Бердиёр ЖУМАЕВ: ХУШВАҚТ МИСГАР БОБОМ ҚИССАСИ (1-қисм)
Ассалому алайкум, Исматбек!
Соғ-омонмисиз? Ижодий жамоангиздаги дўстларимиз ҳам сиҳат-саломатмилар?
Исматбек! Менинг отам томондан бобом – Хушвақтбой Усанбой ўғли ўз вақтида эл-юртнинг таниқли инсонларидан бўлиб ўтган. Айни боисдан ҳам, у киши тўғрисида анча-мунча нарсалар ёзган эсам-да, аммо ушбу инсон ўзимнинг бобом бўлганлиги учун, уларни у ёқ-бу ёққа жўнатишдан истиҳола этиб келаётгандим.
Шундай бўлсаям, ҳар ҳолда, бобом тарихда ўзига хос из қолдирганлиги, қолаверса, бу йил мазкур зот таваллудига 130 йил тўлаётганлиги муносабати билан, айни битикларимни “Дунё ўзбеклари”га тавсия тариқасида юборишга журъат айладим.
Илтимос, улар билан танишиб чиқсаларингиз, мабодо, лозим топсаларингиз – фойдаланасизлар, деган умиддаман.
Сизларга ҳаётий, фаолиятий ҳамда ижодий муваффақиятлар тилаб, эҳтиром билан:
Бердиёр ЖУМАЕВ.
Суратда: Журналист Бердиёр Жумаев Улуғ Ватан урушининг иштирокчиси бўлган падари бузруквори, эндиликда марҳум – Жумабой ота Хушвақтбой ўғли билан.
Кечмишга сафар – ўтмишдан хабар!
ХУШВАҚТ МИСГАР БОБОМ ҚИССАСИ
(Барчаси бобомга бахшида)
Чироқчи туманининг «Олға» газетасига, эндигина муҳаррир бўлиб келган пайтларим – 1987 йилнинг пахта терими мавсумида ўша пайтдаги «Ҳайиткўл» хўжалигининг Наврўз қишлоғига хизмат юзасидан бориб, бир гуруҳ кекса кишилар даврасига тушиб қолдим. Наврўзликлар совет тузумига қарши чиқиб, норозилик намойиши сифатида 100 чақиримлик масофадан Қарши шаҳрига пиёда бориб, барча босқичлардаги «катта»ларни ваҳимага солган, атрофни алғов-далғов айлаган кунларга ҳали кўп вақт ўтмаган, айнан шу туфайлиям қариялар ҳамон «жанговар» кайфиятда эдилар.
Ушбу сабабли улар «янги редактор» ким, қаердан ва нима учун келганлиги ҳамда ким томонидан юборилганлигини суриштира бошладилар. Ёши етмишдан нари-беридаги кексалар отамни, айниқса бобомни билар эканлар.
«Хушвақт мисгар бойбобонинг невараси» эканлигимни айтишим заҳоти, уларнинг менга нисбатан муносабатлари ижобий томонга ўзгарди, бири олиб-бири қўйиб, Хушвақт мисгар бобомнинг ўзлари эшитган таъриф-тавсифларини қилиб кетишди ва, ниҳоят, шундай кишининг авлодий насли ёмон одам бўлиши мумкин эмас, деган хулоса чиқаришиб, шунга яраша ҳурмат-иззатимни жойига қўйишди…
Мана шу воқеадан кейин ушбу сингари гурунгларда бобомнинг ўзим билмагаи ва, ҳатто, тасаввуримга-да сиғмаган фазилатлари, хислатлари, бошқаларга қилган яхшиликлари-ю эзгуликлари тўғрисида кўп ва хўб марта эшитдим ҳамда, очиғи, шундай ажойиб бобонинг набираси эканлигимдан доимо фахрланиб юрадиган бўлдим. Чунки ўша пайтларгача мудом четда ишлаганлигим боис, бобом тўғрисидаги бундай тафсилотларнинг аксариятидан ғофил эдим.
Вақти-соати етиб, ўз даврида Бешчашманинг ўн бир даҳасида энг зўр бойлардан бири сифатида тан олинган, ўзининг бадавлатлиги билан эмас, аксинча, бошқаларга ғамхўрлиги, оддийлиги, меҳнаткашлиги, қўли очиқлиги ва сахийлиги билан эл-юрт орасида эҳтиром ва эътибор қозонган, номи ҳали-ҳануз унутилмай келаётган, шунингдек, шўроларнинг не-ки жабр-у жафолари бўлса, барчасини бошидан кечирган Хушвақт мисгар бобом қисмати ва фожиаси ҳақида ҳикоя қилишни оддий бир қаламкаш сифатидаги бурчим, дея билдим.
* * *
…Минг армон-ки, Хушвақт бобомни кўрмаганман. У киши мен дунёга келмасимдан туриб, олти йил муқаддам вафот этган. Шу сабабли ёзганларим холис бўлиши, бобом шаънига айтилган мақтовларга учиб, эҳтиросларга берилиб кетмаслигим учун у кишини кўрган, билган, доимо ёнида бўлган яқин одамларининг ўз оғизларидан ёзиб олинган ҳамда қўллари билан битилган тарихни адабий-бадиий нуқтаи назардан таҳрирдаи ўтказган ҳолда – аслича баён этишга қарор қилдим.
1998 йилнинг савр ойида 84 ёшли Жангил момо Усанбой қизи (Хушвақт бобомнинг синглиси) ҳамда 87 ёшли Олло полвон бобо Соат ўғли Хушвақтбой Усанбой ўғли ҳаёти ва тақдири тўғрисида айтган воқеаларни ўзиям Бешчашма кечмишининг билағони бўлган ва унинг ўтмиши ҳақида китоб битган Абдурауф полвон Эшмуродов менинг илтимосимга биноан оққа кўчирган эди. Мен полвон бобомизга, мазкур беминнат хизматлари учун астойдил миннатдорчилигимни билдирганим ҳолда, дастлаб у киши қаламга олган хотираларни келтирмоқчиман.
* * *
Жаннатмакон Бешчашма кенгликларининг гўзал масканларидан бирида унча бадавлат бўлмаган Усанбой оиласида бундан бир асрдан кўп муқаддам ўғил фарзанд дунёга келиб, унга Хушвақт, дея исм қўядилар. Усанбойнинг 300 бош атрофида қўйлари, 40-50 бош қорамоллари бўлиб, шунга яраша деҳқончилик қиладиган ер майдонларига соҳиб эди. У киши ўзининг давлатдорлигини пеш қилмайдиган фақирмонанд инсонлардан бўлиб, қўлидан келганича камбағаллар, етим-есирлар ва бева-бечоралардан ёрдамини ва мурувватини аямаган, яхшилик уруғини ўзидан кейинги авлодларигаям сочиб кетган одам бўлган.
