Ўзбекистон давлати ва ҳукуматининг энг Олий мақом раҳбариятига
Ўзбекистон Президенти И.А.Каримовга
Бош вазир Ш.М.Мирзиёев, Ўз.Р.МХХ раиси Р.Р.Иноятовларга
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Б.Абдуллаев,
Ички ишлар вазири А.А.Аҳмадбоев, ДСҚ раиси Б.Р.Парпиев,
«Дунё ўзбеклари» халқаро интернет нашри Бош муҳаррири Исмат Хушев,
Сирдарё вилояти ҳокими О.Шодмонов,
Сирдарё вилоят прокурори Ш.С.Облоқулов,
Сирдарё вилояти МХХБ бошлиғи, Сирдарё вилоят ИИБ бошлиғи,
Гулистон шаҳар ИИБ бошлиғи, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари
Мустақил ташкилоти раиси Исмоил Адилов ҳамда барча ОАВга
Гулистон шаҳар, Янги ҳаёт кўчаси, рақамсиз
уйда яшовчи, якка тартибдаги тадбиркор
Насирдинов Ғолибжон Ғофурович томонидан
Н А З О Р А Т Т А Р Т И Б И Д А О Ч И Қ М У Р О Ж А А Т
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 43, 53, 118, Ўз.Р.МЖтКнинг 3, 307 — моддалари, Ўз.Р.Олий суди Пленумининг 2000 йил 15 сентябрдаги “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 22- сонли қарорининг
1-банди талаблари асосида.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 15.04. 2015 йилдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида 2015 йилнинг 1 июлидан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ: — микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширувлар режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир марта, бошқа хўжалик субъектларида эса фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарорига асосан уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилади., дейилган. Фармон мазмунидан кўриниб туриптики, Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарори мавжуд бўлмаган ҳолда ўтказилган барча режасиз текширувлар ноқонуний ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу адолатли фармони айрим солиқчиларга хуш келмаган чоғи, уларнинг айримлари ўзлари уюштирган аризалар асосида қисқа муддатли текширувларга зўр бермоқдалар. Президентнинг айнан шу Фармонига хилоф тарзда, орган ходимлари билан тил бириктирган ҳолда ҳалол инсонларга фитна уюштириш бўйича вилоятда ном қозонган Жумагул Қурбонованинг ғирт туҳматдан иборат аризасига асосан 2015 йил 17 ноябрь куни менинг дўконимда қисқа муддатли текширув ўтказган ДСИ ходимларига Ж.Қурбонова: — дўкондан бир жуфт пайпоқ сотиб олганимда сотувчи чек бермади., деб ёлғон тушунтириш хати ёзиб берган. Лекин, текширув чоғида ДСИ ходими Б.Алматов Ж.Қурбонова дўкон эшиги олдига отиб юборган ўша куни соат 14:19 да касса назорат машинасида қайд этилган 6500 сўмлик харид чекини топиб олгач, туҳмат фош бўлди! Менинг солиқ идорасидан қарзим йўқ, аслида харидорнинг туҳмат қилган фош бўлган заҳоти текширув тўхтаб, Дси ходимлари дўконни тарк этишлари шарт эди. Лекин, бундай бўлмади. Ушбу мантиқсиз ҳолат ушбу текширув режа асосида эмас, буюртма асосида ташкил этилганлигини тасдиқлайди.
Сохта харидор Ж.Қурбонованинг туҳмати фош бўлсада, Ё.Нусратов, Б.Алматов, Б.Тўраев, Ш.Меллибоевлардан иборат Гулистон шаҳар ДСИнинг маъсул мансабдор ходимлари ўзлари шахсан гувоҳ бўлган ушбу жиноятни яшириб, Ж.Қурбоновадан: — бир жуфт пайпоқ учун 7000 сўм берганман, 500 сўм қайтим бермади., деган ёлғон кўргазма ёздириб олишиб ўзлари билан бирга келган Ж.Қурбонованинг жияни ва олдин ҳам шундай текширувларда иштирок этган шубҳали холислар иштирокида 17 турдаги 38 000 000 (ўттиз саккиз миллион) сўмлик товарларни “Ҳуқуқбузарлик предметларини олиб қўйиш” баённомасида 17 863 000 сўм деб атай кам кўрсатиб зўравонлик билан олиб кетдилар.
Ушбу текширувга оид ҳужжатлар холис таҳлил этилса, ДСИ ходимларининг келгусида ушбу товарларни кейинчалик талон – тарож этиш режаси ҳам яққол кўринади. Яъни, ДСИ ходимлари Ё.Нусратов, Б.Алматов, Ш.Меллибоевлар тузган “Ҳуқуқбузарлик предметларини олиб қўйиш” баённомасида: — болалар шапкаси 186 дона деб кўрсатилган бўлса, “Сирдарё – махсус сақлаш” МЧЖга топширилган 314-сонли юк хати нусхасида 37 дона., кўрсатилиб ошкора талон – тарожга йўл ҳозирланиб, айнан ушбу ДСИ ходимлари томонидан Ўз.Р.ЖПКнинг 204 – моддасида қайд этилган: — ёзма далилларни., сохталаштириш жинояти содир этилган?!
