(Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар вазири Адҳамбек Аҳмадбоев диққати)
Ҳозир сизга айтиб бермоқчи бўлган нарса киноларда эмас, ўзимизнинг жамият ҳаётида рўй берган реал воқеадир. Уни ўқиганингизда, ёқангизни ушлашингиз тайин. Тўғриси, мазкур жуда хунук ҳодисани яқин дўстимдан эшитиб ўзим ҳам худди шундай ҳолатга тушдим.
Гап Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси тизимида хизмат қилувчи сержант Ҳусниддин Сайдаҳмедовнинг кирдикорлари ҳақида кетмоқда. Уни одамлар Хуси ГАИ деб ҳам чақиришаркан.
Ана шу “тартиб посбони” яқинда ўғли Камолиддиннинг суннат тўйини катта асъасаю дабдаба билан ўтказди. Маросимга машҳур қўшиқчилар ташриф буюрди. Ҳаммаси бирровчилар. Хуллас, ўн дақиқалик фонограммада ашула айтиб, 1000-2000 АҚШ доллари оладиган санъаткорлар. Халқнинг оғзига элак тутиб бўладими бундай пайт? “Эшитдингларми, Хуси ГАИ ўғлининг суннат тўйича палончи артистлар келибди, ўзим кўрдим” қабилидаги гаплар оммалашиб кетди. Бу ҳали ҳолваси. Гапнинг пашмагини қуйида билиб оласиз.
Жабрдор ҳайдовчилар масалага дарров ечим топишгани аниқ. Пора эвазига. Бугун ички ишлар тизимида айнан коррупция авжига чиққанини кўпчилик яхши билади. Ҳ.Сайдаҳмедов ана шу механизмдаги кичкина мурватча. Кимдир қоида бузса, уни жаримага тортиш ўрнига, ўзини чўнтагини қаппайтиришни касбга айлантирган. Бугун ЙПХ инспекторининг бир кунлик даромади 100000-150000 сўм эканлигининг боиси ҳам шунда.
Бу ҳеч кимга сир эмас. Энди алкоголь ичимлик истеъмол қилиб рулда ўтирган ва қўлга тушган шофёр қўйиб юборилса, маблағ миқдори ўз-ўзидан кўпаяди. Ахир ичган одамни тўхтатиб қолиш ўрнига, уни хатарли йўлга қайта кузатиш, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ҳаётини хавф остида қолдириш эвазига пул ишлаш ўта тубанлик эмасми?
Кимдир қоида бузмаса ҳам, албатта важ-корсон топиб, уни шилишдан уялмасликни қандай изоҳлаш мумкин? Худди мана бу латифа қаҳрамонига ўхшаб.
Бир куни ЙПХ инспектори бир машинани тўхтатиб, ҳайдовчисидан ҳужжатларни сўрабди. Қараса, ҳаммаси жойида, шофёр ҳам ичмаган, соғ. ГАИ у дебди, бу дебди, уни қидирибди, буни қидирибди, барибир хато топа олмабди. Шунда уни кўзи автомобилдаги магнитолага тушиб қолибди.
— Шўх қўшиқларингиз борми? – деб сўрабди инспектор ҳайдовчидан.
— Бор!
— Ундай бўлса, энг шўхини қўйинг!
Ашула бошланиши билан, ГАИ ходими рақсга тушиб кетибди. Ҳайдовчи ҳайронмиш.
Шунда инспектор ўйнашда давом этар экан, машина ойнасига хиёл энгашиб, кепкасини кўрсатиб:
— Пулдан қистирмайсизми? Қистирмайсизми? –деган экан.
Шундай қилиб, у барибир пул ундириш йўлини топибди.
Хуси ГАИ ҳам қўйиб берса балетам тушиб берса керак. Шундай масхарабозларни кўриб, эгнингдаги формани нимага кийиб юрибсан, палкани нимага кўтариб юрибсан, дейдиган одам топилмайди.
Ана энди гапнинг пашмагига келдик. Тасаввур қилинг, Тошкентдаги энг катта чорраҳалардан бирида светофор бузилиб қолди, ЙПХ ходимидан дарак йўқ. Ҳар тарафда тиқилинч, тиғизлик, тирбандлик, сигналлар шовқини ҳайдовчиларнинг асабий бақиришларию сўкинишларига аралашиб кетган. Хуси ГАИни тўйи ҳам худди шу манзарани эслатиб юборди. Аслида посбон дегани нафақат йўлларда, балки ўз уйида, ўтказадиган тўйида ҳам тартибни сақлаши керак, босар-тусарини билиши керак.
Х.Сайдаҳмедовга эса бундай мезонлар бегона экан. Йўқса, тўйга келган ўзича казо-казо меҳмонларни кўкнори солинган чой билан сийламаган бўларди. Ароқ ичиб олган ҳайдовчилар кўпинча йўл ҳаракти ҳодисасига сабаб бўлади ва унинг оқибатлари ҳам аянчли бўлади. Нашадан татиб олган “ҳайдарчи”лар эса тўй ҳаракати ҳодисасини келтириб чиқаришди. Натижада бири-бирини калтаклаган, жанжаллашган, бурнини қонатган. Бундан кулайинми, куяйинми?
Ана сизга тартиб посбонининг “меҳмондўстлиги”, асл башараси. Эй, Хуси ГАИ аслида сен жамиятда тартибни сақлаш, турли кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш, хавф-хатарларга қарши курашиш ишига ўз ҳиссангни қўшишинг керак. Сен буни аксини қилиб, яна яшил кийим кийиб юришга уялмайсанми? Садқаи форма кет, муқаддас касбга доғ туширган нодон, дейдиган кас йўқ.
Менимча, Х.Сайдаҳмедов қўлимни узатсам, исталган жойга етади, тайёқчамни олсам эса, булутларга тега оламан деб ўйлаган бўлса керак. Ёки кечалари ҳам меҳр билан ёнида олиб ётадиган палкасини сеҳрли таёқча деб биладими? Бундай чўплар чўпчакларда бўлади, Хуси? Кўза эса кунда эмас, кунида синади.
Бундай ишларни қилган ҳар қандай кимсанинг устида таёқ эмас, хода синади. Х.Сайдаҳмедов шундай ҳолатга тушиб, калласидан калтак еса, кепкасини тагига яшириб қўйган тухум ёрилиб, сариғи ичкилигу чакишдан қорайиб кетган юзига оқиб тушиб, уни шарманда қилади. Худди, Шум болага ўхшаб.
Кейин у таёқчасини минг силкитмасин, порахўр хўроз каби қичқирмасин, у боқиб қўйган пора товуқлари тилла тухум қўймайди. Қайтанга, сақлаб қўйган тухумларининг палағдаси чиқиб, унинг бадбўй ҳиди ўзи ва яқинларига катта зарар келтиради.
Макиёнлари эса таёқчасига қўшилиб кўкнорихаёл эгасини ташлаб кетади.