Таниқли журналист Малоҳат Эшонқуловага онаси вафоти муносабати билан таъзия
«Дунё ўзбеклари»дан:
2016 йилнинг 8 август куни таниқли журналист, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Малоҳат Эшонқулованинг 92 яшар аяси Зулфия Эшонқулова Самарқанд вилоятида дунёдан кўз юмди.
Нашримизнинг кўпминг сонли мухлис ва муштарийлари номидан жасоратли ҳамкасбимиз Малоҳат Эшонқуловага волидаи муҳтарамаси вафоти муносабати билан чуқур таъзия билдирамиз.
Малоҳат Ўзбекистон телевидениясида ишлаб юрган чоғларида ойнаи жаҳонда ин қуриб олган бир гуруҳ юқори даражали давлат мулозимлари устидан, улар амалга ошираётган адолатсизлик ва ноҳақлик, кўзбўямачилик ва юлғичликлар юзасидан ҳамкасб дугонаси Саодат Омонова билан бирга юқори ташкилотларга шикоят қилган эди.
Лекин Ўзбекистон Олий раҳбарияти уларнинг асосли ариза ва шикоятига қулоқ солиш ўрнига бу икки жасоратли ва иймон-эътиқодли журналистларнинг ўзларини таъқибга олади.
Орадан ўтган йиллар бу икки журналист қиз тақдирида — Ўзбекистонда ҳақ сўзни айтиш ўлим билан тенг эканини яққол исботлади. Уларнинг иккалови ҳам жамиятда ишсиз ва эътиборсиз қолишди. Мустақил Ўзбекистон ва унинг «эркин» матбуоти — адолат ва диёнат истаган бу икки журналист қиз тақдирига бефарқлик ва лоқайдлик билан муносабатда бўлди. Куч ишлатиш тизимининг шафқатсиз «машинаси» эса уларни ўз домига торта бошлади.
Саодат бу тазйиқ ва таъқиблар олдида ожизлик қилиб, зулм ва жаҳолатга таслим бўлди. Овозини ҳеч ким эшитмагач, тақдирга тан бериб, тақдир ҳукмига бўйсунишга, тилини тийишга мажбур бўлди. Ҳолбуки, у адолат ва диёнат истаган эди. Лекин, минг афсуски, топгани ҳақорат ва жаҳолат бўлди. Уни ҳимоя қилиб бирор бир ҳамкасби ва ё ватандоши ўртага чиқолмади, ўз сўзини айтолмади.
Малоҳат эса, аксинча, унга қарши чиққанларни, уни тинглашни истамаганларни ажиб бир ҳайрат ва ҳасратларга ошно этди. Ўз одил ва ҳақ сўзи, кураш ва матонати билан, жанг ва жасорати билан бутун ўзбек ҳукумати ва давлатини, энг Олий раҳбарият ва Президентга қадар тавбасига таянтирди десак, бугун энди муболаға бўлмаса керак…
Алал оқибат Малоҳат Эшонқулова ўзининг ўтли ва оташин мақолалари билан Ўзбекистондаги зулм ва жаҳолат пардаларига ўт қўя бошлади. Қисқа давр орасида у Ўзбекистондаги — адолатни айтадиган ва ёзадиган энг кўзга кўринган журналистга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган — энг жасоратли ва таниқли ҳуқуқбонга айланди.
Истеъдодли шоир Ҳамроқул Асқар Малоҳат ҳақда қуйидаги сатрларни битганида тамомила ҳақли эди:
Устимиздан кулма, ғашимга тегма,
Аввалгидай эмас салобатларим.
Дангаса эркаклар мардикор бўлгач –
Жангга киришдилар Малоҳатларим…
Ҳа, бугун Малоҳат Эшонқуловани бутун дунё ўзбеклари, инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи ер юзидаги барча нуфузли халқаро ташкилотлар, Ўзбекистонда фаолият юритувчи барча дипломатик корпус ва элчихона вакиллари танишади ва яхши билишади.
Бугун ана шундай жасоратли журналист синглимизнинг бошига оғир бир жудолик тушди. У ўзининг бу ёруғ дунёдаги энг яқин ва азиз кишиси — онасидан жудо бўлди.
Ҳа, минг афсуски, бугун Малоҳатнинг қанотлари қайрилди. У ўз онасидан айрилди…
«Дунё ўзбеклари»нинг кўпминг сонли мухлис ва муштарийлари, ўқувчилари номидан иймон эътиқодли синглимиз, бетакрор ўзбек журналисти Малоҳат Эшонқуловага олис Канада давлатидан туриб, ўзимизнинг чуқур таъзиямизни билдирамиз.
Начора, ўлим ва айрилиқ ҳар кимнинг бошида бор қисмат экан. Бу дунёда ҳеч ким ёзувчи синглимиз Саломат Вафо айтгани каби — онасидан айрилмасин, қанотлари қайрилмасин!
Биз ҳар доим Сиз билан биргамиз, Малоҳат. Бардам бўлинг, синглим. Бизнинг кўчада ҳам байрам бўладиган кунлар албатта келади.
Мен бунга ишонаман!!!
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири
Торонто шаҳри, Канада,
8 август, 2016 йил
Малохат! Энг якин киши-ОНАнгизнинг дунёдан утганлиги -огир мусибат билан таъзиямни кабул этинг. СИЗдай фарзандни тарбиялаган ОНАнинг жойи жаннатда булсин деб дуо киламиз. хожи Муродим Турдиев, профессор, Халкаро мухандислик академиясининг мухбир аъзоси Атырау, Козокстон
Айтишларича, ҳатто қувончдан ҳам кишининг кўкси қоқ ёриларкан… Кўтара олмасдан… Шодлик юкини кўтаришга ожизлик қилган одам шу боис ҳам қувончига ўзгаларни, дўсту ёрларни шерик қиларкан, шодлигини бўлишаркан…. Яхши кунларида, тўйлари, хурсандчилик онларида дўстларини чорларакан…. Бахтли дамларини баҳам кўраркан….
Хуррамликкаки дош бера олмаган бу митти юрак мусибат юкини ортмоқлай олармиди? Мабодо одамлар одамларнинг дарду ғамига шерик бўлмаганларида эди, қайғу алангаси кўнгилларни куйдириб кулга айлантириб қўйиши муқаррар эди…..
…. Шу боис ҳам бир-бирларини аяшни, асрашни истаган инсонлар кулфатли кунларда далда бўлишга шошиларкан… Кемтик кўнгилларга таскин бераркан…. Ҳамдард бўларкан…. Дил оғриғингга малҳам бўларкан…
Атрофингдагиларнинг далдаси дардни, ғам-аламни енгишга кўмаклашаркан….
Исмат ака, кўнглингизни оғритадиган гапларимдан кейин ҳам юрак юкимни енгиллаштиришга, кўнгил ярасига малҳам қўйишга уринганингиз учун катта раҳмат. Ҳамдардлигингиз учун ташаккур.