
Яқинда Тошкентда ўзининг 80 йиллигини кенг нишонлаган Оқил Салимов шу ёшга қадар юқори давлат лавозимларида ишлаб келди. Хусусан, Олий таълим вазири лавозимидан кетганидан кейин ҳам узоқ муддат
вазир маслаҳатчиси бўлиб қолди. Хизмат машинаси ва вазирнинг бошқа имтиёзларидан баҳраманд бўлиб юрди.
Менинг назаримда, бу ҳурмат ва эҳтиром, унга – Зелемхон Ҳайдаровнинг бир пайтлар ўзига қилган яхшилигига қайтарган жавоби эди.
Жумладан, Марказқўмда ўзини доим қўллаб келган Ўлжа Отақуловни ҳам Зелемхон ака Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов орқали Ўзбекистон “Госконтрол”и раҳбарлигига тавсия қилади.
Оқил Салимов, Ўлжа Отақулов ва Шароф Убайдуллаевларга Зелемхон ака қилган яхшиликлар бунинг ёрқин мисолидир.
Йигирма олти йилдан бўён у киши кўп кишиларга яхшилик қилди, меҳр кўрсатди.
Шу ерда яна бир мулоҳаза.
Одатда ҳар бир одам раҳбарликка келаркан, биринчи навбатда ўзи яхши таниган ва билган, ишбилармон ва садоқатли кишиларни ёнига тортишга ҳаракат қилади.
Мен ҳаётим давомида Зелемхон акага яқин бўлган бирор мулозимнинг “бурни қонаб” – хонавайрон бўлганини, бола-чақаси кўчада қолиб – уйи куйиб кетганини кўрмадим ва эшитмадим.
Жуда бўлмаса, амални эплолмаса, ҳамма қатори бир ишга ўтказилиб, тинч-омон яшаб юрибди. Уларнинг бирортаси ҳам ҳақорат ва зулмга, ҳибс ва ҳукмга дучор бўлмади. Менга ўхшаб муҳожирликка юз тутмади…
Бу, эҳтимол, қайсидир маънода, уларни ўз қанотига олган ўша раҳбарнинг покиза ва хокисорлигига ҳам, иймон ва эътиқодининг барқарорлигига ҳам боғлиқ бўлса не ажаб!
Не бахтки, Зелемхон Ҳайдаров Оллоҳнинг ана шундай суйган бандаси эканки, у кишига яқин бўлган бирор киши то ҳануз у кишига яқинлигидан пушаймон қилганини эшитмадим.
Мен, не бахт ва ёки не кулфатки, тақдир тақозоси билан Зелемхон Ҳайдаровга эмас, балки у кишининг ҳамюрти Мавлон Умрзоқовга яқин бўлдим. Орадан маълум вақт ўтиб, уч маротаба ҳибс этилдим ва оқибат топган мукофотим – муҳожирот бўлди.
Албатта, бу билан мен у кишини ёмонлаб, ўзимни оқламоқчи эмасман. Менда ҳам хатолар кўп бўлди. Бугун неки бошимга тушган экан, ўзимдан, бевақт ва ноўрин айтилган сўзимдан деб билгим келади.
Хўш, у кишига яқинлардан бири – менинг айбим ўзимда бўлса, нега унда Мавлон акага алоқадор бўлган бошқа одамлар ҳам мендек сарсон ва саргардон, гирён ва хонавайрон бўлиб юрибди бу дунёда?
Нега Мавлон акага яқин бўлганлардан бирор киши ҳам кўкармади, ўниб-ўсмади? Нега улар фақат янчилди? Бу аламли ва ўринли саволлар, мана неча йилки, ҳануз менга тинчлик бермай келади…
Бу ерда қандай сир бор?! Мавлон ака ўз ғанимларининг дилини шу қадар оғритганмиди? Шу қадар озор берганмиди Президентнинг бошқа Давлат маслаҳатчиларига, ҳамкасбларига? Ўзбекистоннинг сиёсий элитасини ўзига шунчалар ёвлаштирганмиди ширин сўз ва хушмуомила Мавлон ака?!
Ҳеч эсимдан чиқмайди. Президент девонининг бешинчи қаватида Мавлон аканинг шинам ва мўҳташам кабинети бор эди. У кишининг қабулида доим кимдир бўлар, қабулхона ҳам, унга туташ ёрдамчиларининг хонаси ҳам одамлар билан доим гавжум бўларди.
Вилоят ҳокимлари, министр ва депутатлар, ҳукумат аъзолари доим у кишининг бўшашини кутиб, қабулхонада анча пайтгача илҳақ бўлиб кутиб туришарди.
Баъзан коридордан оҳиста ва улуғвор қадамлар билан икки қўлларини чўнтакларига солганча Зелемхон ака келиб қолар, уни кўриб ирғиб ўрнидан турган мулозимлар билан самимий сўрашиб, “Майли Мавлон ака банд эканлар, бўшаганларида келарман” деб ажиб бир одоб билан қабулхонани тарк этардилар…
Ҳолбуки у киши Мавлон акани ишга олган, юқори давлат доирасига кўтарган одам…
Яна бир гап. Мавлон аканинг қўл остидаги одамларидан бири тўй ё таъзиясига бошқа давлат маслаҳатчиларини айтаман деса, Мавлон ака бунга рўйхушлик бермас, аксинча улардан узоқроқ юришни, улар бугун эрта албатта ишдан урилиб кетишини башорат қилардилар…
Биз – бир пайтлар Мавлон аканинг муруввати ва марҳаматидан баҳраманд бўлган шўрлик собиқ мулозимларнинг бугунги таҳқирли ва маломатли кунларининг сабаблари эҳтимол мана шу арзимаган гап сўзларда эмасмикан…
Нима бўлганда ҳам биз булардан хулоса қилишимиз, менинг хотираларимни ўқиб бораётган дўстлар, раҳбар бўлишни орзу қилган кўнгли пок ва хаёллари осуда ёшлар биз йўл қўйган хато ва камчиликларни такрорламаслиги, этагини тутиши лозим бўлган одамларнинг иллат ва қусурларини, хато ва камчиликларини яхши ва мукаммал ўрганишлари керак бўлади…
Ёзаётган хотираларимни ўқиб, Мавлон ака ҳам мени тўғри тушунишини, маломат тошини отиш ўрнига, мен ёзган мулоҳазалар ҳақида жиддий ўйлаб кўришини истардим…
Албатта, ҳамма ҳам Зелемхон ака бўлолмайди. Бундай одамлар эҳтимол юз йилларда бир туғилар. Лекин нима бўлганда ҳам у кишидай ноёб бир инсоннинг этагини тутган одамлар ҳам, назаримда, ниҳоятда истеъдодли, Оллоҳ суйган ва бахти кулган одамлар эканига мен бугун шубҳа қилмайман…
Бугун мен ҳам у киши ҳақида иложи борича меҳр ва муҳаббат билан сўзлашга ҳаракат қиляпман. Негаки, у кишидан яхшилик кўрган бўлсам борки, лекин зинҳор ва зинҳор ёмонлик кўрмаганман.
Лекин биз у кишига эмас, балки Мавлон акага яқин эдик. Балки, бизнинг бахтимиз ҳам, кулфатимиз ҳам шундадир…
Майли, яна мавзуга қайтсак. Биз “Қора юрак” фельетони қаҳрамони Рўзиқул Дилмуродов ҳақида гапираётган эдик.
Бугун менинг кўнглимда фақат бир илинж бор: Зелемхон ака бўлиб ўтган ҳамма гапларни унутиб, амалда турган пайтида Қаршига бориб, Рўзиқул Дилмуродовни топса, ундан узр сўраб, кўнглини олса, жуда яхши бўларди.
Зотан умр ва мансаб бизга доимий берилмаган…
Ва яна бир гап. Мен яқинда Тошкентга борганимда Шароф Убайдуллаев билан учрашиб, у кишининг хонадонида меҳмон бўлдим. Бир пайтлар Зелемхон акани муқаррар жазодан олиб қолган Шароф ака мана салкам йигирма йилдирки, ишсиз экан.
1994 йил Мавлон Умрзоқов билан бизни ишдан олиб қамашгандан сўнг у кишини раҳбарият Мавлон акага қарши кўргазма беришга мажбурлаган. Агар шунга кўнса мансаб ваъда қилишган.
Лекин Шароф ака виждонига хилоф иш тутиб мансабли бўлишдан кўра мансабсиз бўлса ҳам соф кўнгил билан яшаб қолишни истаган. Лекин бу “ишсизлик” йигирма беш йил чўзилишини у хаёлига ҳам келтирмаган…
Мен Тошкентнинг сўлим ва дилором кечасида Шароф ака билан у кишининг тўққиз қаватли “дом”лари атрофида дардлашиб юрарканман, шундоқ истеъдодли ва тажрибали журналистнинг йигирма беш йилдан бўён кўчага улоқтириб ташланганига ҳеч ишонгим келмасди…
Менинг бу аччиқ ва аламли сўзларимни йигирма беш йилдан бўён ҳануз “от устида” юрган Зелемхон ака жиддий ўйлаб кўрсалар ёмон бўлмасди…
54.
Зелемхон Ҳайдаров ва Президентга яқинлик чўққиси…
Биз Зелемхон акани салкам Ислом Каримовдан кейинги мамлакатдаги иккинчи одам деб таърифладик . Бу бор гап.
Ўзбекистондай каттакон бир давлатда Президентдан кейинги иккинчи одам бўлиш бу жуда катта шараф, катта бахт. Шу билан бирга катта масъулият ҳам.
Мулозимликнинг бу чўққисига чиққанлар жуда кам бўлди.
Тўқсонинчи йилларнинг бошида Ўзбекистонда Президентдан кейинги иккинчи одам Шукрилла Мирсаидов эди. Лекин бу кўпга чўзилмади.
Адолат ҳаққи ҳурмати айтиш керакки, аслида Шукрилла Раҳматович ўз ўрнига муносиб одам эди.
Ундан кейин ҳам биз жуда кўп ҳукумат бошлиғи бўлган мулозимларни кўрдик. Лекин уларнинг бирортаси Бош вазир бўлганида Шукрилла Мирсаидов даражасидаги нуфузга эриша олмади.
Баъзи бош вазирлар, хусусан, Абдухошим Мўталовнинг ҳукумат бошлиғи сифатидаги рейтинги ниҳоятда паст эди.
Ундан кейинги вице пример Исмоил Жўрабеков ва ҳатто ички ишлар вазири Зокиржон Алматовларнинг обрў эътибори ва таъсир даражаси у кишиникидан бир неча маротаба юқори бўлган…
Модомики, Ислом Каримов давридаги Бош вазирлар ҳақида гапирарканмиз, беихтиёр, Шароф Рашидов пайтидаги Бош вазирлар билан уларни таққослаб кўриш ҳам мақсадга мувофиқ бўлса керак.
Коммунистик партия раҳбарлиги йилларида Ўзбекистонда нуфузли ва довруқли ҳукумат раиси бўлган мулозимлар ҳақида гап кетганида Нормуҳаммад Худойбердиев номини алоҳида тилга олиб ўтишни истардим.
Биз Нормуҳаммад Жўраевич билан Герман Лопатин кўчасидаги ҳукумат уйларида қўшни яшардик.
2011- йилнинг 1- декабрь куни умрининг сўнгги йилларини ёлғизлик ва аросатда ўтказган Номуҳаммад Худойбердиев саксон ёшларда вафот этганини эшитиб, чексиз ҳасратларга ошно бўлдим.
Негаки, Ўзбекистон ҳукуматига ўн бир йил раҳбарлик қилган бу истеъдодли ва халқпарвар одам сўнгги пайтларда оиласи ва фарзандларисиз, ёлғиз яшаётганини билардим.
Мени қаттиқ ларзага солган нарса шуки, унинг жасадини 1- декабрь куни ваннахонадан топишибди. Икки уч кун шу ерда қолиб кетган экан.
Ўзбекистон матбуоти собиқ ва қудратли ҳукумат раисининг ўлими ҳақида матбуотда икки оғиз бўлса ҳам бирор гап айтишни (яхшими, ёмонми) ўзига эп кўрмади.
Ким билади дейсиз, бугунги Ўзбекистон раҳбарлари абадий яшаймиз, биз ҳеч қачон ўлмаймиз деб ўйласалар керак-да…
Ҳолбуки, менга етиб келган ишончли манбалардан маълум бўлишича, унинг жанозасига Президент девони раҳбари, бугунги қаҳрамонимиз Зелемхон Ҳайдаров бош қош бўлибди.
Нормуҳаммад Худойбердиевнинг оиласи ( у киши рус миллатига мансуб эди) ва фарзандлари Тошкентдаги Боткин қабристонида дафн этилганидан хабардор эдим.
Нормуҳаммад аканинг васиятига кўра уни ўзи туғилиб ўсган Фориш районига дафн этишибди…
Нима ҳам дердик, советлар даврида ўзбек халқининг бахт саодати ва равнақи учун курашган ва мустақиллик йилларига келиб ёлғизлик ва қашшоқликда вафот топган бу инсонни Яратган Эгам – Оллоҳнинг ўзи раҳматига олган бўлсин, илоҳим.
