"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Ҳамроқул Асқар: Шукур Содиқнинг «Ҳурлик салтанати» китобига чизгилар

Адабиёт, Ўтганлар ёди | 22/07/2016 08:08-     29466 марта ўқилди

Шукур Содиқ

«Дунё ўзбеклари»дан:
Ҳамроқул Асқарнинг Шукур Содиқ ҳали тириклигида унинг янги китобига ёзган чизгиларини яна бир карра ўқиб чиқиб, узоқ ўйланиб қолдим.
Ҳамроқул донишманд йигит экан. Шукур тириклигида унга шу самимий дил сўзларини айта олибди. Айтганда ҳам «Дунё ўзбеклари» орқали айтган.
Бир ойдирки, Шукур Содиқнинг энди бу дунёда йўқлигига ишониб яшаш нақадар қийинлигини ҳар куни ич-ичимдан сезиб, ҳис этиб юрдим.
Файласуф олим Маҳмуд Йўлдошевнинг Шукур Содиқ ҳақида нашримизда эълон қилинган сўнгги мақоласидан кейин «Дунё ўзбеклари»ни титкилаб, яна анча мунча мақола ва матнларга кўзим тушди.
Ҳатто Шукур Содиқ қаламига мансуб «Хотиржам одамнинг ташвишлари» номли янги романнинг тўрт қисмини эълон ҳам қилган эканмиз.
Шуларни ва у ҳақда бизда эълон қилинган мақолаларни, унинг истеъдодли шоира Ҳалима Аҳмедова ижоди ҳақида ёзилган тақризини яна бир бор «Дунё ўзбеклари» ўқувчилари ҳукмига ҳавола этишга қарор қилдик.
Ажойиб ва дилкаш инсон, камтар ва камсуқум журналист, яхши ижодкор, садоқатли дўст Шукур Содиқнинг порлоқ хотираси уни яхши билган ва қадрлаган дўстлари қалбида абадул абад яшаб қолажак…
Исмат Хушев,
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири,
21 июль, 2016 йил.
Торонто шаҳри, Канада

 