Усанбой оиласида, асосан қиз фарзандлар туғилиб, икки ўғилнинг бири, яъни Хушвақтнинг акаси Бутун навқирон йигитлик даврида оламдан ўтиб кетади. Ота шундан кейин, фақат Хушвақтга суяниб, ўзидаги бор яхшилик хислатларини унга ўргатиб боради. Вақти-фурсати етиб кексайгач, омонатини Парвардигорга топшириб, ўзининг бор-йўғини ўғли Хушвақтга мерос қолдиради.
Ўшанда ёш бўлганлигига қарамай, Хушвақт отаси айтган васиятларни бажаришга ҳаракат қилиб, айниқса деҳқончилик билан шуғулланишни хуш кўриб, майдонларни қўш ёрдамида қайта-қайта ҳайдаб, вақтида ғалла экади ва яхши парваришлаб, мўл-кўл ҳосилни ўз муддатида ўриб-йиғиб олади. Хизматкорларига етарли даражада шарт-шароитларни яратиб қўйганлиги туфайли, улар астойдил меҳнат қиладилар.
Ўзига хос ариқ қаздириб, сув келтириб, Ҳамманти, дея номланувчи ҳудуддан 20 ботмон ерга гулбеда етиштиришни ва кўплаб тўйимли озуқа ҳамда уруғлик олишни йўлга қўяди. Бу жой “Хушвақт мисгарнинг бедапояси” номини олган ва ҳозир ҳам шундай аталади.
Деҳқончиликдан йил сайин юқори даромад кўрган Хушвақт чорвачиликниям ривожлантириб, қўйлари сонини 500-600 бошга, қорамоллари сонини 70-80 бошга етказиб, Хушвақтбой номини олади ва элига айни ном остида танилади.
У булар билан чекланиб қолмасдан, яна юзлаб ахта қўйлар боқиб, семиртириб, Бешчашма бозорларида арзон нархларда сотади. Уларнинг ўрнига ёш совлиқ қўйлар олиб, сурувларини кўпайтиради. Деҳқончилик ва чорвачиликнинг тилига тушунган Хушвақтбой 1915-1916 йилларга келиб, қўйларининг сонини 1800 бошдан, қорамолларининг сонини 200 бошдан ошириб, қанча олтин-у кумуш пулларга эга бўлиб, бадавлатликда донг таратади.
Айтишлари-ча, 1910 – илон йили ниҳоятда оғир келиб, экилган ғаллалар ва бошқа нарсалар битмасдан, табиий ўтлар-у гиёҳлар ҳам қуриб кетади. Ем ва емиш йўқлиги туфайли кўплаб бойлар чорва молларидан ажралиб қоладилар. Тажрибакор Хушвақтбой озуқа сарфлаш йўлларини яхши билади ҳамда ўзида бор имкониятдан фойдаланиб, ёз ойларида қўйлари ётган қўтонларнинг қийларини туяларда ташиттириб келиб, уларни бошқа хашаклар билан аралаштирган ҳолда молларига бериб, қишдан чиқаради. Хушвақтбойдан чиқим оз бўлиб, ушбу ёмон илон йилидан молларини, асосан асраб қолади. 1920 йилларга келиб, Хушвақтбой Бешчашма бойларининг олди бўлиб ҳисобга киради.
Хушвақтбой ўрта бўйли, очиқ чеҳрали, кенг пешонали, юзлари думалоқ, елкаси кенг, бармоқлари йўғон, кўзлари катта, камгап ва гаплари маъноли, ўзига навбат келмаса, оғиз очмасдан, суҳбатдошининг сўзларини тинглайдиган, ўзаро гурунгларда бирон кишининг гапларини бўлмайдиган киши эди. Одамларга сермурувватлиги, инсонийлиги ҳамда меҳрибонлиги билан ажралиб турарди, етим-есирлардан қўлидан келган ёрдамини аямас, уларнинг тўйлари-ю маъракаларига бош бўлар, доимо бундайларга ва бева-бечораларга ёрдам қўлини чўзарди. Кимда-ким Хушвақтбойдан нажот сўраб келса, унга, албатта мурувват-марҳамат кўрсатар, берган нарсасини олган одамнинг ўзи қайтармагунча изини сўрамасди.
Камбағал хонадонлар, кўпинча баҳорга чиқиб, ерларига эккани дон тополмай, Хушвақтдан уруғлик сўрашар, бой эса, дарҳол уларга эҳтиёжларига яраша ғалла ажратарди.
Етим-есирлар учун Хушвақтбойнинг махсус белгиланган ҳамда ажратилган маблағ жамғармаси бўлиб, бундан уларга узлуксиз равишда ҳадя айлар эди. Хушвақтбой ўзини бошқалардан баланд олмас, яхши кийимлар кийиб кўтарилмас, ҳамиша ўз хизматкорлари қатори қора меҳнат билан шуғулланиб келган инсон эди.
1920 йилларда улуснинг қўриқчилари ниқобидаги талончилар – Найман беги Муродбек ва косонлик Турдибек араб Бешчашмага 300-400 отлиқ аскарлари билан келиб, айни ўлканинг бойларидан зўрлик билан кўп нарсаларни олиб кетишар, халқни нотинчлантирардилар. Хушвақтбой эл-юртни безовта қилмасликлари учун уларга кўплаб қорамолларни-ю қўйларни сўйиб, эиёфатлар уюштириб, тегишли солиқларни бойлардан йиғиб берарди.
Бешчашма бойлари – Хушвақтбой, Туймабой, Бозорбой, Ҳошимбойлар иштироки ҳамда қўллаб-қувватлови билан шўролар ва босқинчи-ю тўсқинчи мазкур бекларга қарши Абрайбек бошчилигида махсус ҳимоя гуруҳи тузилиб, унинг тасарруфидаги жангчилар 300 отлиқ аскардан ошиб кетади.
Абрайбек Бешчашмага бек бўлганидан кейин, турли босқинчилар-у тўсқинчиларга қарши курашишга бел боғлайди. Ҳар йили бешчашмаликларнинг мол-мулклари ва тилла-кумушларидан ўлпон ундириб, ёмон ўрганган Муродбек навбатдаги дабдаба билан келишида Абрайбек ва унинг йигитлари томонидан тутиб олиниб, сўнгра ўлдирилади. Мазкур воқеани эшитган яна бир талончи – Турдибек араб ҳам ушбу томонларга доримай қўяди. Бойлар ёрдамида Абрайбек шўроларга қарши курашини 1930 йилларгача давом эттиради…
* * *
Бешчашма удумига мувофиқ, ўша замонларда бойлар катта қўниқли (меҳмонларга тирик жонлиқлар ва мўл-кўл бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ажратиладиган) тўйлар ўтказардилар. Бу борада навбат Хушвақтбойга келиб, Бекмирза исмли ўғлига суннат тўйи қилмоқни ният айлаб, барча бойларни уйига маслаҳатга чорлайди.