Зотан Яратган Эгамдан ўзга бизга вафо қиладиган бошқа зот йўқ экан бу дунёда…
Майли, мавзуга қайтсак.
Шукрилла Мирсаидовдан кейин ўн йиллар чамаси “мамлакатдаги иккинчи одам” номига Исмоил Жўрабеков сазовор бўлиб келди.
Ростини айтганда, Жўрабековда катта салоҳият йўқ, “замкнутий” одам эди. Лекин ниҳоятда ҳаракатчан, тиниб-тинчимаслиги билан Президентнинг ишончини қозонган бўлиши мумкин.
“У қурилиш бўлаётган “обьект”ларни текшириш учун ҳали муаззин азон айтмай туриб, айланишга чиқарди. Бирор масалада уни алдаб бўлмасди, ишнинг кўзини биладиган одам эди” дейишарди уни яқиндан билганлар…
Исмоил Жўрабековни девондагилар “Берия” деб аташарди. Унинг ташқи қиёфаси Берияга ўхшаб кетгани учун ҳам шундай дейишарди.
Ҳолбуки, у бирор кишига ёмонлик қилмаган, кўнглини оғритмаган эди…
Бу орада Президентга яқинлик чўққисига бир муддат Мавлон Умрзоқов ҳам чиқиб тушди.
Ислом Каримовнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлган пайтларида Мавлон ака мамлакат раҳбарига ниҳоятда яқинлашиб кетган эди. Лекин, афсуски, бу узоққа чўзилмади.
Кейин бир муддат Темур Алимов бу чўққини эгаллади.
Бизни Мавлон Умрзоқов бошчилигида ишдан олиниб, ҳибс этилишимизни бошдан оёқ ташкил қилган ва бунга Президентни ишонтирган, унинг фатвосини олишга эришган одам ҳам айнан Темур Алимов бўлади.
Биз ўзимизнинг ҳибсга олинишимизга оид бу маҳзун хотираларга китоб давомида ҳали бафуржа қайтамиз.
Президентнинг куч ишлатар тизимларини назорат қилиш бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлган пайтида Темур Алимов Ислом акага унчалик яқин бўлолмаган.
Мавлон Умрзоқов қамалганидан кейингина унинг ўрнини эгаллаб, мамлакатдаги иккинчи одамга айланиб қолди. Ўша пайтларда у ниҳоятда уста тулкилиги билан ном қозонди.
Президент девонидагилар унинг номини “Гиббельс” деб аташарди. Ранги совуқ, “кампирияк” бу шафқатсиз зот ташқи кўриниши билан ҳам, тутган қирғинбарот сиёсати билан ҳам айнан Гиббельснинг ўзи эди.
Биласиз Гитлер тузган партия 1933-йил демократик сайловлар йўли билан Германияда ҳокимият тепасига келганидан сўнг, Гиббельс унинг идеология ишлари бўйича Давлат котиби бўлган.
Бугун ўйлаб қарасам, Ислом акага ҳам шунақа насл-насабининг тайини йўқ, лекин ваҳший ва истилопараст одамлар кўпроқ керак экан. Ўз ҳукмронлигини мустаҳкамроқ ўрнатиш ва халқни таҳликада ушлаб туриш учун…
Темур Алимов Гиббельсга ўхшаб тўққиз йил давомида Ўзбекистонда Президент сиёсатини, унинг идеологиясини белгилаб берган шахс бўлди. Ўзи ниҳоятда айёр ва худбин, лекин истеъдодли раҳбар эди.
Лекин шуни тан олиш керакки, Алимов Президентнинг давлат маслаҳатчиси бўлиб тўққиз йил ишлаган бўлса ҳам, бирор сония, бирор дақиқа бошини “окоп”дан кўтаргани йўқ.
У шу қадар садоқатли қилиб кўрсата олди ўзини Президентга. Шу билан бирга у ниҳоятда ҳушёр ва ўта эҳтиёткор одам эди.
Уни олдин Тошкент обкомининг биринчи секретари бўлганини эшитган эдим. У ерлардан кетганидан кейин республика табиатни муҳофаза қилиш қўмитасига раҳбар бўлган экан.
Шу ерда яна бир гап.
Ўша – мен Тошкент обкомининг аъзоси сифатида партия съездларига бирин кетин делегат бўлиб юрган довруғли кунларимда Темир Алимов менинг қабулимга бир келган эди.
Бугун энди айтмасам бўлмас, шу пайтгача юрагимни қийнаб келадиган бу воқеани элга ошкор этмасам мана неча йилларки, у мени жуда қийнаб юборди.
Гап шундаки, мен партия съездида доклад қилишимни билгач, Темир Алимов (республика табиатни қўриқлаш ва ҳимоя қилиш давлат Қўмитаси раиси) қабулимга келиб, мендан ниманидир илтимос қилмоқчи бўлган эди.
Нималигини билмадиму, лекин мен орқали Ислом Каримов назарига тушишни истаган бўлса, эҳтимол.
Лекин осмонда юрган Исмат Хушев нима жин урди-ю, қабулхона котибасининг “Сизни Темир ака Олимов кутаяптилар” деган телефон қўнғироғига ҳозир вақтим йўқ, бошқа пайт келсин!” деб такаббурларча жавоб берганим ҳануз ёдимда…
Агар мен ўша пайт кабинетимда бўлсам уни албатта қабул қилган ва кейинги тақдирим ҳам бу қадар фожеали якун топмаган бўларди эҳтимол.
Лекин мен ўша пайт қайсидир элчихонадаги учрашувдан эндигина чиқиб, уйга тушлик қилиш учун бораётган эдим. Йўлимдан қайтиб яна ишхонага киришни истамаган эдим мен нодон…
Лекин “Бошқа пайт келсин!” деган Темир Алимов қайтиб ҳузуримга келмади.
Сўнг кўп ўтмай унинг Табиатни қўриқлаш Қўмитасидан кутилмаганда Президент девонига ишга ўтганини эшитдим.
Демак Исмат Хушев қабул қилмаганидан кейин у Президентга яқин бўлган бошқа одамнинг топгани аниқ бўлиб қолди.
У Давлат маслаҳатчиси бўлганидан кейин мен бир пайтлар уни қабул қилмаганимни унутмаганини кўп ўтмай сездим.
Мавлон Умрзоқов ишдан олиниб, Сирдарё вилоят ҳокимининг ўринбосари этиб тайинланганидан кейин у Президентнинг куч ишлатар тизимларини назорат қиладиган Давлат масалаҳтчиси лавозимидан Кадарлар билан ишлаш бўйича Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланади.
Ана шундан кейин бир пайтлар уни қабул қилмаган Исмат Хушевнинг ҳам ҳолига маймунлар йиғлайдиган кунлар бошланади…
Ва кўп ўтмай бунга осонгина эришади ҳам.
Биз китоб давомида Темир Алимов амалга оширган номардларча ўч олишнинг бу жирканч намуналарига ҳали бир неча бор қайтамиз…
Ўтган умридаги катта ҳаёт тажрибалари Президентнинг давлат маслаҳатчиси бўлганидан кейин ҳам унга жуда қўл келгани аниқ.
Алимов шу қадар ҳушёр бўлганки, тўққиз йиллик Президентнинг давлат маслаҳатчиси бўлган даврида бирор маротаба ҳам Мавлон ака билан бизга ўхшаб давраларда нутқ сўзлаб, ваъзхонлик қилмаган, видеога тушмаган.
Бирорта базм ва ё зиёфатда майхўрлик ва ё шакаргўфторлик қилмаган.
Қилган бўлса ҳам ўз уйида ва ё ўта махфий ва ишончли манзилларида қилгандир…
У Президентга ниҳоятда садоқатли бўлиш билан бирга, ҳақиқий ишбилармон ва ёсумон эканини ҳам исботлади.
Буларни нималарда кўриш мумкин?
Масалан, у бутун Президент аппаратини янгилади. Умрзоқовга бир маротаба бўлса ҳам, юзма юз келиб, рўпара бўлганларни энг сўнгги чангигача қоқди.
Мавлон ака мамлакатнинг иккинчи одам бўлган даврида ким билан қуюқроқ сўрашган бўлса, барчасини бирма бир топиб, шўрини қуритди – изини тамомила супуриб ташлади.
Ажабки, Мавлон Умрзоқовнинг кадрлари сифатида юқори давлат ва ҳукумат тизимларидан бўшатилган одамларнинг деярли ҳаммаси вилоятдан келганлар – қишлоқликлар эди.
Ўша пайтларда бирорта тошкентлик мулозим ишдан бўшатилмади. Темур Алимов ниҳоятда маҳаллийпараст, қишлоқликларни ёқтирмайдиган, ҳатто улардан жирканадиган савиясиз ва тарбиясиз бир одам эди.
Бу, албатта, Президентнинг обрўйига путур етказган жиддий бир ҳолат эди. Лекин ҳеч ким буни мамлакат раҳбарига айта олмади.
Қолаверса, Ислом ака ҳам буни яхши билган, шу баҳонада ҳаддидан ошган қишлоқликларни ҳам бир ҳушини киритиб қўйсин Алимов деб атай унга шароит яратиб берган бўлиши ҳам мумкин.
Ислом аканинг шунақа ажабтовур одатлари борлигини ҳам яхши биламан…
Ва яна шуни биламанки, Президент аввалдан атай бу икки маслаҳатчисининг ўзъаро муносабатларини бузиб, бир-бирига ёвлаштириб келган. Мен бу ҳақда олдинги қисмларда гапирган эдим.
Ислом ака бир кун келиб уларни бир бирига едиришни ҳам олдиндан режалаган бўлса, ажабмас…
Темур Алимов республика раҳбариятидан Умрзоқовнинг кадрларини беаёв қуритаркан, айни пайтда ўзига энг яқин одамларни ҳеч бир истиҳоласиз масъул вазифаларга тайинлади.
Жиянлари – академик Беҳзод Юлдошевни – Ўзбекистон Фанлар Академиясига Президент, Қодир Ғуломовни – мамлакат Мудофаа вазири этиб тайинланишига эришди.
Қодир Ғуломов Темур Алимовнинг тоғаси, шоир Ғафур Ғуломнинг опаси Баҳри Ғуломованинг ўғли эди.
Яна бир жияни Қишлоқ хўжалиги вазири эди. Кейин Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси бўлди…
Бир сўз билан айтганда у ўша пайтда бутун ҳукумат ва девондаги кадрларни аввало ўзига, жуда бўлмаса, Ғафур Ғуломга хайрихоҳ одамларга алмаштирди.
Темур Алимовнинг ана шундай ижодкор шогирдларидан бири – тожик миллатига мансуб бўлган ёзувчи Хайриддин Султонов.
У жуда узоқ йиллардан бўён Президентнинг идеология ва оммавий ахборот воситалари бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаб келяпти.
Аслида Хайриддинга ўхшаш истеъдодли ёзувчилар Президентга адабиёт ва санъат, маданий ва ижтимоий ҳаётдаги бугунги муаммоларни рўй рост айтиши, зиёлиларнинг дарду изтиробларини давлат раҳбарига етказиб туриши керак эди.
Лекин, минг афсуски, у ҳам жуда тез раҳбарликка кўникиб кетди…
Улар учун халқ дардини айтиб Президент ғазабига дучор бўлгандан кўра, том-том китобларини нашр этиш, бола чақалари тугул, қуда-андаларига қадар пойтахтнинг бутун бир кварталларини сотиб олиб бериш афзал бўлиб қолди.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза.
Нега Президентнинг ёнида бўлган бошқа миллат вакиллари бу мулозимлик чўққисида узоқ муддат ишлаб қоладилар-у, лекин ерлик, маҳаллий аҳоли, яъни ўзбек миллатига алоқадорлар тезда урилиб кетадилар деган бир савол менга то ҳануз тинчлик бермай келишини ҳам бугун очиқ ойдин айтиб ўтишим керак…
Мен бу ерда Президентнинг биринчи ва “абадий” ёрдамчиси Георгий Алексеевич Крайнов (яҳудий), Президентнинг узоқ йиллик иқтисод бўйича давлат маслаҳатчиси Вячеслав Голишев (еврей), Президент Девони раҳбари Зелемхон Ҳайдаров (татар), (Президентнинг сал кам йигирма йиллик идеология бўйича Давлат масалаҳтчиси Хайриддин Султонов (тожик)ни айтиб ўтдик) Вазирлар Маҳкамаси Котибияти раҳбари Равиль Ваҳобович Абдуқодиров (татар), Ички Ишлар собиқ вазири Баҳодир Матлубов (эрон тожикларидан) ва бошқа Президент командасидаги юқори лавозимли мулозимларни назарда тутяпман…
Хайриддин ва унга ўхшаб биз қамалган ўша қатағон пайтларида бахти кулиб амалга чиққан бошқа мулозимлар ҳам Темур Алимов комага тушиб, ҳушига келмай ўлиб кетганига қадар ундан йўл- йўриқ ва маслаҳат олиб турганларини мен яхши биламан.
Бугун энди у қабрдан туриб ҳам ўз шогирдларига ҳалол ва диёнатли одамларнинг оёғи остига бирин кетин портлайдиган бомбаларни қандай қилиб қўйиш лозимлигини ўргатиб тургандай нохуш бир таассурот бор менда…
Темир Алимовдан кейин то ҳозирга қадар Зелемхон Ҳайдаров Ўзбекистонда давлат ва ҳукуматнинг иккинчи одами бўлиб келяпти.
