Эврил Турон: Мен “ББС”, “Озодлик”, “Дунё Ўзбеклари” ходимларини тўғри тушунаман…
Эврил ТУРОН
ЮРТ КАМОЛИ — БИРЛИКДА
“Ўзгани ўзинг каби сев”
Таврот
“Мен дунёни айблаш учун эмас, балки уни қутқариш учун келганман”
Исо элчи сўзи
Ҳозиргина нон узилган тандирдек кун иссиқ. 45 даража. Тўлқин-тўлқин ўлароқ жимирлаётган ҳаво ҳовури борлиқни ёндираман дейди. Эшик ёнида ётган ола ит тилини бир қарич осилтириб, зўрға нафас олаяпти. Мен ғариб ҳовлида, ўзим эккан мевали оғочлар кўланкасида ўйу ғамга ғарқ ўтирибман. Терга ботиб. Столимда Шумер ва Этруск тарихларига оид китоблар.
Гўё улар менга шундай дейишаётгандай:
“Биз энг эски турк тарихларимиз”.
Ўйим чуваланади. Ғамим ошади. Узун, жуда узун йилларни елга совурганман. Яна ўн етти йил қамоқ. Эссиз йиллар! Кўзимга ёш қалқади. Хўрсинаман. Ачинаман. Кеч. Жуда кеч. Тангри ўлчаб берган умр ниҳоясига етаяпти.
Умримни елга совуришимга қўрқоқлигим ҳам сабаб бўлган. Туҳмат ҳам. Чинни ёзиш учун юрак керак. Бу – ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.
Мен Чўлпонлардан кейин бўғовларни ёриб ёзадиган ёзарларни кўрмадим. Шунданми, адабиётни мағор босиб ётибди. Шунданми, ёлғонни “чин” деб кўпираётган қорин бандалари кўпайиб ктеган. Шунга:
Чўлпонлар йўқ,
Фитратлар йўқ,
Адабиёт,
Тарих,
Санъат,
Илм-фан ўлган ерда даҳолар, ботирлар туғилмайдилар.
Билъакс:
Қорни ғорлар,
Маддоҳлар,
Ёлғончилар,
Каззоблар,
Булғанчлар яйраб яшайдилар.
Сталин қатағонидан кейин эл ойдинлари Чингизу Ўлжасга ҳавас қиладилар. Чингизнинг “Оқ кема”сидек, Ўлжаснинг “Аз и Я”сидек асарлар ўзбекда борми?
Уларда ҳам бўғов бўлган-ку?
Ўзларини: “Зўр ёзувчиман”, “Зўр шоирман”, “Зўр олимман” деб лоф ураётган кўнгиллари кир, юраклари пўк махлуқлар тўда-тўдага бўлинароқ бир-бирларининг қўлтиқларига сув пуркашади, бир-бирларини эшакдек ғажишади. Даҳоликни талаб қилароқ. Чет элларда тўкин яшаётган айрим “сиймо”лар ҳам, афсус, шундоқ.
Юрт тақдири,
Эл тақдири турганда буни қандоқ тушиниш мумкин? Миямга туйқус ушбу тўртлик келади:
Келгинди, босқинчи, исқирт картабон,
Юрагимни қонларга ботирса, ё Раб!
Ботирлар, шоирлар бўксиб юзтубан,
Кўзларин чирт юмиб ўтирса, ё Раб!
Уни ким ёзган? Чўлпонми? Аниқ айтолмайман.
Шу шеър таъсирими, Юсуф Жуманинг “Тумарис”идаги қуйидаги сўз хотирамга қалқади:
“Ахмоқона китоб ёзиш — оғир жиноят”.
Мен “ББС”, “Озодлик”, “Дунё Ўзбеклари” бошлиқлари ва ходимларини тўғри тушунаман. Халқ ҳам шундай. Менинг назаримда улар ўтга ҳам, сувга ҳам, жангга ҳам кириб юрадиган ботирлар. Нима эшиттиришса, холис эшиттиришади. Ўзбекэл камоли учун. Нима нашр этишса холис нашр этишади. Ўзбекэл камоли учун. Уларда даҳоликка даъво, тарафкашлик сезилмайди. Уларда эл дарди устун.
Паҳлавон Содиқ,
Сарвар Усмон,
Барно Анвар…
Эшиттиришлари тўғри, ўтли, муросасиз.
Исмат Хуш ҳам ташкилотчилиги, иқтидори билан ажралиб туради.