дилоромга гул

Ҳамроқул Асқар: Шукур Содиқнинг «Ҳурлик салтанати» китобига чизгилар
 
Истеъдодли шоир, садоқатли дўст, дилкаш инсон Шукур Содиқ орамиздан кетди. Улуғ айём кунлари дўстимизни эслаб, унинг ҳақига дуолар қилайлик…
И С Ё Н К О Р Д А Р А Х Т Л А Р
ЁКИ “ДАЛА ШОИРИ” ШУКУР СОДИҚНИНГ “ҲУРЛИК САЛТАНАТИ” КИТОБИГА ЧИЗГИЛАР
— Матбуотда чоп этилмаган ушбу бадиҳа ёзилганида шоир ҳали қамоққа олинмаганди…
Ботиний ва зоҳирий илмлар султони Ғаззолий ҳазратларининг “Ичиндаги ичиндадир” номли асари машҳур. Биз ҳам ушбу иқтибосга мусаллам кайфиятда китобини тақдим этган дўстларимизга ярим ҳазил, ярим чин: — ичиндаги ичидами., дея ҳазиллашамиз.
Тузум алмашсада физика, маематика., каби аниқ фанлар ўзгармаганидек, ҳақийқий адабиёт мезонлари ҳам ўзгармасдир. Илмсиз одам кўп гапирганидек, адабиёт тарихидан бебаҳра қаламкаш ўзидан юз йиллар бурун яшаб ўтган шоирлар айтган гапларни такрорлаб, устоз Рауф Парфи айтганларидай “хол” қўядилар… Бошқа таълимотлар каби шеъриятда ҳам янгилик яратиш мушкул. Зеро, бу дунёда янгилик йўқ, биз такрорларнинг такроримиз. Ижодкор серқирра илм соҳиби бўлиши лозим., деган талабни Умар Ҳайём ғоят ёрқин ва дангал ифодалаган:
Дилим илмлардан маҳрум бўлмапти,
Бир сир қолмадики, мавҳум бўлмапти.
Етмиш икки йил ўйладим кеча-ю, кундуз —
Англадим, ҳеч нарса маълум бўлмапти.
Шоирлик қисмат. Шоир — жавоб излаётган савол. Унинг бедорликда топган жавоблари унга бахт келтирадими, ёки кулфат?! Шоир жудда катта руҳий толиқишлар, изланишлар оқибатида кашф этган ғоялари жамиятга мутлақо кераксиз, ҳатто зарарли бўлиши мумкин. Шоирда режа йўқ. Ижод аҳлини уйқучиликда айблаш адолатдан эмас. Улар чеккан изтиробларига нисбатан кам ором олғувчи беморлардир. Замонасозлар шоирни оқимга қарши сузишда., айблайди. Бадбахт шоир эса ўжарлик ила сув нотўғри тарафга оқаётганлигини исботлашга урунади. Оқимга қарши сузиш телбаворлиги адабиётда Дон Ки Хотни, аниқ фанлар соҳасида Эйнштейнни яратди.
Шоирнинг жамиятдаги ўрнини белгилаш ўта мушкул, бемаъни машғулот. Очиқроқ айтилса, шоирнинг жамиятда мутлақа ўрни йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Агарда, у ўрин, тўғрироғи мавқе тополсайди нафақат ўзи, суюкли ёрини етаклаб осмонларга қандай учади?! Қаноти қирқилган қушга ўхшаб бир жойда қағиллаб турадими., деган бошқа бир мантиқсизлик келиб чиқади.
Худди ана шу “Дон Ки Хот” авлоди бўлмиш шоир тонггача ухламай тўрт қатор шеър қоралайдида, зулмни таг-туги билан қўпориб ташлаган баҳодирдай кун бўйи хурсанд юради. Сиёсатга ружу қўйган шоирларни хушламайдилар. Чунки, сиёсат ва шеърият азалдан ит мушук. Шоирнинг ўзи эмас сўзи фаол бўлса дуруст. Зеро, ҳақиқий поэзия сиёсатдан баланд турмоғи лозим. Сиёсатчи бирор аниқ манфаатни кўзлаб ҳаракат қилаётган, шоир эса ўз руҳий оламида манфаатсиз ҳаракат қилаётган икки ёт қутб. Сиёсатчи шоирга озодлик бераман., дейди.
Шоир эса бу марҳаматни ҳақорот деб билади. Чунки, у ўзини матлақа ҳурман деб ҳисоблайди. Хуллас, шоир сиёсатчи учун ғирт бош оғриқ. Умуман эл танимайдиган бирон шоирни қамоққа олсалар, бутун дунё жар солади. Миллий қаҳрамон ҳибсда! Уни қанча танқид қилсалар у шунча шуҳрати ошади. Фавқулодда ўлса, зудлик билан китобларини нашр қилиб, шаҳид шоирга тезда ҳайкал қўйиш керак… Бир амаллаб тош ҳайкалга айлантиришгач, сиёсатчилар бу балодан қутулганларига минг шукрона айтиб пойига гуллар қўядилар…
Улуғ Навоий бобомиз тақдир тақозасига кўра сиёсат майдонини тарк этолмаган руҳоний олам вакили эди. Шу боис: — афсус, давлат ишлари билан бандман, бўлмаса шеър ёзишни кўрсатиб қўярдим., дея ўкинган эканлар. Эътибор беринг, бу афсусни шеърият мулкининг султони., дея дунё аҳли тан олган улуғ Навоий айтган! Шу боис, Навоий бизда фалак томига чиқиб, нарвонни ўзи билан ола кетган авлиёдек таасурот қолдиради…