Уч кун давом этиши мўлжалланган ушбу тўйга ҳозирги Тожикистон, Туркманистон, Термиз, Бухоро, Самарқанд томонлардан, Қашқадарёнинг турли тарафларидан кўплаб меҳмонлар, кўпкаричи чавандозлар, полвонлар, оддий халқ вакиллари таклиф этиладилар. Тўй белгиланиб, тирик қўниқ учун 600 та ахта қўй берилиб, етмай қолганидан кейин, яна тағин 200 бош қўй ажратилади.
Уч кун мобайнида ҳам ўнлаб дошқозонларда дамланган ошлар бой-у камбағал меҳмонларга баравар тарқатилиб, улар бошқа кўплаб таомлар билан сийланади. Уч кун кўпкари ташкил этилиб, араваларга ортилган юзлаб мис кўзалар, мис қозонлар, мис чойдишлар, мис офтобалар, мис товоқлар, олтин ва кумуш тангалар, ҳўкизлар-у қўчқорлар соврин учун зотга берилади. Адирлар-у қирларни одамлар-у отлар, бошқа уловлар тўлдириб, иккита ҳавозадан улоқлар ташланади.
3 кунлик тўй тарқаганидан сўнг, узоқ-йироқлардан келган бойлар, қўноқлар Хушвақтбойга тан берганликларини айтиб кетадилар. Туркманистоннинг Керки шаҳридан Ўрозмардбой ҳамда жомбойлик Маҳмашарифбой: қирқ кун тўй берсак-да ушбу тўйнинг бир кунигаям тенг келолмайди, дея эътироф этишиб, Хушвақтбойга офаринлар айтишиб, хурсанд ҳолларида элларига жўнаб кетадилар.
3 кунлик кўпкарига кўплаб мис идишларни соврин тариқасида зотга берганлиги учун тўйдан кейин халқ Хушвақтбойнинг исмини Хушвақт мисгар бой, дея атай бошлайди ва айни атоқ остида у кишининг овозаси олис-олисларга тарқалади.
Ҳозирги даврда ҳам, Хушвақт мисгарнинг бедапояси, Хушвақт мисгарнинг ҳавозаси, Хушвақт мисгарнинг отчопари, Хушвақт мисгарнинг қайрағочи, деган жойлар ва номлар бой бобомиздан мерос сифатида сақланиб қолгандир.
Хушвақтбой бобомиз оила аъзолари билан баҳор, ёз, куз ойлари Ҳаммантининг баланд жойида ўзи ўстирган қайрағочлар ёнида ва соясида, қиш ойларида ундан пастда, зарангдан ўйдирган чимлардан тикланган икки қаватли уйларда яшаб келган. Ўшандоқ иморатларнинг харобалари ҳозир ҳам қирлар ҳолатида уйилиб турибди.
1930 йилларга келиб, шўролар ҳукуматининг мулозимлари, ҳамма жойда бўлганидек, Бешчашма ҳудудидаги бойларнинг-да мол-мулкларини талаб, ўзларини қулоқ қиладилар. Хушвақтбой ҳам улар сафида маълум вақт қамоқда ётади. Кейинчалик ўз юртига қайтиб келгач, қайрағочларидан бирини 3-4 чақирим қибла томонга кўчириб, кўкартиради ва унинг ёнидан икки қаватли уй кўтариб, яшаб турган пайти урушдан уч йил кейин вафот этади.
* * *
Хушвақт бобом ҳаёти ҳақидаги маълумотларни ўрганиш жараёнида отамдан ҳам бобом тўғрисидаги хотираларини эслашини илтимос билан сўрадим. Ўша пайтда 77 ёшида бўлган падари бузрукворим (у кишининг умрлари янада узоқ бўлсин) ушбу хусусда билганларини ўз дастхатлари билан ёзиб беришни маъқул кўрдилар. Отам – Жумабой Хушвақтбой ўғлининг 1999 йил далв, ҳут, ҳамал ойларида бобом тўғрисида иккита ўқувчилар дафтарини тўлдириб битган ҳикоялари ушбу турур:
– Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм! Менинг отам – Хушвақтбой Усанбой ўғли 1886 йилда Бешчашманинг Араббанди қишлоғида таваллуд топган ва вояга етган. Ота-бола иккаласининг тасарруфида анча бойлик ҳамда ер майдонлари ҳамда мол-мулклар бўлиб, улар деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланганлар. Ўттиз ботмон ерда ғалладан катта дон хирмонларини кўтарганлар. Баҳор пайтлари Сичқончи ариғидан бир-икки марта сув ичиб қоладиган катта майдонларда йўнғичқа беда, қовун-тарвуз ва бошқа рўзғорбоп нарсалар етиштирганлар.
Мавжуд ерларини яхшилаб шудгорлаб-парваришлаб-қарашиб ишлатганлари, навбати билан алмашлаб, буғдой ва арпа ҳамда бошқа нарсалар экканлари учун ҳосил мўл битар экан. Барча юмушларни бажаришда 10-12 бош қора қўш ҳўкиз кучидан унумли фойдаланишаркан. Уларнинг бир уюр йилқилари бўлиб, шундан 5-6 тасини улоқчи отлар ташкил этган, ихтиёрларидаги 15 чоғли туя доимо хизматларида бўлган. Ўша пайтлари ота-боланинг тасарруфида 1000 бошдан нари ҳисори қўй, 150 бош атрофида қорамол, 25-30 бош ҳўкиз, яна шунча сигир бўлган. Ғалла, беда ҳамда чорванинг даромади ва фойдаси йил сайин кўпайиб бораверган. Айниқса улар тайёрлаган сифатли беда уруғи ҳамма жойдаям жуда харидоргир бўлган экан.
Усанбой бобом 1921 йилда 63 ёшида вафот этганидан сўнг, отам мустақил равишда фаолият юрита бошлайди. Каттагина майдонларда етиштирган беда уруғини Самарқанд бозорларида анча қимматга сотиб, 11 даҳада биринчи бўлиб, йирик от-арава харид қилади. Мана шу от-арава ёрдамида кўрган фойдалари ҳисобидан яна шундай бозорлардан мис лаганлар, мис товоқлар, мис кўзалар, мис офтобалар, мис косалар ҳамда шу хилдаги бошқа идиш-товоқларни уйимизга ташийди. Нимагадир, отам мисдан ясалган нарсаларни яхши кўрарди.
Отам раҳматли (яъни Хушвақт бобом назарда тутилаяпти. Б. Ж.) айтар эди: 1922 йилда катта ўғлим Бекмирзани суннат қилиш тараддудига тушдим ва 11 даҳа бойларини чақиртириб, уларга маслаҳат солдим. Кенгашда қатнашганлар Бободўст элбегини тўйнинг бош баковули этиб, Сафар давкар, Бобобой оқсоқол, Холиқул давкар, Каримбой, Гулавазбой, Жўрақулбой, Ширинбойларни эса, Бободўст элбеги бобонинг муовинлари ва ёрдамчилари этиб тайинлашди.
