Туркияда 6 мингдан кўпроқ одам ҳибсга олинди
Туркияда шанбага ўтар кечаси амалга ошмаган ҳарбий тўнтаришга алоқадорликда гумонланиб, 6 мингдан кўпроқ одам ҳибсга олинди. Бу ҳақда Туркия Адлия вазири Бекир Бўздоғ хабар қилди.
Унинг илова қилишича, ҳибсга олинганлар сони янада ортиши кутилмоқда.
Ҳибга олинганлар орасида баланд рутбали ҳарбийлар ва 2.700 нафар судя бор.
Бекир Бўздоғ ҳибсга олишларни «тозалаш амалиёти» деб атади.
Жумадан шанбага ўтар кечаси ҳарбий тўнтариш уринишида камида 265 одам ҳалок бўлган ва яна бир ярим мингга яқин одам жароҳат олганди.
Якшанба куни эрталаб бир генерал ва яна элликдан ортиқ аскар мамлакат ғарбидаги Денизли вилоятида ҳибсга олинди, дея хабар беради турк матбуоти.
Генерал майёр Ўзхон Ўзбакир Денизли гарнизони ва 11 бригада командиридир, дея хабар беради Онатўли ахборот агентлиги.
Ҳибсга олинган баланд рутбали зобитлар орасида, шунингдек, Учинчи Армия командири, генерал Эрдал Ўзтур, Иккинчи Армия командири, генерал Одам Ҳудути ва Туркия қуролли кучлари собиқ бошлиғи, генерал Акин Ўзтурк ҳам бор.
Анқара Афинадан ҳарбий тўнтариш барбод бўлгач, ҳарбий вертолётда Юнонистонга қочган саккизта ҳарбий зобитни қайтаришни талаб қилди.
Шанба куни Туркияда энг кўзга кўринган судялардан бири, Алпарслан Алтан, ҳисбга олинганди.
Якшанбага ўтар кечаси Туркия марказидаги Кония шаҳрида 44 нафар судя ва прокурор, жанубий-шарқий Ғозиантепда эса 92 нафар судя ва прокурор ҳибсга олинди, дея хабар берди Дўған ахборот агентлиги.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳарбий тўнтариш ортида турганлар жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирди.
Ўлим жазосини қайта тиклаш чақириқлари
Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг айтишича, парламент ўлим жазосини қайта тиклаш таклифини кўриб чиқиши мумкин.
У АҚШда истиқомат қилаётган турк диний пешвоси Фатҳуллоҳ Гуленни ҳарбий тўнтариш уриниши ортида турганликда айблади.
Бироқ Фатҳуллоҳ Гулен президент Ражаб Тоййиб Эрдўғонга қарши ҳарбий тўнтариш уринишига алоқаси бўлганини рад этди.
Гулен инкори
Американинг Пенсилвания штатида яшаётган Гулен 16 июль куни журналистлар билан учрашиб, 15 июль оқшомида бошланган ҳарбий тўнтариш уринишидан умуман бехабар бўлгани ва турк ҳукуматини ағдаришни мақсад қилган ҳар қандай зўравон уринишларни қоралашини айтди.
«Ушбу тўнтаришни ташкиллаштирган одамларнинг турли мотивларини тасаввур қилиш мумкин, — деди Гулен. — Улар мухолифат партияси хайрихоҳлари ёки миллатчи партия тарафдорлари бўлишлари мумкин.»
Истанбулда 16 июль куни бўлиб ўтган митингда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон АҚШ ҳукуматидан 1999 йилдан буён Қўшма Штатларда яшаётган Гюленни беришни талаб қилганди.
«Жаноб президент Барак Обама, мен сизга айтгандим: бу одамни ё депортация қилинг, ёки бизга беринг, — деб айтганди Эрдўғон. — Мен сизга унинг тўнтариш иштирокчиси бўлганини айтгандим, лекин менга қулоқ солишмади…. Пенсилванияда яшаётган бу одамни Турцияга келтиринг.»
АҚШ Давлат котиби Жон Керри 16 июль куни Обама маъмурияти Гуленни бериш масаласини кўриб чиқишини, лекин Вашингтон руҳоний айбдорлиги исботини топган тақдирдагина жавоб беришини айтди.
Бир пайтлар Эрдўғоннинг иттифоқчиси бўлган Фатҳуллоҳ Гулен кейинчалик Туркия президенти қўллаган авторитар услубларнинг очиқ танқидчисига айланган.
Ҳарбий тўнтариш уринишига дунё лидерларининг муносабати
16 июлда дунёнинг кўплаб давлатлари раҳбарлари Туркияда ҳарбий тўнтариш уринишини қоралаб баёнотлар беришди.