ДСИ ходимлари 2015 йил 17 ноябрь кунги “Олиб қўйиш” баённомасида товарлар: — 17 турдаги 1563 дона, умумий қиймати 17 836 000 сўм., деб кўрсатилган бўлса, айни шу товарлар Молия бўлими ходими Д.Бозоровнинг 2015 йил 30 ноябрь кунги № 314-сонли “Баҳолаш далолатномаси”да товарлар нархи сунъий тарзда пасайтирилиб: — 6 973 300 сўм., баҳоланиши ҳам аслида ҳаёт мантиғига хилоф.
Доллар курси кўтарилиб, нархлар кун сайин ошиб турган бир пайтда орадан бор йўғи 13 кун ўтиб, ушбу товарлар баҳоси 10 862 700 сўмга пасайтирилиши ошкора қаллобликдан ўзга ҳеч нарса эмас! Ушбу ҳолатда, мобода асли ҳақийқий баҳоси 38 миллион сўмлик товарларни қайтариш зарурати пайдо бўлса, бор йўғи: — 6 973 300 сўм., сўм билан қутилиш режаси йўқми бу “ишбилармон” солиқчиларнинг?! Агар, мазкур қилмишни оддий фуқоро содир этса, жавобгарликга тортилади. Лекин, ДСИ ходими ҳужжатларни сохталаштирсаям, ҳаракатларида жиноят аломати яққол кўриниб турсаям жавобгарликга тортилмаслиги миллий удумга айланган. Чунки, у ДСИ ходими, давлатнинг ишонган одами.
Тарихдан маълумки жуда кўп кучли давлату, салтанатлар солиқ турлари ва миқдорини ҳаддан ташқари кўпайтириб юборган зўравон солиқчилардан фуқороларнинг норозилиги боис инқирозга юз тутган. Бизда ҳам ойлик маоши ўртача айрим солиқчилар ҳашаматли саройлар қуриб, шоҳона ҳаёт кечираётгани ҳеч кимга сир эмас. Агар, бундай хиёнатчи солиқчилар Хитой давлати фуқороси бўлганларида аллақачон осиб ўлдирилар эди. Аслида солиқ ходими давлат ғазнасини тўлдириб мамлакатнинг гуллаб яшнашига ҳисса қўшадиган чинакам ватанпарвар бўлишлари лозим. Лекин, 38 000 000 сўмлик молни, аввалига тахминан 17 863 000 сўм деб ҳужжатлаштириб, сўнг 6 973 300 сўм баҳолатадиган солиқчилар қандай қилиб давлат хазинасини гуллатиши мумкин?! Бундай кимсалар давлатни тадбиркорга, тадбиркорни давлатга қарши қўйиш орқали бойлик орттирувчи мунофиқ таъмагирлардир. Барча тадбиркорлар бу қонун ниқобидаги талончилик аслида назорат органларининг таъмагир ходимлари фаровонлиги, шоҳона ҳаётини таминлайдиган томорқа эканлигини жуда яхши билади. Шунча жиноят қилиб тадбиркорни таласада жавобгар бўлмайдиган ДСИ мансабдорлари ана шундай паст мақсадлари йўлида қулоқ момолару, сохта холислардан фойдаланиб ҳаром бойлик орттираётганликлари фуқороларнинг қонун устиворлигига рахна солиб, норозилик пайдо бўлишига сабаб бўлгувчи жамиятимиз учун ниҳоятда хатарли қилмишлар деб ўйлайман!
Гулистон шаҳар ДСИ бошлиғи Д.Дониёров аслида ўша куни менинг дўконимда қисқа муддатли текширув ўтказишга рухсат берувчи мувофиқлаштирувчи кенгаш қарори бўлмагани, Президент фармонига хилоф, ноқонуний текширув ўтказиш ҳақида чиқарган буйруғини хаспўшлаш мақсадида мансаб ваколатидан самарали фойдаланиб бир неча қонунга хилоф ишларни амалга оширган, яъни:
-
Муҳтарам Д.Дониёровнинг 17.11.2015 йилдаги: — Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика Кенгашининг Сирдарё вилоят, Гулистон шаҳар ҳудудий комиссиясининг 2015 йил 17 октябрдаги 65-сонли рухсатига асосан.,” деб аталмиш буйруғи ҳам аслида сохта! Мазкур иш ҳужжатлари тўпламининг бошланғич бетида: — ДСИ “ЧС ва ХКСНХВМЙҚУНҚ,ҚМТТЭ” (?) бўлими бош инспектори Ё.Нусратовнинг: — ЯТТ “Насирдинов Ғолибжон”га қарашли дўконда режали (режадан ташқари, қисқа муддатли) текширишлар.., учун назорат “САВОЛНОМАСИ” тепасида: — “КЕЛИШИЛДИ” – Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Гулистон шаҳар ҳудудий комиссиясининг 2015 йил 17 ноябрдаги 65-сонли хатига илова., деган мавҳум ёзув бор.
