У ўнга яқин шеърий тўпламлар, кўплаб қўшиқларнинг муаллифи сифатида кенг китобхонлар қалбига кириб улгурди. Шоирнинг дастлабки шеърлари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида 1976 йили эълон қилинди.
Сўнгра “Таниш тераклар” (1985), “Булбулга бир гапим бор” (1987), “Илтижо” (1988), “Уйқудаги қиз” (1989), “Ҳалима энам аллалари” (1989), “Ишқ кемаси” (1990), “Кўнглимда бир ёр” (1991), “Бевафо кўп экан” (1991), “Эрка кийик” (1992), “Ёлғончи ёр” (1994) каби шеърий тўпламлари, сайланмалари нашр этилди.
1989 йилда эса “Уйқудаги қиз” номли шеърий тўплами учун унга республика Ёшлар ташкилотининг мукофоти берилди. 1998 йили Муҳаммад Юсуфга “Ўзбекистон халқ шоири” деган юксак унвон берилди.
Шоир 2001 йилнинг 1 август куни 47 ёшида оламдан ўтди.
Ва сизни ўйлайман шому саҳарда,
Она, соғинсам ҳам бора олмасман.
Тунлари чароғон шундай шаҳарда
Ҳеч кимга кўнглимни ёра олмасман…
Ҳа, севги ҳақида. У дилга не зеб,
Куйинманг, не илож қилмаса насиб,
Бахтимга ҳамиша Сиз соғ бўлинг деб,
Соғинган ўғлингиз – Муҳаммад Юсуф.
Она тилим
Гарчи зуғум қилганларни ёқтирмадим,
Шеър ёздиму бўлак ишни қотирмадим.
Тилим туриб ўз тилимда гапирмадим,
Бир эсласам эзилади бағри-дилим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.
Онам «эркам» деб қучганда тунлар ярим,
Эрким йўқ деб зирқирарди бир жойларим,
Паровозни ҳансиратган буғдойларим,
Олтинларим, маъданларим, ипакларим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.
Кимлар учун биз эдик бир бадавийлар,
Ўзбекни қон қақшатганни узбек сийлар,
Ҳолимизни қон кузатди Яссавийлар,
Топганимиз ҳандалакдек тилим-тилим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.
Кимдир майда миллат бўлди, кимдир катта,
Катта миллат — Афандиси йўкдир ҳатто,
Биз пиёда, биз боққанлар юрди отда,
Зулм ўтса фақат сендан ўтди зулм,
Она тилим, кечир мени, она тилим.
Сен бўлмасанг нима бизга силлик шеърлар,
Бу дунёда тили йўкда дил йўқ дерлар,
Баҳоинг-ку бериб кетган Алишерлар,
Юрагимнинг тўридаги сўлмас гулим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.
Бир қарасам ҳар шевангда минг жилолар
Ҳар новдангда, ҳар мевангда минг жилолар.
Қодирийлар, Чўлпонлар-у, Абдуллолар,
Сенинг қайтган кунинг мен туғилган йилим,
Она тилим, эй муқаддас Она тилим.
Самарканд
Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекни кўриб қайтаман.
У қон йиғлаб ту pap ҳар сафар:
Мен дардимни кимга айтаман?..
Бағримда бўй етган бўз болам,
Мерган болам, лочин кўз болам,
Бўғзимга тиғ урган ўз болам…
Мен дардимни кимга айтаман.
Сезмай қолдим. Ўшанда чоғим,
Юлдузларда экан нигоҳим.
Билмадим не эди гуноҳим…
Мен дардимни кимга айтаман.
Қанча ғамга ботмаган эдим,
Кднча оғу ютмаган эдим…
Ўз боламдан кутмаган эдим…
Мен дардимни кимга айтаман.
Таним музлаб, гоҳ тош қотаман,
Мен шоҳ эмас, ахир, отаман.
Гўримда ҳам ўйлаб ётаман,
Мен дардимни кимга айтаман?..
Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекни кўрмай келмайман.
У менга қон йиғлар ҳар сафар,
Мен дардимни кимга айтаман!
Мен ҳаётда ўлимга тик
Боқиб ўсдим…
Қани менга аталган жой,
Кетдик, дўстим!
Лолақизғалдоқ
Шавкат Раҳмон хотирасига
Мендан нима қолар:
Икки мисра шеър,
Икки сандиқ китоб,
Бир уюм тупроқ.
Одамлар ортимдан
Нима деса дер,
Мен сени ўйлайман
Ўзимдан кўпроқ –
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!
Мен кетсам, ёмондан
Йироқ бўл, оҳу,
Чунки сен чиройли,
Кўркли бир жувон.