Тўйни Наврўз байрамида бошланадиган ва уч кун давом этадиган қилиб белгиладилар ҳамда масъул этиб белгиланган тегишли шахсларга ҳозирги Туркманистон, Тожикистон, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё томонлардан, шунингдек, Қашқадарёнинг турли тарафларидан меҳмонларни, чавандоз-полвонларни, оддий одамларни таклиф этиш, бунинг учун тўйдан бир ой олдин айтувчи-жарчилар қўйдириш буюрилди. Ҳамма бойлар меҳмонларга тўй зиёфатларини бекам-у кўст уюштириш ва уларнинг отларини кечалари жойлаштириш ва боқиш учун ўзаро тақсимлаб оладиган бўлдилар.
Шундай қилиб, тўйнинг тараддуди-ю тадориги қизғин бошланиб кетди. Бободўстбой, Сафарбой, Холиқулбой, Каримбой, Жўрақулбой, Бобобой, Гулавазбой, Ширинбойларнинг ҳар бири меҳмонларга атаб, 10 тадан қора уй (ўтов) тикадиган бўлдилар. Менга эса, тўйда пишириш учун 20 ботмон гуруч, 30 ботмон ун, шунга яраша гўшт ва мой, етиб-ортадиган даражада ёнғоқ-майиз ва бошқа маҳсулотлар, мева-чевалар тайёрлашни топширдилар. Шунингдек, меҳмонларга тирик қўниқ учун 600 бош ҳисори қўй бериладиган бўлди.
Тўйнинг тараддуди-ю тадориги уч ойча давом этди. Шу орада керакли барча нарсаларни бирин-кетин Самарқанд ва бошқа шаҳарлардан от-аравада ташидим, ҳар томонга улоқ ташлаш мумкин бўлган маҳобатли ҳавозалар қурдирдим, уч кунлик кўпкарининг совринларига соврин-зотлар айтиш учун етадиган олтин-кумуш тангалар, ҳар хил мис идишлар ҳамда буюмларни тўпладим.
Тўй бошланишидан бир ҳафтача муқаддам юқорида номлари тилга олинган бойлар, шунингдек, Чори полвон, Умир полвон, Райимқул полвонлар Бободўст элбеги раҳбарлигида йиғилишиб, кимларнинг қандай вазифаларни бажаришларини, махсус тайёрланган йигитлар тартибни сақлаб туришларини, уларга бунинг учун алоҳида мукофотлар берилишини келишиб олдилар.
Тез орада тўй ҳам бошланиб кетди, бунга қадар келган ва келаётган меҳмонлар илгаридан белгиланган аниқ манзилларга жойлаштирилиб, уларнинг ҳар бир гуруҳига тирик қўниқ учун 6-8 бошдан қўй ҳамда шуларга яраша масаллиқлар-у маҳсулотлар берилди, бунга 600 бош қўй етмай қолиб, яна 100 дан ортиқ қўй қўшилди. Қўниққа олган қўйларини ўзлари биркитилган меҳмон жойларига эплаб олиб боролмаган баъзи бировлар: «Қўйини берган одам, нега ипиниям бермайди?» – деб, мени сўкиб кетганлариниям биламан, – дея кулиб эсларди отам.
Тўй якунида барча меҳмонлар жуда хурсанд бўлишиб, Хушвақтбой шаънига дуолар ўқишиб, олган совға-саломларини ўзаро бир-бирларига мақтаганлари ҳолда тарқалишган ва ушбу тўйнинг довруғини узоқ-йироқларга ёйишган, тўйнинг эгасига эса: «Хушвақт мисгар» номини қўйиб кетишган эканлар. Донғи чиққан ва одамлар ҳали-ҳамон эслаб турадиган ушбу тўй ҳозирги ҳисоб билан 1923 йилнинг 21-23 март кунларига тўғри келади. Онам раҳматлининг (яъни момом Ўғилой Қулбулбой қизи. Б. Ж.) айтиши-ча, мен тўй тугаганидан сўнг, беш кун ўтиб, туғилган эканман.
Шундан кейин советларнинг босқини Бешчашма томонларга ҳам етиб келиб, замона алғов-далғовлари бошланибди. Қизиллар-у босмачилар бир-бирлари билан ғажишиб-ейишиб, халқни икки томонлама талашга тушибдилар. 1928-1929 йилларда ўз тартибини зўрлик билан ўрнатган шўролар бойларнинг ерларини тортиб олиб, камбағалларга бўлиб берибдилар. 1930-1931 йилларга келиб, ҳамма бойлар қулоқ қилиниб, мол-мулклари мусодара ниқоби остида талон-торож ва хомталаш этилибди. Отамнинг Абрай акам, мен ва Бекмурод ҳамда Жўрақул укаларимга тўй қиламан, деган мақсадда боқиб турган 100 бошдан ортиқ қўйлариям айни баҳонада тортиб олинганлигини яхши эслайман.
1931 йилнинг декабрида – қаҳратон қиш чилласида яна юзга яқин отлиқлар келиб, отамга тегишли барча мол-мулкларни, кўрпа-ёстиқларгача талаб кетдилар. Қора уйимизда, ҳатто, тўшашга арзигулик бирор нарса қолмади, қаттиқ қаҳратонда ҳаммамиз изиллаб-бўзлаб туравердик. Отамни: қулоқсан, дея турмага тиқдилар.
Бутун қиш бўйи ейишга овқат, кийишга кийим тополмай, ит азобида амал-тақал билан баҳорга етдик. Март ойида эса, барча оила аъзоларимизни қишлоқдан чеккага – далага, очиқ жойга кўчириб чиқариб ташладилар. Исмалоқ, питрак, тактак еб, кун кечира бошладик, кейинроқ мошоқ териб, жон сақладик. Отамнинг барча ғаллазорлари қишлоғимизда тузилган «Қизил байроқ» қолхози ихтиёрига тортиб олиб қўйилди. Фақат 2 ботмон ердаги буғдой-арпани ўриб-янчиб олиб, план топшириш учун Бердиқул акамга беришди, холос.
1932 йилнинг июль ойлари бўлса керак – отам оқланиб, Шаҳрисабздаги турмадан чиқиб келди. Шундан кейин бизларга озгина ер ажратишиб, ўз кучларинг билан ғалла етиштириб, давлатга план топширасанлар, дея зиммамизга мажбурият юклаб қўйдилар.
Ҳукуматдорлар: “Қулоқликларинг юқиб қолади” баҳонасида барча оила аъзоларимизнинг бировникига боришлари ёинки бошқаларнинг бизларникига келишларини қатъиян тақиқлаб қўйдилар. 1933-1937 йиллар оралиғида ҳеч кимникига бормай ва ҳеч кимни ўзимизникига келтирмай, ёввойилар сингари яшашга маҳкум этилдик. Ҳаётимизнинг энг қорадан-да қора ўша кунларини эслар эканман, инсон учун ноҳақ яккалаб, атайлаб ёлғизлатиб қўйишдан ортиқроқ хорлик ва хўрлик, таҳқир ва ҳақорат йўқ, дея ўйлайман.