Франция президенти Франсуа Олланд «Туркияда қонуний ҳокимиятнинг сақлаб қолингани»ни олқишлаб чиқди, бироқ тўнтариш уриниши ортидан қатағонлар бошланиб кетиши мумкинлигини айтди.
Германия канцлери Ангела Меркел ҳам президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳокимиятини ағдариш уринишини «кескин қоралади».
У Туркия раҳбарини исён иштирокчиларига муносабатда қонуний давлатчилик меъёрларларига риоя қилишга чақирди.
АҚШ президенти Барак Обама Туркиядаги вазиятни муҳокама қилиш мақсадида 16 июлда ўз хавфсизлик ва дипломатия масалаларидаги маслаҳатчиларини мажлисга йиғди.
Бир кун муқаддам Обама Туркиядаги барча сиёсий кучларни «демократик йўллар билан сайланган ҳукумат»ни қўллаб-қувватлашга чақирганди.
Араб дунёси мамлакатлари ҳам Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонни дастаклашларини билдирди.
Қатар, Саудия Арабистони ва Эрон Туркия халқини «демократияни ҳимоя қилиш»га чақирди.
ОЗОДЛИК
Туркияда давлат тўнтариши амалга ошмаганига беш сабаб
Туркия ҳарбийлари 1960 йилдан буён уч марта бевосита ҳокимиятни эгаллаб олишга ва 1997 йили ҳукуматни истеъфога кетказишга муваффақ бўлгандилар. Давлат тўнтариши ҳаракати бу гал нима учун муваффақиятсизликка учради?
1. Жамоатчилик қўлловининг етишмагани
Аввалги уч тўнтариш ижтимоий норозилик ёки зўравонликдан кейин “тинчлик ва тартиб”ни тиклаш чақириғи туфайли аҳоли томонидан анча яхши қабул қилинганди. Бу гал тўнтариш ташаббускорларини жамоатчилик қўллаб-қувватламади ва уларга ёрдам бермоқчи бўлган одамлар жуда кам бўлди. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг мобил телефони орқали қилган ва телеканалларда кўрсатилган чақириғига эса кўп одам “лаббай” деб жавоб берди. У одамларни кўчаларга чиқиш ва тўнтаришга қарши эканини намойиш қилишга чақирганди.
2. Афтидан, тўнтарувчилар дунёвий тузум тарафдори бўлмаган
Турк ҳарбийлари анчадан буён ўзларини мамлакатда дунёвий конституция ҳимоячиси, деб ҳисоблайдилар. Аввалги тўнтаришларда ҳарбийлар расмийларни дунёвий давлат учун хавф туғдирганликда айблаб, ҳокимиятни эгаллаб олгандилар. Бу сафар тўнтаришда ашаддий аксилклерикаллар эмас, диний лидер Фатҳуллоҳ Гулен айбланмоқда. Эрдўғон давлат тўнтариши ҳаракатида АҚШда яшайдиган Гуленни айблаб чиқди. Фатҳуллоҳ Гулен эса тўнтаришга алоқадорлигини рад этаяпти. Олдинги йиллардаги ҳарбий тўнтаришларнинг аччиқ тажрибасини такрорлашга ҳожат йўқлигини билдирган мухолифатдаги икки йирик партия ҳам бу гал расмийларни очиқчасига қўллаб чиқдилар.
3. Полиция давлат тўнтаришини амалга оширмоқчи бўлганлар тарафида эмас
Аввалда ҳарбий тўнтаришлардан сўнг полиция янги ҳокимият тарафида ўтиб олганди. Бу гал ҳукумат билан тиғиз алоқада бўлган полиция бундай қилгани йўқ. Полиция ходимлари давлат тўнтаришини амалга оширишга уринган ҳарбийларга қарши бориб, исёнчи аскар ва зобитларнинг кўпини ҳибсга олди.
4. Тўнтаришда армиянинг кичик бир қисмигина иштирок этгани
Расмийлар ҳам, мухолифатчилар ҳам исёнчилар армиянинг 10-20 фоизини ташкил қилганини айтмоқдалар. Аввалги тўнтаришларда бутун армия ягона куч сифатида ўртага чиққанди.
5. Оммавий ахборот воситалари овозини ўчириш ҳозир қийинроқ
Аввалда бўлгани каби бу гал ҳам давлат тўнтариши қилишга уринганлар давлат телевидениеси, радиосини эгаллаб олдилар ва трансляцияни тўхтатдилар. Бироқ янгиликлар нодавлат телеканаллари, асосан CNN Turk орқали ҳамда ижтимоий тармоқлар, хусусан, Twitter ва WhatsApp орқали тарқалишга улгурди.