Ёмон кунлар бир кун
Яхши бўлар-у,
Ёмон одам яхши
Бўлмас ҳеч қачон…
Яша чегарада
Тургандек огоҳ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!
Уларни мен яна
Кўрарманми-а,
Айвондан одамдек
Кузатолмадим.
Куз. Тўйлар бошланди.
Юрагим пора –
Битта қизимни ҳам
Узатолмадим…
Демак, тақдир экан
Тўй кўрмай ўлмоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!
Бироқ, кўнглим сезар,
Мендан кейин ҳам,
Бир кун бу ҳовлига
Одам тўлади.
Ҳали тўйлар қилиб
Чарчайсан, эркам,
Менинг қизларим энг
Бахтли бўлади!
Келинлар кўйлаги
Руҳимдай оппоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!
Гулим, яқинроқ кел,
Қара, не савдо,
Бу ажиб ишларни
Дил лавҳига ёз:
Кимга қаср етмас,
Кимга мол-дунё,
Менга эса ҳаво
Етмайди, холос.
Тириклар мудроқда,
Ўликлар уйғоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!
Кўксим куйиб борар,
Кўкрак ёнмоқда,
Айтинг дўхтирларга,
Ёришса ёрсин!
Жисм ўз улфати –
Жондан тонмоқда.
Бечора жон энди
Қаерга борсин.
Энди осмон йироқ,
Энди ер юмшоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!
Буни ҳаёт дерлар,
Унутма асло,
Бир кун очиласан,
Бир кун сўласан.
Қалбимда-ку, фақат
Сен эдинг танҳо,
Қабрим устида ҳам
Ўзинг бўласан.
Сен бизнинг севгидан
Хотира – байроқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!
Аёл қалбинг билан
Сув кеч, олов кеч,
Ғам келса бошингдан
Ҳушинг учмасин.
Худодан сўрадим:
Мендан кейин ҳеч
Номард кимсаларга
Ишинг тушмасин.
Уларнинг қўлида
Ҳамиша тузоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!
Ишинг тушса, иним
Муҳаммадга бор,
Шоирлар ичида
Ишонганим шу.
Бироз ичишини
Айтмаса агар,
Кўкси тиниқ бола,
Ҳалол бола у.
Фақат сал соддароқ,
Фақат сал ёшроқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!
Жон сўнгги бошпана
Топаркан онгда,
У юрак остида
Дердим мен бўлсам.
Ажабланма агар
Эртага тонгда
Сени ўпиб, Ўшни
Қучоқлаб ўлсам!..
Ўтинчим – тепамда,
Йиғлама узоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!
Хавотир
Қўрқаман, эртага мен ўлиб кетсам,
Ётар бўлсам қумга ботиб кўзларим,
Кўнглимни кўчкидай босади бир ғам –
Йиғлашни ҳам билмас менинг қизларим…
Энг яқин дўстларим ғийбатим қилар,
Энг заиф душманим устимдан кулар.
Улар-ку, не қилса ўзлари билар,
Йиғлашни ҳам билмас менинг қизларим…
Шоир ўлса ким ҳам куйинар дейсиз,
Мадҳиябоз ҳозир суваракдай кўп.
Улар мисли қишда тарновдаги муз,
Бармоқ тегса ерга тўкилар тўп-тўп…
Тилдан қолсам кўзда қотиб ёшларим,
Кўнглимдан бошқа бор ахир, не зарим?
Ерларга эгилган куни бошларим,
Йиғлашни ҳам билмас менинг қизларим…
Бир кеча бехосдан уйғониб кетсам,
Йиғлаб ўтирибди юрагим юм-юм.
Чўчиб турдим: сенга нима бўлди, эркам,
Нимага йиғлайсан,
Мен нима қилдим?
Ундай десам бўлмас,
Бундай десам кўнмас,
Чекдим. Чиқиб секин ҳовлини кездим.
Ҳамма юлдуз сўнди. Бир юлдуз сўнмас —
Кўзимга мўлтираб турар илк севгим.
Юлдуздан ҳам олис о, сен буюк ғам,
Бугун ўзинг йўқсан фақат ёнимда.
Ҳижрон куйин чалиб қон ўрнида ҳам
Армон айланади жони танимда.
Уйлайман, ўйлайман, ўйларим узун,
Қўлим қисқа, севгим, бўйларим узун,
Энди сен менинг учун энг узун эртак,
Энди мени ёмон қийнар бу юрак!..
Чекаман. Ту тунга тўлади хона,
Илк севгим мўралар тўрт бурчагидан.
Мен далли, юрагим мендан девона —
Ётмайман, деб йиғлар пар тўшагингда.
