4-август— синглим Хуршиданинг туғилган куни. Гўзал Фарғонамнинг Қувасой деган шаҳарчасида мени доим соғиниб кутадиган меҳрибонимнинг таваллуд айёми. Агар уни шахсан таниганингизда чор -атрофни яшнашига сабабчи бўлган жўшқин Исфайрам дарё Олой тоғларидан эмас, унинг покиза қалбидан отилиб келаётганига амин бўлардингиз.
Ҳар йили туғилган шаҳримдан ўнлаб ота-оналар бемор болаларини олиб келишади. “ Мени ким тавсия қилди, телефон рақамимни қаердан олдингиз? “ деган саволларимга гапни узоқдан бошлашади;
— Дўхтир, болам анчадан бери касал. Снглингизни тавсия қилишди. Барака топсинлар, шулар туфайли Тошкентга келдик…
Уларнинг ҳар бирининг ўз дарди бор. Эшитсанг тоғлар тўкилади…
Синглим ҳам “ йўқ” деса бўларди. Йўқ! Хуршида ундай қилмайди. Чунки унинг қалби тош қотмаган. Чунки унинг сувратигина эмас, сийрати ҳам чиройли. Қўнғироқ қилади;
— Опа, фалончи опа олдингизга фарзандини олиб бордими? Илтимос, қўлингиздан келганича ёрдам берворинг. Анча қийналиб қолишибди…
— Опа, қишлоғдан борган фалончи холани кутволдизми? Жуда яхши аёл. Касалини бироз ўтказиб юборибди, ўзингиз бирор профессорга кўрсатинг….
— Опа, бир қизчани олиб боришган экан, пойтахтдаги фалон касалхонага ётқизиша олмабди. Илтимос, бош врачга бирор нарса денг…
— Опа, болали аёлни жўнатдим. Эртага даволанишга ётишади. Бугун қоладиган жойлари йўқ экан. Уйингизга бир кечага киргизинг….
Ҳар доимги қўнғироқлар шундай илтимосларга тўла бўлади. Минг ҳижолат ва эркалик билан мурожаат қилар экан, етти ёт бегоналарнинг мушкули осон бўлишига сабабчи бўлади.
Уни шу меҳридарё қалби учун яхши кўраман.
Мени дуо қилаётганингизда синглимни ҳам унутманг!
Илоҳим шу чиройли қалбига ҳеч қачон зиён етмасин!
Гўзал хислатларинг ва чин инсоний фазилатларинг минглаб қизларга ибрат бўлсин!