Қишлоғимиз яқинидаги мажбурий бадарға-сургуннинг бешинчи йили, ниҳоят, бизларни йўқлагувчиям топилди. Кейин билсам, у Торжилға қишлоқ шўросининг раисаси Обод опа Жониева экан. У киши кулбамизга кириб ўтириб, отам билан ҳол-аҳвол сўрашгач: «Бой бобо, мулла Каримниям халқ душмани сифатида қамоққа олиб кетдилар» – дея сўз бошлади. Мен бу пайтда кулба орқасидаги дарчадан уларнинг гапларини эшитиб тургандим. Обод шўро опа бизларни кўп болали оила сифатида рўйхатга олиш учун келган экан. У киши онамнинг саккиз нафар фарзандларининг ёшларини аниқлаб, ёзиб кетди. Отам тегишли ҳужжатларни тўплаганидан кейин, онам Чироқчига келиб, кўп болали оналарга бериладиган анча пулни истиқомат жойимизга олиб борганди.
1938 йили, ниҳоят, колхозга аъзо бўлиб киришимиз учун рухсат беришди. Шундаям, ўзимиз яшаб турган «Қизил байроқ» ҳамда ёнимиздаги «Ўроқ ва болға» колхозларининг раислари: «Сизлар қулоқсизлар» – дея ўзлари раҳбар бўлган хўжаликларга қабул қилмадилар. «Зарбдор» колхозига кўчиб бордик ва отам хўжалик бошлиғи, бизлар аъзолари сифатида 1 ҳўкиз ҳамда 300 кило уруғлик қўшиб, колхозчиликка кирдик.
Қулоқлик тамғаси бизларнинг мактабда ўқишни бошлашимизгаям анча йиллар тўсиқ қўйди. Мен 16 ёшимда биринчи синфга бордим ва ушбу борада анча вақтни ўзим истамаган равишда бой берганлигим учун кўп надоматлар чекканман. Балки вақтида етарли билим олганимда ҳаётим бутунлай бошқача кечармиди, деган армондаман, ҳалиям.
1939 йили ғалла ҳосили жудаям мўл битди. Шу вақтлари колхозларда, фақат лалмикор буғдой ва арпа етиштирилганлиги боис, улардан қанча хирмон кўтарилиши кўп масалаларни ҳамда муаммоларни ҳал этарди. Одамлар меҳнат кунлари учун центнерлаб дон олиб, анча ўзларини тутиб олдилар. 1940-1941 йиллар ҳам шундай яхши келди. Бироқ даҳшатли урушнинг бошланиб кетганлиги эса, ёш-у қари – барчани эсанкиратиб, гангитиб қўйди, Бало-ю касофат қўшалоқ келади, деганларидек, 1942 йили ғаллага хасвак тушиб, унинг баракасини қочирди.
Устига устак, 1941-1942 йилларда ҳар уйдан камида бир эркак урушга сафарбар этилди. 1942 йилнинг 26 май куни қишлоғимиздан 18 нафар йигит, шу жумладан, Абрай акам ва мен ҳам фронтга жўнаб кетдик. Йил охиригача бизнинг оиламиздан яна Бердиқул акам, Бекмурод ҳамда Жўрақул укаларим ҳам урушга олиндилар, яъни бир отадан беш ўғил немис босқинчиларига қарши жангларда қатнаша бошладик. Шундай оғир шароит ҳамда қийин вазиятда ёши олтмишга яқинлашган отамнинг бир ўзи 20 га яқин сағирларга бош бўлиб қолганди…
* * *
Мен урушда инженерлик батальонининг сапёрлик қисмига тушдим. Бизлар, асосан мудофаа чизиқларига мина қўйиш ҳамда унинг қўйилганларини мина қидирувчи асбоб (миноискател)лар ёрдамида зарарсизлантириш билан шуғулланардик. Сталинград областининг Серафимович ҳамда Калачи районларида сапёрлик ишларини бажардик, Сталинградда қуршаб олинган немислар қўлга туширилганларига қадар шу ерда турдик. Кейинчалик, 1943 йилда Курск – Орёл – Белгород йўналишида мина портлашидан биринчи марта яраланиб, санбатда даволангач, қисмимга қайтиб, яна урушга кирдим.
1944 йилнинг апрель ойида Белоруссия орқали Польша чегарасига яқинлашганимизда мудофаа чизиғидаги миналарни зарарсизлантириш чоғида иккинчи бор оёғимдан ярадор бўлдим. Госпиталда қирқ кунча даволаниб келганимдан сўнг, мени разведкачиликка олишди. Бу пайти Великие Луки районида – Латвия билан чегарадош жойда эдик.
1944 йилнинг 15 дан 16 ноябрга ўтар кечаси мен билан биргаликда 5 кишини жанг майдонини миналардан тозалаб, пиёда аскарлар учун ҳужум йўлагини очишга жўнатишди. Бизлар ўзимизнинг мудофаа чизиғимизга етишимиз заҳоти, немислар майда тўплардан тинимсиз снаряд ота бошладилар. Ҳаммамиз ўрмонда танклар юравериб, чуқур қилиб кетган пана ерга чўзилиб олдик. Ёнимизга тушиб, портлаган снаряднинг зарби ётган жойимиздан кўтариб ташлади. Отишма тўхтаганидан кейинроқ қарасам, чап қўлим ўмровдан синган, чаккам ўйилган экан. Тун зулматида бир амаллаб, ўзимизнинг пулемётчилар блиндажига етдим, у ердагилар қўлимни ва ўмровимни боғлаб қўйишди. Кейин чиқиб қарасак, учта шеригимиз снаряд парчалари тегиши оқибатида ҳалок бўлган, биттаси енгил жароҳатланган экан.
Тирик қолган икки ярадор ўз қисмимизга бориб, юз берган фожеий воқеа тўғрисида билдирганимизда, командиримиз яна беш кишини ва битта машинани қўшиб, вафот этган сафдошларимизнинг жасадларини олиб келишимизни буюрди. Машина юра оладиган ялангликкача яқинлашиб, уёғига пиёда бордик ва қоронғуликдан фойдаланиб, қуролдошларимизнинг жасадларини чаналар ёрдамида келтириб, кузовга ортдик ва изимизга қайтдик. Ҳалок бўлган уч жангчи дўстимизни ҳарбий давр қонун-қоидаларига мувофиқ равишда дафн қилдик. Бу – Улуғ Ватан урушидаги, деярли тўрт йиллик жангларимнинг тафсилотларидан биргина лавҳасидир, холос.