Бир гўша сув бўлса, бир гўша қирлар,
Қанча юртни кўрдим, қанча тақдирлар.
Қайга борсам суяб, бошни тик тут деб,
Тоғларинг ортимдан эргашиб юрар.
Кўрдим сулувларнинг энг фарангларин.
Ё худбинман мен ё бир содда касман мен –
Парижнинг энг гўзал ресторанларин,
Битта тандирингга алишмасман мен.
На гапга кўнайин,
На тил билайин,
Кўздан уйқу қочди, дилдан ҳаловат —
Уч кунда соғинсам нима қилайин,
Чала қолар бўлди ҳамма саёҳат.
Билдимки, баридан улуғим ўзинг,
Билдимки, яқини шу тупроқ менга.
Баҳорда Бахмалда туғилган қўзинг,
Араб оҳусидан азизроқ менга.
Сен билан ўтган ҳар кун байрам — базм,
Сенсиз бир он қолсам ваҳмим келади.
Сени билганларга қиламан таъзим,
Сени билмасларга раҳмим келади. Саҳифа қуйисида Муҳаммад Юсуфнинг «Сайланма» ва «Уйқудаги қиз» китобларини мутолаа қилинг
1 AVGUST — SHOIR MUHAMMAD YUSUF XOTIRASI KUNI
1 avgust kuni taniqli shoir Muhammad Yusuf vafot etgan kunga 15 yil to’ladi. Oradan o’tgan vaqt shoir she’rlari xalqimiz yuragidan munosib o’rin topganini isbotladi. Shoir she’rlari yettidan yetmishgacha bo’lgan she’rxonlar tilidan tushmaydi, dillarida aksu sado beradi. Shoir xotirasi kuni Yaratgandan ardoqli ijodkor va pokiza insonni rahmatiga olishini so’rab, haqiga tilovatlar qilamiz.
Muhammad YUSUF
SHE’RLAR
Muhammad Yusuf 1954 yil 26 aprelda Andijon viloyati Marhamat tumanining Qovunchi qishlog’ida dehqon oilasida dunyoga keldi. O’rta maktabdan so’ng Rus tili va adabiyoti institutiga kirib, uni 1978 yili tamomladi. 1978-1980 yillarda respublika Kitobsevarlar jamiyatida, 1980-1986 yillarda “Toshkent oqshomi” gazetasida, 1986-1992 yillarda G’afur G’ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyotida, “O’zbekiston ovozi” gazetasida ishladi. Umrining so’nggi yillarida O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining kotibi vazifasini bajardi.
U o’nga yaqin she’riy to’plamlar, ko’plab qo’shiqlarning muallifi sifatida keng kitobxonlar qalbiga kirib ulgurdi. Shoirning dastlabki she’rlari “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasida 1976 yili e’lon qilindi. So’ngra “Tanish teraklar” (1985), “Bulbulga bir gapim bor” (1987), “Iltijo” (1988), “Uyqudagi qiz” (1989), “Halima enam allalari” (1989), “Ishq kemasi” (1990), “Ko’nglimda bir yor” (1991), “Bevafo ko’p ekan” (1991), “Erka kiyik” (1992), “Yolg’onchi yor” (1994) kabi she’riy to’plamlari, saylanmalari nashr etildi.1989 yilda esa “Uyqudagi qiz” nomli she’riy to’plami uchun unga respublika Yoshlar tashkilotining mukofoti berildi. 1998 yili Muhammad Yusufga “O’zbekiston xalq shoiri” degan yuksak unvon berildi.
Shoir 2001 yilning 1 avgust kuni 47 yoshida olamdan o’tdi.
Vatanim
Men dunyoni nima qildim,
O’zing yorug’ jahonim,
O’zim xoqon,
O’zim sulton,
Sen taxti Sulaymonim,
Yolg’izim,
Yagonam deymi,
Topingan koshonam deymi,
O’zing mening ulug’lardan
Ulug’imsan, Vatanim…
Shodon kunim gul otgan sen,
Chechak otgan izimga,
Nolon kunim yupatgan sen,
Yuzing bosib yuzimga.
Singlim deymi,
Onam deymi,
Hamdardu hamxonam deymi,
Oftobdan ham o’zing mehri
Ilig’imsan, Vatanim.
Sen Mashrabsan,
Xalqda tumor,
Balxda dorga osilgan,
Navoiysan, shoh yonida
Faqirini duo qilgan.
Yassaviysan, meniki deb,
Ko’ringan da’vo qilgan,
Ming bir yog’i ochilmagan
Qo’rig’imsan, Vatanim.