Юқоридаги мулоҳазаларимни ўқиганлар шоир сал “ўтлаб” кетмаяптими деган шаккок фикрларга берилган бўлса ажабмас. Ўтлаётганим йўқ дўстим “Ҳурлик салтанати”га кираверишдаги айрим “ёввойи” ўтларни юлиб, ичкарига кириш учун тадорик кўряпман холос… Ушбу мулоҳазалар ҳам аслида, Шукур Содиқнинг “Ҳурлик салтанати” девони мутоаласидан сўнг пайдо бўлган мулоҳазалар…
Дунёда айтилмаган гап йўқ, лекин Ходи Тоқтош айтганларидек: — муҳаббат кўп қадим қўшиқ, лекин ҳар қалб ани янғорта., демак асосий гап самимийлик ила уйғунлашган туйғулар симфониясида…
Умримнинг асосий қисми ижодкорлар даврасида, хизматида ўтди. Тенгқур дўстларимиз билан қанча тонготар шеърхонликлар қилганмиз. Лекин, тан олиш жоиз, эсда қолган, хотирада муҳрланиб қолган сатрлар жуда кам. Ўтган асрнинг саксоннинчи йиллари Ёзувчилар уюшмасида ишлайман, ҳар куни тумонат одам келади. Ҳали драматургия, ҳали қўшиқ, ҳали проза, ҳали таржима кенгаши йиғилишлари. Юбилей тантаналари, байрамлар…
Уюшманинг катта залида ҳар кун шеърхонлик. Ўша мушоиралардан бирида Шукур ўқиган шеър чинакам воқеа бўлди. Бу сатрлар хотирамда муҳрланиб қолган:
Шаҳло кўзларингда пориллайди шавқ,
Севгининг бетакрор қасидасидай.
Сен рўйи заминга бермоқдасан завқ –
Ердаги гўзаллик маъбудасидай!
Сен –
тоза туйғулар Дездимонаси,
Кўнглингни Яголар авраб юрипти.
Ўзбекнинг қон ютган бир Отеллоси,
Менинг кўкрагимдан қараб турипти…
Мушоира тугагач, шоирни хонамга таклиф қилдим. Мақтадик, мақтандик, дўстлашдик… Кейинги мушоирада ҳам Шукур Содиқ шеър ўқиди:
Ёдимдадир:
Вокзал. Оломон
Эҳтиросли бўсалар тоти.
Олиб кетди сени йироққа,
Поэздларнинг учқур қаноти.
— Кетма, қолгин дея ёлбордим,
Дединг, йўқдир ўзга имконим.
Билмам бул кун умринг поэзди,
Қай манзилга кетмоқда жоним.
Менинг эса юрагим вокзал,
Томирларим темир излардир…
Мушоира дегани ғалати, баъзан том — том китоб ёзган катта адиб шеър ўқиганда зал жим қолиб, ҳали чеҳрасидан қишлоқ чанги уфуриб турган ҳаваскор шеър ўқиганда бутун зал оёққа қалқади. Қарсак яхши бўлдию, олқишлардан сўнг удумга кўра навбатдаги шеърни ўқиш ўрнига қишлоқи шоир минбарни тарк этиб, яна устоз Рауф Парфи таъбири билан айтганда: — “хол.,” қўйди. Балки, ҳаяжон зўридан нафаси етмаган…
Нафаси етмасада, эндигина шаҳарга келиб, ошни тарозида тортишларидан ажабланиб юрган шоирнинг қурвақадек бўлсада ўз овози борлигини адабий жамоатчилик қарсаклар билан эътироф этганди ўшанда… Тошкент шевасида дала нон, дала дўкони деган лўнда иборалар бор. Шу маънода Шукурни дала шоири десак ҳам бўлади. Ўзи туғилиб ўсган уй, овул тароватини шеърий ифодалашни уҳдалаган шоирга тан берсанг арзийди. Чунки, айнан шу оддийгина мавзуда ёзиш жуда қийин. Бу мавзуда шеърлар кўп лекин, самимийлари кам:
Дастурхонда кўрганим қатлама, қора нон, патир,
Даврадаги қиз-жувондан анқийди арзон атир,
Камбағалнинг тўйида англадим Ватан надир –
Кўзларимда ёш билан адолат деб шеър ёздим…
ёки:
Қора халқдан чиққанман, қора халқнинг шониман,
Кўзларимда ёш билан ёзмайман деб шеър ёздим…
Самимийликка эҳтиёжни кўрингки, 1982 йилда ёзилсада ҳануз жозибасини йўқотмаган ушбу шеърни муҳаррир орадан орадан 25 йил ўтгач китобнинг биринчи бетига қўйган. “Ватан ҳақида қўшиқ”, “Ватан тупроғи”, “Ўзбекистоним бўлиб”, “Ўзбекистон қомуси”, “Ўзбекларим”, “Мени кечир қишлоқ”, “Чўпон бобо”, “Назрул Ислом дардлари”, “Ҳар гал Самарқандга йўлим тушганда”., каби ўнлаб бадиий пишиқ, мағзи бут шеърларда она Ватанга самимий муҳаббат уфуриб турибди! Энг муҳими шоир бу кўҳна ва абадий мавзуни ўзига хос, бетакрор поэтик ифодаларда тараннум этган.