Ўзининг энг ашаддий душманлари асарларини ҳам “Дунё Ўзбеклари”да босади. Ҳатто ўзини ёмонлаган бўлса ҳам.
Эркин радио,
Эркин газета,
Бағрикенглик шундоқ бўлади.
Агар улар Ватанда ишлаганларида, оммавий ахборот воситаларимиз гуллаб-яшнарди.
Ватанга маддоҳлар эмас, элпарвар талантлар зарур. Ҳаво каби.
Мен шундоқ хаёллар денгизида сузарканман, ногоҳ қулоғимга таниш овоз чалинди:
— Салом дўстим!
Бошимни кўтардим.
Қаршимда Абдураҳмон Ражаб. Болалик дўстим, синфдошим. Энди оқ сочли инсон. Энди техника фанлари доктори, профессор. У ўз онгли умрини Тошкент Ирригаци институтида ўтказаяпти. Оддий ўқитувчи, кафедра мудири, декан, проректор, ректор… Узоқ йиллик умр йўли…
Бизнинг синф талантларга боймиди, ёки менга шундоқ туюлармиди, билмадим, аниқ фанлар бўйича олти профессор, бир академик, бир министр чиққан. Ва мен – ёзар Эврил Турон. Синфдошларим ичида фақат мен қамалганман. Мунаввар отли (биз уни “Мунак” дердик) бебош, урушқоқ синфдошимиз денгизчи бўлиш тилагида улуғ уммонлар томонга бош олиб кетган. Шу-шу ундан дарак йўқ. Ўликми, тирикми, ҳеч ким билмайди. Орадан ҳам эллик йил ўтаяпти. У кўп мағрур, қайсар, ўз билганидан қолмайдиган бола эди. Мактабда ўзидан каттами, кичикми, фарқсиз, сулув қизларга суйкалиб юрарди. Ҳатто Россиядан рус тили, адабиёти ўқитувчиси бўлиб келган Зоя билан ҳам пинҳона дон олишради…
Ҳа, эсимдан чиқибди, Муҳиддин Саттор исмли яна бир синфдошим бор. Немис тили, адабиёти бўйича етук олим, доктор. Тирик қолган синфдошлар узун-узун йиллар аро бир-бир учрашиб турамиз. Аммо Абдураҳмон ва Муҳиддин билан эса бот-бот…
Биз тоғнинг қуйи қисмида, Осмонсой қишлоғида, марказлашган ўрта мактабда ўқирдик. Бу мактабабда Боғдон, Баланд осмон, Қоратош, Илончи, Ёмчи, Тўқай каби кўйлар болалари ўқирдилар. Тарихни билган, тарихни унутмаган ота-оналарнингт фарзандлари ўзларини: “Салжуқ авлодимиз, Туркмиз” дейишарди. Тилимиз ҳам ўғизча эди. Мўғил башара желовчи ўзбеклардан юз тузилишимиз ҳам, феълимиз ҳам, урф-одатимиз ҳам кескин фарқ қиларди. Айни замонда ҳам шундоқ.
— 6 августда туғилган кунимни “Саёҳат” ресторанида ўтказаман, — деди Абдураҳмон ўйимни тўзғитиб, — Соат 11 да.
— Мен кузатувда…
Абдураҳмон Ражаб сўзимни бўлди:
— Саксонга кетапмиз, дўстим, бу ёғи нима бўларди…
— Мейли, — дедим Боғдонча шевада.
— Ароғинг борми?
-Рўлдасан шекилли?
— Бир-бир рюмка… Кўнгил тусаги…
Уйда ёлғиз ўзим эдим. Бир пасда емоқ, ичмоқ, газак ҳозирладим ва уларни патнисда столга келтирдим. Абдураҳмон Ражаб сарғийиб кетган дафтаримдан кўзини узди.
— Бу томчиларни қачон ёзгансан?
— СССР даврида.
— Ёмонмасдай.
— Қораламалар.
— Менга шуниси қизиқ.
Ичдик. Юзга кириш учун. Мен бунга ишонмадим. Касал юрак билан қаёққа? Абдураҳмон ишонди шекилли, кўнгли очилди ва ўзича томчиларни пичирлаб ўқиди:
Япроқлар шовуллайди,
Илдизини унутиб.
Вақиллар қурбақа,
Сувнинг дамида.
Сўзида турмаган одам тўнғиздан ёмон.
Керосин тугаяпти, пилик лоп-лоп ёнаяпти,
Уйни тутунга тўлдириб.