Аббос Жаводий мақоласи
ОЗОДЛИК
Туркия: ҳарбий тўнтаришга уринишда ҳаммаси бўлиб 194 киши ўлди (жонли)
Расмий маълумот: ҳарбий тўнтариш тарафдорларидан 104 киши ўлдирилди. Бундан ташқари 90 киши, шу жумладан 41 полиция ходими нобуд бўлди. Бу ҳақда Туркия Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи вазифасини бажарувчи Умит Дўндар баёнот берди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 16 июль куни Анқарадаги қароргоҳига етиб келди. Туркия президенти ҳарбий тўнтаришга уринишни «ватанга хиёнат ҳаракати» дея баҳолади. Туркияда юз бераётган сўнгги воқеаларни Озодлик билан бирга кузатинг.
Туркия Конституциявий кенгаши ҳарбий тўнтаришни амалга оширишга уриниш ортидан ўлим жазосини жорий этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади. Туркия бош вазири Бинали Йилдиримнинг бу баёноти тўғрисида ахборот агентликлари хабар қилди.
“Конституцияга биноан бизда ўлим жазоси бекор қилинган. Бироқ бугунгига ўхшаш воқеаларнинг олдини олиш учун зарур ўзгартишлар киритилади. Констититуциявий кенгаш партиялар билан биргаликда бу масалани парламентда муҳокама қилади”, деган Бинали Йилдирим.
Туркияда 16 июлга ўтар тунда амалга оширилган ҳарбий тўнатиршга уринишни мухолифатдаги Халқ-республикачилар партияси етакчиси Камол Қиличдорўғли “қўғирчоқ” тўнтариш, “шубҳали” тўнтариш, деб атади, деб хабар қилди Озодлик радиоси рус хизмати мухбири.
Тилга олинган партия фаоли “Халқ” телеканалида қилган чиқишида бундай деган:
“Ўтган тундаги воқеалар ҳокимиятни тўлалигича ўз қўлида йиғишга урина ётган Ражаб Эрдўғоннинг позицияларини кучайтириш мақсадида ўтказилиши кутилаётган умумхалқ референдуми арафасида ҳукуматнинг изни билан уюштирилди. Иқтидордаги партия мамлакатни хусусий дастурхонига айлантириб олди. Исломчи амалдорларнинг иштирокидаги коррупция билан боғлиқ жанжаллар тез-тез бўлиб турганини ҳамма кўриб турибди.”
Туркиялик 8 ҳарбий хизматчи ҳарбий вертолётда Грецияга етиб бориб, бу мамлакатдан бошпана сўради. Бу ҳақда AFP ахборот агентлиги Греция полициясига таяниб хабар қилди.
Туркия ҳукумати вазиятни 90 фоиз назорат қилмоқда, Туркия Қуролли Кучлари Бош штабининг бир неча аъзоси исёнчилар қўлида қолмоқда, деб баёнот берди Туркиянинг Европа Иттифоқи ишлари бўйича вазири Омар Челик. Яна бир хабарга кўра, 3 минг ҳарбий хизматчи ҳибсга олинган.
Туркия Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи вазифасини бажарувчи Умит Дўндарга кўра, Туркия Армияси бош қўмондонлиги ҳарбий тўнтаришни аввал-бошданоқ қўллаган эмас. Дўндарнинг айтишича, ҳарбий исённи уюштирганлар бир қатор ҳарбий қисмларнинг қўмондонларини қўлга олиб, номаълум жойга олиб кетган. Қўлга олинганлар орасида Бош штаб бошлиғи Хулуси Акар ҳам бўлганки, у озод қилинган ва ҳозирда унинг хавфсизлиги таъминланган. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар қилди.
Ҳарбий тўнатиришни амалга оширишга уринганлар Туркия Ҳарбий Ҳаво кучлари ҳамда ҳарбий полиция сафларидаги ҳарбий хизматчилардир, деб баёнот берди Туркия Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи вазифасини бажарувчи Умит Дўндар мамлакат ТВ сида қилган чиқишида.
Расмий маълумот: ҳарбий тўнатириш тарафдорларидан 104 киши ўлдирилди. Бундан ташқари 90 киши, шу жумладан 41 полиция ходими нобуд бўлди. Бу ҳақда Туркия Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи вазифасини бажарувчи генерал Дўндар мамлакат ТВ сида қилган чиқишида баёнот берди.