Бу давр мобайнида Ислом Каримов атрофидаги ҳеч бир мулозим Зелемхон аканинг ўрнига рақобат қилолмади.
Зелемхон ака қалби ва феълининг кенглиги, инсоф-диёнати, камтарлиги ва ҳалоллиги, меҳр ва оқибатлилиги билан бу чўққини эгаллади ва мустаҳкамлади.
Ҳозир энди бу ўринга даъвогарларнинг деярли ҳаммаси асосан унинг шогирдларидир…
У кишининг ростдан ҳам феъли кенг, жаҳли йўқ. Бўлса ҳам билдирмайди. Мен бирор маротаба у кишининг жиддий ва асабийлашган ҳолатини кўрмаганман.
Бугун ўйлаб қарасам, раҳбар одам учун бу жуда муҳим фазилат ва мезон экан…
Зелемхон аканинг яна бир одати – ким яхшилик қилган бўлса, аввало ўзига, ўзига бўлмаса оиласи ва бола-чақасига албатта қайтаради.
Биз Зелемхон Ҳайдаровни Тошкентдаги юқори мансаб пиллапояларига Сирдарё вилоят ижроқўми раиси Иброҳим Ўролович Қўчқоров етмишинчи йилларда кўтарган ва тавсия қилган деб айтган эдик.
У кишининг ҳаётлигида Зелемхон ака унга қилган ва кўрсатган меҳр ва мурувват ҳақида муқаддам айтдик, яна айтамиз.
Сирдарёликларнинг ҳикоя қилишларича, ана шу одам юрак хуружидан кутилмаганда вафот этганида Зелемхон ака Гулистонга бориб, устозининг жанозасига ўзи бош-қош бўлган.
Митингда сўзга чиққанида шундай гапларни айтган экан: “Сиз менга маънавий оталик қилган эдингиз. Мен Сиз туфайли одам бўлдим. Эл юрт назарига тушдим. Болаларингиз, оилангиз тарбияси энди менинг зиммамда. Улардан сира хавотир олманг, устоз” деб кўзда ёш билан гапирган экан…
… 2011 йилнинг 10-12 ноябрь кунлари Қурбон Ҳайити байрами муносабати билан менинг Тошкентда яшайдиган яқин танишларимдан бири Сирдарёга бориб раҳматли Иброҳим Ўроловичнинг ҳозирда барҳаёт умр йўлдоши Ижобат Иззатуллаевна Худойқуловани кўриб, зиёрат қилиб қайтди.
Ишонасизми йўқми, ҳатто шу танишим опанинг уйида ўтирган пайтда ҳам ногоҳоний телефон қўнғироғи жиринглаб, кимдир опа билан узоқ ҳол аҳвол сўрашиб, ҳайит билан табриклабди. Соғлиғини сўраб суриштириб, шифокорлар бориб турибдими ё йўқми деб қизиқибди.
“Соатга қараб турдим, улар роппа роса 14 минут гаплашишди”, дейди танишим.
Опа телефон гўшагини қўйгандан сўнг: “Бу киши ким бўлади?” деб сўрасам, “Хўжайинимнинг шогирди Зелемхон Ҳайдаров” деб жавоб берибди…
Мен олдин ҳам Шароф Убайдуллаевдан Зелемхон аканинг ўз устози Иброҳим Ўролович оиласидан кун ора хабар олиб туришини эшитган эдим.
Лекин бугунги гаплардан жуда ҳаяжонландим. Зелемхон акага меҳрим ошиб, чуқур ўйга толдим.
Мана сизга 25-30 йил муқаддам қилинган яхшиликка муносабат!
Биз-чи? Биз баъзан кечагина яхшилик қилган одамни эртаси куни унутиб турган бир пайтда Зелемхон аканинг битта яхшиликка бўлган ўттиз йиллик бу садоқати мени тамом ларзага солди.
Зелемхон Ҳайдаров узоқ йиллардан бўён Ўзбекистон Президентининг энг яқин одами бўлиб келаётганининг сабабини эҳтимол мана шундай садоқат ва диёнат намуналаридан қидириш керакдир, балки.
Ҳаёт ростдан ҳам қизиқ ва турфа синовларга тўла экан. Ислом Каримов бош бўлган Мустақиллик империяси бошланганида Зелемхон Ҳайдаров ўн йиллар чамаси панада турди.
Бу орада Президентга яқинлик чўққисига юқорида айтганимиздек Мирсаидов, Умрзоқов, Алимов ва Жўрабековлар навбатма навбат чиқиб яна тушиб кетишди.
Бу чўққи шунчалар баланд ва мўҳташамки, унинг ўз тебраниш ва эврилишлари бўлиб, унда ҳамма ҳам ўз мувозанатини сақлай олмас экан.
Ажабо, яхшилаб ўйлаб қарасак, Рашидов даври кадрларидан амалда ўз мавқеини сақлаб қололган яккаю-ягона шахс ҳам Зелемхон ака экан…
Янаям аниқроғ айтадиган бўлсак, кимки ўзини ростдан ҳам мамлакатдаги иккинчи одам эканини сездирмасагина бу сирли ва сеҳрли чўққида узоқ вақт сақланиб қолиши мумкин экан. Ундан тушиб кетмаскан.
Шу гапларни ёзаяпману, ундай бўлса, биринчи ўриндаги одам қай даражада мувозанат сақлаши керак экан деб беихтиёр ўйга толаман.
Ана шундай пайтларда Ислом Каримовнинг ҳам йигирма олти йилдан бўён эл назарида туриши, ўттиз миллионли каттакон бир мамлакатга ҳукмронлик қилиши унинг ўзи учун ҳам, атрофидагилар учун ҳам осон кечмаётганини ич ичимдан яна бир бор аниқ ҳис этгандай бўламан…
Ҳикоя қилишларича, Шароф Рашидов Бюро мажлисларининг бирида раҳбарлик масъулияти ҳақида гапираётиб:“Оддий одамнинг кимлигини билолмайсиз. Унга амал бериб кўринг, кейин биласиз. Унинг оч ё тўқлиги, асл маънавий қиёфаси дарров аён бўлади” деган эканлар…
Зелемхон ака шунча йилдан бўён бу юксак лавозимда – бу олий чўққида ўзининг ким эканини ҳаммага кўрсата олди.
Ўтган бу йиллар давомида ҳукуматнинг ўзида не-не оламшумул силкинишлар бўлмади дейсиз.
Аввал Усмонхўжаев Рашидов тарафдорларини беаёв қирди. Зелемхон ака қолди.
Кейин аламзада Нишонов тутдай тўкди уларни.
Бу қирғиндан ҳам Зелемхон ака сақланиб қолди. Нафақат сақланиб қолди, балки мавқеини бир қадар мустаҳкамлаб ҳам олди…
Не тонгки, бугунги ҳукуматда ҳам Зелемхон ака – Иккинчи одам.
У кишининг ана шу ноёб санъатига – вазмин ва самимийлигига, сокин ва табиийлигига ва энг муҳими – оддийлигига қойил қолмасдан иложимиз йўқ.
Биз ҳали бу борада Зелемхон акадан жуда кўп нарсаларни ўрганишимиз керак бўлади.
Бугунги Ўзбекистоннинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётини Зелемхон Ҳайдаровсиз тасаввур этиш қийин.
Аслида ҳам шундай. Лекин ажабки, ундан бошқа мулозим ва амалдорларнинг ҳаммаси осмонда. Фақат Зелемхон акагина ерда…
Эҳтимол шунинг учун ҳам бугун Ўзбекистонда халққа энг яқин арбоб бу – Зелемхон Ҳайдаров бўлса керак!
Унинг мана шундай шахс ва арбоб бўлиб шаклланишида, шубҳасиз, Ислом Каримовнинг хизмати беқиёс.
Президент унга шароит яратиб, ҳамиша қўллаб қувватлаб келди. Уни қадрлай билди.
Шу билан бирга, шубҳасиз, Ислом Каримовнинг кадрлар сиёсатига ҳам тан бериш керак бўлади…
Ҳа, ана шундай пайтларда нафақат Зелемхон Ҳайдаровга, балки Ислом акага ҳам қойил қолади, одам.
Аслида ҳамма раҳбарликка, президентликка ҳавас қилади. Лекин пичоқнинг тиғида юргандек юриш керак бу ўринга чиққан одам.
Йигирма олти йилдан Зелемхон Ҳайдаров ҳам, Ислом Каримов ҳам ўткир пичоғнинг тиғида юришибди десам менинг сўзларимга ҳайрон қолманг.
Менинг бу сўзларим нақадар ҳаётий ва тўғрилигини Президент бўлган одам, ўша пичоқ тиғида юрган ҳукмдоргина, унинг атрофидаги Зелемхон Ҳайдаровдек энг яқин мулозимларгина ичи ичидан аниқ ва тиниқ ҳис этишлари мумкин…
55.
Зелемхон Ҳайдаров билан ҳибсдан сўнгги учрашув…
…1994-йилнинг 26-июль куни мени Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов билан биргаликда ҳибсга олиб, олти ойдан сўнг, янги йил арафасида – декабрнинг охирларида озод этишганди.
Убайдулло Қурбонович Мингбоев (сурхондарёлик) раис бўлган Ўзбекистон Олий Суди мени (қашқадарёлик) шартли, Мавлон ака (сирдарёлик) бошлиқ қолган етти мулозимни ростакамига қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.
Қоронғу ва аросатли ҳибсдан озод бўлган ёруғ ва фароғатли кунларимнинг бирида Герман Лопатин кўчасидаги ўша Зелемхон ака олиб берган уйимизнинг кўча тарафдаги деразаси оҳиста чертилди.
Сукунатли қиш кунларининг совуқ ва аёзли, рутубатли оқшоми эди.
Дераза пардасини кўтариб кўрганим – ажиб ҳолат ҳануз ёдимда: Бошига қулоқчинли телпак кийиб, бўйнига қалин шарф ўраб олган Зелемхон ака эди дерезани чертган одам.
“Кийиниб ташқарига чиқинг, айланамиз” дегандай имо қилдилар у киши.
Шошиб кийиндим-у, ташқарига отилдим.
Зелемхон ака оилалари билан подъездимда турар эдилар.
Яқинроқ бориб разм солмаса, биров таний олмайдиган даражада ғалати кийинган, бошида қулоқчинли телпаги бор Зелемхон ака билан қучоқлашиб, уларни ичкарига таклиф қилдим.
Лекин у киши ичкарига киришга истиҳола қилдими, билмадим, “бир оз айланайлик” деб сайрга таклиф қилдилар.
Илгарилари қамалмаган пайтларимда биз ҳамиша шу маҳалла (Герман Лопатин кўчаси) даги мулозимлар эрта тонгда Президентнинг ёзги Қароргоҳи атрофида – Ислом аканинг Анҳор бўйидаги ҳовлиси ёнидаги айланма йўл орқали Бешёғочга икки-уч бор яёв бориб-келиб, ўзимизча бадан тарбия қилган бўлардик.
Ўша куни Зелемхон аканинг мени кутилмаганда кечки сайрга чорлашидан ўз мақсади борлигини кейин тушундим.
У киши мендан қамоқдаги кунларимиз ҳақида сўраб-суриштираркан, гап орасида Мавлон аканинг ўз қамалиши сабабларини кимдан ва нимадан кўришини ҳам сўраб олди.
Шу ерда мен яна хато қилдим.
Кимсан, Ислом аканинг ўнг қўли келиб, мен билан учрашяпти деб бир оз ҳаволаниб кетдим, шекилли, Президент ва унинг атрофдагилар ҳақида қамоқда нима гап-сўз бўлган бўлса, ҳаммасини батафсил айтиб бердим.
Зелемхон ака бир соатлар атрофида мени тинглади.
Гоҳ-гоҳида саволлар берган бўлса ҳам, лекин гапларимни диққат билан, бўлмай эшитди…
56.
Ҳибсдаги хотиралар ёки ғаройиб ва сирли сўроқ…
Ўша куни мен Зелемхон акага ҳамма гапни айтдим-у, лекин бир воқеани айтмадим, сир тутдим.
Бу гапни ошкор этсам, бошимга яна балолар ёғилади деб қўрқдим.
Гап шундаки, мен қамалган пайтда дастлабки тергов Тошкент шаҳар милиция Бош Бошқармаси ҳибсхонасида олиб борилган эди.
Салкам бир ой ёзнинг жазирама иссиғида ГУВДнинг подвалида ётганман.
Ўшанда терговчилар мендан кутилмаганда Мавлон ака қолиб, Зелемхон ака ҳақида сўраб қолишганди.
Биласиз, мен Ўзбекистон Ички Ишлар вазири Зокиржон Алматовнинг кадрлар бўйича ўринбосари Равшан Ҳайдаров билан аввалдан яхши муносабатда эдим.
Милицияда ишлаш ҳуқуқидан у ёки бу сабаблар боис маҳрум қилинган баъзи йигитларнинг тарафини олиб, уларни Равшан ака ёрдамида органга қайта тиклаганим ҳақидаги хотираларни олдинги бобларда ёзган эдим.