Агар, 2015 йил 17 октябрдаги 65-сонли бу ҳужжат “рухсат.,” бўлса, 2015 йилдаги 17 ноябрдаги айни шу 65-рақамли хатни не деб атаймиз? Ёки, Назорат комиссияси аталмиш нуфузли маҳкама девони қайд рақамлари орадан бир ой ўтганидан сўнг ҳам ўзгармайдими? Ёки, Президент Фармони асосида ташкил этилган кенгашнинг девон ишлари шунчалик ўлда – жўлда, тартибсиз ҳолда бўлиши мумкинми?!
Яна бир яққол сохталик, ушбу “Саволнома” тепасида “ТАСДИҚЛАЙМАН” деган маҳобатли ёзув бўлсада, уни ушбу ўта муҳим ҳужжатда номи қайд этилган мансабдор шахс, яъни Гулистон шаҳар Давлат инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Қ.Абдушукуров имзоламаган?! Йил, ой сана, имзо ўрни бор, лекин имзо йўқ, яъни қарорни текширувга рухсат бериш учун маъсул мансабдор шахс ТАСДИҚЛАМАГАН?!
Яъни, текширув рухсатсиз, ўзбошимчалик билан қонунга хилоф ўтказилган. Агар, мантиқан таҳлил этилса, ноқонуний ўтказилган текширув натижасида тўпланган бу ҳужжатлар, бамисоли зинодан туғилган ҳароми болалар кабидир. Хуллас, ана шу никоҳсиз туғилган болага ўхшаш ушбу сохта ҳужжатлар қандай бўлмасин мени жавобгар этиш мақсадида одил судловга тақдим этилган?!
Кейинги инстанция судлари ҳам бу юридик жиҳатдан яроқсиз ҳужжатни юритувга олиб, унинг қонуний мақом олиши ва текширув чоғида қатор жиноий қилмишларни содир этган ДСИ ходимларининг жавобгарликдан қутилиб кетишига замин ҳозирлаган…
Агар, текширувчиларнинг имзосиз ҳужжатлари тан олинадиган, қонун барчага баробар бўлса, ДСИ ходимлари шўрлик тадбиркорлардан барча ҳужжатларнинг ҳар бир вароғи, ҳар очиқ қолган абзацигача қўл қўйишни талаб этишадию, нега бу қонун талабига ўзлари риоя этмайдилар?! Ушбу ҳол, назорат органларининг ўзлари назоратга муҳтож эканлигини тасдиқлаб турипти!
Қизиғи шундаки, 17 ноябрдаги 65-сонли хатми, ёки 17 октябрдаги рухсат., қай бири ҳуқуқий ҳужжат эканлиги мутлақа номаълум бўлсада, ДСИ бошлиғи муҳтарам Д.Дониёров биринчи ўринбосари имзолашни лозим топмаган, “КЕЛИШИЛДИ” мақомидаги шубҳали ҳужжат асосида буйруқ чиқариб ходимларини хизмат сафарига юборган?!
Мен яъни ЯТТ “Насиридинов Ғолибжон” қарашли дўкондаги текширув Гулистон шаҳар ҳудудий комиссиясининг 17 ноябрдаги 65-сонли хатими ёки 2015 йил 17 октябрдаги 65-сонли рухсати биланми, хуллас тўғри ўтказилган ҳам дейлик. У ҳолда бу комиссиянинг режасидан бехабар онахон Жумагул Қурбоновани қартайган чоғида харидор ролини ўйнашга., дўкондан пайпоқ сотиб олганимда сотувчи харид чеки бермади., деб туҳмат арзнома ёзишга, ДСИ ходими Б.Алматов онахон дўкон эшиги олдига отиб юборган чекни топганидан сўнг тушунтириш хатига ҳам асоссиз туҳмат гапларни қўшиб чатиб., ўз туҳматчи ролини шармандаларча давом эттиришга қандай қудратли куч мажбур этмоқда?!
Бундан ташқари Ж.Қурбонованинг асли омбор ходими бўлмиш, холаси кимга туҳмат уюштирса ўша жойда пайдо бўлгувчи жияни ҳам текширувда фаол иштирок этиб, 5 йил давомида йиғиб келинган товарларнинг барча чеклари сақланган солафан халтани ўғринча товарларга қўшиб солиқ ходимларига кўмаклашиб юргани ўша куни ДСИ ходимлари қўл телефонида суратга олган видео тасвирда бор. Эътибор беринг:
-
мен ва қариндошим Нодир Акбарова билан бир неча йиллардан буён қасдлашиб, бир неча бор судлашиб келаётган Ж.Қурбонованинг аризаси асосида, аслида қонунга хилоф текширув ўтказилган текширувда текширув баённомасида номи қайд этилмаган шубҳали шахс иштирок этиб ўзбошимчалик билан қонунбузарлик ҳаракатларини содир этганлигини ўзи, ушбу текширувга оид барча маълумотлар сохталаштирилганлиги ДСИ ходимларининг ўзлари олган видеодиск орқали ўз исботлани топиб турипти. Бундан ташқари воқеа жойини белгиланган тартибда рўйхатда турадиган махсус видеоёзув ускунасисиз, шахсий қўл телефонида тасвирга олиш не чоғлик қонуний, ёки қонунга хилофлиги соҳа мутахасислари ҳукмига ҳавола…
Шу ўринда нега барча холису гувоҳлар ёлғон кўрсатув учун Ўз.Р.ЖКнинг 238-моддаси билан жавобгарликга тортилиш ҳақида огоҳлантирилгани ҳолда, Жумагул Қурбоновадан нега огоҳлантиришсиз тушунтириш хати олган деган мантиқий савол пайдо бўлади?! Қилич сопини кесмайди., деганларидек, бунинг сабаби оддий. Чунки, истаган пайтда истаган одамнинг устидан ҳар қандай туҳмат аризани дангал ёзиб берадиган бундай “ноёб ҳамкорни аввайлаб асрамаса ДСИ ходимлари оч қоладилар. Адашмасам, қонун тилида бундайларни уюшган жиноий гуруҳ аъзолари дейишади….