Ўша куни мени госпиталга жўнатишди, у ерда синган қўлимни ўмровим билан қўшилган ҳолатида гипслашди. Орадан 3 кун ўтгач, бош врач Кириленко ҳузурига кириб, жароҳатларим 40-45 кунда тузалишини билдим ва ана шу вақт ичида отпуска олишим мумкинми ёки йўқлигини сўрадим. Кириленконинг йўл-йўриқ кўрсатиши бўйича бизлар – беш нафар ака-укалар фронтда эканлигимиз, улардан бирортасиям уйга қайтмаганлиги, ҳатто, фронтдаги оға-иниларимнинг ўлик-тирикликлариям номаьлум эканлиги, ўзимнинг ҳам аҳволим, эндиликда қандайлигини кўрсатиб, қисм командирига ариза билан киргандим, у эртасига келишимни буюрди.
Командирларим ҳамда бош врач ўзаро маслаҳатлашишгани ҳолда, хизматларимни эътиборга олишиб, менга 45 кун (15 кун боришга, 15 кун уйда бўлишга, 15 кун қайтишга) таътил (отпуска) бердилар ва “Қизил юлдуз” орденига тавсия этдилар. Қўлимга мақтов хати ва тегишли ҳужжатларни тутқазишди, 45 кунга етадиган озиқ-овқат (сухой паёк) билан таъминлашди. Бу пайтда бизнинг қисмимиз Болтиқбўйини фашистлардан озод қилиш учун бўлаётган жангларда қатнашаётганди.
Мен 6 декабрь куни поездда йўлга чиқиб, 20 декабрда эсон-омон Яккабоғ станциясига келиб тушдим ҳамда эртасига уйимизга етиб бордим. Бу ерда онам ва укаларим ҳамда бошқа яқинларим қувонган ҳолларида кутиб олишди, отам бозорга кетган экан, у киши билан эртасига кўришдик. Урушдаги Бердиқул, Абрай акаларим ва Бекмурод, Жўрақул укаларимдан ҳамон ҳеч қандай хат-хабарлар йўқ, оила аъзоларимизнинг кайфиятлари-ю аҳволлари-да шунга яраша эди.
Отам битта эшак ёрдамида бозорга қатнаб, бир ўзи болалари, неваралари билан биргаликда 19 жонни боқиб турган экан. Қаҳратон қишда, очарчилик авжига минган шароитда, одамлар ейдиган нарсанинг йўқлигидан шишиб ўлаётган вазиятда олтмишни қоралаган бир одам шунча катта-кичик инсонни тирик сақлаб туришнинг қандай эпидан чиқа билганлигини ўзингиз тасаввур этиб кўраверинг.
Уйда 3 кун туриб, район партия комитети ҳамда район ҳарбий комиссариатидан ҳисобдан ўтиш учун колхознинг раиси Юсуф Соатовдан икки кунга бир от олиб, шунингдек, отам ўз эшагида Чироқчига келдик. Ҳарбий комиссариатда тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, райкомга бордим. Ўша пайтлари райкомнинг биринчи секретари Бердиёров, деган киши экан. У мени илиқ кутиб олиб, ҳолимни сўради, фронтдаги аҳвол юзасидан суҳбатлашиб ўтирди. Сўнгра, Чироқчи райони ҳарбий комиссар (военком)ини чақириб, отпускамга яна бир ой қўшиб бериш имкониятини излаштиришни топширди. Шунда военком менинг қисмимга телефонограмма жўнатишини, у ердан қандай жавоб келишига қараб, масала ечилишини билдирди.
Бошқа ҳеч ким йўқлигиданми Бердиёров менинг ўзимга бозорнинг ичида жойлашган таъминот хизмати бошлиғи Ашуров, деган одамни чақириб юборишимни илтимос қилди. Келганидан кейин унга: «Намунали хизмат қилганлиги учун уруш вақтида бир ярим ойлик отпуска билан рағбатлантирилган солдатга» – яъни менга 100 килограмм буғдой ва 2 бош қўй беришни буюрди. Ашуров топшириқни қабул қилиб олар экан, буғдой йўқлигини, фақат 70 килограмм нўхат борлигини, қўй йўқлигини, фақат 2 та эчки борлигини билдиргач, уларни менга беришга келишдилар. Ҳарбий комиссар эса, етти суткадан кейин хабарлашишимни айтди.
Шундан сўнг, отам билан 70 килограмм нўхат ва 2 та эчкини от ҳамда эшакка ортиб, уйимизга қайтдик. Ўша даврларда, билсангиз, 70 килограмм нўхатнинг қадри бугунги 70 центнер буғдойдан ҳам, 2 та эчкининг қадри ҳозирги 20 бош қўйдан ҳам баландроқ турарди.
Орадан бир ҳафта ўтиб, Чироқчига яна келдим ва ҳарбий комиссариатдан менга қўшимча равишда яна бир ой отпуска берилганлигини билиб кетдим. Кишлоқда 1945 йилнинг 28 январигача бўлиб, ота-онамга уй юмушларида кўмаклашдим. Одамлар бу вақтда очликдан қирилиб кетмаслик учун иложсизликдан колхоз фермасидаги молларни ўғирлашаётганини эшитдим. Очарчилик ҳамда қаҳатчилик халқнинг жон-жонидан ўтиб кетганди.
Отпуска муддатим тугагач, отам билан Самарқанднинг Жума станциясигача пиёда бориб, шу ердан поездга чиқиб кетдим ва 1945 йилнинг 12 февраль куни қисмимизга етиб келиб, қўлимдаги гипсни олдирдим, синган жойларим, эндигина битган зкан. Мени штаб бошлиғининг хизматига қўйишди ва уруш интиҳосига етгунига қадар шу жойимда сақлаб туришди. 1945 йил 8 майда уруш тугаганлиги, 9 майда эса, Берлинда Ғалаба байроғи кўтарилганлигини Болтиқбўйи фронтида туриб эшитдик.
Бизларнинг қисмимизга, бошқалар қаторида, урушдан қолган қурол-яроғларни тўплаб, тегишли жойларга топшириш ҳамда миналаштирилган майдонларни зарарсизлантириш вазифаси топширилди. 1945 йилнинг сентябрига қадар ўша пайтдаги Шарқий Пруссия (ҳозирги Калининград области) чегараларида, асосан ана шундай ишлар билан шуғулландик. 1945 йил 25 сентябрда СССР олий совети президиумининг махсус фармони чиқиб, уч марта ярадор бўлган жангчи сифатида менгаям жавоб бериладиган бўлди. Зарур расмиятчиликларни бажариб, 1945 йилнинг 30 ноябрида юртимга жўнадим. Бизларни йўлга етадиган миқдорда озиқ-овқатлар билан таъминлаб, поездга чиқариб, тантанали равишда кузатиб қўйдилар.
1945 йилнинг 23 декабрь куни уйга қайтиб келганимда урушга кетган ака-укаларимдан ҳамон дом-дарак йўқ эди. Ота-онам беш нафар ўғлонлари ҳисобидан битта ўзимгина тирик қолганлигимгаям Яратганга шукроналар айтишди.