Истанбул ва пойтахт Анқарада куннинг биринчи ярмида ҳам ҳарбий машиналар ҳаракатланаётгани кузатилди. Кўча-кўйдаги вазиятни полиция патруллари назорат қилиб турибди. Давлат телевидениеси фаолияти тикланди.
Туркия бош вазири Бинали Йилдиримга кўра, “исённи уюштирган генерал” ўлдирилган, 800 га яқин киши ҳибсга олинган. Бу ҳақда давлат ахборот агентлиги хабар қилди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, бундан бир неча соат олдин мамлакат жанубидан пойтахт Анқарадаги қароргоҳига қайтиб келди ва ҳарбий исён бостирилгани, уни амалга оширганлар “қаттиқ жазоланажаги”тўғрисида баёнот берди.
Сўнгги маълумотларга қараганда ўлганлар сони 90 кишига етган. Бу ҳақда Дейли Сабаҳ нашри ўз Твиттер саҳифасида хабар қилди.
Ҳибсга олинган ҳарбийлар сони 1374тага етди
Туркия Буюк Миллат Мажлиси спикери Исмоил Каҳрамон ҳарбий тўнтаришга уринишда алоқадорлик шахслардан 1374 кишининг ҳибсга олинганини маълум қилди.
Исмоил Қаҳрамон бугун тушликдан сўнг 1400да бошланажак парламентнинг фавқулодда йиғинида Туркиядаги уч йирик партия раҳбарлари чиқиш қилишларини айтди.
CNN Turk телеканалининг хабар беришича, Туркия Армияси бош штабининг қўмондони Ҳулуси Акар хавфсизлик кучлари томонидан Анқара шимоли-ғарбидаги ҳаво базасида қутқариб олинди.
Озодлик Ҳулуси Акарнинг ҳарбий тўнтаришга уриниш бошанаркан гаровга олингани ҳақида хабар берганди.
1. Ҳарбий тўнтаришда нисбатан оз сондаги аскарларнинг қатнашгани
2. Юқори рутбали қўмондонлар ҳарбий тўнтариш уринишини қоралаб чиққани
3. Халқнинг ҳарбий тўнтарувчиларга қарши чиққани
4. Ижтимоий медиа таъсири
CNN Türk: 5 генерал ва 29 полковник вазифасидан четлатилди
CNN Türk телеканалига кўра, Туркия Ички ишлар вазирлиги 29 полковник ва 5 генерални вазифасидан четлатди.
Сўнгги бир кун ичида Туркияда қандай ҳодисалар юз берди?
Маҳаллий вақт билан кечки 7:30ларда Туркияда ҳарбий тўнтариш уриниши бўлгани ойдинлашди.
Ҳарбийлар Истанбулдаги муҳим кўприкларни эгаллаб олишди.
Қисқа вақт ичида қуролли кучлар пойтахт Анқарада ҳам пайдо бўлди. Пойтахт осмонида уруш учоқлари парвоз қила бошлади.
Бир ҳарбий гуруҳ мамлакатни «тинчлик кенгаши» идора этаётгани, Туркия бўйлаб ҳарбий ҳолат ва коммендантлик соати жорий этилганини эълон қилди.
Истанбулнинг марказий Тақсим майдонида кучли портлашар овозлари эшитилди ва Анқарадаги парламент биносида ҳам портлашлар юз бергани хабар қилинди.
CNN Turk телеканали аскарлар томонидан ишғол этилди ва кўрсатувлар тўхтатилди.
Президент Эрдўғон ўз iPhone воситасида Туркия телевидениесидан чиқиш қилди ва халқни ҳарбий тўнтаришга қарши чиқишга чақирди.
Минглаб одамлар кўчаларга чиқиб, ҳарбийларга қаршилик кўрсата бошлади, портлашлар ва отишма овозлари эшитилди.
Президент ҳозирда Истанбулга келган.
Минглаб тарафдорлари ўнгида чиқиш қилган Эрдўғон ҳарбий тўнтариш уринишини «ватанга хиёнат ҳаракати» деб атади ва армия тозаланиши кераклигини айтди. У халққа ҳокимият назоратни яна қўлга олганини айтди.
Бош вазир Бинали Йилдирим ҳарбий тўнтаришга қўшилганлар томонидан ишлатилаётган учоқларни уриб туширишга буюрди.
Камида 60 киши ҳалок бўлди, 700дан ортиқ ҳарбий қўлга олингани хабар қилинади.
Исёнчи аскарлар ҳамон бир қанча вертолётга эга, аммо уруш учоқларига эмас, дея хабар беради ахборот агентликлари юқори рутбали турк ҳарбий зобитига иқтибосан.