Ҳолбуки, юқорида зикр этилган Президент фармонида: — тадбиркорлик фаолияти эркинликлари кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик қатъий ижро этилишида қабул қилинган нормаларни амалиётга жорий этиш устидан назоратни кучайтирсин, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузганлик учун ваколатли назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва ваколатли давлат органлари мансабдор шахсларининг муқаррар жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортишга қадар оширишни таъминласин., деб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига тавсия ва раҳбарий топшириқлар берилган бўлсада, Гулистон шаҳар прокуратураси, суд ҳокимияти тадбиркорларни ўзлари ташкил қилган туҳмат аризалар асосида ошкора талаётган солиқ ходимларининг жиноий қилмишларини яшириш учун айбдорлиги исботланмаган шўрлик тадбиркорни айбдор этишнинг барча усулларини мукаммал ўрганиб олганлар.
Шу боис, на судья, на прокурор текширув қонуний ўтганми, тадбиркорнинг ҳуқуқлари поймол этилмаганми., деган саволлар устида ҳатто бош қотириб ўтирмайдилар. Ана шу удумга айланган: — ол тавоғим, бер тавоғим., қабилидаги меҳрибонликлар оқибатда, барча ишлари судда силлиқ ўтишига ишонган ДСИ ходимлари қонунларни топтаб, бировга туҳмат қилиш жиноят эканлигини ҳам унутиб қўйганлар. Ушбу ҳолат ДСИ ходимларининг одил судлов назаридан четда қолган қуйидаги қилмишларида яққол кўринади:
-
Аслида, холис дегани бетараф, текширилувчига ҳам текширувчига ҳам мутлақа нотаниш тасоддифий шахс бўлиши шарт. Ана шу қонун талабига хилоф тарзда ДСИ ходимларига аввалдан таниш бўлган, улар билан текширувга бирга келган сохта холис А.Турсуновнинг тушунтириш хати матни қисқа муддатли текшириш далолатномасини ёзган ДСИ ходими Б.Тўраевнинг чиройли дастхати билан икки томчи сувдай ўхшаш бўлиб охирида: — тушунтириш хатини ўз қўлим ва сўзим билан тўғри ёздим., дейилган?! Лекин, холис А.Турсунов имзосидаги бирор ҳарф белгиси тушунтириш хати матнидаги бирор белгига ўхшамаслиги яққол кўриниб турипти. Буни аниқлаш учун хатшунос экспертларни оввора қилмасдан А.Турсуновга бир энлик хат ёздириб кўрилса, бу ёлғон дарҳол фош бўлади..;
-
Сўнги йиларда буюртма текширувлар авжига чиққач, бу тадбирларда иштирок этишни тирикчилик воситасига айлантириб олган сохта холислару, гап ташувчи “қулоқмомо.,” қулоқбовалар ҳам кўпайиб кетди. Буни оддий халқ тилида: — эшагига яраша тушови., дейдилар. Бу ҳолни кўриб, А.Турсунов деганлари 2013 йил 27 май кунги қисқа муддатли текширув чоғида якка тадбиркор Барно Исамутдинованинг дўконида харидор ролини ўйнаган М.Турсунованинг ўғли ёки бирон қариндоши бўлса керак. Ушбу ҳолатни уларнинг асли бир жойдаги яшаш манзиллари орқали ҳам аниқлаш мумкин.;
-
2015 йил 17 ноябрь кунги қисқа муддатли текширув ҳужжатларига асосан, Гулистон шаҳар ДСИ бошлиғи Д.Дониёров 21 кундан сўнг, яъни 2015 йил 07 декабрь куни “Ишни кўриб чиқиш баённомаси” ва “Молиявий жарима қўллаш тўғрисида”ги қарор чиқариб, мени Ўз.Р.МЖтКнинг 164, 166-моддаларининг 1-қисмларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликда айбли деб топган ҳолда Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судига юборган. Ушбу ҳолатда Д.Дониёров томонидан ушбу тоифадаги ишларни: — уч сутка ичида кўриб чиқиш., тўғрисида Ўз.Р.