Ўзбекистонда кейинги йилдан саратоннинг ҳар қандай турини даволайдиган янги дори ишлаб чиқарилади. Бу ҳақда Podrobno.uz сайтига “Rigard Farmsintez” деб номланган Ўзбекистон-Латвия қўшма корхонаси бош директори Рустам Нуриддинов билдирган.
— Бизнинг янги дори ишлаб чиқариш методимиз дунёда йўқ. У фаол моддаларни саратон тўқимасига етказиб беришни 3-5 фоиздан 95 фоизгача ошириш имконини беради. Бу эса муаммо ҳал бўлди деганидир, — деди Рустам Нуриддинов.
Ўзбек фармацевти иддаосича, бу дори қабул қилинган тақдирда кимёвий терапияга эҳтиёж қолмайди.
— Бемор дорини капсула шаклида истеъмол қилади. Касаллик худди тумов каби даволанади, дейиш мумкин, — деган фармацевт синовлар даволаш курси қанча давом этишини кўрсатишини қўшимча қилди.
Унинг айтишича, мазкур дори-дармонларни яратиш устида канадалик, латвиялик ва ўзбекистонлик олимлар бир неча йил меҳнат қилган. Кимё фанлари доктори илмий даражасига эга Рустам Нуриддинов узоқ йиллар Латвиядаги Органик синтез институтида ишлаган. У бугунги кунда спорт оламида шов-шувли жанжалга сабаб бўлаётган мельдоний препарати ижодкорларидан биридир.