Эл, юрт, эрк, ҳақ учун курашмаган кишининг эшакдан фарқи йўқ.
… Сайлашганда қарсак чалишди,
Бўшатганда лойга қоришди.
Золим қулади,
Кечагина унинг соясига салом берганлар рақсга тушдилар.
Зулатни ёритаман,
Ўзим ёниб.
Тоғни талқон қилади,
Чўлни бўстон қилади,
Ёвни яксон қилади,
Юртни обод қилади,
Элни бой-шод қилади,
Оғзи — орти бир қаллоб.
Кишилар уни ёлғончилиги учунми, очкўзлиги учунми ва ё йиртқичлиги учунми, билмадим, “Иблис” дердилар. Иблиснинг қанжиқ ит ва бўридан туғилган кўппаклари бор эди. Иблис уларни ёмон кўрган одамларига тезларди:
— Ол!
— Бос!
— Ғажи!
Чатишган махлуқлар яхши, ёмонни билрмидилар, олардилар, босрадилар, ғажирдилар.
Иблис бундан роҳат оларди.
Бироқ баъзан тўрткўз ўзига қараб ҳам ириллаб қоларди. Бундай пайтда иблиснинг юраги орқасига тортиб кетарди.
Мен қудрат бўлсам,
Мен ўлат бўлсам,
Мен тўфон бўлсам,
Мен қирон бўлсам,
Душманга,
Сотқинга.
Сўнг Турон бўлсам,
Сўнг, майли ўлсам.
Бўрон қўпса:
Юракларда,
Тилакларда,
Онгларда.
Элга айланардик.
Туркистон тириларди,
Турон тириларди.
Абдураҳмон Ражаб ўқишдан тўхтади ва ўз табиатига кўра юз-хотир қилмай деди:
— Бу ушалмайдиган орзу, бу хаёл, дўстим.
— Сенинг-ча.
— Туронни қўя турайлик, Туркистоннинг ўзини ҳам тиклаш қийин. Юз йил ичида туғишган қавмлар ўрис таъсирида бир-бири билан ўгайлашиб кетган. Қозоқ-Қирғиз ўриснинг этагини тутади. Қолгани ҳам бир гўр. Ҳеч қайсиси бир-бирини ёқламайди. Кўриниб турган ҳақиқатдан нега кўз юмасан?
— Темурдек ҳоқон келади.
— Осмонданми?
— Ҳа, буни Тангрининг ўзи юборади.
— Ишонувчансан.
— Тарихда не-не миллатлар парчаланган, кейин яна қайта тикланган.
— Мен ўз кўзим билан кўриб турганим ҳақиқтага ишонаман.Сен тиклашни ўйлайсан, ҳаётда бунинг акси бўлаяпти. Туркияга қара. Турк давлатлари орасидаги қудратли Туркияга. У нурамаяптими? Уни Сурияга ўхшаш фожиа кутмаяптими?
— Шунга ўхшайди, — ноилож Абдураҳмонга қўшилдим.
— Бунинг сабаби нимада?
— Фикрингни эшитайчи?
— Сенинг телингда айтсам, Эртўғоннинг ёлғиз ҳоқонликка интилишида. У Сталин бўлмоқчи. Бутун ҳокимиятни ўз қўлига олмоқчи. Шунга сен мағрур Туркия деб билганинг — юртни тиконли симлар билан ўраяпти. Юзинг, кўзинг демай Турк зиёлиларини, яна ҳам тўғрироғи, элитасини зиндонга тиқаяпти. Минглаб киши ёмон-у бир Эртўғон яхши. Абсурд!
Жаҳонгир Муҳаммад уни “уста сиёсатчи” деди. Мен бунга қўшилмайман. “Уста сиёсатчи” давлат тақдирини, миллат тақдирини қил устига қўймайди, у билан ўзига ҳам гўр қазимайди.
— Менимча ҳам шундоқ. У ўлганининг кунидан ўзини Ота Турк сиёсатини қўллагандек тутаяпти. Аслида, зимдан унинг юзига оёқ босаяпти. Эртўғоннинг орқасида қони ёт куч бордек. Бўлмаса у ўзига бунча ишонмасди, ўн мингларни қамамасди, бир кунда 42 журналистни банди этмасди. Ҳамма ишни у олдиндан тузилган режа асосида, қонга қотилган сенария асосида олиб бораётгандек. Миллат бошига тушган энг дахшатли фожиа — давлатни ёт қон бошқариши. У ўзини ёлғондан турк қилиб кўрсатса-да, зимдан турк томирини кесади.