Sen Xo’jandsan,
Chingizlarga
Darvozasin ochmagan,
Temur Malik orqasidan
Sirdaryoga sakragan,
Muqannasan qorachig’i
Olovlarga sachragan,
Shiroqlarni ko’rgan cho’pon,
Cho’lig’imsan, Vatanim.
Kim Qashqarni qildi makon,
Kim Enasoy tomonda,
Jaloliddin – Kurdistonda,
Boburing – Hindistonda,
Bu qanday yuz qarolig’, deb
Yotarlar zimistonda,
Tarqab ketgan to’qson olti
Urug’imsan, Vatanim…
O’g’lim desang osmonlarga
G’irot bo’lib uchgayman,
Chambil yurtda Alpomishga
Navkar bo’lib tushgayman,
Padarkushdan pana qilib
Ulug’beging quchgayman,
G’ichir-g’ichir tishimdagi
So’lig’imsan, Vatanim…
O’tgan kuning – o’tgan kundir,
O’z boshingga yetgan kun,
Qodiriyni bergan zamin,
Qodiriyni sotgan kun.
Qo’lin bog’lab,
Dilin dog’lab,
Yetaklashib ketgan kun,
Voh bolam! deb aytolmagan
Dudug’imsan, Vatanim.
Yoningda qon yig’lagan bir
Shoiringga qarab qo’y,
Gar Qo’qonga yo’ling tushsa,
Detdomlarni so’rab qo’y.
Hech bo’lmasa Usmon xokin
Keltirmoqqa yarab qo’y,
Olislarda qurib qolgan
Qudug’imsan, Vatanim…
Sen – shoxlari osmonlarga
Tegib turgan chinorim,
Ota desam,
O’g’lim deb,
Bosh egib turgan chinorim,
Qo’ynimdagi iftixorim,
Bo’ynimdagi tumorim,
O’zing mening ulug’lardan
Ulug’imsan, Vatanim!
Onamga xat
Men sizni o’ylayman shomu saharda,
Ona, sog’insam ham bora olamayman,
Tunlari charog’on shunday shaharda
Hech kimga ko’nglimni yora olmayman.
Men siz aytgandayin hammani sevdim,
Hammaga ishondim, mana oqibat:
O’z do’stim uyiga ko’mildi sevgim,
Kun bo’lib ko’ksimni kuydirdi nafrat.
Boshimdan o’tgani ko’kka ham ayon,
Yulduzlar qiqirlab kular oqbadan:
Men – zangor yaylovda olis, bepoyon,
Uyuridan ajrab qolgan qulunman…
Mana, men ketyapman tosh yo’lda ko’zim,
Qadamim moshinlar yo’rg’asiga mos.
Yig’lasam yupatib o’zimni o’zim,
Pishqirib qo’yaman toychoqlarga xos.
Va sizni o’ylayman shomu saharda,
Ona, sog’insam ham bora olmasman.
Tunlari charog’on shunday shaharda
Hech kimga ko’nglimni yora olmasman…
Ha, sevgi haqida. U dilga ne zeb,
Kuyinmang, ne iloj qilmasa nasib,
Baxtimga hamisha Siz sog’ bo’ling deb,
Sog’ingan o’g’lingiz – Muhammad Yusuf.
Ona tilim
Garchi zug’um qilganlarni yoqtirmadim,
She’r yozdimu bo’lak ishni qotirmadim.
Tilim turib o’z tilimda gapirmadim,
Bir eslasam eziladi bag’ri-dilim,
Ona tilim, kechir meni, ona tilim.
Onam «erkam» deb quchganda tunlar yarim,
Erkim yo’q deb zirqirardi bir joylarim,
Parovozni hansiratgan bug’doylarim,
Oltinlarim, ma’danlarim, ipaklarim,
Ona tilim, kechir meni, ona tilim.
Kimlar uchun biz edik bir badaviylar,
O’zbekni qon qaqshatganni uzbek siylar,
Holimizni qon kuzatdi Yassaviylar,
Topganimiz handalakdek tilim-tilim,
Ona tilim, kechir meni, ona tilim.
Kimdir mayda millat bo’ldi, kimdir katta,
Katta millat — Afandisi yo’kdir hatto,
Biz piyoda, biz boqqanlar yurdi otda,
Zulm o’tsa faqat sendan o’tdi zulm,
Ona tilim, kechir meni, ona tilim.
Sen bo’lmasang nima bizga sillik she’rlar,
Bu dunyoda tili yo’kda dil yo’q derlar,
Bahoing-ku berib ketgan Alisherlar,
Yuragimning to’ridagi so’lmas gulim,
Ona tilim, kechir meni, ona tilim.
Bir qarasam har shevangda ming jilolar
Har novdangda, har mevangda ming jilolar.
