Хожа Аҳмад Яссавий вафотининг 850 йиллиги муносабати билан, туркиялик қардошларимизнинг хайрли ташаббуслари туфайли Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маънавият-маърифат, илм-фан ҳамда маданият-санъат масалалари бўйича халқаро уюшмаси – ЮНЕСКО ташкилотининг қарорига мувофиқ, Халқаро Аҳмад Яссавий йили, дея эълон қилинган 2016 йил ҳам яримлаб қолди.
Мана шу хушхабар овоза қилинганидан буён ушбу азиз-у муборак туркий шайх ул-машойихнинг ота юртида мазкур санага бағишланган қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Фурсатдан фойдаланган ҳолда уқтирмоқчи эдик-ки, эндиликда Ўтрор туманининг Шаулдер овули ҳудудидаги Арслонбоб мақбараси, Сайрам даҳасидаги Иброҳим ота ҳамда Қорасоч она қадамжолари, Туркистон шаҳридаги Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси мажмуи ҳамда ундан ўн чақиримча узоқликда жойлашган Гавҳар она (Хожа Аҳмад Яссавийнинг қизи) мақбараси зиёратгоҳларини Ҳазрати Султоннинг табаррук номи билан боғлиқ тарихий ёдгорликларнинг олтин ҳалқаси, дейиш мумкин.
Чимкент шаҳри ҳамда Туркистон шаҳрини қўшиб ҳисоблаганда жами 23 та аҳоли манзилларидан ўтган ва узунлиги 335 километрни ташкил этган масофа, фақат пиёда юрилган ҳолатда босиб ўтилган мазкур марафонда, асосан меҳнат фахрийларининг иштирок этганликлари унинг нуфузини тағин-да оширди.
Мана шу катта юришнинг иштирокчиси, бу билан ўзининг еттинчи сафарига чиққан сайрамлик атоқли жаҳонгашта ҳамда таниқли ижодкор Анвар Сайрамий айни яёвлар саёҳатининг тафсилотлари хусусида бизга қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Мазкур марафоннинг ташаббускорлари ҳамда ташкилотчилари Манкент қишлоғидан Отажон Исаев ҳамда Оқсувкент қишлоғидан Толибжон Раҳматов бўлишди.
Улар анча йиллардан буён меҳнат фахрийлари бўлишларига қарамай, О. Исаев Сайрам тумани халқ коммунистик партиясининг биринчи котиби бўлса, Т. Раҳматов Сайрам тумани фахрийлар кенгаши раисининг ўринбосари сифатида фаолият кўрсатиб келмоқдалар.
Шунингдек, сафимиздан Қорамурт қишлоғининг муносиб фарзандларидан бири – Рустамбек Машаев, сайрамлик хусусий тадбиркор Мирмуҳсин Мирсолиев, оқсувкентлик хусусий тадбиркор Холмурод Пратов, коллеж муаллими Муродали Тожибеков, спорт мактаби тарбияланувчиларидан манкентлик Бобуржон Қурбонқулов, Маданий қишлоғидан Нурсултон Савирбоев ҳамда ҳайдовчи Равшан Тилепбергенов ўрин эгалладилар.
Айни пиёда саёҳатимиздан мақсадимиз: Халқаро Хожа Аҳмад Яссавий йили муносабати билан, ушбу табаррук санага нисбатан ўзларимизнинг эъзоз-эҳтиромларимизни билдириш, маънавий қадриятларимизни мустаҳкамлаш, ёшларимизни ватанпарварлик ҳамда халқпарварликка чорлаш ва даъват қилиш, қолаверса, соғлом турмуш тарзини тарғиб-ташвиқ этиш сингари эзгу ниятлардан иборат эди.
Сафаримиз жорий йилнинг 24 апрели куни эрталаб Сайрам даҳасининг марказидаги Хожа Аҳмад Яссавийнинг волидаи муҳтарамаси – Қорасоч она мақбараси ёнидан бошланди. Ўшанда айни зиёратгоҳга Сайрам раҳбарлари, сайрамлик оқсоқоллар, жамоатчилик намояндалари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари тўпланишди ҳамда улар пиёда сайёҳлар сафарига оқ фотиҳа бердилар.
Айни муборак манзилдан йўлга чиққан сафдошларимиз билан биргаликда Сайрамдарвоза орқали ўтиб, Хожа Аҳмад Яссавийнинг бобокалони Маҳмудхон ота ҳамда падари бузруквори Иброҳим ота қадамжоларини зиёрат қилганимиздан сўнг, кейинчалик туман маркази – Оқсувкент, Қорабулоқ қишлоқлари орқали юриб, дастлабки кунда 43 километр масофа босганимиздан сўнг, Кўлкент қишлоғига етиб келдик.