“Ҳурлик салтанати”дан ўрин олган икки юзга яқин шеърлар бир бирини такрорламайдиган оргинал десак хато бўлмас. Лекин, шоирнинг қизишиб кетиб, айрим иймонсиз порахўрларга ташланиб қолиш одати ҳам йўқ эмас. “Ҳукумат касалхонасида”, Бошлиқ дегани”, “Эскилар ҳақ”, “Дўмон бобо”, “Душанбада қозон оссак”., каби шеърларида оёғи ердан узулганларни анча “тузлаган”ган… Бу шеърлар бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган:
Кексалик бостириб келар беомон,
Ёшликнинг бетимсол бўстонларига.
Мен сени ҳамиша ошно этаман,
Қалбимнинг энг гўзал достонларига!
Сув бўлиб сочилдим, нурга қовушдим,
Ёлғонлардан безиб ҳориб, толдимку.
Фалакларни бузди хаста товушим,
Юрагим боламдай йиғлаб қолдику!
Қалқисам., ёвларим сафланиб қочди,
Қонлари сачради отим сағрига.
Нотаниш дунёлар бағрини очди,
Нотаниш диёрлар чорлар бағрига…
Шу кунлар бамисли қанотсиз қушман,
Талпинсам, изиллаб қочар манзиллар.
Зимистон қўйнида гоҳо беҳушман,
Деразам ортида бўрон изиллар.
Бир кеча.,
бошимга қировлар қўнди,
Юрагимга кўчди кўкда юлдузим.
Кўнгил гулбоғлари саҳрога дўнди,
Ҳатто, қорда юрсам қолмайди изим…
Кексалик бостириб келар беомон,
Ёшликнинг бетимсол бўстонларига…
Шукур Содиқ бетоб бўлганида ҳасбу –ҳол сўраш баҳонасида битилган ушбу бағишлов ёзилганда у ҳали қамоққа олинмаганди. Шукурни пора беришда воситачиликда айблашсада., судда барча айбни бўйнига олиб, ҳеч кимни сотмаган дейишади?!
Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Хайридин Султоннинг марҳамати билан, амнистия актидан олдин озодликка чиққан. Балким, бунга Хайриддин Султоннинг ёдида қолган шоирнинг самимий сатрлари туртки бўлгандир. Қандай бўлмасин, ушбу эътибордан кўнглимиз ўсди…
Оққан дарё оқаверади деганлар ҳақ., қамалишидан олдин “Инсон ва қонун” газетасида оддий ходим эди, озодликка чиққач, Ҳакамлик судлари уюшмасининг нашри бўлмиш “Арбитраж” газетасига бош муҳаррир бўлди!
Табриклашга борганимда ҳакамлик судининг раиси донишманд экан: — қамоқ кўрган шоир қонунни яхши тушунади., деб сени танлаган., деб ҳазиллашсам, ийиб кетиб сени бир меҳмон қилай деб қолди. Кафеда юз-юз отгач: — Исмат Хушев уч марта қамалгач, зўрға қайта бош муҳаррир бўлганди, сен бир “ўтиришдаёқ” бош муҳаррир бўлиб, рекорд қўйдинг., кимдир қамоқдан ғирт жиноятчи, кимдир қаҳрамон бўлиб чиқади., сен ҳам энди қаҳрамонсан., деб қадаҳ сўз айтгандим, шоир дўстим янада жўшиб кетиб эй, жўра: — тўй-тўйдай бўлсин деб., хитоб қилдида бир шиша тоза рус ароғи келтирди…
Ҳатто, ашаддий жиноятчидан сўрасангиз: — мени ноҳақ қамашган., дейди. Лекин, Шукур: — асли, пешонада бор экан, сал олдинроқ қамашса бўларкан, сахар касал бўлганим учун анча қийналдим, лекин у ёқда шоир деб ҳурматимни роса жойига қўйишар, соатлаб шеър ўқисам ҳам тинглашарди., ҳали у ёқда бошдан кечирганларим ҳақида хотиралар ёзаман., деб анча ҳасрат қилатуриб: — мени Ёзувчилар уюшмаси аъзолигидан ўчиришганми, йўқми., шуни билиб бер., деб қолди.
Очиғи, унинг илтимосини унутган эканман, ушбу сатрларни ёзаётиб ногоҳ ёдимга тушди. Менимча, суд ҳукми чиққан заҳоти ўчиришган., яна ўзи суришитириб билгандир…
Шоирлик қисмат дедик, Шукур Содиқ рост гапирганда ҳам, ёлғон гапираётганида ҳам шоир. Зеро, унинг ўзи танлаган қисмат тақозаси ҳам шу узлуксиз жараёндан иборат. Қанд касали туфайли тез-тез хастахонада даволанаётган қаҳрамон шоиримизга улуғ рамозон кунларида узоқ умр, аҳли аёлига соғу омонлик, ижодига барокот тилаймиз!
Ҳамроқул Асқар
17.07.2013 йил.
Шукур Содиқ ва Кенжабей
«Дунё ўзбеклари» уун махсус