27 декабрда Чироқчига бориб, ҳарбий ҳисобга кирдим, райкомга ўтиб, биринчи секретарь Бердиёров билан аҳволлашдим. У район ижроия қўмитасининг раиси Нурматов ҳамда ҳарбий комиссар Ноготкинни чақириб, учаласи ўзаро маслаҳатлашиб, мени 1946 йилнинг 1 январидан бошлаб, Торжилға қишлоқ советининг масъул секретари ва ҳарбий столи бошлиғи вазифасига қўйдилар ҳамда мен белгиланган муддатда тегишли хизматимни бошлаб юбордим.
Ўша пайтлари урушнинг даҳшатлари ҳар қадамда сезилиб турар, очарчилик, қаҳатчилик авж олганди, ҳатто, ғалла экишга уруғлик ҳам топилмасди. Шу даврда Торжилға қишлоқ советига 9 та колхоз бўйсунарди, улар лалми ғаллачилик ва чорвачиликни ривожлантириб, аста-секнн ўнгланишга юз тутдилар. «Батрак» колхозининг раиси Абдулла Юсупов, «Қизил омоч» колхозининг раиси Қурбонали Қобилов, «Искра» колхозининг раиси Маҳмарайим Жумановлар ўша вақтнинг яхши раҳбарларидан саналардилар.
Қишлоқ хўжалигини тараққий этдириш тўғрисидаги қаттиқ талабли қарор деҳқончилик ва чорвачиликда катта роль ўйнади. Аммо кўрилган ҳамма даромадлар давлатнинг ҳисобига ўтиб кетар, меҳнаткашнинг эса, бири иккига айланмасди. Айниқса халқ хўжалигини тиклаш заёми мажбуран тиқиштирилганлиги, йилига хўжалик бошига ҳар бир сигир ҳисобига 92 килограмм гўшт, 5 килограмм мой, ҳар бош қўй-эчки ҳисобига 2 килограмм жун, ҳар товуққа 45 тадан тухум солиғи жорийлашгани одамларнинг тинка-мадорларини қуритганди.
* * *
1947 йилнинг май ойида Қашқадарё область партия комитетининг ташкилий бўлими мудири Асад Ваҳобов «Искра» колхозининг собиқ раиси Юсуф Соатов устидан ёзилган шикоятни текшириш бўйича бизлар томонга келди. Торжилға қишлоқ советининг раиси Эшмирзаев ушбу «нозик одам»га қарашиб туриш вазифасини менга топширди. Ваҳобовнинг ётиш-туриши, овқатланиши учун уйда баҳолуқудрат шароит яратдик.
Ҳар куни эрталаб Асад акани отга миндириб, колхоз хирмонидаги қора уйга – идорага олиб бориб қўяман, у киши тегишли одамларни чақириб гаплашади, тушда отга миндириб, уйга олиб келиб овқатлантириб, яна хизмат жойига етказиб, кечқурун тағин миндириб қайтаман.
Худо ҳаққи, мана шу кишига яқин-атрофдан шунча суриштириб, биттаям буғдой нони топиб бераолмай, буғдой, ун ёки нон излаш илинжида Самарқанднинг Жом бозорига бордим. Уни айланиб, бирон жойда мен истаган нарсанинг сотилаётганини кўрмай, энди нима қилишимни билолмай тургандим, эски танишим – «Байналмилал» колхозининг раиси Назар ака Чинмирзаев келиб қолди. Нима дард билан юрганимни эшитгач, у билан биргаликда яна бозорни ахтариб, буғдой ёки ун тополмай чиқдик. Назар ака қўярда-қўймай ҳовлисига бошлади, гурунглашиб ўтириб, чой ичдик, у кишига Ваҳобов билан боғлиқ воқеани сўзладим. Назар ака кетишим олдидан уйидан 3 килограмм буғдой уни олиб чиқартириб, қўлимга тутди. Бу ажойиб инсонга катта раҳматлар айтиб, нархи қанча бўлишини сўрадим. У киши пул олишдан бош тортиб, имкони борича, илгариги ҳамкасби Соатовга ёрдам кўрсатишимни илтимос қилди. Мен унни уйга олиб келиб, Асад ака бизникида турган бир ҳафта мобайнида у кишига яширинча буғдой нон ёптириб бериб турдим.
Юсуф Соатов «Искра» колхозида раислик қилган чоғларида уруш вақти бўлиб, 11 киши очдан ўлган, Соатов уларни сақлаб қололмади, дея унинг устидан шикоят ёзишган экан. Шундай эса-да, Асад ака Ваҳобовдан, иложи борича, Соатовга кўмаклашишини сўрадим. У киши: «Майли, фақат партиядан ўчириш билан чекланамиз» – дея ваъда этиб кетди. Ҳақиқатдан, Юсуф Соатов обкомда партиядан ўчирилиб, бу макказқўмдаям тасдиқлангач, бошқа қаттиқ жазодан қутулиб қолди (ҳолбуки, ўша пайтлари бундай айблов билан халқ душманига чиқарилиб, отилиб кетишиям ҳеч гап эмасди) ва умрининг охиригача Асад ака Ваҳобовдан миннатдор бўлиб ўтди.
* * *
…Турмушдан ва урушдан олинган аёвсиз зарбалар отам Хушвақт мисгар бобони-да оёқдан йиқитди. Отам жанггоҳлардан қайтмаган ўғиллари армонида 1948 йилнинг 9 январь – жума куни тонготарида ўз қўлимда жон берди. Раҳматли падари бузрукворимни шу куни Шоввоз ота қабристонига дафн этдик. 1948 йил мен учун жуда оғир кечди, орадан бир ҳафта ўтиб вафот этган катта онам Иқлим момониям отамнинг ўнг тарафига кўмдик. 18 апрелда урушдан касал бўлиб қайтган Бекмурод укам оламдан ўтгач, униям Шоввоз ота қабристонига қўйдик. Ўзим сельсоветдан бўшаб, колхозга партком секретари ва раис муовини бўлиб, ишга ўтиб кетдим.
* * *
Кейинчалик қизиқиб, сўраб-суриштириб билдим-ки, номларини мен ҳикоям бошида тилга олган 11 даҳа бойларининг ҳаммаси ҳар ерда – сургун ҳамда турма-ю қамоқларда хор-зор ўлиб кетган эканлар, уларнинг биронтасигаям бойликлари, мол-мулклари буюрмабди, ҳатто, дуои фотиҳаларига-да асқотмабди.