Тошкент шаҳар милиция бўлимидаги терговчилар ўзларининг “МВД” даги хўжайинлари Равшан Ҳайдаров ҳақида “компромат” сўраганлари мени жуда ҳайрон қолдирган эди.
Бунинг устига уни “Зелемхон Ҳайдаровнинг укаси, уларнинг тили бир” деб Президентнинг ўнг қўли бўлмиш Зелемхон ака ҳақида ҳам ҳеч нарсадан тап тортмай очиқ-ойдин кўрсатма талаб қилганлари мен учун жуда ҳам ғайри табиий бир ҳол эди.
Бундан ташқари, улар мендан Зелемхон Ҳайдаров Президентнинг оиласи ва қизлари учун кимлардан қандай қимматбаҳо совғалар олганини билишим билан қизиқишди.
Рости, мен бундай гап-сўзлардан бехабар эдим.
Албатта, терговчилар буни тепадагилар топшириғи асосида қилишганини мен яхши билардим.
Лекин ўша “тепадагилар” ким эканини мен то ҳануз билолмадим…
Ростини айтганда, ўшанда терговчилар мендан нафақат Мавлон Умрзоқов ва Зелемхон Ҳайдаров ҳақида, балки Президентнинг бошқа яқинлари, масалан, Исмоил Жўрабеков ҳақида, уларнинг Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбарлари билан бўлган алоқалари хусусида ҳам роса сўраб суриштиришган эдилар.
Агар Зелемхон ака билан бўлган ўша учрашувда бу гапларни у кишига айтганимда, менинг тергов ишимга бевосита дахлдор бўлган Миллий Хавфсизлик Қўмитаси, Бош Прокуратура ва Ички Ишлар вазирлиги ходимларининг кейинги тақдири қандай бўлишини тасаввур қилиш мумкин.
Лекин ўша пайтларда мен Зелемхон аканинг бу қадар қудратли шахс эканини билмаганман.
Ва аксинча, терговчилар қўрқмай Зелемхон ака ҳақида айб сўрашганидан, мен у кишининг ҳам фаолияти жиддий хавф остида деб ўйлаган эдим.
Лекин, кўриб турганингиздек, ўтган қатор йиллар менинг бу фаразларим асоссиз эканини кўрсатди…
57.
Ички Ишлар вазирининг кадрлар бўйича ўринбосари, подполковник Равшан Ҳайдаров…
Равшан Ҳайдаров ҳақида яна шуни айтиб ўтишни истардимки, у киши асли сирдарёлик. Зелемхон акага ростдан ҳам туғишган ука бўлмаса-да, фамилиядош укахонларидан бири эди.
Милиция Олий мактабини Россияда битирганидан сўнг Равшан Ҳайдаров аввал Сирдарё вилоят ГАИ сига бошлиқ бўлди ва кейинчалик Сирдарё обкомининг маъмурий органлар бўлимига мудир бўлиб кўтарилди.
Обкомнинг аввалги мудири Мирзо Улуғ Абдусаломов Ўзбекистон Компартияси марказий Комитетининг маъмурий органлар бўлими мудири ўринбосари этиб тайинланган эди. Асли Сирдарё вилояти Ховос туманидан чиққан Абдусаломов ва Ҳайдаровлар узоқ вақт бир бирларини ўз ўринларига тавсия қилиб келишган. Бу борада Абдусаломов Равшан Ҳайдаровнинг қўлидан тутиб, етакчилик қилган десак тўғри бўлади. Кейинчалик Абдусаломов Республика Адлия вазири ўринбосари бўлиб ўтгач, Марказий Комитетдаги ўз ўрнига яна Равшан Ҳайдаровни етаклаб келди.
Шароф Рашидов вафотидан кейин рус кадрлари Ўзбекистонни иккинчи бор қайтадан забт этишни бошлаган саксонинчи йилларнинг ўрталаридан бошлаб Россияда таълим олган бу икки кадрнинг ошиғи бир қадар олчи бўлди. Пахта ишлари ва Ўзбеклар иши бўйича Ўзбекистондаги оммавий қирғин даврида бу икки олий мақомли юрист – Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети маъмурий органларида масъул вазифада ишлаган бу икки арбоб республикадаги жамики қатағон ва ҳибсларнинг бошида туришди. Руслар армиясининг бошлиғи Владимир Анишчевнинг икки қўли бўлишди. Уларни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетига тавсия этган одам, шубҳасиз, Зелемхон Ҳайдаров эди…
Равшан Ҳайдаров ҳалол ва адолатли одам бўлиш билан бирга, ниҳоятда тажанг, бировга яхшилик қилишни билмайдиган, ҳатто ўзига яхшилик қилган одамларни ҳам кези келса жазолайдиган, бир сўз билан айтганда давлат ва салтанатнинг ҳақиқий солдати эди.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети тугатилиб, Президент бошқаруви жорий этилаётган пайтда Марказқўмдагиларнинг деярли барчаси иш топиб кетса ҳам, лекин Равшан Ҳайдаров нақ икки ярим ой ишсиз қолади. Уни негадир ҳеч ким ишга олишни истамасди. Ана шундай бир вазиятда Президентнинг кадрлар масаласига масъул бўлган Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов ички хизмат унвони бор йўғи майор бўлган Равшан Ҳайдаров номзодини Ўзбекистон Ички Ишлар вазирининг кадрлар билан ишлаш бўйича ўринбосари қилиб тайинлашга Ислом Каримовни кўндиради. Вазир Зокиржон Алматов дой деса ҳам, вой деса ҳам, қулоқ солмай, Ҳайдаровни олиб бориб ишга тайинлаб келади.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ. Кўп ўтмай Мавлон Умрзоқов ишдан олиниб, ҳибс этилади. Уни олти йиллик муддатга озодликдан маҳрум қилиб, Қашқадарёнинг Косон туманидаги махсус қамоқхонага жўнатишади. Қамоқхона бошлиғи Мавлон Умрзоқовнинг кимлигини яхши билгани учун ҳам унга яхшилик қилиб, дурустроқ шароит яратиб беради.
Ана шундай кунларнинг бирида Косон қамоқхонасига Ички Ишлар вазири ўринбосари Равшан Ҳайдаров инспекцион текширувга келиши маълум бўлади. Буни эшитган қамоқхона мулозими бу ҳақда Умрзоқовни огоҳ этади. Ўзи бир пайтлар МВДга ишга тайинлаганини эслаб, Мавлон ака қамоқхонага бошлиғига Ҳайдаров келса, ўзи билан бир учраштиришини илтимос қилади.
Ички Ишлар вазирининг кадрлар билан ишлайдиган ўринбосари Равшан Ҳайдаров эса қамоқхонага келгач, Умрзоқовга яратилган алоҳида шарт шароитни кўриб, қамоқхона бошлиғини сўкиб беради ва жазолайди. Ўзи бир пайтлар ишсиз кўчада қолганида раҳбарликка кўтарган Умрзоқовни ўша куниёқ карцерга тиқишни буюради…
Бировга қилган яхшилигингни билса балиқ, билмаса холиқ деганлари шу бўлса керак-да.
Равшан Ҳайдаров ЦКнинг куч ишлатар тизимларини назорат қилиш бўлимида ишлаб юрганида Марказқўмнинг Герман Лопатин кўчасидаги “Шелковичная” номли меҳмонхонасида яшарди.
Айна пайтда бу ерда Ўзбекистон Олий раҳбариятининг яна бир масъул мулозими – Алишер Мардиев ҳам истиқомат қиларди.
Улар баъзан ишдан қайтаётиб менинг уйимга ҳам кириб ўтишар (Зелемхон ака менга ўша меҳмонхона ёнидаги Марказқўмнинг уйларидан бирини олиб берганини айтган эдим), баъзан даврамизга Мавлон ака ҳам келиб қўшилар ва биз – келажаги эрта бир кун бу қадар фожеали воқеаларга сабаб бўлишини билмаган тўрт Президент “эркатой”и ўз иқболимиздан шод ва масрур яшаб юрган ҳаяжонли дамлар эди.
Алишер Мардиев кейин Ўзбекистон Адлия вазири этиб тайинланди.
Самарқанд вилоятига ҳоким бўлганидан кейинги шов-шувлардан хабарингиз бўлса керак. У кишининг ҳам тақдири бизларникидан-да фожеалироқ тугарди, эҳтимол. Лекин Бош прокурор Бўритош Мустафоев билан қудалиги уни сақлаб қолди, чамамда.
Ана шу ғавғолардан сўнг Алишер Мардиев узоқ йиллар Самарқанддаги адлия бошқармасига баҳоли-қудрат раҳбарлик қилиб келди. 2011 йилнинг куз ойларида эса уни иззат ҳурмат билан пенсияга кузатганларини эшитдим…
Дарвоқе, биз Равшан Ҳайдаров ҳақида гапираётган эдик.
Тўқсонинчи йилларда у кишининг олти ё етти ёшлар атрофидаги бир ўғилларини машина босиб кетганида Зелемхон ака, Мавлон ака ва мен учаламиз Сирдарёга таъзияга борган эдик.
Кейинчалик у киши Ички Ишлар вазирлигида – Зокиржон Алматовга ўринбосар бўлди. Давлат Божхона Қўмитаси ва Фавқулодда Вазиятлар вазирлигига раҳбарлик қилди.
Сўнг тўсатдан Сирдарё вилоятига ҳоким бўлиб кетдилар.
Ва ўша ерда у кишининг сиёсий карьераси якун топди…
Адолат ҳаққи ҳурмати айтишим керакки, Равшан ака мен билган кам сонли қўли ва кўнгли тоза мулозимлардан бири эди.
Хусусан, у кишининг Давлат Божхона Қўмитасида амалга оширган хайрли ишлари, бу ердаги қўли эгри ходимларга нисбатан шафқатсиз муносабатини бугун кўплар ажиб бир армон, соғинч ва ҳаяжон билан эслаб юришади.
Кейин йиллар ўтиб, фалакнинг гардиши билан, ўзи ишдан бўшатган одам Равшан аканинг ўрнига Давлат Божхона Қўмитаси бошлиғи этиб тайинланади.
МВД дан ишдан бўшатилган муштумзўр милиционерлар аламзада божхоначилар билан бир бўлиб, Равшан Ҳайдаров Сирдарё вилоятига ҳоким бўлгандан кейин ундан шафқатсиз ўч олишга киришганлар, назаримда.
Сирдарёда ҳам у кишининг бошига айнан адолатпарварлиги ва ҳалоллиги етган бўлиши мумкин деган тахмин бор менда.
Давлат раҳбарига яқин бўлган мулозимлар ва гуруҳлар манфаати билан тўқнашган ва уларнинг шу пайтга қадар ҳеч ким кесолмаган йўлларини кесган бўлиши мумкин Равшан ака…
Равшан Ҳайдаров ҳақидаги маҳзун хотираларимни якунларканман, нега бизнинг жамиятда ҳалол ва адолатпаравар одам яхши яшолмайди, охир оқибат бир кун келиб хор бўлади деган бир савол мени доим қийнаб келади.
Бундай дейишимга сабаб шуки, яқинда мен Тошкентга борганимда Равшан акани суриштирдим. Танишларим у киши билан учрашишдан фойда йўқлигини, руҳи синиқ ва кайфияти жойида эмаслигини айтишди.
“Эскигина бир жигулиси билан юрган экан, ранги руйига умуман қараб бўлмайди, аҳволи жуда абгор, худди кўчадаги мардикорларга ўхшаб қолган” дейишди…
Майли, бу ёғи яна юракни сиқадиган ҳолат. Мавзуга қайтайлик.
Орадан йиллар ўтди.
Зелемхон ака ўша оқшом меникига бежиз келмаганини, кейинги тақдиримиз қандай бўлишини ҳал қилиш учун ҳам уни Ислом ака атай бизникига юборганини кейин тушундим…
Ўша оқшом Зелемхон ака мендан бизга қандай ва қанча муҳлатли жазо беришганини ҳам сўраб суриштирди. Ҳолбуки, буни у киши аллақачон билар, лекин ўз оғзимдан яна бир бор эшитишни истаган бўлса, не ажаб…
Мавлон ака, у кишининг ўринбосари Аметжон Отажонов, қудалари Маҳмуджон Мелибоев, норасмий ҳайдовчилари Эгам ака, Навоийдаги олтин ишлаб чиқарувчи корхона раҳбарларидан бири (Рустам Ашуров) – ҳаммалари узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар…
Мавлон акага тилла соат совға қилганликда айбланган Зомин район ҳокими Нормуҳаммад Умаров (сурат берилади) ўз айбини тўлиқ бўйнига олиб, тергов билан ҳамкорлик қилгани учун шартли равишда жазоланди.
Фақат Исмат Хушевгина шартли жазо билан суд залидан озод этилган эди.
Мен Олий Суд залидан Президент амнистияси боис озод қилинган бўлсам ҳам, узоқ муддат ишсиз ва умидсиз яшаб юрдим.
Ва кейин кутилмаганда яна икки маротаба ҳибс этилдим.
Китоб давомида бу мавзуга ҳали қайтамиз…
58.
Бизни нега қамашган эди?
