Numbeo портали тузган 2016 йилги «Cost of Living Index» рейтингида Ўзбекистон яшаш қиммат бўлган давлатлар рўйхатидан ўрин олган.
112 давлатдаги истеъмол нархлари, турар-жой ижараси ва озиқ-овқат ҳамда аҳолининг харид қобилияти сингари омиллар ҳисобга олинган рўйхатда Ўзбекистон 51-ўринни эгаллаган.
Шу тариқа Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида яшаш учун энг қиммат мамлакат деб топилган.
Тадқиқотга Нью-Йоркдаги нархлар асос қилиб олинган.
Унда масалан, Нью-Йоркдаги нархлар 100 фоиз деб ҳисобланса, 70 фоизлик индексни эгаллаган мамлакатдаги нарх-наво Нью-Йоркка нисбатан 30 фоизга арзон деганидир.
120 фоизлик индекс эса харажатлар 20 фоиз кўплигини англатади.
Рейтингга мувофиқ, Ўзбекистондаги нархлар Нью-Йоркдаги умумий нархларнинг 44,67 фоизини ташкил этган.
Мисол учун, Қозоғистонда бу нисбат 26,82, Озарбайжонда эса 28,93 фоизга тенг.
Ўтган йилги рейтингда Ўзбекистон 55,92 фоиз кўрсаткич билан 59-ўринни эгаллаганди.
«Cost of Living Index» га кўра, дунёнинг яшаш энг арзон бўлган давлатлари Ҳиндистон, Молдова ҳамда Покистондир.