Бу ерда бизларни, асли сайрамлик тадбиркор ҳамда оқсоқол Ўлжа ака Қодиров кутиб олди ва ўз хонадонида меҳмон қилди. Ўша куни сафардошларимиз ҳамда бу ерга йиғилган кўлкентликлар билан илк таассуротлар тўғрисида ўртоқлашдик, Хожа Аҳмад Яссавий бобомиз билан боғлиқ мавзуларда мириқиб суҳбат қурдик ва Ўлжа аканинг уйида тунаб қолдик.
Тез орада менинг яёв саёҳатларга чиқишдаги тажрибасизлигим сезилиб қолди. Бундай вазиятларда қадам ташлаётганда босимни оёқ кафтларига эмас, билъакс, асосан товонларга бериш талаб этиларкан.
Шунингдек, пайпоқ ҳамда пойафзалнинг янгилари эмас, балки илгаридан кийилиб, оёққа мослашиб қолганлари маъқул экан. Менинг эса, яёв юриш қоидасини билмаганим ва янгидан харид этилган пайпоғим ҳамда пойафзалим панд бериб, бир кундаёқ оёқларимни уриб, тагларини қавартириб юборди.
Навбатдаги куни кечқурун Тамерлан (манбаларда таъкидланиши-ча, Амир Темур ҳазратлари Хитой сари юриши пайтида мана шу жойда тўхтаб ўтган экан ва ана шу воқеанинг шарафига унга Соҳибқирон бобомиз билан боғлиқ ном қўйилган экан. Б. Ж.) манзилига келиб, Дуйсен оғамизнинг уйида қўноқ бўлганимизда мен поликлиникага боришга мажбур бўлдим.
У ердаги тунги навбатчи бўлган шифокор жувон аҳволимни синчиклаб текширар экан, неча ёшда эканлигим билан қизиқди ва кейинчалик: “Эй, отахон, бундайин узоқ йўлга чиқиб нима қилардингиз, маза қилиб кампирингизнинг ёнида ётмайсизми?” – дея эътироз билдирган бўлди. Мен унга жавобан:
– Ахир, бу ёққа кампиримнинг ўзи мени жўнатди-да. У тағин тайинлаб айтди-ки: агар мана шу сафарни муваффақиятли ўтказа билсам, қайтганимдан кейин ўзи бош бўлиб, мени тўқолга уйлантириб қўяр экан, – дея ҳазиллашдим.
Шифокор жувон ёнимдагиларга қўшилиб кулди-да, тегишли муолажаларни қилди, зарур маслаҳатларни берди. Эртасига Тамерландаги дўкондан маҳси сотиб олдим-у, аммо унга тўғри келадиган калиш топилгунча, анча масофани маҳсичан босиб ўтишимга тўғри келди.
Уч-тўрт кунда янгича саёҳат шароитларига кўникиб кетдим. Олдинда ҳамда орқада байроқ кўтарувчилар кузатувида, ўртада пиёда сафар иштирокчилари тантанали одим отаётган гуруҳимиз аъзолари борар эканмиз, йўловчи машиналардагилар ёнимиздан секинлаб ёинки тўхтаб ўтишар, дуч келган аҳоли манзилларининг яшовчилари олқишлар билан кутиб олишар ҳамда изимиздан қўл силкиб, қараб қолишарди.
– Саёҳатларингиз бир ҳафтадан кўпроқ давом этибди. Мана шу кунлар мобайнида ҳечам транспорт воситаларининг хизматидан фойдаланмадиларингизми? – саволга тутаман Анвар акани.
– Мутлақо фойдаланганимиз йўқ, бир қадам жойгаям машина минмасдан, 350 чақиримга яқин йўлни пойи-пиёда босиб ўтдик.
– Озиқ-овқат таъминоти масалалари қандай бўлди?
– Кечки таомланиш ҳамда эрталабки нонуштани бизларни уйларига таклиф этган кишиларникида қилдик, тушликларимиз эса, ташкилотчилар тарафидан йўл-йўлакай очиқ далада ва ўзимиз тўхтаб ўтган қишлоқларда уюштириб борилди.
Хожа Аҳмад Яссавийнинг улкан устози Арслонбоб зиёратгоҳига борганимизда эса, ул буюк зотнинг қабрини тавоф айлагач, ўзимизнинг ҳисобимиздан худойи қилиб бердик.
Арслонбоб қадамжосидан то Хожа Аҳмад Яссавийнинг қизи – Гавҳар она мақбарасига боргунимизча оралиқда аҳоли манзиллари йўқлиги туфайли 48 чақирим масофани тушликсиз босиб ўтишга қарор қилгандик. Аммо тасодифни қаранг-ки, пешин арафасида гуруҳимизни бир “Газель” автомашинаси қувиб етди. Ундан тушган бир жувон барчамиз билан ҳол-аҳвол сўрашгач, бизларга атаб келтирган емакларни қолдириб, сафаримизга муваффақият тилаган ҳолда жўнаб кетди. Шундай қилиб, ушбу гал ҳам тушликсиз қолмадик.