Qodiriylar, Cho’lponlar-u, Abdullolar,
Sening qaytgan kuning men tug’ilgan yilim,
Ona tilim, ey muqaddas Ona tilim.
Samarkand
Samarqandga borsam men agar,
Ulug’bekni ko’rib qaytaman.
U qon yig’lab tu pap har safar:
Men dardimni kimga aytaman?..
Bag’rimda bo’y yetgan bo’z bolam,
Mergan bolam, lochin ko’z bolam,
Bo’g’zimga tig’ urgan o’z bolam…
Men dardimni kimga aytaman.
Sezmay qoldim. O’shanda chog’im,
Yulduzlarda ekan nigohim.
Bilmadim ne edi gunohim…
Men dardimni kimga aytaman.
Qancha g’amga botmagan edim,
Kdncha og’u yutmagan edim…
O’z bolamdan kutmagan edim…
Men dardimni kimga aytaman.
Tanim muzlab, goh tosh qotaman,
Men shoh emas, axir, otaman.
Go’rimda ham o’ylab yotaman,
Men dardimni kimga aytaman?..
Samarqandga borsam men agar,
Ulug’bekni ko’rmay kelmayman.
U menga qon yig’lar har safar,
Men dardimni kimga aytaman!
Biz baxtli bo’lamiz
Mayli-da, kimgadir
Yoqsa,
Yoqmasa,
Ularga qo’shilib
Yig’lasharmidik.
Biz baxtli bo’lamiz
Xudo xohlasa,
Xudo xohlamasa
Uchrasharmidik…
Rayhon hidlaringni
Yo’llarimga sep,
Kut meni,
Har oqshom,
Ko’kka oy chiqqan.
Faqat,
Yig’lamagin,
Gunohim ne deb,
Aybing –
Onang seni
Chiroyli tuqqan!..
Menga
Bir tabassum
Hadya et, ey yor,
Nur tomsin
Lablaring
Sohillaridan.
O’zing ayt,
Senday qiz
Yana qayda bor,
Kipriklari uzun
Kokillaridan?..
Cho’g’ nimadir? Cho’g’ ham tutab,
Kul bo’ladi.
Inson bir kun o’z mayliga
Qul bo’ladi…
Yuragimni tamom qildim,
Yig’layverib.
Huzurimda ajal turar,
Qoshin kerib.
Men hayotda o’limga tik
Boqib o’sdim…
Qani menga atalgan joy,
Ketdik, do’stim!
Lolaqizg’aldoq
Shavkat Rahmon xotirasiga
Mendan nima qolar:
Ikki misra she’r,
Ikki sandiq kitob,
Bir uyum tuproq.
Odamlar ortimdan
Nima desa der,
Men seni o’ylayman
O’zimdan ko’proq –
Lola, lolajonim,
Lolaqizg’aldoq!
Men ketsam, yomondan
Yiroq bo’l, ohu,
Chunki sen chiroyli,
Ko’rkli bir juvon.
Yomon kunlar bir kun
Yaxshi bo’lar-u,
Yomon odam yaxshi
Bo’lmas hech qachon…
Yasha chegarada
Turgandek ogoh,
Lola, lolajonim,
Lolaqizg’aldoq!
Uyda yotibman-u,
Sezib turibman,
Ko’kda ketayotir
Qushlar qaytishib.
Xayrlar yog’dirib
Qanotlaridan,
Xasta shoiriga
Vido aytishib.
Bor, mening uchun ham
Ularga qo’l qoq,
Lola, lolajonim,
Lolaqizg’aldoq!
Ularni men yana
Ko’rarmanmi-a,
Ayvondan odamdek
Kuzatolmadim.
Kuz. To’ylar boshlandi.
Yuragim pora –
Bitta qizimni ham
Uzatolmadim…
Demak, taqdir ekan
To’y ko’rmay o’lmoq,
Lola, lolajonim,
Lolaqizg’aldoq!
Biroq, ko’nglim sezar,
Mendan keyin ham,
Bir kun bu hovliga
Odam to’ladi.
Hali to’ylar qilib
Charchaysan, erkam,
Mening qizlarim eng
Baxtli bo’ladi!
Kelinlar ko’ylagi
Ruhimday oppoq,
Lola, lolajonim,
Lolaqizg’aldoq!
Gulim, yaqinroq kel,
Qara, ne savdo,
Bu ajib ishlarni
Dil lavhiga yoz:
Kimga qasr yetmas,
Kimga mol-dunyo,
Menga esa havo
Yetmaydi, xolos.
Tiriklar mudroqda,
O’liklar uyg’oq,
Lola, lolajonim,
Lolaqizg’aldoq!
Ko’ksim kuyib borar,
Ko’krak yonmoqda,
Ayting do’xtirlarga,
Yorishsa yorsin!