МЖтКнинг 305-моддасида қайд этилган қонун талаби қўпол тарзда бузилган. Ушбу асли қонунга хилоф текширув жараёнига оид қонун бузулиш ҳолатлари қонунда белгиланган муддатлардан ошиб кетгани ва бошқа процессуал хатоларни билганимча санаб ўтдим холос. Аслида, тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилинмаслиги учун ҳукумат қарорига биноан қисқа муддат, яъни бир кунлик текширувлар ҳақида махсус Низом қабул қилинган. Ушбу Низомни бошқа вазирлар қатори Республика ДСҚнинг тажрибали раиси муҳтарам Ботир Парпиев жаноблари ҳам тасдиқлаган. Шу боис, қонунда қайд этилган муддатлар ўтказиб юборилган ишлар прокурор томонидан бекор этилиши ва улар суд юритувига олинмаслиги шарт. Чунки, ҳуқуқий оқибатлари йиллаб давом этадиган текширувларни қисқа муддатли деб аташнинг ўзи мантиқга хилофдир. Бунинг яққол мисоли ДСИ ходимлари томонидан аслида талон – тарож этиш мақсадида ўтказилган қисқа муддатли текширув “шарофати” билан фаолиятим тўхтаганига ҳам 240 кундан ошди. Ҳолбуки, у ана шу етти ойдан ортиқ вақт давомида давлат ғазнасига камида 10 миллион сўм пул топширилган бўлур эди. Ошкора фитналар туфайли ўзим қонунбузарлик қурбони бўлиб, ҳам моддий, ҳам маънавий талофат кўриб жабрланиб турган пайтимда яна қайси қонун мантиғига кўра ҳуқуқбузар бўлишим мумкин?!
Республика ДСҚ раҳбари муҳтарам Б.Р.Парпиев Гулистон шаҳар ДСИ бошлиғи Д.Дониёров ва унинг қонунбузар ходимлари содир этган қилмишлар бўйича қаттиқ жазо чоралари кўрмас экан қонун ниқобидаги талончиликлар, бегуноҳ инсонларга турли туҳмат уюштиришлар яна давом этаверади.
Юқорида қайд этилган туҳматлари учун ҳеч қандай қонуний чора кўрилмаган Жумагул Қурбонованинг ғараз маълумоти бўйича Гулистон шаҳар ИИБ терроризм бўлимининг Одил, Шуҳрат Ҳазратқулов деган ходимлари 2015 йил 27 ноябрь куни мени уйимдан олиб кетишиб бир кун ушлаб турдилар. Қандай сабабга кўра ушлаб туришгани ҳақида ҳужжат расмийлаштирилган ёки расмийлаштирилмаганлиги тўғрисида адвокатим Баҳодир Мамажоновнинг 09.12.2015 йилдаги сўровномасига Гулистон шаҳар ИИБ раҳбари жавоб бермади?! Адвокатнинг шу ҳолатга оид 18.01.2016 йилдаги мурожаатини вилоят прокурори Я.М.Очилов ҳам жавобсиз қолдиргач, муҳтарама онахонимиз бу фитналарни орган ходимлари билан ҳамкорликда содир этмаятими деган шубҳа туғилиши ҳам табиий.
Ж.Қурбонованинг туҳмати, ёлғон кўргазмалари, сохта холислар иштирокида тузилган баённомалар асосида мени Ўз.Р.МЖтКнинг 164,166 – моддалари 1-қисми билан маъмурий жавобгарликга тортиш ҳақидаги мазкур ишни ўрганган ЖИБ Гулистон шаҳар суди судьяси С.А.Рустамов: — маъмурий иш бўйича аниқланган камчиликларни бартараф қилиш ва қўшимча суриштирув ҳаракатлари ўтказиш учун., 11.12.2015 йилда айни шу камчиликларни содир этган Д.Дониёровнинг ўзига қайтариб юборган эди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 114-моддасида: — Суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассалар, ташкилотлар ва фуқоролар учун мажбурийдир., дейилган. Лекин, шаҳар ДСИ бошлиғи Д.Дониёров ҳатто ана шу конституцион талабни ҳам менсинмасдан, суд ажримида қайд этган камчиликлардан лоаққал бирортасини бартараф этмасдан., менинг мол – мулким, қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқларимга тажовуздан иборат хом ишни яна судга юборди!
Судья С.А.Рустамов аниқлаган процессуал камчиликлардан бирортаси бартараф этилмаганлигини кўра била туриб, мазкур ишни юритувга олган ЖИБ Гулистон шаҳар суди судьяси Қ.А.Аловов 2016 йил 12 январь куни: — Насиридинов Ғолибжон Ўз.Р.МЖтКнинг 164-моддасининг 1-қисми ва 166-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилсин, ана шу моддалар асосида энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробари миқдорида 651 200 сўм жарима тайинлансин, Гулистон шаҳар “Сирдарё махсус сақлаш” МЧЖда сақланаётган 6 973 300 сўмсўмлик 17 турдаги товар – моддий бойликлари давлат фойдасига мусодора қилинсин., деган мазмунда қарор чиқарди.