Зелемхон Ҳайдаровга бағишланган боб якун топаркан, шу ерда мен фурсатдан фойдаланиб бу саволга ҳам жавоб бериб ўтишни лозим топдим.
Ислом Каримов 1989-йилнинг 23-июнь куни Ўзбекистон раҳбари этиб тайинланган эди.
Бизни Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов билан биргаликда 1994-йилнинг 26-июлида ҳибс этишди…
Айтиш мумкинки, бу ҳибс – Ислом Каримов ҳокимиятга келганининг роппа роса беш йиллиги арафасида Ўзбекистон сиёсий ҳаётида жуда катта акс садо берган эди.
Ўзининг Президентга яқинлигини доимий деб ўйлаган Олий табақали амалдорлар учун бу жиддий огоҳлантириш эди!
“Ҳаёт бизга кулиб боқди, раҳбарлик умрбод берилди” деган содда ва хаёлпараст мулозимлар бир лаҳза саросимага тушиб, мамлакат сиёсий ҳаёти сирли бир сукутга чўмганди…
Оддий халқ эса “Ҳақиқат бор экан-ку. Демак Президент биз томонимизда” деган ажиб бир фалсафани кашф этган эди…
Кейин бу ҳол ҳар беш йилда такрорланадиган бўлиб қолди.
Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Умрзоқов бошчилигидаги юқори доира амалдорларининг қамалганидан роппа роса беш йил ўтиб, 1999- йилда Тошкент портлашлари содир бўлди…
“Муҳаммад Солиҳ бошчилигидаги террорчи исломчилар уюштиргани” башорат қилинган бу портлашдан кейин Ислом Каримовнинг қаттиққўл сиёсатидан бир қадар безиб қолган шўрлик аҳоли яна мудроқ кўзларини бир карра очиб, ўйланиб қолди. Ва “Президент тартиб интизом ўрнатиб тўғри қилаётган экан” деган ҳақиқатни кашф этгандай бўлди.
Лекин кейинчалик бу воқеа бутун Ўзбекистонни ўйлантириб қўйди…
Орадан яна беш-олти йил вақт ўтиб, 2005-йилда Андижон фожеаси рўй берди. Бу фожеанинг кўлами ниҳоятда кенг, келиб чиқиш фаразлари ҳам турли хил эди…
Энди у нафақат Ўзбекистонни, балки бутун дунёни сергак қилиб қўйди…
59.
“Нажот қальаси” ёки Ўзбекистон Президенти Девони ҳақида бугунги мулоҳазалар…
Зелемхон Ҳайдаровнинг сиёсий портретини якунлашдан олдин у киши бош бўлган Президент Девони ҳақидаги баъзи мулоҳазаларимизни ҳам айтиб ўтсак, ёмон бўлмасди.
Негаки, бу мавзу бевосита Зелемхон аканинг хизмат ваколати, у киши бош бўлган Президент девони фаолияти билан боғлиқ ва шунинг учун ҳам бугун бу ҳақда гапириш ўринли ва мақсадга мувофиқ деган фикрдамиз…
Истеъдодли ўзбек шоири Абдулла Орипов Шароф Рашидов меҳри ва мурувватидан баҳраманд бўлиб юрган саксонинчи йилларда Марказқўмга атаб бир бир шеър ёзган эди:
Эшитган эдимки, ярадор оҳу
Излармиш тоғлардан мўмиё – нажот.
Йўқ, асло хаёлий бир гап эмас бу,
Неки мавжуд бўлса, масъулдир ҳаёт.
Шаҳримда музайян қальа бор баланд,
Офтоб жиға унга ҳар тонг палласи.
Ярадор бир оҳу эмасман гарчанд,
Лекин у мен учун нажот қальаси.
Мен унда ҳис этдим қутлуғ имонни,
Меҳрни, шафқатни унда кўрдим жам.
Мен унда ҳис этдим шу кенг жаҳонни,
Ва мўжаз ўлкамнинг муҳаббатин ҳам.
Шоирман дилимда пинҳон гапим йўқ,
Қальам – сен таянчим, пок ҳаётимсан.
Мен учун ҳақиқат қадарли улуғ,
Қалъам – Коммунистик эътиқодимсан.
Оҳу, тоғ-тошларда кезавер яйраб,
Шоир, тизавергин марварид-ашъор.
Сайёд қолаверсин қиличин қайраб,
Нажот қальаси бор оламда пойдор!
Бир гуруҳ истеъдодсиз ижодкорлар қутқусидан ўзини ҳимоя қилиб, бошини силаган республика раҳбарига бағишлаб ёзилган бу шеър ўша даврдаги ҳолатни қайсидир маънода кўз ўнгимизда намоён қилади.
Маълумки, Шароф Рашидов Абдулла Ориповни турли иғво ва ҳужумлардан ҳимоя қилиш билан бирга ундан Ибн Синонинг 1000 йиллигига бағишлаб бирор нарса ёзишини ҳам шахсан илтимос қилган, бунинг учун ҳатто Чехословакиянинг “Карлова Вари” санаториясига бориб дам олиши учун ҳукумат йўлланмаси билан ҳам мукофотлаган эди.
Мен у пайтларда Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетида ўқир, ҳали Москва университетига ўқишимни ўтказиб кетмаган, Абдулла Ориповга яқин бўлган бедард ва беташвиш талабалик даврларим эди.
Чехословакияга Абдулла акани Тошкент аэропортидан ўзим кузатиб, ўзим кутиб олганим худди кечагидай ёдимда.
Саёҳатдан қайтиб келган кунларининг эртасигаёқ Шароф Рашидов шоирни қабул қилган ва ўша куниёқ “Совет Ўзбекистони” газетасида Абдулла Ориповнинг бир саҳифа бўлиб “Ҳаким ва Ажал” достони эълон қилинган эди.
Бу Шароф Рашидов даврида Марказқўмнинг Бош нашрида – адабиёт борасида эълон қилинган энг йирик ижод намунаси эди.
Чунки, шу пайтга қадар ҳали Ўзбекистон коммунистларининг биринчи рақамли газетасида бирор бир адабиёт ва санъат намоёндасининг бир саҳифалик асари эълон қилинмаган эди.
Республика раҳбарининг ана шу меҳру-муҳаббатидан келиб чиқиб Абдулла Орипов ўшанда ўз ижодига бўлган эътибор учун миннатдорчилик намунаси сифатида юқоридаги “Нажот қальаси” номли шеърни ёзган эди.
Буни қайсидир маънода тўғри тушуниш мумкин.
Шоир тазйиқ ва таъқиблардан Марказқўм, яъни “Нажот қальаси” томонидан ҳимоя қилинса, ҳақиқат қарор топса, албатта буни ҳамма ҳам тўғри тушунади.
Хўш, агар Абдулла Орипов мазкур шеърини бугун Зелемхон Ҳайдаров бош бўлган Ўзбекистон Президенти Девонига атаб ёзганида, уни одамлар тўғри тушунармиди?
Бу савол Зелемхон аканинг сиёсий портретига шаҳр беришни бошлаганимдан бўён менга тинчлик бермай келади…
Нега саксонинчи йилларда Абдулла Ориповнинг Марказқўмга атаб “Нажот қальаси” деб ёзган шеърини ҳазм қилган иттифоқ таркибидаги ҳамюртларим бугун мустақил бўлганларидан кейинги Президент девони ҳақида ёзилган бундай ижобий шеърни қабул қилишолмайди?
Бунинг сабаби нима? Бу ерда қандай сир бор?
Гап шундаки, Ислом Каримов раҳбар бўлган йигирма олти йилдан бўён маҳаллий ҳокимлар ва раҳбарларга бўлган шикоят ва аризалар бизда исталмайдиган, қабул қилинмайдиган, тақдирланмайдиган бўлди.
Бугун Президент Девонига ёзилган хат ва хабарлар инкор этилади – улар рўйхатга ҳам олинмайди, жавоб берилмайди.
Олдин Ўзбекистон жавоб бермаса, Москвага ёзиш мумкин эди. Кремль – Нажот Қалъамиз эди.
Ҳозир Ўзбекистон мустақил давлат. Ўзбек мулозимлари – ўзига хон, ўзига бек! Бундай пайтларда додингни кимга айтишни ҳам билмай қоласан.
То юқоридан махсус топшириқ бўлмагунча, бирорта мулозим ва ё масъул шахс устидан ёзган аризангиз текширилмайди ва чора кўрилмайди.
Чунки, ҳамма ёқда таниш-билишчилик, кўз бўямачилик ва коррупция!
Одамларни шикоят ва аризалар билан қабул қилиш, уларнинг арзу-зорини эшитиш ушалиши мумкин бўлмаган муаммога айланган.
Бир пайтлар Олий Раҳбариятнинг оммавий қабулхоналари ва қабул кунлари бўлган Ўзбекистон бугун ўз аҳолисининг дарду-ташвишларига бефарқ. Улардан ниҳоятда йироқ…
Гўё бизда ҳамма ишлар яхши, гўё одамларнинг ҳеч қандай муаммоси йўқдай бу қабулхоналар бугун бутунлай ёпиб ташланган.
Бирор бир давлат идорасининг эшигини очиб киролмайсиз. Фақат таниш билишчилик ёки юқоридан келган телефон қўнғироғи билан очилади бу ёпиқ эшиклар…
Девон ҳақидаги Қонун қабул қилинмаган. Унинг чексиз ва беҳудуд ҳуқуқ ва имкониятлари чегараланмаган.
Бунинг устига Президент девони ходимлари ва масъулларини биров танимайди.
Уларни оммага таништириш, меҳнат фаолияти ва таржимаи ҳолларини халққа билдириш йўлга қўйилмаган.
Сал кам ўттиз миллионли бутун бир республика бошқарув тизимларини тамомила ўзида мужассам этган бу қудратли тузилмада ким қайси лавозимда ишлашини эълон қилиш одат тусига кирмаган.
Бир сўз билан айтганда Президент девонининг ўзи бир давлат, ўзи бир ҳукумат. Лекин яширин ҳукумат. Ниқобли ҳукумат!
Ўзбекистонни ҳам аслида ўз исми ва кимлигини халққа айтишни истамаётган яширин ва ниқобли одамлар бошқараётгандай таассурот туғилади кишида баъзан…
Бир сўз билан айтганда, олдинги нажот қальасидан асар ҳам қолмаган бугунги Ўзбекистонда.
Фақат Зелемхон аканинг шахси, унинг содда ва халқпарварлиги, оддий одамларга қилаётган ғамхўрлиги, камтар ва камсуқумлигигина кўнглимизга бир оз юпанч беради, холос…
Шу ерда яна бир мулоҳаза.
Аслида Ислом Каримов ҳам, Зелемхон Ҳайдаров ҳам Шароф Рашидов бош бўлган ўша “Нажот қалъаси” мактабининг ўқувчилари. Улар ўша муҳитда ўсиб улғайишди, мулозим бўлиб, эл назарига тушишди.
Бугун яхшилаб ўйлаб қарасам, Рашидовга алоқадор бўлган ўша давр ва ўша мактаб фаолларидан – унинг шогирдларидан мустақилликнинг бугунги дориломон кунларига фақат шу икковларигина эсон омон етиб келишибди.
Нега энди “Нажот қалъаси” мактабидан чиққан бу икки мулозим бош бўлган Ўзбекистонда бугун вазият бу қадар аянчли?
Ҳолбуки, аксинча бўлиши керак эди-ку! Шароф Рашидов уларни бошқача тарбия қилган эди-ку. Одамларга меҳр мурувватли, уларнинг шикоят ва аризаларига эътиборли, одил ва диёнатли бўлишга чақирган ва ўзи ҳам бу борада бошқаларга намуна бўлган эди-ку.
Фараз қилиш мумкинки, Ислом Каримов билан Зелемхон Ҳайдаровларни бугун қонунсиз амалдорлар етти қават темир панжаралар билан қуршаб олишган дейлик.
Наҳот улар ҳам ўз атрофидаги қўриқчи-ю, йўриқчилар қўршовини ёриб ўтолмаётган бўлсалар?
Тўғри, ҳаёт нотинч ҳозир. Дунё чайқалиб турибди.
“Нажот қалъаси”нинг бу икки буюк вакили Ўзбекистондай салоҳиятли ва каттакон бир карвонни замонлар синовидан эсон-омон олиб ўтаяптилар. Бу карвоннинг яшаш принциплари ҳам осон кечмаяпти. Буни тўғри тушунамиз.
Лекин барибир кўнглимизнинг қаеридадир уларга нисбатан, улар олиб бораётган тузим ва сиёсатга нисбатан норозилик бор экан, буни одоб билан дадил айтишимиз, уларга буни билдиришимиз керак.
Аслида давлат ва ҳукуматнинг айбини айтиб, камчиликларини кўрсатиб туриш мухолифатнинг вазифаси. Лекин Ўзбекистонда ҳозир мухолифат йўқ. Уни Ислом ака ўз иборалари билан айтганда: “Чиққан жойига киритиб юборган”ига ҳам мана сал кам йигирма беш йил бўлиб қолди…
Бас, шундай экан, биз Зелемхон Ҳайдаров ва Ислом Каримовларга хайрихоҳ ва тарафдор бўлсак, иштибоҳ ва мададкор сўзлар билан бирга, аччиқ ва танқидий фикрларимизни ҳам очиқ – ошкор айта олишимиз, уларнинг камчиликларини ҳеч бўлмаса хориждан туриб билдириб туришимиз керак.