— Эртўғон турк-ку.
— Йўлдошлар Лаз дейишади.
— Лазинг нима?
— Гуржининг мусулмонлашган бир уруғи.
— Эртўғон тоза исломчи.
— Тоза исломчи Тангридан қўрқади, миллат гулларини қон қустириб қамамайди.
— Гуржилигига ишонмайман. Туркларнинг ичида ҳам жаллодлар озмас. Сен туркчилик касалига йўлиққансан. Менимча, сендай туркчи дунёда йўқ.
— 79 миллион Туркия элининг 80 фоизи туркчи. Ўзбекэлда ҳам мендақалар етарли.Мендан ўзгани ҳам бор.
— Масалан?
— Профессор Ўрдабеклининг шу иккилиги сени қаноатлантирар:
Ер юзи Ватаним маним,
Ва таним Турким маним.
— Қаноатлантирмади.
— Бўлмаса, шоир Юсуф Жуманинг “Тумарис” асаридан бир неча узандилар келдираман:
“Аждодлар йўлидан чиқсак, адолатдан чиқамиз, адолатдан чиқсак, очундан чиқамиз”.
“Тангридан кейин тўрт нарса муқаддас:
Турк,
Турон,
Озодлик,
Эрк”.
“Ўлимдан қўрқсанг ўласан!
Ўлимман қўрқсанг, озодлигу адолатдан айриласан”
“Китоб ўқимаслик – нодонлик.
Нодон – Турк ёви,
Нодон – Турк заволи,
Нодон – Турк хоини”.
“От туёқларининг овози — Туркнинг энг жанговар куйи”.
“Фикрлашдан қолган эл – ўлимга маҳкум”.
“Оқил-у олимлари кўп юрт — энг қудратли юртдир. Шундоқ ҳолда бу юртнинг халқиҳам илимли бўлади. Оқил будунга оқил ҳоқон келади. Қўшини ҳам оқил бўлади. Ҳукмдор нодон бўлса энг улкан қўшин ҳам ҳалоқ бўлади”.
“Агар энг гўзал шаҳар бўлса-ю, унда жоҳиллар яшасалар, демак, бу шаҳардан қабристон афзал”.
“Ёлғон, туҳматларга қарши курашмаган киши – халқ душмани”.
“Биз Турки Туронни ўйламай, ўзимизни ўйласак, Турки Турон заволга йўлиқади”.
“Фикирлайдиган эл – дунёни олади”.
“Туркнинг қудрати – Туркнинг журъати”
“Турки Турон тақдири – ҳар бир туркнинг тақдири, ҳар бир туркнинг тақдири — Турки Турон тақдири”.
“Ўқимаган турк — турк эмас”.
“Кўк Тангри ҳам туркдир”.
— Бўлди, бўлди, тўхта, ҳақиқатдан ҳам Юсуф Жума Туркчи сифатида сендан ўзибди. Менимча, дунёда ҳали ҳеч ким: “Кўк Танг ҳам туркдир” деб айтмаган. Аслида бу асоссиз даъво.
— Тангри Эвирум (Ибирим, Авирам, Иброҳим) элчи билан турк тилида гаплашганини ҳисобга олсак, асосли. Ёзувчи ва олим Тэй Эфтининг “Шумерци и Этруски – древние Турки у истоков человеческой цивилизации” китобидаги (157-бет) ушбу ёзувга диққатингни тортаман:
“… На каком языке происходил диолог между Богом и Авраамом, его посланником. Оказалось, что попытки приписать древним евреям и их писцам авторство основных положений Библии не имеет под сабойисторичиских и этнических оснований.То есть, Авраам, его предки и прямые потомки не были семитами – евриями, все они происходили из древних Туркоязычных племен, переселившихся с Востока на земли двуречья, они и были потомками первых поселенцев Шумерах”.
Яна буюк инглиз олими Самюэль Крамернинг “Все начинается из Шумера” асаридан ( Москва: Центрополиграф, 2010) бир олинти:
“… Шумерская кровь текла в жилах отцов и дедов Авраам, которые поколениями жили в Уре и других Шумерских городах”.
Тэй Эфти яна бу фикрни тиниқлаштиради:
“ Эти поколения жили Шумерских городах за тысячелетия появления семитов, такой вывод сделан С. Крамером на основании изучениялингвистических сравнений Шумерского и древнееврейского языков.
