Шаҳрисабзнинг Эски шаҳар қисмида янги ва замонавий биноларнинг қурилиши¸ БМТ мутахассислари хавотирига кўра¸ қадим шаҳарнинг тарихий қиëфасини бутунлай ўзгартириб юбормоқда.
БМТ қошидаги Жаҳон мероси қўмитаси Ўзбекистондаги Шаҳрисабз шаҳрини ҳар хил қурилишларнинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетгани боис йўқолиш таҳдиди остида қолган тарихий шаҳарлар рўйхатига киритди.
Қўмитанинг 13 июль кунги йиғинида 2000 йиллик тарихга эга Шаҳрисабзнинг темурийлар даврида қурилган Эски шаҳар қисмида сайëҳлар учун инфратузилма барпо этиш иддаоси билан бу ердаги тарихий обидаларни бузиш жараëни юзасидан жиддий хавотир билдирилди.
“Шаҳрисабз марказида замонавий бино ва меҳмонхоналар қуриш шаҳарнинг қадимий қиëфасини бутунлай ўзгартириб юборади”¸ дейилади қўмита расмий баëнотида жумладан.
Жаҳон мероси қўмитаси ЮНЕСКОдан Шаҳрисабздаги тарихий обидаларга еткизилган зарар кўламини баҳолаш ва тузатиш учун кўриладиган чора-тадбирларни тавсия қилиш мақсадида Ўзбекистонга махсус экспертлар гуруҳини юборишни сўради.
Қадим ипак йўли бўйида жойлашган Шаҳрисабз 14-15 асрларда Кеш минтақасининг маданий ва сиëсий маркази бўлган.
Ҳам диний¸ ҳам дунëвий обидалар мажмуаси боис 2000 йилда Жаҳон мероси қўмитаси томонидан дунëдаги тарихий шаҳарлар рўйхатига киритилган Шаҳрисабз Амир Темур даврида сиëсий аҳамиятининг энг юксак даврига кўтарилган эди.
Кейинги йиллар давомида Бош вазир Шавкат Мирзиëев қарори асосида Шаҳрисабзнинг қадимий марказида ҳам кенг кўламли қурилиш лойиҳалари амалга оширилмоқда ва қадимий Эски шаҳар қисми ҳам замонавийлаштирилмоқда.