Ўхшаш мақолалар:

  1. 3 yanvar – Hazrat Mir Alisher Navoiy xotirasi kuni.
  2. Ҳабибулло Саид Ғани: Шеърлар…
  3. Набижон Боқий: «Анвар пошо васияти» (Ҳужжатли романдан боблар)
  4. Неъматулло Иброҳим: Дўстим, сен ўлган эмассан! («Ўтганлар ёди» туркумидан)
  5. Ахлоқ — бу ҳақиқатдир (Василий Шукшин ҳаётидан лавҳалар)
  6. Тошкент Молия институти: «Муҳаммад Юсуф — Ватан ва истиқлол куйчиси»
  7. Шукур Холмирзаев: Шолоховнинг ашаддий мухлиси эдим
  8. Бобомурод Эрали: ШУКУР ХОЛМИРЗАЕВ («Ўтганлар ёди» туркумидан)
  9. Набижон Боқий ЗОҲИР АЪЛАМНИ ЭСЛАБ («Ўтганлар ёди» туркумидан)
  10. Ҳамроқул АСҚАР: АСҚАД МУХТОР ЁДИ
  11. Мирзоҳид Мирзараҳимов: РАЙҲОН (ҳикоя)
  12. Муаззам Холматова‎: Маҳшаргача хайр, дадажон…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.