Jism o’z ulfati –
Jondan tonmoqda.
Bechora jon endi
Qaerga borsin.
Endi osmon yiroq,
Endi yer yumshoq,
Lola, lolajonim,
Lolaqizg’aldoq!
Buni hayot derlar,
Unutma aslo,
Bir kun ochilasan,
Bir kun so’lasan.
Qalbimda-ku, faqat
Sen eding tanho,
Qabrim ustida ham
O’zing bo’lasan.
Sen bizning sevgidan
Xotira – bayroq,
Lola, lolajonim,
Lolaqizg’aldoq!
Ayol qalbing bilan
Suv kech, olov kech,
G’am kelsa boshingdan
Hushing uchmasin.
Xudodan so’radim:
Mendan keyin hech
Nomard kimsalarga
Ishing tushmasin.
Ularning qo’lida
Hamisha tuzoq,
Lola, lolajonim,
Lolaqizg’aldoq!
Ishing tushsa, inim
Muhammadga bor,
Shoirlar ichida
Ishonganim shu.
Biroz ichishini
Aytmasa agar,
Ko’ksi tiniq bola,
Halol bola u.
Faqat sal soddaroq,
Faqat sal yoshroq,
Lola, lolajonim,
Lolaqizg’aldoq!
Jon so’nggi boshpana
Toparkan ongda,
U yurak ostida
Derdim men bo’lsam.
Ajablanma agar
Ertaga tongda
Seni o’pib, O’shni
Quchoqlab o’lsam!..
O’tinchim – tepamda,
Yig’lama uzoq,
Lola, lolajonim,
Lolaqizg’aldoq!
Xavotir
Qo’rqaman, ertaga men o’lib ketsam,
Yotar bo’lsam qumga botib ko’zlarim,
Ko’nglimni ko’chkiday bosadi bir g’am –
Yig’lashni ham bilmas mening qizlarim…
Eng yaqin do’stlarim g’iybatim qilar,
Eng zaif dushmanim ustimdan kular.
Ular-ku, ne qilsa o’zlari bilar,
Yig’lashni ham bilmas mening qizlarim…
Shoir o’lsa kim ham kuyinar deysiz,
Madhiyaboz hozir suvarakday ko’p.
Ular misli qishda tarnovdagi muz,
Barmoq tegsa yerga to’kilar to’p-to’p…
Tildan qolsam ko’zda qotib yoshlarim,
Ko’nglimdan boshqa bor axir, ne zarim?
Yerlarga egilgan kuni boshlarim,
Yig’lashni ham bilmas mening qizlarim…
Ular yosh. O’limdan qo’rqaman yomon,
Chunki, dardiga hech quloq solmadim.
Qabrimning ustida yig’lasin debon,
Qizlarim ko’zyoshin asray olmadim!
Sevgi bu…
Sevmoq bu –
Kechirmoq degani asli,
Toki bu dunyoda quyosh bor, gul bor.
Yalpizlar gullagan shu bahor fasli,
Sodiq hamdam bo’lgin sen menga, dilbar.
G’iybatlar tingladim, aylandi boshim,
Ho’l tuproq kuydirdi tovonlarimni,
Va mana men uyda ko’nglimni yulqib
Ko’mdim beor do’stdek gumonlarimni.
O’ylar suraverdim kechalar tanho,
Goho, jiqqa yoshga to’lganda ko’zim.
Va seni sevmoqdan oldin bir kuni
Dildan sevib qoldim o’zimni o’zim…
Sevmoq bu – o’zingni anglamoq asli,
Toki zamin aro quyosh bor, gul bor.
Rayhonga ko’milgan shu bahor fasli,
Sadoqatli yor bo’l sen menga, dilbar.
Sevgilim, men seni sevaman, tamom,
G’amgin ko’zing, hadik to’la ko’zingni.
Sevmoq bu – kunda bir ko’rmoq baxtidir
Ozg’in qo’llaringni, sepkil yuzingni…
Hazil
Mening haqimdagi g’iybatlar yolg’on,
Ixtiyor o’zimda bo’lsa qaniydi.
Sharob ichish menga Xayyomdan qolgan,
Ichmasam, ul zotning ko’ngli ranjiydi.
O’zim boshladimmi, o’zim qilgum bas,
Do’stlarim behuda zavolim izlar,
Agar qirqqa kirmay o’lsam, may emas,
Meni xarob etgan bevafo qizlar!..
Sodda Muhammadman
Sodda Muhammadman,
Sodda Muhammad.
Turkman qizni maqtab baloga qoldim.