Ўзбекистонга фарзандлик бурчи бугун биздан шуни талаб қиляпти.
Шу ерда Тошкент ва тошкентликлар ҳақида ҳам баъзи мулоҳазаларни айтиб ўтсам.
Ишончли манбалардан менга келган маълумотларга қараганда, Ўзбекистон Президентига яқин бўлган давлат ва ҳукумат мулозимларининг аксарияти (буни Зелемхон ака ҳам билсалар керак) бугун Тошкент шаҳридаги бутун бир кўча ва маҳалларни сотиб олиб, бола чақалари тугул, узоқ қариндош-уруғлари, қуда-андаларигача кўчириб келишяпти экан.
Тошкентликлар ҳамма нарсага чидаши мумкин. Шундоғам улар йигирма олти йилдан бўён биз қишлоқликлар қилган жуда кўп ноҳақликларга чидаб келишяпти. Лекин бу истилога, бу босқинчиликка улар чидолмайдилар. Бунинг оқибати ёмон бўлиши мумкин…
Ва ниҳоят сўнгги эътироз.
Ўзбекистон Президенти девони атрофини баланд ва қалин темир панжаралар билан ўраб олинганини нима билан изоҳлаш мумкин?
Бу баланд ва мустаҳкам темир панжаралар давлат раҳбарларини хавф-хатар ва ғалаёнлардан вақтинчалик сақлаши мумкин.
Лекин салкам ўттиз миллионлик каттакон бир халқнинг ғазаб ва нафратидан сақлай олмайди-ку.
Наҳот бу оддий ҳақиқатни улар тушуниб етмасалар?
60.
Зелемхон аканинг қариндошлари…
Зелемхон аканинг икки қизи ва бир ўғли борлигини биламан. У кишининг иккала қизлари ҳам аҳил ва ажойиб бир оилага келин бўлиб тушишган.
Қудалари Обиджон ака Жўраев Зелемхон акадан-да камтар ва камсуқум, ҳалол ва меҳнаткаш одам. Мен у кишини яхши танирдим.
Обиджон ака ҳам бир пайтлар Зелемхон ака бош бўлган Президент девони Ишлар Бошқармасида, агар адашмасам, чет эл делегациялари ва давлат раҳбарларини кутиб оладиган Протоколь бўлимида ишлардилар.
Обиджон ака шу қадар содда ва самимий, оддий эдиларки, мен узоқ пайтга қадар у кишини Зелемхон аканинг қудаси эканини, рости билмаганман.
Ҳолбуки, деярли ҳар куни Президент девонига бориб, улар билан учрашар, ҳамсуҳбат бўлардим.
Бу орада у киши ҳам, Зелемхон ака ҳам бешафқат ва бераҳм ҳаётнинг қаттиқ бир синовига дуч келишди. Обиджон аканинг бир ўғиллари – Зелемхон аканинг куёвлари автомобиль ҳалокати туфайли фожеали ҳалок бўлди.
Лекин ҳаёт давом этавераркан. Бугун бу воқеаларга ҳам салкам йигирма йил бўлиб қолди…
Кейинчалик Обиджон аканинг Ташқи савдо вазирлигидан пенсияга чиққанларини эшитдим…
Зелемхон аканинг бақувват ва барваста бир акалари бор.
Сулаймон исмли укалари узоқ йиллардан бўён махфий давлат тизимида ишлашидан хабардорман.
Махфий деганимнинг сабаби шуки, Сулаймон Ҳайдаров йигирма беш йилдан бўён – Ўзбекистон “Госзнак”и яъни “Монетный двор” бошлиғи. Бу лавозим соҳиби бизда, одатда, элга ошкор этилмайди…
Худди кечагидай ёдимда, ўша тўқсонинчи йиллардаёқ Сулаймон ака бошчилигида Бодомзор томонларда унинг заводи қурилган эди.
Мавлон ака ва Зелемхон акалар билан бир неча маротаба у ерга мен ҳам борганман.
Кейинчалик Ёзувчилар уюшмасининг биқинида – СНБ нинг ёнида – Зарафшон ресторанига туташтириб уларнинг бош офиси – идораси қурилди.
Биласиз, “Госзнак” – ҳамиша давлат белгиси бўлган, ҳукумат аҳамиятига эга махфий ва сирли нарсаларни чоп этади.
Ўзбекистон пуллари, қимматбаҳо қоғозлар, акция ва заёмлар, ўта махфий хизмат гувоҳномалари, сайлов қоғозлари ва бюллетенлар шулар жумласидандир…
Зелемхон аканинг оиласи ҳақида гапирганда, янганинг ўта латофатли эканини айтиш билан бирга у кишининг меҳмондўст ва самимийлигини ҳам айтмай ўтсак, хато қилган бўламиз.
Жуда камгап, оғир, босиқ, лекин фаришта аёл.
Зелемхон аканинг Президентга бахшида бўлаётган йигирма тўрт соатига ҳам бардош бериб, оилани тебратиб, у кишининг йўқлигини билдирмай, набираларини катта қилиб келаётганининг ўзи ҳам янганинг ниҳоятда олийжаноб ва оилапарвар, мунис ва дилкаш, том маънодаги фаришта аёл эканидан далолат беради…
61.
Мукофот ва унвонлар…
Зелемхон ака чорак аср Президент билан ҳамкорлик қилиб, ажабки, қандай мукофотлар олган экан деб ўйлаши мумкин баъзи кишилар.
1910-йилнинг 26-июль куни Ўзбекистон Президентининг Фармони билан Зелемхон Ҳайдаров “Эл юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
Бу юксак унвонга Зелемхон ака Ўзбекистон давлати олдидаги хизматлари ва туғилган кунига 65 йил тўлиши муносабати билан сазовор бўлган.
Агар у киши истаса йигирма олти давомида бунга ўхшаш мукофотларнинг жуда кўпини олиши мумкин эди.
Лекин у киши ўзи учун мукофот ва унвонлардан кўра Президент ишончини афзал кўрадиган ҳалол ва камтар одам.
Президент ҳам буни яхши билади. Шунинг учун ҳам, назаримда, Зелемхон ака 65 ёшга тўларкан, Ислом ака унга нимадир бериш керак деб фикр қилган.
Тўғри фикр қилган. Чунки, ҳаёт ва Президентлик ҳам абадий эмас, ахир…
Бу мукофотдан ташқари Зелемхон ака учун уни яхши ва яқиндан билган кишилар томонидан берилган яна бир унвон бор – Девон оғаси ёки Девонбеги.
Шу пайтгача Зелемхон акадан бошқа ҳеч ким бу муборак номга муносиб бўлолмади.
Умрининг етмишинчи баҳорини ҳам аллақачон қарши олган Зелемхон ака ҳали бардам ва бақувват.
Яқинда Торонтадаги дўстларимдан бири менга Зелемхон Ҳайдаров наҳорги ошга борган Тошкентдаги тўй видеосини қўйиб берди.
Анча муқаддам олинган бу лавҳаларда мен Зелемхон ака билан бирга Хоразм вилоятининг собиқ ҳокими Маркс Жуманиёзов, бир пайтлар Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети маданият бўлими мудири, Ўзбекистон Маданият вазири бўлиб ишлаган, ҳозир эса узоқ йиллардан бўён Маданият институтига ректорлик қилиб келаётган Азиз Оппоқович Тўраев, Ўзбекистон Олий Хўжалик судининг собиқ раҳбари, бугунги Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғ Абдусаломов, собиқ ЛКСМ Марказий Комитети котиби, эндиликда Ўзбекистон Қишлоқ ва Сув хўжалиги вазирлиги раҳбарларидан бири бўлиб ишлаётган Ҳакимжон Ҳамидов, Олий Хўжалик судининг биринчи муовини Нурмат Рустамович Ахмонов, Сирдарё вилояти ҳокими Равшан Ҳайдаровларни кўриб танидим.
Унда Зелемхон Ҳайдаровнинг каттакон ва нуфузли давра бошида тўйхонага кириб келиши, ош еб бўлингач кўплар қатори зарбоф чопон билан сийланиши акс этган дилбар лавҳаларни кўриб, беихтиёр Ўзбекистонда улар билан бирга кечган бедард ва беғубор дамларим ёдимга тушди.
Лавҳаларни томошо қиларканман, Ўзбекистоннинг иккинчи одами деб билган Зелемхон аканинг тўйда ўзини оддий одамлардай ниҳоятда камтар тутиб, чопон кийдираётганларидаги хижолатли ҳолатини кўриб, у кишига берган сифатларим тўғрилигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.
Демак, мен билган тўқсонинчи йиллардаги Зелемхон ака орадан йигирма олти йилдан кўп вақт ўтиб ҳам, ўшандай камтар ва камсуқимликни сақлаб қолибдилар…
Мен-чи? Агар мен ҳам Ислом аканинг ёнида шунча муддат ишлаб қола олганимда эди, Зелемхон акадай камтар ва камсуқум, андишали ва мулоҳазали бўлиб қола олармидим деб ўйлаб кетаман баъзан…
Яна бир гап.
Бугун Зелемхон акани нафақат Ўзбекистон ичкарисидаги мулозимлар, балки қачонлардир у киши билан бирга ишлаган, яқин ва қўшни бўлган, бугун эса тақдир тақозоси билан у киши тамал тошини қўйган сиёсий тузум дастидан чет элларга бош олиб кетган таниқли мухолифат вакиллари ҳам ҳурмат қилишади.
Мен яқинда ана шундай кишилардан бири, Ўзбекистоннинг АҚШдаги собиқ элчиси Муҳаммад Бобир Маликов билан телефон орқали боғланганимда Зелемхон аканинг одамгарчилиги, инсоний фазилатлари ва яхшилиги ҳақида самимий ва гўзал бир иқрорнинг гувоҳи бўлдим…
Назаримда, бир пайтлар Зелемхон аканинг ошини еб, Президентнинг азиз меҳмони бўлган Муҳаммад Солиҳ ҳам бугун Зелемхон ака ҳақида мен айтган ва ёзган илиқ фикрларга қўшилса керак.
Чунки Зелемхон ака бизга ўхшаб “Булар Президентнинг душмани” деб, ўзбек мухолифати лидерларига ҳеч қачон зуғум қилмаган, ҳамиша ўз ишини билиб, уларга ҳам яхши муомила қилиб юрган, мўмин-қобил одам эди.
Бундай кишилар ҳақида рус тилида: “Человек на своем месте”, яъни “Ўз ўрнидаги одам” деган гўзал бир ибора бор…
Аслида мен Зелемхон Ҳайдаровга бағишланган бу бобни дастлаб “Ўз ўрнидаги одам” деб атамоқчи эдим.
Зелемхон ака ростдан ҳам ўз ўрнидаги одам.
Бунга ҳеч ким, на Президент ва на бошқа биров эътироз билдиролмайди…
62.
Давлат ва Қурилиш Академиясига – Зелемхон Ҳайдаров номини бериш керак…
Зелемхон Ҳайдаров ҳақидаги хотираларимни якунларканман, яна Ўзбекистоннинг яқин келгусидаги сиёсий жараёнлари ҳақида ўйлайман.
Хусусан, йигирманчи асрнинг дунё миқёсида танилган машҳур сиёсатчиси Ислом Каримов салтанига чорак асрдан бўён воизлик қилиб келаётган Зелемхон Ҳайдаров биз истаймизми, йўқми, тарихий ва буюк шахс.
Ҳали у кишининг ҳаёт йўли, Президент саройидаги бебаҳо тажриба мактаби Давлат ва Қурилиш Академияси тингловчилари учун бебаҳо дарслик ва қўлланма сифатида ўқитилишига ишончим комил.
Қолаверса, Ўзбекистон ҳукумати ва давлати учун мулозимлар тайёрлайдиган бу маскан бир кун келиб у кишининг муборак номлари билан аталса, не ажаб…
63.
Тилак ва истаклар…
Умр оқар дарё дейдилар.
Йигирма олти йилдан бўён пошшолик саройида ишлаб, ўз инсоний фазилатларини йўқотмай, камтар ва камсуқим бўлиб қолиш учун киши қандай муҳитда тарбия топган бўлиш керак деб ўйлаб қоламан баъзан.
Сирдарёнинг олис ва кимсасиз гўшаларида туғилиб, камбағал ва ночор бир шароитда камол топган, муштипар бева онаси тун бўйи мижжа қоқмай тайёрлаган пирашка-ю, манти сотиб оилани тебратган меҳнаткаш ва тиришқоқ ўспирин йигит ўз кучи билан олий ўқув юртига кириб, ҳуқуқшунослик дипломини қўлга киритаркан, адолатпарвар юрист бўлишни кўнглига маҳкам қилиб туккан эди.
Лекин тақдир уни тамомила бошқа истиқбол томон етаклаб кетди.
Яхши ва адолатли инсонлар ёрдамида секин аста пошшолик саройига яқинлашаркан, у одамлар қалбида ўзи ҳақида илиқ ва самимий туйғулар уйғота билди.