Ҳарбий тўнтариш уринишига алоқадор 754 ҳарбий ушланди
Онатўли агентлиги хабарига кўра, ҳарбий тўнтаришга алоқадорлик юзасидан бошлатилган суриштирувда Турк Қуролли Кучларидан 754 киши ҳибсга олинган.
Франс-Пресс ахборот агентлиги хабар қилишича, Фетҳуллаҳ Гулен Туркиядаги ҳарбий тўнтаришга уринишни «энг кучли шаклда» қоралаганини билдирган.
Агентлик хабарига кўра, Гулен қисқа изоҳида, «50 йилдирки бир нечта ҳарбий тўнтаришдан зарар кўрган бири сифатида бундай бир уриниш билан орамда боғлиқликни яратиш янада ранжитади. Бундай айбловларни кескинлик билан рад этаман,» деб айтган.
Reuters хабар беришича, ушбу ахборот агентлигига ҳарбийларнинг тўнтаришга уринган гуруҳидаг электрон мактуб келган. Унда гуруҳ «ҳалиям қатъият билан жанг қилаяпмиз» дея билдирган.
Туркияда тонг отди, танклар ҳамон кўчаларда
Туркияда тонг отиши ортидан Истанбул кўчаларида танклар ҳамон тургани маълум бўлди. Баъзи танклар афтидан ташлаб кетилган, атрофда полициячилар юрибди. Оддий одамлар эса танклар атрофида суратга тушмоқда.
60 дан кўпроқ одам ўлди, 336 киши ҳибсга олинди
Reuters ахборот агентлигининг турк мулозимига таяниб хабар беришича, ҳарбий тўнтаришга уриниш пайтида камида 60 киши ҳалок бўлган. Туркия Адлия вазири ҳозирга қадар 336 киши ҳибсга олинганини билдирди.
Пойтахт Анқарада Чанқая Кўшки (Президент саройи) ва Бош вазирлик расмий идорасига элтувчи барча йўллар беркитилди.
У асос солган «Хизмат» жамоати Туркиядаги энг қудратли диний-сиёсий ҳаракатлардан бири ҳисобланади.
«Пенсилванияга сасланаман. Бу умматга, бу миллатга қилганинг хиёнат етар энди. Агар қийин бўлса, мамлакатингга қайт. У ердан бу ўлкани қориштиришга кучинг етмайди. Анқарада бир кичик муаммо бор, иншаоллоҳ, Анқарадаги бу муаммо ҳам ечилади. Вазият яхшилангунга қадар жойдан қимирлаш йўқ» деди Эрдўғон.
Аввалроқ Фетҳуллоҳ Гулен жамоати бир баёнот билан чиқиб, ҳарбий тўнтариш уринишини қоралаган ва унга жамоатнинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирган эди.
Туркия президенти Анқара шаҳрида кичик бир муаммо борлигини, аммо у ҳам бартараф этилишини билдирди.
Жуббали Аҳмет Хўжа номи билан танилган Аҳмет Маҳмет Унлу ҳарбий тўнтаришга уриниш пайтида Истанбулда шогиртларидан бир нафари ҳалок бўлганини ижтимоий медиа орқали билдирди.
Бўғозичи Кўпригини беркитиб қўйган аскарлар полицияга таслим бўлди.
Бу ҳақда haberler. сom веб сайти маълум қилди.
Эрдўғон: «Ватанга хиёнат ҳаракати»
Туркия президенти ҳарбий тўнтариш уринишини «Ватанга хиёнат ҳаракати,» дея баҳолади.
Эрдўғоннинг маълум қилишича, Турк ҳарбий раҳбарияти ҳарбий тўнтариш уринишидан хабардор бўлмаган.
Туркия президенти идораси: «Бош қўмондонимиз «уйларингизга қайтинг» дегунга қадар кўчаларни тарк этмайлик. Хоинларга ватанимизни таслим этмайлик.»
Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим барча парламент вакилларини бугун тушлик пайтида фавқулодда мажлисга чақирди.
Туркия Президенти идораси: «Таҳлика ҳануз ортда қолгани йўқ. Миллат кўчаларда экан ва ўз ватанига эгалик қиларкан тўнтаришга уринган хоинлар бу азиз миллатни тиз чўктира олмайди».
Туркия Бош вазири Бинали Йилдиримга кўра, ҳарбий тўнтаришга уринишга қўшилгани учун ҳибсга олинган 130дан ортиқ ҳарбий орасида турли рутбалилар бор.
«Истанбулнинг Отатурк аэропортидаги амалиётимиз одатий ҳолатга қайтиб, Турк Ҳаво Йўллари ўлароқ барча парвозларимизни соат 6:00дан бошланиши режалаштирилмоқда.»