Кассация шикоятимни юритувга олган ЖИБ Сирдарё вилоят судининг судьяси Б.Бобоевга 2016 йил 01 март кунги суд мажлисида: — қонуний суд тергови ўтказиш, холислар ва гувоҳлар билан юзлаштирув ўтказиш, Ўз.Республикаси Конституциясининг 114 – моддасини бузган ҳолда суд топшириғини бажаришдан қасддан бўйин товлаган Гулистон шаҳар ДСИ бошлиғи Д.Дониёров ва унинг қонунбузар ходимлари ҳамда текширув чоғида туҳмати фош бўлган, ғаразгўй харидор Ж.Қурбоновага қонуний чора кўриш ҳақида алоҳида суд ажрими чиқариш, холисликни таъминлаш мақсадида суд жараёнини видео тасвирга олиш., тўғрисидаги илтимоснома киритдик.
Судья Б.Бобоев: — илтимосномада қайд этилган талабларга ҳеч қандай ҳожат йўқ., деб адвокат Б.Мамажонов, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Мустақил ташкилоти мухбири Ҳамроқул Асқар ва бошқалар иштирок этган очиқ суд мажлисида: — биринчи инстанция судининг қарори бекор қилинсин, якка тадбиркор Ғолибжон Насиридиновга қўйилган айблов олиб ташланиб. Далилий аъшё сифатида олинган 17 турдаги товар – моддий бойликлари қайтарилсин., деб эълон қилиб, суд қарори ва ажрими 3 кундан сўнг тайёр бўлади деган эди. Лекин, 10 кундан сўнг бизга берилган суд қарори мазмунан бошқача бўлиб унда:
-
ЖИБ Гулистон шаҳар судининг 2016 йил 12 январдаги Ўз.Р.МЖтКнинг 164-моддаси 1-қисми ва 166-моддасининг 1-қисми билан Насиридинов Ғолибжон Ғофуровичга оид маъмурий иш юзасидан чиқарган қарори ўзгартирилсин,
-
Ғ.Насиридинов Ўз.Р. МЖтКнинг 21-моддасига асосан маъмурий жазодан озод қилинсин;
-
Аъшёвий далил тариқасида олинган 6.973 300 сўмлик 17 турдаги товар моддий бойликлари Ғ.Насиридиновга қайтарилсин., деган мазмунда, яъни суд залида ҳозир бўлган иштирокчилар гувоҳлигида “бекор қилинсин.,” деб эълон қилган бўлса, суд қарори ёзма матнида: — ўзгартирилсин., деб судья Б.Бобоев ўз лафзи, судьялик бурчига хиёнат қилган?!
Судья Б.Бобоев 17 турдаги товар моддий бойликлар ноқонуний олиб қўйилганини эътироф этган ҳолда, мени, мен ҳали содир этишга улгурмаган ҳуқуқбузарлик жазосидан озод этишининг ўзи ҳуқуқий жиҳатдан мантиқсиз ва шубҳаликдир! Зотан, шубҳа анқиб турган ҳар қандай суд қарори адолатсиздир!
Шаъни ва ҳақ – ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳимоясида бўлган судья Б.Бобоевни очиқ суд мажлисида тантанали баён этган лафзидан қайтишга қандай қудратли куч мажбур этмоқда деган саволга ҳам жавоб йўқ?!
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Ш.Ғозиевдан: — судьялик қасамига хиёнат қилиб, айбсиз тадбиркорни айбдор қилиш учун одил судлов даргоҳида эълон қилган қарорини сохталаштирган судья Б.Бобоевнинг ушбу ғайриқонуний қилмишига нисбатан қонуний чора кўришни талаб қиламан!
Менинг мазкур суд қароридан норози бўлиб юқори маҳкамалар ва оммавий ахборот воситаларига ёзган назорат тартибидаги очиқ мурожаатларимдан сўнг, ЖИБ Сирдарё вилоят суди раисининг ўринбосари Б.Қурбоновнинг 2016 йил 13 апрелдаги жавобига кўра: — Сизнинг ҳаракатларинингиз Ўз.Р.МЖтКнинг 164-моддаси 1-қисми ва 166 – моддаси 1-қисми билан тўғри квалификация қилинган, кассация инстанцияси қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас., дейилган.