Шу билан бирга омад ҳам унга кулиб боққан эди десак тўғри бўларди.
Зотан, шоир айтганидек:
Омад деганлари дунёда бор гап,
Бу ерда ҳар қандай хурофот бекор.
Ҳозир сен шеъримни турибсан тинглаб,
Демак сен ҳаётсан, омад сенга ёр!
Бошқача қисмат ҳам мавжуд-ку, ахир,
Балойи қазодан асрасин зинҳор.
Мен сенга шеър ўқиб турибман ҳозир,
Демак, мен ҳаётман, омад менга ёр!
Қолган ўртадаги гапларни энди,
Нима деб атасанг, сенда ихтиёр.
Фалакда ҳаттоки қуёш бекинди,
Бизлар барҳаётмиз, омад бизга ёр!
Ҳа, не бахтки, бизлар барҳаётмиз!
Ўтган бу йиллар давомида ҳукумат тизимларида ишлаган қатор мулозимлар, давлат ва сиёсат арбоблари, адабиёт ва санъат ҳамда мухолифат намоёндалари бу ёруғ дунёни тарк этишди.
Қудрат Аҳмедов, Мурод Шарифхўжаев, Иброҳим Қўчқоров, Ҳаким Жалилов, Шукрилла Мирсаидов, Пўлат Ҳабибуллаев, Нуриддин Муҳиддинов, Аҳмаджон Мухторов, Убайдулла Абдураззоқов, Солижон Мамарасулов, Нормуҳаммад Худойбердиев, Бургутали Рапиғалиев, Ботир Эргашев, Ўктам Исмоилов, Ботир Маҳмудов, Адҳамбек Фозилбеков, Алишер Азизхўжаев, Сулаймон Мурод, Эркин Ҳайитбоев, Саид Аҳмад, Мирмуҳсин, Ҳамид Ғулом, Одил Ёқубов, Озод Шарофиддинов, Алижон Қўчқоров, Пиримқул Қодиров, Тулипберган Қайипберганов, Жуманиёз Жабборов, Аҳмаджон Мухторов, Рауф Парпи, Неъмат Аминов, Барот Бойқобилов, Файзулла Исоқов, Шукур Холмирзаев, Нормурод Нарзуллаев, Абдуманноб Пўлатов, Муҳаммад Раҳмон, Ўрол Ўтаев, Шавкат Яҳёев, Шаҳобиддин Зиёмов, Анвар Жўрабоев, Виктор Хайдуров, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва бошқа кўплаб азиз сиймолар шулар жумласидандир.
Биз бугун уларнинг порлоқ хотираси олдида бош эгарканмиз, муборак номлари миннатдор Ватан тарихи китобларида ҳамиша зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилишига ишонгимиз келади.
Бугун йигирма олти йилдан бўён Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан бир сафда ҳормай толмай ишлаб келаётган Зелемхон Ҳайдаров ҳокимиятда эҳтимол ўзининг сўнгги йилларини ўтказаётгандир.
Ўзбекистоннинг кеча сайланган янги Президенти билан энди янги одамлар ишлаши мумкин. Ислом ака кутилмаганда ана шундай оламшумул қарорлар чиқариб қолиши ҳам мумкин.
Қолаверса, Зелемхон ака ҳам энди дам олиши, умрининг кексалик гаштини фарзандлари ва набиралари даврасида ўтказиши лозим.
Лекин инсон табиати шунақа эканки, у ҳеч қачон ўзи, ўз ихтиёри билан давлат ва ҳукуматдан воз кечолмас экан…
Нима ҳам дердик, лекин эрта бир кун тақдир тақозоси билан мабодо шундай қарорга келиб қолинса, ўшанда биз Зелемхон акага ҳам эсон-омон, тинч ва хотиржам пенсияга чиқиш насиб этишини тилаб қоламиз.
Лекин пенсияга чиқишларидан олдин Зелемхон акага битта илтимосимиз бор. Бу илтимосимизни Зелемхон акага «Очиқ хат» шаклида билдиришга қарор қилдик…
(Якуни келгуси сонда)
-
Ҳақийқий театр! Тезда сценарий тайёрлаб, бадиийлаштирилган тарихий ҳужжатли фильмни суратга олишни бошлаш керак. Ҳатто, қаҳромонларнинг тириклари ўз ролларни ўзлари ўйнасалар яна соз бўлади. Зели ролида – З.Ҳайдаров, Мавлон ролида – М.Умрзоқов, журналист ролида – Ш.Убайдуллаев, Исмат ролида – И.Хушевнинг ўзлари…
-
Минг офарин Исмат ака!Ушбу БОБ, Зелимхон аканинг жиноий портретига шарх булибди. Ута бир мохирлик ва журналистик одоб билан сих хам кабоб хам куймасин тарзида тушунтиргансизки, ЭНДИ ЗОЛИМХОН АКА ЭТАГИНИ ЙИГИШТИРИБ ОЛМАСА КЕЙИН АЛБАТТА КЕЧ БУЛАДИ, АСЛИДА БИР НЕЧА ЙИЛГА КЕЧИКТИЛАРУ, АММО ХАЛКИМИЗ УТА ЧИДАМЛИЛИК КИЛИБ КЕЛАЯПДИ. Хеч кандай орган тухтатиб кола олмайдиган фалокатлар руй бериши мумкин, оддий орган ходимлари ва бугун жим юрган зиёли катлам хам жонидан туйган. Булар эса узларини йигиштириб олиш нинг урнига, вактида Исматни бекор чикариб юборибмиз дейишиб афсус килиш билан оввора. Зеро сиз буюк садокат билан уларни кутилаётган хавфлардан огох килиш билан овворасиз. Текширилмайдиган амал одамни бузади дейишган, САРОЙда шундай химоячиси бор казолар кунгилларига келган номакбулчиликларни килишмокда. Золимхон ака мансабидан фойдаланиб туплаган бойлиги неча вагон, ойдай куриниб колди. Жиноятчилар расмга тушишдан куркишининг сабаби, кимлигини билдирмаслик экан. Зелимхон аканинг расмлари додлаворибдию!
-
Утган икки кун ичида асарни бир неча маротаба кайта укиб чикдим. Хакикатдан хам Узбекистонни кимлардир бошкараяпди, халкимиз ва мамлакат худди оккупацияда колган деб уйламасдан илож йук. Бойлик буйича дунёнинг биринчи 20 талагида, аммо миллардлаб доллар четга олиб кетилаяпди. Давлат амаллари порага, ер хам, жамики ишлар порасиз битмайди. Ким дуст, ким душман билиш кийин, халкимиз мардикор булиб улиб кетаяпди. Гапирган одам йук килинади, миллатни тугатиш учун каттик киришишган шекилли. Зелимхон ака, тухтангиз!!
-
Хурматли Исмат ака! Зелимхон Хайдаровни жуда когозга ураб, ялангоч баён килгансизки, кимлигини хар ким уз улчови билан бахолайди. Чорак асрдан буён ута махорат билан уйнаб келаётган роллари, бу кишини жуда кучлик разведчиклардан хам юкори кутарибди. Хар бир харакатларида узига нисбатан мехр уйгота олиш, улаётган чогинг хам котилингга рахмат айтиб уласан дегандек! ГЁТЕ “ФАУСТ” ДЬЯВОЛ ГОВОРИТ ПРО СЕБЯ” Я ЧАСТЬ СИЛЫ ТОЙ, ЧТО БЕЗ ЧИСЛА ТВОРЮ ЗЛА, ВСЕМУ ЖЕЛАЯ ДОБРА”! СОКРАТ” ВСЕ ТАЙНОЕ, КОГДА ТО СТАНЕТ ЯВНЫМ”! УЖЕЕЕ!
-
2004 йилнинг куз ойлари эди чамамда. Равшан ака хоким, Муллажоновнинг угли вилоят УВДсида биринчи уринбосар эди. Ушанда Узбекистон ва Козогистон чегарасида бир коп наркотик модда билан айрим одамлар кулга тушишган эди. Наркотик модда Муллажоновники эканлиги бирдан шов-шув булиб кетди. Гулистонда хаммамиз, энди Муллажоновлар кетди деб уйладик. Равшан ака каттик ишонч билан юргандилар, хакикат учун махкам курашдилар. Аммо шахсан Отанинг узлари келиб Равшан акани ишдан олдилар. Муллажоновлар хали жиноятда!!
-
Исмат ака, минг раҳмат сизга! Бу мақола эмас бутун бошли роман бўлибти. Зелемхон Ҳайдаровни ўта ҳолис ва ҳар томонлама ёритибсиз. Равшан Ҳайдаровдек соғлом фикрлайдиган, халқпарвар шахслар, халол бўлганлиги, нияти тозалиги учун ҳам доимо боши балога грифтор. Бундай одамлар бор экан умид юлдузлари ўлмайди. Лекин шуни эсдан чиқармасик керак. Сиёсий хокимят кўч, ресурсларнигина тан олади, кўч ва ресурслар эса халол йўл билан топилиши амри маҳол, шундан келиб чиқсак, тўғри ишлаган одамга нақадар қийин бўлишини хис қиламиз.
-
Асарни гоҳ қувониб, гоҳ ўкиниб ўқиб чиқдим. Кўнгилга гоҳ илиқлик уфурса, гоҳ кўксимни аёвсиз изғирин чимчилаб ўтгандай бўлди. Маъюс тортдим. Асар Ўзбекистондаги кейинги 25-30 йиллик воқеа ва ҳодисаларни, давлат раҳбариятидаги айрим ходимларнинг характерларини кўрсатиб берувчи кўзгу бўлибди.
-
Исмат ака сизни ихтидорингиз, меҳнаткашлигингизга тан бермасдан бошқа илож йўқ. Зелемхон Ҳайдаров масаласига келсак бу одам ҳар қанча камтарин, оддий инсоний фазилатларга эга бўлмасин, шу хислатларини иккинчи раҳбар сифатида кенг жамоатчилик фойдасига ишлата билмади, бундан кейин ҳам ишлатиши савол остида. Аслида, халқни ўз тақдирини бир қанча шахслар қўлига бериб қўйишини ўзи, ўта хатарли бўлиб, қонунларни оёқ ости қилишга олиб келади бу шахслар ҳатто олийжаноб бўлган тақдирда ҳам. Лекин сизга барибир тан бериш керак. Ўта моҳирлик ва ҳушёрлик билан, айни пайтда меҳр билан, садоқат ва ҳурмат билан ёзгансиз. Жуда кўп айбларини хаспўшлагансиз. Ислом Каримовнинг нима учун 26 йилдан бўён ҳукмдор бўлиб келаётганини англаб етиш учун сизнинг асарларингизни ўқиб чиқиш кифоя. Яна бир бор катта раҳмат сизга. Шу пайтга қадар биз Ўзбекистон олий раҳбарияти ва ҳукуматидаги бу қадар сирли парда орти курашларидан бехабар эдик. Ўзбек мухолифати ўзи бир тараф, сиз ўзинингиз бир тараф бўлдингиз. Ўшанда ҳам улоқ сизда қолди. Шўрлик мухолифат, шўрлик ватангадо кимсалар. Агар заррача ақлингиз бўлса, Исмат Хушевдан ўрганинглар соғлом фикрловчи мухолифат қанақа бўлишини. Бу М.С.дан тортиб, лўттибозлик ва кўзбўямачилик, ғирромлик билан Тожибой қизи билан келишган ҳолда, виртуал сайлов ғолиби деб эълон қилинган аравакаш Б.Чориларга ҳам бирдек таааллуқли.
Суратда: Президент Девони раҳбари Зелемхон Ҳайдаров раҳматли устози Виктор Хайдуров маъракасида…
Суратда: Президент Девони раҳбари Зелемхон Ҳайдаров таниқли ўзбек журналисти, қадрдон дўсти Шароф Убайдуллаев билан…
Суратда: Зелемхон Ҳайдаров (орқа планда) Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповлар билан…
Суратда: Чапдан ўнгга – Президентнинг матбуот котиби Ирисмат Абдухолиқов, Тошкент шаҳар милиция Бошқармаси Бошлиғи, генерал-лейтенант Эркин Норжитов, Президент маъмурияти раҳбари Зелемхон Ҳайдаров, у кишининг
ўринбосарлари Элдор Ғофуров, “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушевлар Ўзбекистон Президентининг “Дўрмон” резиденциясида, Тошкент шаҳри, 1990 йил…
Зелемхон Ҳайдаровнинг сиёсий портретига бағишланган мазкур боб якунланди
-
Утган икки кун ичида асарни бир неча маротаба кайта укиб чикдим. Хакикатдан хам Узбекистонни кимлардир бошкараяпди, халкимиз ва мамлакат худди оккупацияда колган деб уйламасдан илож йук. Бойлик буйича дунёнинг биринчи 20 талагида, аммо миллардлаб доллар четга олиб кетилаяпди. Давлат амаллари порага, ер хам, жамики ишлар порасиз битмайди. Ким дуст, ким душман билиш кийин, халкимиз мардикор булиб улиб кетаяпди. Гапирган одам йук килинади, миллатни тугатиш учун каттик киришишган шекилли. Зелимхон ака, тухтангиз!!