Яҳё Устун, Турк Ҳаво Йўллари вакили
Анқара шаҳри Гўлбаши прокуратураси ҳарбий тўнтариш уриниши ортидан келиб чиққан қуролли тўқнашувда 42 кишининг ўлганини маълум қилди.
Бош вазир Йилдирим: «Ватандошларимиздан майдонни асло тарк этмасликларини, вазият тўлалигича назоратга олингунга қадар турган жойларида қолишларини истайман»
Президент Эрдўғон: «Сиз бизнинг Меҳметчигимизсиз, Меҳметчигимиз ўлароқ, Меҳметлеримиз ўлароқ шу онда қаршингизда турган халққа, сизнинг оналарингизга, оталарингизга, қардошларингизга қарши силоҳ ўқталганингизни қабул этишимиз асло имконсиз. Бу силоҳлар сизга бу миллат томонидан берилди, бу силоҳларни агар сиз бу силоҳни берган миллатингизга қарши қаратсангиз, бутун бадалини оғир тўлайсиз».
Турк халқи ўз ҳарбийларини ардоқлаб «Меҳметчик» деб атайди — Озодлик изоҳи
«Баъзилари нима бўлишини жуда яхши тушунишди, жуда яхши билишарди. Шу учун ҳам бундай қадамни ташладилар. Нима қилса қилсинлар,Туркия эски Туркия эмас, янги Туркиянинг ҳаракат тарзи жуда ҳам фарқлидир,» деди Ражаб Тоййиб Эрдўғон.
Отатурк аэропортига жам бўлган кўплаб одамлар ўнгида гапирган Туркия президенти ҳарбий тўнтариш уриниши бўлганини маълум қилди.
«Тўнтаришга уринганлар қим бўлишларидан қатъи назар керакли жазони олишади,» деди у.
Маълумотларга кўра¸ жонли эфирда ҳарбийлар бостириб кирганини эшитган халқ офис биносига келган ва ҳарбийлар шундан кейин таслим бўлишган.
Истанбул Жумҳурият Бош прокуратураси тарқатган хабарга кўра, Истанбулда тўнтаришга қўшилган 200дан ортиқ аскар ҳибсга олинди.
Туркия Буюк Миллат Мажлисига отилган бомбалардан яраланган 12 кишининг полиция ходимлари бўлгани маълум қилинди.
Телеканал кўрсатувлари тўхтатилди.
Турк хабар агентликларига кўра, Туркия армияси Бош штабидан яна отишма овозлари кела бошлади.
Туркия ҳукуматидаги айрим мулозимлари томонидан айбланган диндор Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги «Хизмат» ҳаракати «ҳарбий тўнтаришга уринишни» қоралаб чиқди.
«Биз Туркиянинг ички сиёсатига ҳарбийлар аралашишини қоралаймиз. Эрдўғон тарафдорларидан бизга нисбатан қилинган даъволар масъулиятсизликдир», дейилади баёнотда.
Туркияда энг йирик диний жамоалардан бири бўлган «Хизмат»га ҳозирда АҚШда истиқомат қилаётган Фатҳуллоҳ Гулен раҳбарлик қилади.
Бир гуруҳ аскарлар жонли кўрсатув пайтида CNN Turk телевидениеси биносига кирди, дея хабар берди haberler.com cайти.
НАТО: «Туркиянинг демократик тамойилларига ҳурмат кўрсатилиши шарт»
НАТО Бош котиби Янс Стоненберг Туркиядаги демократик тамойилларни ҳурмат қилишга чақирди.
“Ҳушёрликка, тинчликка ҳамда Туркиядаги демократик тамойилларга ва конституцияга мутлақ ҳурмат кўрсатишга чақираман,” деди НАТО Бош котиби.
Туркия Бош вазири: «Иншаоллоҳ, ҳаммаси яхши бўлади»
Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим: «Афсуски, демократиямизга¸ миллатимизга қарши ҳаракат уюштирилди. Булар тинч аҳоли вакилларига¸ партия биноларига¸ давлат биноларига¸ парламент биносига ҳужумлар уюштиришди. Барча сиëсий партиялар давлат ва халқ билан бирга эканликларини билдирди. Халқ ўз давлатини қўриқлаш учун кўчага чиқди. Иншаоллоҳ, ҳаммаси яхши бўлади.»
CNN Turk хабарига кўра, айни пайтда Туркия президенти Эрдўғон самолëти Истанбулга қўниш арафасида. Эрдўғон Истанбулга боряпти.
Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли: Тўнтаришни амалга оширмоқчи бўлганлар энг оғир шаклда бадал тўлашади.