Ko’ylagiga havas qilgandim faqat,
Toabad tuganmas g’avg’oga qoldim…
Nedan ranjidingiz, jon singillarim,
Qaboqlar uyuldi, chimrildi qoshlar.
Turkman tushunmay tosh otsa, chidadim,
Ammo yomon botdi siz otgan toshlar.
Yorug’ dunyoda-ku bari qiz go’zal,
Millat tanlamas-ku husn degani,
Nigohim Jayhundan sakrab o’tsa sal,
Qaydan bilay sizga malol kelganin.
Yurtim suluvlari, sizga yo’q ta’rif,
Qoshingizda o’sma yursa sirg’alib,
Uzun sochingizni o’rsangiz tarab,
Boqsa degan edim oy ham suqlanib.
Asli turkman qiz bir bahona, xolos,
Izlaganim edi sizlar kabilar,
Qo’msaganim hayo – momomlarga xos,
Sog’inganim edi Kumushbibilar…
Yonsam, hajringizda mening yonishim,
Kuysam, siz tufayli ko’nglimdagi cho’g’,
Turkman qizlarda yo’q mening tanishim,
Qalinga tuyam ham tushib qolgan yo’q!
Manzara
Bedapoya to’ridagi juftin qidirib,
Sayray-sayray jimib qoldi bedana dilgir.
Suvsumbulni va’dasiga ko’mib, ko’ndirib,
O’ynatgani olib ketdi ipmoq qaygadir.
Qir tomondan poda qaytib kelarkan qator
Kumush sohil bo’ylariga changlar yastanib,
Qishloqning eng chekkasidan bahaybat chinor
Ufq tarafga qarab qo’ydi xavotirlanib.
Quyosh osmon etagiga osilib, mana,
Bir xo’rsinib ko’zdan g’oyib bo’ldiyu keyin –
Qo’shni qizning havasini keltirib yana
Tolko’chaga suv sepishni boshladi kelin…
Qushlar ham yig’lar
Terlar oqdi suv bo’lib bizdan
Va gursillab yiqildi terak…
Aka, bizning qilmishimizdan
Tunda qushlar yig’lasa kerak.
Ona chumchuq aylanib ketmas,
Ko’ngliga qil sig’masa kerak.
Eski indan tashib borib xas,
Yangi inda yig’lasa kerak.
Baland bo’lar uyimiz tog’dek,
Ayvonida ustun ul terak.
Biz yasharmiz, ko’nglimiz chog’dek,
Shunda qushlar yig’lasa kerak…
Ruh to’tisi
Bosh bir kun tosh yostiqqa yetar,
Ruh to’tisi tanni tark etar.
Deydilar, yosh tanlamas ajal,
Xudo bilar, kim oldin ketar…
Oftob yelib tolsa ko’k uzra,
Unga osmon sandig’i hujra.
Haqdan hukm, bandadan ijro,
Xudo bilar, kim oldin ketar?!
Pok dilingni kemirdi hasad,
Qadamingda topding aziyat.
Do’stim, menga qilma vasiyat,
Xudo bilar, kim oldin ketar.
Aso tutmish qancha qaddi dol,
Men bir kuchga to’lgan navnihol,
Otam meni ko’mar ehtimol…
Xudo bilar, kim oldin ketar.
Ko’zim ko’kda, sizda xayolim,
Jujuqlarim – mening kamolim!..
G’animatmiz, jufti halolim,
Xudo bilar, kim oldin ketar!..
***
Tanish terak. Ariq yoqasi.
Bo’tana suv, shirin loyqa suv.
Tol ko’chada otlar taqasi,
Qancha bo’ldi ko’rmaganimga…
Yalpiz hidi tutgan dalalar,
Gapga chechan boqchaxolalar,
Belanchakda yotgan bolalar,
Qancha bo’ldi ko’rmaganimga.
O’qariqdan yolg’izoyoq yo’l,
Menga ilhaq, menga mushtoq yo’l,
O, qadrdon bir juft qadoqqo’l,
Qancha bo’ldi ko’rmaganimga.
Yog’och eshik ochilar sekin,
Toshmehrman men juda, lekin
Hozir yig’lavorishim mumkin –
Qancha bo’ldi ko’rmaganimga…
* * *
Ma’yus kunim ko’zim tushsa,
Kuyar osmon, tushunmaysan.
Meni samo tushungaydir,
Sen, ey inson, tushunmaysan..
Kuyib ko’ksim o’tar bo’lsam,
Oqar bo’lsam, ketar bo’lsam,
Meni daryo tushungaydir,
Sen, ey ummon, tushunmaysan.
Men ham shaydo, men ham maftun,
Men ham hech kimi yo’q Majnun,
Meni laylo tushungaydir,
Sen, ey jonon, tushunmaysan.