-
Хурматли Исмат ака! Зелимхон Хайдаровни жуда когозга ураб, ялангоч баён килгансизки, кимлигини хар ким уз улчови билан бахолайди. Чорак асрдан буён ута махорат билан уйнаб келаётган роллари, бу кишини жуда кучлик разведчиклардан хам юкори кутарибди. Хар бир харакатларида узига нисбатан мехр уйгота олиш, улаётган чогинг хам котилингга рахмат айтиб уласан дегандек! ГЁТЕ “ФАУСТ” ДЬЯВОЛ ГОВОРИТ ПРО СЕБЯ” Я ЧАСТЬ СИЛЫ ТОЙ, ЧТО БЕЗ ЧИСЛА ТВОРЮ ЗЛА, ВСЕМУ ЖЕЛАЯ ДОБРА”! СОКРАТ” ВСЕ ТАЙНОЕ, КОГДА ТО СТАНЕТ ЯВНЫМ”! УЖЕЕЕ!
-
2004 йилнинг куз ойлари эди чамамда. Равшан ака хоким, Муллажоновнинг угли вилоят УВДсида биринчи уринбосар эди. Ушанда Узбекистон ва Козогистон чегарасида бир коп наркотик модда билан айрим одамлар кулга тушишган эди. Наркотик модда Муллажоновники эканлиги бирдан шов-шув булиб кетди. Гулистонда хаммамиз, энди Муллажоновлар кетди деб уйладик. Равшан ака каттик ишонч билан юргандилар, хакикат учун махкам курашдилар. Аммо шахсан Отанинг узлари келиб Равшан акани ишдан олдилар. Муллажоновлар хали жиноятда!!
-
Исмат ака, минг раҳмат сизга! Бу мақола эмас бутун бошли роман бўлибти. Зелемхон Ҳайдаровни ўта ҳолис ва ҳар томонлама ёритибсиз. Равшан Ҳайдаровдек соғлом фикрлайдиган, халқпарвар шахслар, халол бўлганлиги, нияти тозалиги учун ҳам доимо боши балога грифтор. Бундай одамлар бор экан умид юлдузлари ўлмайди. Лекин шуни эсдан чиқармасик керак. Сиёсий хокимят кўч, ресурсларнигина тан олади, кўч ва ресурслар эса халол йўл билан топилиши амри маҳол, шундан келиб чиқсак, тўғри ишлаган одамга нақадар қийин бўлишини хис қиламиз.
-
Асарни гоҳ қувониб, гоҳ ўкиниб ўқиб чиқдим. Кўнгилга гоҳ илиқлик уфурса, гоҳ кўксимни аёвсиз изғирин чимчилаб ўтгандай бўлди. Маъюс тортдим. Асар Ўзбекистондаги кейинги 25-30 йиллик воқеа ва ҳодисаларни, давлат раҳбариятидаги айрим ходимларнинг характерларини кўрсатиб берувчи кўзгу бўлибди.
-
Исмат ака сизни ихтидорингиз, меҳнаткашлигингизга тан бермасдан бошқа илож йўқ. Зелемхон Ҳайдаров масаласига келсак бу одам ҳар қанча камтарин, оддий инсоний фазилатларга эга бўлмасин, шу хислатларини иккинчи раҳбар сифатида кенг жамоатчилик фойдасига ишлата билмади, бундан кейин ҳам ишлатиши савол остида. Аслида, халқни ўз тақдирини бир қанча шахслар қўлига бериб қўйишини ўзи, ўта хатарли бўлиб, қонунларни оёқ ости қилишга олиб келади бу шахслар ҳатто олийжаноб бўлган тақдирда ҳам. Лекин сизга барибир тан бериш керак. Ўта моҳирлик ва ҳушёрлик билан, айни пайтда меҳр билан, садоқат ва ҳурмат билан ёзгансиз. Жуда кўп айбларини хаспўшлагансиз. Ислом Каримовнинг нима учун 26 йилдан бўён ҳукмдор бўлиб келаётганини англаб етиш учун сизнинг асарларингизни ўқиб чиқиш кифоя. Яна бир бор катта раҳмат сизга. Шу пайтга қадар биз Ўзбекистон олий раҳбарияти ва ҳукуматидаги бу қадар сирли парда орти курашларидан бехабар эдик. Ўзбек мухолифати ўзи бир тараф, сиз ўзинингиз бир тараф бўлдингиз. Ўшанда ҳам улоқ сизда қолди. Шўрлик мухолифат, шўрлик ватангадо кимсалар. Агар заррача ақлингиз бўлса, Исмат Хушевдан ўрганинглар соғлом фикрловчи мухолифат қанақа бўлишини. Бу М.С.дан тортиб, лўттибозлик ва кўзбўямачилик, ғирромлик билан Тожибой қизи билан келишган ҳолда, виртуал сайлов ғолиби деб эълон қилинган аравакаш Б.Чориларга ҳам бирдек таааллуқли.
3 шарҳ
-
Юкоридаги иккита расм куп нарсалар хакида суйлаётгандай! Шароф ака бу кишидан узи учун бирон нарса сураётган эмас, факат халкнинг ахволи, булаётган номакбулчиликлар, коррупция ва боскинчиликлар, Бош вазирнинг хурмача киликлари, Органнинг буткул издан чикиб кетганлиги ва охир окибат мамлакат улкан хавф остонасида эканлигини жон-жахдлари билан тушунтирмок харакатидалар. Зелемхон ака эса,хакикат чангалидан кутулиш учун атрофга мултираб караб, куткаринглар-мен инсон булиб колишим хавфи бор деяётгандек ????
-
Исмат ака яна бир бор коилман Сизга.. тепадаги 30 йиллик сирли вокеаларни Сизни шарофатингиз билан вокиф булаяпмиз,натижасини куриб турган булсакда Сизга бенихоя ташаккур айтамиз ака.
Лекин Исмат ака.. Зеляни онаси татар Мусинлар.Мундок олиб караса Исмат ака тепада тоза узбек йук хисоби сал чукуррок назар солсангиз ака. -
Хурматли Исмат ака! Сирлари ичидаги БОБ! Яна Буритош акам уятга колдирди, Шухрат Косимов халк учун, келажак учун куйиб ёнган ва хар доимгидек “ВИЖДОНИ” борлар касали билан хаётдан куз юмганлар. Зелимхон Хайдаровни анча суяб ёзгансиз, асли ким эканликларини шу сафарги янги мухлат тулик аниклайди. Халкимиз учун яхши кунлар бошланишига хисса кушсалар жуда ажойиб булар эди ва келажак авлод унутмасди! Аммо Шароф ака у кишини саклаб колганлиги яккол билиниб турибди, шунга яраша одамгарчилик килишлари шарт эди!!!
-
Ҳақийқий театр! Тезда сценарий тайёрлаб, бадиийлаштирилган тарихий ҳужжатли фильмни суратга олишни бошлаш керак. Ҳатто, қаҳромонларнинг тириклари ўз ролларни ўзлари ўйнасалар яна соз бўлади. Зели ролида – З.Ҳайдаров, Мавлон ролида – М.Умрзоқов, журналист ролида – Ш.Убайдуллаев, Исмат ролида – И.Хушевнинг ўзлари…
-
Минг офарин Исмат ака!Ушбу БОБ, Зелимхон аканинг жиноий портретига шарх булибди. Ута бир мохирлик ва журналистик одоб билан сих хам кабоб хам куймасин тарзида тушунтиргансизки, ЭНДИ ЗОЛИМХОН АКА ЭТАГИНИ ЙИГИШТИРИБ ОЛМАСА КЕЙИН АЛБАТТА КЕЧ БУЛАДИ, АСЛИДА БИР НЕЧА ЙИЛГА КЕЧИКТИЛАРУ, АММО ХАЛКИМИЗ УТА ЧИДАМЛИЛИК КИЛИБ КЕЛАЯПДИ. Хеч кандай орган тухтатиб кола олмайдиган фалокатлар руй бериши мумкин, оддий орган ходимлари ва бугун жим юрган зиёли катлам хам жонидан туйган. Булар эса узларини йигиштириб олиш нинг урнига, вактида Исматни бекор чикариб юборибмиз дейишиб афсус килиш билан оввора. Зеро сиз буюк садокат билан уларни кутилаётган хавфлардан огох килиш билан овворасиз. Текширилмайдиган амал одамни бузади дейишган, САРОЙда шундай химоячиси бор казолар кунгилларига келган номакбулчиликларни килишмокда. Золимхон ака мансабидан фойдаланиб туплаган бойлиги неча вагон, ойдай куриниб колди. Жиноятчилар расмга тушишдан куркишининг сабаби, кимлигини билдирмаслик экан. Зелимхон аканинг расмлари додлаворибдию!
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
-
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
10 комментариев
-
давлат такдирини хал килувчи рахбарлари олий ва масулъятли инсонлар да, улар бошкарувидаги давлат энг бир масулъятсиз, кашшок, адолатсиз холида. Балким шу рахбарларнинг азгина булса хам жавобгарлиги бордир, шу вазиятга.
-
Зелемхон Ҳайдаров 25 йилдан бўён Ўзбекистон президентининг ўнг қўли бўлиб келган. Лекин 25 йилдан бўён ўзбек халқи у ҳақда ҳеч нарса билмасди. Худо берган талант соҳиби Исмат хушев туфайли биз бугун бу одам ҳақида керагидан зиёд маълумотга эгамиз. Ҳақиқий журналист мана шундай бўлиши керак. Исмат Хушевга бугун ўзбекистонда ва чет элда тенг келадиган журналистни биз ҳали кўрмадик. Қўрқоқ Каримов ва Иноятов бу йигитни нима учун чет элга чиқариб юборганини мана энди кўпчилик аниқ равшан кўриб, билиб, яққол тушуниб турибди. Ўзбекистонни бугунги вазиятга олиб келган мана шу икки жиноЯтчи ва манфур кимса, Исматбек. Сиз шуни қачон англаб етасиз?
-
Bu maqolalar vaqti kelib o`z bahosini oladi, inshoolloh, Ismatbek. Olloh doim yordamchingiz bo`lsin. Barcha balolardan o`zi asrasin. Omin
-
Sizni mana shu samimiyligingiz uchun yahshi ko`ramiz, Ismat aka.
-
Bugungi o`zbek rahbariyatining obrazi yahshi chizib berilgan. Ismat Hushevning iste`dodiga qoyil. Men o`zbek jurnalistikasida hali bu qadar sermahsul va yorqin iste`dod sihibini ko`rmaganman.
-
Ismat Hushevga qoyil qolmay hech ilojimiz yoq. O`zbekistondagi hukumatga yaqin manbalar ham topolmaydu bu fakt va dalillarni. Bu asari uchun Ismat Hushevga orden berich kerak.
-
Zelemhon haydarov Islom Karimov atrofidagi eng muttaham mulozimlardan biri. Ismat Hushev o`z vaqtoda bu odam bilan oldi berdi qilgan, katta pul ishlagan. Mana endi egan ogiz uyaladi deganlariday, uni maqtab yuribdi…
-
Islom Karimov saltanatiga berilgan yahshi bir baho bo`libdi Ismatbekning bu kitobi.
-
Ismat Hushebchalik yana kim bor bugungi O`zbekistondagi siyisiy siymolar haqida asar yozayotgan. Yozganda ham qoyil maqom qilib yozayotgan.
-
Zelemhon Haydarov haqida o`zbek matbuotida hech narsa yo`q edi. Ismat Hushev bu bo`shliqni ajoyib asari bilan to`ldirdi. Ofarin!
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Юкоридаги иккита расм куп нарсалар хакида суйлаётгандай! Шароф ака бу кишидан узи учун бирон нарса сураётган эмас, факат халкнинг ахволи, булаётган номакбулчиликлар, коррупция ва боскинчиликлар, Бош вазирнинг хурмача киликлари, Органнинг буткул издан чикиб кетганлиги ва охир окибат мамлакат улкан хавф остонасида эканлигини жон-жахдлари билан тушунтирмок харакатидалар. Зелемхон ака эса,хакикат чангалидан кутулиш учун атрофга мултираб караб,куткаринглар-мен инсон булиб колишим хавфи бор деяётгандек ????
Исмат ака яна бир бор коилман Сизга.. тепадаги 30 йиллик сирли вокеаларни Сизни шарофатингиз билан вокиф булаяпмиз,натижасини куриб турган булсакда Сизга бенихоя ташаккур айтамиз ака.
Лекин Исмат ака.. Зеляни онаси татар Мусинлар.Мундок олиб караса Исмат ака тепада тоза узбек йук хисоби сал чукуррок назар солсангиз ака.
Хурматли Исмат ака! Сирлари ичидаги БОБ! Яна Буритош акам уятга колдирди, Шухрат Косимов халк учун, келажак учун куйиб ёнган ва хар доимгидек “ВИЖДОНИ” борлар касали билан хаётдан куз юмганлар. Зелимхон Хайдаровни анча суяб ёзгансиз, асли ким эканликларини шу сафарги янги мухлат тулик аниклайди. Халкимиз учун яхши кунлар бошланишига хисса кушсалар жуда ажойиб булар эди ва келажак авлод унутмасди! Аммо Шароф ака у кишини саклаб колганлиги яккол билиниб турибди, шунга яраша одамгарчилик килишлари шарт эди!!!