ТРТ телеканали яна эфирга қайтди. Канал журналистлари ва раҳбарлари халқ ўз телеканалига эга чиққани¸ ҳарбий тўнтаришни амалга оширмоқчи бўлган шахслар қўлига бериб қўймагани учун халққа ўз миннатдорчиликларини билдиришди. Ҳарбийлар томонидан босиб олинган ТРТ журналистлари жонли эфирда давлатнинг ҳарбийлар қўлига ўтганлиги ҳақида хабар берган эди. Шу хабарни ўқиб берган ТРТ журналисти хабарни босим остида ўқигани ҳақида гапириб берди.
Туркия Армияси Бош штаби бошлиғи қутқарилгани иддао қилинди
NTV телевидениеси ҳарбий тўнтаришга қўл урганлар тарафидан гаровга олинган Туркия Армияси Бош штаби бошлиғи Ҳулуси Акарнинг бир ҳарбий амалиёт натижасида қутқариб олинганини билдирди.
36 зобит
Ҳуррият газетаси мухбири Абдулқодир Салви маълумотига кўра¸ ҳарбий тўнтаришни 46 ҳарбий зобит бошчилигидаги бир қисм ҳарбийлар амалга оширмоқчи бўлган. Бу 46 зобитнинг номи ҳозирда маълум¸ лекин ҳозирча эълон қилинмаяпти.
Истанбулда ҳарбий тўнтариш уринишида иштирок этгани айтилган бир полковник ва 37 нафар аскар ҳибсга олинди.
Туркия Бош вазири ҳарбий тўнтаришни амалга оширишга уринган гуруҳни охирги бор огоҳлантирди: «Ҳаводан ва Ердан отишларга қарши жавоб берилади.»
«Биз бундай тўнтариш ҳаракатини қоралаймиз. Баъзи бир ëмон хабарлар ҳам олдик албатта. Мен тўнтаришни амалга оширмоқчи бўлганларни таслим бўлишга чақираман.»
Туркия бош вазирининг собиқ ўринбосари, Бюлент Аринч.
Туркия парламенти биноси ëнида икки марта бомба портлади. Шунга қарамасдан миллат вакиллари парламент биносини тарк этмади ва масжлисни давом эттирмоқда.
Онадўли агентлигининг хабар беришича, ҳарбий тўнтаришга уринган ҳарбийлар назорат этган вертолётлардан Туркия Буюк Миллат Мажлисига ўт очилган. CNN Turk телевидениеси баъзи полициячилар ва мажлис ходимларининг яраланганини хабар қилди.
Турли агентликлар Анқарада юз берган тўқнашувларда 17 нафар полиция ходимининг ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатди
Туркия Хавфсизлик Идораси: Бутун халқни демократиямизга эга чиқиш учун майдонарга чақирамиз.
Онадўли агентлиги Туркия Буюк Миллат Мажлисига бомба отилгани ҳақида хабар берди.
Барак Обама: Туркияда сайланган амалдаги ҳукумат қўллаб-қувватланиши керак
Ҳозиргина Туркия парламенти — Буюк Миллат Мажлиси иш бошлади. Юзга яқин миллатвакили йиғилган мажлис ишини давом эттирмоқда. Турли партиялардан бўлган миллат вакилларининг барчаси бир овоздан демократия томонида эканликлари¸ бир гуруҳ ҳарбийлар амалга оширган ҳаракатнинг Туркия демократиясига ҳеч қандай зарар бера олмаслигини билдиришди.
Haberler.com веб сайти хабарига кўра, Туркия Қуролли Кучларига оид F-16 ҳарбий учоқлари Анқара самосида парвоз қилмоқда. Уруш учоқлари ҳарбий тўнтаришга уринган гуруҳнинг Сикорский вертолётини уриб туширди.
«Анкарада отишма ва портлашлар кучайган.»
Камолиддин Йўлдош. Журналист. Туркия.
»Халқ кўчаларда. Масжидлардан тўхтовсиз азон айтилмоқда»
Камолиддин Йўлдош, журналист. Истанбул.
»Конституциявий тузумга қарши ва демократияга хилоф бўлган ҳар қандай ташаббусни рад этамиз. Демократик қонунлар устувор давлат тарафида бўлганимизни азиз миллатимиз билишини истаймиз.»
Туркия Конституциявий Маҳкамаси баёнотидан
Associated Press хабар агентлигига кўра, бир гуруҳ ҳарбийлар беркитиб қўйган Бўғозичи Кўприги томон юрган одамларга ҳарбийлар ўт очган. Талафотлар ҳақида маълумот йўқ.