Те, кто пишут об истории Библии и ее присхождении, готовы ли признать Шумеро – Туркский приоритет в содержании этого велекого произведения?
Ведь основные сюжеты Библии были пережиты не евриями, а шумерцами – древнейшим туркским этносом”.
(“Шумерцы и этруски — древние Турки у истоков человеческой цивилизации”. 158. 159 бетлар)
— Мана, эшит, дўстим, Тангрининг Эвирум элчига сўзини:
“Мен сени кўпдан-кўп халқларнинг отаси қилиб тайинладим”.
“Ибтидо”, 401-бет.
— Иккинчи бу мавзуда сен билан тортишмайман, — деди Абдураҳмон Ражаб, — дўстим, сенинг ўз дунёнг билан Тангрига топшираман. “Саёҳат”да учрашгунча, хайр.
Абдураҳмонни кузатиб қўйдим. Яна танҳо қолдим. Негадир, ёр юзида ўзимни ёлғиз одамдек ҳис қилдим. Ёзишга қўлим бормади. Яна ўй миямни қуршади. Юртимиз ичида ҳам, ташида ҳам, ҳатто қамоқларда ҳам ойдинлар Ватанимиз камолини ўйлайдилар. Шундоқ экан, нега улар “МЕН”ларини ташлолмайдилар. Мен бу йўлдошларимни бир бутунликка чақираман. Фақат шу йўлда Она Юрт камол топади.
27.07.2016.
«Дунё ўзбеклари» учун махсус,
Тошкент шаҳридан
8 шарҳ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ1 Comment
-
Эврил Турон март, жасур ёзувчидир бундай шахсдан ўрнак олса яхши бўларди бошқа ижод аҳли. У киши жуда ҳолис айтибдилар: » Мен “ББС”, “Озодлик”, “Дунё Ўзбеклари” бошлиқлари ва ходимларини тўғри тушунаман. Халқ ҳам шундай. Менинг назаримда улар ўтга ҳам, сувга ҳам, жангга ҳам кириб юрадиган ботирлар. Нима эшиттиришса, холис эшиттиришади. Ўзбекэл камоли учун. Нима нашр этишса холис нашр этишади. Ўзбекэл камоли учун. Уларда даҳоликка даъво, тарафкашлик сезилмайди. Уларда эл дарди устун» Бошқа кўзга кўринадиган наширни ўзи қолмаган.
Leave a Comment
Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.
Эврил Турон.
Шундай зиели ва буюк инсонни камокда шунча йил умрини кукка совуришди, ишониш кийин афсус .Эрдагун хакида хам айни хакикат гаплар езилган хоз килаетган сиесати Туркияда демократия йук булиб бораётганини исботи .
Yaxshi maqola ekan. Evril Turonni Tangri qo’llasin. Yaratgan Egam turkiylarni suyganligiga hech kimda shubha yo’q. Bo’lmasa qadimgi turkiy ajdodlarimiz Tinch okeanidan Atlantika okeanigacha imperiyalar qurmas edi. Afsuski hozirgi holatimiz juda ayanchli.
Еврил Турон кучли ва ақлли инсон. Бу маълумотларни ўқиб беихтиёр туркий ўзлигимизга қайтим келади. Туркий аждодларимизнинг қудрати буюк бўлган. Хунлар империяси ва Хуннилар империяси сабаб биз ҳозир Ўзбекистонда яшаяпмиз. Тангри ёрдамида кўктуркийлар ҳозирги Туркия ҳудудларига эгаликни қўлга олишди 7-асрда.
Яратган Эгам қадимдан биз туркийлар билан бирга бўлганлиги айни ҳақиқат. Афсуски ўзбеклар ислом динига ўтгандан кейин Тангри бизни қўлламай қўйди. Ҳали ҳам кеч эмас Тангрига қайтишимиз зарур.
MAQOLA YURAKDAN YOZILGAN. mAMADALI mAHMUD VA yUSUF jUMALAR IJODIGA ETIBOR UCHUN iSMAT hUSHEVGA TASHAKKUR IZHOR QILAMIZ.
Dubai Ismat akani qo’rqitvottimi yoki shantaj qivottimi? Gap tegida gap bor bo’tta.
Bahtimizga doim sog bo`ling, ustoz.
Mamadali aka rost gaplarni aytganlar.
“…Илм-фан ўлган ерда даҳолар, ботирлар туғилмайдилар.”
https://www.gazeta.uz/2016/07/18/academy/