Mening yo’lim uzun armon,
O’zim dovon, o’zim karvon,
Meni sahro tushungaydir,
Sen, ey sarbon, tushunmaysan.
Mening borim erur ko’nglim,
Mening yorim erur ko’nglim,
Ma’yus tanho tushungaydir,
Sen, ey xandon, tushunmaysan…
Ma’yus kunim ko’zim tushsa,
Kuyar osmon, tushunmaysan.
Meni Olloh tushungaydir,
Sen, ey xoqon, tushunmaysan.
Ko’nglim gul, ko’zlarim guldir,
Yuzim gul, qo’llarim guldir.
Meni sabo tushungaydir,
Sen, ey to’zon, tushunmaysan…
G’uborimdir bo’yi rayhon,
Minorimdir tilim biyron.
Meni dunyo tushungaydir,
Sen, ey nodon, tushunmaysan.
Yaxshi
Xurshid Davronga
Ey do’stlarim,bu dunyoda
Ortda qolgan iz yaxshi,
Bulbuli yo’q bahordan
Qumri to’la kuz yaxshi.
Minnat to’la halvodan
Ayvondagi muz yaxshi,
O’pich ko’rgan paridan
Sepkil toshgan yuz yaxshi,
Ichmasang ham qimiz zo’r,
Quchmasang ham qiz yaxshi.
Ey do’stlarim,dunyoda
Ortda qolgon yod yaxshi,
To’qligingda yo’qlagan
Qarindoshdan yot yaxshi,
O’nta nomard do’stingdan
Bitta cho’loq ot yaxshi.
Olisdagi oltindan
Quchoqdagi gard yaxshi,
Vafosi yo’q xotindan
Davosi yo’q dard yaxshi,
G’alamis bergan g’aznadan
Burda arpa non yaxshi,
Qirqta chala mulladan
Bitta musulmon yaxshi.
Bir kecha
Bir kecha bexosdan uyg’onib ketsam,
Yig’lab o’tiribdi yuragim yum-yum.
Cho’chib turdim: senga nima bo’ldi, erkam,
Nimaga yig’laysan,
Men nima qildim?
Unday desam bo’lmas,
Bunday desam ko’nmas,
Chekdim. Chiqib sekin hovlini kezdim.
Hamma yulduz so’ndi. Bir yulduz so’nmas —
Ko’zimga mo’ltirab turar ilk sevgim.
Yulduzdan ham olis o, sen buyuk g’am,
Bugun o’zing yo’qsan faqat yonimda.
Hijron kuyin chalib qon o’rnida ham
Armon aylanadi joni tanimda.
Uylayman, o’ylayman, o’ylarim uzun,
Qo’lim qisqa, sevgim, bo’ylarim uzun,
Endi sen mening uchun eng uzun ertak,
Endi meni yomon qiynar bu yurak!..
Chekaman. Tu tunga to’ladi xona,
Ilk sevgim mo’ralar to’rt burchagidan.
Men dalli, yuragim mendan devona —
Yotmayman, deb yig’lar par to’shagingda.
Sog’indim
Toshkanda… tog’larni sog’indim,
Yashil o’tloqlarni sog’indim.
Suv bo’yiga chordona kurgan
Momoqaymoqlarni sog’indim.
O, ota makonim.
Onajon o’lkam,
O’zbekiston, jonim to’shay soyangga.
Senday mehribon yo’q,
Seningdek ko’rkam.
Rimni alishmasman bedapoyangta.
Bir go’sha suv bo’lsa, bir go’sha qirlar,
Qancha yurtni ko’rdim, qancha taqdirlar.
Qayga borsam suyab, boshni tik tut deb,
Tog’laring ortimdan ergashib yurar.
Ko’rdim suluvlarning eng faranglarin.
YO xudbinman men yo bir sodda kasman men –
Parijning eng go’zal restoranlarin,
Bitta tandiringga alishmasman men.
Na gapga ko’nayin,
Na til bilayin,
Ko’zdan uyqu qochdi, dildan halovat —
Uch kunda sog’insam nima qilayin,
Chala qolar bo’ldi hamma sayohat.
Bildimki, baridan ulug’im o’zing,
Bildimki, yaqini shu tuproq menga.
Bahorda Baxmalda tug’ilgan qo’zing,
Arab ohusidan azizroq menga.
Sen bilan o’tgan har kun bayram — bazm,
Sensiz bir on qolsam vahmim keladi.
Seni bilganlarga qilaman ta’zim,
Seni bilmaslarga rahmim keladi.
MUHAMMAD YUSUFNING «SAYLANMA» VA «UYQUDAGI QIZ» KITOBLARINI MUTOLAA QILING