Абдуллоҳ Гул: Туркия Лотин Америкаси ёки Африка давлати эмас
«Бундай кеча босқини билан Туркия бошқарувини ишдан чиқариш мумкин эмас. Буни қилаëтганлар тезда бу фикрларидан воз кечишлари керак. Туркия Лотин Америкаси ëки Африка давлати эмас. Кўчага чиққан аскарлар тезда ўз жойларига қайтсин. Туркия демократик давлатдир. Ҳукумат сайлов билан келади ва сайлов билан кетади. Ҳеч ким ҳукумат тўнтаришини амалга оширмоқчи бўлганлар орқасидан эргашмасин».
Абдуллоҳ Гул
Туркия Жумҳурият Халқ Партиясининг Бош котиби Камол Қиличдорўғли: «Бў ўлка тўнтаришлардан кўп ўтган. Айни ғам-андуҳларни яна бошдан кечиришни истамаймиз. Жумҳуриятга ва демократиямизга эгалик қилиб, эътиқодимизни кам-кўстсиз қўрияпмиз.»
Озодлик изоҳи: Жумҳурият Халқ Партияси Туркия асосчиси Мустафо Камол Отатурк томонидан таъсис этилган ва мамлакатдаги етакчи сиёсий партиялардан бири ҳисобланади.
Reuters агентлиги билан суҳбатлашган Туркия юқори мулозимларидан бири ҳарбий тўнтаришга уринган гуруҳ баъзи танкларни қўлга киритиб, йўлларни кесишга ҳаракат қилгани, аммо аксар ҳолларда мақсадларига эриша олмаганини айтди.
Аммо у юзага келган вазият яна 24 давом этиши мумкинлигини билдирди.
CNN Turk телеканалига интервю берган Туркиянинг собиқ президенти Абдуллоҳ Гул халқни демократияни¸ миллий иродани ҳимоя қилишга чақирди.
Сўнгги хабарларга кўра¸ Бўғозичи кўприги томон кетаëтган халққа қарши аскарлар қуролдан ўқ узган ва камида учта одам яраланган.
«Президент Эрдўғоннинг «Миллатимга хитоб қиламан майдонларга келинг ва майдонларда буларга керакли жавобни беринг» сўзлари ортидан Онадўли агентлиги мана буни Twitter орқали ёзди:
Kalkışmaya karşı halk meydanlarda (Уринишга қарши халқ майдонларда)
Эслатиб ўтамиз, бир оз аввал Туркия президенти мамлакат халқини кўчаларга чиқишга чақирганди.
Ижтимоий медиага чекловлар
Reuters ахборот агентлигига кўра, Twitter, Youtube ва Facebook тармоқларига киришга чеклов қўйилди.
Haber Тurk агентлигига кўра, «Turkey Blocks номли интернетдаги чекловларни кузатиб бораётган бир гуруҳ «Туркияда ижтимоий медиага кириш қийин ва имконсиз» бўлаётганини билдирди.
Эрдўғон: Бадалини оғир тўлашади
Турк Қуролли Кучлари томонидан экани маълум қилинган баёнотда армиянинг ҳокимиятни ўз қўлига олгани эълон қилинди.
Айни пайтда Туркия президенти Эрдўғон халқни майдонларга тўпланишга чақирди.
CNN Turk телеканалига Skype орқали уланган президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳарбий тўнтариш уриниши Туркия Қуролли Кучлари қўмондонлиги билан мувофиқлаштирилмасдан амалга оширилганини айтди.
«Миллатнинг устига келишнинг бадалини оғир тўлашади», деди Эрдўғон.
Онадўли агентлиги Туркия Армияси бош штабининг бошлиғи Ҳулуси Акарнинг бош штабда гаровга олинганини маълум қилди. Аммо бу хабарни Эрдўғон тасдиқламаганини айтди.
Хабар агентликлари бир гуруҳ ҳарбийларнинг Анқарада TRT (Туркия давлат телевидениеси) биносининг киришини назорат этганини билдирмоқда.
Albatta bu mudhish hoinlik vokeasidan barcha yahshi insonlar kabi kop iztiroblar chekdik va kop duolar kildik . Hattoki Makkaning imomi ham bu vokealar vaktida , Baytulloh tola jamoat bilan tohtovsiz Turkiyani duolar kilib turganini shohidi boldik . Allohga beadad shugrlar bolsin , hammasi hayirli yakunlandi . Fakatgina shahidlarimiz anchagina bordur … Kahramon turk halki ozini yana bir bor isbotladi . Turk polisiyasi hakikiy halk polisiyasi ekanligini dunyoga korsatib berdi .