Сирдарё вилоят прокурори Ш.С.Облоқуловнинг ЖИБ Сирдарё вилоят судининг раиси Қ.Яхшимуротовга 2016 йил 15 апрелдаги назорат тартибидаги протестида: — қисқа муддатли текширув чоғида харидор Ж.Қурбоновага 6500 сўмлик чек берилгани солиқ ходими Б.Алматовнинг судда берган кўргазмаси асосида аниқлангани., 314 – сонли юк хатидаги “Сирдарё махсус сақлаш” МЧЖга 186 та болалар шапкаси топширилганлиги қайд этилсада, ушбу юк хати нусхасида 37 та болалар шапкаси топширилганлиги қайд этилганлига, яъни ҳужжатларни сохталаштириш ҳолатлари мавжуд ёки йўқлигига ҳуқуқий баҳо берилмаганлиги., Ўз.Р.Олий суди Пленумининг 2000 йил 15 сентябрдаги “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 22- сонли қарорининг 1 ва 10-бандида қайд этилган раҳбарий кўрсатмаларга амал қилинмагани, Ўз.Р.МЖтКнинг 3, 307-моддаларида қайд этилган одиллик принциплари бузулганлиги., бундай ҳолатда биринчи босқич ва кассация судлов ҳайъатининг қорорларини қонуний, асосли ва адолатли деб бўлмайди., дейилган. Ушбу келтирилган иқтибосларни ўқиганлар вилоят прокурори Ш.С.Облоқулов жуда адолати экан дейиши аниқ.
Аввало, жаноби прокурор қисқа муддатли текширувнинг ўзи Гулистон шаҳар ДСИ бошлиғи Дониёровнинг сохта қарорга асосланган ноқонуний буйруғи асосида Президент Фармонига хилоф ўтказилганлигини атай назардан четда қолдирган. Бундай дейишимга асос шулки, вилоят прокурори ДСИ ходимларининг ўзи аниқлаб бирма – бир қайд этган қилмишларига нисбатан қонуний чора кўриш тўғрисида лом – лим демасдан ЖИБ Сирдарё вилоят судининг раисидан:
-
ЖИБ Гулистон шаҳар судининг 2016 йил 12 январдаги Насиридинов Ғолибжон Ғофуровичга нисбатан бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик иш бўйича Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 164-моддаси ва 166-моддаси билан маъмурий жазо тайинлаш ҳақидаги ҳамда ЖИБ Сирдарё вилоят суди кассация инстанциясининг 2016 йил 1 мартдаги МЖтКнинг 21-моддасига асосан уни жазодан озод қилиб, давлат фойдасига мусодара қилинган 6.973.200 сўмлик, 17 турдаги товар – моддий бойликларини ҳуқуқбузар Ғ.Насиридиновга қайтариш ҳақидаги қарорини бекор қилиб, маъмурий иш материалини қўшимча суриштирув ҳаракатлари ўтказиш учун юборишни., сўраганлар. Яъни, прокурор протести асосида бекор этилиши лозим бўлган маъмурий иш, юқорида қайд этилган процессуал камчиликларни содир этилишига йўл қўйган, аслида ушбу ҳуқуқий оқибатлар учун жавобгар маҳкаманинг мансабдорлари ҳукмига ҳавола этилган…
Муҳтарам Бош прокурор Ихтиёр Бахтиёрович!
Менинг ҳеч қандай ҳуқуқбузарлик содир этмаганлигимни ДСИ ходимлари тўплаган ҳужжатларнинг ўзи тасдиқлаб турипти! Вилоят прокурори Ш.С.Облоқулов ўз Протестининг аввалида: — Ўз.Р.Олий суди Пленумининг 2000 йил 15 сентябрдаги “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 22- сонли қарорининг 1 ва 10-бандида қайд этилган раҳбарий кўрсатмаларга амал қилинмагани, Ўз.Р.МЖтКнинг 3, 307-моддаларида қайд этилган одиллик принциплари бузулганлиги., бундай ҳолатда биринчи босқич ва кассация судлов ҳайъатининг қорорларини қонуний, асосли ва адолатли деб бўлмайди., деган бўлсада ҳолда айни шу Протестнинг хулоса қисмида: — давлат фойдасига мусодара қилинган 6.973.200 сўмлик, 17 турдаги товар – моддий бойликларини ҳуқуқбузар Ғ.Насиридиновга қайтариш ҳақидаги қарорни бекор қилишни., сўраб, менга нисбатан юритилган маъмурий иш бўйича: — “биринчи босқич ва кассация судлов ҳайъатининг қорорларини қонуний, асосли ва адолатли деб бўлмайди.,” дегани ҳолда шахсан ўзи аниқлаган ҳолатлар, ўз сўзи, ҳатто ўзига қарши ўта мантиқсиз хулосага келишида қандай юридик мантиқ бор деб ўйлайсиз?! Ушбу мантиқсиз Протестдан нафақат қонун, инсон қисматига лоқайдликнинг совуқ нафаси уфуриб турипти!
Муҳтарам прокурор протестидаги, эга кесими бир – бирини инкор этиб турган мантиқсизликни англаш учун аслида жуда катта ҳуқуқий билим ҳам шартмас. Ана шундай мантиқсиз суд қарорлари, ажримлари, протестлар оқибатида қанча тадбиркорлар хонавайрон бўлиб суд, прокуратура қабулхоналарида сарсон бўлиб умрлари хазон бўлмоқда…
Конституциямизнинг 118 — моддасида: — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади., дейилган. Лекин, юқорида баён этилган ҳолатлардан кўриб турибсизки, жойлардаги айрим прокурорлар ўз бурчларини тўлиқ адо этмагани сабабли ДСИ ходимлари билан тил бириктирган Ж.Қурбоновага ўхшаган туҳматчилар ўрнига биз каби тадбиркорлар жавобгарликга тортилмоқдамиз. Бу фитналар боис тадбиркорлик ишларим тўхтаб қолди, асабларим бузулиб, соғлиғимни йўқотдим.