Отам раҳматлик шўролар тузумининг бор аччиқ-чучукларини тотган эсаям, Худога беҳад-беадад шукурлар-ки, у кишига ўз уйида урушдан, очарчилик ва қаҳатчиликдан омон қолган болалари ҳузурида бандаликни бажо келтириш насиб этдн. Тақдир, қисмат, пешона – деганлари, балки шулардир…
* * *
…Бизлар 1950 йилнинг март ойида ҳозирги «Зарбдор» хўжалигига кўчиб келиб, 50 гектар ерда чигит экдик. Ҳали болалари бўлиб улгурмаган ёш эр-хотинлар, бўйдоқ йигит-қизлардан иборат бригадамиз аъзолари шу орада пахта етиштириш сирларини анча-мунча ўргандилар. 1952 йилда даштдаги «Искра» колхози билан «Зарбдор» колхози бирлашиб, янги Андреев номли колхоз вужудга келди. Менга ана шу хўжалик ҳисобидан 100 гектар ер ажратиб, пахта бригадирлигига тайинлашди. Мислсиз машаққатлар эвазига шу йили ҳар гектаридан 27 центнердан пахта топширдик. 1953 йилдан эътиборан эса, колхозда экспедиторлик қила бошладим.
Ўша вақтлари Андреев номли колхоз пахта ҳосилдорлигини 45 центнерга етказиб, илғор хўжаликка айланди. Булар эвазига катта даромадлар олиниб, колхозчиларнинг меҳнат кунларига ҳисобланган ғалла омборларга сиғмай кетди. Кимнинг-ки иш ҳақига ёзилган буғдой бир машинага етса, Яккабоғ заготзерносидан келтириб, уйига тўкиб беравердик. Шундай қилиб, 1953-1955 йилларда халқнинг қорни нонга тўя бошлади. Хоҳловчилар колхоз складидан истаган қурилиш материалларини олиб, бирин-кетин янги уйлар тикладилар, тўйлар ўтказдилар.
Андреев номли колхозга раислик қилган Рўзимурод Жомуродов қаттиқ интизомни йўлга қўйиб, зўр ишлади. Хўжаликнинг “бели” бақувватлашиб, 1955 йилда бирданига 6 та янги «ГАЗ-51» юк машиналарини сотиб олди ва жами сони 12 тага етказилди. Уларнинг кучи билан Яккабоғ станциясидан 5-6 вагонлаб ҳар хил юкларни қийналмай колхозга таширдик. Андреев хўжалиги биринчи-иккинчи ўринларни эгаллайвергач, 1956 йилда бу ерда область миқёсида мажлис бўлди ва колхоз тажрибаси оммалаштирилди. 1958 йилда Андреев номли колхоз қўшни Охунбобоев номли хўжаликка қўшилиб кетгач, яна уч йил экспедиторлик қилиб, 1962 йилда Чироқчи райпотребсоюзига ўтиб кетдим ҳамда 21 йил савдо соҳасида ишлаб, 1983 йили пенсияга чиқдим. Ҳозиргача Худо берган ёшни яшаб турибман.
* * *
…Мен раҳматли отам Хушвақтбой Усанбой ўғли ҳақида нимани-ки, ёзган бўлсам ҳаммаси азиз падари бузрукворимнинг ўз оғзидан эшитганларим, у кишининг дўст-биродарларидан сўраб билиб олганларим – айни бор гаплардир. Ўқиганларга сабоқ бўлсин, деган ниятда аччиқ ҳақиқатларни-да шундайлигича битдим.
Хуллас, қоғоз қоралашимдан асосий мақсадим, ўтмишда ота-боболаримиз бошидан кечирган фожиалардан зарур хулосалар чиқариб олайлик, ҳамма соҳада фидокорона меҳнат қилиб, Ватанимиз қудратини янада мустаҳкамлайлик, инсоф ва имон эл-юртимизни ҳеч қачон тарк этмасин. Омин! – дея ўз ёзганларига ниҳоя ясаганди отам.
* * *
Яратганга минг-минг қатла шукроналар-ки, кўп йиллик орзуим – Хушвақт мисгар бобом қисматининг мухтасаргина қиссаси интиҳосига яқинлашаётир. Мен ушбу ҳаракатим билан ўз даврида катта бой, йирик сармоядор бўлган эса-да инсонпарвар ва камбағалпарварлиги, одамгарчилиги ва саховатпешалиги билан донг таратган бобом олдидаги қарзимнн маълум маънода қисман узаётгандайман.
У киши тўғрисида кимдан нимаики эшитган бўлсам, ҳаммаси ул зот хусусида, фақат ижобий гаплар айтган. Раҳматли момом – Ўғилой Қулбулбой қизининг бир пайтлари: «Болам, бобонгдай одам бормиди, қайта-қайта ёмонлик қилганларгаям, фақат яхшилик билан жавоб қайтарган бундай инсонлар камдан-кам учрайди» – деган ўгитлари умрбод ёдимдан кўтарилмагайдир.
2000 йил бошида Файзулла Хўжаев номли хўжаликка махсус бориб, 104 ёшли Абрайбек бобо ҳузурларига ташриф буюриб, у кишининг Хушвақт бобом тўғрисидаги таассуротлари билан қизиққанимда уч асрнинг гувоҳи бўлаётган ушбу табаррук зот-да юқоридаги фикрларни тасдиқлаганди.
Мисгар бобомни қўли гул, қатор касб-ҳунарларнинг моҳир соҳиби эди, дейишади. Дарҳақиқат, Хушвақт бобом ясаган чиройли жавонлар, бежирим сандиқлар, мустаҳкам эшик-деразалар 1 асрдан бери ишлатилаётган эса-да яхши сақланиб келаётганлигини (жумладан, менинг уйимдаям бобом маҳоратининг намуналари кичик сандиқча ва мўъжаз деразачадан фойдаланилаётир) эътиборга олсак, мазкур таъриф-тавсифлар нақадар ўринлилиги аёнлашади…
…Бор-йўғидан айирган, ўзини ва оиласини дарбадар, сарсон-саргардон айлаб қўйган, қашшоқликка, очликка, азоб-уқубатларга дучор ва маҳкум этган совет тузумининг манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида қарчиғайдай тўрт нафар ўғли қурбон бўлган Хушвақт бобомнинг шўролар дастидан қўли тепасида бўлиб, кўзлари очиқ кетмадими?! У ҳаётининг охирги лаҳзаларида орадан ярим асрдан кўпроқ вақт кечиб, табаррук номи миннатдор фарзандлари томонидан эъзозланишини ўйлаганмиди?!
Не бўлгандаям Хушвақт мисгар бобом бизлар – авлодлари, невара-чеваралари учун доимо фахр-ифтихор тимсоли бўлиб қолгусидир. Ахир, ҳар кимнинг ҳам бобоси у киши сингари бетакрор инсон бўлмагай, бўлолмагай.
* * *
Агар сиз тўғрингиздаги хотиралар билан руҳингизни, оз бўлса-да, рози қилолсам – бошим самоларга етгуси, муҳтарам бобожон!
Чироқчи, 2000 йил.
(Давоми бор)
Суратда: Таниқли журналист Бердиёр Жумаев оила аъзолари билан…