Кечқурун Гавҳар онанинг қадамжосида тегишли амалларни адо этганимиздан сўнг, ўзимиз учун ош қилаётгандик, Алмати шаҳридан бир тўп зиёратчилар келиб қолишди. Улар бизларнинг мақсадларимизни англашгач, ўртада мулоқотимиз авж олди. Менинг кимлигимни билишганидан сўнг эса, ўзим ва саёҳатларим тўғрисида қизиқишди, тафсилотлар ҳақида гапириб беришимни илтимос қилишди. Сўнгра мазкур мақбаранинг чироқчилари миннатдорчилик тарзида ҳаммамизнинг умр йўлдошларимизга ўзларининг совғалари – бир кўйлакликдан матоларни тортиқ этдилар…
– Қадимги Ўтрор вайроналаридаям бўлганликларингиз хусусидаям сўзлагандингиз…
– Ҳа, Чингизхон босқини пайтида кули кўкка совурилган ҳамда ҳалиям ўша ҳолича сақланган Ўтрор шаҳрининг харобалари ҳар кимнинг-да эътиборини тортиши, шубҳасиз. Қачонлардир гуллаб-яшнаган Ўтрорнинг аянчли қолдиқларини кузатар экансиз, тарих, бамисоли 8 асрга чекиниб кетгандай таассурот қолдиради, XII-XIII асрлардаги мўғуллар қирғинининг даҳшатларини ҳамда ваҳшатларини ҳис этгандай бўласиз. Менинг назаримда, Ўтрор фожиаси ҳозирги ва келгуси авлодлар учун ҳам сабоқ бўлиб қолмоғи даркордир.
– Гавҳар она зиёратгоҳидаги воқеалар тўғрисида гапираётган эдингиз…
– Дарвоқе, Гавҳар она мақбарасида тунаб, одатдагидек, эрталаб соат 6 да эмас, балки саҳарлаб – соат 4 да турдик. Негаки, буёғи Туркистонгача 12 километр масофа қолган, белгиланган вақтда тегишли манзилга етиб боришимиз зарур эди.
1 май – Қозоғистон халқининг бирдамлиги байрами куни эрталаб соат 10 га яқинлашганда Хожа Аҳмад Яссавий зиёратгоҳи мажмуи ҳудудига кириб бордик. Бизларни мазкур қутлуғ қадамжо ёнида Туркистон шаҳри раҳбарлари, шаҳар жамоатчилиги намояндалари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари тантанали равишда кутиб олдилар. Ҳазрати Султон бобомизнинг қабри муборакларини зиёрат қилиб, у кишининг руҳларига Қуръони Карим тиловатини бағишладик.
Сўнгра мақбара ёнида тантанали йиғилиш бўлди. Унда сўзга чиққан кишилар бизларнинг хайрли сафаримиз муваффақиятли якунланганлиги билан барчамизни қизғин муборакбод этдилар, эзгулик ва яхшилик ғояларига йўғрилган мазкур саёҳатимиз учун миннатдорчилик билдирдилар, бундай тадбирлар халқлар дўстлиги ҳамда ёш авлод тарбияси учун ибрат ва намуна эканлигини таъкидладилар. Пиёда марафон иштирокчиларига аталган “Фахрий ёрлиқ”лар ҳамда бошқа совға-саломлар топширилди.
Кейинчалик Туркистон шаҳри ҳокимлиги томонидан ташкил этилган махсус машина билан сафаримизнинг ҳар қайси қатнашчиси уй-уйига элтиб қўйилди.
Улар айни атоқли жаҳонгаштанинг уй музейи билан батафсил танишишди, у киши ташкил этган бир пиёла чой баҳонасида пиёда марафон таассуротлари ҳақида ўртоқлашдилар, Анвар Сайрамийнинг ҳаётий ҳамда ижодий режалари билан танишиб, у кишининг баракали-самарали фаолиятига муваффақиятлар тиладилар.
Чимкент шаҳар маслаҳатининг депутати, сайрамлик оқсоқоллардан бири – Ҳусанхон Аҳмадхонов пиёда марафоннинг иштирокчилари ҳузурида сўзга чиқди ва айни муҳим сафарни кичик ҳажга тенглаштирди ҳамда унинг қатнашчилари ва ташкилотчиларини мазкур муҳим тадбирнинг кўнгилдагидек ниҳоясига етказилгани билан астойдил қутлади, шунингдек, уларга ўзининг шахсий ҳадяларини тортиқ айлади.
Мана шу тарихий унутилмас воқеа ҳам маҳаллий ва республика оммавий ахборот воситалари, жумладан, “Айғақ” мамлакат телеканали, шунингдек, Россияда чиқадиган маълум ва машҳур “Комсомольская правда” газетаси томонидан батафсил ёритилди.