Мазкур ишлар чигаллашиб, коррупция эпидемияси чуқур илдиз отган вилоят миқёсида ҳал бўлиши мушкул бир ҳолга келгани, суд маҳкамалари ва назорат органларининг сансоларлиги, бу сирли ўйинларига ортиқ бардошим етмаслиги аён бўлганлиги учун Сирдарё вилоят солиқ, суд ва прокуратура маҳкамаларига ишончсизлик билдирган ҳолда яна шахсан Сизга такроран мурожаат этишга мажбур бўлмоқдаман.
Муҳтарам Ихтиёр Бахтиёрович!
Юқорида баён этилган барча ҳолатларни холис ўрганиб, илова ҳужжаларга юридик баҳо берган ҳолда Сиздан мазкур мурожаатимни Сирдарё вилоятига юбормасликни ва ишни Республика Бош прокурори сифатида шахсан ўз назоратингизга олишни ҳамда:
-
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 15.04. 2015 йилдаги Фармонига хилоф қисқа муддатли текширув ўтказиш шиори остида сохта буйруқ чиқариб, мол — мулким талон – тарож, 17.11.2015 йилдан буён тадбиркорлик фаолиятим тўхтаб қолишига сабабчи бўлган, Конституциямизнинг 114 – моддаси талабини менсинмасдан ЖИБ Гулистон шаҳар судининг судьяси С.А.Рустамовнинг 11.12.2015 йилдаги суд ажримини бажаришдан ошкора бўйин товлаган Гулистон шаҳар ДСИ бошлиғи Д.Дониёров ва дўконимдан қонунга хилоф тарзда олиб кетилган 17 турдаги 38 миллион сўмлик товар – моддий бойликлари нархини дастлаб баённомада 17 863 000 сўм, сўнгра 973 300 сўм деб атай кам баҳолатган, 186 та болалар шапкасини № 314 – сонли юк хати нусхасида 37 та деб ғараз ниятда атай кам кўрсатиб ёзма далилларни сохталаштирган, қонунга хилоф текширув ўтказиш орқали менга катта миқдорда моддий ва бион бир бойлик билан ўрнини қоплаб бўлмайдиган маънавий зарар етказиб, тадбиркорлик шаъним, конституцион ҳуқуқларимни поймол этган ДСИ ходимлари Ё.Нусратов, Б.Тўраев, Ш.Меллибоевларнинг қилмишларига қонуний баҳо бериш учун Республика ДСҚ орқали хизмат текшируви ўтказишни.;
-
Менга нисбатан туҳмат уюштирганлиги қисқа муддатли текширув жараёни ва суд мажлисидаги шаҳар ДСИ ходими Б.Алматовнинг кўргазмаси асосида фош бўлсада, ғараз ниятда яқин қариндошларимга нисбатан туҳматдан иборат аризалар ёзишда давом этаётган Жумагул Қурбонованинг асоссиз туҳматдан иборат тажоввузкорона қилмишларига яраша қонуний чора кўришни;
-
2016 йил 17 ноябрда бошланган қисқа муддатли текширувнинг ҳанузгача давом этаётган салбий асоратлари туфайли соғлиғим ёмонлашганлигини инобатга олиб, бузулган ҳуқуқларим тикланиб менга етказилган моддий зарар ва маънавий талофатларнинг тўлиқ қопланиши тезкор чоралар кўришни.;
-
Жумагул Қурбонованинг ички ишлар ва назорат органларида қўлловчи мансабдор шериклари борлигини инобатга олиб, мазкур мурожаатдан сўнг содир этилиши мумкин бўлган турли таъзийқлардан мени ва оила аъзоларим хавфсизлиги чораларини кўришни –
СЎРАЙМАН!
Ушбу мурожаат муносабати билан Сизга ва прокуратура
тизимининг барча фидойи ходимларига мустақил Ватанимизда
қонун устиворлигини таъминлаш борасидаги машаққатли
фаолияти, эъзгу ишларида улкан зафарлар тилаб,
камоли эҳтиром ила –
Якка тартибдаги тадбиркор
Ғ. Ғ. Насирдинов
22.06.2016 йил.
+998 90 610 00 61
Иловалар:
-
ЖИБ Гулистон шаҳар судининг судьяси С.А.Рустамовнинг 11.12.2015 йилдаги суд топшириғи;
-
ЖИБ Гулистон шаҳар суди судьяси К.А.Алововнинг 12.01.2016 йилдаги қарори;
-
ЖИБ Сирдарё вилоят суди кассация инстанциянинг 01.03. 2016 йилдаги қарори;
-
ЖИБ Сирдарё вилоят суди раиси ўринбосари Б.Қурбоновнинг 2016 йил 13 апрелдаги жавоб хати;
-
Сирдарё вилояти прокурори Ш.С.Облоқуловнинг 2016 йил 15 апрелдаги Протестидан нусхалар.