Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, улуғ устоз Абдулла Ориповнинг энг янги шеърлари
Сендан узоқлашиб бораман тун-кун,
Балки бир қадамдир, балки бир, ярим.
Фанонинг бағрига сингаман беун,
Пайқамас ғанимлар, билмас дўстларим.
Шамоллар қайдан ҳам бўлсин хабардор,
Мен ахир сафарга отланган банда.
Қушлар давра қурар тепамда такрор,
Томоша қилишар, ҳеч бўлмаганда.
Қўл чўзса етгудек юлдузларим ҳам,
Сезишмас ўрнимдан кўчганлигимни.
Бир умр уларга бўлсам-да ҳамдам,
Энди-чи, ногаҳон ўчганлигимни.
Умрнинг поёнин англайсан, бироқ
Уни кўриб туриш оғирдир фақат.
Тириклик дунёда бахт эрур порлоқ,
Айри тушмоқ эса энг қора қисмат.
Боқиб атрофингга бошинг қашлайсан,
Қарзинг қолмаганми бирор кимсадан?
Ҳисоб-китобингни ўйлай бошлайсан,
Сендан розимикан элу юрт, Ватан.
Елпиниб ҳайдайсан туманни гўё,
Яна кўз олдингда шеърият, баёт.
Барибир, шириндир шу тахир дунё,
Барибир, гўзалдир шу қари ҳаёт.
20.07.2016
ТАРОЗИ
Тонгда айвонингга чиқасан яйраб,
Тарбият қиласан жисму жонингни.
Тинчлик деган бир қуш тепангда сайраб,
Қўриқлаб туради хонадонингни.
Ҳолбуки, эллар бор, қирқ йилдан буён,
Мотам либосини ечган эмасдир.
Ҳар зум фалокатга маҳкумдир инсон,
Тинчлик деган сўз ҳам, демак, абасдир.
Ювиниб, тараниб жўнайсан ишга,
Кундалик юмушни ўйлайсан фақат.
Ўрганиб қолгансан сокин турмушга,
Ёнингдан оқади осойишта вақт.
Ҳолбуки, дунёда шундай жойлар бор,
Текшириб кўради пайпоғинггача.
Кимлигинг сўрайди такрор ва такрор,
Сўрайди етти пушт-аймоғинггача.
Бу ҳолнинг тагига етганлар борми,
Дарё ҳам ёндошдир саҳролар билан.
Нафратда яшайди дунёнинг ярми,
Ярми эса яшар дуолар билан.
26.07.2016
ИНСОН